Адабиёт деган тушунча ўзининг ёнгинасида Дунё деган тушунчани етаклаб юради. Ва ҳеч қачон тескариси бўлмайди, яъни дунё адабиётни етаклай олмайди. Тескариси бошланган куни адабиёт ўлади.
Негаки, адабиётнинг сарҳадлари дунё сарҳадларидан бир неча баробар катта, катта, ва яна катта.
Негаки, дунё сарҳадларида юриб ва юрмай турган ким-нималардир, адабиёт сарҳадида эса бутун тирикликнинг тафаккури бор. Тафаккур сиғими танга боғлиқ бўлмаганидек, адабиёт ҳам дунё сарҳадларига сиғавермайди.
Шу сабаб балки хоҳласак, хоҳламасак-да дунё ташвишларидан узоқроқ бўлган адабий намуналар руҳимизга кўпроқ ёқаверади.
…Дунё жилва қилиб олдима келди,
Боргил дея кетига шатталаб ўттум. (Машраб)
Ёки:
Ёз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти. (Бобур)
Бунақа дарвешона адабиётнинг ҳар бир давр учун маънавий озуқа бўлиб келаётгани ҳам бунга мисол.
Ўз даврини қўя турайлик, ҳатто советлаштирилган адабиёт даврида ҳам бу озуқа таркиби айнимади. Бузишга, айнитишга, узоқлаштиришга уринишлар авж паллада бўлганда ҳам, Умар Хайём, Яссавий, Машраб, Навоий, Фузулий, каби сафи адоқсиз ижод аҳлининг ёзмишлари тилдан тушмаган.
Бир қўлда Қуръон-у, биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Феруза гумбазли осмон остида,
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом. (Умар Хайём)
Ҳар қандай ҳукми қарор маълумгина даврда, маълум даврадагина ижрода бўлади аслида.
Совет сиёсати ҳам бундан ҳоли бўлолмаганидек, ҳозир ҳам.
“Баъзан шундай бўладики, ижтимоий-сиёсий давр адабий иқлимни ямлаб-ютиб юборади. Шундай муҳитда фақат буюк истеъдод эгасигина давр ва муҳитнинг бетонланган заминини тешиб-ёриб чиқиши мумкин. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида Қирғизистондаги адабий-ижтимоий муҳитни енгиб чиқиш Чингиз Айтматовга осон бўлмаган. Кўкрагида олтин юлдуз ярақлаб турган Али Тўқомбоевга ўхшаган кимсалар уни мажақлаб ташлашга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, Чингиз Айтматов уларнинг қадр-қимматини йўқотган тоғ-тоғ асарлари орасидан ёриб чиқибгина қолмай, Ўрта Осиё ҳудудларидан четда жилва бериб улгурмаган қирғиз адабиётини дунё миқёсига олиб чиқди. Унинг асарлари инсониятнинг фикрлаш тарзини, дунёқарашини, бадиий ижодга бўлган муносабатини кескин ўзгартириб юборди. Қарийб шунга ўхшаш ишни ўтган асрнинг 20-йилларида Чўлпон эркталаб шеърлари ва Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” романи билан, 40-йилларда Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Вақт” шеърлари ва Ойбек “Навоий” романи билан, 60-йилларда эса Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига янги руҳ олиб кирган асарлари билан амалга оширган эдилар. Бу шеърларни ўқиган кишиларда ҳам, жамиятда ҳам силкиниш рўй берган. Адабиёт жамиятга таъсир қилиш кучини яна бир бор намойиш қилган.” (Наим Каримов, “Нажот адабиётда” мақоласи, “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон)
Нега айнан бу парчани келтирдим? Зеро бугун ҳам жамиятни, кишиларни силкитувчи, уйғотувчи адабиёт йўқ эмас. Биз эҳтиёжимиз сабаб, нажотни адабиётда билганимиз сабаб улар ҳақида тўхталаверамиз. Мавзуга чақираверамиз…
Бугунда кимлар ижод қиляпти? Албатта, йигирманчи асрнинг энг кенжа авлодлари ва йигирма биринчи асрнинг ижтимоий тармоқлашган вакиллари.
Ва юқорида урғу берганим дунё ташвишларидан қочишга уринаётган адабий авлод.
Матбуот қоғоздан олдин интернет тўлқинларида юз очаётган бир замонда, ижодкорларимизни ҳам ундан айри тасаввур қила олмаяпмиз.
Ёш ижодкор Хуршид Абдурашид билан “Пегас” портали учун қилган суҳбатимизда у ўзининг илк ижод намуналарини “Шарқ юлдузи”, “Гулхан”, “Тонг юлдузи”, “Ёшлик” сингари газета-журналларда бериб борганини, ва нашрларга ўзи муҳаррирлик қилганини (айтишича бу нашрлар одатда ўн икки вароқли дафтарлардан иборат бўлган) эслаган эди.
Эҳтимол, бошқа ижодкорларимизда ҳам бўлган ўша дафтарлар ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда турли шаклларда фаолият юритиб турибди.
Бек Али, Суҳроб Зиё, Жонтемир, Шаҳриёр Шавкат, Рашид Хўжамов, Наргиза Одинаева, Мадина Норчаева, Башорат Отажонова, Феруза Хайруллаева каби бир қанча ижодкорлар бугуннинг шеърият чархпалагида тиним билмай айланиб турибди.
Кимдир бу чархпалакни сувсизликда, кимдир занглаганликда, яна кимдир умуман чархпалакни ўзини тан олмай тургани ҳам бугуннинг гапи.
Таассуфки, чархпалак сувга тушиб бўлган, ва биз юқорида эсга олган дарвешона адабиёт каби, борингки унга умуман тескари бўлса ҳам ўз атроф-жавонибига сувини ҳам, зангини ҳам сингдириб улгурган.
Айни дамдаги ишимизнинг мақсади — чархпалакда айланиб турган лирик маҳсулларнинг қанчалик унумдор-унумдор эмаслигини аниқлаш, ёки чархпалагимизга нималардан занг етаётганлигини бироз бўлса-да ўртага чиқара олиш.
Йигирманчи аср бошларида ғарб адабиётида “Декадентлик” тушунчаси бор эди ва маълум бир давр шундай номланди.
Кўплаб ижодкорлар ўз асарларида даврининг тушкун ва норози кайфиятини ифода эта бошладилар.
Буни қарангки, даврлар, кайфиятлар такрорланиб турар экан.
Худди шу кайфиятнинг бироз шарқона кўриниши йигирманчи асрнинг бошларида айнан ўзимизда ҳам бор эди. Замондошлари йиғлоқи шеърият дея атаган Чулпон ижодида, писсимистик кайфиятда деб қораланган Усмон Носир шеърларида чиндан ҳам бу кайфият устун бўлган ва бекорга эмаслиги ҳеч кимга сирлигича ҳам қолмади.
Давр ва кайфиятлар такрорланавериши шуки, бугунга келиб адабиётимизда яна ўша тушкун, норози кайфият борган сари кучайиб бораётганлигида. Ва биз юқорида танишганимиз лирик асарларнинг бугунги намуналари ва улардаги қаҳрамонларнинг маънавий аҳволоти билан қуйида қурбимиз етганича таниша борамиз.
“Адабиёт ўз даврининг иникоси” деган эди олдингилар. Хўп, бугуннинг иникочилари даврининг муҳитини ёритишда ўз қаҳрамонларини кўпроқ қандай рангларда тасвирламоқда? Кўплаб ёш (агар ҳали ҳам шундай деявериш мумкин бўлса) шоирларимизнинг ижоди билан танишганимиз сайин аминлашамизки, лирик руҳият борган сари тундлашиб, қўрслашиб бораётганлигига, шоирларимиз ўз айтимларини борган сари қорароқ ифодалаётганлигига…
Албатта, бу кайфият ҳам шоирларимизнинг шахсияти билан боғланган ҳолда сатрларда турли кўринишларда намоён.
Мансур Жумаев, Суҳроб Зиё каби баъзилари ўз норозилик ва ҳатто ғазабларини ҳам босиқлик билан, ҳалимликка ўраб, ҳикматлироқ ифодалашга уринадилар назаримизда:
“Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар жуссада топган ифодат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
Кўриниб турганидек, бу сўзларда анчайин ички хотиржамлик бор. Руҳият анчайин тинч ва нималардир хулосаланган. Чунки у дунё ва бандаларидан юқорида учиб юрибди.
Кейинги шоиримизнинг сатрлари ораси эса бироз туманли, ёмғир ёғиши ҳам, қор ёғиши ҳам мумкин бўлган бир об-ҳаво…
Суҳроб Зиё сўзлари:
“Аммо ичимизда ҳақни уққанмиз,
Ёддан чиққани йўқ кимликларимиз.
Қаранг, қоплаб ётар бутун мозийни
Жимликларимиз” (“Кўнгил елкани” китоби, 88-бет)
Лирик кайфият бироз сокин, бироз аламзада, таҳдидли ва жим. Бу кайфият эса биргина шоирники эмас, халқники, жамиятники. Шоирни эса охирги жимлик ташвишлантираверади.
Кейинги фикрларда ҳам шоир шахсияти билан боғлиқ (ижоди билан танишиш давомидаги хулоса) бўлган умумий босиқлик, ҳикмат улашишга уриниш сезилиб туради:
“Адашиш ҳам ҳикмат берар одамга:
Ўйлайди, бу жойдан уфққа йўл йўқ.
Қуёшга бу йўлдан бориб бўлмайди” (90-бет)
… Ва бу шунчаки кун ўтказаётган кишининг ҳикмати эмаслиги ҳам, мақсади майдароқ одамнинг адашишидан сўнгги хулосаси эмаслиги ҳам ойдай равшан ва унинг борар йўллари Қуёш нурларига туташиб кетган.
Ва лирик қаҳрамон маррага етгунга қадар фақатгина ойдай равшан ва қуёш нурларидан иборат йўлдан юра олмаслигини ҳам жиддий тушунади. Бу йўлда ойни қирқ ямоқ этак билан ёпиш, қуёшни тўсиш ҳолатлари борки, бу – сиёсат йўли, миллат йўли. Ҳар бир миллат шоирининг “марра”га интилган йўли:
“Бўронлар кутади толейимизда
Ким қолар заминга қадаб томирин
Эрта гуллаганлар хас каби учар.
Вазминлар қолади,
Қолар оғири.
Сапчима,
Титрама,
Буғилма,
Ўлма!
Юксалма кибрнинг мақомотида.
Дунё неъматига талабгор бўлма,
Айрилма Холиқнинг саховатидан.
Чин қушни парвозлар кутаётганда,
Пойига сочилган донни кўрмайди,
Гумроҳлар карвони ўтаётганда
Зотин унутмаган итлар ҳурмайди.”
Бек Али, Шаҳриёр Шавкат, Нажмиддин Эрматов кабилари эса бор кинояларини қош-кўзини ортиқча бўяб ўтирмасдан ўртага чиқараётганларига ўқирманлар ўрганиб ҳам қолишган:
Шоирнинг ўзи публицистик шеър сифатида изоҳлаб берган қуйидаги парчада бир уйғоқ юрак ва жамият ўртасидаги ҳамма аччиқ-тизиқлар “дангалига” айтилган-қўйилган:
“Чечаклар сўлмоқда – осмон мусаффо!
Гўдаклар ўлмоқда – осмон мусаффо!
Тобутлар қайтмоқда ўзга давлатдан,
Тобутлар қайтмоқда ҳарбий хизматдан.
Тозилар хотинни хўрлайверади,
Қозилар етимни зўрлайверади –
Фойда йўқ, қарғиш-у пушмонларингдан,
Ватанни тортиб ол
Душманларингдан…” (Ш. Шавкат)
Айни шу авлод вакили, ва кимлардир адабиётнинг ўзгинаси сифатида, кимлардир мутлақо қабул қила олмаётган ва олмайдиган ижодкор Жонтемир шеърлари эса мавзуларининг турфа хиллиги, ижодий чегарасининг кенглиги билан ажралиб туради. Унинг ҳам ижоди юқоридаги тенгдошлариники каби ғазабнок, аламнок ифодаларга тўлиб-тошганига қарамасдан бир шоирга хос бўлган камалак илҳом намуналари барибир эътиборимизда қолаверади:
***
Манов чинор бобомнинг
азонини эшитган
шохидаги чумчуқлар
учиб тушган беҳиштдан.
Момом
фаришта момом
пойидаги супада
чалқанча тушларини
ўнгаролмай ичикар.
Мен – шамолнинг зурёди,
Бу беқадр дунёда
шаталоқ отганча маст
тобора узоқлашиб
боряпман илдизимдан…
эҳе ҳе-э-э
тоғлар акс-садо бермас
йиғлаяпти қулунинг
тошлигинг ростми Ҳисор?!
Ер айланар,
жуволдиз юриб бир гул узволдим
энди излаб кетяпман
уни ҳидлаган ҳурни…
бобо,
чинор,
момо,
гул…
ёмғирдан дарак йўқ-ку
нега йиртиқ ёқам ҳўл?..
Шеър сарлавҳасиз. Уни ўқиган борки ўз ҳисларига турлича ном қўяверади: Соғинч, Бобо, Ҳисор, Момо, Чинор, Гул… дегандай.
Шеър эса ҳар бир сарлавҳа остида ўзини оқлай олади, товланаверади. Ранг-баранг ҳисларни бир нуқтада жамлай олган лирик мўжизалигича қолаверади.
Яна бир кузатувимиздаги шоир Насрулло Эргаш шеърларидаги тасвир ва ташбеҳларнинг камалаклиги назаримизга қанчалик ёруғлик берса, айни шу шоирнинг деярли етмиш фоиз ижодини босиб олаётган аламнок кайфият ўша ёруғлашаётган нигоҳимизни борган сари қийнайди.
“Турфа руйхатлар” шеърида ёзади:
“Бунча Худо билма дўстим ўзингни!
Ҳа шоир-да дема айтган сўзимни.
Сенинг қавминг ўзга, биз ёт бўлдикми,
Ёки кеча марсдан учиб келдикми?
Бунда ижарада турганмидик айт,
Ёки лайлак ҳайдаб юрганмидик айт?
Руйхатлар тузибсан узундан-узоқ,
Сенинг руйхатингда биз йўқмиз бироқ.
Ёки арпангни хом ўрганмидик, айт,
Сендан бирор имдод кўрганмидик айт?”
… Шеър шу таҳлитда давом этаверади. Шоир кундалик кимсаларга жавобнома тарзида битаверади…
Тўғри, шоир темир эмас, уни кундалик бўлсин жамики ноҳақликлар қийнайвериши табиий, аммо бунақа жавоб сифатидаги шеърлар нуқул ёзилаверса, шеърхоннинг ҳам шоир ва унинг “катта-кичик дўстлари” можароларидан боши чиқмай қолади-ку?..
Ва бу кайфиятнинг биз мухлисларга алам қиладигани, шоирларимизнинг ғазаб-нафрати борган сари кичрайиб, маълум давралар билан ўралашиб қолаётганлигида.
Яна алам қилаётгани, чин илҳом шоирларини шунақа чирик муаммолар билан ўраб ташлайверишимиз, шу тарзда юқотаверишимиз…
Олдиндан, аёллар шеърияти бир қадар ижтимоийликдан йироқ, лирик жиҳатидан тозароқ ёзилиб келган.
Шундай хулосалаймиз-у, кўз олдимизга Увайсий, Дилшоди Барно, Анбар Отинларнинг ижтимоий кайфият суқилиб кирган ижоди ҳам тизилиб келади.
Бу ҳолат бугунда ҳам бор. Ва ягона сабаб: ижтимоий дард, жамият дарди жинс танлаб ўтирмаслигида.
Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, ижодкор қалби – қийноқда, турли ҳодисалардан таъсирланиб кун кўришга маҳкум.
Нозима Ҳабибуллаева, Наргиза Одинаева, Мадина Норчаева, Феруза Хайруллаева ва шулар қаторидаги кўплаб шоираларимизнинг ижодига ҳам шу дарднинг суқилиб киравериши кўзга ташланади.
Наргиза Одинаеванинг ҳаёт чархпалагида обдон чайиб олинган, гўё йиллар эмас, асрларнинг энг оғриқли ( аслида энергияли) нуқталаридан ҳарфма- ҳарф териб олинган сатрларига эътибор беринг:
“Кўзларим кулиб тургай оловларга ботиб ҳам,
Чилдирмангни чалавер, мен бошқача ўйнайман!”
Бу сатрларга дафъатан йўлиқасиз. Ҳа, сизни уйғотиб юборадиган, титратиб юборадиган, ўзингизни ўзингизга эслатиб, ўзингизга сўзлатиб юборадиган сатрларга одатда шунақа “йўлиқилади”.
Шу икки сатрда икки дунё оралиғида ягона йўл қидираётган инсон қалби бор, ижодкор аҳди бор! Ва албатта Абдулла Орипов айтган ўша йигитлар мактубин қондан битган вақтда ҳам, ҳам моддиятни, ҳам маънавиятни нозик елкаларида тутиб тура олган аёл матонати бор.
Умуман, Наргиза Одинаева қаламининг изини кузатган мухлис учун юқоридаги ўйлар бегона эмас. Шоира шеъриятида аёллик назокатигина эмас, балки, ҳар қандай эркак зоти учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин бўлган улкан виждон бор:
“Сим-сим билан очилмас сирлар,
Коинотнинг яшил шарида…”
“Бу дунёга берган бор харжим –
Наҳот ўтсам чумчуқ кишт-киштлаб?!”
“Дундан ичкарида, дундан эшикда,
Йиғлаш фаросатин ҳаммага берсин!”
Юқоридаги фикрларимиз учун шу сатрлар етарлича исбот, хулоса ва ҳукм ҳам бўла олади деб ўйлайман.
“Зўрларнинг хивчини – узун тил,
Занжири тилида қулларнинг,
Нима деб овутай гулдонда
Оёғин туш кўрган гулларни?..
Мен жимман”.
“Қанча қадамларни орқага отдик,
Илдизлар қучоқлаб йиғлади ерни.
Дунё бир шеър билан оёққа тургай,
Шоирим, ёз ўша шеърни!”
“Лолалар тоғлардан сўзларга кўчмиш,
Менинг борлигимга кўзгу қай битик? –
Бобомнинг соясин пана қилганлар
Боламнинг кўзига қарай олса тик”
Юқорида келтирилган бандлар Нозима Ҳабибуллаеванинг айрим шеърларидан олинган.
Бобосининг сояси тугул ўзининг соясидан қочиб умр кечираётганлар изғиган бир даврда бутун жамият дардини ўз юрагида тартибга солишга уринаётган шоиранинг қалби нақадар жасоратли, қалам қоралашлари қанчалик беҳаловат-а!..
Хурсанд бўладиган, сени ҳам нималардир қилишга ундайдиган, кўнглинг печига кўмир ташлаб турадиган яна бир долзарб томони – биз юқорида тан олган мисралардаги мардлик, беҳаловатлик адабиётга янгигина кириб келаётган шоир ва шоиралар ижодида ҳам борган сари ёрқин кўзга ташланяпти. Миллат дардининг, кўнгилда борини кўзбўямачиликларсиз сўзга солиш жасоратининг тобора ёш ижодий муҳит доирасида авж олиб боришида, менимча, ҳеч қандай тақлидчилик, андоза олиш каби нимарсалар йўқ.
Биз умид кўзларин тиккан баъзи “Халқ шоирлари” да кутилмаган айниш кузатилаётганда, ҳафсала учун энергияни шу ёш қатламдан олсак яхшидир… Уларни тўғри тушунишга уринишимиз, ҳеч қурса, Нодира Офоқова айтгандай: “Туркий гулистоннинг соқов булбул туғиш”ининг олдини олар!
Дунё нисбий бўлгани каби, бизнинг тарафкашлигимизда ҳам давр нисбийлиги бор. Энди қўлига қалам олган бир ижодкор: “Алам қилар пиёз тўғраётганим, Амир Темур қиличи билан”, – дея қийналаётган бир пайтда, кўп йиллик адабиёт одамининг “пахтачилик таъсирига берилган” , берсанг ейман, урсанг ўламан тарзидаги туроққа солинган “гап” ларига дуч келсангиз, рости жирканиб кетаркансиз…
Юқорида келтирганимиз сатрлардаги Темур руҳи олдида, “Рости-русти” билан зийнатланган қиличи қаршисида ўзини бурчли, жавобгар санаб қийналаётган ижодкор – Нурмуҳаммад Абдузоирхўжа.
Бу ёш қаламкаш шеърияти билан яқин уч йил ичида танишман. Яхшигина йўлга қўйиб борилаётган “Хиёбон оқшомлари” шеърият даврасида, кўплаб бадиий овозларни кашф эта олган “ДУЕЛ” танловида, ва бошқа ижодий томонларда деярли ўзимга тенгдош бўлган шоир овозига қулоқ берарканман уни ўзимча кашф эта бордим.
Лекин, қуйида шоирнинг бироз аввалроқ ёзилган шеърларидан келтиришни истадим:
Эрлик бу – мардликдир, эрлик бурчингни
Бажаргин, то борсан тун-у кун ёниб!
Олтинга тўлдирма асло хўржунни,
Ҳаммоли бўлмайин десанг дунёнинг…
Булар ўн саккиз ёшли ижодкорнинг тафаккур маҳсули, энди эрликка қадам қўяётган ўсмир хаёлотининг яхлит режаси. Бу режа – дунёга келиб хўржунни, яъни кўнгилни фақат нафс сарқитлари билан эмас, балки эрлик орқали, мардлик орқали тўпланган савоб билан тўлдиришдан иборат.
Ҳозирги кунда бир аёлнинг турмуш ўртоғи маъносида ишлатиладиган “Эр” сўзи чиндан ҳам қадимги туркий тилимизда фақатгина мард ўғлонларга – Алпларга нисбатан ишлатилган. Ижодкорнинг буни билиши ва сўз маъносини янада ошириб бизга етказиб бера олиши ҳам бадиийликнинг бир бахти аслида…
Шоирнинг “Буратино” номли шеърида шундай бандлар бор:
“Бурнинг ўсиб ҳаддан ташқари
Кўз олдингни қўйган бекитиб,
Ҳақиқатга қарайсан ярим.
Ақлинг етмас ҳар бир тешикка
Шундан балки суқмоғинг бурун,
Қисилиб қолмасин бир кун эшикка.”
Мултик қаҳрамонини ҳажв қилиш орқали шоир буратинолашган мансаб бандаларини, бурнидан эшак қурти ёғилувчи кибр кимсаларини усталик билан танқид қилади. Эмаклай-эмаклай зўрға чиққан пиллапояларидан тўхтовсиз “қизиқишлари” сабаб бир зумда қулаб тушишлари ҳам мумкинлигини эслатиб қўяди.
Мана бу сатрий учликни ўйлаб кўринг:
“Қуёш бир кўз билан қарар барчага
Ёким бир кўзини қарарми қисиб,
Не фарқи бор бунинг сизларга?”
Бизнингча, адабиёт учун бадиий безак уйғунлиги билан биргаликда мазмун муҳимлиги ҳам ҳаводек зарур. Сатр бир қатор бўлса ҳам, мавзу жиддий ва катта бўлиши керак, инсониятни “майдалашишдан” асраб қолиши керак.
Юқоридаги уч сатрда эса Нурмуҳаммад Абдузоирхўжа буни баҳоли қудрат уддалай олган деб ўйлайман.
Кейинги вақтларга келиб эса, шу ёш шоиримизнинг ижоди ҳам биз юқорида сўз очган норозиликнинг айни ўзига айланиб боряпти. Бу бекорга эмас албатта:
“Аъёнга аёндир: тик турмас бўш қоп,
Эл-у юрт оч бўлса, чиқмас Муқанна.
Агар овлай олса бирор товушқон
Қорнини тўйдирган шул даштлар жаннат.
Бизга шеър керакмас,
Гап кирмас токи
Кулча еярканмиз қулоққа ўлчаб.
Очлик хира қилган кўзлар-ла ёки
Қила оласизми юлдузни мўлжал?!”
Феруза Хайруллаева ижоди (нисбатан) кўпроқ тушкунлиги билан ажралиб туради. Очиғини айтганда бир шоирнинг тўқсон фоиз шеърлари ғамбода сўзларга қоришиб ётса, буни фақат жамият дардига йўя олмайсиз.
Шоиранинг “излам” рукни остида чоп этилган “Тутқун” номли тўпламини варақларкансиз бу руҳ сезилмасдан қолмайди.
“Ая, йиғлаётган ёмғирни эшитяпсизми?..
Шамоллар айтдими сизга ҳам дардин?
Ҳовлимиздаги бодом гулламабди ҳамон,
Баҳорнинг кегани ёлғон”
– дея бошланади дастлабки шеър.
Шоир қалби бошқалар сеза олмаган, кўра билмаган дардларни, оғриқларни сезишга, кўришга қодир ва маҳкум. Аммо юқорида айтганимиздек, бутун бир шоир ижодининг тўқсон фоизи бунчалик тушкунлашиб боравериши шеърхонда ҳам доимий эзғин кайфиятдаги инсонни ясаб қўйиши мумкин.
Кейинги саҳифада:
“Хонамга ичкари қулфларни урган,
Ичкари – дунёдан безиган тақдир.
Дераза рахида гулларим сўлган,
Дераза рахидек қирсиллар бағир.”(7-бет)
Ундан кейинги саҳифа:
“…Фариштага айланар одам,
Жим ўтирганча,
Ичкарига қараб йиғласа
Ичикиб-ичикиб ўзига.
Бинобарин манови саёқ
Ҳозир мендан бахтлироқ!..” (8-бет)
Яна…
“…Тугадим, тугадим, тинмадим гоҳо,
Сийладим ўзимни дунёлар билан.
Асрадим бахтлардан икки кўзимни,
Теграмда чайқалиб рақс тушди туман” (10-бет)
Ва:
“Бир кун ғам хабари боради сизга,
Менинг кетганимни шивирлаб сокин
Дард кўмиб қўйилган кўзларингизга
Сочиб юборгани севгимнинг хокин” (11-бет)
“Мен юқолиб боравераман
Шифтга тикик кўзларим ичра.
Куйик ҳиди келар атрофдан –
Бу шаҳарнинг кунлари қуйқа” (13-бет)
“Ишқсиз маконимга қайтаман оғир,
Тўкилиб-тўкилиб кулар зиналар.
Зимистон куйига маст бўлган хонам
Оёғимни қучиб унсиз ўрмалар” (14-бет)
“Эшик тутқичининг товуши ғўзал
Жаранглар ёлғизлик оҳанги аро.
Мен сезиб турибман галдаги ишонч
Эрта саҳар чоғИ қилишин қазо” (15-бет)
“Майлими, кейинроқ гаплашсак,
Йиғлагим келяпти ҳозир жуда ҳам…” (16-бет)
Ва шеър охиригача шу кайфият ва шундай якун…
Истеъдодли шоирамиз бор бадиий маҳоратини аллақандай тушкунликка “тутқун” бўлиб қолган ўйларга сарфлайверишини сезиб бориш бир кузатувчи сифатида каминани ҳам ташвишлантиради.
Ва бу ерда ижодкорнинг ички психологик оғир кайфияти ҳам устун бўлиб, уни ҳадеб ўқувчига йўллайвериши маълум ижод маслакларига ҳам мос тушавермаса керак.
Тилланисо – қиз боланинг онаси билан ҳал қилиб олиши мумкин бўлган масалаларни адабиётга олиб кириб мураккаблаштиришга уринаётган ижодпараст.
Бу ном билан бугунги адабий даврадан хабардор ҳар бир шахс таниш бўлгани учун ва ишимизга бироз алоқадорлиги учун келтирдимки, ундан олдин ҳам, кейин ҳам бошқа изоҳим йўқ.
Азиз Юсупов — адабий даврада нисбатан ёш бўлишига қарамай, бу шоиримизнинг деярли ҳар бир шеъридан эшитилаверадиган Эрк барибир эътиборни тортмасдан қолмайди. Шу турдаги шеър-у сатрларга юз буриб бораётган бугунги адабиётимизда улар яна бир яхши тўлқин эканлигини ижод билан танишиш давомида бевосита сезасиз.
Бўйсунмас, жайдари, шарттаки руҳ ўрин танлаб ўтирмасдан шеърларнинг деярли ҳаммасида кезиб юрганини, ва энди бошқа жойга кета олмаслигини ҳам тушунасиз.
“Қуруқ дийданг билан ютоқиб,
Ўйла фақат уммон ҳақида”
(“Сабо садоси” 11-бет. Шоирнинг биринчи китоби)
Одатда, дийдаси қуриб ётган бирига дуч келсангиз, у бир томчигина сув сўрайди. Ҳа, айнан “бир томчи” жумласи шундай вақтда тилдан чиқади. Аммо, ёш шоиримиз шуни хоҳлайди: ўша томчига зор вақтда ҳам уммонларни талаб қилишликни, томчига зорликдан йироқ бўлишликни.
“Тунни ёр, абрлар сўкилсин,
Зарбингдан буралиб, эшилиб!
Фусунга тўйингач, жимгина
Оқиб кет ёмғирга қўшилиб…”
Жўмард қаҳрамонимиз ҳатто тонгни ҳам кутиб ўтиргиси йўқ, туннинг бағрини ёриб бўлса-да, майсалар (абрлар)ни дунёга кўрсатгиси келаверади. Тезроқ, тезроқ табиатни яшилликдан хабардор қилгиси келади.
У ўзига аён шоирлик мақомининг қайсидир бир лаҳзасини шунда-да кўра олади, ва кейин ёмғирга қўшилиб оқиб кетишга ҳам рози.
Эркин Аъзамнинг “Атойининг туғилган йили” – шарттакилик қиссаси (муаллиф изоҳи).
Гарчи ёзувчи бироз холисликка уриниб, қаҳрамонига шундай “айб” таққан бўлса-да, қиссани ўқиган борки, айнан ўша шарттаки образни, унинг айни замон ўта камёб бўлиб қолган характерини ёқтириб қолади.
“Кесилмаган боши эгик оломон” (“Бу ерлар сокиндир” шеъри) ҳам аслида шунақа шарттакиларга жуда зориққанини англаса ажаб эмас. Қуйидаги шеър ижтимоийликдан анчайин йироқ эса-да, шоир ижодининг умумий кайфияти барибир сезилиб туради:
“Нигоҳим сепилган кўчадан
Заъфарон ҳамдиллар кузатди –
Мен сени шом тўккан кечага
Бир томчи ёш тўкмай узатдим:
Боравер,
Тақдирга бетма-бет,
Юзига терс қараб дилимнинг.
Кетар чоғ яхшилаб силтаб кет,
Енгингга ёпишган қўлимни.” (“Сабо садоси”)
Мана бу тўртликда эса, бугунги шеъриятнинг умумий кайфиятига хос бўлган “ҳафсаласи пирлик” бор:
Қачондир тушингда кўрганинг,
Соҳиб ким, қиронлар ким чиқди?!
Сўз борми бундан-да теранроқ –
Эртак деб билганинг чин чиқди. (“Талпиниш” шеъри,44-бет)
Келинг, худди шу қаҳрамоннинг бироз шиддаткорроқ, чегарасизроқ характердагиси иштирокидаги шеър билан тўлиғича танишамиз:
Чегарага келиб босар хавотир,
Бўғиб борар турғунлик, тинлик.
Мен ўз туримнинг энг охирги зоти –
Қаноти қирқилган эркинлик.
Мен ҳам ачинмайман, сиз ҳам ачинманг,
Ачинарли эмас ҳаётим.
Ниҳоялаб қолди ичимдаги жанг,
Бир кун ўсиб чиқар қанотим.
Дийдам қаттиқ эмас, ишончим қаттиқ,
Еркўзим осмонга қадалган.
Шамол қитиқлайди гўдак қанотим,
Чегара… бузиш-чун яралган! (“Чегарасиз” шеъри, 28-бет)
Шеърни ўқиб келаётган кишига ундаги руҳ анчайин тушкундай, таслимдай туюлади дастлаб. Аммо, бу узоққа бормайди, шоирқалб ғалаён қилади.
“Ниҳоялаб қолди ичимдаги жанг, Бир кун ўсиб чиқар қанотим” деган ишончини, “дийдам қаттиқ эмас, ишончим қаттиқ” дея имонини (имони мустаҳкам одамда ишонч бўлишини биласиз), “Чегара бузишчун яралган” қабилидаги хулосаларини ўртага ташлайди.
Шеър билан таҳдид ҳам қилар шоир сўзи. Зеро, шоир ишончини оқлаш жамият чекига тушган давраниш. У таҳдидгача бораётган экан, нафақат айни замон вакили, балки, авлод-аждодларининг ҳам ишончига хиёнат қилиниб келинаётган бўлиши мумкин…
“Дантес – сиёсатдир, сиёсат – қўрқоқ.
Яхши биласиз-ку Пушкинни мендан
Жимгина сўллайиб турган у сўллоҳ
Касларнинг шаллақи кўзи секундант…
Лермонтов, Лермонтов, тепкини босмадинг, нега?
Биргина ўқ, бир ўқ етарди холос..
Бошига тегарди, ёки кўксига –
Ва тирик қоларди – иймон, эҳтирос!
Усмон – юрагимни ғажийди итлар,
Усмон – қабргача такрорлар шеърим!..
Ангори, қалами, қалби иркитлар
Сени маҳв этдилар, паҳлавон шерим!”
… Ҳаммаси эмас. Сўнгигача шу йўсинда – минглаб шоир юракларни ямламай ютган сиёсатга нафрат йўсинида давом этаверган.
Жангари шоир – Жонтемир қаламига мансуб шеър.
Шеърда шоирлар ва сиёсат ўртасидаги аслида азалий кўринмас бўлган кураш шундоқ кўзга ташланиб туради.
Аслида, кўпроқ гўзаллик шайдоси бўлган шоир зотининг сиёсатга ўралашавериши, қайсидир маънода у билан курашиб яшаши ўта аянч бир ҳодисот.
Лекин, адабиёт тарихида, давлатлар тарихида бу такрорланаверади негадир. Шоирлар бу ўйинларга ўралашиб қолаверишлари, аянч тақдирнинг эгасига, ўйиннинг қурбонига айланиб қолаверишлари асрлар давомида адабиёт бағрида тузалмас яралигича қолаверади. Ўйинда қурбонлар эмас, мағлублар бўлади одатда. Лекин шоирлар мағлуб эмас, фақат “қурбон бўлиш”лари мумкин.
Юқоридаги шеърда ҳам айнан ўша қурбон бўлган шоирлар қисмати, уларга бўлган чексиз ҳурмат ва ер-у кўкка сиғмаётган соғинч бор.
“Мағлуб” шоирларни эса, куни кечаги бўлса-да эслаш қийин. Эсланса ҳам, фақат мағлубликлари эсланади.
Қўрқоқлар эса хавфли бўлади. Адабиётга алоқаси бўлса, урди Худо! Миллат ичагига тушган қуртдай гап. Иштаҳасини очаверади, очаверади, ҳеч қачон тўйдирмайди.
Бизнинг таърифимиз бўйича: “қурбон бўлган”, Усмон Азим таърифича: “ҳалок бўлган” (“Сўнгсўзлар” китоби) шоир – Рауф Парфи Ўзтурк: “ Сиёсатдаги ёлғон кечирилади, аммо, адабиётдагиси кечирилмайди. Шунинг учун мен адабиёт тарафда бўла қоламан” – деган эди мухлислари билан бир суҳбатида.
Бизнингча, шоир айтган адабиётдаги ёлғон – сиёсатдаги ёлғоннинг олиб кирилиши бўлса керак ҳар ҳолда. Шоир эса, сўзида турди, “тутинган онаси” – адабиётни шу ёлғонлардан ҳимоя қилишга тикди умрини.
Сўзимизнинг бошланмасида ёш шоирларимиз ижоди айланиб турган чархифалакка занг нималардан ёпишаётганини аниқлашга уринаётганимизни маълум қилган эдик. Мана ўша занг босиб бораётган чархифалакнинг табиий ижоди – юқорида келтирган ва қуйида келтиражак сатрларимиз…
“Осмон, ҳолинг недур?
Юлдузга талош…
Турон, ҳолинг недур?
Минглаб айри бош…
Ҳурлик, келсанг-чи?
Топ ўзинг имкон…
Миллат, турсанг-чи?
Қўймайди замон…
Юрак урмайму?
Қўрқувга эшдур…
Шундай яшайму?
Ўлганинг пешдур…” (Нажмиддин Эрматов)
Кейинги пайтларда айтарини борича, тилига келганча сўзлар билан тўкиб-солиш, “адабий қарғишлар” биз истеъдодли сифатида таниган деярли ҳамма ижодкорнинг ёзиқларида авж олиб бормоқда.
Ўткир Ҳошимовда “Нега, нега?!.” деган ҳикоя бор. Ҳаммаси англашилиб турган бўлса-да, ҳикоя шундай тугаган. Изтиробли якун.
Бугунги шеърият таҳлилига киришган борки, шу саволларга кўмилиб қолаверади. Нега? Нега бунча мунгли? Нега бунча ғазабли? Ташбеҳлар, ташхислар бунча “ачинарли”?..
Англашилиб туради ҳаммаси, англашилиб турганлари кўпроқ қийнайверади.
Кимнидир бир дунё дардини тинглаганингиздан кейин ишониб-ишонмай тасалли берасиз.
Бизнинг тасаллимиз ҳам, тилагимиз ҳам шу: Ҳар бир шоирга шеърларининг энг ёруғ нуқталарида, саодатли, ҳур паллаларида яшашлик насиб қилсин.
Гулранг Убаева