ВАТАНГА ҚАЙТИБ

0
121
кўришлар сони

Самолёт ўз вақтида ерга қўнди.

Билагидаги соатга қараб қўйган Дилмурод ним жилмайди. Вақт – ким учундир тенгсиз неъмат. Унинг бир лаҳзасини ҳам фойдали ишга, ҳеч йўқ фойдали ўй− хаёлларга бахшида қилиш ҳам мақсадингиз сари яқинлаштиради.

Дилмурод парвоз давомида кўзларини юмганча хаёлида пишиб келаётган режалар кетма кетлигини тақсимлаб чиқди. Энг аввало, ватанининг ҳавосидан тўйиб симиради. Йўқ, унутмаган.  Қуёшнинг заррин нурлари юзларини қитиқлашини тасаввур қилди. Баҳор қуёши мусаффо бўлади. Танингизга хуш ёқади… Ғайратингиз тўлиб− тошиб, яна мақсадингиз сари дадил одимлайсиз.

Аеропорт анча ўзгариб кетибди. Ривожланган мамлакатларники каби замонавий, шу билан бирга миллий руҳ ҳам сезилади. Ўзбекча сўзларни эшитиши билан қалби сурурга тўлди. Ўзи топа олишига кўз етса ҳам аеропорт ходимидан сўрашга жазм қилди:

−  Кечирасиз, яқин орада тамаддихона борми?

−  Албатта, жаноб, −  йигит унга манзилни батафсил тушунтирди. −   Юртимизга хуш келибсиз, − деди гапи сўнггида.

Наҳотки, кўринишим ажнабийга ўхшаса, хаёлидан ўтказди Дилмурод. Ёки ўз тилида ғализ сўзлармикин? Йўқ. Ўзбек тилидаги адабиётларни овоз чиқариб ўқишни, айниқса, хориждаги ўзбек дўстлари билан учрашиб туришни канда қилмасди.

−  Мен ўзбекман,  −  деди аллақандай ғурур билан.

Сўнг шошилмай аеропортдан чиқди, гарчи вақтнинг қадрига етсада, ҳозир шошилишни сира истамас эди. Ерни авайлаб босар, осмонга, қуёшга, оппоқ момиқдек булутларга қараб қўйишни унутмасди. Осмон ўзгармайди, ер ўзгармайди, деди ичида. Ҳамма нарса ўзгариши мумкин. Ҳатто инсонлар ҳам. Аммо аждодларимиздан қолган она замин ҳамон ўша. Тупроқ иси ўша, қуёш нурлари ўша… Қачон бўлса ҳам, қандай бўлса ҳам сени бағрига олади, итармайди.

Дилмурод айтилган тамаддихонага кириб келди. Очиққан бўлмасада, ачиққина кўк чой ва седанали бўрсилдоқ нон егиси келарди. Болалигида шакар чойга тандир нон ботириб ейишлари кўз олдига келди. Хорижда ватанини соғинган пайтлари шундай тамадди қиларди ҳам, аммо таъми ўхшамасди. Ич ичидан тошиб келаётган завқини яширолмай ҳаяжон билан буюртма қилди.

Патир иссиққина эди. Чойдан секин хўплади, йўқ, лаби куйишини ўйлаб эмас, таъмини янада туйиш учун. Нонни кўзларига суртди. Аскарлар каби бир четидан тишлади. Уни қизиқиш билан кузатиб турган хўранда ва хизматчиларга эътибор қилмади. Энди унга барибир, устидан кулишса ҳам майли! Ахир у ватанида! Буни энди теран ҳис қилди. Анча вақт дераза ортидаги манзарага тикилиб хаёл сурди. Майли, бир дам бўлсада ширин хаёллар… истаклар… орзулар.

Телефонини созлагач, қўнғироқ қилди.

− Мен келдим. Яхши, ўзингизчи? Айтилган жойда бўламан…

У телефонни ўчириб ширин энтикди. Ниҳоят, қиз билан учрашади. Биринчи марта. Аеропортда кутиб олмоқчи эди, аммо дарсдан қолмасин деб Дилмурод  кўнмади. У қачонлардан интернетда сирдош дўст топасан деса  ишонмаган бўларди. У меҳр кўзда деб ишонар ва виртуал муносабатлар самимий эмас деган хулосада эди. Лекин Дилобарнинг кўзларига кўз тушмаган бўлсада, кўнгли кўнглига тушди. Бу дўстликми, ё бошқача туйғуми, ҳали йигит ўзи ҳам англамайди. Бунинг устига қизнинг суратини ҳам кўрмаган. Ўзидан бир неча ёш кичиклигини, олийгохда ўқишини билади, шунингдек ички олами ҳам ўзига жуда яқин, қандайдир оханрабоси бор. Агар шу қиз бўлмаганда балки Дилмурод қайтмаган бўларди…

“Нега биз тарафларга келмайсиз? − деганди охирги мактубида қиз. − Ҳеч бўлмаса саёҳатга келинг”.

Дилмуроднинг ҳеч қачон қайтмайман деган қатъий аҳди бир оғиз сўз билан қуёшда қолган муз каби эриб кетишини ўйламаган эди. Ҳа, саёҳатга боради. Соғинч азоби тошдек оғирлашиб кетди. Бўшатмаса бўлмайди. Дилобар шунчаки баҳона бўлди, аслида ўзи ҳам учишга шай турарди. Эртасигаёқ ҳамма ишларини ҳамкорига топширди−да, бир ҳафталик саёҳатга отланди. Энди фирма анча оёққа туриб олган, бир ҳафта усиз ҳам кун кўра оларди.

Дилмурод такси ушлаб, манзилни айтди. Бу ерни бежиз танламаганди. Болалиги ўтган жойлар. Ҳар бир қарич ери ёдида. Кўзини юмиб ҳам топа олган бўларди. Лекин… айтилган жойга тушгач адашмадимми, дегандек атрофга яхшилаб қаради. Хотираларида турган эски пастак уйлар ўрнида кўп қаватли бинолар, дўконлар, офислар қад ростлаган, анҳор устидан эса замонавий кўприк қурилганди. Янги ўтказилган баҳор гуллари зангори, сариқ, пушти рангларда товланади, баргларига иниб турган шабнам эса йилт−йилт қилади. Эҳтимол, бошқа бирор давлатда саёҳатга борганида, манзарадан албатта баҳра олган бўларди. Лекин ҳозир эскансираб қолди.

Йўлакдаги ўриндиққа ўтиргач соатига қаради. Беш дақиқа аввал келибди. Қизлар барибир кечикиб келади. Унгача айтадиган сўзларини ўйлаб турса ҳам бўлади… Аммо бир дақиқа ўтмай унинг қаршисида бир қиз пайдо бўлди.

−  Ассалому алайкум, Дилмурод ака. Хуш келибсиз…

Дарҳол овозидан таниди. Ҳарҳолда, улар телефонда суҳбат қуришарди. У доим Тошкентни таърифлаб дилини қитиқлар, йигит бўлса тадбиркорлик фаолияти ҳақда зерикарли маъруза ўқирди.

−  Яхшимисиз, Дилобар? –йигит ўрнидан турди. Қўл узатиш−узатмасликка иккиланиб қолди. −  Дарслар тугадими?

−  Ҳа, −  у кўзларига қуйилиб келаётган ёшларни секин артди.

−  Тинчликми? –сўради ҳайрон бўлганини яширмай.

−  Бунчалик тез етиб келасиз, деб ўйламовдим, − қизнинг овози титрарди. − Бу учрашувни узоқ кутгандим. Шунга…

Дилмурод ўнғайсизланиб кўзларини олиб қочди. Қизлар билан қандай муомала қилишни билмасмиди ёки она тилида бемалол гапириб кетишга қийналдими, ўзи ҳам тушунмади.

−  Ўтиринг, − деди ўриндиққа имо қилиб. − Бу ерлар ўзгариб кетибди. Болалигимда бутунлай бошқача эди.

−  Сиз ҳали бутун шаҳарни томоша қилсангиз, сира кетгингиз келмай қолади, − қувноқ оҳангда гапиришди уринди қиз.

−  Эҳтимол.

Ўриндиққа ўтиришди. Иккиси ҳам анҳордаги оққушларни томоша қила бошлашди.

−  Ота−онангизни эслайсизми? − савол берди қиз.

Дилмурод суҳбатлари бу томонга бурилишини кутмаганди. Тўғри, қизга ўз ҳаётини сўзлаб берган, лекин била туриб унинг ўтмишини титкилаётгандек, ниш ураётгандек туюлди.

−  Нега сўраяпсиз? − деди озроқ асабийлашиб.

− Қўшни қизни−чи? − саволга савол билан жавоб берди у.

Пешонаси терлади, Дилмурод дастрўмол излаб қўлини чўнтагига солди. Чўнтагида эмас экан. Янада асабийлашди. Ахир доим чўнтагида туриши керак эмасмиди?

−  Аввал бирор меҳмонхонага жойлашганимдан сўнг кўришсак бўлар экан. Йўл чарчатди, чоғи.

−  Дилмурод ака, менга қаранг, −  Дилобар елкасига қўлини қўйди.

Ғайришуурий равишда дастрўмол ҳақда ўйлашни тўхтатиб, йигит қаршисидаги инсонга боқди.

−  Мен сизга бегона эмасман, − деди қиз.

−  Биламан.

−  Йўқ, сиз ўйлагандан ҳам яқинроқман.

−  Пайқаяпман.

−  Нималарни ҳис этяпсиз?

Дилмурод ўйчан ҳолда бир нуқтага тикилиб қолди. Ҳис этаётганлари шунчалик кўп эдики, тартибга келтиролмасди. Ҳаммаси ўз ўрнида, кетма кетмаликда бўлишига ўрганган йигит яна беихтиёр соатига қаради.

−  Тушлик вақти бўлибди. Балки бирор ерда ўтириб, бафуржа гаплашармиз, Дилобар.

−  Ҳозир томоғимдан ҳеч нима ўтмайди, − қиз маҳзунлашди.

Дилмурод ортиқ чидай олмади.

−  Тушунмаяпман, сизга нима бўлди? Биз ахир… сиз жуда қувноқ ва… бари бошқача бўлишини кутгандим.

−  Дилмурод ака… –Дилобар кутилмаганда кўзига ёш олди. −  Ўн беш йил, ниҳоят, учрашдик.

Дилмурод бир сўз демай, оғир ютинди. Бўғзига нимадир қадалиб унинг ҳам йиғлагиси келди.

−  Мен… мени танимадингизми… –қиз йиғи аралаш пичирлади. − Қўшни қиз… Дилош дердингиз. Менга боғингиздан… гуллар узиб берардингиз.

Дилмуроднинг онгида нимадир чарақлаб кетди. Юраги гуп−гуп уриб, оламга жаранг сочди. Нима… нималар деяпти бу қиз?

−  Қанақасига? − деди уни ўзидан нари қилиб. –Менинг ундай қўшним йўқ… тушуняпсизми, ҳеч кимим йўқ.

−  Бор эди! Эслаб кўринг, бор эди−ку? Онангиз, дадангиз, бир синглингиз.

Дилмурод ўрнидан туриб яна асабий равишда чўнтагидан нимадир излай кетди.

−  Илтимос, − қиз ҳам ҳаяжондан титрарди.  − Эсланг…

Дилмурод хотиралар сандиғини очишни истамай, шаҳд билан йўл сумкасига қўлига олди.

 −  Мен ортга  қайтаман. Кўнглим билан ўйнашишга ҳаққингиз йўқ эди.

Йигит шаҳдам юриб кетди. Шошиб қолган Дилобар ҳам ортидан чопди.

−  Тўхтанг! Яна йўқолиб кетасизми? Сиз ҳам дадангизга ўхшаб бераҳммисиз?! Онангизнинг руҳини чирқиратиб…

Дилобар нишонга урганди. Йигит турган ерида қотиб қолди ва кутилмаганда ўзини ерга ташлаб бошини қўллари орасига яшириб хўнграб йиғлаб юборди. Дилобар дарҳол унинг елкасини ушлади.

−  Сизни топганимда кетманг, Дилмурод ака. Сўз берганман, топаман деб…

Дилмуроднинг кўзларига ниҳоят дўстрўмол тегди. Дилобар авайлаб гулли дастрўмолда унинг юзларини артарди.

−  Дилош… синглимнинг қалин дугонаси эдинг…

−  Ҳа, мен, менман ўша.

−  Нега айтмадинг? Вақтлироқ?

Қиз маюсланди.

−  Келмайсиз, деб қўрқдим.

Дилмурод қаддини тутиб, катта йўлга имо қилди.

−  Қўнимгох топайлик.

 −  Меҳмонхона деманг, фақат. Бизникига борамиз…

−  Йўқ, йўқ, − йигит шошилиб унинг гапини бўлди. − Мен ўйлаб олишим керак… чарчадим.

−  Хўп,  − қиз унинг ҳолатини тушунишга уринди. Чиндан ҳам ўйлаб олишлари керак. Ҳали олдинда қанча саволлар турибди. Хотиралар, бир биридан айри тақдирлар…

***

Дилмурод онасининг чеҳрасини яхши эслайди. Кўзлари киртайиб, пушти лаблари жим табассум қилишга урингандек турарди. Қонсиз ёноқлари, ўсма сурилган қошлари, эрта ажин тушган пешонаси кўз олдида турибди. Қуш уйқу эди, Дилмурод кечалари кўзини очганида онасини сергак ётганини кўрарди.

−  Ухлайвер, болам, −  дерди бошини силаб.

Дилмурод совуқ қотганча кўпра билан бошини ўраб оларди. Ташқарида қор, совуқ, уй ундан ҳам совуққа ўхшарди. Онаси амаллаб ёққан ўтин аллақачон ўчиб бўлган. Тонг бўзариши билан яна ўтин олиб келади. Бироз исиниб нонушта қилишади. Ишқилиб нон бормикин, деган хаёл Дилмуроднинг уйқусини қочирди. Бўлмаса яна қўшнидан сўрашга тўғри келади. Йўқ, бу сафар Дилмурод чиқмайди. Синфдоши Дилобардан уялади. Ана, Нигора синглиси чиқсин. Кичкина бўлса нима бўпти, гапиришни ўрганволди− ку. Ҳар кун “ая, нанна”, деб пилдираб юради.

Дилмурод онасини қучоқлаб олди. Иссиқ тафтидан бадани илиди. Лекин синглиси ғиншиб қолди, онаси нариги тарафга ёнбошлади. Кўкрак тутди, шекилли пишиллаб эма бошлади. Унинг қорни тўяди, ўйлади Дилмурод. Агар нон бўлмаса нонушта қилмай қўявераман, деган қарорга келди. Мактабга борса, пистачи холаси бир нима беради. У Дилобарнинг ойиси. Хаҳ, ўзимнинг куёвимдан қанд ўргилсин, деб уялтирадию, аммо қўнжини бир нималарга тўлдиради.

 Ювош сигирлари эса анчадан бери кўринмай қолди. Сутдан ҳам маҳрум бўлишди. Дилмурод онасидан сигир ҳақда сўровди, аёл индамади. Дилмурод ўзича фаҳм қилди: дадаси олиб кетган… Дадаси кўп нарсани олиб кетади. Баъзан бир нималар олиб келади ҳам. Лекин келадиганидан кетадигани кўп. Ўзини уч−тўрт кунда бир кўради. Кейин мактабдан қайтишда кўча−кўйда ҳам кўп учратади. Мактабда менинг ота−онам деган иншо ёзишганида дадасининг қаерда ишлаши ҳақда кўп ўйлади. Онаси уй бекаси бўлсада, тикиш, тўқиш қилиб озроқ пул топарди. Дадаси ҳам пул олиб келиб туради. Қўйни пулга тўлиб келган кунлари зиёфат бўларди уйда. Ҳамма ошналари йиғилади, тонггача байрам қилишади. Лекин қаерда ишлашини билмади. Онаси доимгидек синиқ жилмайди.

Шу хаёллар билан кўзи илинган Дилмурод тонгда базўр ўрнидан туриб ошхонага мўралади. Онаси нимадир пиширяпти. Оғилхона тарафда дадасининг қораси кўринди. Қўй етаклаб олган. Демак, дадаси бугун ишлаб келибди!

Дилмурод қувонганча онасини қучоқлаб олди. Аммо аёл хурсанд эмасди, кўз ёшларини дарҳол артиб титроқ овозда ўғлининг бошини силади.

−  Қовурдоқдан тез еб ол, кейин мактабингга шошил. Синглинг ухлаяптими?

−  Ҳа. Дадамнинг ёнига борсам майлими? Энди қўй боқарканманда. Баҳор келса, болалар билан ўтлатишга обчиқаман.

−  Майли…

Севинганча шаталоқ отиб оғилхонага чопди.

−  Ассалому алайкум, дада.

Эркак ортига ўгирилиб ишшайди.

−  Ҳа, ота ўғил. Кўрдингизми, сизга нима олиб келибман.

−  Ҳа, − Дилмурод қизиқиш билан шохдор оқ қўйни кузатди. − Баҳайбат…

Эркак унинг елкасига уриб қўйди. Бола унинг тиртиқ тушган қоши, дўрдоқ лаблари ва қип қизил лунжига қараб меҳри жўшиб кетди.

−  Раҳмат, дадажон. Кеча овқат емагандик, сизни роса кутдик.

−  Ана, келдим, истаган нарсангни олиб е, − у чўнтагидан пул чиқарди.

Дилмурод апил−тапил кийиниб мактабга йўл олди. Бу пулни Дилобарнинг ойисига беради. Ахир қарзлари кўпайиб кетган. Холаси ҳисобламаса ҳам Дилмурод дафтарига ёзиб қўйган. Бу пул етади. Бувиси касал ётибди, Дилмурод берган пулга дори олишса, албатта тузалиб кетади. Кейин яна кулчалар ёпиб беради.

Аммо пистачи қўшни пулни олмади, қайтиб боланинг чўнтагига солиб қўйди.

−  Буни−чи, ўғлим, онанг қийналганда ўзига берасан. Асраб қўй. Ун оларсизлар…

Дилмуродга бу гап ҳам жўяли кўринди. Бир ҳафтадан сўнг дадаси келтирган нарсалар тугайди. У ўйланганча партасига ўтирди. Ёнига қаради, Дилобар ҳали келмапти. Уйқучи, ҳар куни кеч қолади. Бир неча марта нон сўрагани учун шум қизча дарсларини ҳам қилдиртириб олган.

Дилмурод бугун бахтиёр эди. Бундай бахтли кунлар эса тансиқ эди.

  ***

 −  Дилобар, − меҳмонхонага киришгач йигит қизга ўгирилди. − Сиз… сен боравер. Эртага кўришамиз.

Қиз унга ҳавотир билан назар ташлади.

−  Кетиб қолмайсизми?..

−  Йўқ, − Дилмурод қизнинг дўстрўмолини кўрсатди. − Бу менда−ку, кетмайман.

Дилобар синиқ жилмайди. Ҳудди онаси каби. Дилмуроднинг юраги яна симиллади. Оғир қадамлар ташлаб, хонаси томон йўл олди. Дилобар унинг ортидан қараб қолди. Сўнг автобус бекатига бориб анча вақт хаёл суриб қолди. Дилмуродни яхши эслайди. Уни охирги марта кўрганида ўн ёшларда эди, ҳам синфдоши, ҳам қўшниси эди. Доим унга эргашиб мактабга бориб қайтарди.

Бир куни қайсидир фанни тушунмай, Дилмуродникига чиқди. Хонтахтага ўтириб унга обдан масалани тушунтираётган пайтда  Дилмуроднинг дадаси гандираклаб уйга кириб келди. Кийимлари йиртилган, лабларидан қон оқарди. Дилмуроднинг онаси қўрқиб кетиб унга пешвоз чиқди, суяб уйга олиб кирди, шошиб сув олиб келди. Лекин дадаси уларни силтаб ўшқириб берди:

−  Ҳамманг кет! Сенларни боқаман деб!  Лаънатилар… –деди дағал товушда. Ҳеч бири жойидан қимир этмаганини кўриб баттар ғазабланди:

−  Йўқол! Бўлмаса… − у аёлнинг ёқасига чанг солиб остонага итариб  юборди. Дилобар қўрқиб кетди. Дилмурод дадасининг қўлларидан ушлади, лекин уни мушукдек отиб юборди. Дадаси ҳеч нимани билмай уларни дўппослай кетди. Аёл болаларини ва Дилобарни икки қанотига олган қушдек питирлаб кўчага отилди. Ўзларини Дилобарларнинг очиқ дарвозасига уришди. Икки аёл тонггача дардлашиб чиқишди. Дилмурод эса қизнинг юзига қаролмасди, ўзини ухлаганга солди. 

 ****

…Эзгин ҳолда уйга кириб келган Дилобарни кўриб онаси пешвоз чиқди:

−  Келдингми, қизим. Дилмурод… у ҳам келдими? –шошганча остонага кўз ташлади. –Ё кўришолмадингми?

−  Кўришдик, ойи. У меҳмонхонага жойлашди.

−  Уйга олиб келмапсанда. Ўзимча… дастурхон тузаб ўтирувдим.

Дилобар меҳмонхонага кириб камтаргина тузалган хонтахтага қаради. Онаси пазанда. Йўқдан бор қилади. Бўғирсоқ, кўк қатлама, холтайтар тайёрлабди. Дилмуродни бошқача яхши кўрарди, балки ўғли йўқлиги учундир. Ҳозиргача хотирлаб кўзига ёш олиб юрарди. Яқинда Дилобар уни Интернетдан топганини айтганча, юраги нақ тўхтаб қолай деди. Тириклигини билгач, узоқ йиғлаб шукрона айтди.

−  Ўзи соғ−саломатмикан? –онаси Дилобарнинг елкасини енгил силади. –Айтдингми ҳаммасини?

− Ҳали гаплашиб улгурмадик. Аммо қўшниси эканимни билди. Гарангсиб қолди. Эртага  кўришамиз.

− Майли. Шунисига шукур. Раҳматли қўшнимнинг руҳи энди тинчийдиган бўлди. Айтганча, қабрига олиб боргин… Дуои фотиҳа қилиб қўйинглар.

− Хўп бўлади, − Дилобар ҳаяжонини яшириш учун ошхонага ўтди.

 Юрагига қулоқ солди: нималар деб уряпти? Кимни деб? У ўша озғингина қўшни болакайни бугунги Дилмуродга солиштириб кўрди. Гўё бошқа инсондек. Дилобар ҳам ўзгарганми, нега йигит тезда таниб олмади? Йўқ, нигоҳлар барибир ўзгармайди. Ҳа, ғамгин кўзлари ўша-ўша. Онаси вафот этганида қотиб қолган мунг сира кетмапти. Ўшанда Дилобарни қучиб роса ўкраганди. Кейин… йўқолиб қолди. Бир кечадаёқ. Ўсмир йигитчани Қўйлиқ бозорида арава тортиб юрганини кўрдик, дейишди. Биров поездга илашиб четга чиқиб кетди, деди. Дадасининг эса иши бўлмади. Синглисига жабр бўлди. Пиёниста отанинг қўлида қолмасин деб уни етимхонага бериб юборишмоқчи эди. Аммо Дилобарнинг онаси уни-да ўз фарзандидек кўрарди. Турмуш ўртоғи билан келишиб, асраб олишни ихтиёр қилишди. Дилобар билан эгиз қизлардек улғайди. Нигорани ўтган йили турмушга узатишди. Акаси топилганини эшитса, армони қолмаса керак. Дилобар эса келган совчиларни рад этди. У… кимнидир кутарди.

Дилмурод қизнинг келишини кутиб ўтирмади: сахарлаб қабристонга йўл босди. У қаерда бўлмасин, онасининг руҳига фотиҳа ўқиб юрди. Тўлиқиб кетсада, қабрига келишга жазм қилмади. Уни нима ушлаб турарди? Бугун ўйлаб қараса, ўтмишни барибир ўзгартиролмас экан. Кетиб чакки қилганмиди? Синглиси учун ҳам қолиши керак эдими? Дарвоқе, у ҳозир қайларда экин? Дадаси-чи?..

Онасининг қабрини адашмай топиб келди. Қаровсиз қолган деб ўйлаб эди. Йўқ, гўё келишини сезгандек атрофи супирилиб, саришта қилиб қўйилган. У қўлини илиқ тупроққа теккизди. Кўп йиллардан бери йиғламаганди. Йиғламайман, деб аҳд қилганди. Аҳди бузилди. Бундан зарра афсусланмади ҳам, юрагидаги тошлар қулаётгандек бўлди: ўзини енгил ҳис қилди. Онасининг руҳига тиловат қилди.

− Дилмурод ака, −орқасидан Дилобарнинг овози эшитилди. У аллақачон шу ерда хозир бўлиб, йигитни кутиб турганини Дилмурод пайқади. − Бу мактубни кейинчалик Нигоранинг нарсаларини йиғиштириб ўзимизнинг уйга олиб кетаётганимизда топиб олгандик. У сизга аталган экан. Ниҳоят, омонатни етказдим.

Дилмурод титроқ қўллари билан қиз тутқазган эски хатжилдни олди. Ёлғиз ўқишни истаган эди, лекин ўйлаб қараса, ёлғиз бўлмагани дуруст экан. Дардни кўтаришга шерик бўлгани маъқулмикин? Нозик жуссали шу қиз кўтара олармикин? Назарида, шунча йилдан бери дардига шерик бўлишни истаган инсонни у яқинига йўлатмай келган. Энди эса…

“Ҳаётим тугаб бораётганини сезяпман, ўғлим. Унгача бу мактубни битиб сенга беришим керак. Биламан, ўлимимда отангни айблайсан. У сен ўйлагандек ёмон инсон эмасди… Сен туғилганингда жуда суюнган. Касалим ҳақда бировга айтмадим. Ўсимта анча катта, дейишди. Кўз олдимдан сира кетмаяпсизлар. Энди бу оиланинг каттаси сенсан. Даданг менсиз хароб бўлади, унга яхши қара. Синглингни бошқаларга хўрлатиб қўйма, ўзинг ота бўлиб турмушга узат. Уйимизни ташлаб ҳеч қаерга кетма, болам. У ерда чироғимни ёқиб ширин оила қур, дадангни хатосини такрорлама, ичкиликдан, харомдан нари юр. Биламан, сен яхши инсон бўлиб етишасан. Қаерда бўлсанг ҳам қалбингда бўламан. Тақдирга аччиқ қилмай, бахтли бўлишга ҳаракат қил, Дилмуродим. Муродингга етиб юр, соғ бўл.” Онанг.

Дилмурод яна ўсмир йигитчага айланиб қолди. Ҳа, дадасини айбламаслиги керак, синглиси ҳам қаровсиз қолмасин. Йўқ, бу ерлардан қочиш қароридан кечиши керак. Эххе, не азоблар турибди олдинда? Қочиб кетганига қанча пушаймонлар бўлди-ку? Лекин… муродига етди, охир. Йўқчилик балосидан қутулди, омади келди, обрў топди. Аммо афсуски, ўзини бахтли ҳис қилолмади.

− Дадангизни, синглингизни кўришни истайсизми? −кўнглини уққандек савол берди қиз.

Дилмуроднинг ичида чироқ ёнгандек бўлди.

− Ҳечдан кўра кеч… сиз уларга кераксиз, − Дилобар давом этди.

− Сенгачи? − деди у беихтиёр. Кейин ўрнидан туриб қизнинг қўлидан тутди. −Кетдикми?

− Қаерга?

− Ҳаётимизни қуришга. Она юртимда. Барини бошидан бошлашга доим имкон бор-ку, тўғрими?

Дилобар ним жилмайди. Ерга тикилди. Қуёшнинг илиқ нурларимикин, юзини қизартирди.  

Тонг оппоқ бўлиб отмоқди. Ҳудди ўн беш йил аввалгидек. Фақат бу тонг унга қалбини қайтариб берди. Йигит бу гал келажак сари ғазаб ва нафрат эмас, меҳру муҳаббат билан қадам ташлади. 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг