Зоир Зокиров. Шеърлар   

0
305

Рақсга тушаман ушлаб хаёлнинг

Қўлидан, тупуриб рангсиз тушига.

Рақсга тушаман, шаккоклигимдан

Коинот келолмай қолар ҳушига.

 

Рақсга тушаман ўйламай унинг

Кўринмас бўлаги эканлигимни.

Рақсга тушаман орзулар ичра

Унутиб ҳадикни экканлигимни.

 

Рақсга тушаман бузиб занжирли

Тинчликнинг уйини, излаб самони.

Рақсга тушаман, кулар устимдан

Томошабинларнинг шиллиқ замони.

 

Рақсга тушаман, тасаввуримни

Эгаллар диёнат, ўнгимни шаҳват.

Рақсга тушаман, тарк этар аста

Ўзимга ва унга аталган шавқат.

 

*   *   *

 

Баъзи одамлар кир тоғораларга,

баъзи одамлар кир кийимларга ўхшайди.

Сувни эса янгилаш имконсиз,

кирликдан тўйган тоғоралар ичларини

тўкиб юборишмоқда бир четга.

Кийимлар уларни чидамсизликда,

кучсизликда, ношукрликда айблашади.

Қизиғи, гуллар ўсар ичиб шу сувни,

Қизиғи, кийимларни безайди гуллар.

 

*    *    *

 

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Иш бошламай оғрийди билак.

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Сирдошим йўқ аксимдан бўлак.

 

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Етаклайди ёруғда соя.

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Нотўғридек туюлар ғоя.

 

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Одамлардек ўйларим тарқоқ.

Йигирма ёш, ўтди шунча йил,

Босилмасдан қийнайди чанқоқ.

 

*   *   *

 

Бўкириб деворни қиламан гаранг,

Хонамга михланиб қолдим, эшик берк.

Бечоранинг, қушлар, ҳолига қаранг,

Кўчада зерикиб ўтирибди эрк.

 

Ўйлар шаббодага қўшилишни барг,

Тушкунлик бошлайди бўлишни ғойиб.

Қўрқиб дарахтини этолмади тарк,

Соддаман, ётибман ўзимни койиб.

 

Кўча йўқ дер эшик доим сўрасам.

Эрк керак, ташвишсиз муҳиммас тенглик!

Пардасиз, ҳайрият, қийшиқ деразам,

Ўзига чорлайди ям-яшил кенглик.

 

Михларни суғуриш, арқон қидириш,

Бари иложсиз иш эмас аслида.

Қийиндир соғлом, кир терни сидириш

Баҳосиз ҳаттоки баҳор фаслида.

 

*   *   *

 

Томонларда тикланар девор,

Ғиштларини ўзим қуйганман.

Адашгандек туюлар меъмор.

Хатога йўл кўйиб қўйганман.

 

Келишолмас дўстлар олдимга,

Мумкин бўлмай қолди бурилиш.

Юролмайман  ортга, олдинга,

Давом этар жадал қурилиш.

 

Ётлик қилгач менга аталган

Хона, ташқарига отилдим.

Миямни уйсизлик қадалган

Бадбўй балчиқларга ботирдим.

 

Ғам гавҳарни титди, мадорсиз

Кўз истаса ёшларин тўксин.

Борай қайга, дорбозлар, дорсиз?

Қолиб кетди уйда ёш кўксим…

 

*    *    *

 

Қонхўрмиз.

Яшаш учун ўзимизнинг ёки

ўзгаларнинг қонини ичишимиз керак.

Учинчи йўл ҳам бор (у доим бўлган),

у ҳаддан ташқари қўрқоқларнинг

ва қўрқмасларнинг йўли.

Мен эса тўртинчи йўлни қидириб юрибман.

 

Зоир Зокиров 2001 йил Фарғона вилоятида туғилган. Назм, наср ва таржимачилик йўналишида қалам тебратади. Ҳозирда талаба.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting