ҳикоя
К. уйқудан кўзларини очганда у ухлаб ётган хонанинг иккита деразаси йўқ бўлиб қолган, уларнинг ўрнига ташқаридаги битта манзарани кузатиш мумкин бўлган кичкина туйнукча ҳосил бўлган эди.
Гап нимадалигини билмай ҳар тарафга анграйиб қараб турган К. апил-тапил ўрнидан турдида, деворни ушлаганча ҳайратдан донг қотиб қолди.
У саросима ичида туйнукдан мўралади. Ташқарида фақат биргина ҳодиса содир бўлаётганини кўриш мумкин эди.
К.нинг яккаю ёлғиз қизи оловда ёнмоқда. Қиз битта нуқтага — туйнукдан ваҳима ичида ўзига қараб турган отасига тикилиб турар, устида рўдапо қора кўйлак кийиб олган, оғзи боғлиқ ҳолатда эди. Атроф сув қуйгандек жим жит. Теварак атрофдаги қушлар сайраши ва қаттиқ шамол эсиб туришига қарамай тиқ этган овоз ҳам қулоққа эшитилмас даражада сокинлик ҳукмрон.
Ота ва қиз нигоҳлари бир бирига туташган заҳоти қиз қўрқувдан чинқириб юборди. У азоб ва дард нуқси уриб кетган нигоҳларини отасидан узиб олдида, қочишга ҳаракат қилди. Аммо қандайдир ноаниқ куч уни олов доирасида тутиб турар, ундан бир сантиметр бўлса ҳам чиқишига йўл қўймас эди.
Бирданига қизнинг қорни дўппайиб шишиб чиқдида, нафрат тўла кўзларидан шашқатор ёш чиқа бошлади.
Қизнинг оппоқ билаклари тирналган, чап юзи кўкариб кетганлигини кўриш мумкин эди.
Дабдурустдан қиз ёнишдан тўхтади. Бир зумда ер юзидан йўқ бўлиб кетдида ўрнида қабр пайдо бўлди. Қабртошга шундай ёзиб қўйилган эди.
«Тирик… Аммо ўликлар қаторида».
К. ушбу манзарани баданидан совуқ тер чиқганча томоша қилди-да, ёқасига туфлаб:
«Хайрият, тушим экан» деб қўйди.
Аммо туйнук ўшандай кичкина ҳолатда бўлиб, деразалар аввалги холига қайтмади.
Шунда К. даҳшатга туша бошлади.
«Демак, бу тушим эмас. Нега ҳеч нарса аввалгидек ўз холига қайтмаяпти?»
Стол четидаги стакан ерга тушдида чил-чил бўлиб синди.
Бир зумда у беихтиёр ҳавода муаллақ кўтарилди. Ожизларча типирчилар, оёқларини ерга босиш учун беҳуда уринар эди.
Хона ўртасида К. бемалол сиғадиган чуқурча пайдо бўлди. Қандайдир ғайриоддий куч уни чуқурга юзтубан ирқитди.
К. ташқарига отилиб чиқишга ҳаракат қилар, жон ҳолатда сўкиниб бақирар эди. У шу холатда чорак дақиқа олишгач ҳеч кимсанинг иштирокисиз тириклайин кўмиб ташланди.
Хона ўртасида қора ёзувлар билан битилган қабртоши пайдо бўлди. Унда шундай деб ёзилган эди.
«Тирик.. Аммо ўликлар қаторида».
Эркин Шайдуллаев