БИЗ ҲАҚИМИЗДА

Ассалому алайкум, меҳмон!

nodirabegim.uz сайти 2019 йилда ёзувчи Нодирабегим Иброҳимова томонидан яратилган. Унда ўзининг ва бошқа ижодкорларнинг янги ижод намуналари тақдим этиб борилиши кўзда тутилган.

Нодирабегим 1989-йил 18-июлда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида таҳсил олган.
Наср ва таржима йўналишида ижод қилади. Ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Китоб дунёси”, “Ижод олами”, “Ўзбекистон матбуоти” ва бошқа нашрларда чоп этилган. Қисқа ҳикоялари 2016 йилда инглиз тилида Ҳиндистоннинг “Еpisteme” ҳамда АҚШнинг “Сету” журналида эълон қилинган. “Азон” номли ҳикояси турк тилига ўгирилиб, Туркия адабий сайтларида чоп этилган. Бир нечта ҳикоялари рус тилига таржима қилиниб, марказий русийзабон газеталарида эълон қилинган.
Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилги “Истеъдод мактаби” VIII ёш ижодкорлар семинарида наср йўналишида фаол қатнашган. Ижод фонди томонидан 2017 йилда “Ёнингдаги бахт” ҳикоялар тўплами 10 минг нусхада чоп этилган.
Шунингдек, “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт” ва «Зулм ва муҳаббат» номли муаллифлик қиссалари, “Дунёдаги энг бахтли одам”, “Тўй совғаси”, «Ҳаётнинг беш тортиғи» номли таржималар тўплами нашр этилган. “Кафтдаги ниҳол”, “Драбллар”, “Муҳаббатнинг мангу эртаги”, “Ишбилармон одамлар” каби алманахларга ижодий ишлари киритилган. 2018 йилда чоп этилган “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун” номли китобнинг тўпловчиси ва сўзи бошчиси.
2017 йил ноябрь ойида Швеция давлатида ўтказилган “Европа очиқ адабиёт фестивали ва китоб форуми”да финалчилар қаторидан жой олган.
2017 йил сўнггида Ёшлар иттифоқи мукофотининг наср йўналиши бўйича “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори” йўналишида ғолиб бўлган.
2018 йилда “Амарантус” адабий агентлиги томонидан ўтказилган танловда ўзбек тилидан инглиз тилига ўгирилган “Энг яхши таржима” номинациясида 1-ўринни эгалллаган.
2010 йилдан 2019 йилга қадар «Бекажон» газетасида мухбир лавозимида фаолият юритган. Ҳозирда эркин ижодкор.

Оилали, уч фарзанди бор.