ЁНИНГДАГИ БАХТ

0
185
кўришлар сони

 Нимадир бўлди-ю, Нафиса ўша куни кир ювиш машинасини ололмай қайтди. Ўзи ҳам билмайди, балки эри билан бирга чиқмагани учун аччиқ қилдими? Нима бўлганда ҳам, уйига қуруқ қайтди. “Эрта-перта оларман, қочиб кетмас”, ўзини юпатди у.

 Уйга келиб, ювиниш хонасига кирди-да, бир четда уюлиб турган кирларга кўзи тушиб, “Нега олиб келавермадим-а”, деб яна ўйланди. Бу фикрлардан чалғий деб, овқатга уннади. Сувини қуйиб қўйиб, дарров уйининг орқасидаги боғчадан қизчасини олиб чиқди. Дастурхон тузаб турганди ҳамки, уйга эри кириб келди. Негадир ҳорғин кўринади, бугунги иши кўнгилдагидек кечмадимикин, хаёлидан ўтказди Нафиса.

 – Ассалому алайкум, Раҳим ака, чарчамай келдингизми?

 – Тузук, – деди эри костюмини унга узатиб, ювиниш хонасига ўтаркан. – Ие, кир машина олмадингми? – деди бироздан сўнг қандайдир қувонч аралаш.

 Нафисанинг ичидан қиринди ўтди. Доим шунақа қилади: Нафисага ёқмайдиган иш бўлса, у қувонади. Аслида ҳар сафар эри унинг кўнглини кулгу билан кўтарай деб ҳазиллашар, аммо бу сафар Раҳим чиндан ҳам хурсанд эди.

 – Ҳа, кўнглимга ёққани учрамади…

 – Яхши… сениям кўнглинг сезгир-да, Нафис.

 Эрининг бу оҳангда гапириши аёлга маълум – бир нима илтимос қилмоқчи.

 – Муддаога ўтақолинг, энди, дадаси, – деди дастурхонга ўтиришгач.

 – Хуллас, бугун ишларнинг бари тахт бўлди-ю, бирозгина пул етмай турибди. Мўлжалимдан сал баланд нархда экан.

 Нафиса қошини чимирди. Билади, эри ҳам бу кунни узоқ кутган, кўп меҳнат қилган. Агар бугун ўша ускунани сотиб ололса, кичик тадбиркорлик фирмасига ҳам сал шабада тегарди. Ахир шу ускунасиз ишлари юришмай турганди-да.

 – Яна қанча керак экан? – ютиниб сўради Нафиса.

 – Икки миллионча…

 Нафиса чой янгилаш баҳонасида ошхонага ўтди. Аёл бир йилдан бери ўша “ҳамма ишни ўзи қиладиган” кир ювиш машинаси учун пул йиғади. Ҳар ойлигидан 60-70 мингни бир четга яширади. Ахир эри билади-ку, буни қанча кутганини! Мана, энди пули қандайдир тақир-туқур учун сарф бўладиган бўп турибди. Эри унинг ичидагиларни уққандай, ичкаридан овоз берди:

 – Ишимиз юришиб кетса, бир-икки ойдаёқ даромаддан сенга зўр кир машина олиб бераман, Нафис, хўп деяқол, энди, гўзалим!

 “Ана, аврашга ўтди”, ўйлади Нафиса. Эҳ, нимаям қиларди, беради-да шу ўлгур пулни.

 – Майли, – деди ичкарига киргач, – ўзингиз биласиз.

 Раҳимга ҳам хотинининг феъли маълум. “Ўзингиз биласиз”, дедими, демак, у эрига тамоман қарши.

 – Сўз бераман, хотинжон, биринчи даромадим сеники!

 Хуллас, ўша куни Нафиса шалвираб қолаверди. Эрталаб эрини ишга кузатгиси ҳам келмай, боши оғриётганини баҳона қилиб ётиб олди. Раҳим унга бош оғриқ дори билан сув келтириб мажбуран ичирди-да, “қизимизни ўзим боғчага ташлаб ўтаман”, деб чиқиб кетди. Тўрт йиллик турмуши давомида эрини бирор марта ҳам нонуштасиз ишга жўнатмаган Нафиса афсусланиб турса-да, кир машина хаёлига келиши билан улар тумандек тарқаб кетарди. Сал туриб, эринчоқлик билан кийинди. Мактабдаги иши иккинчи сменадалиги учун шошмай эшикдан чиққанди ҳамки, бир қизга туртиниб кетаёзди.

 – Кечирасиз, –узр сўради қиз, – Аҳмедов Раҳим шу ерда турадиларми?

 – Ҳа, – деди Нафиса хайрон бўлганча.

 – Мана, ташхис натижалари чиқди, – қиз унга конверт тутқазди.

 Нафисанинг ёдига тушди, тунов куни эри қорни оғриётганлигидан шикоят қилганди. Аёл қатиқ ичиб юринг, ошқозонингиз бузилган, дедию барибир кўнгли бўлмай, шифохонага юборди. Жавобни ўзлари уйга ташлаб кетишади, деб айнан шу шифохона манзилини берганди эрига. Мана, дарров тайёр бўлибди.

 Нафиса қизга раҳмат айтди-да, эшикни очиқ қолдириб, остонада уни ўқишга тутинди. Кўп жумлаларга тушуниб-тушунмай, касаллик номини излай бошлади. Бирдан кўзлари “саратон” деган сўзга тушди-ю, юраги орқасига тортиб, чўккалаб қолди…

 …Раҳим ишдан қайтса, овқат тайёр эмас. Аста хотинига разм солди. “Ҳалиям хафа”, ўйлади у ва Нафисанинг бурнидан чимдилади.

 – Қовоғингизни очинг, энди, ишим битди. Раҳмат, хотинжон!

 Аёл синиқ жилмайди-да эрини қучди.

 – Арзимайди. Бу нима бўпти. Ахир сизга… жонимни ҳам…

 – Ҳай-ҳай жонингиз ўзингизга керак, чунки ўзингиз менга кераксиз, унутманг, хўпми!

 Эрининг сизлаб мулозамат қиладиган одати бор: кайфияти чоғ бўлганда шунақа қилади.

 – Узр, овқат қилолмадим, сиз билан бугун бир жойга борсак. Қизимизга синглим қараб туради, бугун бир айланайлик…

 Нафиса эрини ўша севишган пайтлари доим бориб турадиган тамаддихонага таклиф этди. Охирги марта ўтган йили Нафисанинг туғилган кунида ўтиришгандиёв. Кейин эса… рўзғор билан ўралашиб, бу ерга келмай ҳам қўйишди. Эрининг кайфияти янада кўтарилди. “Бу дардни фақат хурсандчилик, бахт билан енгиш мумкин… бошқа ҳеч нима”, хаёлидан ўтарди Нафисанинг.

 “Нега айнан унинг эри бўлиши керак?” Бу фарёд қанчалик бўғзини куйдирмасин, аёл сездирмасликка уринарди. Бугун кўз олдида эри билан ўтган дамлари жонланиб чиқди. Илк танишувлари, муҳаббат изҳорлари, энг гўзал кун – тўйлари, фарзанди туғилганида Раҳимнинг қанчалар шодлангани… Наҳот, булар якунига етса! Наҳотки, бахтининг саноқли онлари қолган бўлса?! Билади, Нафиса билади бу касаллик ҳақида. Шунинг учун ҳам бағри хун. Ўтган йили бир ҳамкасби шуни деб оламдан кўз юмганди.

 Йўқ, эрига айтмайди. Айтишнинг кераги йўқ. Аммо ўша сўнгги кунгача уни энг бахтли инсонга айлантиради. Ҳа, сўнг эса… билади, эрисиз ҳаётнинг унга кераги йўқ. У ёғига эса қуруқ шарпаси яшайди, ҳа, агар қизи бўлмаганида-ку, эрининг ортидан…

 Раҳим эса қатиқ ичиб, ошқозони оғримай қолганидан гапирарди. Ўша кеча Нафиса илк бор ношукур эканлигини сезди. Нега шу пайтгача эри ёнида соғ-омонлигига, қизалоғи ота-онали, бекаму кўст яшаётганига ақалли бирор марта шукур қилмади. Кир машинани деб эрига терс қарагани-чи? Ҳатто нонушта тайёрлаб бермади-я. Унинг кўнглини оғритди қандайдир матоҳни деб!

 Уйга қайтишгач, эри ўша шифохонадан сўз очиб қолди.

 – Жавобини билиб келсаммикин?

 – Йўқ, йўқ, – деди аёл шоша-пиша. – Айтдингиз-ку, оғримаяпти, деб. Сиз соғломсиз, менга ишонинг.

 Раҳим жилмайиб қўйди-да, аёлини беозор қучди…

 Орадан бир ҳафталар ўтгач, Нафиса эрини айланиб-ўргилиб ишга кузатгач, эшик қаттиқ тақиллади. Очса, ҳалиги шифохонадан натижаларни олиб келган қиз. Аёлнинг юраги така-пука бўлди. “Эй, худойим, тинчлик бўлсин-да”

 – Кечирасиз, – минг хижолат билан тилга кирган қиз аёлга кўзларини тикди. – Мени эслаяпсизми?

 Нафиса бош ирғади.

 – Мен ҳалиги… ўшанда… таҳлил натижалари алмашиб қолган, кўринади.

 Нафисанинг боши айланди. Бу қиз унинг устидан кулаяптими? Қанақасига адаштиради, бари равшан эди-ку! Эрининг исми ҳам бор ўша қоғозда.

 – Қанақасига, ахир…

 – Ўша пайт бошқа бир мижоз ҳам анализ топширганди. Ёнма ён турганди… ким билади, кимдир таҳлилларни чалкаштириб… У одамга касали йўқлиги ҳақида қоғоз юборгандик. У одам қайта текширтириб, саратонга йўлиққанини билди. Эрингиз яхшими ўзи? – Қиз ҳамон хижолат чекарди. – Яхшиям, анави киши қайта текширтирди, шунда билиб қолдик. Хуллас, эрингизни қайта текшириб кўрсак. Балки англашилмовчиликдир…

 Нафиса нега деганига қўймай, ошқозонингиздан хавотирдаман, деди-да ўша куниёқ Раҳимни шифохонага етаклади. Жавобини сабрсизлик билан кутарди. Раҳимни ишига жўнатиб юборди. Ниҳоят, ҳамширадан жавобларни олди-да, қўллари титраб унга кўз югуртирди. Ҳеч нимани тушунмай, ҳамширага узатди.

 – Ҳеч қандай касаллик йўқ. Фақат кўпроқ суюқ овқат есин, ошқозонига оғирлик қилаяпти.

 …Нафиса уйга келибоқ, белига фартукни ўради, мастава қилишга киришиб кетди. Бугун дунёдаги энг бахтли аёл ўзи эканлигини, унга эридан бошқа ҳеч нима керак эмаслигини ҳис этар, кир машина ҳақида эса ўйлашни ҳам истамасди.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Аввалги саҳифаАЗОН
Кейинги саҳифаНОРАСИДА УВОЛИ
УЛАШИШ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг