Агар…

1
232
кўришлар сони

Оғринмайман —
Хаста дилимни
Азобларга такрор солсангиз.
Дардга мутеъ бўлмасдим,
Агар…
Агар мени суйиб қолсангиз…
Жон-жон дердим…
Бир қатра ёшдай
Кўзингизда бўлсам жон дердим…
Кафтингизда адашган қушдай
Ухлаб қолсам…
Ўлсам…
Жон дердим…
Ёмғирларда топилган севгим
Ёмғирлардан совуқроқ, музроқ.
Меҳрингизга исинай десам,
Кўнглингизга йўлларим узоқ…
Қаршингизда тураман кулиб,
Гўёки йўқ заррача ғамим.
Асли жоним турар тўкилиб,
Кўзларимда ёмғирнинг таъми…
Дарднинг бунча қирралари кўп,
Хазони кўп севги боғининг.
Худойимга йиғлайман ҳар кун:
«Мени эсланг…
Мени соғининг…»
Тун пинжида ўтираман жим,
Юрагимга урилар селлар.
Бу дунёда безавол бахтли
Муҳаббатга айлангим келар…
Йиғламайман –
Куюк дилимни
Оловларга чайиб олсангиз…
Бахтга муҳтож бўлмасдим…
Агар…
Агар мени суйиб қолсангиз…

Ирода УМАРОВА

1 та изоҳ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг