Матриархатизм эсталиклари

0
320

Шерзод Комил Халил

(эссе)

Бундан бир неча йиллар олдин экзотик туйғуларни бошдан кечириш мақсадида мегаполисни сув ёқалаб кузатиш учун Москва дарёси бўйлаб пароходда саёҳатга чиққанимда Камбоджадан келган жаноб Висарад билан тасодифан танишиб қолишга муваффақ бўлдим. Дарё зимиллаб хира кўзгуда акс этган манзар янглиғ пароходни лиқирлатиб борар, бунга сув шоввасининг юмшоқ шовқини, эсиб турган енгил шабада жўр бўлар, сувлиқдан бутун бўй-басти билан кифтдагидек кўриниб турган шаҳар обидалари эса бу саёҳатнинг нақадар жозиб ва кўнгилга ҳузур беришидан дарак берарди. Бу саёҳатда менга кўп йиллардан буён Москвада яшаб келаётган Дўстмурод исмли синфдошим ҳамроҳлик қилаётганди. Осмон тиниқ эди. Пароход бурнида қўйилган пластмасса стол атрофидаги стулларга чўккан куйи биз шаҳарни томоша қилардик. Соҳил атрофлари жуда хушманзара дарахтзорлар билан қопланган, шаҳар архитектурасининг ўзига хос иншоатлари табиат билан бирга ажойиб омухталик ва бадиий ечим ҳосил қилган бўлиб, одамда ўзгача ҳиссиётларни уйғотарди. Шундоқ ёнимиздан оқчорлоқлар, чағалайлар учиб ўтарди. Бу ажойиб қушларни денгиз ва дарёлар бўйлаб саёҳат давомидагина шундай яқиндан тиниқ ва мухтасар кўриш мумкин. Биз атроф-жавонибни кузатиш билан андармон бўлганимизда, комбаджалик қаршимизда официант қиз билан пайдо бўлди.
— I tought it was myduty to get you and your friend a hamburger and coffee, gentlemen’s! — деди ёнимизга аллақачон ўтириб олган ажнабий.
Дўстмурод менга у нима деяпти дегандек ажабланиб қаради.
— У бизни меҳмон қилмоқчи экан, — дедим унга. Сўнг комбоджаликдан сўрадим:
— What is the reason for this?..
Пароходга чиқишда мен камбоджалик ва кассир қиз ўртасида бироз тилмочлик қилишимга тўғри келган, шу билан биз уни унутганимизда, у бизнинг шу қисқа ёрдамимизга шундай сийлов билан жавоб беришни маъқул кўрган экан. Майли-да, у шуни лозим кўрган бўлса, ортиқ тихирлик қилишимиз, қанчалик тўғри бўларди?! Биз шундай қилиб, жаноб Висарад билан танишиб, бироз суҳбатлашиб кетдик. Мен уни оилавий шароитига қизиқдим. Шунда очилиб биз билан суҳбатлашиб келаётган камбоджалик, бирдан чуқур сўлиш олди.
— Don’t remind me of Chennery — деди у.
Ченнери унинг хотини эди. У жаноб Висарадни биржадан топадиган пулларини охирги тийинигача санаб олар ҳамда ундан яна ва яна пул олиб келишни талаб қилар экан. Биржада эса ҳамма вақт ҳам омад келавермайди. Охир-оқибат шундай бўлганки, аёл жаноб Висарад омадсизликка юз тутганда уни ҳайдаб юборган. Суд уй-жой ва мол-мулкни Ченнери фойдасига ҳатлаб берган.
Matriarchatism in Cambodja very difficult for men, — деди у.
Камбоджадаги матриархатизм ҳақида эшитганимдан сўнг, мен унга Суматра оролидаги матриархатизм ҳақида баъзи қизиқ нарсаларни айтиб бердим.
-What about in Uzbekistan?! — деб сўради жаноб Виспарад.
Мен Ўзбекистонда патриархатизм эканлигини айтдим. Гамбургер ва кофе устида биз яна шунга ўхшаш гапларни гаплашиб кетдик. Матриархатизм ҳақидаги гапларидан кейин мен уни Льюис Морганнинг китобларини ўқиганмикан деб ўйладим. Балки у марксистдир деган хаёлга бордим, аммо дилимдагини ҳаммаси очиқ айтиб ўтирмадим. Зеро, биз пароходда дўстим билан бу камбоджалик ажнабий билан матриархатизм ҳақида гаплашиш учун эмас, шаҳарни дарё соҳили бўйлаб томоша қилиш мақсадида саёҳатга отлангандик. Ажнабий ҳам буни тушундими, ё бизни шаҳар обидаларига ҳайрат билан қараб кетаётганимизга ортиқ халақит қилишни истамадими, билмадим, биз билан қайта-қайта хайрлашиб, ҳисоб-китоб учун пароходдаги мини барга уни кутиб турган официант олдига кетди-да, шу билан бизни олдимизга қайтмади. Пароходимиз жаҳонга машҳур Третьяковская санъат галерияси олдидан ўтаётганда мен ортимга нимагадир қарадим, шунда камбоджаликнинг ҳам шаҳарни ёлғиз ўзи бепарво томоша қилиб кетаётганлигини кўрдим. Унга Ўзбекистонда патриархатизм деганимда қанчалик ҳақлигимни ўйладим. Бир замонлар Тошкентдаги институтда фалсафа кафедрасида ишлаган вақтимда, мамлакат учун мутлақо янги фан — ижтимоий антропологияга ишқим тушиб, уни ўрганарканман, миллий жамиятларни классификацияларидан бири, уни жинсига кўра, таснифлаш эканлигини ўқиганим ёдимга келди.

Агар миллий жамиятлар жинсига кўра таснифланганда жуда ҳам қизиқ ва мураккаб тузилмага эга ўзбек жамиятини жин ургир ўша Морган таъкидлаганидек, қандай жинсдаги жамиятга киритиш мумкин: патриархатми — матриархат?! Албатта Морган бу масалани биз тушунгандек талқин қилмаган. У матриархатизмни патриархал жамият юзага келишидан олдин мавжуд бўлган инсоният маданияти шакли деган гипотезага таянган. Биз эса бугунги миллий жамиятларни жинси мавжуд деган ижтимоий антропология гипотезаларига таяниб, ўз миллий маданиятимизни баҳолашга интилиб кўрамиз. Ўзбек жамияти ҳам кўплаб диний мотивлар устувор бўлган араб, форс жамиятларидек, патриархал хусусиятга эгами?.. Маълумки, исломий араб жамиятларида маданият тузилмасида эркакларнинг ўрни алоҳида муҳофаза қилинган. Яратганни аввало Одамни бунёд этгани ва унинг чап қовурғасидан аёлни бино қилишидан бошланадиган патриархал хусусиятлар, эркакнинг муқаддаслигини баён қиладиган: агар Худодан бошқа зотга сажда қилиш мумкин бўлганида, мен аёлларнинг эрларига сажда қилишини буюрардим деган пайғамбар ўгитларигача, муқаддас оятларда агар инсон адолат қила олса, тўрттагача уйланишга мусулмон эркакларига рухсат берилганлиги ҳақидаги битиклар жамиятни эркакка мухтасар мосланганлигини ифодалайди. Яратганнинг қисматига кўниб, иймонини саломат сақлаб, бурч ва фарзларини мукаммал адо этган инсон бу дунёда гуноҳлардан тийилар экан, унга жаннатда етмиш иккита ҳурлар инъом этилиши каби умид муждалари бу патриархал жамиятнинг илоҳий табиатини янада мукаммалроқ маънода акс эттиради. Осиёнинг теологик маънода араб маданияти билан узвий бўлган, лекин ундан баъзи ўзига хосликларига кўра фарқланадиган яна бир муҳим маданиятларидан бири бўлган форс маданиятида ҳам патриархал хусусиятлар оила ва жамият ҳаётида эркакларни устуворлигини таъминлашга қаратилган. Инчунун, замонавий форс қонунларида оилавий ажримларда судлар болаларни уларни молиявий томондан қўллаб-қувватлашга қодир бўлган отага қолдиради. Одатда уй бекаси бўладиган аёллар боладан маҳрум бўлади. Судларнинг бундай қарори жамият учун прагматик жиҳатдан жуда фойдалилиги билан адекват аҳамиятга эга. Чунки, биринчидан, аёллар ўзи дунёга келтирган бола ҳаққи ўз шахсий манфаъатини кўзлаб ажримни танлай олмайди. Иккинчидан бу эркак учун ҳам ноқулай. У болаларни ўз ихтиёрида қолишини билар экан, энди уларга қараши ёки қарайдиган энага топиши керак, ёки қайта уйланиши лозим. Болали эркакка эса қиз болани турмушга чиқиши даргумон. У фақат бева ёки тул қолган аёлга уйлана олади. Унинг фарзандларига қандай муносабатда бўлиши даргумон. Хуллас, бу ҳолат эркак учун ҳам муаммоли. Кўпроқ ажримни танламаслик эркак учун маънавий-руҳий ва бошқа жиҳатларга кўра фойдали саналади. Энди бу ҳолатни ўзбек жамияти учун қиёсий солиштириб кўрайлик. Бунда судлар ажримлар вақтида болаларни она фойдасига қолдиришни маъқул кўради. Ажрим истаётган аёл учун бу жуда фойдали, у эрдан қутилади ва болаларни ўз ихтиёрида қолдира олади. Эркак учун ҳам болаларни аёлга қолиши прагматик жиҳатдан жуда қулай. У болалар учун суд томонидан тайинланган алимент пулини тўлашини айтмаса, бошқа томондан унга муаммо йўқ. У қайтадан бўз йигитга айланади. Форс эркагидан фарқли ўлароқ у турмуш қурмаган қизга уйлана олади ва ҳакозо. Ажримларни кўпайиб кетаётганидан нолиётган таҳлилчилар масалани шу тарафларига ҳам қараши лозим. Агар ажримларда болалар ота ихтиёрига қолдирилса, ажримлар шубҳасиз камаяди ва бизнинг патриархат жамият эканлигимиз амалда ўз ифодасини топади. Аммо биз мен комбоджаликка айтганимдек патриархат жамиятмизми ростдан ҳам?! Унчалик эмас назаримда. Ҳа, ҳозир бизда аёллар ўз ҳуқуқларини поймол бўлаётганлигидан гоҳида норози бўлиб, ҳуқуқ ва эркинликлар учун курашмоқда. Батаҳқиқ, мен уларнинг курашини қўллаб-қувватлайман. Ҳуқуқий-демократик жамият қуриш тамойили эркак ва аёлларни тенглигини ижтимоий келиб чиқиши, ирқи ва жинсидан қатъий назар таъминлаши зарур ва шарт. Лекин ҳозирги кун ўзбек феминистлари таъкидлаётганидек, бизнинг жамият патриархат тамойиллари асосида қурилганини мен тасдиқлай олмайман, гарчи буни комбоджаликка айтган бўлсам ҳам, аслида биз патриархат жамият эмасмиз.

Бир қатор миллий-маданий ўзига хослигимиз намунаси бўлган стереотипларимизга қараб, мен буни сизга очиқ айта оламан. Шулардан бири ўзбек тўйлари бўлиб, унинг муқобили ўзбекларники каби дунёнинг ҳеч бир жойида мавжуд эмас. Тўй — миллий анъана ва у жуда узоқ тарихга эга. Ўзбек эртакларида подшоҳларнинг қирқ кечаю қирқ кундуз тўй қилгани ва шу вақт оралиғида элнинг айшу-тарабда яшагани ҳамда эртак қаҳрамонларининг шу билан мурод-мақсадларига етганлиги бот-бот таъкидланади. Бу бежизга эмас. Аристотель айтганидек, бу афсоналарда ҳақиқатнинг синиқ парчаларини топиш мумкин. Анъана ва урфларнинг авлодлар оша яшаб келишини исботи ўлароқ мавжуд бўлган тўй маросимлари ўзбек оилалари учун жуда катта харажатлар ва иқтисодий қувват талаб этади. Тўй қилиш учун бутун ҳаёт давомида курашилади. Ўртаҳол ўзбек оилаларида қиз бола туғилишидан бошлаб унга сарпо йиғадиган аёлларининг сандиқларида тилла исирғалар, зебигардонлар, тиллақошлар, балдоқлар, шойи ва ипак матолар, сочиқлару дастрўмолчалар ва яна алламбало осори-атиқалар бутун бошли ўн-йигирма йиллар давомида йиғиб борилади. Тўй шунчалик ҳашаматлашиб кетганки, унга келадиган меҳмонлар камида 200 кишидан 1000-1500 кишигача бўлган жамоаларни ташкил қиладики, икки-уч кунлик молиявий сарфлар тўй эгасини бутун йиллар давомида йиққан бори-шудини қоқлаб олади. Тўй ўтказган оила одатда қарз кўтариши ва энди умрини қолган қисмини оиладаги эркак шу қарзларни тўлашга сарфлаши керак. Бу ўзбек отасининг бурчи ва вазифаси саналади. Аёлларнинг ҳашамга ўчлиги, эстетик ялтироқ маҳобатларга ружу қўйиши оила бошлиғи бўлган эркакка бу матриархал нафс хуружларини ўз вақтида ҳақли ва мухтасар қондириш вазифасини юклайди. Аёлларнинг бу ҳашамат ва ялтироқ ҳисларга чўлғанган удумларига, маънан ва руҳан аёлга бўйсунадиган матриархат жамият эркаклари қарши чиқишга қодир эмас. Буни тан олиш оғир. Чунки ўзбек жамияти ўзини шаклан патриархат жамият деб ҳисоблайди, аммо юқорида тўй стереотиплари мисолида кўринадики, у моҳиятан матриархатдир. Чунки, ялтироқ ҳашамларга ўчлик, эстетик оро берилган анъаналар моҳият эътибори билан аёлларга, инчунун матриархатизмга хосдир. Албатта мафтункор аёл шубҳасиз бизнинг замонамизнинг бути ҳисобланади. У ўтмишда юнонлар илоҳаси Афродитадан катта фарқ қилмайди. Кўзлари остига қалам чизилган, киприклари туш билан тарошланган, юзларида пудра суриб соя берилган аёл тажаллийси гуноҳ ва дўзах кучларининг тимсоли ўлароқ нигоҳлар марказида тураркан, бузуқлик ва шаҳвоний завқнинг қуллари матриархатизмнинг сеҳрли кучи олдида забуну яксон бўлади. Бу аксар замонавий жамиятлар учун бирдек хос бўлган хусусиятлар бўлиб, бундай пропорцияга эриша олмаган демократик жамиятлар бетиним патриархат кучларнинг золимлигидан нолийди. Матриархатизм тенгликни ва алал-оқибат сўзсиз бўйсунишни талаб қилади. У пулни, бойликни эгаси бўлишни истайди, ҳокимиятни бўйсундиришни ва ўзининг ройишига амал қилинишини ва доим куч марказини бошқариб туришни истайди. Фридрих Ницше ҳокимиятга интилиш иродасида эркак учун бойлик ва ҳокимиятга интилишнинг табиати аёлга эга бўлиш эканлигини урғулайди. Мен айтаманки, бу урғулашнинг туб мақсади эга бўлинган аёлга бойлик ва ҳокимиятни қуллуқ ўлароқ топширишга қаратилган бўлиб, бу ибтидоий матриархал қумсашнинг дифференциал табиатини ифодалайди. Ҳашаматли саройлар, маҳобатли ўрдалар, қаср ва қўрғонлар, замонамизнинг виллаларию ранчолари чиройли уя қуриб унга бўлажак жуфтини чорлайдиган қушлар сингари эркакка аёл илтифотига эришиш йўлидаги ибтидоий ҳайвоний табиатини истифода этади…
Матриархатизм табиатини мен шундай ўйлар ичида пароходда беихтиёр ўйлаб борарканман, синфдошим Дўстмуроднинг атрофни гид каби тушунтириб боришидан хаёлим бўлинади. Камбоджаликни эса энди бутунлай унутаман. Соҳилдаги баландликларда қад ростлаган кафеларда тикела ичиб турган қизлар хушнуд ҳолда, бизга қўл силкийди. Биз ҳам пароходдан уларга қўл силкиб жавоб берамиз. Пароход соҳил ёқалаб сузаркан, кўплаб эски ва янги архитектура иншоатларига кўзимиз тушади. Биз шаҳарга ошиқаётган поездларни кўрамиз, трамвай ва троллейбусларга, электробус ва ер усти метросига нигоҳимизни қаратамиз.

Шаҳарнинг ҳашамати ва кўрки ифодаси бўлган Қизил Майдон ва Кремл саройлари ёнидан сузиб ўтамиз. Қирғоқдан черковларнинг маҳобати ва масжидларнинг салобати кўзга ярқ этиб ташланади. Банкларнинг осмонўпар офислари, беш юлдузли меҳмонхоналар, эстетика ва ланшафт уйғунлигидаги кўпқаватли турар жойлар, ҳамма-ҳаммаси дарё бўйлаб саёҳатимизнинг тўлқинлари узра бир-бир ўтиб борар экан, мен фонийлик чақириғи бундай паллаларда кўнгилни бунчалар озурда қилишини яна бир бор ҳис қиламан. Бир томондан феминициддан нола қилаётган патриархат жамиятларнинг аёлларига ачинсангиз, бошқа томондан андроцидизм туфайли йўқ қилинган экакларнинг тарихий тақдирлари хаёлингиз лавҳидан ўтади. Жамият ўз хусусиятига кўра, матриархат бўладими, ёки патриархатми, олмон файласуфи Г. Зиммель таъкидлаганидек, у аксессуал маданият сифатида алоҳида мавжуд бўлмагани учун ҳеч бир миллий маданиятга қатъий ташхис қўйиш осон эмас. Инчунун ўзбек жамияти ҳам бундан мустасно эмас. Унда патриархатизм ва матриархатизмни муқобала кураши кетмоқда. Шаклан патриархат, моҳиятан матриархат тезисини шу маънода тушунишингиз муҳим. Бу ҳақда ортиқ ўйлагим келмайди. Кўкка — ҳудудсиз бўшлиққа тикиламан. Дарё бўйлаб шаҳарни томоша қилишим керак ахир. Синфдошим Дўстмуродга қарайман, шу лаҳзаларда пароходдаги бардан бирор муздек ичимлик буюртма қилсак ёмон бўлмасди…
2023 йил, май.
Москва.

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting