Америкаликлар нега аждарлардан қўрқишади?

1
311

 

(эссе)

Урсула Ле Гуин

 

Фантастика ҳақида бироз гаплашсак дегандим. Аммо охирги вақтларда тасаввурларимни унчалик ишга сололмаяпман ва нима дейишга ҳам ҳайронман; шунинг сабаб фикрлашиш илинжида одамларни суҳбатга тортишга уриндим. «Фантазияга нима дейсан? У ҳақида нимадир сўзлаб бер» деди дўстларимдан бири. «Яхши, мен бир фантастик ҳодисани гапириб бераман. Ўн йил аввал қайсидир шаҳардаги болалар кутубхонасига боришга қарор қилдим ва «Хоббит»ни сўрадим; кутубхоначи менга «О, биз уни фақат катталар бўлимида сақлаймиз; бу хаёлий асар болаларга фойдали деб ҳисобламаймиз» деди.

Дўстим иккимиз қотиб кулдик, охирги ўн йил ичида ҳамма нарса ўзгариб кетганини англадик. Бундай фантастик асарлар борасидаги аҳлоқий цензура ҳозирда болалар кутубхоналарида камдан кам ҳолларда учрайди. Аммо болалар кутубхоналари чўлдан водийга айланган, шундай бўлса-да бу дегани чўллар йўқ дегани эмас, албатта. Ўша кутубхоначининг нуқтаи назарида эса ҳалиям мавжуд. У шунчаки американча феъл-атворга хос ўзлигини намоён қилди: фантазияни аҳлоқан қабул қилолмаслик, бу шунчалик кучли ва шунчалик тажовузкор эдики, мен бу нарса қўрқувдан ҳосил бўлганини кўрмай қолмасдим.

Хуллас: Нега америкаликлар аждарлардан қўрқишади?

Саволимга жавоб беришга уринишдан олдин, айтишим керакки, аждарлардан фақат америкаликларгина қўрқишмайди. Мен деярли барча юқори технологиялар замонида яшайдиган халқлар озми-кўпми, антифантазия эканлигига ишонаман. Бир неча миллий адабиётлар борки, уларда бизникига ўхшаб сўнгги бир неча юз йил давомида катталар фантазияси анъаналари бўлмаган: масалан, французларда. Аммо немислар ҳам бор, улар яхши даромадга эга; ва яна инглизлар, улар ҳам даромад топишни яхши кўришади ва бошқалардан кўра буни яхшироқ уддалашади. Демак, аждарлардан қўрқиш шунчаки ғарбга ёки технологик тараққиётга хос эмас. Лекин мен бу улкан тарихий саволларга киришишни хоҳламайман; мен замонавий америкаликлар ҳақида гапираман, улар ҳақида гапириш учун етарли даражада тушунчам бор.

Америкаликлар нега аждарлардан қўрқишади деб ҳайрон бўлиб, улар нафақат антифантазия, балки умуман антификр эканлигини тушуна бошладим. Биз, халқ сифатида, тасаввур оламининг барча асарларига шубҳа ёки нафрат билан қарашга мойилмиз.

«Хотиним роман ўқийди. Менинг вақтим йўқ.»

«Мен ўсмирлик чоғимда ўша илмий-фантастик нарсаларни ўқиганман, лекин ҳозир ўқимайман.»

«Эртаклар болалар учун. Мен ҳақиқий дунёда яшайман».

Ким шундай гапиради? “Уруш ва тинчлик”, “Вақт машинаси” ва “Ёз кечасидаги орзулар” асарларини бундай мукаммал ишонч билан рад этган ким? Мен қўрқаманки, кўчадаги манави меҳнаткаш, ўттиздан ошган америкалик эркак – шу мамлакатни келажакда бошқарадиган одамдир.

Бутун фантастика санъатини рад этиш Американинг бир қанча хусусиятлари: биздаги пуританизм[1], иш одобимиз, манфаатпарастлигимиз ва ҳатто жинсий одатларимиз билан боғлиқ.

“Уруш ва тинчлик” ёки “Узуклар ҳукмдори”ни ўқиш аслида “жиддий иш” эмас – буни завқ учун қиласиз. Ва агар буни таълим ёки ўз-ўзини такомиллаштириш деб оқлаш мумкин бўлмаса, унда Пуритан қадриятлари тизимига кўра, бу фақат ўз-ўзини севиш ёки реалликдан қочиш бўлиши мумкин. Пуритан учун завқ қадрият эмас; аксинча, гуноҳдир.

Худди шундай, тадбиркорнинг қиймат тизимида, агар бирор ҳаракат дарҳол аниқ фойда келтирмаса, у ҳеч қандай асосга эга эмас. Шундай қилиб, Толстой ёки Толкенни ўқиш учун баҳонага эга бўлган ягона одам — инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, у бунинг учун маош олади. Аммо бизнинг бизнесменимиз вақти-вақти билан ўзига бестселлерни ўқишга рухсат бериши мумкин: бу яхши китоб бўлгани учун эмас, балки энг кўп сотилгани учун – у муваффақият ва пул келтиради. Пул майдаловчининг ғалати мистик фикрига кўра, бу унинг мавжудлигини оқлайди; уни ўқиш орқали у муваффақият кучи ва моҳиятида бироз иштирок этиши мумкин. Агар бу сеҳр бўлмаса, унда билмадим нима экин.

Охирги элемент – жинсий элемент мураккаброқдир. Умид қиламанки, агар бизнинг маданиятимизда бу антификсона муносабат асосан эркакларга хос деб ҳисобласам, мени бунга мойил деб тушунмайсизлар. Америкалик ўғил болалар ва эркаклар одатда маданиятимизни «аёлсифат» ёки «болаларча» деб таърифлаган баъзи хусусиятларни, инсоний қобилият ва иқтидорларни рад этиш орқали ўз эркаклигини исботлашга мажбур бўлади. Ва бу хусусиятлар ёки имкониятлардан бири, ҳушёр ҳақиқатда, инсоннинг мутлақ муҳим тасаввур қобилиятидир.

Шунча гапни айтдим, энди эса луғатга ўтаман.

Қисқа Оксфорд луғатида шундай дейилган: «Тасаввур. 1. Тасаввур қилиш ҳаракати ёки ҳис-туйғуларга ҳақиқатда мавжуд бўлмаган нарса ҳақида ақлий тушунчани шакллантириш; 2. Ҳали мавжуд бўлмаган ҳаракатлар ёки ҳодисаларни ақлий мулоҳаза юритиш.

Жуда яхши; мен, албатта, «мутлақо муҳим инсоний қобилият»га йўл бераман. Аммо ҳозирги мавзумизга мос келадиган таърифни қисқартиришим керак. Демак, «тасаввур» деганда мен шахсан ақлнинг ҳам интеллектуал, ҳам ҳиссий эркин ўйинини назарда тутяпман. «Ўйин» деганда эса дам олиш, қайта яратиш, маълум бўлган нарсаларни янгилик билан қайта тиклашни назарда тутяпман. «Эркин» деганда ҳаракатнинг бевосита фойда олиш объектисиз — ўз-ўзидан амалга оширилишини назарда тутяпман. Бироқ, бу ақлнинг эркин ўйнаши ортида фикр, мақсад йўқ бўлиши мумкин дегани эмас; мақсад жуда жиддий объект бўлиши мумкин. Болаларнинг хаёлий ўйинлари, аниқки, балоғат ёшидаги хатти-ҳаракатлар ва ҳис-туйғуларни машқ қилишдир; ўйнамаган бола етук бўлмайди. Катталар онгининг эркин ўйинларига келсак, унинг натижаси уруш ва тинчлик ёки нисбийлик назарияси бўлиши мумкин.

Озод бўлиш, ахир, интизомсиз бўлиш дегани эмас. Айтишим керакки, тасаввур интизоми аслида санъат ва фаннинг муҳим усули ёки техникаси бўлиши мумкин. Бизнинг пуританизмимиздаги интизом — қатағон ёки жазо деган маънони англатади, бу эса мавзуни чалкаштириб юборади. Бирор нарсани тартибга солиш, сўзнинг тўғри маъносида олсак, уни бостириш дегани эмас, балки уни ўргатиш — шафтоли дарахти ёки инсон ақли бўладими, уни ўсиши, ҳаракат қилиши ва ҳосилдор бўлишига ундашдир.

Менимча, кўплаб америкалик эркаклар аксинча ўргатилган. Улар ўзларининг тасаввурларини бостиришни, ўзини болаларча ёки аёлсифат, фойдасиз ва эҳтимол гуноҳкор сифатида рад этишни ўргандилар.

Улар бундан қўрқишни ўргандилар. Аммо тартибга солишни ўрганмадилар.

Ҳозир мен тасаввурни бостириш мумкинлигига шубҳа қиламан. Агар боланинг хаёлотини таг томири билан йўқ қилсангиз ҳам у бақлажондек ўсиб бораверади. Бизнинг жамийки ёвузликка мойиллигимиз каби тасаввур олами ҳам ташқарига отилиб чиқади. Лекин агар у рад этилса ва камситилса  ёввойиларча бегона ўт каби ўсади; натижада деформага учрайди.

Яхши ҳолатда эса бу шунчаки худбинликка асосланган хаёлпарастлик  бўлади; ёмон ҳолати эса жуда хавфли машғулот саналган истак сифатида қабул қилинади. Адабиётга келсак, илгариги пуритан даврларида ягона рухсат этилган китоб бу Инжил эди. Бугунги кундаги дунёвий пуританлик даврида эса одамлар роман ўқишни эркаклар иши эмас деб ҳисоблашгани учун ёки улар реалликка мос келмаганлиги учун рад этишади, лекин охир оқибат телевизорда қонли детектив триллерларни томоша қилишади ёки бекорчи шов-шувли хабарлар, спорт янгиликлари, Playboy каби порнографик материалларга вақт ажратишади. Бунга уларнинг оч қолган тасаввур олами озиқланишга мажбур қилиши сабаб бўлади. Аммо улар бундай кўнгилхушликни реаллик эканини мантиқан исботлашга интилишади – ахир секс мавжуд, жиноятчилар мавжуд, бейсболчилар мавжуд, илгари ковбойлар ҳам мавжуд эди – яна айтишадики, бу нарсалар эркакчилик, чунки буларга аёллар қизиқишмайди.

Бу жанрларнинг бари бепушт, умидсиз ва фойдасиз; нуқсонингизни кўрсатмайди, қониқиш ҳосил қилдиради. Агар улар чинакам реалист бўлишса, аниқроғи тасаввурларга эрк берганларида, булардан қўрққан бўларди. Сохта реализм – замонамизнинг эскапистик[2] адабиётидир. Ва эҳтимол якуний эскапистик мутолаага шулар киради:

Нореал бўлган шедеврлар, фонд бозорининг кундалик ҳисоботлари.

Бугунги эркакларнинг хотинларида вазият қанақа? Эҳтимол, ундан ўз тасаввурларини бостириш талаб қилинмагандир, чунки улар ҳаётда кутилган ролни ўйнаб беришлари керак, аммо уни тартибга солиш ўргатилмаган ҳам. Унга романлар, ҳатто фантастика ўқишга бемалол имкон берилган. Бироқ таълимсиз ва рағбатсиз унинг тасаввури тез орада озуқавий касалликка айланади, масалан ёқимли опералар, асл романлар, болалар романлари, тарихий-сентиментал романлар ва шу каби асарлардан хаёлот кучидан фойдаланишга ишонмайдиган жамиятни деб юз ўгириш ва уларни арзонгаров, тинкани қуритувчи дўконларга алмаштиришга сабаб бўлади.

Ундай бўлса тасаввурнинг фойдаси нимада?

Биласизми, назаримда, бизда бир даҳшатли ҳолат бор: меҳнаткаш, ҳалол, масъулиятли фуқаро, улғайган, таълим олган инсон, лекин аждарлар, хоббитлар, парилардан ўлгудек қўрқади. Бу кулгули, шу билан бирга қўрқинчли ҳол. Бу ерда нимадир тўғри эмас. Билмадим, нима қилиш керак, лекин бу одамнинг саволига, гарчи асабийлашиб норози оҳангда сўзласада, ҳақрост жавоб бериш даркор.

– Бунинг нимаси яхши? — сўрайди у. – Аждарлар ва хоббитлар, майда яшил мавжудодлар – улардан нима фойда?

Афсуски, бунга берилган тўғри жавобни улар тингламайдилар. Эшитишни исташмайди. Тўғри жавоб мана шундай: «Ундан сизга завқ ва роҳат бериши учун фойдаланинг».

– Бунга вақтим йўқ, – юзини буради ва ошқозон яраси учун хапдорини лаби остига ташларкан, голф майдонига шошилади.

Шунинг учун ҳақиқатга яқин жавобларда тўхталамиз. Эҳтимол, бу вазиятни яхшиламас, аммо айтиш керак: бадиий хаёлотдан фойдаланиш дунёни тушунишга, атрофингиздаги одамларни англашга, туйғуларингизни таҳлил қилиш ва тақдирингиз ҳақдаги тушунчангизни чуқурлаштиришга ундайди.

Мен шундай дейишларидан қўрқаман: «Менга қаранг, ўтган йили мансабим ошди, оиламга энг яхши шароитни қилиб қўйдим, иккита машинамиз, рангли телевизоримиз бор. Мен дунёни шундоғам яхши англайман!»

У ҳақ, шубҳасиз ҳақ, шуни хоҳласа, демак истаганига эришибди.

Сеҳрли узукни хаёлий вулқонга ташламоқчи бўлган хоббитнинг муаммолари бизнинг ижтимоий мавқеимиз, моддий ютуқларимиз ва даромадимизга унчалик мос тушмаслигини биламиз.

Чиндан ҳам агар қандайдир алоқадорлик мавжуд бўлган тақдирда ҳам бу салбийдир. Фантастика ва пул ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд. Бу иқтисодчиларга Ле Гуин қонуни каби маълум. Агар сизга Ле Гуин қонунига ёрқин мисол керак бўлса, йўлда қўл кўтариб турган, рюкзаги, гитараси ва юзидаги кулгисидан бошқа нарсаси бўлмаган одамни ўзингизга ҳамроҳ қилиб олиб кетишингиздир. Шунда қайта ва қайта кашф этасизки, бу қаровсиз одамлар ҳақида «Узуклар хукмдори»да ўқигансиз – аммо уларнинг аксарияти ўқишни билишмайди. Энди эса Аристотел Онассис ёки Ж. Паулни олайлик.

Гетти: Сиз ишона оласизми, бу эркаклар қачондир исталган ёшида, ҳар қандай шароитда ҳам хоббитлар билан банд бўла оладиларми?

Аммо агар менинг мисолимни иқтисоддан ташқари ҳолатда давом эттирадиган бўлсак, бир нарсани пайқагандирсиз: ғамгин жаноб Онассис ва жаноб Гетти, умуман бошқа миллиардерлар ўз фотосуратларига боқишадими? Улар ғалати, сиқилган кайфиятда, оч қолгандек тикилишади унга. Гўё нимагадир ташнадек, ниманидир йўқотгандек ва буни қаерда, қачон йўқотганларини тасаввур қилишга уринадилар.

Балки бу уларнинг болалигидир?

Хуллас, энди мен тасаввурдан фойдаланишни ҳимоя қилишга ўтаман, айниқса бадиий хаёлот олами, жумладан эртаклар, афсоналар, фентези, илмий фантастика ва шу каби ақлга сиғмас жанрларни. Фикримча, катта бўлиш бу етуклик дегани эмас, улғайишдир; катта одам – бу ўлган болакай эмас, тирик қолган болакай. Ишонаманки, улғайган одамнинг барча яхши қобилиятлари болада ҳам мавжуд, агар бу қобилиятлар рағбатлантирилса у яхши таъсир қила бошлайди ва бола доно бўлиб улғаяди, аммо агар у бостирилса ва рад этилса, қобилиятлар ўсишдан тўхтайди ва шахсиятини пароканда қилади. Ва ниҳоят, ўйлайманки, чуқур инсонийлик ва гуманитарлик тасаввур кучининг имкониятларидан шаклланади: шундай экан бизнинг кутубхоначи ёки ўқитувчи, ота-она ёки ёзувчи, умуман ҳар қандай катта одам сифатида бурчимиз — болаларимиздаги тасаввур оламини эркин ўсиши, гуллаб яшнаши, яшил дарахт каби униши учун унга энг яхши, энг тоза озуқа бериш ва парвариш қилишдир. Ҳеч қачон ҳар қандай шароитда ҳам  уни бостирманг, устидан кулманг, ҳақиқатдан йироқ деб рад қилманг, буни ўғил болага хос эмас деманг.

Фантазия бу ҳақиқат. Факт эмас, аммо ҳақиқат. Болалар буни яхши билади. Улар билгани учун ҳам катталар уларнинг тасаввурларидан қўрқишади. Улар ҳақиқат қийинчилик туғдиради, сохта, бефойда, аҳамиятсиз ҳаёт тарзимизга таҳдид солади дейди. Улар аждарлардан қўрқишади, чунки озодликдан чўчишади. Шунинг учун ўйлайманки, биз болаларимизга ишонишимиз керак. Нормал болалар реаллик ва фантазияни аралаштириб юбормайдилар – уларни биз катталарга нисбатан камроқ чалкаштирадилар (буюк фантаст «Императорнинг янги кийими» ҳикоясида айтганидек). Болалар яккашох ҳақиқий эмаслигини бип бинойи тушунадилар, аммо яккашохлар ҳақидаги китоблар – яхши ва ҳақиқий китоблар эканини биладилар. Ота-онасидан кўра кўпроқ билишади; ўз болалигини рад этган катталар билимларини ярмини рад этган саналади, шу сабаб ғамгин, бепушт митти факт қаршисида ожиз қоладилар: «Яккашохлар ҳақиқий эмас» (яна бир буюк фантастнинг «Боғдаги яккашох» ҳикоясидан ташқари, унда яккашохларга нисбатан садоқат сизни тўғри жиннихонага элтиши мумкин).

«Бир аждар бўлган экан» ёки «Ерда бир хоббит яшаган экан» каби эртаклар – айнан мана шундай нон-фактлар, чиройли уйдирмалар ёрдамида биз – фантастик одамлар ўзига хос услубга ҳақиқатга етиб боришимиз мумкин.

(1974)

 

 Инглиз тилидан Нодира Иброҳимова таржимаси

[1] ахлоқнинг ўта қаттиққўллиги, поклик ва эҳтиёжларни зоҳидлик билан чеклаш, эҳтиёткорлик ва тежамкорлик, меҳнатсеварлик ва мақсадга мувофиқлик билан тавсифланган турмуш тарзи; масалан, ўйинчоқлар кераксиз деб ҳисобланган ва болалар ёшлигиданоқ катталарга юмушларда ёрдам беришган.

[2] Зерикарли ҳаётдан китоб ўқиш, қизиқарли машғулот билан банд орқали қочиш

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting