Қарама-қарши уйнинг деразаси

0
169

 

ҳикоя

Хона анча қоронғи эди, ниҳоят таниш баҳор ҳиди таралди. У бу ифорни яхши танийди, болалигидан эслаб қолган ва доимо билади. Бир неча бор у деярли унутаёзди, бироқ кейин бу ҳид маъносини тезда хотирлади.

Деразадан қарайман. Ёмғир қуяпти. Деразадан қарайман ва кўраяпман. Ойна. Дераза ва панжара, қаршимдаги уйнинг деразаси. Қаршимдаги уйнинг деразаси ва панжараси. Мен ўлик сукунатни ва ўйин майдончасида ўйнаётган болаларни тинглайман. У бир сония таққа тўхтади ва ғаройиб фикрлари ҳақида ўйга чўмди, лекин тезда реал ҳаётга қайтди, чунки уни болалар чақирарди ва кутишаётганди: “Ҳой! Кел, биз билан бирга ўйна”, — дейишди. “Қўрқма… сени ҳеч ким урмайди, ҳақорат ҳам этмайди, камситмайди”, деб қатъий такрорлади улар. Ва мен хонамдан чиқиб, уларнинг олдига бордим. Биз узоқ, жуда узоқ вақт ўйнадик. Ўзимни яхши ҳис қила бошладим. «Ҳеч ким мени ургани йўқ ва бу улар билан узоқ вақт ўйнашим учун етарли сабаб эди.»
Нега муттасил калтаклашлар ҳақида ўй сураман, эҳтимол бу учун бирор бир асосли сабаб бордир, эҳтимол мени калтаклашгандир ва ёки «руҳий шифохонага бориш фурсати келгандир». Эй Худойим, мен нима ҳақида ўйлаяпман ўзи. Мен бутунлай ақлдан озгандайман, ҳа, ақлдан озганман, касалман мен. Йўқ, йўқ, ҳар қандай ҳолатда, йўқ, йўқ, мен руҳий касалликлар шифохонасига ётмаслигим керак, йўқ, йўқ, йўқ, илтимос, мени урманг, тўхтатинг, мени судраманг, мен боришни хоҳламайман у ерга, илтимос, сизга тегманг.
— Вой, Худойим, албатта, тинчланишим, дори ичишим керак.

У ивирсиган, яроқсиз шкафнинг жавонини очиб, учинчи токчаадан стакан олди.

Дорининг қайси бирини қабул қилиш керак? Каттаси ҳам, кичиклари ҳам бор… ҳмм, қайси бирини танлашни эса билмайман, балки каттасими ёки кичики яхшироқми, мен умуман олганда ҳеч нарсани билмайман. Каттасими ёки кичиги? «Aгар кимдир менга ёрдам қўлини узатса, бу ишимни осонлаштирарди, асл ҳаётни туҳфа этади». Ва бу ҳаёт эмас, балки оғриқ, ўз-ўзини йўқ қилишнинг узлуксиз айлана ҳалқаси. Ва, ҳатто ўлишнинг ҳам имкони йўқ, мен арқон учун ҳамда дори учун пул топишим керак бўлади. «Aммо, афсуски, мен ҳеч қачон бундай ҳашаматли ўлимга ета олмайман …». Бизнинг замонда ҳатто ўлиш ҳам мумкин эмас, ҳатто ўз жонига қасд қилиш учун ҳам сизга қандайдир дори ва ёки ўлиш истаги керак. Лекин менда бундай истак йўқ, менда деразадан қараш истаги бор.

У ёғоч дераза ромининг занглаган металл тутқичига тегинди, у аллақачон эскиган эди. Дераза даҳшатли ғийқиллаган товушда очилди. У энди ҳайрон бўлмади ва қўрқмади ҳам, чунки у аллақачон ўрганиб бўлган …ўрганиб қолганди.

У деразадан ташқарига узоқ вақт тикилди.

“Қизиқ, у уйда нима юз бераётган бўлса”, деб ўйлайман, улар ҳам менга ўхшаб яшайдиларми? Ёки… Йўқ, эҳтимол, улар ҳам мен каби ушбу ҳаёт циклида яшайдилар, балки уларнинг ҳаётлари бироз яхшироқдир, ҳолбуки, ҳозир ким ҳам яхши яшарди? Тўғри, ҳеч ким.
– Қизиқ, улар ўз деразаларидан ташқарига қараганларида нимани кўришар экан? Лекин мен улар уйлари қаршисидаги деразани кўришларига шубҳа қиламан. Улар бироз олисларни кўришса керак. Эҳтимол, мен ақлдан озгандирман ва дори-дармонларни ичишим зарур, демак, улар қандай, мен қандай қарорга келган эдим?.. Каттами, кичик, менга барибир, лаънат бўлсин, мен танлашдан чарчадим, қайси бирини танлашим керак ўзи, каттасиними ёки кичигини? Майли, бироздан кейин бир қарорга келарман, ҳозир болалар чақиришяпти, бориб улар билан ўйнашим керак.

У узоқ, узоқ вақт шодланди, улар билан ўйнар экан ҳаётдан астойдил завқланди, ёмғир ёғди ва у ўз хонасига қайтишга мажбур бўлди.

Оҳ, мен бу ҳидни, болалик ҳидини қанчалар яхши кўраман, мен бу ҳидни доимо эслайман ва яхши танийман. «Ўз хонамдаги ваҳимали манзара ва чиқиндиларга қарамай, мен хонамни жуда яхши кўраман» фақат шу ҳид туфайли, фақат у туфайли мен ташландиқ, ивирсиқ ва худо киришни унутиб қўйган хонамни яхши кўраман.

У уйғонди.

“Ё, худойим, бу туш экан. Мен сўнгги вақтларда ғалати тушлар кўряпман. Болалар билан ўйнайман, кейин дори-дармонлар саралайман, кейин деразадан ташқарига қарайман. Қўшнилар ва улар деразадан ташқарига қарасалар қанчалик узоқни кўришлари ҳақидаги фикр мени ўйга толдиради.

У занглаган дераза тутқичини ушлаб ойнани очди ва кўрди. Ойна. Дераза ва панжара, қарама-қарши уйнинг деразаси. Қарама-қарши уйнинг деразаси ва панжараси. Ва қулоғининг бир чеккасидан ўйнаётган болаларнинг қувноқ ва самимий қичқириғини эшитди. Ва шу пайт у шкафнинг учинчи токчасига қўл узатди. Дори учун…

Ансор Матёқубов.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting