Билишинг шарт!

0
167

ҳикоя

Бугун сенга бир сирни очаман. Бу нарсалар ҳақида деярли ҳеч эркак иқрор бўлмаган. Аммо мен бу ноҳақликка чек қўймоқчиман. Чунки бизнинг хоҳиш-истакларимиз доимо сиз аёлларга нисбатан адолатсиз жирканч ёлғонларга қоришиқ ҳолда, худди зулук қон сўргандек умрингизни, ишончингизни ва эс-ҳушингизни сездирмай тортиб оларди. Сизлар бўлса янги кўйлак, қайсидир тўйга рухсат олганингиз ва ҳомиладор бўлганингиз учун ҳам бахтни дилингизга туйиб қўяверасиз. Аслидачи, аслида ҳам оилавий бахт шулардан иборат эмасми? Ҳа, афсуски бу нарсалар икки кишини бахтли қилиш учун анча камлик қиларди. Тўғри балки ози шириндир, бироқ эркакнинг кўнгли тўлиши, мушукнинг тўққиз ўлиши дегандек гап. Аксинча бўлса билгинки сен кўриб турган томоша соҳта ёки хўжакўрсинга.

Эркаклардаги ягона беғубор ва соф туйғу узоқ ўтмиш, яъни ўспиринлик даврига тўғри келади. Бинобарин сўзни ўзимдан бошласам.

Адашмасам ўн тўрт ёшда эдим. Мактабда синфдошларим билан Футбол ўйнардик. Жисмоний тарбия дарсида албатта. Коптокка бор кучим билан зарба берганим аниқ эсимда! Бамисоли чирпирак бўлиб учаётган тўп дарвоза тўсинига тегиб ўз йўналишини ўзгартирди ва четда арғимчоқ учаётган қизларнинг бирига тегиб, уни қулатди. Не кўзлар билан қарайки йиқилиб ётган ва йиғлаётган синфдошим, Ойдин экан. Балки тўп ҳақиқатда ҳам ёмон теккандир. Ёки қўққисдан теккани учун, у қўрқиб кетгандир. Юпатмоқчи бўлиб, бориб унинг елкаларидан тутдим. У ҳам шу пайт менга термулганча йиғидан тўхтади. Орада бошқа биров келиб коптокни олиб кетти. Майдондан ҳар ҳил овозлар эшитилди. Аммо бизнинг ўртамизда вақт тўхтаб қолгани аниқ эди. Кейин сув қуйгандек жимлик тушди орага. Сўнг у, базўр сўз бошлади.

— Ҳеч бўлса, кечирим сўрамайсанми?

Юзидаги мағрурлик синиққина оҳанг билан самимий янграган бу сўзлар, илк бора мендек бадфел боланинг юрагига севги ўтини солганди.

Биласанми, ҳаммаси, бутун ҳаётим ана шу воқеага чамбарчас боғлиқ. Сезиб турганингдек Ойдин менинг илк мухаббатим бўлган. Барчаси ундан бошланган.

Вақти келиб Ойдин турмушга чиқиб кетди. Мени қўлимдан эса ҳеч нарса келмасди. Ҳали жуда ғўр эдим. Озроқ азоб чеккан бўлдим, юрагимдан қандайдир оғриқ ҳам ўтди. Жуда аламли оғриқ. Ҳалигача эсласам эсим кетади, эзиламан…

Шу ишлардан кейин Алиш пайдо бўлди.

Менику қизлар билан ош-қатиқ бўлишга унча ҳушим йўқ. Гаплашсам ҳам шунчаки кўнгил сўрардим. Лек Алишнинг таъсирида аста айнишни бошлаганимни сезиб қолдим. Энди турли муносабатлардан эриш туйилсада ўзимни олиб қочмасдим. Бирдан айнидим, қўйдим. Токи…

Билмайман нега, лекин у доим дўстларимнинг сафида эди. Балки барчага бирдек ёқмас. Балки доим бирга бўлганимиз учун ёмон қилиғларига ҳам кўз юмгандирман. Аммо мен аввалдан яхши биладиган ва танийдиган Наргиза исмли қизнинг атрофида ўралашиб қолиши ҳаммасидан ўтиб тушди.

Наргиз жуда келишган, сочлари узун, бурни пучуқ қиз эди. Ориққина, бўйи паст бу ҳилқат, кўпчиликни эсини ўғирлаши табиий албатта. Лекин Алиш каби бетайинлар бундан мосуво бўлиши шарт эди доимо. Начора «Ёмонга ўлим йўқ» экан.

Буни қарангки яхши инсонга қалбини боғлаган разил кимса яхши томонга ўзгаришни бошлади. Бу ҳодиса барчани, жумладан мени ҳам лол қолдирмасдан илож йўқ эди. Жинурсин Алишни. Унинг яхши жиҳатлари борлигини билмаган ҳам эканман. Нима бўлган тақдирда ҳам, кўнглим жуда ғаш эди. Чунки бир кунмас, бир кун аниқ нимадир бўлишини сезиб турардим…

— Бемор, тушликдан кейинги дориларингизни қабул қилиб олсангиз. — Дарвоқеъ, боядан бери сенга айтиб бераётган ҳикоямнинг тугашини, сабр билан эшик олдида кутиб турган ҳамшира Зеби ҳам, унча ёмон қиз эмас. Ҳар гал менга дори ичириш учун ўзи келади. Келгани ҳамоноқ, эшик олдида бироз кузатади. Чунки мен атай, у келадиган маҳал ўзимни ё китоб ўқиётганга, ё мактуб ёзаётганга солиб оламан. Сенга айтсам Зеби менга ёқади! Билмадим нега. Лекин мана шу шифохонадаги энг гўзал қиз айнан у. Энг мехрибони ҳам, у бўлса керак…

Ойдин ҳақида сенга кўп гапирдим. У турмушга чиқиб кетгандан сўнг нима ишлар қилганим ҳам кундек равшан. Бироқ юрагимни туб-тубидаги сирлардан сен бехабарсан. Шундоқ ҳам, ортиқ гаплашадиган мавзу йўқ экан, бир сирни очсам. Анча қизларни бошини айлантиришдан ташқари, яна анчасидан фойдаландим. Мен учун ушбу муносабатлардаги чек-чегара — совчи юборасизми, деган сўз билан адо бўларди. Шунга қарамай охири барибир турмуш қуришимга тўғри келди. Йўқ. Сўзларимдан нотўғри тушунма. Мажбур бўлиб қолмадим. Шунчаки вақти-соати келгани туфайли уйландим. Вақтга қарши аёлим мен орзу қилгандан ҳам яхшироқ эди. Шунинг учун бўлса керак маълум муддат қизлар билан муносабатларга чек қўйдим. Ҳайрон бўляпсанми ушбу сўзимга? Ҳайрон бўлма. Ёлғонни ёқтирасанми?

Мен ҳам ёлғон гапиришни ёқтирмайман. Наздимда ҳамма эркак суяксиз бўлса керак. Мен каби бўлмаса-да, ўзига хос кўринишлар ила. Авваллари, бу иллатим —  уйлансам йўқолар, деб ишонганим учун бамайлихотир эдим. Лекин уйлангач, қайтангга бошқача иштиёқ билан аёл зотига қизиқишим ортди.

Айтганча, Алиш ҳам уйланди. Бироқ ҳалигача, Наргиз билан севишиб юради. Негадир Наргизга раҳмим келяпти. Бир ёқдан унинг хаёлини ўзим ўғирлаб олишни истаб қоламан. У ҳаддан зиёд яхши қиз. Алиш барибир уни тинч қўймайди. Наргизни отаси йўқ. Шу учун онасига — турмушга чиқмайман, деб қаршилик қилишга юраги бетлаган. Алиш ҳам, мажбурлаб уйлантиришганига, Наргизнинг олдида ўзини айбдор ҳис этмасди. Одамларнинг гапи қизиқ. Улар гапниришни яхши кўради. Алал-оқибат эски гаплар яна болалаб кетти. Тўғрида! «Ёмонга ўлим йўқ». Гап таъсир қилармиди?

Уйлангач англадимки, турмуш қуриш бу ҳаммасига нуқта қўйилди дегани эмас. Ҳатто аёллар учун ҳам. Бора-бора жамиятимизда ажиримлар кўпайиб кетгани бежиз эмаслигига амин бўлдим. Бунинг сабаби эса нафснинг урчиб кетганида, деб ўйлайман.

Алиш тушмагур бир болали жувонга ўралашиб қолди. Бу жувон, на бир талоқ олган, на бир бева эди. Ачинарлиси ҳам шу-да. Менингча барчасига одамлар айбдор. Ёмонни ёмон, деяверсанг ундан яхши иш кутиб бўлармиди? Албатта йўқ. Жувон қурмагур ҳам чакана эмасди. Эри бой. Шахсан ўзимнинг танишларимдан бири у. Қизиғи исмини эслолмайман ҳам. Турмуш қурганидан сўнг, мана яқинда Алиш билан пана-пистакда гаплашиб юрганини эшитдим. Эшитганим ҳамоноқ ичимдан енгиллик ўтди. Ҳайрият. Вақтида орани очиқ қилганим. Бўлмаса…

Барча аёллар, ўзининг сезги органлари билан севади. Бу бор гап. Кимдир кўзлари билан. Кўпинча эса қулоқлари билан. Мен бўлса табиатан кўздан йироқ бўлганим учун, уларнинг юракларига қулоқлари орқали қўл солишга уринаман. Ҳозир менинг ҳам Алишдан сира фарқим қолмагандира? Йўқ, аслида ҳамма ўзини ҳурмат қилган йигит борки, чиройли қизларга хушомад қилишни қиёмига келтириш учун, кўзгу қаршисида соатлаб қолиб кетса керак. Сўнг ушбу машғулотларни синаб кўришдек иш қолади холос. Жазм этсанг бас.

Кейин-кейин ўзимга савол беришни бошладим. Қизларку ўз йўлига. Лекин жувонлар нега бахтсиз? Шу савол миямга урди-ю, забжамга эътибор бердим. Билганингдек, уни бахтли ёки бахтсиз эканини сезмадим. Агар ҳар эркак аёлининг бахтини кўра билганда эди. Балки улар, бундай ачинарли ва гўргача аён бўлмай қолиб кетадиган хиёнатга учрашмасди. Ёки бу турмушда мен бахтсиздирман. Агар барчаси ўзим истагандек бўлганда, ҳозир сенга дардимни тўкиб ўтирмаган бўлардим. Ахир боғланган риштанинг ўртасига кимдир суқилиши учун, боғламнинг ҳар икки тарафи ҳам бўш бўлиши керакку тўғрими? Демак, бу ип узилиши керак.

Қайсидир куни, менимча автобуснинг орқа ўриндиғида ўтирганимда, сени учратиб қолгандим. Ё алҳазар, шунчалик ҳам ўхшайдими? Ёқа тишлаганман ўшанда. Беихтиёр қаршингга келиб — Ойдин, деб мурожаат қилгандим. Эслайсанми? Сен бўлса, сўзларимни эшитмагандек, қаршингдаги қизил тугмани босган эдинг. Умрнинг аччиқлигини кўр. Сени менга йўлиқтирибди-ю, юрагингга кириб бориш учун, имкон қолдирмапти. Ортингдан анча вақт кузатиб бориб билганим шу бўлдики, сен почтада ишлайсан. Сен имо-ишоралар билан гаплашасан ва сен ҳақиқатда ҳам унга ўхшайсан. Қуйиб қўйгандек Ойдинга. Биласанми, ҳозир ушбу хатни сенгга жўнатмоқчиман. — Почтада ишлайдиган соқов қизга, деб ёзиб қўяман манзилингни. Шифохонада ишлайдиган ҳамшира Зеби, сенга етиб боришига ваъда берди, ушбу мактубни. Ҳозир ҳам, ўша ҳамшира эшик олдида тугатишимни кутиб турипти. Қизиқ нега экан? Ахир кечги дориларга ҳали вақт бор. Ха, майли. Турса турар. Муҳими сенга айтмоқчи бўлган сўнгги сўзим қолиб кетти. Шуни қоғозга туширсам бас.

— Бемор, сизни кўришга одам келди. — Ана, ўзим ҳам сезгандим. Бу ерда бошқа гап бор, деб. Ҳойнаҳой, хотиним билан қизим бўлса керак. Ха-да, бошқа ким ҳам эсларди мени? Қани ҳозир борсам биламизда нима гап-сўз…

— Ассалому алайкум, Дадаси. — Бу иккинчи хотиним. Кўриниши аввалгидек дуркун эмас албатта. Аммо кўз очиб кўргани ўзим. Балки илк севгилиси ҳам мен бўлсам ажаб эмас. Бироқ энди бу нарсаларнинг қизиғи ҳеч қолмаган. Юрагим бўм-бўш.

— Яхшимисиз, сизга яхши қарашяптими? — Унинг кўзларидаги шавқатни кўриб, юрагим бир қадар эзилди. Сўнг, ҳалигача мени севиб, нимадандир умидвор эканини сезгач, жаҳлим чиқиб кетди.

— Йўқол, эшитяпсанми? Йўқол. Менга керак эмассан. Бор. Кет. — Негадир, сўзларимни тушунмади шекилли ҳамширага қараб таажжубланди. Зеби жуда зукко қиз. Забжамнинг энсаси қотганини кўриб дарров сўз олди, — бу дорилар таъсири. Хафа бўлмайсиз, хоним. — Мийиғида жилмайиб қўйди.

Сумкасидан рўмолчасини олиб иягимни артаётган хотиним, гўё ҳеч нарсани тушунмагандек, ғамхўрлик қилишда давом этарди. — Биласизми, дадаси, қизингиз кеча нима қилганини? Қизингиз кеча мактабидан шеър ёдлаб келипти. Унинг сўзлари, унинг ҳаракатлари, унинг куч-иродаси мени ич-этимни вайрон этарди. Яна шунча дард ичида бахтли эканини кўрсатишга уринарди. Кўзлари йиғлайвериб қизариб кетганини айтмаса — бунинг уддасидан чиқди, деса бўларди. Йўқ, ортиқ унга азоб бера олмайман. У ҳам чинакамига бахтли бўлишга ҳақли. Менку тамом бўлган одамман. Бутун умрини ўсалга сарфлайди тек қўйса. Нима бўлса бўлди. Бор кучимни тўплашим керак. Ҳеч бўлса, майли оғзимдан сўлак оқса ҳам, ҳеч бўлса ‘кет’, дея олсам бас. Балки шунда тушунар…

Бир қанча уринишдан сўнг ниҳоят,- к-к-ке-ет, деган қичқириғимни англаган кўринади, ортиқ ғамини яшира олмади. Сўнг умидсиз ўриндиқдан узилди. Кетаркан, ортига ўгирилиб сўнгсўзларини паст овозда айтди. — Доктор сизни қайтиб одам бўлмайди, деяпти. Лекин мен бунга ишонмайман. Шундай бўлса ҳам, мени кечиринг. Қизимизга ота керак. Онам мени Отасиз ўстирган, биласиз. Мен қизимизга бундай азобни раво кўролмайман. Эшитяпсизми, Алишерака? Мени кечиринг.

Ҳайрият. Умидини узипти! Нега эшитмай? Қулоқларим касал эмаску ахир. Наргиз, чин юракдан сенга бахт тилайман. Риштани узганинг учун раҳмат сенга. Мен аллақачон узган эдим.

Ҳамшира яна ўз хонамга олиб келди. Стол устидаги мактубга бор йўғи бир гап етмаяпти холос. Сенга айтмоқчи бўлган сўнгги гапим. Демак, кечги дорилар вақти келгунча шу ишни қилишим керак. Ойдин, сендан кечирим сўрашим керак…

— Доктор, бемор вафот этди. Ўлим вақти кечки соат 20:23.

— Қайд этинг. Оила аъзолари бемор билан видолашдими?

— Ха жаноб, бироз аввал келишганди. Ҳаммаси жуда ачинарли кечди. Кўнглим бўш биласиз, роса йиғладим. Альцгеймерлар ўлиш олдидан барчасини бир фурсатга бўлса-да эслайди дейишарди. Менимча у ҳам бугун барчасини эслади, ҳатто сўнгги лаҳзаларда стол устидаги қоғоз тараф роса талпинди.

— Бирор нарса ёзиптими?

— Ҳа, «Ёмонга ўлим йўқ», деган.

 

Фарҳод Эшонов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting