Йил давомида тўлдириладиган мазкур кундалик ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У инсонга ўзини англаши учун кўмак беради. Биз Стоик кундалиги билан танишиб, ундан ўнта саволни ажратиб олдик.
Кундаликдаги саволларга ёш шоир Шаҳриёр Шавкат жавоб беради.
- Қайси ёмон одатларимдан ҳалиям қутулолмадим?
Аниқ кун тартибига тушишни ҳар куни машқ қиламан. Баъзида ўхшайди, икки-уч кун ўтиб ҳаётим бир хил ўтаётгандек туйилади. Аммо аниқ биламан, пала-партиш ҳаётдан режалаштирилган тизимга ўтсам, кўзлаган мақсадларимга вақтида эришаман. Чунки ҳаммаси шунга боғлиқ. Соғлик, ижод, мутолла, иш, дам олиш…
- Мулоқот қиладиган одамларим мени ўстирадими ё аксинча?
Одамлар билан иложи борича камроқ гаплашсам дейман… Шу ерда ҳам Навоий ҳазратлари ҳақ: “Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.”
- Яқинларим хато қилса ҳам уларни севишда давом этаманми?
Йўлдош Эшбек: “Виждон бу хатодан улғайган азоб” дейди. Шунга қарамай, мен хатонинг кўлами ва оқибатига қараб муомала қиламан.
- Осмонга қараганимда нимани ҳис қиламан?
Бошқа сайёраларда ҳаёт борлигига ишонаман. У ерда ҳам бизга ўхшаган одамлар бўлса керак. Энг ёмони – осмонга кам қарайдиган бўлиб қолдик…
- Шу вақтгача тақдир менга қандай туҳфалар илинди?
Мен ўзимни омадли одам ҳисоблайман. Оилам, дўстларим, танишларим, ишим, ижодимдан кўнглим тўлади. Тақдир шуларни берди. Булардан яхшироғи бўлганда ҳам шуларни танлардим. Одам ҳадеб ўзини-ўзи эзавермаслиги керак. Бўлган, бўляпти, бўлаверади. Насибага яраша…
- Орадан юз йиллар ўтиб мен ҳақимда нима деб эслашлари мумкин?
Юз йил давомида ўзбек тили катта ўзгаришларга учрайди. Ёзганларимни ҳозиргидан камроқ одам ўқийди. Мени қийнаган муаммолар улар учун кулгили бўлиб қолади деб ўйлайман. Бирламчи эҳтиёжларни қондириш учун ҳаётимнинг катта қисмини сарфлаганимни билиб, устимдан кулишмасайди дейман…
- Ҳаёт пьесасида мен қандай ролни ижро этяпман?
Томошабин…
- Қасос ниманидир яхшилашга ёрдам берганми?
Йўқ. Энг ёмон кўрганим шу. Миллатлар авлодларига ўз қасосларини ҳам мерос қилиб қолдиришидан ёмони йўқ.
- Севги бераманми ёки оламанми?
Бор товоғим, кел товоғим шаклида.
- Менга чиндан ҳам тегишли бўлган нимадир (кимдир) борми дунёда?
Ўзим. Оила аъзоларим. Ёзилажак китобларим.