АДАБИЁТ ДУНЁНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

0
271
кўришлар сони

– Абдуқаюм ака, аввало суҳбатга розилик берганингиз учун раҳмат! Сиз ҳам газета соҳасида ишлайсиз. Нима деб ўйлайсиз, ижодкор учун энг мақбул касб – журналистликми? Кузатсак, деярли барча ёзувчилар газета-журналларда ишлаб келган, келаяпти ҳам. Сиз ўтган умр йўлингизда қаерларда ишлагансиз ва бу ижодингизга қай даражада таъсир қилган?

– Биласиз, Хемингуэй ёш ёзувчиларга газетада ишлашни тавсия этган; ўзини “Kansas City Star”да содда, равон тилда ёзишни ўрганишга мажбур қилишганини алоҳида таъкидлаб ўтган… Бироқ бу машҳур маслаҳатнинг давоми ҳам бор: “Газетада ишлаш ёш ёзувчига ҳеч қандай зарар етказмайди, қайтага фойда бериши мумкин, агар у вақтида кета олса”. Афсуски, мана шу “вақтида кета олиш” масаласида кўпчилигимиз оқсаймиз. Бунинг объектив-субъектив сабаблари ҳақида ваъзхонлик қилиб ўтирмай, шусизам ҳаммаси равшан.

Газета қаламкашга тезкорликни ўргатади. Ҳамон ёдимда, босмахоналарда ҳарфлар қўрғошинга қуйиладиган замонларда, туман газетасида ишлаб юрган кезларим, мисол учун, масъул котиб “Ярим соат ичида фалон мавзуда саксон йўл мақола ёзиб бермасангиз, газета чиқмайди”, деб тураверарди. Ёзмаям кўринг-чи!..

Биз “Касб одамни эмас, одам касбни безайди” деган ақида таъсирида ўсган авлодмиз. Балки шу сабаблидир, ижодкорнинг қайси соҳада рўзғор тебратаётгани эмас, ўзининг ишидан нималарни ола билгани, истеъдоди муҳимроқдек туюлади. Акс ҳолда  Чехов бир умр врач, Достоевский инженер, Солженицин математика ўқитувчиси, Айтматов эса зоотехник бўлиб қоларди.

Дарвоқе, яқинда шунга ўхшаш бир савол беришганди, ўшанда айтган жавобимни такрорлаб қўя қолай: Институтни битирганимдан кейин йўлланма билан заводга келиб, беш йил ишлаганман. Бунинг устига, ишлаб чиқариш ўз номи билан ишлаб чиқариш-да: қандайдир оҳанрабоси бўлади. Тасаввур этинг, кун бўйи цехда тарақ-туруқ, шовқин-сурон. Алюмин қуймаларини печкада эритамиз, кумушранг суюқлик қолипларга қуйилади, кейин бу деталга станокларда ишлов берилади, бўялади, қарабсизки, тап-тайёр маҳсулот қўлингизда турибди! Моддий! Гўзал! Кунлик режа адо этилдими, жисмоний чарчоқ, иш устидаги бақир-чақирлар бирдан ёддан чиқади, Адабиётга эҳтиёж туғилади: ҳузур қилиб зўр асар ўқимасанг ёки ниманидир қораламасанг, ётиб ухлаб бўлмайди. Менинг ўзимга ёқадиган кўпгина машқларим айнан ўша ерда ишлаб юрган пайтларим қоғозга тушган ёки кўнгилнинг бир чеккасига тугиб қўйилган. Балки шу сабаблидир, ҳамон заводни, беғубор иш муҳитини соғинаман, тушларимда кўриб чиқаман…

– Яқинда “Дарё” романингизни ўқиб чиқдим. Таассуротларимни бир китоб қилиш мумкин. Кўпроқ қачон ва қай тартибда китоб ёзасиз? Маълум режа асосидами ёки илҳом келганда?

– Таниш савол. Жавоб ҳам ўша-ўша: Дарахтдан бир япроқ бесабаб узилмайдиган бу рубъи маскунда йўқдан бор бўлмайди. Ҳеч нарса, ҳеч қачон ўз-ўзидан қуйилиб келмайди. Ҳаммасининг сабаби, асоси бор.

Менинг ёзиш услубим бошқаларникига тўғри келмас ҳам. Боз устига, бу жараён ҳаммада ҳар хил кечиши табиий. Хуллас, камина учун ёзишнинг биринчи шарти – қаламга олинажак воқеа ўзимни ҳаяжонлантирган бўлиши шарт. Бусиз мумкин эмас (мен учун, ҳар қалай). Ҳаяжон қанчалик кучли ва самимий бўлса, асар ҳам шунчалик яхши чиқади (ёзиш азоби – бу энди бошқа масала). Воқеа фақат “калла”да эмас, юракда ҳам пишганида, сал лофи билан айтадиган бўлсак, ёзмасликнинг иложи қолмаганида столга ўтиришга ҳаракат қиламан. Ана шунда, Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, қаҳрамонлар ўз айтар сўзларини қулоқларингиз тагида шивирлаб туради, воқеалар силсиласи эса шундоқина кўз олдингизда туради: уларни қоғозга туширишга улгурсангиз бас…

Қўшимча қиладиган бўлсам, куз, қишда ишим сал унади. Ёзда вақт асосан таржима ва ўқишга кетади. 

– Айни пайтда ҳам бирор асарни бошлаб қўйгандирсиз…

– Бир нечта. Аммо уларнинг қайси бири асар бўлади, қайси бири чиқитга чиқади – олдиндан бир нима дейиш қийин. Умуман, туғилмаган болага исм қўймай турган маъқул.

– Оила – ижодкор учун муҳим аҳамиятга эга. Сабаби кўпинча ижодкор, тунда, ўз уйида қалам тебратади. Оилавий муҳитнинг бунга таъсири бор, албатта. Назаримда, сермаҳсул ижод қилишингизда турмуш ўртоғингиз, суюкли адибамиз Зулфия Қуролбой қизининг ҳам ҳиссаси катта…

– Сиз – худди келишиб олгандай – кейинги тўрт-беш йил ичида каминадан у-бу нарсаларни ёзиб олган мухбирларга ўхшаб савол беряпсиз. Майли, жавоб ҳам бу борадаги нуқтаи назарим ўзгармаганини кўрсата қолсин. Хуллас, бир соҳада ишлагандан кейин дунёқараш, онг-шуур, тафаккурда, умуман олганда эса оламни ва одамни англашда (идрок этишда) кўз илғайдиган даражада муштаракликлар мавжуд бўлади. Бу эса икки инсоннинг бир-бирини жуда тез, ҳаттоки сўзсиз ҳам тушуниб олишига замин яратади. Назаримда, бу ҳаммаси эмас. Қизиқишлар ва интилишлар умумийлиги ҳам қалбан, ҳам руҳан бир-бирига яқин икки одамни сал юксакликка чорлаб, майда-чуйда ташвишлар ботқоғида ўралашиб қолишига йўл қўймаса керак, деб ўйлайман. Ахир “Сени тушунишларининг ўзи бахт” деган ҳикмат бор.

– Яқинда профессор ­Иброҳим Абдураҳмоновнинг “Истеъдод “калит”лари онадан ўтади”, деган жумлаларини ўқиб қолдим… Фарзандларингизга ота-оналаридан ижодий қобилият ўтганми? Улар ҳам ёзиб туришадими?

–Катталарида тузуккина адабий истеъдод бор. Уларнинг машқлари бизнинг аралашувимизсиз ҳам газета-журналларда эълон қилинган. Тўрт йилча бўлиб қолди, бир нашриёт қоп-қоп ваъдалар билан оиламиздаги ҳамма ижодкорларнинг асарларини тўплаб, китоб ҳолида чоп этмоқчи бўлди. Адашмасам, корректураси ҳам чиққанди. Шундан буён бирон хабар йўқ.

Ёзув-чизувнинг машаққатини кўриб катта бўлишгани учунми, билмадим, фарзандларимиз бошқа касбни танлашди. Ҳечқиси йўқ. Агар ҳақиқий истеъдод бўлса, бир куни ёриб чиқишади. Агар шунчаки ҳавас бўлса, бошқа касбни танлаб, янаям тўғри иш тутишгани аён бўлади…

– Биламизки, сиз Ёзувчилар уюшмасининг Наср кенгаши раҳбарисиз. Табиийки, ёш ижодкорлар семинарларида қаламкашлар билан кўп ишлагансиз, сабоқлар бергансиз. Ўзим ҳам шундай машғулотларда қатнашиб, бўлажак ижодкорлар учун маҳорат дарслари нақадар керак эканига амин бўлдим. Айтинг-чи, ёшларимиз орасида бўлажак ёзувчиларни кўраяпсизми? Ҳозирги замонда улар учун барча шароитлар яратиб берилган. Аммо негадир даврий нашрларда ҳам, босма китобларда ҳам ёшларнинг ярқ этадиган янги асарларни учратмаяпмиз…

–“Сокингина қалбингизга баногоҳ баҳорий чақиндай гулдурослар ила бостириб кириб, юрагингизни ларзага солган, таъбир жоиз бўлса, ағдар-тўнтар қилиб ташлаган; неча-неча тунлар шусиз ҳам қип-қизариб кетган кўзларингиздаги уйқуни беаёв ўғирлаган; кундузлари телба мисоли довдираб, инсон ҳиссиётлари кўпириб-тошган воқеалар гирдобида ожиз банди бўлиб юришга мажбур этган; кулиб туриб йиғлашни, йиғлаб туриб кулишни, ҳар иккала ҳолда ҳам дил-дилдан куйишни ўргатган; адабиёт, эҳтимолки ҳаёт ҳақидаги тасаввурларингизни буткул ўзгартириб юборган  Буюк Асар мутолааси…” Ўсмир ёшимда Гёте қаламига мансуб “Ёш Вертернинг изтироблари” романини ўқиганимда шундай аҳволга тушганман. Кейинроқ ҳаётимга улуғ Достоевский кириб келди, ҳатто “Телба”ни ўқиётган йигит” деган шиғир ҳам ёзиб ташлаганман. Касб тақозосига кўра ҳам ҳар гал янги қўлёзмани қўлимга оларканман, яна ўшандай ҳиссиётларга ошно бўлармиканман, деган илинж кўнгилнинг тубида ожизона липиллаб туради. Асарни ўқиб чиққач, Некрасов билан Григоревич тун бўйи Петербургни тентиб, ёш Достоевскийни излагани, “Адабиётимизда янги Гоголь пайдо бўлди!” деб жар солгани каби, мен ҳам Тошкентни изғиб муаллифни қидирсам, таниш-билишларга қўнғироқ қилиб, “Даҳо ёзувчи пайдо бўлди!” дея суюнчи сўрасам дейман. Аммо, таассуфки, неча йиллардан буён бу умид ушалмаяпти, билъакс…. Ўқиганларим эса, “бир хил, бир хил, бир хил”. Гўё иссиқхонада яратилгандай нимжон. Бироқ, умидли дунё бу, зора…

– Балки ёшларимиз учун устоз-шогирдлик анъаналарини тиклаш керакдир? Олийгоҳларда берилмайдиган сабоқларни сизлардан олсак, машқларимиз муҳокама қилиниб, камчиликлари кўрсатилса, сўнгра лозим топилса нашрларга топширилса… Балки шундай тўгараклар ташкил қилиш керакдир? Энди адабиётга кириб келаётган ёшлар афсуски, қўлидаги қоғозни кимга олиб боришни билмайди… Натижада сариқ матбуот услубида ёзиш оммалашиб боради.

– Балки адашаётгандирман, аммо, фикримча, адабиётда устоз-шогирдлик тушунчаси сал бошқачароқ, айтайлик, нисбийроқ. Яъни баъзан ёши улуғроқ адиб ёш ижодкордан кўп нарса ўрганиши ҳам мумкин. Бунга жаҳон адабиётидан ҳам истаганча мисол топиш мумкин. Мисол учун Лев Толстой “Санъатнинг моҳияти тўғрисида” номли асарида ибратли бир ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтади: “Бутун Европа алқаб келувчи Золя, Бурже, Гюисманс, Киплингларнинг машҳур роман ҳамда қиссаларини қунт ва ҳафсала билан ўқиб чиқдим. Айни вақтда, мутлақ нотаниш бир ёзувчининг болалар журналида босилган бир камбағал бева хонадонида пасхага тайёргарликнинг бориши тасвирланган ҳикояси ҳам қўлимга тушиб қолди. (Гап Ф. Ф. Тишенконинг “Ржаной хлебушко – калачу дедушка” ҳикояси хусусида кетмоқда. – А.Й.) Золя. Бурже, Гюисманс, Киплинг ва бошқаларнинг роман ҳамда қиссаларини ўқиб, мен бирор сония таъсирланганим йўқ… Номаълум муаллифнинг болалар ва жўжалар ҳақидаги ҳикоясини эса бошимни кўтармасдан ўқидим, чунки муаллифнинг тасвирлаганлари – эҳтимолки бошидан кечирганлари, ҳис этганлари менга дарҳол юқди-қўйди…” Шубҳасиз, улуғ Толстой ўзини ларзага солган асарга умумадабиёт талабларидан келиб чиқиб ёндашган, шунчаки “сен бошловчи ҳаваскорсан” деб муаллифнинг елкасига қоқиб қўймаган.

Хуллас, фикри ожизимча, ҳақиқий ижодкор энг яхши асарларини ёшлик йилларида, ҳали қандайдир “изм”лар касалига чалинмаган, “фалончи-пистончи”ларнинг назарига тушмаган пайтлари ёзиб қўяди. Бундай қаламкаш учун 17 ёшида китоб чиқармаслик фожиа эмас, яхши асар ёзмаслик асл фожиа. Яна Хемингуэйга қайтамиз: “Ёзувчининг вазифаси ўзгармайди. Унинг ўзи ўзгаради, вазифаси эса ўша-ўшалигича қолаверади. Бу вазифа ҳар доим рост ёзиш ва асил моҳиятни ўқувчининг онгу-шууридан жой оладиган қилиб ифодалаб беришдан иборат”.

Сиз айтаётган таклифга келсак, билмадим, балки кимгадир қандайдир даражада кўмак берар. Бироқ, дейлик, ўзим бировга “ундай ёз, бундай ёз” деб ақл ўргатишни ўлгудай ёмон кўраман; қандайдир ноқулай аҳволга тушасан киши. Бундан ташқари, Мопассанга ўхшаб ёзганларини йиллаб чоп этмай юришга кўнадиган сабр-тоқатли шогирдлар топилармикан бугун?..    

   – Абдуқаюм ака, ўзингиз кимга, қайси асарларга мухлиссиз? Китоб жавонингиз билан яқиндан танишсак…

Бугун ўқийман деган одам учун имконият ақлни шоширадиган даражада улкан. Маълумотларга қараганда, интернетдаги фақат рус тилидаги бадиий китобларни ўқиб чиқиш учун 300 йил керак бўларкан! Яна денг, уларнинг сони кунба-кун ҳандасавий кўпайтма асосида ўсиб бормоқда. Демак, саралаб, танлаб ўқишга мажбурмиз. Китоб жавоним асосан вақт ўтган сайин таъми-шираси янада ошиб борадиган асарларбилан тўлган. Булар, шубҳасиз, Достоевский, Толстой, Гёте, Драйзер, Хемингуэй, Моэм, Гамсун, Маркес… “Ўзимизнинг” ёзувчилардан Эркин Аъзам, Исажон Султон китоблари.

– Ижодкор энг аввало, шеър ёзиб, сўнг насрга ўтади, деган фикрга қандай қарайсиз? Омадсиз шоирдан машҳур ёзувчи чиқади, деган гаплар ҳам бор. Шеърларингизнинг айримлари қўшиққа солинганини кўпчилик ҳам билмайди…

Ижод –индивидуал, ҳамиша бирликда кечадиган ҳодиса. Унга умумий рецептлар, қолиплар билан ёндашиб бўлмас. Муҳими “Керак пардани топган Матмусалар яшасин!”.

Камина ҳам дастлаб уйқаш мисраларда бир нималарни ёзиб юрганман. Уларнинг айримлари эълон ҳам қилинган. Бир кун қарасам, беш юз бетча шиғир, беш-олтида достон тўпланиб қолибди. Ношир дўстимиз Шерзод икки-уч йил бурун қўярда-қўймай уларнинг бир қисмини “Бу дунёда мўъжизалар бор” деб номланган китоб ҳолида чоп этди ҳам.

Мактабда ўқиб юрган кезларимиз Абдуғани исмли синфдошим бир-икки машқларимни хиргойи қилиб юрарди. Кейинроқ Охунжон Мадалиев “Бир куни келадир, шаҳзодангни кут” деган қўшиқни айтди. Сўнгроқ Абдулла Убайдуллаев деган ҳофиз “Ҳеч бир қиз сенга ўхшамас”ни. Ниҳоят Озодбек Назарбеков “У гўзал бошқа”ни. Шу. Унча кўп эмас.     

– Суҳбатимиз сўнггида мухлисларга тилакларингиз.

– Ёзувчи Терри Темпест Уильямснинг бир гапи бор: “Мен кўпинча оқ ва қора рангдан иборат дунёга ранг бериш учун ёзаман… Мен дунёни ўзгача кўринишда тасвирлаш учун ёзаман, балки ана ўшанда у чиндан ҳам ўзгарар…” Яхши китобларни ўқинг ва уқинг, ана шунда дунё чиндан ҳам ўзгаради. Яхши томонга, албатта.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг