Уолтер МЭККИН
Мартнинг ўша душанбаси ишда эмасдим. Эрталаб бадастир туриб нонушта қилганман. Марҳамат қилиб ишга жўнашим ҳам мумкинку-я, ўша қуриб кетгур иш йўқ, ўтган шанба каминанинг думини тугишганди. Ҳали ота-онамга бу ҳақда айтганимча йўқ. Кулбамизда, уларни ҳам ҳисобга қўшсак, ўн бир жонмиз – биров гапингни эшитишини истасанг, баландроқ қичқиришингга тўғри келади. Ҳайдалишимда эса устамиз айбдор. Мени жини суймасди. Усти-бошим тоза, озода бўлишини хуш кўраман. Ва бу менинг шахсий ишим. Заводда ишлайсан дегани мўри тозаловчидек юришинг керак дегани эмаску, тўғрими? Устимда гард юқмаган ишчи кийим, сочим текис таралган бўлишини ёқтираман. Бунга ҳаққим бордир?! Йўқ, бу шилқим масхаралашга имкон топди дегунча менга ёпишади, ё «ялаб-юлқанган оқбилак»ман, ё «қўтир олифта». Устига-устак молдек бақувват, шунинг учун бир муддат сассиқ гапига чидашга тўғри келди. Жуда ёмон кўрганидан мазах қилади деб бўлмайди ҳам. Ўзи товуқдек бефаҳм, бунинг устига кучини кўрсатгиси келади-да.
Ниҳоят пичоқ суякка қадалиб, ўтган шанба куни уни белкуракнинг сопи билан боплаб урдим. Бундай қилмаслигим керак эди, ўзимам биламан. Ҳар тугул боши ёрилмади, ҳақиқатан тошдай метин экан. Аммо каминани шўрига шўрва тўкилди, мен билан ҳисоб-китоб қилингач, томошага йиғилганларнинг бирортаси жилла қурса ачиниб қўймади ҳам.
Бундай хабарни яқинларингга етказишдан оғири йўқ. Айниқса, уларнинг дарди-фикри пул бўлса. Йигит киши, майлида, ёши ўн тўққизда бўлсин, ори, номуси бўлмоғи, ўша орият учун керак бўлса туриб бериши лозимлигининг уларга қизиғи йўқ, тушунмайдилар.
Отамдан нолимайман, яхши одам. Тинчгина ишига бориб-келади, ювиниб оқшомни пивохонада, оғайнилари даврасида ўтказади. Баъзан, номига бир-икки кружка кўтариб қўяди-ю, лекин асосан бақириб-шанғиллаб ҳовурини босади.
Онамдан ҳам нолимайман, аммо шундай тўдадан чиқаркансан, аввалам бор уни дунёга келтириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини тушунасан, ундан кейин олов қаршисида, аллакимнинг омадсизлиги, бебахтлиги тўғрида валақлашишга бир муддат вақт топиб кўр. Нимани айтаётганимни тушуниб турган бўлсангиз керак?
Рости, заводда ишлайман деб ўлиб турганим йўқ эди. Мактабнинг бошланғич синфини битиргач каминага стипендия тайинлашди. Шундан сўнг бир неча йил иккинчи босқичда ўқидим, аммо алал-оқибат ўқишни йиғиштиришга, ишлашга мажбур бўлдим. Уйга пул керак эди. Мен кабиларга стипендия бериш бефойда, бунинг учун ўғлининг қўлига қарай бошлаган ота-онага ҳам яна бир стипендия тайинлашга тўғри келади. Хулласи калом, ўқиш пешонамда йўқ экан. Ўрнини тўлдираман деб кутубхонага қатнайдиган, аллақанча китоблар саҳифалайдиган бўлдим, лекин бундай ўқиш кишига катта нарса бермайди. Боши-кети йўқ мутолаа, қарабсанки, миянг ғовлаб кетади. Бу дарёга похолпоя солиб чанқоқ қондиришдек гап. Дўстларим мени “Толиби илм” деб чақиришар, ўқишга бўлган ҳавасим учун ҳурмат қиладигандек тутардилар ўзларини. Бу кулги учун эди, холос. “Билимдонлигим” қаергача боришини ўзим яхши билардим, шу боис жиддий ўқишни орзу қилардим. Аммо бу тарафдан толе кулмаслиги аниқ, бунга ишончим ҳам қолмаган. Отам ва менинг топаётган моянамиз уйдаги бола-бақрани боқишга, кийинтиришга кетиб қоларди. Мана, бугундан эътиборан, рўзғорни тебратадиган битта отамнинг ўзи бўлиб қолди.
Охири шаҳар ташқарисига сайрга чиқишга қарор қилдим. Очиқ ҳавода айлансам ёмон бўлмасди, бундан ташқари бироз вақт ҳам ўтарди. Ҳозир ким айлангани чиқади, дейсиз. Пойабзалингдан чаён чиқадигандек, гўё. Кино, рақс – бошқа масала, лекин айланишмас бу; куни бўйи шаҳарнинг у ёғидан бу ёғига югурасан, бориб-келаверасан, буни сайр деб бўлармиди.
Тангрининг марҳаматини кўринг – кўкда офтоб чарақлайди. Денгиз кун тиғидан роҳатланиб, эс-ҳуши кетиб чайқалади. Ҳув, кўрфазнинг нариги томонидаги дўнгалаклар туман ортида қизаринқираб кўринади. Булар жуда нотабиий, бошқача эди: душанба, бунинг устига эрталаб, мен эса денгиз ёқасидаги хиёбонда сайр қилиб юрибман. Ана, кампирлар черковга, тонгги ибодатга кетишмоқда, эртароқ қайтган чоллар эса кучукларини айлантиргани олиб чиққанлар, бир-иккитаси харида ўтирволиб трубка чекмоқда. Мени эса виждон қийнайди, ўзимни ейман. Ҳозир денгиз бўйида ўралашиб юришим эмас, ишда, дастгоҳ устида бўлишим, душанба тонггидан пешона тери тўкиб пул топишим керак эди. Ҳайр, майлига, ёниб кул бўлмайдими. Қумлоқ томонга сакраб ўтдим, денгизга майда тош ташладим. Ясси тош учратсам, уларни ҳам силлиқ сув сатҳи устига ирғита бошладим, қайси бири неча марта сув устида сакраганини санадим. Ўн бир мартадан уёғига ўтмади, тошлар чўкиб кетаверди. Кўп ўтмай атрофдагилар менга ғалати қарай бошлаганини ҳис қилдим. Эрта наҳорда норғил йигитнинг совуқ соҳилда дайдиб юришига бало бор эканми? Ё шу ерда ишла, ё четга чиқиб кет пул топгани. Шундоғам, бир қарашда бадавлат хонадон эркатойи эмаслигим усти-бошимдан сезилиб турибди.
Одамдан ҳолироқ жойга ўтишдан бўлак иложим қолмади, қараб турсам, қаршимдаги уй ва дўконлар ҳам ойнаванд кўзлари билан мени тешиб юборгудек бўлдилар. Хиёбондан ўтиб, денгизга етмаси йўлка томон бурилдим ва қиялик бўйлаб дарёчадан, дарахтзор ва чуқур сойликдан ўтдим – гоҳ пастлаб, гоҳ тепалаб кетавердим. Охири шу ерда кўприк панжарасига суянганимча силлиқ тошга урилиб оқаётган зилол сувга тикилиб завқландим. Кўприкдан ҳув анави дарахтзор ўртасидаги яланглик – офтоб нури шох-шабба соябонидан ўтиб теккан сайҳонлик ер кўриниб турибди. Кишининг ўша томонга ўтгиси келди, қани энди ялангда, майса устида ўзингни қуёшга тоблаб ётсанг, ётаверсанг. Аммо шу ондаёқ дарахтлар ортидан малларанг, ғўлабирдай говмиш – туёқли катта сут цистернаси чиқиб келди-да ялангликнинг ўртасига бориб “тап-тап” этиб белги қўйиб, ҳаммасини расво қилди. Юзимга, биласизми, кулги югурди, ҳозирги ҳолат ўта ҳаётийлиги кулгимни қистатарди. Кейин яна йўлга тушдим.
Оёғим аллақачон қаттиқ оғрий бошлаганди. Бир муддат тўхтаб, увишиб қолган бармоқларимни уқалаб қўйишга тўғри келди. Ҳозир жон деб устимдан тўрт-беш йилни ечиб ташлаган, оёқларим қадоқ бўлиб кетгунича ялангоёқ югурган бўлардим. Бизни йўқсиллик шунга мажбур этганди-да. Ҳозирги болалар оёқ яланг кўчага чиққандан кўра ўлиб қўя қолган маъқул деб биладилар. Одамлар бунча тез катта бўлмаса, бунча олға интилмаса… Буни қаранг-а, худди юзга етган чолдек жавраяпманми?!
Сал нарида қумлоқ соҳилга кўзим тушди, ўша томонга кетдим. Бирор зоғ кўринмайди, фақат қум устида ғилдиракдан қолган чуқур ариқчалар, офтоб тафтида қизиган юмалоқ катта-кичик харсанглар ва улар ўртасидан илонизи бўлиб ўтган қишлоқ йўли айланиб-айланиб денгизга чиқиб кетади. Хулласи, жуда ўнғай жой, бунинг устига қумлоқ – оёғам маза қилади.
Соҳилга яқин ерда майда-майда тошлар кўплиги боис тошлоқ соҳил ҳосил бўлган. Бунда денгиз ўтларининг тетикбахш, соф иси димоққа урилади. Ундан кейин қумлоқ пляж, унинг охирида эса усти майса билан қопланган қоя типпа-тик юқорилаган. Устида қўй-қўзи ўрнашволган. Жуда менбоп жой экан деб ўйладим ва ўша томонга кетавердим.
Қумлоқда ярим йўлни босиб ўтарканман, мен ва чағалайлардан бўлак бирор жон йўқ, деган хаёл онгимга урилганди ҳамки, харсанг ортидан тўсатдан бир қиз чиқиб қолди, сал қолса менга тўқнашиб ҳам кетарди. Афтидан, пойабзали ва пайпоғини ечиб қўйгани тош ортига ўтган, қум устида югураман деб шошиб чиққанди.
– Вой, кечиринг, – деди бироз довдираб.
Қизнинг оёқлари миттигина, ўзи оёқ қўйган қумдек оппоққина эди. Менга тикилиб турибди-ю, юзида қўрқув ўйнайди. Хўп, майли, менга ўхшаган одамни қумлоқда эрталабдан учратиш ғалатироқдир. Аммо, қизи тушмагур мени ким деб ўйлаяпти? Усти-бошимдан унга ташланиб зўрлайдиган кишига ўхшайманми? Жуда дилбар қиз экан, нари борса ўн етти ёшлардадир. Дўкон ойнаси олдига қутиси билан қўйиладиган қўғирчоқ ойимчаларнинг худди ўзи: қорасоч, юзи юмалоқ, кўзлари шахло, қоп-қора киприклари қалин ва узун. Устига оқ блузка ва қора тўқима кофта билан хурпайма қат-қат юбка кийиб олганди. Буларнинг барини бир кўз ташлаганимда илиб олдим. Қизга бир-икки илиқ сўз айтгим ҳам келди, аммо юзидаги ҳуркак қўрқув боисидан жаҳлим қўзиди, ўзимни босдим.
– Минг бор узр, ойимқиз, – дедим ва унга қарамай қоя томон кетавердим. Булар бунча тез хулоса чиқаришади, деб ўйладим, усти-бошингга, гап-сўзингга қараб дарров “Ҳавфли” ёки “Қуйи насабдан” деган ёрлиқни ёпиштирадилар-қўядилар. Аввал бир-икки оғиз гаплашиб кўр!
Орадан беш дақиқалар ўтиб, қоя чўққисига чиққан, ерда чўзилганча кўм-кўк осмон, оппоқ парқу булутларни томоша қилиб ётардим. Орада кўзим илиниб мудроқ босганини билмай қолибман. Бирдан қулоғимга қичқириқ товуши чалинди. Аввалига чағалай деб ўйладим, улар болаларга ўхшаб қичқирадиган пайтлари бўлади. Кейин бошимни кўтариб ўгирилдим ва пастга қарадим. Қиз ўтирволганча товонини ушлаган, шундай узоқликдан ҳам қумлоқдаги қирмизи доғ кўзга ташланиб турибди. Оёғини кесиб олганга ўхшайди. Хўш, нима қипти? Аввалига жойимга қайтиб ётмоқчи ҳам бўлдим, қарасам қиз мен томон тикилиб турибди, чидаб туролмадим. Ўрнимдан туриб, тезда қоядан тушдим, тўсиқ устидан сакраб, қумга ўтиб олдим. Қизнинг юзи бўздек оқариб кетганди, нозик қўллари билан товонини сиқар, бармоқлари орасидан эса қон сизиб тушарди. Тиз чўкиб оёғига қарадим. Товонини яхшигина кесибб олганди. Жароҳат ёнидан босгандим, чети ажралиб яққол кўринди.
– Нима бўлди? – сўрадим қиздан.
– Синиқ шишани босиб олдим, – деди у. – Жуда ёмонми?
У ҳозир қаттиқ қўрқувда эди, аммо бу бошқа нарсадан. Энг камида учта чок тушади, деб ўйладим.
– Ваҳима қилишга арзимайди, – дедим. – Кўринишидан ёмонга ўхшайди. Икки-учта чок билан тикиб қўйишса, бас.
– Қон кетишидан ўлиб қолмайманми? – дея сўради у яна.
Тўғриси, бошидан силагим келди.
– Э-э, йўқ, – дедим. – Бундан кўпам ҳавотир олаверманг. Яхшиси, келинг, сизни сувга элтай, жароҳатни ювишимиз керак.
Уни қўлимда кўтариб олдим. Қушдек енгил, қаршилик ҳам қилгани йўқ. Сувга элтарканман, қум устида ортимиздан қонли доғ узайиб келаверди. Сув бўйига ўтқаздим-да, чўнтагимдан тоза дастрўмолчани чиқардим, суви тозароқ жой топиб ярани ювиб ташладим. Жароҳат чуқур эди, четларидан қон тинмай оқарди. Рости, бунинг яхши тарафи ҳам бор. Қизга хўлланган дастрўмолимни бердим.
– Олинг, қўлингиздаги қонни артволинг, – дедим. У индамай қўлини артишга тушди. Ҳали ҳам ўзига келмаган, юзи оппоқ, тинмай титрарди. – Бу нимаси, илгари бирор жойингизни кесиб олмаганмисиз дейман? – деб сўрадим.
– Зирапча, тикан тилгани бўларди, – деди у, – бунақаси биринчи марта.
– Буни ваҳима қиладиган ери йўқ, бошингизни оғритманг, – дедим. – Лекин нима бўлганда ҳам катта йўлга чиқсак, шифохонага ташлаб қўядиган биронтаси топилиб қолар.
– Сизга раҳмат, жуда раҳмдил одам экансиз, – деди қиз.
Дастрўмолни олиб денгиз сувига чайиб ташладим ва қизнинг оёғини қаттиқ боғлаб қўйдим. Оғригани билинди, қизнинг нафаси ҳам қайтганини сездим, аммо нима ҳам қила олардим, боғич маҳкам бўлиши керак.
– Пойабзал ва бошқа нарсаларингиз қаерда? – деб сўрадим.
– Анави харсанг ортида, – деди у ўша харсангни қўли билан кўрсатаркан. Мен уни сув бўйида қолдириб ўша ерга кетдим. Кичкина туфлилар, ҳар бирида ўроғлиқ пайпоқ тиқилган. Уларни олиб, ҳар бирини пиджакимнинг киссасига солдимда қизнинг олдига қайтдим.
– Энди сизни кўтариб оламан, – дедим.
– Жуда оғир бўлсам керак? – деди қиз.
Кўтардим, у пардай енгил эди.
– Бўйнимдан ушлаб олинг, – дедим унга. Қиз қўлларини бўйнимдан ўтказиб олганди, кўтариб кетиш янада енгиллашди. – Мен сизга бир қирол ҳақидаги эртакни айтиб бераман. Хуллас, ўзингиз билганингиздек, битта қирол бўлган экан, у моҳир овчи экан ва ҳамма уни алқаб-мақташини истаркан. Бир куни саройдаги хотинлардан бири кўп машқ қилса, ҳар ким ўз истаганидек бўла олади, деб қўйибди. Шунда қирол ғазабланиб, ўрмончига хотинни ўлдириб юборишни буюрибди. Ўрмончининг эса бунга қўли бормабди, хотинни ўрмон ичкарисидаги ўз кулбасига беркитибди. Хуллас, кулба деворига бир нарвон қўйилган экан, аёл ҳар куни елкасида бир бузоқни кўтариб ўша нарвонга чиқиб-тушавераркан, чиқиб-тушавераркан. Кун ўтгани сайин кўтарган юки ҳам оғирлашиб бораверибди, ва ниҳоят ўша бузоқча катта новвосга айланибди, аммо аёл ҳар куни тинимсиз шуғулланаверганига, елкасида новвос билан ҳеч бир қийинчиликсиз нарвондан чиқиб-тушаркан. Бир куни шу атрофдан ўтиб кетаётган қирол хотинни кўриб қолибди ва бекорга манманлик қилганини тушуниб етибди.
– Бу нимаси? Демак, мен сигир эканманда? – деди қиз. Кулиб юбордим. Унинг юзига ҳам қон югура бошлаганди.
– Нега ундай дейсиз, – дедим, – шунчаки айтдим-қўйдимда.
– Тез-тез қизларни қўлда кўтаришингизга тўғри келса керак, а? – деди қиз кўзларини пирпиратиб.
– Сиз биринчисиз.
– Яра ва қондан ҳам қўрқмайсизми?
– Оёғимга ўн тўртта чок тушган, – дедим пинагимни бузмай.
– Нима қилганди?
– Дастгоҳ бузулиб қолганди, – дедим. – Шу ҳам гапми, кўчамиздаги бир танишимнинг баданига қирқ саккизта чок тушган.
– Қирқ саккизта! – қизнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Мен, албатта, танишим бунча чокни ичкиликбозликдан кейинги шиша жангидан орттириб олганини айтиб ўтирмадим.
– Ҳа-да! – дедим. – Сизнинг товонингизга эса бир ё иккита чок тикилади, вассалом. Ҳавотир қилишга арзимайди ҳам.
– Албатта, – деди қиз. – Ўламанми деб қўрқиб кетувдим. Тентакман, а? Яхшиям ёнимда сиз бор экансиз!
Биласизми, шу кунгача ўзимни бунчалар яхши ҳис этмагандим. Мен уни кулдирардим, қиз мен билан ярасини ҳам унутворди, аслида ҳозир жароҳат жойи ачишиб оғрий бошлаган бўлиши керак эди. Мен унга кичик сингилларим, укаларим, уларнинг ҳунарларини бир-бир гапириб кетавердим. Қизнинг ака-сингиллари йўқ экан, мен билан жуда яқин бўлиб қолганди. Мен, худди қуёш ўз вақтида ботиб-отгандек, ҳаётда бирор нарса бекор эмаслигига, ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати борлигига ишона бошлагандим. Ҳозир барини тушуниб қолдим, нега мени ишдан ҳайдаганларини, кўнглим нега бирор зоғ ўралашмайдиган жойларга тортганини, нега хижил бўлиб алланимани кутганим, излаганимни пайқадим. Мана, топдим ҳам. Энди юриб эмас, ер устида учиб борардим.
Бизни биринчи учраган машина ҳайдовчиси – ёши ўтинқираб қолган, тақирбош, шопмўйлов амаки элтиб қўйди. Шундай қизни олиб бориб қўймаса ҳам бўлмасди. Агар битта ўзим бўлганимдами, минг йил ўтса ҳам шу шосседа айланишиб юрган бўлардим. Аммо бунинг кўп ҳам аҳамияти йўқ. Муҳими, қиз ёнида бўлишимни истарди. Мен билан бирга унча ваҳимага тушмасди. Ҳатто, шифохонада ҳам мени қўйиб юбормади. Тез ёрдам кўрсатиш хонасига унга қўшилиб киришга тўғри келди. Бу муассаса билан бир қаричлигимдан танишман. Биз бу ерда куну тунни ўтказардик, десам ёлғон бўлмайди. Доим ё у ер-бу еримиз кўкарган, шилинган, ё кимдир билмасдан қошиқни ютиб юборган, ё томоғига суяк тиқилган… Қоқшолга қарши эмлашганида ҳам, жароҳат жойини тикканларида ҳам, оёғини бинт билан ўрашганида ҳам қизнинг қўлидан тутиб турдим.
– Сиз шу ерда кутиб туринг, – дедим кейин, – мен бориб гаплашайчи, сизга бирор машина беришса, уйингизга етиб олардингиз.
– Кўпга кетяпсизми? – деди у. – Тез қайтинг.
Худди шундай деди, айнан шу сўзларни айтди.
Кўчага чиқдим. Қараб турсам, Турк мошинасини буряпти, ҳозиргина йўловчи туширган бўлса керак. Унга қаратиб ҳуштак чалгандим, булбулнинг чуриллашини эслатувчи овоздан машина ортига қайтди.
– Ие, Толиби илм, ўзингмисан? – сўради Турк. Бир нима бўлмадими? Ҳуштагингни бир чақирим наридан билса бўлади-я.
– Кўп гап сотма, аравакаш, – дедим. – Ишинг йўрғани чоптириш, ҳозир йўловчингни келтираман.
– Жиддий айтяпсанми? – деди у. – Ҳаққини ким тўлайди? Йўловчи сеникими, муллажирингни чўзиб қўй.
Машинага яқин бориб, унга ҳовучимдаги тангаларни узатдим.
– Ушла мановини, қурумсоқ, – дедим.
– Тўлашга пулинг бор экан, – деди у қўлидаги пулга тикилиб. – Бўпти, бу сафар сенга ишонсам бўлади.
Мен қизни олиб келгани қайтдим. Бу сафар уни ичкаридан кўтариб чиқишнинг ҳожати қолмаганди. Жароҳатланмаган оёғига туфлисини кийгазишган, аравачага ўтқазиб чиқаверишдаги йўлакка келтириб қўйишганди. Ўша ердан таксигача қўлимда кўтариб чиқдим. Туркнинг ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолди, ҳатто орқа эшикни очиш учун дик этиб ўрнидан турди ҳам. Қизни орқа ўриндиққа ўтказиб, ўзим ёнига чўкдим, ҳалиям қўлимдан тутиб кетарди.
– Қаерга борамиз, ойимқиз? – дея сўради Турк. Худога шукр, қизнинг юқори доираданлигини, бундайлар билан қўрс муомала қилинмаслигини вақтида фаҳмлаб қолди. Бошқа пайтлар доим қовун тушириб юрарди, баччағар.
Қиз манзилни айтди. Айтяптию, кўзини мендан узмайди.
– Мана, бўлди, – дедим қизга, – унча ваҳимали эмас, тўғрими?
– Тўғри, – дея маъқуллади қиз. – Сизга қандай миннатдорлик билдиришни ҳам билмайман. Шунча яхшилик қилдингиз.
Бунга нима ҳам дердим. Зўрға ютиндим, томоғим эса куйиб боряпти. Кўпам бу аҳволга тушмайман. Ўша онда қиз менга янаям яқин келиб қолгандики, биласизми, ичимдаги ҳамма ярамас нарсалар эриб йўқ бўлиб кетди. Сизга буни қандай тушунтирсам экан? Ҳозирги ҳолат жуда афиф ва дилбар эди, ҳаётда бундан яхшиси бўлмайди. Ҳаммаси ғалати, тўғри эмасми – қон, чуқур жароҳат, шифохона, эмлов – лекин буларнинг бари бўлиб ўтди. Бу ҳаёл ҳам, туш ҳам эмас, чин-ҳақиқат эди.
Бирозгина аввал қўзғалган эдик, зум ўтмай ланг очиқ чўян дарвозадан ўтиб, калта тўшама йўлак бўйлаб кетиб боряпмиз. Унинг охиридаги зинапоя уйга – катта ва ҳашаматли, ойналарининг ўзи саноқсиз бўлган қўрғонга олиб чиқарди. Ўша заҳоти эшиклар очилди, эшик олдида сочлари оқарган бўлса ҳам ясан-тусан қилиб олган аёл, унинг кетида қора кўйлак устидан оппоқ фартук тақиб олган хизматкор хотин кўринди.
– Вой, худойим! – деди аёл бирдан васвасага тушиб, – нима бўлди? Худо ҳақи, сенга нима қилди, айтсангчи!
– Қумлоқда синиқ шишани босиб, товонимни кесиб олдим, – деди қиз. – Агар бу киши бўлмаганида нима қилардим, билмадим. Аввал шифохонага элтдилар, кейин уйга ҳам келтириб қўйдилар.
– Жонгинам мени! – деди қизнинг онаси, унга қўл чўзиб, бағрига босаркан. Кейин қизнинг елкалари ортидан разм солди, мени диққат билан бошдан-оёқ кўздан кечиргач:
– Сиздан жуда миннатдормиз, – деди. – Жулия, бориб ҳамёнимни келтиринг.
– Ойижон! – қичқирди қиз.
Лекин бари ўтиб бўлганди, совун кўпигидай бари ёрилди-қўйди. Туфлиси ва пайпоғининг иккинчи пойи ҳали ҳам чўнтагимда эди. Ўшани чиқариб онасининг қўлига тутқаздиму ортга ўгирилдим. Зинапоядан тушиб, машинага ўтирар эканман, Туркка ўшқирдим:
– Газни бос, оғайни!
У дарҳол машинани ўкиртириб жўнади. Ортимиздан аллакимнинг қичқиргани овози келди:
– Йўқ! Қайтинг! Илтимос, қайтинг орқага! – қичқирарди қиз.
Нима наф? Кўзимни олдидаги пардани йиртиб отишди. Ўзимни қизнинг онаси назарида кўргандим. Албатта, қўл ҳамёнга чўзилади-да. Ҳар қандай ўргимчак уясини бирпасда бузиб ташласа бўлади, узунроқ таёқ оласиз, бўлди. Нари кетишингиз билан ўргимчак яширинган тешигидан қайта чиқиб, қайтадан тўр тўқийди. Ахир биз ўргимчак эмасмиз. Эҳтимол қора одамдирмиз, аммо бурнимиз тагидагини назарга илишга ақлимиз етади.
Калтак еган боладек ўтирардим. Ўлай агар, кўп жанжал-муштхонани кўрганман, оёқни тагида қолган вақтларим ҳам бўлган, бироқ бирор марта ҳозиргидек оёқдан қолмагандим. Ўзингиз тасаввур қилиб турган бўлсангиз керак, мени шундай урдиларки, лом-мим деёлмай қолдим.
Кейин нима бўлганини эслолмайман. Орада қарасам аллақайси майхонадамиз. Вақт алламаҳал. Ёнимда Турк, яна ўзим танимаган йигитлар. Қараб турсам, Турк минғирлаб ҳикоя қиляпти. Эмишки, Толиби илм қумлоқда бир қизчани ўрабди, қўғирчоқ, ҳайронлар қоласан, ҳақиқий ойимча, Турк ёлғон айтмайди, бунақаларнинг фарқига боради. Фақат Толиби илм ойимча билан иссиқ қум устида ўйнашишга улгурдими-йўқми, шуниси қизиқ, шуни билгиси келяпти…
Хуллас, қаншарини тагига қўйвордим. Турк ҳам жавоб қайтарди, бошқаси аралашганди, уни ҳам бегона қилмадим. Бирпасда исковучлар етиб келишди, мен ўшалардан бирини ҳам тарсиллатиб солдим, ортимдан резина таёқ билан “папалай” кетишди. Ўгирилиб яна айлантириб мушт туширдим.
Мана, полиция бўлинмасининг алоҳида катагида ўзимни офтобда тоблаб ётибман. Маст эмасман, йўқ. Кўнглим озиб кетяпти холос, шунақанги ўқчиб-ўқчиб қусгиларим келяптики. Яна қўлимга ўриндиқни олволиб эшикка ташлангим, тарақлатиб уриб шовқин солгим бор. Майли, резина калтак билан мени роса саваласинлар. Жуда-жуда истайман шуни. Негаки, тушунинг, ичимдагиларни чиқаролмайман, кимгадир айтиб енгил бўлолмайман. Ўша қурум умрбод ичимда қолади. Аввал-бошдан бундан наф чиқмаслигини сезгандим, ё ўша ойимча ё мен бўлак том остида дунёга келмоғимиз зарур эди. Энди унутишга қанча уринмай кўксимда бир нима ачишиб, ёндириб, изиллаб оғриқ бераверади. Буни кимга айтиб бера олардим, ким тушунарди ичимдагини? Ким ҳам ишонарди, ҳамдардим бўларди?!
Алишер Файзуллаев таржимаси