Бугун қандай романга эҳтиёж бор?

0
114

 

(Филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижонов ва адиб Исажон Султон суҳбати)

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — ХХI аср шахсий ҳаётингизда ҳам, ижодий фаолиятингизда ҳам янги саҳифа очди. Ижодий сермаҳсуллигингиз асосан, шу асрга тўғри келади. Асарларингиз кетма-кет босилиб чиқа бошлади, кўплаб чет тилларига таржима қилинди, халқаро танловлар ғолиби бўлди. Ҳукуматимиз ҳам Сизнинг бу фаоллигингизни муносиб баҳолаб, 2014 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган юксак унвонлар билан тақдирлади. Аввало, мукофотлар муборак бўлсин! Қолаверса, бу ютуқлар, мукофотлар, шубҳасиз, ижодкор зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Нима дедингиз? 

 

Исажон СУЛТОН: — Аввало, илиқ сўзлар учун раҳмат.

Ўтган умр лаҳзаларига назар солиб, балки шуни айтсам бўлар: агар одам ёшлигида қўлидан бир иш келишини намоён қилгиси келса, муайян палладан сўнг, бор ақлу заковатини эл учун, халқнинг дуосини олиш учун сарфлаши кераклигини ҳис қила бошлар экан.

Бадиий асар яратишнинг ўзига хос заҳматлари бор, албатта. Негизида ҳаётий билим бўлмаса, асар эътироф қозонолмайди. Эътироф дейилганида, ижодкорлик ҳаётимдаги тумонат кишилар кўз олдимга келади. Илк машқларим чоп этилганида қувонган ота-онам, мактабдаги синфдошларим ва муаллимларим, Авазбой далаларидаги оддий кишилар, қўни-қўшнилар, қишлоқ кишиларидан тортиб университетдаги курсдошлар, илм заҳматида сочлари оқарган профессорлар, ижод қисматини зиммасига олган қалам аҳли, уларнинг илиқ сўзлари… Бир асарда юзлаб кишининг ҳиссаси бор, деган гап шунга айтилган бўлса керак. Улуғлар эътирофи эса, дуодай гап. Камтарона хизматларингиз эътироф этилса, барча меҳнатларингизга рози бўлиб қолар экансиз. Вилоят ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан бўлиб ўтган адабиёт кунлари дастурида Риштонда бўлиб ўтган учрашув чоғида ўз юртим кишиларининг иссиқ чеҳраларини кўрдиму тўлқинланиб кетдим. Ҳар бирининг ҳаётимда бир изи бор, уларга таъзим қилмай бўларканми?

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: —  Исажон, биласиз, биз Катта Фарғона канали бўйида жойлашган ёнма-ён қишлоқларданмиз. Дадангиз Абдураим Султонов билан (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) тенгдош эдик.  Ёшлигимиз ота-оналаримиз бир ярим ой ичида қуриб битказган ана шу канал бўйларида ўтди, унинг шифобахш сувида чўмилиб  ўсдик. Орамизда 4-5 километрлик масофа бор, холос. Дадангиз билан дастлаб бир-биримизни танимаган бўлсак ҳам, кейинроқ тақдир бизни матбуот соҳасида учраштирди. Олий ўқув юртини битиргач, мен вилоят, дадангиз Риштон тумани газетасида ишлай бошладик. Шаҳардан қишлоққа ҳар келганимда  албатта “Пахта учун” (ҳозирги “Риштон ҳақиқати”) деб номланган газета биносига кириб, ҳамкасблар билан кўришардим. Улар орасида Абдураим билан ийқимиз тез чиқишиб қолди. Сўзамол, ҳазилкаш, самимий инсон эди дадангиз! Журналист сифатида топқир, тезкор, зийрак ва услуби шаклланган мутахассис эди. Шу фазилатлари туфайли уни кўп бора вилоят таҳририятига ишга таклиф қилдик. Аммо, кексайиб қолган ота-онасини ташлаб кетишни кўзи қиймади. Кейин узоқ йиллар туман радиоэшиттириш таҳририятини бошқарди. Ҳар учрашганимизда “Ҳорманг! Риштондан гапиряпсизми?” деб ҳазиллашардик. Овози ширали, ёқимли эди. Бунинг устига, гапирганида жарангдор сўзларни топиб қўлларди. У пайтларда халқни дунё ва мамлакат воқеаларидан хабардор қилишнинг энг самарали воситаси радио эди-да! Шунинг учун, ҳукумат томонидан энг чекка қишлоқлардаги хонадонларга ҳам ликопчадек радиокарнайлар ўрнатилганди. Эрталаб ва кечки пайтда улар қитир-қитир қилиб, бирдан дадангизнинг “Диққат қилингиз! Риштондан гапирамиз!” деган овози эшитилиб қоларди.

Албатта, шундай оилада дунёга келиш, вояга етиш Сизнинг ҳозирги ижодий камолотингизда муҳим ўрин тутади. Ўқувчилар Сиз тарбия топган муҳит, қишлоқ ва мактаблар шароити ҳақида билгилари келади. Шунинг учун ота-онангиз ва ўзингиз ҳақида тўлароқ маълумот берсангиз.

 

Исажон СУЛТОН: — У даврлар бир қарасангиз олис, бир қарасангиз яқин бўлиб туюлади. Сизларнинг болалигингиз иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврга тўғри келади. Тупроқкўчалар ёзда чанг, қишда лой, кечалари пилтачироқ ёғдусида китоб ўқилган, қисқаси, биздайлар бошдан кечирган болаликдан кўра бир неча карра машаққатлироқ бўлгани рост.

Сулоланинг мендан аввалги бешинчи ҳалқаси Исмоил бувага бориб тақалади. Унинг ўғилларидан бири Султон новвой бўлиб, мен муштдайлигимдан шу нуроний зотнинг хизматини қилиб ўсганман. Изиллаган қаҳратонларда, ёз жазирамаларида доим ёнида эдим.

Дадам Султон буванинг кенжа ўғли эди. Худо раҳмат қилсин, жуда сабрли, сиз айтгандай, самимий, беғубор киши эди. Ҳозир айрим воқеаларни мулоҳаза қилиб туриб, етти фарзандни вояга етказган, фазилатлари билан мислсиз ўрнак бўлган у зотнинг сабру тоқатига лол қоламан.

Рўзғорда бир дадам ишларди. Биз болалар эса мактабдан кейин томорқада экин-тикин билан машғул бўлардик. Қолгани ўзингизга аён: пилла, пахта, ягана, чопиқ, ўтоқ… Бутун қишлоқ шу заҳмат билан банд эди.

Онамнинг ҳаёти ҳам бир достон: у қуйи Авазбойлик Холжўра буванинг тўнғич қизи бўлиб, Холжўра бувам урушда қатнашган одам эди. Қиёфаси эсимда элас-элас қолган.

Хуллас, онамни ўн олти ёшида турмушга берадилар. Тўй ўтибоқ, дадам ҳарбий хизматга кетади ва Красноярск ўлкасида хизмат қилади. Сўнг тўнғич ўғил, яъни, мен туғилганман.

Дадам зиёли, Қўқон педагогика институтини тугатган, онам бор-йўғи саккизинчи синфгача ўқиган, уйимизда китоб жуда урф эди. Нафақат бизнинг уйда, масалан, онамнинг Ҳошим ака деган тоғаси бўларди, феъли Холжўра бувамдай қаттиқ, ўжар қиши эди. Шу кишининг уйида “Шарқ юлдузи”нинг барча сонлари бор эди. Ўша қайсар феъли билан асар ўқишга қизиқарди Ҳошим тоға.

Ҳозир ўйлаб қоламан: мен заҳматли деб атаган ўша тириклик ҳаёти аслида болакайларга оламжаҳон билим ҳадя этган экан. Заҳматли бўлгани-ку, бор гап, лекин, шу ҳам ҳақиқатки, дунёнинг улкан мегаполисларининг болалари битта райҳон ўстиролмайди. Бизлар эса, экин турлари, қишлоқ жонзотлари, дов-дарахт, ўт-ўланларнинг хусусиятларини беш қўлдай билардик.

Музроб ака деган кишининг хонадонидан сўнг қишлоқ тугаб, дала бошланарди, тепароғида қумлоқ борийди, унда саломалик, печак ва ажриқдан бошқа нарса ўсмасди. Ажриқ тарам-тарам, тўрт шохчали мовий гул очарди, унинг уч шохчалигини топиб олсак, қўлдан қўймай олиб юрардик.

Далаларда гоҳо ўз-ўзидан кичкинагина ҳаво гирдобчаси — “ажина” пайдо бўлиб қоларди, уни тингунича кузатардик.

Бундай ёрқин таассуротларни соатлаб ҳикоя қилса бўлади. Ишончим комилки, ҳамманинг болалиги шундай манзараларга лиммо-лим бўлса керак. Шу билан бирга, ҳамманинг “ўз қишлоғи” ҳам бор, мисол учун, менинг хаёлимдаги қишлоқ ўша ерда бирга улғайган дўстимнинг тасаввуридаги қишлоқдан фарқ қилиши ҳам бор гап.

Гоҳо эса, шу масканларда дунёга келтирганига Парвардигорга шукр қиламан. У ўз бандаларини истаган вақтда, истаган жойда дунёга келтиради. Туғилган бир гўдакни бўм-бўш кўза ёки ёзилмаган оппоқ қоғоз деб тасаввур қилайлик. У ўз элининг муҳташам маданияти билан лиммо-лим тўлиб боради. Бу эса, “Сен кимсан?” деган саволга бир қадарлик жавоб ҳамдир.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Сиз истиқлол даври ўзбек ҳикоячилигида муҳим ўрин эгаллайсиз. Ҳар бир ҳикоянгиз ўқувчилар ва адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинади. Айримлари катта баҳс ва мунозарага сабаб бўлади. Масалан, 2011 йилда АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган “Лексикон” адабий журнали томонидан эълон қилиниб, халқаро танлов ғолиби бўлган “Қисмат” ҳикоянгиз  ўзбек адабиётшунослари орасида ҳар хил фикрлар уйғотди. Кимдир уни Шарқ этикасига, шариат қоидаларига тўғри келмайди деса, бошқаси шундай бўлиши мумкин. Ахир, Навоийнинг Шайх Санъони ҳам шаккоклик қилган-ку дейди. Яна бири муаллифни Ғарбга тақлид қилган деб айбласа, иккинчиси бу адабиётимизда янгилик, постмодернизмнинг энг яхши намунаси деб баҳолайди. Кўпчилик бу асарнинг моҳиятини чуқур англаб етмагани учунми, ё тилга олмай ўтдилар ёки тилга олса ҳам таҳлил қилишга ботинмадилар. Чиндан ҳам ҳикоя мазмуни, ифода йўсини билан  хийла мураккаб, кўпчилик уни дарҳол тушуниб олавермайди.

Маълумки, ҳар қандай асар ижодкор томонидан маълум мақсадни кўзлаб  ёзилади. Шунчаки ҳавас учун ёзилган битик бу қадар шов-шувга сабаб бўлмайди. Унда албатта, муаллифнинг ўз фикри, ғояси, нияти бўлиши керак. Сиз ҳам уни аниқ бир мақсад билан ёзгандирсиз? Ҳикоядан қандай ғоявий ниятни назарда тутгансиз? Нима демоқчисиз? Шу пайтгача индамай келдингиз. Ҳанузгача давом этаётган тортишувларга балки ўзингиз ойдинлик киритиб берарсиз?

 

Исажон СУЛТОН: — Бу ҳикоядан юрт манзаралари ўрин олгани учун, ўзимга ҳам қадрли.

Зовур, қамишлар — она уйимиз тепасидаги, Катта Фарғона канали бўйидаги манзаралар. Шўрлаган ер, марвартак тут, гувалак ўчоқ, гуркираган табиат – булар ҳам Авазбой манзаралари.

Қишлоқ юқорисидаги охири кўринмас қамишзорлар ҳақида ёши улуғларимиз сўзлаб беришган.

Энди ҳикоянинг воқеасига келсак, уни кўп қатламли асар десак бўлади. Ундаги биринчи қатлам – шўро воқелигининг аксланиши. Ота шўро хизматчиси ва у, шўро олиб келган барча ярамас хислатларга эга: ароқ ичади, отага қўл кўтаради, эккани унмайди, қилар иши беҳуда ва ҳоказо.

Иккинчи қатлам – рўзғорнинг аҳволи.

Учинчиси – катта ва ўртанча ўғилнинг, онаизорнинг руҳияти.

Ва ниҳоят, сўнггиси – орзуманд кичкина болакай. Зулм қутқулари бир оила бошига қандай кунларни солди ва у муҳитда келажакка ишонувчи ягона инсон – кичик болакай қолди, холос.

Аслида, ўшанинг тутуми менинг назаримда, энг тўғриси.

Шунчаки бир бола десангиз ҳам бўлади, бироқ, гап унинг инончида-да.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Янги асрда ўзбек насри, хусусан,  роман жанри жиддий ўзгаришларга учради. Энг муҳими, роман ҳажман қисқариб, мазмуни кенгайди. Ҳозирги романларнинг ҳажми (пуфлаб шиширилган асарлар бизнинг рўйхатимизга кирмайди) анъанавий романларга нисбатан анча ихчамлашди. Ваҳоланки, ҳикоя ва қиссалар хийла катталашди. Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ш.Холмирзаевнинг сўнгги йилларда яратган айрим ҳикоялари 70 бетдан 200 бетгача келади. Романларда эса бунинг аксини кўрамиз. Ҳатто уч авлод тақдирини акс эттирган У.Ҳамдамнинг “Наъматак”  романи атиги 15 саҳифани ташкил этади. Шундай бўлса-да, бу мини-роман адабий жамоатчилик томонидан жуда яхши кутиб олинди. Роман жанрининг янгиланишида Сизнинг ҳам катта ҳиссангиз бор.  “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Генетик” романларингиз ҳам ҳажман кичик. Айтинг-чи, бу ихчамлик мазмунни баён қилишга, воқеликни тўла қамраб олишга, ўқувчига етказишга халақит бермайдими? Ахир, роман воқеани икир-чикиригача батафсил ҳикоя қилишга масъул жанр-ку!? Бу ҳақда нима дея оласиз?

 

Исажон СУЛТОН: — Рухсат берсангиз, аввало, роман жанрида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида фикрларимни баҳолиқудрат баён қилсам.

Анъанавий романлар бундан икки юз йил аввалги шаклида яшаб келмоқда. Мумтоз Европа романи ўрта ва қуйи қатламни қамраб олиши керак бўлгани учун ҳам, инсоният заковатининг гултожи саналмиш фалсафадан “қуйига” тушиб, унга оддий ишчи ҳаёти киритилган ва воқеалар занжирида ишқ-муҳаббат қиссаси ҳам бўлиши керак эди. Бу услубдан романчилигимиз асосчилари Чўлпон ва Қодирий ҳам ўз вақтида фойдаланишган.

Ваҳоланки, дунё тафаккури билан баб-баравар қадам ташлаган ва айрим ўринларда уни тўлдирган мумтоз адабиётимиз Европа уйғониш даври адабиётидан чандон юксакларда, антик юнон адабиёти билан бўйлашиб, кишиларни инсон камолоти келажак чўққиларига бошлагани ҳам ҳақиқат.

Умуман, санъатнинг юксак инсонийлик чўққисидан оммавийлик деган ялангга тушиб қолиши сиёсатларнинг ва тижоратнинг талаби эди, буни барча яхши билади. Орадан бир неча аср ўтди. Бадиий тафаккуримиз ривожига қарасак, инсон ҳаёти ва маънавий дунёсининг турли нуқталардан кўрсатиб бериши керак бўлган бу жанр янги қолипларга мажбурлаб солинди. Бу худди қадимги Хитойда ва ўрта аср Европасида болаларни томошабоп бўлиши учун ҳар хил қинғир-қийшиқ қафасларда ўстириш анъанасига ўхшайди. Уларни кўрган соғлом кишилар қўрқувга тушар эдилар.

Шу сабабли, 20-аср ўрталарида ёзилган романлар бир-бирига ўхшаш. Улар тузумлар тарихини ўрганиш учун қимматли манбадир: аксарият романларда коммунист, ёки худосиз киши образи ҳам бор ва у йўлбошчи қилиб тасвирланган. Бундай фаразлардан ва ўзга тузумлар жамиятимизга олиб келган турли-туман номуносиб тутумлар олтин мисоли қалб эгаси бўлмиш кишиларимизга акс таъсир кўрсатгани ҳам рост: ахир, олтинга темирни аралаштирсангиз, темирнинг қиймати ортади, олтинники эса тушади. Шундай бўлса-да, кишиларимиз орасида ўша ажойиб мусаффо ўзликка эга кишилар ҳам ҳали ҳам бор ва уларга таъзим қилса арзийди.

Ҳурриятимизга эришганимиздан сўнг, миллий тафаккур ўзини бор-бўй басти билан кўрсатиши керак эди. Хўш, бу талотўп дунёда боя айтганимиз тоза ўзликка эга бўлган ўзбек кишиси нима қилсин? Бу йўлда бир қанча асарлар пайдо бўлди, аммо барибирам, мавжуд қолипларни парчалаб, янги манзилларни кўрсатиб берувчи романлар ноёб бўлиб қолаверди.

Бу орада роман негизини ҳосил қилувчи унсурлар эскира бошлади. Ўз-ўзидан, технотрон эра ва сунъий интеллект туфайли, тушунчалар ва талаблар ўзгарди. Айтайлик, янги юз йилдаги муҳаббат ва нафрат тушунчалари аввалгисига ўхшамайди. Ўсмирлар муҳаббати аввалгидек бўлмай қолди, ёқтирганига хат ёзиб, уни ҳафталаб беролмай юрган ёки бир оғиз рад жавоби учун ўзини маломат қиладиганлар қолмади. Ор-номус, ҳаё ва иффат, жамиятга, қадриятларга муносабат, хуллас, барчаси ўзгарди.

Роман концепцияси ҳам ўзгарди. Бугун унда айтиладиган ва кишиларни жалб қиладиган асосий унсур ғоядир. Оддийгина ишқ-муҳаббат ҳақдаги асар ҳам эндиликда ҳаёт мазмуни ва умр ҳақидаги ғояларни ўзида мужассам этиши талаб этила бошланди. Дунё романчилиги шу талабга мос шаклни излашга тушди.

Роман жанри ўз-ўзидан эссе тарафга оғиб берди. “Бестселлер” деб аталадиган, пул ишлаш мақсадида тарғиб қилинадиган тижорий асарлар бундан мустасно, албатта. Қайлардадир, кимлардир зарра тубига етиш учун тер тўкар экан, адабиёт оламининг қай бир ҳудудларида ҳам ўшандай изланишлар рўй берди.

Тижорий ва соф санъат асарлари ҳақида сўз борса, шундай мисол келтирса бўлади: ҳозир урф бўлган смартфон ва Катта Адрон коллайдери. Замонавий смартфонни кишилар миллионлаб сотиб олишади ва мақташади, Катта Адрон коллайдеридаги кашфиётларга эса, бир қанча олимдан бошқа бировнинг ақли етмаса ҳам, айтайлик, у кашфиётлар бир неча йилдан сўнг энергиянинг янги манбаини топиб бериши ва дунё тараққиётини янги ўзанларга буриб юбориши мумкин.

Қисқаси, романда изланиш даражаси жуда ошиб кетди. Шу сабабли, дунёда урф бўлган ифода усулларидан ташқари, янги ва янги ифода усулларини топиш талаб қилина бошлади.

Кишини ҳаётда тутиб турувчи ва келажакка интилишга ундовчи энг муҳим ҳис-туйғу, тушунча нима? Роман энди мана шу саволга жавоб бериши керак бўлиб қолди.

У ҳолда, бугун қандай романга эҳтиёж бор?

Янги шакл ва услуб – тубдан янгиланиш демак. Киши ғоя атрофида турли фирқаларга бирлашади ёки ундан чиқади, оламнинг барча неъматларини татиб кўради ва пировардида, биронтасидан кўнгли тўлмайди. Етти иқлимга эга чиқса ҳам, қониқмаслик ҳисси уни муттасил янгиликларга чорлайди. Замона ва тараққиёт тезлашгани сайин, барча нарсаларнинг ўткинчи экани ҳақидаги оғир ўйлар тинчлик бермайди.

Жавоб кутилмаганда ҳудудларни ва минтақаларни бошқариш заминига қурилган замонавий фан назарияларидан эмас, мумтоз адабиётимиздан чиқиб келади. Асрлар шамоли йўлини тополмай юрган инсон боласининг кўз ёшларни қуритади, гоҳ Навоий, гоҳ Яссавий бўлиб тасалли беришга уринади.

Аммо бу тасалли ҳам, агар амал қилинмаса, беҳудадир.

Технотрон эранинг бундай акс таъсирлари анчагина. Техноген тараққиёт киши шахсиятига дахл қилиши ҳам бор гап. Айни шу жараёнлар аро миллий ўзлик ва имон-эътиқод нақадар муҳимлиги янада яққол намоён бўлади. Шу боисдан, ўлкамизда тарғиб қилинаётган китоб ўқиш чорловлари, тарғибот ва ташвиқотлар бежиз эмас, Мумтоз адабиёт ўлароқ авлодларга қолдирилган ҳикматлар эса, ҳар ҳолда, бугуннинг назарияларидан кўра қувватлироқ экани кишига таскин беради.

Яъни, 21-асрнинг энг катта муаммоси шахсият дахлсизлиги бўлса, яна бир муаммо — мулоқотдир. Технологиялар мулоқотнинг юзлаб шаклларини тақдим этгани ҳолда, инсон боласи мулоқотга барибирам эришолмади. Қайтанга, қийинлашиб кетди. Киши шахсиятини иҳоталаш ва ҳимоя қилиш, маънавий ҳуррият ва унинг чегаралари деган тушунчалар урфга кирди. Айни шу сабабга кўра, дунёнинг энг мукаммал мессенжерларида ҳам “блоклаш” функцияси пайдо бўлди.

Ахборот алмашинуви тезлашиб кетган ва садоқат, хиёнат, меҳр ва муҳаббат каби тушунчаларга қаратилган таҳдидлар пайдо бўлиб-йўқолиб турган ушбу маконда эндиликда бадиий асар, хусусан роман жанрида турли ибратли воқеалар асосида тақдим қилинадиган ғоя илғорга чиқди. Фикри ожизимча, бундан кейин яратиладиган асарларни фикр теранлиги ва янгилиги нуқтаи назаридан баҳолаш устувор бўлса ажабмас. Бу эса, адабий танқид олдига ҳам янги талаблар қўяди, мутахассис нафақат адабий жараёнлардан, балки жамиятдаги ва фандаги ўзгаришлардан ҳам хабардор бўлишини талаб қилади.

Моҳият янада аён бўлиши учун мисол келтирайлик. Адабиёт инсон қалбини энг муҳим хазина деб билади, уни асраб-авайлайди. Тангри таолонинг назаргоҳи деб улуғлайди, Каъба каби муқаддас, дейди. Айни дамда, инсон ҳеч бир замонда бунчалар тиғиз бошқарилмаган. Бугун унинг юриш-туриши, кезган маконлари, мулоқотда бўлган кишилари, даромади, қизиқишлари ва ҳатто, тиббий маълумотларини бир неча сонияда аниқлаб олса бўлади. Ушбу жараён янада тезлашишига шубҳа йўқ. Қиймати Каъбадан ортиқ кўрилган инсон нима қилсин, шу тақдирга рози бўлиб яшашда давом этсинми ёки бу қудратли тўлқинга қайси куч, қайси юрак билан қарши турсин? Ўтган асрлар кашфиётларни маблағга айлантириш даври бўлса, йигирма биринчи аср туйғуларни ва мулоқотларни ҳам пулга айлантириш давридир. Бу талотўпда Ҳазрати Инсон не қилсин?

Шунга ўхшаш бир қанча сабаблар туфайли, жаҳон бадиий тафаккурида рўй бериши кутилаётган янгиланишлар ўзбек адабиётида ҳам бўй кўрсатмай иложи йўқ. Бошқача қилиб айтганда, эндиликда бадиий асар кечаги ёки бугунги ҳаёт ҳақиқатларини акс эттириши билан бирга, келажакка олиб борувчи йўлни ҳам кўрсатиши зарур бўлиб қолди.

У ҳолда, бугунгача бўлган асарларнинг ҳоли не кечади? Давр чиғириғидан ўтган асарлар мумтоз хазинамизга қўшилади ва кутубхоналаримиз тўридан жой олади, албатта. Ёшлар эса, аждодлар хазиналарини авайлаган ҳолда, янги билимлар қанотида ўзларини кутаётган истиқбол сари илгарилаб бораверишади, ҳаётнинг ўзгармас қонуниятларидан бири ҳам шу.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Анъанавий мавзуларни баён қилиш, қаҳрамон танлаш ва уни муаммолар гирдобида тасвирлаш борасида ҳам талай янгиликлар деймизми ёки йўқотишларми, пайдо бўляпти. Айниқса, сюжетни ҳаракатга келтирувчи мотор деб тан олинган конфликт романларда бир қадар сусайгандек туйилмоқда. Аср бошларида ёзган мақолаларимнинг бирида ўтган асрнинг 50-йилларида давр тақозосига кўра урчиб кетган конфликтсизлик касаллиги қайталанмаяптими деб ташвишлангандим. Ташвишим камайгани йўқ. Ҳатто Сизнинг “Озод”, “Генетик” деб аталган романларингизда ҳам кўз кўриб, қўл билан ушлайдиган зиддият йўқдек. Лекин ўқувчи ўзини ўқишдан тўхтатолмайди. Бунинг сабаби нимада? Бу ҳақда ўз романларингиз мисолида гапириб берсангиз.

 

Исажон СУЛТОН: — Жон-жаҳди билан халқларни ва онгларни бошқаришга интилган тазйиқларни бир четга қўяйлик-да, илмий кашфиёт қандай содир бўлишига назар ташлайлик. Чунки, суҳбатимиз оммавийлик ҳақида эмас, кашфиёт ҳақида бормоқда.

Ал-Берунийнинг мулоҳазаларидан ҳамма хабардор: ер юзидаги бизга маълум қуруқлик ва сув нисбати бир-бирига мутаносиб эмас, мувозанат бузилган, у ўз ўрнига келиши учун қаердадир яна бир қуруқлик бўлиши керак, дейди.

Леверье деган олим Уран сайёраси маълум жойда ўз йўлидан оғишини қайта-қайта кузатгач, оромини йўқотади. “Коинот танзимини издан чиқараётган ўша бузғунчи нима эканини” аниқлаш учун йилларини сарфлаб, Урандан нарёқда яна бир сайёра – Нептун борлигини кашф этади.

Бадиий асар шаклидаги кашф ҳақида сўзласак, у зиддиятдан келиб чиқадими ёки билмаганни билишга интилишданми?

Зотан, зиддиятлар ўзи етарли. Жоҳиллар ва олимлар зиддияти энг узоқ давом этиб келаётганларидан бири. Агар шу нуқтадан қарасак, “Озод”да ҳам, “Генетик”да ҳам ўзлик масалаларига, билмаганни билишга интилиш устунлигини кўрамиз.

Адабий дунё, айниқса, постсовет ўлкалари, Камюнинг “Бегона” асарини кўкларга кўтаради. Ёки, Бодлернинг бир мисра шеърини ўқиган киши ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги ривоятларни айтишади. Йўғ-э, дейсиз. Дунёда бегонанинг ўта бегонаси Мажнун, янаям яқинроққа келсак, Бобораҳим Машраб эмасмиди?

 

Кимга соям тушса, бир нури яқин бўлди у ҳам,

Дафтари руҳи қудсдурман, забонға сиғмадим.

 

Бу байтдаги санъатга дунёнинг манаман деган шоирлари қойил қолса ажабмас. Кимга соям тушса, у нурга айланди, демоқда авлиё бобомиз. Мен Руҳул қудснинг, яъни Жаброил алайҳиссаломнинг Қуръон ёзиш учун келтирилган дафтаридаги ёзув эдим, аммо забонга сиғмадим, дейди. Ҳақиқатан ҳам, қалб забонга нечун сиғсин?

Буни феодал-клерикал адабиёт ёхуд тариқат фалсафаси деб четга сурсак, у ҳолда, ҳаётийроқ бошқа мезон қаерда?

Барча фалсафалардан юқорироққа чиқилса, ҳикмат эгалари даражотлар поғонаси бўлмиш ҳаётни қадрлашни, дунёни хизматкор қилиб ишлатиш кераклигини урғулайди. Ҳа, худди шундай, ер юзи хизматкор бўлгач, ҳаёт нега хизматкор бўлмасин? Уни от қилиб мин, ҳўкиз қилиб ишлат, кетмон қилиб ер чоп.

Ҳозирча, дунёга муносабат бобидаги бор-йўғи икки қарашни келтирдик, холос. Ҳазрат Румий, Навоий, Яссавий, Нақшбандий, ислом қонунчилигини тартиблаган Бухорий, Термизий, Мотуридий, Марғилоний, Хўжа Аҳрор Валий кабиларнинг хулосалари булардан оз эмас.

Бошқача қилиб айтганда, замонавий деб аталган адабиёт инсоннинг дунёга келиши ва унда яшашининг барча зиддиятларини синчи каби ифодалаб бергани ҳолда, ундан чиқиш йўлини кўрсата олмади.

Хўш, дейди мумтоз мутафаккирларимиз, оламга келдинг, яшадинг, ундан соғ-омон чиқиб кетиш йўли қандай бўлиши керак?

Мумтоз адабиётимизда бу саволга жавоблар талайгина. Биргина ҳазрат Наовийдан мисол келтирсак:

 

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ…

 

Саодатга элтувчи билим шумикин? Урушлар, кибрлар учун эмас, завқлар, ҳайратлар учун яратилган инсон боласи нима қилсин? Буюк ёлғонлар қайси ва буюк ҳақиқатлар қайси – шуларни кўрсатиб берадиган адабий кашфиёт ҳақида сўз юритилмоқда-ку?

Қуёш эса ботиб бормоқда.

Кузги яйдоқ далага қараган ёлғиз киши нималарни ўйлар экан? Ёшлик шавқига тўла қалблар келгусида етиладиган мўл ҳосилларни тасаввур қилади ва умр жуда узунлигини ёдга олади. Худди шу манзарага боққан кекса киши бу экин даласини яна қайта кўрармикинман, деб ўйлайди.

Муаммоларни пайдо қиладиган ҳам, уни бартараф этадиган ҳам инсоннинг ўзидир.

Барча келтирилган мисоллар билим кераклигини кўрсатиб турибди. 2016 йилда биология соҳаси бўйича Нобель мукофоти генетика олимларига берилди. Улар кашфиётининг мазмуни шуки, бирон тасодиф туфайли зарарланган инсон гени “ортга қайтиб”, ўзини қайта тиклаш хусусиятига эга экан. Инсоният ҳам ортга бир одим қайтиб, ўзини-ўзи тиклай оладими? Тикласа, қай манзилга қайтади? Ушбу мукофот соҳиби, дунёнинг бутун бойликларини или-фанга йўналтириши керак, деган фикрда. Энг сўнгги технологиялар ортида фан турибди. У эса, инсоният йўқотиб қўйган муҳташам ўзликни топишга кўмаклашади, дейди.

Булар зиддиятлар бўлмай, нима бўлсин?

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Академик Бахтиёр Назаров (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!) айтганидек, сўнгги йиллар ўзбек адабиётида ҳаётга, тарихий воқеликка, тарихий шахсларга янгича ёндашув, “янгича фикрлаш тарзи намоён бўлди.” Бундай янгиликнинг ёрқин мисоли Сизнинг “Алишер Навоий” номли романингиздир. Қарийб чорак кам бир асрдан кейин устоз Ойбекнинг “панжасига панжа уриш” учун отнинг калласидек юрак, Тангритоғдек жасорат керак. Бу дадиллигингиз ўз самарасини берди деб ҳисоблайман. Бу асарингизда баён қилиш услубингиз бошқа асарларингиздан тубдан фарқ қилади. Муаллиф нутқи худди улуғ Навоий табиатига мосдек, оҳанг – босиқ, сокин, тиниқ, оҳиста ва ўйчан таассурот қолдиради. Умуман, тарихий мавзудаги асарларингизда воқеликнинг қайси жиҳатига кўпроқ эътибор берасиз? Тарихий шахс образигами ёки воқеагами?

 

Исажон СУЛТОН: — Аслида, ҳар бир китобхон ёки ижодкор каби, мен ҳам ҳазрат Навоийнинг болалик чоғларига жуда қизиққанман.

У зот дунёга келганига деярли олти юз йил бўлган бўлса-да, шунча олисдаги тарихга кўз ташлашнинг ва у ўтмишни бугун билан бирлаштиришнинг ажойиб калити ҳам бордай эди. У – яралиш онларидан буён ўзгармай яшаб келаётган ҳайвонот ва наботот, яъни ўсимликлар, дов-дарахт, жониворлар, табиат ҳодисалари бўлиб, бугунимизнинг болалари ҳис қилган ҳайратлар билан ёш Алишер ҳайратлари ўхшашдай туюларди.

Шу сабабли, муҳтарам бобомизнинг болалик ва ўсмирлик чоғларини акс эттирган бир қисса ёзиш ниятида эдим. Асар тез ёзилди ва ўз-ўзидан дебочага айланиб қолди, авлиё бобомизнинг Самарқанддаги таҳсил онларини тасвирлашга эҳтиёж туғилди.

Услуб, мулоҳаза, топилмаларнинг аксарияти ҳазрат асарларида мавжуд. Масалан, барча яхши биладиган “Қурт жондин кечиб ипак бўлди” мисраларида кузатувчан болакайнинг чақноқ нигоҳини кўрса бўлади. “Онча борки, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” мисралари эса шоирнинг донолик палласидаги ҳикмат экани ойдинлашади.

Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга шайхлар билан беллаша оладиган тенгсиз билим эгаси бўлиб қайтди. Бироқ, у киши маълум муддат навкарлик совутини кийганини ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди. Хондамир у зотнинг Хожа Ҳасан Арҳангий қўлида навкар бўлиб хизмат қилганини айтади. Бошқа асарида эса Ҳусайн Мирзонинг рақиби Ёдгор Мирзони Алишер Навоий қўлга олганини таъкидлайди.

Недир сабаблар билан асарлардан ўрин олмаган жиҳатлар ҳам анчагина ва улар илмий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлгани ҳолда, бадиий асарга муҳрланиш онларини кутиб турибди.

Шундай қилиб, Навоий давридаги кишилик ҳаёти турли-туман манбалардан тўплана борди. Айтайлик, шаҳар ва вилоятлар ўртасидаги масофаларни ўлчашда замонавий хариталар қўл келган бўлса, Ҳирот иқлими тасвирида “Бобурнома”, Астробод иқлими таърифида Ибн Баттута саёҳатномаси кўмакка келди.

Маълумотлар ғояни ифодалашга хизмат қилсагина фойдали бўла олади. Иқлимнинг ўта нам эканлиги туфайли, у зот дучор бўлган мафосил, яъни бод касали Астрободда зўрайгани бор гап. Бироқ, фақатгина саломатлиги ёмонлашгани сабабли Ҳиротга қайтишни истади десак, хато бўлар эди: Астрободда билим ва фасоҳатда Навоийга тенглаша оладиган аллома бўлмагани учун ҳам, Ҳусайн Мирзога қайта-қайта мактуб юбориб, Ҳиротга қайтишига изн беришини ўтинди десак, ҳақиқатга яқин келган бўламиз.

Бу мисолларни келтиришдан мақсад – воқеалар тарихий шахс сиймосини гавдалантиришга хизмат қилсагина бадиий асардан жой олишга ҳақли бўла олишини таъкидлаш эди.

Даврлар ўтгани сайин буюк мутафаккир бобомизнинг авлиё сиймоси янада равшан тортиб бораверади. У муҳтарам зот ҳақида ҳали кўплаб асарлар яратилади, албатта.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Энди бадиий услублар масаласига келсак. Асарларингизда воқеликни баён қилиш усуллари ўзига хос, оригинал ва ранг-баранг бўлиб, бу адабиётшунослар ўртасида турлича муносабат уйғотмоқда. Масалан, зукко адабиётшунос И.Ғафуров асарларингиз мутолаасидан олган таассуротларини “Исажон Султон бу – қип-қизил экзистенциализм!” деб якунласа, устоз Умарали Норматов, академик Бахтиёр Назаров, профессор Абдуғафур Расуловлар “постмодернизмнинг аъло асарлари”ни яратаётганингизни хурсандчилик билан таъкидлашади. Чиндан ҳам сўнгги йилларда асар структурасида озгина ўзгачалик бўлса, унинг мазмун-моҳиятидан, ўқувчига тушунарли бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар Ғарб адабиётига хос усуллар билан боғлаб “янгилик” деб аташдан ўзимизни тия олмаяпмиз. Аслида синчиклаб қаралса, бундай янгиликларнинг туб илдизи ўзимизнинг буюк Шарқ адабиётида  мавжудлигидан хабардор бўламиз. Ўзингиз бу ҳақда нима дея оласиз?

 

Исажон СУЛТОН: — Бу ҳақда шу йилнинг баҳорида Истанбулда ва куз бошларида Бурса шаҳрида бўлиб ўтган “Турк дунёси адабиёт фестивали”да ҳам сўз борди.

“Бизлар жамоавийликни севадиган ва бу хислат қон-қонига сингиб кетган халқмиз. Мисол учун, ғарб кишиси учун ёлғиз тушлик қилиш одат бўлса, бизда тушлик таомланиш эмас, мулоқотдир. Барча жараёнлар: маросимларимиз, тўйларимиз, анъаналаримиз шу асосга қурилган”.

Бу ажойиб фазилат ўзбек халқини шу давргача юз берган ижтимоий пўртаналардан соғ-омон олиб ўтди ва келажакка ҳам, она Ўзбекистон байроғи теграсида мустаҳкам жипслашиб, дадил юзланишининг асосий сабабларидан бири бўлишга ҳақлидир.

Мулоқотимизнниг аввалида ўзбек болалари қандай муҳитда вояга етиши ҳақида сўзлашган эдик. Ана ўша муҳитда экзистенциализм ҳам, бошқа барча унсурларнинг аломатлари бор.

“Жониворга, дарахту ўт-ўланга озор берма, қарғайди”, дейди улуғларимиз.

“Барча тутумларинг ва сўзларинг икки елкангдаги икки фаришта томонидан ёзиб олинмоқда”, деб уқтиради донишмандларимиз.

Табиат ҳодисалари – ёмғиру қорлар, шамоллар, фасллар билан одамдай гаплашган кишиларимиз бор. “Мунча эсавердинг, бўлди-да энди, ҳаммаёқнинг тўс-тўполонини чиқариб юбординг-ку” дейди оналаримиздан бири, шамолга қарата. “Вой бечора, қийналиб қолибсан-ку” дейди майсанинг кесак остида қолган танасини халос қиларкан.

Буларнинг барчаси кишиларимизнинг кучли хаёл қувватидан дарак беради.

Ўзбек халқи яратувчан халқ. Умуман, халқларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси унинг бойлигига қараб эмас. яратувчанлигига қараб баҳоланади. Дунёда ҳеч нарса яратмай, ҳашамга кўмилиб яшаётган ўлкалар ҳам бор. Бойликларнинг аҳамияти бўлганида, Од ва Самуд қавми энг мўътабар ҳисобланарди. Қисмат чархпалагининг ишини кўрингки, бой-бадавлат у қавмдан асар қолмади. Халқимиз эса оламга тафаккур даҳоларини туҳфа қилди.

Жилд-жилд фалсафий рисолаларда эмас, эл орасида учрайдиган оддийгина ривоятни қаранг: жаҳонгир султонлардан бири сафардан оламжаҳон ўлжа билан қайтади ва аъёнлари орасида уни халққа бўлиб бериш борасида ихтилоф чиқади. Султон бир ҳаким, яъни ҳикмат эгаси билан маслаҳатлашишга аҳд қилади. “Дардинг бор-йўғи иккита арпа донаси устида экан-ку, – дейди ҳаким, унинг сўзларини тинглаб. – Вазифангни бажар, уни халқингга тақсимлаб бер ва дуосини ол, токи сенинг салтанатинг фарзандларинг қўлида ҳам мустаҳкам турсин”.

Қанчалик устун бўлиб кўринмасин, айрим қарашлар, хусусан, Ғарбда устун бўлган тафаккур тарзлари Шарқ файласуфлари тилга олган юксак даражотларни изоҳлашда мушкулотга дуч келишади. “Борингни элга сарфла” дейдиган кишилар билан “Борингни ўзингга сарфла” дейдиганлар орасидаги фарқ бунга оддий мисол.

Кези келганида яна бир мулоҳазани айтиб ўтсам. Бадиий тафаккурнинг янгиланишидан, унинг теран илдизларидан сўз очдик. Бугунги кунда муттасил ўзгараётган кўп қутбли дунёда жаҳоннинг иқтисодий маркази Шарқ томон силжимоқда. Иқтисодий векторларнинг бундай ҳаракати тафаккур марказларининг ҳам кўчишига олиб келади. Бор-йўғи, айтайлик, ўттиз ёки эллик йил ичида Марказий Осиё дунё иқтисодиётининг энг муҳим иштирокчиларидан бири бўлиб қолиши мумкин. Бундай вазиятда Ўзбекистон, қадимда бўлгани каби, Шарқ ва Ғарбни боғлаб турадиган энг асосий кўприкка, халқаро мулоқотлар, савдо, билим ва ахборот оқимларининг муҳим ўтказгичига айланади. Ҳозир юртимизда амалга оширилаётган улкан кўламли жараёнлар ана шу юксалишга тайёргарлик кўришни билдиради. Ўзбек халқи шу буюк қалқинишга тайёр бўлиши учун ҳам мамлакатимизда илм-фанга, технологияларга эътибор мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди.

Тилга олинган янгиланишлар адабиётимизга ҳам тааллуқли бўлади, албатта. Бир томондан, шиддатли ўзгаришлар мобайнида асосий ўзагимиз бўлмиш миллий ўзликни бадиий асарларга муҳрлаб берса, бошқа томондан, янги дунёга мос, миллий бадиий тафаккуримизни кўз-кўзлайдиган асарлар яратилади. Шу жиҳатдан олганда, ҳам юртимизнинг, ҳам адабиётимизнинг истиқболини юксак деса бўлади. Яъни, келгусида бизнинг ҳудудларда, бизнинг халқ яратадиган тафаккур маҳсуллари дунё учун янгиликка айланади.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Ўтган йили декабрь ойида Фарғонада Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан адабиёт кунлари ўтказилди. Бундай тадбирларда олий ўқув юрти жамоаси фаол қатнашади. Айниқса, севимли ижодкорлар билан учрашиш, суҳбатлашиш талабаларга чексиз завқ бағишлайди. Пайтдан фойдаланиб, Сиз билан филология факультети жамоаси алоҳида учрашув ташкил этди. Ажойиб суҳбат бўлди. Ўзингиз ҳам ёшларнинг китобхонлиги, топқирлиги ва билимдонлигини сездингиз. Яна бир воқеа ҳаммани хурсанд қилди. Кафедрамизда адабиётимизнинг энг истеъдодли, суюкли адибларини фахрий профессорликка қабул қилишдек яхши анъана бор. Ўзбекистон халқ ёзувчилари Саид Аҳмад билан Ўткир Ҳошимов аллақачонлар кафедрамизга фахрий профессор сифатида қабул қилинганлар. Мана, учинчи бўлиб шундай шарафли унвонга Сиз лойиқ топилдингиз. Бу билан табриклайман ва энди жамоамиз аъзоси сифатида  тез-тез келиб туришингизни сўраймиз. Яхши асарларингиз,  амалий ёрдамингиз билан ёш авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшасиз деган умиддамиз.

 

Исажон СУЛТОН: — Албатта, бу мен учун катта шараф ва масъулият. Бундай катта ишонч учун сиз ҳурматли устозга ва кафедра илмий кенгашига чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Суҳбатимизни ўқийдиган ёшларимизга шуни айтган бўлардимки, аудиторияларда устозлар маърузаларини тинглаб юрган бўз йигитча келажак қандай бўлишини тасаввур қилолмайди, албатта. Гоҳида ўйлаб қоламан: мураккаб қурилмалар бир неча ўн минг майда унсурлардан таркиб топгани каби, инсон тақдири зарра-зарра тўпланиб бино бўлармикин? У унсурлар албатта, тутумлар, қилмишлар, муносабатлар ва тилаклардан юзага чиқади.

Бир киши умри мобайнида ўртача саксон минг киши билан мулоқотда бўлар экан. Бу озми, кўпми? Хаёл қувватини ишга солиб, қиёмат шамоли қутураётган паллада кетиб борар эканмиз, йўл устида бу кишилар билан бир лаҳзагина кўришдик деб ўйласак, у ҳолда, уларга айтар сўзимиз не?

– Парвардигор сени мағфират қилсин!

– Сени ҳам.

Воқеанинг кўлами шундаки, бу – икки биродарнинг, қўни-қўшнининг, заҳматкаш отанинг, мушфиқ онанинг фарзандига айтар сўзигина эмас, оламдаги барча кишилар бир-бирига чин дилдан айта оладиган юрак сўзидир:

– Мени дуо қил.

– Сен ҳам!

Авлиё бобомиз Алишер Навоий эса, олти аср наридан туриб, ёруғ олам кишиларига ҳаёт хулосаларини йўллайди. :

 

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Мазмунли суҳбат, батафсил жавоблар учун раҳмат!

 

2023

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting