Тақризлар

0
82

«Аланга ичидаги аёл» қиссаси (Суад)

Бу китоб инсон кўзида шукроналикни уйғотади. Аёл ўз ҳаёти ва ундаги эркакларнинг нақадар ваҳший эканлигини кўрсатади. Бу ваҳшийлик аёлнинг «шармандачилиги» туфайли ўлимга ҳам олиб келади. Бир қизнинг кўнгил қўйиши, унинг ота-онаси ва маҳалла-кўйдагилари хабардор бўлиб шу даражада аянчли аҳволга олиб келишини биз тасаввур ҳам қила олмаймиз. Ёш қизга қилинган туҳматлар, унга берилган азоблар ёшлигини бутунлай олиб қўяди. Ота-онаси уни ҳеч қачон қабул қилмаган. Ота-она меҳр беролмаса қандай қилиб у ҳаётдан умид қила олиши мумкин? Ўз яқинлари уни ўлишини ҳам кузатиб жимгина қараб ўтиришади. Аммо қиз жуда жасоратли ва оқила бўлади. Ҳозирги кунда бундай қизларни топиш ва унинг ақлига баҳо бериш ҳам қийин. Мен ҳам асарни ўқиганимда аёл зотига қилинган зулм, унга отилган тош, яқинлари томонидан қилинган хўрликларни кўриб кўзимга ёш келди. Бугунги кунда барча аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, ўз эркинликлари борлигига шукур айтамиз.

10-«Е» синф ўқувчиси Аҳмедова Жасмина.

 

 

«Дунёнинг ишлари» қиссаси (Ўткир Ҳошимов)

Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари мемуар қисса ҳисобланади. Бу қиссада турфа хил тақдирлар акс эттирилган. Китобдаги «Гилам пайпоқ», «Оқ ойдин кечалар», «Туш», «Олтин балдоқ», «Илтижо» каби ҳикоялар кишини бефарқ қолдирмайди. Уларда ўғли учун ҳар қандай машаққатга, жон фидо қилишга тайёр, шарқона ахлоқ одоб қоидаларини ўзида мужассам этган она мадҳ этилади. Қисса ҳар бири ўзига мустақил сюжетли ҳикоялардан ташкил топган. Ўткир Ҳошимовнинг бу қиссаси тарбиявий аҳамиятга эга. Барча ҳикоялар мазмуни она образи туфайли яхлитлик касб этади. Асар ортиқча жимжимадорликдан, маиший тафсилотлардан ҳоли. Бу қисса улуғ адибимиз Саид Аҳмад айтганидек «…достондек ўқилади. Уни ўқиб ўз оналаримизни ўйлаб кетамиз…» Оналарни мадҳ этган ёзувчи балки она меҳри туфайли бу қиссани ёзгандир. Аммо шуни биламанки дунёдаги энг тотли меҳр бу она меҳридир…

7-«В» синф ўқувчиси Маматқулова Азиза

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting