ҚАЙТИБ БЕРИЛГАН БАХТ

0
117
кўришлар сони

 – Анави қиз ким бўлди? – ҳамкасбини туртди Комил.

Қизларнинг кимлигини билиш тугул, ҳатто уларга бир бор қайрилиб қарамайдиган Комилнинг саволидан Зокир таажжубланди. У ўртоғи имо қилган тарафга қаради. Сочлари узун, думалоқдан келган кулча юзлари тиниқ, нозик-ниҳол бир қиз эшик олдидаги компьютерда ишлаб ўтирарди.

 – Уми? Янгилардан. Кеча директор ҳузурида кўргандим. Яқинда ўқишни тамомлабди. Аввал ҳам амалиёт ўтагани келиб турарди.

 – Кўрмаган эканман.

 – Кўзинг монитордан узилмаса қаердан ҳам кўрардинг? Синовдан ўтса, ишга олиб қолишар.

 – Ҳа… яхши бўларди, – яна қизга тикилди Комил.

 – Тинчликми? Бир кўришда юракдан урдими, дейман, – кулди Зокир. – Лекин… у фақат ўтирганда кўзингга чиройли кўринади-да…

 – Бу нима деганинг?

 – Оқсоқ. Бир оёғини судраб босади. Шундай ҳуснини бузиб туради-да. Бўлмаса аллақачон ўзим илинтирган бўлардим, – атай дўстининг жиғига тегди Зокир.

 – Шундайми? – Комилнинг ичи зил кетди. Йўқ, уни ёқтириб қолгани учун эмас, бечора қизга юраги ачишди.

Зокир бу қиз Комилни энди қизиқтирмаслиги аниқ, деб хаёлидан ўтказди. Аммо тушлик маҳали Комилнинг қиз тарафга бораётганини кўриб ҳайрон қолди.

 – Салом, – Комил тутилиб гап бошлади, – янги келган экансиз… Мен амалиётчилар билан ишлаш бўлимиданман.

Ҳа, Комил чинданам шу бўлимдан эди, бироқ талабаю амалиётчилар учун сира вақт ажратмас, бу ишларни Зокирга юкларди.

 – Ассалому алайкум, – қиз ниҳоят ишхона ходими билан танишганидан хурсанд бўлиб, жилмайди.

 – Исмингиз, қаерни битириб келдингиз? Ўзингиз ҳақда маълумот берсангиз, менга ҳам осон бўларди, – Комил шу баҳона қизни яқиндан билишга уринди.

 – Гунафша Назарова бўламан. Шу йил иқтисодиёт олийгоҳини тамомладим. Ўқиб юрган кезларим шу ерда иш ўрганганман. Синов муддати билан ишга олишди. Бугун биринчи иш куним эди.

 – Ҳа, ундай бўлса яхши. Мендан нима ёрдам керак бўлса, марҳамат. Келинг, энг аввал тушлик баҳона сизни ошхонамиз билан таништирсам…

Тушликдан сўнг Комил қизга корхонани кўрсатди. Иш жараёнини эринмай тушунтирди, ҳодимлар билан таништирди. Ҳа, қиз чиндан ҳам оқсар экан. Йигит буни кўрмаганга олди, қизга ноқулай бўлишини истамади.

Эртаси ҳам, индини ҳам Комилнинг Гунафшадан айрилгиси келмади. У бир нималарни тушунтириш баҳонасида қизнинг иш столи ёнида тез-тез пайдо бўларди. Комилнинг ёрдами сабаб қиз ишни тез ўрганди: уни корхонага қабул қилишди.

Комил қизни севиб қолганини тушунди. Лекин… шу «лекин» уни чўчитарди. Қани энди, Гунафша бошқа қизлардек расо юра олса… Иккиси узукка кўз қўйгандек жуфт бўлишарди. Аслида Комил уни шу ҳолича ҳам ардоқлаб, бир умр бирга яшашга рози. Чунки Гунафша уни севади. Комил буни унинг кўзларидан илғаган. Бироқ… ота-онаси, қариндошу оғайнилари нима деркин? Табиийки, “сенга соғ қиз қуриб қолганми?” деб оғзига уришлари аниқ. Мана биттаси Зокир.

 – Жиннимисан? – деди Комил гапини тугалламасдан аввал у. – Танишдинг, юрдинг, бўлди-да энди. Шунчаки вақт ўтказиш учун десам, тоза юракдан урибди-ю. Қўйсанг-чи, оғайни, тўйингда судралишиб юришинг қолганди ўзи… – ҳиринглади Зокир.

Ҳамкасбининг охирги гаплари жаҳлини чиқарса-да, Комил ўзини босди. Кўчада бўлганида бир мушт тушириб аламини оларди. Суҳбатдан сўнг Гунафшага нисбатан янада яқинроқ сезди ўзини.

 – Гунафша, – бир куни ишдан сўнг сайр қиларканлар, Комил жиддий тарзда гап бошлади, – мана, танишганимизга ҳам бир йил бўп қолди. Сизга бир гапни айтишим лозим…

Қиз “гап” мазмунини сезиб, йўлкаларга ўйчан тикилди.

 – Шу пайтгача ҳаётим бўшлиқдан иборат эди. Нимадир етишмасди… Сизга аввал ҳам айтгандим: бирор қизга кўнгил қўйган эмасман. Ошналарим кўксингда юрак эмас, ҳисоб-китоб машинаси жойлашган, деб кулишади. Ҳа, хаёлим фақат ишда бўларди. Аммо… сизни учратдиму, барчаси ўзгариб кетди. Қалб қалбга туташса, уни ажратиб бўлмас экан. Менинг кўнглим фақат сизни дейди. Жавобингизни интизор бўлиб кутмоқда…

Гунафша бундай дил изҳорини кутмаганди. У ҳаяжон билан кўнглини эзаётган фикрларни тўкиб солди:

 – Комил ака… шунча пайт сиздан узоқлашишга уринмай, эплай олмадим. Аслида… бошида кўнглимга қаттиқ туришим керак эди. Сабабини биласиз… Мен сиздек ақлли, кўркам, ҳар томонлама тўкис йигитга ўзимни мос билмайман. Ҳар гал бугун Комил ака билан гаплашмайман, деб ишга келардиму, сизни кўргач… Қачонлардир бенуқсон қиз эдим. Лекин бугун… шу ҳолдаям мени севсангиз, севгингиз учун раҳмат. Қалбимда умид, ишонч, меҳр, вафо туйғуларини уйғотдингиз. Муҳаббатимизга қарши чиқишларини биламан. Мени ташлаб кетсангиз, ўзга қиз билан бахтли бўлсангиз, мен сиздан ўпкаламайман. Чунки, биламан, уйингиздагилар буни ёқламайди. Агар мен…

 – Тўхтанг! – Комил қизни қўлларидан тутиб, ўзига қаратди. Гунафша кўз ёш тўкарди. – Асло бундай сўзларни айтиб ўзингизни ерга урманг. Ҳаммада камчилик бор, ҳамма ўз нуқсонини билади. Баъзиларда бу яққол кўринса, баъзиларда яширин. Менда ҳам хатолар йўқ эмас… – Комил бошини хам қилди. – Мени рад этманг, совчи юборай. Онам билан бугун гаплашаман. Тўғри, аввалига қийин бўлади. Биласиз, отамдан эрта айрилганмиз, онам менга суяниб қолган. Лекин кўндираман, менга ишонинг. Суйганини аро йўлда ташлаб кетадиган номардлардан эмасман. Сиздан бошқани демайман.

Шу куни ҳам қувонч, ҳам ҳадик дилларини титратганча хайрлашишди. Гунафша уйига боргач, яқин сирдоши – онасига Комил ҳақда айтиб берди. Ҳалокатдан сўнг қизини сира чин дилдан кулганини кўрмаган она йигитни батафсил суриштирди. Қизининг унда кўнгли борлигини сезди. Онага осонми? Олти йил аввалги ўша фалокат қизининг қувончини ҳам олиб кетди. Югуриб-елиб мактабга бориб келадиган, шаддод ва қувноқ қиз бирдан чўкиб қолди. Ярим йилча касалхонада ётди. Бироқ у ердан оқсоқланиб чиқиб келди… Гунафшадан кўра кўпроқ она куюнди. Мана, энди совчи кутади. Унга қизи бахтли бўлса бўлди. Она жилмайиб, тиззасига бош қўйган қизининг сочларини силади.

 – Комил ака жудаям яхши инсон. Ҳаётимга бир нажоткор фариштадек кириб келди… Қачонлардир бир шайтон йўлдан урган банда туфайли оқсоқликка хукм қилингандим. Энди эса… Худойим қувончимни қайтарди. Комил акам орқали…

Айни пайтда Комилнинг уйида осилган қовоқлару, аччиқ сўзларга дуч келиш мумкин эди. Йигит кутганидек, онаси қиз ҳақда аввалига жилмайиб тинглади, аммо “лекини” айтилгач, тумтайди. Камига йиғлади, сўнг урушди, кейин ялинди… Аммо Комил оёқ тираб туриб олди.

 – Мен рози бўлсам ҳам амакию холаларинг кўнмайди, – охирги қуролини ишга солди она.

 – Уларни ҳам ўзим кўндираман, – ён бермади йигит.

Баҳс яна давом этди. Узоқ мунозарадан сўнг йигит онасини бир мартагина ўша қиз билан кўришишга кўндирди.

 – Билиб қўй, бир марта! Агар ёқмаса, бошқа уни демайсан. Сенга тузук қиз қуриганми? Келиним ошхонага бориб чой дамлаб келгунича икки соат кутишим қолганди ўзи! Қўл-оёғи чаққон келиним бўлади, деб орзу қилгандим-а…

 – Гунафша эпли қиз, ойи. Қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Ҳали кўрасиз, сиз айтган қизлардан ҳам афзаллигига ишонч ҳосил қиласиз.

Учрашув ҳақда Гунафшага айтилмади. Комил онаси Замира опани ишхонасига олиб борди ва ўзини ичкарига киргизиб юборди. Аёл билмаган киши бўлиб, қизнинг иш столига яқинлашди ва бир нималарни сўради. Очиқкўнгил, самимий ва хушфеъл бу қизни бир кўришда ёқтириб қолганини сезган она ўзидан ҳайратланди. Кейин эса қиз ҳақда ишхонадаги аёллардан суриштирди. Ҳамма мақтади. Биров камчилигини эслаб ҳам ўтирмади. Қизнинг юришига разм солди. “Чўлоқ эмас экан-ку, ҳайтовур. Бир оз оқсаркан.” Аёл қизга ҳам ачинар, ҳам чўчирди. “Майли, қиз-ку яхши экан. Оиласини бир кўриб, суриштириб келаман, балки ўғлимнинг тақдири шудир”.

Бир неча кундан сўнг Замира опа қизнинг уйига равона бўлди. Бундан Комилнинг ичи шодликка тўлган, қувончини Гунафшага етказганди. Ўша учрашувдан сўнг онаси хийла ўғлига ён берган, «оиласиям дидимдагидек бўлса, ўйлаб кўрамиз», деб ишончини орттирганди. Ишқилиб, севганининг онаси ҳам маъқул бўлсин-да…

Аёлни Гунафшанинг онаси кутиб олди. Элчилик ҳақида маълум қилинган шекилли, тузоғлиқ дастурхонга таклиф этилди. Гунафшанинг онаси Сабоҳат Замирахонга таниш кўринди, лекин эслай олмади. Ўз навбатида Сабоҳат ҳам аёлни кимгадир ўхшатди. Лекин “у эмасдиров”, деб ўйлади, қаттиқроқ тикилишга эса тортинди. Чойлар узатилгач, Замирахон ўғли ҳақида сўз бошлади. Бирга ишлашлари, танишиб қолишгани, шу сабаб элчиликка келганини билдирди. Сўнгра бирдан… кўзи китоб жавонидаги портретга тушди. У ерда… Сабоҳатнинг бундан беш-олти йил аввалги, ёнида қизи, ўғли, хўжайини билан тушган сурати бор эди. Таниди! Шу заҳоти Сабоҳатни таниди. Йиллар уни анча ўзгартирган экан, мана у! Ўша аёл.

 – Сиз… ҳалиги, – тутилди Замирахон, – касалхонада… ўғлим билан… Қизингиз ҳалокатга учраганди…

Сабоҳат тахмини тўғри чиққанини билди. Ҳа, қаршисида ўша, бир вақтлар қизи Гунафшанинг бахтсиз ҳалокатига сабаб бўлган йигитнинг онаси ўтирарди!

Ўшанда Гунафша мактабни битириб, ўқишга тайёрланиб юрган кезлари эди. Бир куни ўқув марказидан қайтаётиб, автоҳалокатга учради. Дарси куннинг иккинчи ярмида бўлгани учун кеч тушиб қолганди. Машинани бошқарган йигит маст ҳолатда рулга ўтирган, тор кўчада қизни уриб юборганди. Оёқлари машина тагида қолган қиз ҳушини йўқотган. Ёш йигит нима қиларини билмай, онасига қўнғироқ қилган. «Тез ёрдам» чақириш ҳақида эса ўйламаган, чунки айби учун жавоб беришдан қўрққан. Йигит онасининг кўрсатмасига биноан қизни машинага солди-да, касалхонага элтди. Шифокорлар қизни жонлантириш бўлимига олиб кириб кетдилар. Замирахон қизнинг сумкасидан телефон рақамлари дафтарчасини топиб, онасига қўнғироқ қилди.

Сабоҳат етиб келганида қизнинг аҳволи бироз ўнгланганди. Замирахон ўшанда умрида қилмаган ишни қилди. Сабоҳатнинг оёқларига йиқилиб, ўғлининг устидан ариза ёзмасликни илтимос қилди. Ёлғиз фарзанди қамалиб қолса, кўтара олмаслигини, турмуш ўртоғи вафот этганини айтиб йиғлади. Сабоҳатнинг дийдаси қаттиқ эмасди. Фарзанд доғини тушунарди. Қизи омон қолгани, уни ўз вақтида шифохонага етказганлари учун ўша йигитни кечирди. Шикоят қилмасликка сўз бериб, мелиса ходимлари келмасдан аввал Замираларни кетказиб юборди.

 – Яхшилигингиз ерда қолмайди, – деганди ўшанда Замира. – Бир куни учрашиб қолсак, албатта қайтараман…

Гунафша кўзларини очди. Ўнг оёғи мажақланганди. Текис юриб кетолмади. Товон қисми ўпирилиб кетган экан…

Замирахон ўғлини минг койиди. Ўқишга ҳуши йўқ, ошналари билан машина ҳайдаб тараллабедод юрадиган, бунинг устига ичиб олиб кўчада муштлашадиган ўғилнинг исми Комил эди…

Комилнинг ўша воқеадан сўнг кўзи очилди. Бир бегуноҳ одамнинг ўлимига сабабчи бўлиб қолиши мумкин эди. Хато қилди… Шундан сўнг у батамом ўзгарди. Эски дўстлари билан алоқани узиб, ўқишга берилди. Талаба бўлди, тўрт йил мобайнида онаси у ҳақда бирор ножоиз гап эшитмади. Ишга киргач янада маъсулиятли одамга айланди. Уйда отаси йўқлигини билдирмайдиган бўлди.

Гунафша эса дастлабки икки йил ҳаётдан умидини узиб, ўзини шу кўйга солган кимсага лаънат айтиб яшади. Сўнг тақдирига кўникди. Ўқишга кириш бахти насиб этгач, ҳаётига маъно кира бошлади. Янги дугоналар орттирди. Мана, ишга жойлашгач… муҳаббатини учратди.

                                                           ***

Сабоҳат опа ўтган кунларни эслаб кўзига ёш олди. Замирахон бошини хам қилди.

 – Бир куни учрашамиз, дегандим-а, Сабоҳатхон. Мана, тақдир ўйинини кўринг. Комил ўғлим ҳозир батамом бошқа йигит. Ўша ишлардан сўнг ўзгарган. Ичкилик деганига яқинлашмай қўйган…

 – Биламан… қизим у ҳақда гапирган. Мақтайди нуқул… Аммо бу гаплардан Гунафша хабар топса…

 – Йўқ, йўқ. Яхшиси, улар билмай қўя қолишсин. Гунафшани ўғлимга узатинг, қизим деб олиб кетай. Олдингиздаги қарзимни узай: Гунафшахонни энг бахтли келинчаклар қаторига киритай. Ўғлим билан саодатли бўлишсин. Комилга ҳам айтмайман. Келинг, Сабоҳатхон, сир сирлигича қолсин.

Сабоҳатга ҳам шу маъқул эди. Қизи ҳозир бахтиёр. Агар Комил қачонлардир ўзини азоблар чоҳига ташлаган инсон эканини билиб қолса… яна бахтсиз ҳаётига қайтади.

Аёллар хайрлашишди. Комилнинг амакилари қизнинг отаси билан ҳам ўзаро танишишгач, бир-бирларига маъқул бўлишди. Бир-икки борди-келдидан сўнг нон синдирилди. Ўша куни Комил ва Гунафшадан бахтли инсон йўқ эди дунёда…

 – Мана, сизга айтгандим-ку, Гунафша. Сиз бўлса, онамдан чўчиб юргандингиз. Онам меҳрибон аёл. Сизни бир кўрибоқ ёқтириб қолдилар. Ҳеч қандай қаршилик бўлмади…

 – Ҳа, Комил ака, бахтимга бунчалик осон ва тез эришаман, деб сира кутмагандим. Ҳудди тушга ўхшайди-я…

 – Сизни севаман, Гунафша. Дунёдаги энг бахтли аёлга айлантираман, кўрасиз!

Гунафша қизарди. Юзларини қўллари орасига яшириб, қувонч кўз ёшларини беркитди.

…Бир ҳафтадан сўнг тўй. Комил ва Гунафша келин кўйлак танлаш баҳонасида яна учрашишди. Ундан аввал эса хиёбонда айланишди.

 – Икки инсоннинг йўллари бирлашар экан, ўртада бирор сир қолмаслиги керак, – гап бошлади йигит. – Агар менга айтадиган бирор гапингиз бўлса, айтиб олинг. Мен ҳам… ўз ўрнида сўзлаб бераман.

 – Сир… – қиз ўйланиб қолди.

 – Сир бўлмаса, мен билмаган ўйларингиз, кечинмаларингиз билан ўртоқлашинг.

 – Кечинма… Унда майли. Сизга ҳалокатга учраганим ҳақида деярли гапирмаганман. Чунки эслашни истамасдим. Бугун кўнглимни бўшатаман. Биласизми, ширакайф ҳолатда мени уриб юборган одам ҳақда кўп ўйлардим. Ҳа, у маст эди. Юзини кўрмаган бўлсам-да, ҳаракатларини илғаганман. Ўзини бошқара олмай, машинани тўғри мен томон ҳайдаган. Дастлабки йиллар уни қарғаб ўтдим. Мен бу аҳволда, у эса яйраб-яшнаб ҳеч нима бўлмагандек юргандир, деб. Онам ўша тунда уларни кечириб қўйиб юбормаслиги керак эдилар. Чунки ўша одамга айтар гапларим кўп эди. Ичимда қолиб кетди. Йигитнинг онаси ялиниб, ўғлини асраб қолган…

Гап шу ерига келганда Комил сергак тортди. Чунки… бу унга олис ўтмишидаги ўша хатосини ёдга солганди. Ишқилиб… тасодиф бўлсин, дея саволга тутди:

 – Ўша куни қайси сана эди?

 – 12 июнь 2007 йил. Бу кун ёдимдан чиқмайди.

Ўша! Комил туйқус бошига гурзи билан урилгандек ўрнидан туриб кетди. Кўз олдидан аввал ўша хотиралар, сўнг қиз билан танишган пайтлари тез-тез ўта бошлади.

 – Нима бўлди, Комил ака?

 – Ҳеч… давом этаверинг, шунчаки… дардингиз менга жуда яқиндек.

 – Ҳа, шундай бўлганди. Кейинчалик уни эсламай қўйдим. Барини тақдирга йўйдим. Бироқ… сизни учратгач, сизга кўнгил қўйгач, ўша одамдан миннатдор бўла бошладим. Балки ўша ҳалокат содир бўлмаганида биз учрашмасмидик… Чунки мен ўша йилиёқ бошқа олийгоҳга кириб кетар, сизларнинг корхонангизга ҳам бормасмидим. Бир ёмон воқеа ортида нимадир яхшилик бўлар экан. Мана, мен сизни топдим.

 – Топдингиз… Бахтлимисиз?

 – Албатта.

 – Агар… – Комил кўз ёшларини билдирмаслик учун юзини анҳорга буриб сўзларди, – агар ўша одамни кўриб қолсангиз, нима дердингиз?

Гунафша кулди.

 – Сизга раҳмат! Комил акам билан бугун бахтлиман. Одамнинг бахтига биров тўғаноқ бўлолмас экан, бахтни инсон ўз қўллари билан яратаркан, дердим. Шунча йил сизни айблаганим учун кечиринг, аслида сиз ҳам бу фалокатни истамасдингиз-ку, деб тасалли берардим. Балки у ҳам қийналиб юрган бўлармиди?

 – Ҳа, қийналган. Ахир… қийналмай бўладими?

 – Тўғри. Хўш, энди навбат сизга. Сирингиз борми?

 – Сирим… бор. Сирим шундаки, – Комил ҳаётларини ёлғон билан бошламаслик учун дадил қадам ташлади, – чиндан ҳам қийналдим. Ўша хатойим учун ўзимни айбламаган куним бўлмади: “ўша қиз омонмикин?” деб кўп ўйлардим. Қоронғуда юзига ҳам эътибор бермадим, эслаб қолсам бўлмасмиди, бир кун кўриб қолганимда кечирим сўрардим, дегич хаёллар ҳам кезарди миямда. Сизга азоб берганим учун мени кечиринг. Аслида бу нуқсон меники. Менинг айбим… Ўша тараллабедод, кўча йигити бўлган Комилни кечиринг. Сиз… мени тарбияладингиз. Ўша хатойим сабаб кўзларим очилди. Тақдир сизни менга яна бир бор рўпара қилди…

Гунафша лол бўлганча, Комилдан кўзларини узолмай қолди. Тақдирнинг бундай ўйинини ҳар иккиси ҳам кутмаган, шу сабаб анчагача сукут ичра қолишди. На йигит, на қиз бир сўз дейишга журъат этишолмасди… Ичидаги икки куч билан олишган қиз ахийри ўрнидан турди:

 – Комил ака… келин кўйлак танлашга борамизми?

Йигит билан қиз йўлка бўйлаб бирга кетдилар. Шундан сўнг улар бу мавзуда бошқа сўз очишмади…

Комил аҳдида турди. Тўйдан сўнг Гунафша дунёдаги энг бахтли аёл санади ўзини…

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг