Лой ёмғири ва Буковскининг “грязный реализм”и ҳақида

0
212

2023 йил февралининг илк кунида Навоийда лой ёмғири ёғди. Кечаси билан ёмғирнинг шитир-шитирига баҳс бойлаб, ноутбукимни чиқир-чиқирлатиб чиқдим. Лой ёмғири ва ўрганаётганим Буковскининг “лойли” реализмида уйғунлик бордек лойқа фикрлар миямга қуйилиб келарди. ХХ асрнинг энг зиддиятли ёзувчиси (шоир ҳам)га қизиқиш, талаб сўнгги ўнйилликда нега бу қадар ортиб кетди? Бугун унинг ижоди ўзбек ёшлари, ёш ижодкорлари орасида ҳам оммалашиб бораётганига сабаб ўзаро руҳий яқинликми?

Ҳамма даврнинг ўз қаҳрамонлари, севимлилари бўлиши табиий. Пуч келажак, сароб орзулар, ёлғон ваъдалардан соб бўлган 20-30 ёшли авлод учун қақшатқич, яланғоч реализмдан ўзга нажот йўқдек. Жамиятга, ҳукумат ва замонга нафрат ва ғазабини шу орқали сочаётгандек, ўч олаётгандек.

60-йиллардаги совуқ уруш одамларда келажакка шубҳа ва умидсизликни авж олдирди. Улар қашшоқликдан қутулиш ҳақдаги сўнгги умидни ҳам йўқотдилар, ёлғизлик ва маънисизликнинг оловли ҳалқаси ичида қолдилар. Шу вақтда дунёга келган гиперреализм услубидаги романлар тушкун одамларнинг ягона тасаллисига айланди. Ўқувчилар туман ичида, жар ёқасида ёлғиз эмасликларига ишондилар. Гиперреализм намуналари ҳаёт ҳақидаги шафқатсиз ҳақиқатнинг, “Америка орзуси” аталмиш афсонанинг юзига кўзгу тутдилар. Жирканч ҳақиқат одамларда яна ишонч уйғота олди, ҳеч бўлмаса бу ерда алданмасликлари, ҳақиқий ҳаётни китоб саҳифаларида бўлса-да кўришлари мумкин эканидан қувона олардилар.

Чарлз Буковски ўша жамият, қолаверса носоғлом муҳит меваси эди. У садист отаси ҳақида шундай хотирлайди: “Менинг адабиётдаги энг катта муаллимим – отам. Чунки у менга оғриқ, яна ҳам аниқроғи сабабсиз азоб нима эканини англатди”. Отасининг онаси ва уни аёвсиз калтаклаши, мактаб даврларида немис миллий либосидаги боланинг америкаликлар томонидан таҳқирланиши, ўсмирлик даврида юзини яра босиб, ҳеч кимга қўшилолмай қолиши ва бунинг отаси томонидан қаттиқ назоратга олиниши Буковскини кутубхонага, китоблар оламига шўнғишга сабаб бўлди. Ёшлигидаги кечмишларнинг бари уни бир умр турмуш тарзида, битикларида таъқиб қилди. Ҳеч ишда турғун бўлмади: касб ва аёллар борасида беқарор, ойма-ой алмашлаб туришни одат қилди. Буковски асарларининг қўлма-қўл бўлиб кетишидаги асосий омил – у ўзи ҳақида очиқ-ойдин, яширмай ёзгани эди.

Унинг олти романидан бири “Фактотум” мутолааси Буковскини, у яшаган жамият ва муҳитни англаш учун кифоя қилади. Бош қаҳрамон Генри Чинаски – унинг ўзи. Асар шу қадар қора бўёқларда, жирканч ифода усулида ёзилган бўлса-да, муаллифнинг қалбини, унинг оғриғини тушунасиз. Тасвирлардаги тартибсизлик унинг ичида эканидан ҳатто ачиниш ҳиссини туясиз. Йўқ, унинг асарлари қалбингизни тозартирмайди, пок ҳислар ваъда қилмайди. У ўзининг мисолида беҳуда яшамаслик кераклигига йўл кўрсатади. Ҳатто қабртошига ҳам унинг васиятига кўра “Уринма!” деб ёзиб қўйилган. Маъноси шуки, у ёзувчи ўз бўшлиқларини тўлдиргандагина муваффақиятга эришади, деб ҳисоблаган. “Ҳеч ким, ҳеч қандай устоз сизга ваъда қилганини бермайди. Шунинг учун уринманг. Инсон фақат шахсий тажрибаси, қийинчиликларга дош бериши ва хулоса чиқара олиши билангина муваффақиятга эришади. Фақат олов, сув кечиб, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан ўтибгина, одам бу ҳаётда ниманидир тушуниши мумкин. жилла қурса, кўзини каттароқ очар, пушти кўзойнагини ечар. Шунинг учун уринманг!”, деган.

Бизнинг жамиятда ҳам нега яланғоч реализмга қизиқиш ортиб кетди? Дидактик адабиёт бизни ўстирди ва ундан кутганларимиз кутганимиздек чиқмади. Насиҳат деса, юзимиз бужмаядиган бўлди. Бўёқдор, жимжимадор асарларга тупургимиз келади. Ҳозирги ўсиб келаётган авлод на ўз ҳаётида, на “бировнинг ҳаёти” – адабиётда буюк келажакни кўрмай қўйди. Ишончсизлик, умидсизлик охирги беш йилда кучайиб кетди. Аввал мўлжал бор эди, йўлнинг охири бор деган илинжда яшардик. Энди жамиятнинг катта қисми “чет эл орзуси”, “суриш режаси” билан яшаяпти. Баландпарвоз ваъдалар, жимжимадор сўзлар, охири яхшилик билан туговчи эртаклар, пуч насиҳатлардан тўйган ўқувчи аёвсиз бўлса-да, ёқимсиз ва жирканч бўлса-да ҳақиқатни эшитгиси келяпти. Ҳақиқат ҳам гапирилар экан деган юпанчда, қувончда. Шу сабаб ҳаётни бор-бўйича ойнага солиб кўрсатувчиларнинг этагидан тутувчилар кўпроқ.

Биз шундай жамиятда яшаяпмиз – бизга Навоий, Рабғузий, Яссавийлар эмас, Нитше, Камю, Буковскилар… керак.

Лойқа фикрларимни ёзиб тугатгунимча, лой ёмғири ҳам тинди. Қуёш чиқяпти. Демак, яна нимадандир умид бор.

Севара Алижонова 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting