Жонтемир: “Муҳаббат мен учун – шеър”.

0
821
кўришлар сони

ЁШ ИЖОДКОР БИЛАН ГУРУНГЛАР

Жонтемир (Тоштемиров) 1994 йилнинг 18 сентябрида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2013 йил Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицейни тамомлаган. Тошкент давлат техника университетининг электроника ва автоматика факультети талабаси. “Дарвеш қўшиғи” номли китоби Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан нашр этилган.

— Жонтемир. Шеърларингизни руҳий ағдармалар, деб номлагансиз, бу руҳий ағдармаларнинг илҳом манбаи қаер?

-Одам аслан иккига ажралади – вужуд ва руҳ. Вужуд мавжуд жисмдир. Руҳ эса мавҳум. Шундай экан уни (бизга тушунарсиз руҳни) вужуд аҳлига тушунтириш учун ағдариб (таржима қилиб) бериш керак. Шеър – руҳнинг шеваси. Мен ўзбекистонлик бўла туриб, хоразмча шевага тушунмаганимдек, уни англаш ҳам қийин.

Илҳомни ҳаваскорлар кутади. Илҳоми келгандагина ёзажак шоир – яхши шоир. Илҳомни бўйсундира олган шоир – зўр шоир! Масалан Пушкин ҳар доим бир вақтда шеър ёзган. Демак у илҳомни куннинг айнан ўша қисмида келишга кўндирган. Лекин бу ўзи ва сўзини зўрлаб ҳам шеър ёзиш мумкин дегани эмас.

Илҳом манбаига келсак, бошқаларни билмадиму менда ноҳақликка нисбатан аламзадаликдир. Тўғрироғи АСАБ. Мен уни қувват деб атайман. Бу қувватнинг муттасиллиги шоир интилмасигача бўлган масофага ҳам боғлиқ. Дейлик сиз (шоирсиз) орзуйингиз тоғ чўққисидаги дўлонадан ейиш. Уни егач, ҳаммаси тугайди. 91-йилгача гуриллаб ёзган шоирларнинг аксари сўниб қолганининг сабабини энди тушундингизми? 

Мақтов ва танқидга муносабатингиз қандай? Шоирни қай бири ўстиради, ўлдиради?

— Танқидчининг даражасига қарайман. Аниқроғи танқид қилаётган шахснинг шеърга ёндашув усулига. Умумий қарашлардан қочиб, мен кутмаган туйнукдан мўралаб, айбимни очиб берса, қўлим кўксимда! Ёмони, танқид нотўғри бўлса, шоирни шиғ этиб сўймасдан, арралаб азоб беради. Мақтов (ҳаддан ортиғи) тўғри пешонангизга қарата отилган тўнғиз ўқдир. Унга имкон борича беэтибор бўлган маъқул. Тан олиш керак, ижодкор аҳли ўзини машҳурликдан қочаётгандек кўрсатгани билан аслан ўшанга интилиб яшайди. Хуллас алғов-далғов ҳаёт. Худо мени оғриқ билан тамғаламаганда эди, шоирларга ҳавас қилмасдим. Шоир – Иблиснинг ердаги сояси. Унга жуда оғир. Шоирни тирик сақлаб турган унсур бу СЎЗ, уни ўлдирадиган ҳам СЎЗ. Ёлғон СЎЗ ўлдиради шоирни.

Ўзингиз замондош тенгдошлардан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз? Севимли шоир, ёзувчингиз ким?

— Ҳаммани. Ҳатто куни кеча ёзишни бошлаганларни ҳам ўқиб бораман. Севимли шоирларим рўйхатини ёзсам, эснаб қолишингиз мумкин. Ёзувчим эса (ҳозирча!) битта – Шукур Холмирзаев.

«Дарвеш қўшиғи»дан сўнг янги шеърий тўпламингиз ҳам йиғилиб қолгандир?

— Ҳа. Уни “ЖАЗБА” деб номладим. Шу кунларда нашрдан чиқиши керак эди. Чидаб бўлмас даражадаги инжиқлигим, қўрслигим сабаб, нашр тўхтатилди. Тўғрисини айтганда, китоб чиқаришга ишқибозлигим йўқ. Ўқишга эса муккамдан кетганман. Сиз тилга олган биринчи китобим ҳам назаримда эрта босилди.

Ҳозир шеър кўп, шоир кўп, рақобатга қандай қарайсиз?

— Сизни билмадиму мени ҳисобим бўйича шоирлар жуда борса бешта (тенгтўшлар орасида). Шеърлар ҳисобини шунга қараб чамалаб олаверасиз. Кейин мен бозорчимидимки, рақобат қилсам? Санъаткор тан бериши мумкин, рақобат қилмайди. Шунчаки атрофдагилар шундай ўйлашади холос. 

Сигарет тутган шоир — сизнинг имижингизми?

— Кишини зоҳиран ёқтурувчилар учун ҳа. Тез-тез сўраб туришади: “Нега чекасиз?” дея. Шунда қўшимча қиламан : “Ичаман ҳам!” деб. Эътибор бериб қаралса, шу саволни бераётганларнинг ҳеч бўлмаганда отаси ё акаси ё кимидир чекади. Кўчада сигарет тутганларни минглаб учратиш мумкин. Лекин диққатни айнан шоирнинг қўлидаги сигарет тортади. Сизнингча бу ғалати эмасми? Бу имижим эмаслигини яна бир исботи, сигарет чекиш – мақтанарли хислат эмас. Шунчаки оддий қарашнинг ўзи кифоя. Шоир ҳам ҳамма каби одам. Қачонки у шеър ёзмаётган вақтда. 

Мухлисларингиз орасида қизлар кўп бўлса керак. Уларни қизиқтирган саволни бераман: муҳаббат сиз учун нима?

— Рости гап, мухлисларим бор-йўқлигини ҳам билмайман. Жавобни қисқа қилай, муҳаббат мен учун – шеър.

Келажак учун олиб қўйган орзуларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Мийямга ҳаддан ортиқ оғир орзулар юклаб, ўзимни зўриқтирмайман. Эрта ҳақда эрта тонгда уйғонгач ўйлай бошлайман. Дарвешнинг йўли шунақа.

— Суҳбат сўнггида энг севимли сатрингиздан тўрт қатор битсангиз.

— …Одамлардан ювдим илгимни,

Ўз дўстларим сари интилдим.

Энг чиройли галстугимни

Кучукларнинг бўйнига илдим…

(С. ЕСЕНИН).

— Улуғ шоирларнинг йўлини берсин, раҳмат.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг