СЎЗ ВА ФИКР ЎЗ ЎРНИНИ ТОПСА…

0
231

“Жаҳон адабиёти” журналида 2022 йилда эълон қилинган шеърий таржималар  таҳлили

 

Бадиий таржима – бу фақат муайян матн, сўзлар, жумлалар таржимаси эмас, балки шу унсурлар воситасида қалб таржимаси, кўнгил таржимаси, фикрлар, нуқтаи назарлар таржимаси, адабиётларнинг бир-бирини бойитиши, тўлдириши, янгилаши ҳодисаси ҳамдир. Шу сабабли ҳозирда бир хорижий тил ёки бир неча тилни ўрганиш ҳамда бадиий асарларни аслият тилида ўқиб-тушуниш, биринчи манбани мутолаа қилиб завқланиш, биринчи манбадан эстетик завқ олиш борасида техник, методик, иқтисодий шарт-шароитлар жуда кенгайганига қарамасдан – бу борада Интернет тармоқларининг ўзида қанча-қанча имкониятлар мавжуд –  бадиий асарлар таржимаси тўхтаб қолгани йўқ.

Аксинча, бу соҳа изчил ривожланиб, ўсиб, кенгайиб бормоқда. Газета-журналларда ҳар куни янги таржима асарини ўқиш мумкин. Таржима қилинган китоблар кетма-кет нашр этилаётир. Бу таржималар жанри, мавзуси, услубига кўра ҳар хил. Жўғрофияси ҳам ғоят кўламли. Яхши таржималар кўп, албатта. Лекин баъзи таржималарни ўқиб, таҳлил қилиб, муаллифнинг услуби, маҳорати, бадиий санъатларни қўллаш маҳорати ҳақида муайян тасаввурга эга бўлолмайсиз. Шундай пайтда савол туғилади: Услубсизлик аслиятга – биринчи муаллифга хосми ёки таржимонга – иккинчи муаллифгами? Таржима асарларининг сифат-савияси, аслиятга яқин ёки аслиятдан йироқлиги қай даражада бўлиши керак?

Шу ва шу каби саволларга жавоб излаб, “Жаҳон адабиёти” журналида ўтган – 2022 йил мобайнида эълон қилинган таржима асарларини ўқир ва кузатар эканмиз, хаёлдан ўтган айрим мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Журналнинг 1-сонида “Словак халқ қўшиғи” эълон қилинган. Уни рус тилидан таниқли шоир Яҳё Тоға ўзбек тилига таржима қилган.

Биз кўшиқ деганда кўпинча ҳажман унчалик катта бўлмаган, лирик кечинмалар ифодаланган шеър-қўшиқларни кўз олдимизга келтирамиз. Лекин “Словак халқ қўшиғи” ҳажман катта битта асар. Аслида уни достон деса ҳам бўлади. Чунки асар яхлит сюжет асосига қурилган, яъни воқеабанд. Ҳодиса-воқеалар, яъни сюжет ҳаёт зиддиятлари ва курашларда ўсиб ривожланади. Қаҳрамонлар, персонажлар, иштирокчилар тўлақонли катта асардагидек ҳаракатланади, тўлақонли ҳаёт билан яшайди.

Халқ қўшиқлари қайси тилда бўлмасин, ўзбек тилидами, словак ёки бирор бошқа тилдами, умумий руҳи, халқона фикр тарзи, енгил ўқилиши, равонлиги, ҳатто шакл ва қурилиши жиҳатидан бир-бирига яқин бўлади, ўхшаш бўлади. Шу нуқтаи назардан барча халқ қўшиқларини бир-бирига қариндош, деб айтиш мумкин.

 

Қўшиқлару наволар,

Қайдан бўлгансиз пайдо?

Тушганмисиз ҳаводан,

Ердан чиққанмисиз ё?

 

“Осмондан тушганми, ердан чиққанми?” деган ўзбекона ибора ва  тушунчани таржимон асарга шундай осон сингдирган, енгил уйғунлаштирганки, ўқувчи бу топилмани жуда табиий қабул қилади, ҳатто сезмайди. Чунки у асарнинг “умумий вужуди”га бир аъзо каби пайванд бўлиб кетган. Асарда ёки таржимада муаллиф ёки таржимоннинг бадиий топилмасини ўқувчи сезмай ўқиса, табиий қабул қилса, асарни яхлит матн сифатида қоқилмасдан ўқишда давом этаверса, бу, шубҳасиз, муаллиф ва таржимоннинг маҳоратини намоён этадиган нуқта бўлади.

 

Илк хониш на самода,

На ер қаърида қолган.

Қизлар излаб афтода,

Йигитлар топиб олган.

 

…самода… афтода; қолган… олган” каби жарангдор ва силлиқ қофиялар таржимоннинг словак халқ қўшиғини ўзбек халқ қўшиқлари руҳига, енгил ўқиладиган ва осон тушуниладиган тизимга, шаклга солганини, бу билан бадиий матннинг пишиқлиги, таранглиги ортганини кузатиш мумкин.

Асарни ўқишда давом этар экансиз, таржимон, айни пайтда, словак халқининг феъл-атвори табиатини, шу ўлка табиатининг манзараларини рассом каби чизганига ишонч ҳосил қиласиз.

 

Икки тоғ дарасида

Бир ғариб кулбача бор.

Шимо ўз қалъасида,

Пастда Зузанка дилдор.

Паналаб тоғ арчасин

Қирол энар қуйига.

Чертади

Қиз дарчасин

Тунда келиб уйига.

 

“Раҳминг келсин,

Қопқангни

Очақол,

Гап бор битта”…

 

“Йиғлайверма, англадим,

Яхши отга бир қамчи.

Кўзанг учун

Малагим,

Юрагимни берсам-чи?”

 

Шу ўхшайди керакка,

Қолгани қиз нозидир.

“Кўза учун

Юракка

Юрагим ҳам розидир”. 

 

Аввало, қофияларга аҳамият берайлик: “англадим, малагим, қамчи, берсам-чи… керакка, юракка, нозидир, розидир”.

Таржима асарида оддий сўзларнинг ўрни топиб ишлатилгани сабабли улар нодир сўзлар каби ярақлаб очилиб, таржиманинг залворини оширган. Шу тўлиқ, силлиқ қофияларнинг ўзиёқ Яҳё Тоғанинг нозик дидли, сўзларни чертиб-чертиб ишлатадиган шоир эканига далилдир.

Қисқа қилиб айтганда, “Словак халқ қўшиғи” воқеабанд, ҳажми катта битта шеър. Таржимада асарнинг қизиқарли ва ғаройиб сюжетига путур етмаган. Ўқувчини ҳаяжонга соладиган воқеалар жараёни, ҳодисалар ривожи киши кўз ўнгидан кинолентадек ўтади. Қаҳрамон ва персонажларнинг портретлари шеърхон тасаввурида тўлақонли ҳолда гавдаланади. Уларнинг характерлари, хос одатлари, феъл-хўйи аниқ-тиниқ намоён бўлади.

Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, шеърий вазн мезонлари таржима асарининг бошидан охиригача бирор ўринда бузилмаган. Халқона иборалар, қочиримлар, мақоллар ўз ўрнида, топиб ишлатилгани учун таржима енгил ва равон ўқилади.

Таржимон маҳорат бобида аслиятдаги шоир даражасида ёки ундан ҳам юқори бўлиши керак, деган қоида шу ўринда, шоир Яҳё Тоға мисолида ўз исботини топган, десак, бизнингча, хато бўлмайди.

Яҳё Тоға “Словак халқ қўшиғи”ни она тилимизга мустақил асар даражасида, асарга ўзбекона руҳ бағишлаб ўгиришга эришгани учун уни шоирнинг адабий таржимаи ҳолини безайдиган, устоз шоирлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Абдулла Шер, Маъруф Жалилнинг таржималари қаторида эътироф этиладиган асар бўлган, деб айтиш мумкин.

Журналнинг 2-сонида Хитой мумтоз шеъриятидан намуналар, хусусан, 3 нафар шоир – Гуан Ханьин, Цяо Цзи, Чжан Кэцзюнинг шеърлари “Тўлқинларда рақс тушади ой” умумий сарлавҳаси остида журналхонларга тақдим этилган. Шеърларни шоир Турсун Али рус тилидан ўзбек тилига ўгирган.

Маълумки, Хитой мумтоз шеърияти Хитой маданияти, Хитой тарихи каби шаклланиш, такомиллашишнинг узун йўлини босиб ўтган. Шу сабаблими, жуда нозик, нафис ва ўзигагина хос ингичка хусусият ва белгиларга эга. Бу шеърий санъат ихчам ифода, қисқа ва оз воситалар билан кўламдор маъноларни акс эттиришга йўналтирилган. Хитой шеъри пировардида, мутахассисларнинг эътироф этишича, нарса ва ҳодисаларнинг қоқ моҳиятига, яъни олий ҳақиқатга етишга интилади.

Хитой шеъриятида табиат манзараларини тасвирлашга алоҳида эътибор қаратилади. Табиат манзаралари орқали инсон руҳияти манзаралари таҳлил этилади. Гуан Ханьиннинг “Куз”, “Қиш”, “Баҳор” сарлавҳали шеърларида ҳам худди шундай ҳолатга, тасвирга дуч келамиз.

“Куз” шеърида:

 

Совқотган чигиртка чириллар,

бироқ сассиққўнғиз жим қолди,

жунжикиб,

ва ёмғирнинг

бир маромда томчилари

урилгайдир бананларга.

 

Таржимон “ёмғирнинг бир маромда томчилари” деб ўзимизнинг табиатимизга хос кузни, “урилгайдир бананларга” деганда Хитой табиати тасвирини ўзбек ўқувчиси кўзи олдида гавдалантирмоқда. Айни пайтда, “Баҳор” шеърида таржимон икки табиатни, икки руҳиятни бадиий тасвир нуқтаи назаридан уйғунлаштира олган.

Баҳор ҳам қайтади.

Қайтармисан, азизим?

Толнинг момиқлари учар дарё узра,

Чарчади

менинг қалбим соғинишдан.

Қушдек хабар юборармисан

бир куни баҳорда?

 

Ўзларига ин қураётган

қалдирғочларга

нақадар ҳавас қиламан мен!..

 

Мазкур ўринда, матнга кўра, баҳор қайтди, лекин ёр қайтадими ёки йўқми, ноаён. Шу ноаёнлик лирик қаҳрамон кайфиятини намоён этади. Шундай вазиятда тол момиқлари дарё узра сузади. Бу манзарани соғинч манзараси деб айтиш мумкин.

Ҳар қандай шеърда, таржима қилинган шеърларда ҳам, фикрдан ташқари ҳаяжон, эҳтирос, шавқ бўлиши талаб этилади. Бу – шеърнинг азал қонуни. Юқоридаги шеърнинг қиёмига етмаган жойи шундаки, унда насрга хос фикр оқими мавжуд. Аммо назмга хос пўртана, қайнаб-тошиш сезилмайди. Гарчи Хитой шеъриятида ҳиссий майинлик, руҳий сокинлик хусусиятлари устувор бўлса-да, табулар, қолиплар яхши маънода бузилса, инкор этилсагина яхши шеър пайдо бўлади.

Энди диққат-эътиборингизни шеърнинг сўнгги сатрларига қаратмоқчимиз: “Ўзларига ин қураётган қалдирғочлар…” Бу – шоир шеърда чизган баҳорнинг суратидир.

 

Турибман танҳо

суянганча панжарага…

 

“Қиш” шеъридаги шу икки сатр ўқувчига қиш кайфиятини юқтиради.

Гуан Ханьиннинг биз юқорида ўқиганимиз “Куз” шеърида бир сатр  “Жала ажиб тарақ-туруқ этарди…” тарзида таржима қилинган. Назаримизда, “тарақ-туруқ”қа “ажиб” сўзи сифат бўлиб қовушмагандек туюлади.

Яна бир Хитой шоири Цяо Цзининг “Фароғат” шеърида:

 

Чойдишдаги қор парчаси

эриб борар ўчоқда…

 

дейилади. Қор парчаси эмас, қор учқуни  дейилса, ўринли бўларди.

Юқорида айтилганидек, Хитой шеърияти жуда нафис, жуда ингичка. Агар таржимон-шоирнинг ўзи ҳам шундай услубга эга бўлмаса, унинг таржима – қайта ижод борасидаги барча саъй-ҳаракатлари бесамар чиранишдан нарига ўтмайди. Шоир Турсун Али эса ўз услубига яқин шоирларни, асарларни таржима учун танлаган. Жумладан, Хитой мумтоз шоирларидан яна бири Цяо Цзи (1280-1345) ҳам ана шундай услубга эга шоирлардан. Унинг “Кузги нигоҳ” шеъри хотимасига эътибор қаратайлик:

 

Қошларим ўсиб қалинлашса-да,

кузги нигоҳимни қўймас яшириб…

 

Кексалик ва кексаликнинг кечинмалари нозик ифодаланган бу шеър: “Қошларим ўсиб қалинлашса-да, кузги нигоҳимни қўймас яшириб…”. Ҳар қандай шеър муаллифнинг кайфиятини, руҳиятини ифода этади: “ялонғоч барглар…”, “дилда қувонч йўқ…”, “кулба ичида ёлғиз инсон…”… Бу ўринда  табиат манзараси ва инсон табиати уйғун ҳолда, бир-бирига муқобил ва, айни пайтда, бир-бирини тақозо этадиган ракурсда тасвирланган. Шоир “кузги нигоҳ” дер экан, “маҳзун нигоҳ” деган маънони назарда тутаётир. Таржимон шеърнинг ана шу умумий руҳи, умумий манзарасига “кира олган”.

“Куз хаёллари” шеърида:

 

Яккаш ғозларгина нимадир деб минғиллар

муздай булутга…

 

Бизнингча, “минғиллар” сўзини фақат инсонларга нисбатан ишлатиш мумкин. Ғоз ёки бошқа турдаги жониворларга нисбатан бу сўзни қўллаш тўғри бўлмайди.

Чжан Кэцзюнинг Кўлда куз куни”шеърида:

 

Хазон баргларига бурканган

қирғоқлар бўйига

шошилар дарёчи қайиқлар

 

Ёки:

 

Тоғлар дандоналари орасида

Ғаройиб ой ҳалқаси,

Ой зиндонида

 

каби мисраларни ўқиб, ўйга толасиз. Бу ўринда …дарёчи қайиқлар…, тоғлар дандоналарикаби иборалар таржимон томонидан ўринли қўлланганини айтиб ўтмоқчимиз.  Лекин “дандона” деган форс-тожикча сўз ўрнига шу маънони ифодалайдиган ўзбекча сўз қўлланилганда эди, шеърнинг бадиий қиммати ортган бўларди.

Журналнинг 3-сонида турк шоирларининг шеърларидан намуналар берилган. 8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан фақат оналар ҳақидаги, яъни оналар мадҳ этилган шеърлар таржима учун танлаб олинган. Шеърларни шоир Тоҳир Қаҳҳор она тилимизга ўгирган.

Аҳмад Қутси Тажар (1901–1967)нинг “Оналар” шеърида Гул бутоғи ва Ғунча + Она ва Болага қиёсланади.

 

Ғунчага шундай дер гулнинг бутоғи:

Танимда ярасан, бир қўл тегмасин,

Титрайман, шамоллар қаддинг эгмасин.

Оналар дер бола бешикда чоғи:

 

Ёмонлик кўрма ҳеч, болам, оламда.

Умидим, тасаллим сенсан ҳар дамда.

Ғунчалар очилар, сел олар-кетар,

Оналар улғайтар, ер олар-кетар.

 

Саккиз мисрали шеърда Гул бутоғи Ғунчани шамоллардан асраб-авайлаши оналарнинг бешикда фарзандини асрашига қиёсланади. Шеър кучли фалсафий, ижтимоий хулоса билан якунланади: “Ғунчалар очилар, сел олар-кетар, Оналар улғайтар, ер олар-кетар…” Шеърнинг шундай қатъий оҳангда, кескин сатрлар билан якунланиши таржимон шеърнинг асосий нуқтасини – “жон жойи”ни топганини, шеърнинг руҳига кира олганини исботлайди.  

Маълумки, таниқли шоир Тоҳир Қаҳҳор турк тилидан кўплаб насрий ва шеърий асарларни ўзбек тилига ўгирган. Ўзбек ва турк тилларининг, шу тиллардаги сўзларнинг бир-бирига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини, маъно ёки оҳанг жиҳатидан қанчалик мос ёки мос эмаслигини яхши ҳис қилади, сезади. Бу борада шоир катта тажрибага эга. Ана шу тажриба ва маҳорат меваси сифатида ўзбек тилига турк шоири Абдураҳим Қорақўч (1932-2013)нинг муваффақиятли ўгирилган “Тун оқшом” шеъридан айрим парчаларни, айрим ўринларни ўқиб кўрайлик.

Аввало, “Тун оқшом…” деган ибора ғоятда шеърий, назмга хос ибора, оҳанг, Ҳазрат Алишер Навоий қўллаган ибора шу шеърда ўринли ишлатилганига  гувоҳ бўламиз.

 

Дардлар кечираркан, бориб йўқладим,

Йиртиқ бўхчаларда умид сақладим.

Қайғулар қўшинин қирдим тун оқшом.

 

Шишада тутқундир бир чечак иси

Ёғди юрагимга ранг-ранг қўрқуси…

Йўқ ерга йўқликни сурдим тун оқшом.

 

Ой чиқди. Кўлкалар чўкди устимга,

Ҳижрон олов-олов оқди устимга.

Кўзимни йўлларда кўрдим тун оқшом.

 

Дўстимга шеър битдим, хотира дедим.

Балки бир дўст келиб, ўтирар дедим…

Кўнглимни тупроққа қордим тун оқшом.

 

“Йиртиқ бўхчаларда умид сақладим…”, “Шишада тутқундир бир чечак иси…”, “Ҳижрон олов-олов оқди устимга…”, “Кўнглимни тупроққа қордим тун оқшом…” каби сатрлар ижтимоий, фалсафий маъноси, залвори, юки улканлиги, бадиий бўёқдорлиги жиҳатидан ўқувчининг ёдида қолади.

Бундай тўқ, пишиқ сатрлар албатта таржиманинг муваффақиятидир.

Яна бир турк шоири Абдулқодир Инолтегиннинг “Она дуоси” шеъридан:

 

Суюкли қайдаю суйган қайдадир?

Севиклисин эслаб, куйган қайдадир?

Эътимод товушин туйган қайдадир?

Кўкрак қафасимдан ёрилдим, она.

 

Сир бердим дўстимга, орам очилди,

Дардимни сўйладим, ярам очилди,

Оқимни кўрсатдим, қорам очилди,

Ўзим еб ўзимни, зор ўлдим, она.

 

Она, ғурбат эмас мени йиғлатган,

Нечун бошдан-оёқ ғариб бу ватан?

Ҳар қарич ерида бир шаҳид ётган

Азиз диёримдан сурилдим, она.

 

Қофияларнинг тўқлиги (суйганкуйгантуйган; орам, ярам, қорам; ёрилдимзор ўлдим) таржиманинг оҳангдорлигига, табиий ва равон ўқилишига асос бўлган.

Бундай ҳолатлар, шубҳасиз, таржимоннинг маҳорати нишонасидир.

Журналнинг 4-сонида Озарбайжон шоири Акбар Қўшалининг туркум шеърлари эълон қилинган. Шеърларни Озарбайжон тилидан Раҳмат Бобожон она тилимизга ўгирган.

Кейинги пайтда Раҳмат Бобожоннинг Озарбайжон шоирларидан амалга оширган таржималари газета-журналларда тез-тез эълон қилинмоқда.

“Шеър ўқидим мен Тошкент бўлиб…” шеърида шоир:

 

Улар тирсак қўйган столга

Биз кўнгилни қўйгандик, ахир

 

деб ёзади. Шоир “тирсак” ва “кўнгил”ни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ҳаётга, инсонга, ишқ-муҳаббатга муносабат борасида авлодлар – ҳиссиётлар, дунёқарашлар, нуқтаи назарлар, керак бўлса, маданиятлар  ўртасидаги тафовутни, фарқни кўрсатади. Бу тасвир, бундай кенг планли лавҳа, манзара таржимада тўла акс этган.

“Олисдаги қаро ишқ…” шеърида шоир дунёнинг икки четидаги икки юракнинг бир-бирига соғинч билан талпиниши ҳолатини қаламга олган. Бу ҳолатни таржимон таржимага ҳам ёрқин тарзда кўчиришга эришган:

 

Олисдаги қаро Ишқ,

Энг қаро ишқлар кетди.

Кетмадим қаро ишқдек,

Сен келмадинг ёз мисол.

Кўзингдану сўзингдан

На бирон хабар етди.

Ботину зоҳирингда –

Сен тарафда не аҳвол?

 

“Қиз қалъаси” шеърида шоир дунё ва кўнгил, олам ва қалб ўртасидаги муносабатни:

 

Қалъа қалб бўлолмас,

Қалъа бўлар қалб –

 

тарзида ифодалайди. Қалъа – дунё, у кўнгил, қалб бўлолмайди. Қалб эса, кўнгил эса дунё бўлиши мумкин. Таржимада шу тушунча маромига етказиб ифодаланган.

 

Бир томонда Қиз қалъаси,

Бир томонда Ўғлон қалъа.

Орангизда сарҳад йўқдир,

Орангизда ҳасрат кўпдир.

 

Шеърнинг икки сатрида “сарҳад йўқдир, ҳасрат кўпдир…” каби сўзлар тизими шеър равон таржима қилинганини кўрсатади ва ўқувчида яхши таассурот қолдиради.

Шу шеърнинг бир мисрасида “Умрим оёғингга бўлсин поёндоз…” дейилган. “Умрим оёғингга” эмас, “умрим йўлларинга бўлсин поёндоз” дейилса, назаримизда, мантиқан тўғри ифодаланган бўларди.

Журналнинг 5-сонида ўқувчига Чили шоири, Лотин Америкасининг ХХ асрдаги энг кўзга кўринган вакилларидан бири, Нобель мукофоти совриндори Пабло Неруда (1904 -1973)нинг “Башарият қўшиғи” эпопеясидан олинган бир парча, яъни “Мачу-Пикчу чўққилари” достони тақдим этилган. Уни шоир Рустам Мусурмон рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган.

Аввало, достоннинг номига эътибор берайлик: нега “Мачу-Пикчу…”?

Мачу-Пикчу қадимги халқлардан бўлган Инклар муқаддас деб билган, денгиз сатҳидан салкам 3000 метр баландликда барпо этилган шаҳар. Ҳиндулар испан босқинчиларидан қочиб, шаҳар қалъаларига беркинишган. Пабло Неруда 1941 йили Перуга борганида Мачу-Пикчу харобаларини бориб кўради ва шоир кўнглида шу асарни ёзиш фикри туғилади. Бу ҳақда достонда шундай ёзилган:

 

Мачу-Пикчу,

тошларнинг онаси,

кондор ватани.

Ибтидоий одамнинг

унут бўлган қоятошлари!

Илк бора тупроқдан эгат олган

биринчи омоч.

 

“Мачу-Пикчу чўққилари” достони аввало ижтимоий мазмун, ижтимоий руҳ билан йўғрилган, озодлик ва қуллик, эркинлик ва тутқунлик, мустақиллик ва мустабидлик, кураш ва тобелик ҳақидаги асар. Таржимон достоннинг ана шу юксак ижтимоий руҳини, ижтимоий пафосини ўзбек ўқувчисига етказиб бера олган.

Таржимада аслиятдаги миллийликни сақлаб қолиш жуда муҳим. Аслиятдаги миллий колорит, аслиятдаги бадиий бўёқдорлик таржима қилинаётган тил ва шу тил эгаси бўлган халқ миллий колоритига уйғунлашса, асар матнидаги бадиий бўёқдорлик таржима матнига ҳам кўчса, бу таржиманинг муваффақияти ҳисобланади, албатта.

Лекин фақат шугина эмас. Аслиятда асарнинг ўз ритми, яъни оҳанг ва фикр ифодаси борасида ўз мароми бўлади. Ана шу маромни сақлаб қолишга эришиш ҳам таржимондан талаб этилади.

Ана шундагина таржима асари қайта яратилган бўлади.

Ана шундагина таржима фақат хира фотонусхага эмас, соф ва асл ижод даражасига кўтарилади.

Айтиш мумкинки, мазкур достон таржимасида Рустам Мусурмон шу даражага эришган.

 

Осмонларни тешиб ўтган

довон йўлдан кўтарилиб,

булутма-булут, шамолма-шамол

чопиб чўққиларга чиқдим;

пастда қолди сариқ чақа –

мис тангалар сочиб куз,

пастда қолди буғдой ўриб –

олтин бойлик йиғиб ёз.

Чўққиларда навбаҳор,

буюк севгини кўрдим,

юзидан нур таратарди

ўн тўрт кунлик сулув ой.

 

Таржимон “Осмонларни тешиб ўтган… булутма-булут, шамолма-шамол чопиб… сариқ чақа – мис тангалар сочиб куз… буғдой ўриб – олтин бойлик йиғиб ёз… Чўққиларда навбаҳор… юзидан нур таратарди ўн тўрт кунлик сулув ой… ” каби истиораларни қўллаб, матннинг бадиий жиҳатдан бўёқдор бўлишига эришган. Бундан ташқари, асарнинг биринчи сатрлариданоқ достоннинг бошидан охиригача яхлит сақланган ягона ритмни, маромни шакллантиради. Бу якранг, зерикарли оҳанг эмас. Аксинча, ўзгарувчан, маъно ва мазмунга, шаклга мос равишда янгиланиб борувчи оҳанг ва ритмдир.

Пабло Неруда ўз ижодида шаклий экспериментларни дадил қўллаган. Изланиш ва тажрибалар заминида ўз услубини яратган. Бу услуб фикр-мулоҳаза, ифода диапазонининг кенглиги, баъзан сокин, баъзан жўшқинлиги, баъзан кўпириб қайнаши, фалсафийлиги, сўзларнинг чиройли эмас, балки ўткир, кескир бўлиши, асосий мақсадни ифодалаш, баён этиш учун хизмат қилишга бўйсундирилиши билан изоҳланади.

Таржимон аслиятнинг шу хусусиятларини сақлаб қола олган.

Шоир достонда инсон ҳаётининг маъно-мазмуни, умр якунида ўз аъмоли олдидаги сарҳисоб, ўз умрига, ўз ҳаётига кишининг ўз баҳоси қанчалик холис, тўғри бўлиши борасида баҳс юритади.

 

Беҳуда соврилар инсон ҳаёти

маккажўхори сўтаси янглиғ

ғуж-ғуж олтин донларини

тишни бирма-бир қоқиб олгандек

ушатиб олиб,

беҳуда ҳаракатлар

майда ҳаваслар,

бесамар ташвишларга

битта-битта бой бериб,

нобуд қилар бутун борлиғин.

 

Мазкур парчадан кўринадики, таржимон достоннинг асосий ғояси, асосий мақсади нимага йўналтирилганини топа билган, қандай “нишон”га қаратилганини англаган ва шуни таржима ўқувчисига етказиб бера олган.

Журналнинг 6-сонида болгар шоираси Лиляна Стефанованинг (1929-2021) “Деразамни ювсин ёмғирлар” деб номланган умумий сарлавҳаси остида бир туркум шеърлари эълон қилинган. Шеърларни рус тилидан Мавсума Мансурова таржима қилган.

Таржима ҳам ижод, ҳам санъат. Таржима асарларига мустақил шеърдан пастроқ бўлса ҳам бўлаверади, деб қараш, пировардида таржиманинг муваффақиятига соя солади. Афсуски, Лиляна Стефанованинг “Апрель” шеъри таржимасида шунга ўхшаган ҳолни кузатиш мумкин.

 

Апрель,

Менинг оппоқ гуллаган ойим,

Меҳрибон эркалар ширин висолинг.

Боқий бўл сеҳрли эртак мисоли.

Деразамни ювсин ёмғирлар доим.

Бу ойнинг кунлари тугамасин ҳеч –  

Апрель кунларингни кўпроқ чўз, сахий.

Бу тонгда ойнинг тунлари тугамасин ҳеч,

чиққан қуёш ботмасин боқий.

…Машаққатли йўл,

Апрель,

Юрагимда оғриқли яра.

Апрель,

Кетиб қолма бунча тез, эрта.

Апрель,

Яна бироз ёнимда бўлгин.

 

Таржимада шеърга, баҳорга, апрелга хос завқ, жўшқинлик, кўтаринки кайфият яққол сезилмайди. Масалан, “… гуллаган ойим…, меҳрибон эркалар ширин висолинг… Боқий бўл сеҳрли эртак мисоли… Апрель, кунларингни кўпроқ чўз, сахий… чиққан қуёш ботмасин боқий.. Апрель, кетиб қолма бунча тез, эрта…” каби ибора ва мисралар оддий ва сўник сўзлардан иборат экани учун  таржимага кўтаринки шеърий руҳ, кайфият бағишлай олмаган.

Таржима жараёнида аслият ва таржимада дунёқарашлар, ахлоқ мезонлари номутаносиб келган ўринлар пайдо бўлиши, тушунчалар ҳар хиллигига дуч келиниши мумкин.

“Нилуфар”, “Шамол” шеърлари таржимасида таржимоннинг ижодий  излангани, лирик қаҳрамоннинг дунёқарашини акс эттиришда миллий заминга таянишга урингани сезилади. Лекин “Нилуфар” шеърида “Бамисоли “НИЛУФАР” сўзи Атоқлимас, турдош от каби…” деган жўн мисраларни ўқишга тўғри келади.

“Тўй” шеърида яхши сатрлар бор:

 

“Овоз қуш каби учар”,

“Ўйин-кулгудан ҳовли 

Кема каби қалқийди”,

 

“Оқ кўйлакли келинчак –

Гуллаган каби олча.

Кўз ёшимни артаман, 

Қўлимда дастрўмолча”.

 

Келинга эзгу ниятлар билдирилиши қуйидагича ифодаланади:

 

“Келин, тикансиз бўлсин,

Бошингда гулчабаринг…” 

“Ноғорачи зарб билан 

Юрагимни чалади.

Гуриллаб ўйин-кулги

Тобора авж олади”. 

 

Шеър шундай якунланади:

 

“Ҳилпирайди оқ кўйлак,

Қушдек қоқар қанотин.

Даврада суза кетар

Оққуш мисоли келин”.

 

“Ўйин-кулгудан ҳовлининг кемадек чайқалиши…”, “Овоз қуш каби учар…” сингари истиоралар ўринли қўлланилган ва китобхонда қизиқиш уйғотади.

Журналнинг 8-сонида жаҳон адабиёти вакиллари ижодидан намуналар тақдим этилган. Шеърларни рус тилидан она тилимизга шоир Йўлдош Эшбек таржима қилган. Шеърлари таржима қилинган шоирлар турли мамлакатлардан, турли халқларга мансуб бўлсалар-да, уларнинг асарларини озодлик, мустақиллик, эркинлик, зулм ва истибдодга қарши кураш руҳи бирлаштиради. Дарҳақиқат, ўтган ХХ асрда Ер юзини инқилоб руҳи, озодлик руҳи қамраб олган эди.

Йўлдош Эшбек таржима учун ХХ асрда озодликка, мустақилликка интилган халқлар адабиётидан шеърий асарлар танлаган. Бу шоирлар – ўз халқларининг эрк ва озодлиги учун курашган, шу йўлга, шу тақдирга умрини бағишлаган фидойи шоирлар. Уларнинг шеърлари ҳуррият руҳи билан суғорилган.

Америка шоири Лэнгстон Хьюзнинг “Озодлик ўтлиси”, “Ҳаёт гўзал”, “Туғилиш” шеърлари таржима қилинган. Таржимон “Озодлик ўтлиси” шеърида газетани – кунсўз, поездни – ўтли, радиони – унсўз, вагонни – қатор деб таржима қилади. Гарчи таржимон томонидан “қайта тирилтирилган” ушбу сўзларнинг тилдан тилга, асардан асарга ўтишига шубҳа билан қарасак-да, барибир, бундай ўзига хос топилмаларни албатта олқишлаш зарур. Яна бир жиҳати, бу сўзлар мазкур шеър ёзилган пайтда  тилимизда фаол муомалада бўлган. Таржимада шу сўзлар ишлатилиши эса асарда ўша давр манзарасини тиклаш учун хизмат қилади.

 “Бундан-да қимматли сўз йўқ жаҳонда, Ҳайқираман  Яшасин Озодлик!..” Шоир озодлик сўзини катта ҳарф билан ёзади.

Лэнгстон Хьюзнинг “Туғилиш” шеърини тўлиқ келтиришни жоиз деб топдик:

 

Ў, юлдузлар туғилган

мўъжизалар майдони,

нур сочди қуёш,

ёритди ой

ва мен – шоир,

зулматга ёғмоқ учун,

чақиндай чақмоқ учун,

юракни ёқмоқ учун

қилиб қандайдир нишон

тунларга тақмоқ учун

ва қандайдир сўз билан

порлаб,

тўлиб,

сочиб нур,

нур бўлиб боқмоқ учун,

янграб,

жаранглаб

яна

шуъладай балқмоқ учун!

 

Ангола шоири Антониу Жасинтунинг “Кимдир оламдан ўтаётганда” шеърига кўра, биз марҳум ўзи билан олиб кетаётган азоблари, туйғулари учун йиғламаймиз, балки “Ҳар бир марҳумда бор Ўз ўлимимиз”.

Гвинея Бисау шоири Вашку Кабралнинг “Озодлик” шеърида:

 

Қандай шамол нола қилар

одамларнинг дилида?

Қандай ғусса оқ қанотли кабутар каби

чарх уради кўтарилиб осмон-фалакка?

 

Ҳар бир шамолда,

ҳар бир қайғуда,

ҳар қатра кўз ёшда,

ҳар бир чуқур ботган ярада…

Сен борсан,

Озодлик!

 

дейилади.

Мозамбик шоири Самора Мойсез Машелнинг “Сени қайдан топайин? шеърида:

 

Инқилоб бу –

менинг ҳаётим! 

 

Мозамбиклик яна бир шоир Жозе Кравейринянинг “Дуо қил, Мария шеърида:

 

Зиндонларда дармонсиз ғазабларда чириганлар ҳаққи,

кунга қараб ўсар ишончимиз –

кунгабоқар ниҳоли

 

деб ифодаланган мавжуд муҳитга, мавжуд ҳолатга қарши курашчан кайфиятини шоирлар жанговар сатрларниг қат- қатига сингдира олган. Шу ўринда, таржимон кайфиятининг ҳам шу кайфиятга, шоир кайфиятига мослиги яққол сезилади. Негаки, аслиятдаги асарнинг кайфияти, руҳияти билан ўша халқнинг кайфияти, руҳияти ҳам таржима қилинаётган маконга кириб келади.

Ишончнинг ниҳол каби ўсиши лирик қаҳрамон келажакка ишонч руҳи билан тўйинганлигининг рамзидир.

Конго шоири Нгампика-Мперенинг “Тун шеърида:

 

Ҳаво тинч

хурмолар ухлади.

Мовий уйқуга чўммоқда дунё.

Уйғонаркан,

тўшагидан қўзғалади порлоқ ой…

 

сатрларини қоғозга туширган. Ушбу шеърда “ухламоқ”, “уйғонмоқ”, “қўзғалмоқ” каби сўзлар бош сўзлар бўлиб, шеърнинг бир қарашда сокин, аммо жасур ва исёнкор руҳини ифодалайди. Таржимон шеърнинг юрагини очиб кўрсатадиган аосий муҳим сўзларни топа олган.

Тасаввуфда мавлавия тариқати асосчиси саналган Мавлоно Жалолиддин Румий ғазаллари журналнинг 9-сонида ўқувчиларга тақдим этилган. Ғазалларни Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид форс тилидан ўзбек тилига ўгирган. 17 та ғазал таржима қилинган.

Ўтган ХХ асрнинг тўқсонинчи йилларигача ўзбек тилига жаҳон адабиёти, Шарқ, ҳатто қардош халқлар адабиёти намуналари воситачи тил – рус тилидан амалга оширилган таржималар орқали кириб келарди. Сўнгги ўттиз йилда бу хунук анъана тобора барҳам топиб бормоқда. Энди Шарқ адабиётининг ўнлаб нодир намуналари бевосита аслиятдан таржима қилинаётир. Турк, форс, араб, хитой, корейс ва бошқа қардош халқлар тилларидан қилинаётган таржималар эҳтимол бугун жуда пишиқ-пухта эмасдир, лекин вақт ўтиши билан, яъни келгусида албатта кам-кўстлардан холи бўлиб бораверади.

Таржима учун аслият намунасини танлаш, уни бутун ҳолда тушуниш, “ичига кириш”, асар яратилган халқ тарихини, айни пайтда асар тарихини ўрганиш, асарни юзага чиқарган муҳитдан, шарт-шароитдан хабардор бўлиш, янги муҳитда, бошқа муҳитда, таржима қилинган тил муҳитида таржима асарининг қандай қабул қилинишини ўйлаш ва бу ҳақда имкон қадар тўлиқ тасаввурга эга бўлиш, таржима услуби ва усулини аниқлаш – булар таржиманинг муваффақиятини таъминлайдиган жуда муҳим омиллардир.

Мавлоно Жалолиддин Румий таржималари Сирожиддин Саййид томонидан аруз қоидалари ва мезонларига риоя этилган ҳолда, айни пайтда ўзбек тилимизнинг бой сўз бойлиги, кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда таржима қилинган.

“Била…” радифли ғазалга диққат қаратайлик:

 

Ўтди умрим дилни савдоси била,

Дил ғами ҳам дилни парвоси била.

 

Дил менинг қасдимни айлар ҳар замон,

Мен юрибман дилни даъвоси била.

 

Ёр зулфин ҳалқасидир унга жой,

Дилга хушдир бўлса шайдоси била…

 

Бутун ижоди илоҳий ишқ билан йўғрилган улуғ шоирнинг битикларини таржима қилишга қўл уришдан аввал уни синчиклаб ўқиб, “ўзиники” қилиб олиш керак. Шундагина ҳар бир ғазални тушуниш ва уни таржима қилиш учун йўл очилади.

Юқорида биз кўздан кечирган таржима-ғазал равон ўқилади. Оҳангги табиий. Сўзлар ва фикрлар маъно ва шакл нуқтаи назаридан ўрнини топган. Таржима эмас, ўзбек тилида ёзилган ғазалдек таассурот уйғотади.

Умуман олганда, таржимон-шоир услуб ва шакл нуқтаи назаридан ўз услубига яқин шоирларнинг асарларини таржима учун танлагани маъқул. Сирожиддин Саййиднинг арузда ёзиш тажрибаси, малакаси катта. Бир томондан кўплаб ғазаллар битган бўлса, бошқа томондан Саккокий, Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддн Муҳаммад Бобур, Аваз Ўтар, Ҳувайдо каби улуғ шоирларнинг ғазалларига дилтортар мухаммаслар боғлаган. Унинг мумтоз шоирларимизнинг ғазаллари билан баробар пардада, баробар даражада жаранглайдиган ғазал, мухаммаслари оз эмас. Шу маънода, ушбу ғазал таржимаси ҳам муваффақиятли чиққанини, шеърхоннинг юрагига етиб боришини эътироф этиш лозим.

Таржимада оҳангдош товушлар шеърнинг оҳангдорлигини оширганини “бўлган” радифли ғазал мисолида кузатишимиз мумкин:

 

Ҳавоингда ҳаво этган, бу дил борин наво этган,

Бу жоним ҳам жамолингдан ўчиб буржи ҳамал бўлган.

 

“Ўзим” радифли ғазалида қатор аллитерация қўллангани ғазални куй-қўшиқдек жаранглатиб юборади. Мумтоз адабиётимиздаги кўплаб ғазаллар қўшиққа айлангани бежиз эмас.

 

Эй сен, ғазалхон булбуло, ширинзабон, эй тўтиё,

Қанду шакар истар эсанг, қанду шакардирман ўзим.

 

Атоқли шоир Сирожиддин Саййид Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ижодий бисотидан ўгирган ғазалларни таржимачиликда янги босқич, хусусан, кейинги йилларда форс тилидан ўзбек тилига амалга оширилган таржимачилик тажрибасини ҳар томонлама бойитган, бу улкан тажриба-меросга янги ижодий фазилатлар, ижодий хусусиятлар, яъни ютуқлар қўша олган таржималар, деб баҳолаш мумкин.

Бадиий асарлар таржимасига, яъни таржимага “икки халқ ўртасидаги маънавий кўприк” деб таъриф берилади. Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид томонидан Мавлоно Жалолиддин Румийнинг бетакрор  ғазаллари ўзбек тилига ўгирилганини “халқлар ўртасига солинган маънавий кўприк” деб таърифлаш мумкин.

Ушбу таржималар ўз даврида амалга оширилган Шоислом Шомуҳамедов, Жуманиёз Жабборов, Жамол Камол таржималари каби халқимизнинг безавол бадиий мулки бўлиб қолади.

 

Журналнинг 10-сонида испан шеъриятидан намуналар берилган. Испан шоири Леон Фелипе (1884-1968)нинг бир туркум шеърларини рус тилидан иқтидорли шоир Даврон Ражаб таржима қилган.

Шоир “Оғриқ” шеърида  шундай ёзади.

 

Мен ўз юзимга

дунёнинг барча кўзёшлари ила

қараш учун келдим.

 

Бу сўзлар шоирнинг бутун ижод йўлини белгилаб берган сўзлардир.

“Мен биламан” шеърининг  якуни шундай:

 

Ҳа, мен кўп нарсани билмайман,

бу – рост.

Бироқ айни шу рост мени

эртаклари билан заҳарлаб борар.

Мен буни биламан. 

 

Бу шеърнинг фалсафаси Шарқона фалсафа: Билганингиз сари билмаслигингизни билиб борасиз. Лекин таржима у қадар силлиқ чиқмаган: “Ҳа, мен кўп нарсани билмайман, бу – рост. Бироқ айни шу рост мени эртаклари билан заҳарлаб борар. Мен буни биламан.”

Ушбу ўринда рост сўзи ўрнига, масалан, ҳақиқат сўзи қўйилганда маъно кучли, равшан ва ойдин ифодаланган бўлар эди.

“Гил” шеърида:

 

Цезар хоки аралашган гилдан

Хом ғиштдан қурилган

Аянчли капанинг

Шамолда униққан деворлари сувалган.

 

“Капа” бўлгандан кейин қурилган эмас, тикланган дейилса, тўғри бўларди.

“Шоир сўзларини одамларга бағишлашдан бошлайди” деб бошланган шеърдаги Наволар-ла шамол оғочларда шитирлар баргларнисатрини қандай ўқиб, қандай тушунишни билмайсиз. Ёки “Буларнинг бари ўзгача айтганда, шундай янграйди; Одамларга бахш этганим бажо бўлди ғурар-ла тўлиб…”  Бу – шеър эмас, оддий газета жумлаларига ўхшаб ҳиссиз айтилган гаплар, холос. Ёки шу шеърда “Энди мен эмас, қушлар сўзларимни айтиб сайрайди” дейилади. Мазкур ўринда “мен эмас” деган икки сўзга сира ҳожат йўқ. Шу икки сўз сатрнинг равонлигини бузиб турибди.

Шоирнинг кичик бир шеърини тўлиқ келтирамиз:

 

Бўлиб олинг шеърдан сўзларни.

Олиб ташланг вазн товушларин,

жарангдор қофиялару

улоқтиринг фикрларни ҳам.

Сўнг уларни шамолга ёйинг.

Шунда агар қолса нимадир,

бу – Шеърият,

асло, шубҳасиз.

 

Яхши шеър. Лекин унда “Бўлиб олинг шеърдан сўзларни” эмас, “Ажратиб олинг шеърдан сўзларни ёки ўткир маънога эга бошқа синоним топиб ишлатилганда, шеър ўқувчига янаям кучли таъсир этарди, деб ўйлаймиз. “Бу – Шеърият, асло, шубҳасиз” дейилганда ҳам асло сўзи ортиқча ишлатилган, бу ўринда бу сўзга эҳтиёж йўқ эди.

Журналнинг 11-сонида дунёга машҳур қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоннинг бир туркум шеърлари берилган. Шеърларни шоира Ойдиннисо рус тилидан ўзбек тилига ўгирган. Ўлжас Сулаймоннинг шеърлари аввал ҳам Шавкат Раҳмон, Мирпўлат Мирзо ва бошқа шоирлар томонидан таржима қилинган ва ўз ўқувчисини топган.

Бадиий асарда ҳис-туйғу, инсон ва табиат, ҳаракат ва ҳолат тасвирлари муҳим ўрин тутади. Аслиятдаги шу муҳим унсурлар албатта таржимага кўчган бўлиши керак.

Ўлжас Сулаймоннинг “Бир уруш тугади” шеъри воқеабанд шеър. Лирик қаҳрамоннинг отасининг акаси – амакиси урушга кетди. Урушда қаҳрамонарча ҳалок бўлди, деган хабар келади. Қаҳрамоннинг отаси – бобо набирани ёнига олиб, ўғлининг  қабрини излаб боради. Рус ўрмонларининг бир четида аканинг сўнгги манзили топилади. Ўғлоннинг хокини она юртга олиб келмоқчи бўладилар. Лекин уй-уйидан чиқиб келган қишлоқнинг ёшу қари аёллари умумий қабрга тегинишга қўймадилар. Чунки бу ерда – бир жойга 18 нафар аскар дафн этилган.

Маълумки, Ўлжас Сулаймон асарларини рус тилида ёзади. У катта рус адабиётини қозоқ даштлари, қозоқ менталитети, қозоқ ҳаёти, қозоқча кулги ва йиғи, яъни Шарқ тасвирлари билан бойитди. Бу янгилик бўлгани, миллий ва умуминсоний аҳамиятга эга экани учун шоир рус адабиётида қадр ва эътибор топди.

Шу шеърни рус тилида ўқиганда оғир кайфият ўқувчи руҳига кўчади. Аслиятдаги оғир кайфиятни олиб ўтишга таржимада ҳам, умуман, эришилган.

Таржимада:

 

Эслаганим… вагонлар,

учар аскарлар

 

дейилади. Аскарлар учмайди-ку.

Аслиятдан, яъни рус тилидаги матндан четга чиқмасдан таржима қилинса:

 

Эслаганим…

Учиб ёки елиб бораётган вагон деразаларидан

қараб кетаётган аскарлар…

 

тахминан шундай ўгирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Журналнинг 12-сонида машҳур қалмоқ шоири Давид Қуғилтиновнинг шеърлари берилган. Шеърларни рус тилидан Асрор Мўмин таржима қилган.

Асрор Мўмин тажрибали таржимон. Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Евгений Евтушенко, Андрей Вознесенский каби дунё яхши таниган шоирларнинг шеърий асарларини, яъни шеър ва достонларини таржима қилган.

Таржимон Давид Қуғилтиновнинг “Она тили”, “Чин дўстлик синалар”, “Фикрат ва вақт”, “Икки шахматчи” каби шеърларини таржима қилган. Ушбу таржимада маҳаллий тор ва чекланган шароитда қолиб, ўз иқтидорини ривожлантиролмаган, юзага чиқаролмаган шахматчи йиллар ўтиб, йироқларда маҳоратини тоблаб, тажрибасини ошириб, катта спортчи бўлган ўртоғига ўйинда ютқазади. Шеър сюжети шундан иборат.

Лекин бу анчайин ҳиссиз таржима. Шеърхонни ҳеч бир жиҳати билан қизиқтира олмайди.

 

Урушдан қайтмаган шаҳид ботирлар,

Тирик вақтдагидай тушимга кирар.

 

“тирикдек”деб ишлатилса, тўғри бўлади.

 

Дунёдан ўтганлар яшайди бизда,

Уларни асрасак хотирамизда.

 

“яшайди бизда” эмас, “яшайди қалбимизда”, дейилса, сўз ва фикр ўрнини топган бўлар эди.

Баъзан таржимонга “таржимон – хоин”деб таъриф берилган. Таржимон аслиятга, бошқа бир тилда яратилган асарга хиёнат қилмаслиги, яъни уни аслиятдан паст даражада таржима қилмаслиги керак. Агар шундай йўл тутилса, бу чиндан ҳам хиёнат бўлади.

Журналнинг шу 12-сонида румин ёзувчиси, шоир ва таржимон Флорентина Далианнинг бир туркум шеърлари босилган. Шеърларни инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржима қилган.

Флорентина Далиан Бухарест шаҳрида 1968 йилда туғилган, асли касби кимё муҳандиси. Шу кунгача иккита романи, бир неча шеърий тўпламлари чоп этилган.

“Мактуб” шеъри матн сифатида жуда оддий. Баён ва тафсилотлардан иборатдек туюлади. Масалан:

 

Кўкда қуёш порлар

Айни чошгоҳ пайт.

Бундай пайтда

Ҳис қилмоқ табиий

Ниҳоясиз жазирамани.

 

Қисқа парчада “пайт” сўзи икка марта ишлатилган. “Чошгоҳ пайт”эмас, “чошгоҳда” тарзида ишлатилса, ифода ихчамроқ бўлар эди.

Шу ўринда ҳар қандай таржимон аввало ўз тилини, адабий тилни, шу билан бирга шеваларни ҳам пухта билмоғи, бунинг учун эса кўп китоб ўқиши, изоҳли луғат­ларни мудом кўздан кечириб, ўз сўз заҳирасини муттасил равишда тўлдириб  бойитиб бориши керак, деган мулоҳаза хаёлдан ўтади.

Агар шундай бўлмаса, қуйидагидек оби-тобига етмаган сатрлар қоғозга тушиши мумкин:

 

Мен сенга ёзяпман

Чулғаб олганча ҳайронлик нуқсин:

Қачон етиб бораркин

Сенга бу мактуб?

 

Матнга кўра, лирик қаҳрамон “Ҳайронлик нуқсини” қамраб олган. Ваҳоланки, ҳайронлик лирик қаҳрамонни “чулғаб олганда” эди, жараён табиий бўларди.

Шунга ўхшаш маромига етмаган ифодага яна бир мисол:

 

Сени севишим ҳам туюлар

Воқеликдан анча йироқдек.

 

Таржима учун танланаётган асарнинг таржима қилинаётган миллат менталитетига, ахлоқига мос ёки мос эмаслиги ҳам муҳим масала ҳисобланади. Бу фикрга мисол келтирсак:

 

Чўчқалар учаётган айни пайтда

Бир-биримизни кўришда илкис

рўй берадиган бачкана афсус,

Соғинч, ваъдаларга қолдирманг ўрин.

 

Шубҳасиз, чўчқалар учаётган деган сўзлар бошқача тарзда ифодаланса, яъни бошқа муқобили – синоними топилса, мақсадга мувофиқ  бўлар эди.

 

“Ярмарка томошаси” шеърида:

 

Туюлди бўйи ўсгандек

Ўхшади унчалик ҳам аҳмоқ эмасга.

 

“эмасга” сўзи ўрнига тушмаган.

Журналнинг бир йиллик тахламларини варақлар экансиз, катта ижодий кучга тўлган шоирларнинг таржимага кўпда қўл урмаётганликларини пайқайсиз. Шундай пайтда, таржима асосий ижод билан банд бўлмаган фурсатларда, яъни бўш вақтларда қалам ёзишдан чиқиб кетмаслиги учун қилинадиган ўзига хос бир машқ эмасми, деган мулоҳазаларга хаёл олиб қочади кишини.

Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Зулфия ва бошқа аллома шоирлар ҳам таржимага бегона бўлмаганлар-ку?.. Таржима асарлари уларнинг ижодий таржимаи ҳолини безаб турибди-ку?..

Шундай пайтда кейинги йилларда тегишли олий ўқув юртларида бадиий таржима билан, хусусан, хорижий тиллардан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан хорижий тилларга таржима қилишга ихтисослашган таржимон-мутахассислар тайёрланаётгани бежиз эмас ва бу келажакда ўз мевасини беради, деган хулосага келасиз.

“Жаҳон адабиёти” журнали ўтган 2022 йил давомида жаҳон адабиёти, жаҳон шеърияти мухлисларини дунёда эътироф этилган, услуби, ижодий йўналиши нуқтаи назаридан ҳар хил бўлган шоирлар ва шеърлар билан таништириб борди. Бу билан миллий адабиётимиз, шеъриятимиз уфқлари кенгайишига, янги-янги анъана ва тенденциялар билан бойишига муносиб ҳисса қўшди.

 

Салим АШУР

28.0202023

 

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting