Ким айтди мени бахтсиз деб?

0
240

 

фристайл

ким айтди

мени бахтсиз деб?

 

фақат

ким биландир

дўстона қучоқлашгим келяпти

 

бағримга босгим келяпти

 

бағрига босса кимдир мени

 

аммо

йўқ

 

керак эмас экан

 

мен сизга ишонмайман

биласизми шуни?

 

мен

зотан

 

ҳаммангизга ишонмайман

 

қучоқламанг мени

 

бағрингизга босманг

 

қандай одамсиз сиз ўзи

 

ким айтди сизга ўзи

 

ким айтди

мени бахтсиз деб?

 

***

 

сиз

рост қучоқламайсиз

рост гапирмайсиз

рост севмайсиз

 

шунақаям одам бўладими?

 

ким сиз ўзи?

 

нега унақасиз?

 

жиннироқмисиз?

 

нега ҳамма нарсани ёлғон амалга оширасиз?

 

сиз

рост жим турмайсиз

рост кулмайсиз

рост яшамайсиз

 

одам ҳам шунақа бўладими?

 

мени бахтсиз деб эшитган бўлсангиз

менга нима?

 

айтганча

сиз

рост эшитмайсиз-ку

 

сиз ўзи рост эшитганмисиз?

 

эшитганмисиз ўзи?

 

агар қулоғингиз бўлмаганида

сизни гаранг дердим

 

ким айтди сизга

мени бахтсиз деб?

 

***

 

мен сизни

қучоқлаган ҳам бўлардим

 

қучоқлаб

 

йиғлаган ҳам бўлардим

 

аммо

сиздаги бағир

ёлғон бағирдир.

 

мен сизни ёмон кўриб кетяпман

 

бир вақтлар

яхши кўриб кетгандим

 

сиз яхшимассиз-ку

зотан

 

сиз ҳам яхшимисиз?

қўйинг-э

 

сиз

рост эсламайсиз

рост соғинмайсиз

рост йиғламайсиз

 

йиғлаш эмиш

 

сиздаги кўз ўзи ростакам кўзми?

 

ўша кўзингизми ўзи?

 

кўз бўлса

нега йиғламайсиз?

 

ғалатимисиз?

 

одам йиғламайдими бундоқ

 

э қўйинг-э

 

менга ёқмади

 

менга ёқмадингиз

 

ҳайрон қоламан

 

ким айтди сизга

мени бахтсиз деб?

 

***

 

мени бахтсиз дейишган бўлса

 

ёлғон гапиришибди

ишонманг уларга

 

хоҳласангиз ишонинг

 

менга деса ўлиб кетмайсизми

 

сиз бошладингиз буни

 

мен ҳам ўлсам

сизга фарқи йўқ-ку

 

нега унақасиз ўзи?

 

нега севмайсиз?

 

мен-ку майли

нега ҳеч бўлмаса

бошқасини севмайсиз?

 

жиннироқмисиз

барибир?

 

одам севади-ку

одам кимнидир севиши керак-ку

 

ёки туғилганингизда

юрак етишмовчилиги бўлганми?

 

мени бахтсиз дейишган бўлса

ёлғон гапиришибди хуллас.

 

***

 

мени бахтли эканимни

кўрасиз ҳали

 

агар анави кўзингиз ростакам бўлса

 

унда нимадир кўринса

 

кўрасиз ҳали

 

фақат

ҳозир

 

ухлагим келяпти

 

аччиқ чой ичиб

кейин ухлайман

 

ўзим дамлайман чойни

мен рост чой дамлайман

алдамайман чойнакни

чойдан яхшилаб кўп соламан

 

кейин ухлайман

 

сиз эса

дам олинг

 

дамингизни олинг

 

мен эса кетдим

 

ухлагани.

 

Аҳмад Али Муҳаммад

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting