Спагетти йили

0
260

Харуки Мураками

(ҳикоя)

Оддий одам спагетти ҳақида жуда кам нарса билади: уни икки-уч дақиқа давомида пишириб, қуруқ жойда сақлаш керак. Япон ёзувчиси Харуки Муракамининг бу ҳақида ўз тажрибаси бор. Христиан тақвими бўйича 1971 йил у учун спагетти йили бўлганди.

Шундай, яхшиси мен буни ўз номимдан гапириб бера қолай?! Алоҳа, 1971 йил тановул қилишим учун спагетти пиширдим, тўғрироғи бутун йил давомида спагетти пишириб кун ўтказдим. Қозон устидан тараладиган буғ ҳовури мени руҳлантирар, бундан қувонардим, помидор соусининг жизғанак бўлиб гуриллаганидан завқланардим, келажакка бўлган бутун умидим шунга боғлиқлигини ҳис қилардим.

Аввало ошхона таймери  ва овчарка солса ҳам сиғадиган катта алюмин кастрюл сотиб олдим, сўнг чет элликлар учун мўлжалланган барча супермаркетларни айланиб чиқдим ва у ердан жуда ғалати зираворлар сотиб олдим. Китоб дўконидан эса италян макаронлари ҳақидаги овқат китобини қўлга киритдим. Яна ўнлаб помидорлар, ҳар хил турдаги спагеттилар ва одамзодга  маълум бўлган ҳар қандай соусларни олавердим, ҳаммасини бирма-бир пишириб кўрдим. Ғира-шира қуйилган зайтун мойига аралаштириб пиширилган саримсоқ ва пиёз ҳамма нарсада ўзига хос ҳиди билан ўрнашиб қолди: пол, шифт, деворлар, кийим-кечакларим, китоблар, теннис ракеткаси, дисклар, эски ёзув дафтарларим бу ғалати ҳидни ўзида сингдириб олди. Эҳтимол қадимги Рим сув йўли қувурлари ўзида мана шундай ҳидларни тутиб қолган бўлса керак.

Бахтга қарши мен ёлғиз эдим, спагеттининг ўзим учун пиширардим ва еярдим. Ишончим комилки, спагетти инсон ёлғиз тановул қиладиган таомлардан биридир. Мен доим спагеттини чой, оддий салатлар, айтайлик бодринг салати билан истеъмол қилганман. Мен бу егуликларни керак вақтда тайёрлаш ва пишириш учун захираси билан ўзим учун олиб қўярдим. Таом тайёр бўлганда, мен уларни эҳтиёткорлик билан стол устида жойлаштирардим, секин овқатланардим ва бир вақтнинг ўзида газета варақлардим. Одатда мен кунларимни якшанбадан шанбагача спагетти ейиш билан ўтказардим. Келадиган якшанбадан эса янги спагетти ҳафталиги очиларди.

Ҳар сафар бир товоқ спагетти олдида ўтирганимда, айниқса, ёмғирли кунларда, аллаким эшигимни таққиллатгандай бўларди. Эшикни хаёлан бориб очардим ва қаршимда меҳмонни кўрардим – аммо ҳар сафар бошқа-бошқа меҳмон. Уларни баъзиларини умримда кўрмаганман, бошқалари эса танишларим бўларди. Дарвоқе, бир марта меникига мактаб вақтимда учратган ингичка тўпиқли қиз келгандай бўлди. У қандайдир тарзда америкалик актёр Уилям Холден ва актриса Женифер Жонслар билан бирга келгандек эди. Тўғрисини айтиш керакки, бу одамлар ҳеч қачон меникига келишга рағбат кўрсатмаган бўлардилар. Лекин нега хотираларим қатларидаги бу одамлар таққиллатмасдан эшигим тагигача келишмоқда, кейин эса ҳеч нима бўлмагандек жимгина ғойиб бўлишмоқда.

Бутун баҳор, бутун ёз, ҳатто бутун куз бўйи мен спагетти қайнатиб, ўзимдан аллақандай лаънатни соқит қилишга интилардим. Ёлғиз ташлаб кетилган қиз эски севги мактубларини ҳовучлаб улоқтирганидек, спагеттиларни ҳовучлаб кастрюлга солардим. Мен оёқ ости қилинган вақт сояларини худди бир тўпламда йиғаётгандек, улардан немис овчаркасини кўринишини яратишга интилардим, унинг ғазабланган кўпикли сўлагига туз сепардим. Кейин таймер нохуш қўнғироғини чалганда, мен макаронларни олиш учун хитой таёқчалари билан қуролланган ҳолда қозон устига борардим. Спагеттидан кўзимни узолмасдим. Гўё агар мен орқага бурилсам, улар кастрюл четидан бемалол сакраб ўтиб, тун қўйнига кириб ғойиб бўлиши мумкиндек туюларди. Шунинг учун мен кўз узмасдан уларни товоққа сузиб олгунимча, спагетти турлари ҳақида хиргойи қилардим:

Спагетти алла пармигиана.

Спагетти алла наполетана.

Спагетти аль карточчио.

Спагетти алио ва олио.

Спагетти алла карбонара.

Спагетти делла пина.

Мен ўзим тайёрлаган бу номсиз ачинарли спагеттимни бироз тановул қилгач, ярим истеъмол қилинган қолган қисмини музлаткичга тиқардим. 1971 йилда, менинг қайноқ туғилган қанчадан-қанча спагеттиларим неча-неча бор шундай тақдирларга зойил қилинди.

Айтишим керакки мен 1971 йилдаги ўша барча спагеттилар учун қайғурсам арзийди. Буни сабаблари бор.

Ўшанда 15:20 да мен тўшакда шифтга тикилиб ётганимда, телефоним жиринглаганди. Мен ётган жойдан қишки қуёш нури кўлмакда акс этиб кўриниб турарди. Декабрь ойининг шу ғира-шира ёруғлигида мен нобуд бўлган пашша каби ўрнимда бефарқ чўзилиб ётардим. Телефонни баъзур кўтарарканман, аввалига қўнғироқ қилган одамнинг овозини танимадим. Бу кўпроқ ҳаво қатларида қолган хотирага ўхшарди. Аммо товуш тобора қулоғим остидан аниқроқ жарангларкан, мен телефондан гаплашаётганимни ниҳоят тушундим. Ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Юз фоиз ҳаво тўлқинларидан келаётган ва телефондан жаранглаётган аёл овози эди бу!  Тўшакдан кўтарилмаган куйи, мен уни эшитишга интилдим. Бу ўша ўн олти ёшида мен мактабда кўрган кейин ҳаётимдан ва хаёлимдан ғойиб бўлган қиз эди. У менинг бир дўстимнинг собиқ севгилиси эди илгари. Дўстим ва ўша тўпиғи ингичка ғалати қизни нималардир бирлаштирганди бир вақтлар, кейин ўша нималардир уларни ажратиб юборди. Тан олишим керакки, уларни бирлаштирувчи ришталарда мен ўзим истамаган ҳолда, муайян роль ўйнагандим.

— Сизни безовта қилганим учун жуда афсусдаман, — деди у, — лекин менга шуни айтишингиз керак. Сиз уни ҳозир қаердалигини биласизми?

Мен телефонга юзландим, унинг симини бутун узунлиги бўйлаб пастга силжитдим. Албатта симлар аппаратга уланган турарди.

— Йўқ, — қўрқинчли жавоб овозимдан ситилиб чиқди.

Қизнинг овозида таҳдид бор эди. Мен эса улар ўртасидаги бу хунук воқеаларга аралашишни ортиқ истамасдим, табиийки, бу воқеаларга мени қўшишларига бошқа жим қараб туролмасдим.

— Ҳеч ким менга унинг қаердалигини айтмайди, — деди у совуқ оҳангда. – Ҳамма ҳеч нарсани билмагандек тутади. Лекин унга айтадиган муҳим гапим бор. Илтимос, уни қаердалигини айтинг. Ваъда бераман, унга буни сиз айтганингизни айтмайман. У қаерда?

— Ростини айтсам, мен унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, — дедим унга. – Мен уни анчадан бери кўрмадим.

Овозим бировникига ўхшаб чиқди. Уни анчадан бери кўрмаганим ҳақида рост гапиргандим, аммо унинг телефон рақами ва манзили бор эди. Ёлғон гапирганимда овозимда ҳар доим нимадир рўй беради. Бу жуда ғалати ва ёқимсиз нарса.

Қиз жим қолди.

Телефон сукутга ғарқ бўлди.

— Мен уни ҳақиқатан ҳам қаердалигини билмайман, — дея қайта такрорладим. – У мен билан алоқани анча вақт олдин узган, яқин-ўртада у билан бир оғиз ҳам гаплашганим йўқ.

Қиз кулиб:

— Қўйсангиз-чи, — деди. – Қани у шундай бўлганида?! Агар шундай бўлганида, у бу ҳақда аввал ҳаммага жар солиб айтиб чиққан бўлар эди. Гап мустақил тарзда бир қадам ҳам одим отолмайдиган йигит ҳақида кетмоқда ахир.

У ҳақ эди. Менинг дўстим, қиз айтаётган тоифалар сирасига кирарди. Аммо мен уни қаердалигини айтмоқчи эмас эдим. Акс ҳолда, у мени дарҳол топарди. Кейин ҳаммасини бир бошдан у билан муҳокама қилишимга тўғри келарди. Мен эса бошқаларни гапини эшитишдан чарчаганман. Мен хотирам томарқасида катта гўр қазиб, танишларимнинг кўмилиши керак бўлган ҳамма гапларини аллақачон ўша ерда кўмиб қўйгандим. Энди эса бу лаҳатни очишга ва уни яна бемаъни гаплар билан тўлдиришга ҳеч кимга рухсат бермайман.

— Кечирасиз, лекин бу ҳақиқат, — дедим унга.

— Сиз мени ёқтирмайсиз, шундайми? – сўради у бирдан.

Нима дейишни билмасдим. Мен уни нимага ёмон кўришим керак, чунки у билан боғлиқ бирон салбий хотирага эга эмасдим. Қолаверса, агар бирон киши сизнинг хотирангизга етарлича муҳрланмаган бўлса, сизда ёмон таъассурот қолдиргани ҳақида бирон нарса дея олмайсиз.

— Кечирасиз, — такрорладим мен. – Лекин мен ҳозир спагетти пишираяпман.

— Кечирайми? – деди у.

— Мен спагетти пишираётганимни назарда тутдим, — унга ёлғон гапирдим яна.

Аслида спагетти пиширмаётгандим. Мен шунчаки ўйинни давом эттирдим: хаёлий қозонга хаёлий сув қуйдим, гугуртни хаёлан ёндирдим.

— Хўш? – сўради у.

Мен бир ҳовуч хаёлий тузни қайноқ сувга солдим, хаёлий спагетти таёқчаларини тутганча эҳтиёткорлик уни сув билан аралаштирдим, саккиз дақиқа қайнатиш учун хаёлий пишириш таймерини ўрнатдим. Бу дақиқаларда қизга ўзимни гапира олмайдигандек тутдим. Акс ҳолда у ҳаммасини сезиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Қиз ҳам ишимга халақит бермаслик учун бир муддат жим бўлиб қолганди.

— Мен ўзимни ноқулай ҳис қилаяпман, лекин биласиз, спагетти нозик масала, — дедим унга.

Қиз гапирмади. Қўлимдаги телефон сукунат қўйнига чўкди.

— Менга кейинроқ қайта қўнғироқ қила оласизми? – шошиб қўшиб қўйдим мен.

— Чунки сиз ҳозир спагеттини қандай пишишини томоша қилишингиз керакми? – сўради у.

— Шундай, ҳа.

— Сиз уларни кимгадир пиширасизми, ёки бу фақат ўзингиз учунми?

— Мен уларни ёлғиз ўзим ейман, — дедим.

У узоқ вақт нафасини ушлаб турди, сўнг секин нафас чиқарди:

— Албатта, бу менинг муаммоим, — деди у, — улар сизга тегишли эмас, лекин мен жуда қийин аҳволдаман. Нима қилишни ҳам билмайман.

— Узр, мен сизга ёрдам бера олмайман, — дедим мен.

— Бу пул ҳақида, — деди у.

— Тушунаман.

— У мендан қарздор, — ўкинди қиз. – Мен унга қарз бергандим. Мен унга ёрдам бердим, у эса энди ғойиб бўлди.

Ўртамизда бир зум сукунат чўкди. Мени хаёлимни яна спагетти тортди.

— Кечирасиз, — дедим мен, — ахир мен спагетти пишираяпман, биласизми…

У бахтсиз кулиб юборди.

— Хайр, — деди сўнг. – Ёқимли иштаҳа! Умид қиламанки, спагеттингиз жуда ажойиб чиқади.

— Хайр, — деди мен ҳам.

Телефонни гўшакка қўйганимда полдаги ёруғлик доираси бир неча сантиметрга силжигани нигоҳимни тортди. Мен ўша ёруғлик ҳовузига ётиб, яна шифтга тикилдим.

Қайнаётган сувга абадий чўмилган, лекин ҳеч қачон пиширилмаган спагетти ҳақида ўйлаш чиндан ҳам ачинарли, ҳаддан ташқари ачинарли. Мен қизга ёрдам бермаганимдан жуда афсусда эдим. Ахир унинг собиқ севгилиси ҳар ҳолда ёқимли иш қилмаганди. Қизнинг ўксук овозига қараганда, у ҳақиқатан ҳам муаммога дуч келганди.

Мен энди баъзида ўшандан кейин бу қизга нима бўлди экан, деб ўйлайман. Одатда олдимда иссиқ буғда пиширилган спагетти турганида, мен уни эслайман. Эҳтимол у ўшанда мен билан қўнғироқлашганидан сўнг, аллақаёқларга ғойиб бўлгандир?! Агар шундай бўлган бўлса, бунда қисман менинг ҳам айбим бор.

Аммо муҳтарам китобхон, сиз менинг ҳам позициямни тўғри тушунишингиз керак. Ўша вақтлар мен ҳеч ким билан яқин мулоқотда бўлишни истамасдим. Шунинг учун мен бутун йил бўйи спагеттиларни жаҳаннамга тайёргарлик кўргандек тайёрлаш билан банд бўлдим. Немис овчаркаси сиғадиган ўша улкан кострюлда фақат ўзим учун спагеттилар пиширдим.

2006.

 

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting