2022 йил давомида Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, жумладан фейсбук ва телеграм тармоқларида юзлаб янги таржималар тақдим этилди. Улар жанрига кўра, асосан шеър ва ҳикоялар бўлиб, қисман эссе, суҳбат, қатралар ҳам учрайди.
Юртимизда кўп йиллик адабий фаолиятга эга сайт — Хуршид Даврон кутубхонасида ўтган йил давомида таржима рукнида асосан жаҳон шеъриятидан намуналар тақдим этилганини кўришимиз мумкин. Улар орасидан ҳокку ва танка каби кичик жнарлар ҳам ўрин олган. Шунингдек, машҳур адибларнинг туғилган саналарида уларнинг қаламига мансуб ҳикоялар матн ва аудио тарзида жойлаб келинади. Сайтда устоз таржимонлар Рауф Парфи, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Олим Отахон, Шарифжон Аҳмедов, Узоқ Жўрақулов, Хуршид Даврон, Абдулла Шер, Вафо Файзуллоҳ, Фахриёр ва бошқа ижодкорларнинг муқаддам қилган таржималари ушбу йилда чоп этилган. Ёшлардан эса Алишер Отабоев, Саиджалол Саидмуродов, Гулноз Мамарасулова, Рафиқ Ўзтурк каби таржимонларнинг ўгирмаларини ўқишимиз мумкин.
Энг катта электрон кутубхона – Ziyouz.uz сайтининг таржима рукнида асосан, босма адабиёт журналларида чоп этилган ҳикоялар жойлаб борилган. Ўтган йил давомида энг кўп мутолаа қилинган ёзувчи сифатида Антон Чехов келтириб ўтилган. Жаҳон адабиётидан йил давомида сайтда энг кўп ўқилган ҳикоялар сафидан Эрнест Хемингуэйнинг «Ёмғирда қолган мушук», Иван Тургеневнинг «Муму», Антон Чеховнинг «Латта», «Ғилоф бандаси», «Хамелеон», Рабиндранат Тагорнинг «Шубха», Михаил Шолоховнинг «Инсон тақдири», Франц Кафканинг «Эврилиш», Жек Лондоннинг «Ҳаётга муҳаббат», Азиз Несиннинг «Адабиётсевар» каби ҳикоялари ўрин олган. Сайтнинг телеграм каналида айни пайтда 400 дан ошиқ ўқувчи мавжуд.
Nodirabegim.uz адабий сайтининг таржима бўлимида 2022 йил ичида 30 га яқин янги таржималар эълон қилинган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти аслиятдан ва ёш таржимонлар томонидан ўгирилган. Ўтган йилда сайтда энг кўп ўқилган таржима бу Жанет Тэй Ҳю Чингнинг «Туғён» ҳикояси бўлиб, уни Зилола Жамолова ўгирган. Шунингдек, айрим замондош шоир-ёзувчиларнинг ижоди илк марта ўзбек тилига ўгирилган, улар орасида немис, вьетнам, турк, корейс, американ, мексикан, бразилиялик, румин, ҳинд миллатига мансуб замонавий ижодкорларни кўриш мумкин. Йил давомида сайтга янги таржималарини улашган ижодкорлар – Шерзод Комил Халил, Мирзоҳид Музаффар, Шерзод Ортиқов, Раҳмат Бобожон, Алишер Файзуллаев, Нодира Назар ва бошқалар бўлиб, улар йил давомида таржимачилик соҳасида унумли ижод қилишди. Жумладан, ёзувчи Ш.К.Халил 2022 йил давомида ўзбек тилига 20 дан ортиқ шеър, 30 та ҳикоя таржима қилган ва улар интернет сайтларида, шахсий телеграм каналида эълон қилиб борган. Ёш шоир Раҳмат Бобожон 2022 йил ичида рус, турк, озар, туркман тилларидан 20 га яқин ҳикоя, 200га яқин шеърларни ўзбек тилига ўгирган. Шунингдек, таниқли ўзбек шоирларининг ижодини қардош сайтларга тақдим этиб келган.
2022 йилда фейсбук тармоғида ҳам баъзи ёш таржимонларни ҳам кашф этдик: булар Жавоҳир Осмон, Алп Асли, Зоир Зокиров, Салимжон қизи ва бошқалар. Улар инглиз, турк, форс тилларидан шеър, ҳикоя, қатралар таржима қилиб улашиб келмоқдалар. Бироқ бошқа айрим ҳаваскор таржимонларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилган таржималарида жумлаларнинг сўзма сўз ўгирилиши, айниқса гугл-таржимон хизматидан фойдаланганлиги ёққол кўриниб туради. Ижтимоий тармоқларда муҳаррир ва ношир кўригисиз, таҳрирсиз эълон қилиб юбориладиган бу каби таржималар афсуски, сўнгги йилларда урчиб бормоқда.
Jahonadabiyoti.uz, Sharqyulduzi.uz, Yoshlik.uz сайтларида эса мазкур босма журналларларнинг таржима рукнида чоп этилган асарлар йил давомида сараланиб жойлаб борилган. Айтиш керакки, ҳар учала журналнинг расмий сайти ўз телеграм ҳаволасига, фейсбук тармоғида саҳифасига эга бўлиб, мунтазам равишда журналда эълон қилинган ижодий ишларни улашиб боради, маълум муддат ўтгач журналларнинг электрон пдф шаклини ҳам ўқувчиларга тақдим этади.
Босма адабий журналлар ўз ўрнида виртуал аудиториясини кенгайтиришга ҳаракат қилиб қилмоқда. Улар орасида «Ёшлик» журналининг телеграм канали пешқадам десак бўлади, у ўқувчиларни жалб қилиш учун турли сўровнома, викториналар ўтказиб келади. Айни пайтда унинг расмий телеграм каналида 1000 дан ортиқ фойдаланувчи мавжуд. Бу кўрсатгич «Шарқ юлдузи»да 574, «ЎзАС»да эса 316 та, «Жаҳон адабиёти» телеграм каналида 260 тани ташкил этади.
Энди эса юқоридаги сайтларда эълон қилинган айрим ҳикоялар ҳақида гапириб ўтсак. Ziyouz.uz сайтида эълон қилинган Азиз Несиннинг “Адабиётсевар” ҳикоясини ёш шоир Раҳмат Бобожон турк тилидан таржима қилган. Ҳикояда икки қўшни ҳақида гап боради, улардан бири ёзувчи, иккинчиси эса қўштирноқ ичидаги адабиётсевар. Ёзувчи унинг уйига меҳмонга кирганида хонадонида кўплаб китобларни кўриб аввалига ҳайратланади, аммо кейин қўшнисининг сохта дастхатлар билан мақтаниши, ўлиб кетган ёзувчилар билан учрашувлари ва танимаган адиблари билан дўстлиги ҳақдаги лоф ва ёлғонларидан асабийлашади. Келаси куни эса уни ўз уйига чақириб, Гётенинг китобини кўрсатиб уни танийсизми, деганда адабиётсевар қўшни у машҳур кўзбойлоғич эди деб жавоб беради. Ёзувчи кейин нима бўлганини эслолмайди, кўзини очганида мелисахонада бўлади. Афсуски, бу ердаги комиссарнинг ҳам Шекспирни танимаслиги дард устига чипқон бўлади. Ҳикоя қисқа ва лўнда бўлиб, таржимон уни маромига етказиб ўзбек тилига ўгирган. Эскича сўзлашув услубидаги жумлаларни ҳам тўғри танлаган, аччиқ сатира услубини очиб беролган.
Хуршид Даврон кутубхонаси сайтида Габриэль Гарсиа Маркеснинг «МОВИЙРАНГ ИТНИНГ КЎЗЛАРИ» ҳикояси Гулноз Мамарасулова таржимасида эълон қилинган. Фусункор реализм йўналишидаги ҳикоя бир эркакнинг тушига кирган аёл билан кечган диалоглар устида қурилади. Ҳикоя номини таржима қилишда «Мовий итнинг кўзлари» дейилса тўғрироқ бўларди, ҳудди мовий тоғлар, мовий гумбазлар каби. Ранг сўзи қўшилмаса ҳам маъно англашилади. Ҳикоя яхши таржима қилинган, лекин айрим жумлаларни таҳрирлашга эҳтиёж бор, тишга тегадиган гапларга сайқал бериш, гап ичидаги сўзлар ўрнини алмаштириш лозим.
Nodirabegim.uz сайтида Уилям Сарояннинг «ПЎРТАХОЛ» ҳикояси ёзувчи Алишер Файзуллаев таржимасида эълон қилинган. Унда ночор ва етим болакайнинг мандарин сотиши тасвирланади. У харидорларни жалб қилиш учун доим кулиб туриши лозим, аммо ич ичидан ёлғиз ва бахтсиз бўлган болакай жилмайишни эплолмайди. Ҳикоя ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган, таржимон ўзбек тилининг кенг луғавий имкониятларидан фойдаланган; қайтариқлар йўқ, бадиий жиҳатдан пухта, муаллифнинг услуби сақлаб қолинган. Ўқувчи уни бир нафасда мутолаа қилади ва сўз сеҳридан таъсирланади.
Мазкур сайтда эълон қилинган яна бир ҳикоя — Ширли Жексоннинг «ЛОТОРЕЯ» ҳикояси инглиз тилидан ўзбекчага ёш таржимон Мирзоҳид Музаффар томонидан ўгирилган. Мирзоҳид кўпинча ҳали ўзбек адабиётига кириб келмаган ёзувчиларни танлайди ва мазмуни, ғоясига аҳамият қаратади. Ушбу ҳикояда ҳам жоҳил оломон қиёфаси акс этади. Қишлоқдагилар йиғилиб лоторея ўйнашади ва охирида бир одам барча томонидан тошбўрон қилинади. Улар бу бидъат одатдан воз кечишмайди. Кўп кўзга ташланадиган имловий ва пунктуацион хатоларни ҳисобга олмаса, таржима яхши чиққан. Ҳикояни қайта таҳрирлаш уни янада мукаммалаштирган бўларди. Масалан, Ҳеч нарса эскисидекмас, жумласи ўрнига Ҳеч нарса илгаридек эмас дейилса тўғрироқ чиқарди.
Хулоса қилиб айтганда, 2022 йилда ёш таржимонлар виртуал оламда сермаҳсул фаолият олиб боришди. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган яхши ўгирмалар электрон ва босма нашрларда ҳам чоп этилди. Муҳими, ёшлар кўпроқ тил ўрганиб аслиятдан таржима қилишга интилишяпти, хориждаги замондош ижодкорлар билан фейсбук орқали мулоқот қилиб, уларни ўзбек аудиториясига ҳам таништириб келмоқдалар. Афсуски, адабиётга ихтисослашган сайтларнинг саноқли экани, айнан бадиий таржима бўйича алоҳида сайтнинг мавжуд эмаслиги, телеграмда ҳам айнан таржима асарларга ихтисослашган каналларнинг камлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Умид қиламизки, келгуси йилларда бу камчиликлар тўлдирилади.
Нодира Иброҳимова