ҳикоя
Комада ётган аёл бошида китоб ўқиб ўтирган қизалоқ эътиборимни тортди. Алвон ранг сочлар, мовий кўзлар, башанг кийим ва жозибадор кўриниш. Бир қарашда қизга мафтун бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Аммо бу ерда вазият бироз бошқачароқ бўлгани туфайли, бошқа нарсага чалғишга уриндим. Бу китоб, қизнинг қўлидаги китоб, Толкиннинг Хоббити эди адашмасам. Ха худди ўзи. У махзун кўриниш олиб мутолаа қилар экан, тобора сўнгги бор дийдорлашаётганга ўхшарди. Гўё видолашгиси келмай, ўзини қаердандир қидирар, ҳеч қаердан топмас, ҳатто Онасининг ёнидан аранг қўним топгандек эди.
Мана олти йилдирки докторлар аёлни сунъий тарзда ҳаётини бир меъёрида ушлаб туришар ва қўққисдан бойлик орттирган қизалоқнинг ҳомийлигига қарамай Женкинс хонимни қўйиб юбориш вақти келганини уқтиришга уринишар эди. Қизалоқ, Онам бир куни албатта кўзини очади, деб умид қиларди. Айтишадику, умид барчасидан кейин таслим бўлади, деб. Аксинча бўлса Мўжиза керак. Аммо мўжиза аллақачон бизларни тарк этган. Қолаверса қанчалик тан олишни истамаса ҳам, Сю, онасини қўйиб юбориши кераклигини яхши англарди.
Олти йил аввал содир бўлган аварияда бир оиланинг ҳаёти остин-устин бўлиб кетган. Тирик қолганлардан фақат бир киши қолди. У ҳам бўлса Сюзан Форд Женкинс. Аслида Сю ҳам ўша аварияда ҳалок бўлган эди. Чунки омон қолганига қарамай, бу ёғига у фақат бир нарсани деб яшади. Қасос. Уни деб яшаганлар эса, тирик ҳисобланмайди. Ўлмайди ҳам.
Гап Сю — ўша мудхиш кечада маст ҳолда машина ҳайдаган шаҳар мери эканини аниқлаб, ундан бутун омма олдида интиқом олиш учун техналогияларни беш қўлидек ўрганиб далиллар тўплагани ҳақида эмас. Алал-оқибат қонун билан жазолаш мумкин бўлган пайтда Мерни ўзини ўлдиришгача олиб борганида ҳам эмас. Аслида ҳамма гап жаноб Линикер яъни Сюнинг отасида. Бундан ўн икки йил аввал бошқа масала билан комага тушиб уйғона олган одам ҳақида.
У вафот этганда Сю ўн икки ёшда эди. Бир гал ўлимдан қолган отаси ҳар кеча қизини ухлаши олдидан Толкиннинг Хоббитлари ҳақида ўқиб берарди. Гарчи ушбу ёшда қизларга уйқу олди китоб ўқиб бериш эриш туюлсада, бундай истисно ўз сабаблари билан. Женкинс хоним ҳам комада ётган эри учун ҳар кеча ушбу ёзувчининг китобларини ўқиб бериб, ундан ҳамма умид узганда таслим бўлмай, китоблардан таскин топган. Эрини қалб мехри билан уйғота олган. Балки шу сабаб китоб мутолааси оилавий урфга айлангандир. Мўжизага айланган оилавий урфга.
Биз оталар қачондир ўз фарзандларимизни тарк этамиз. Биз кетгандан сўнг эса болаларимизга ўзимизнинг бир парчамизни ташлаб кетамиз. Билакс уларнинг бир бўлагини ўзимиз билан олиб кетмасликни ҳам эплашимиз шарт. Биз уларга қолдираётган нарсалар нималардан иборат?
Кейинги палатада ўтирган йигитнинг исми Семуел Томпсон. Бир неча дақиқа аввал унинг отаси Том вафот этди. Том полиция зобити, бир кичик шаҳарчанинг шерифи эди. Қандайдир гиёҳванд сотувчи тўда аъзолари тарафидан отиб кетилган. О, унинг ҳам юрагида қасос ўти ёнаётгани нақадар сезилиб турар ва буни кузатётган кишига ҳамдардлик билдиришдан бўлак туйғу улашмас эди. О, нақадар оғир азоб. Жудолик ва адолатсизлик. Нима учун? Ҳойнаҳой Семнинг миясидан чиқмаётган биргина савол шу бўлса ажаб эмас.
Сем баланд бўйлик келишган, айни кучга тўлган йигирма тўрт ёшли йигит. Ҳозиргина отасини йўқотган бўлса-да ўзини жуда дадил тутиб олганди. Ортиқча таъсирчанликка берилмасди. Докторларнинг барча гап-сўзларини диққат билан тинглар ва отасининг ҳамкасблари томонидан таръзияларни оғирлик билан қабул қилиб оларди.
Барча ташвишлардан сўнг отасининг қаршисига икки шиша шароб кўтариб кириб олдига ўтирди. Сўнг ўтмишда бўлган қандайдир воқеани ёдга олгандай бироз ўйга толди. Бу воқеа Кливленддаги тунги барлардан бирида бўлган. Ўшанда Сем ўн олти ёшда эди. Отасининг хаддан ортиқ ғамхўрлиги ва қаттиққўлигидан тўйган Сем тунда уйидан яширинча қочиб чиқиб, тўғри қовоқхонага қўшниси Достнинг олдига югурди. Етиб келгач Достни излаб ўтирмай бар олдига ўтирди. Атрофга аланг-саранг қилиб ўтирган йигитни пайқаган бошқа бир гуруҳ ёшлар Семни ўз давраларига таклиф этишганда, ниҳоят унинг юзига ранг югурди. Стол атрофида ўтирган йигит қизлар эрк нималигини билар ва унинг лаззатли таъмини тотиб кўришга улгирган ўсмирлар эди. Қисқа танишувдан сўнг улардан бири Семга шароб узатаркан, Достни танишини ва у ҳам ҳадемай етиб келишини айтди. Шу пайт қизлардан бири ўрнидан сакраб туриб сўз олишга қарор қилди. — Мен ушбу қадахни янги дўстимиз учун кўтаришни таклиф этаман. — Ха, — янги дўстимиз учун. Бирдан ҳамма Семга қараб жимиб қолди. Шу жойда у исми-шарифини айтиши керак эди. Сўнг ҳамма — сен учун, деб қадах кўтарарди. Аммо шу лаҳза ўша машхур воқеа содир бўлган.
— Семуел Генри Томпсон! — Семнинг ортида полиция либосида отаси Том турарди. Қадах тутиб турган ёшларнинг юзларига қандайдир қўрқув югурганди. Худди вақти-чоғлари ва хушлари учиб кетгандек эди. Томнинг ҳайбати ва салобати шу қадар эдики, ҳатто унинг қараб туришининг ўзи тилларни беихтиёр кечирим сўрашга мажбур қилиб қўярди. — Кечиринг жаноб, билмаган эдик. Янграрди илтижолар. Сем нима қилди? Сем то уйга етиб келгунга қадар отаси Томни лаънатлади. — Дўстларимни олдида мени уятга қўйдингиз, деди. Бор овози билан — сизни ёмон кўраман, ота менга ёқмайсиз, деди ва хонасига кириб кетди. Бироздан сўнг Семнинг ётоғига кириб гап бошлади отаси Том. Ўғлим майли мен дунёдаги энг ёмон ота бўлсам ҳам, майли. Сенга ёқмайманми? Маъқул. Чунки мени вазифам сенга ёқиш эмас. Менинг вазифам сенга тарбия бериш. Сен ўқишинг ва одам бўлишинг керак, деб хонадан чиқиб кетган эди.
Ана шу воқеани эслаб қўлидаги шаробни очмай стол устига қўйди. Назарида отаси тирик бўлганда ўғлининг ичишига тиш-тирноғи билан қарши бўлишини тасаввур қилиб ғамгин кулиб қўйди.
Том ўғлидан аввал вафот этиш бахтига муяссар бўлиш ўлароқ унга яхши тарбия беришни ҳам уддалаган ота. Том сўзсиз яхши ота эди. Ёмон оталар ҳам бўладими, деган савол туғилади ўзидан-ўзи. Бўлмаса-чи.
Кейинги палатада ётган боланинг отаси шаробхўр Ленц, ўзининг навбатдаги оилавий жанжалида, кушеткада жон талашиб ётган ўн уч ёшли ўғлини, онасини ҳимоя қилгани учун жағига мушт туширади. Ўспирин ўғли Паркер учиб бориб диваннинг четидан чиқиб турадиган ёғоч тиргак бурчагига боши билан урилган ва миясига қон қуйилган. Ҳозир аҳмоқ Ленцни ҳеч қандай судсиз тўғри федерал қамоққа олиб кетгани келишади. Шунинг учун у нақадар афсусда бўлмасин бунинг ҳеч қандай аҳамияти қолмаган. Ўз ўғлини жувонмарг қилган Отадан ёмони йўқ. Минг додлар солиб, шифохонани тарк этарди Ленц. Коридорда кетиб борар экан бир маъромида юрак уришини қайд этиб бораётган аппарат, ишламай қолганини эшитгач хўнграб йиғлаб юборди. Федерал зобитлар уни судраб олиб кетишди. Судраб.
Врачлар хонасида тунгги навбатчиликка тушиб қолган ҳамшира Агнес қизига хонадан ташқарига чиқмасдан шу ерда Лего ўйнаб ўтиришини уқтирарди. Агар шу бугун ақлли қиз бўлса эртага тонгда мактабга ўзи ёқтирган катта машинада олиб боришга ваъда берди. Агнес хафтада бир кун тунни ишхонасида ўтказади. Эри уни қизи билан ташлаб кетганига қарамай у таслим бўлмади. Бор кучи билан Аннага ҳам она ҳам ота бўлиб тарбия берарди. Қизи Анна ҳеч қачон қолган қизлар каби қўғирчоқларга ва либосларга қизиқмаган. У болалигидан ўғил болаларнинг ўйинчоқларини, яъни машиналарни уйнашни танлаган. Бу қизиқиш унга бобоси яъни Агнеснинг отаси Кливлендлик машхур механик пакана Ленгтондан юққан. Балки келажакда ушбу етти ёшли Анна онасига ўхшаб Ҳамшира бўлар. Ёки бобоси каби машхур механик. Аммо ҳозир у шаклланяпти. Ўз қизиқишлари орқали атрофдаги турли маълумотларни онгига сингдиряпти. Табиийки ниманидир ёқтириб қолган, ниманидир эса ёқтирмайди. Етти ёш бўлишига қарамай шифохонани ёқтирмайди. Чунки онаси унга — гоҳида одамларни тузатиб бўлмайди, улар ана шу жиҳати билан машиналардан фарқ қилади, дегани учундир. Чунки болаларга одамлар кун келиб вафот этиши, касал бўлса тузалмай қолиши мумкинлигини ўргатиш ҳам анча мушкул иш.
Балки шунинг учун ҳам кун келиб Анна механик бўлар. Бузилган, ҳатто эгаси умидини узган машиналарни тузатар. Ха, у ҳам албатта шифо улашади. У ҳам даволайди.
Ниҳоят сўнгги қаҳрамонимиз Жений. У шифохона фарроши. Ёши эллик саккизда. Доим отаси сер Хорн ишга олиб келади. Хорн яхши ҳайдовчи! Саксонни қоралаганига қарамай, такси ҳайдайди. Оила боқади. Биргина қизи бор. Жений. Гарчи набиралари кўп бўлишига қарамай, уларнинг барчаси ўз уйи ва йўли томон кетган. Лекин қизи Жений ва аёли Морган хонимга отаси ҳамон ғамхўрлик қилади. -Бундай илтифот ҳеч қайси оилада учрамаса керак, мулозамат қилади ҳамшира Агнес, Женийга. — Ҳар ҳолда йилда икки ёки уч марта уйимиз мехмонларга тўлади, дейди Жений байрамларга ишора қилиб.
— Дарвоқе Жен, эртага сер Хорн қизим Аннани ўз пикапида мактабига ташлаб қўйса дегандим. Биласанку, ҳоли-жонимга қўймайди. Бир русумдаги машинани кўрдими, тамом. Уни капотини очиб кўрмагунча, ичида ўтириб матор овозини эшитмагунча қўймайди.
— Ха, ха, албатта Агнес. Отам фақат ҳурсанд бўлади. Ташвиш тортма ҳеч. Сени яхши тушунаман. Ёлғиз она ташвиши жуда оғир иш. Аммо биз бор, доим ёнингда дўстларинг бор. Ҳали насиб бўлса қизинг тушмагур худди отангдек зўр механик бўлади. Мана кўрасан.
Биз оталар болаларимизни қайси пайт тарк этишимиз керак? Уларнинг бу ҳаётда ютуқларга эришиши учун, шахс бўлиши учун қачон кетишимиз ёки қўйиб юборишимиз керак? Биз уларга нима бераяпмиз? Улар биздан нима кутади? Хўш, кетсакчи. Улар бизни қандай эслайди? Нимамизни ҳотирлайди?
Эрта тонгда шифохона олдига бир пикап келиб тўхтайди. Унга эса қизалоқ Анна чиқади. Сўнг бир соатдан кейин яна шу пикап қайтади ва унга алвон сочли гўзал Ҳаккер қиз чиқади. Яна бир соатдан кейин сарвқомад федерал зобити Семуел билан ўғлини бошига етган Паркернинг хотини Элза ўтиришади. Ниҳоят навбатчилик тугагач Агнес билан Жен чиқади.
— Агнес, — сўз олади Жений. — Тонгдаги операция оғир ўтдими, дейман.
— Жуда оғир бўлди Жен, жуда оғир. — Йиғлаб юборди бирдан.
— Ха, ҳар ким ҳам бу ишни қила олмас эди. Кимдир ўз жигарбандини ўлдирар экан. Кимдир эса у учун ўлишга тайёр.
Суҳбатга, сер Хорн аралашиб сўради. — Тинчликми ўзи? Нима бўлди? Нега бунча ғамгинсизлар?
— Ҳа ота, тинчлик. Бир одам қизининг донар кутишга вақти йўқлигини билгач ўз жонига қасд қилипти. Бу ҳол балки ҳаётда кўп учраб турар. Лекин бунақаси. Биринчи марта бўлиши.
— Нима бўлди ўзи? Гапирсаларингчи, — қизиқсиниб сўради Хорн.
— Шифохонадаги барча бемор ва ходимларни кузатиб шу қарорга келгани ҳақида хат ёзиб қолдирибди.
Бу хатни ҳамма ўқиди ва ҳамма ўз ҳикоясини айтиб берди. Жумладан мен ҳам. Ота, сизни жуда яхши кўраман.
Хат;
Балки бола учун отанинг ким бўлгани ёки қандайлигини қизиғи йўқ дерсиз. Уни қачон тарк этишини ҳам ахамияти йўқдир. Аммо, унга нима бера олиши муҳим. Алал-оқибат шу нарса билан фарзандларимиз яшашда куч топади. Мен қизим учун ўзимда бор ҳамма нарсани беришга тайёрман. Бир сонияга бўлса ҳам иккиланмай бераман. Майли у буни истамасин. Бу қароримни ёқтирмасин. Ахир менинг вазифам шу. Оталик.
Фарҳод Эшонов