ЛОТОРЕЯ

0
241

Ширли Жексон

ҳикоя

Йигирма еттинчи июн тонгининг осмони мусаффо ва серқуёш бўлиб, одатий ёз кунларидаги одамга хуш ёқувчи фараҳбахш илиқлигини дунёга таратиб турарди. Бир тарафда рангоранг гуллар очилган, бошқа тарафда эса майсалар ям-яшил бўлиб кўзни қувнатиб турибди. Қишлоқ аҳли почтахона ва банк орасидаги майдонга соат ўнлар атрофида йиғила бошлаганди. Баъзи шаҳарчаларда шу қадар кўп одам яшардики, лоторея нақд икки кунга чўзилар ва бунга кўзи етган аҳоли тайёргарликни йигирманчи июнданоқ бошлаб юборарди. Бироқ, нариси бериси билан уч юз чоғлик одам истиқомат қиладиган бу қишлоқда бутун бошли лоторея машмашаси икки соатдан ошмасди. Шу қадар қисқа давом этардики, эрталаб ўнда бошланган маросимга келганлар тушликни уйларида қилишга улгуришарди.

Албатта, аввал болалар тўпланди. Мактаблар эндигина ёзги таътилга чиққани учун, болалардаги бу эркинлик ҳали бироз ясамадек кўринар, аввалига худди синфдагидек жимгина ўтиргач, дарров тўполонни минга қўйиб юборишарди. Ва, ҳалигача синфдаги муҳим масалалар, ўқитувчидан ейилган калтаклар ва топширилмаган китобларнинг жазо пуллари ҳақида гаплашишаётганди улар. Бобби Мартин ҳаммадан аввал чўнтагига тош тўлдириб олди, бошқа болалар ҳам ундан улги олиб, дарровгина энг силлиқ, оппоқ ва юмалоқ тошларни теришга тушишди. Бобби, Ҳарри Жонс ва Дикки Делакруа, қишлоқликлар тилида Делакрой, тўплаган тошларини майдоннинг бир чеккасига уйиб, бошқа гуруҳдаги болалар ўғирлаб қўймасин учун бирма-бир қўриқчилик қила бошлашди. Қизалоқлар чеккага туриб олганча бир-бирлари орасида пичирлашишар, кўз қирлари билан болаларни томоша қилишарди. Кичкиналарнинг баъзилари тупроққа беланиб ётган бўлса, бошқалари ака-опаларининг қўлларидан тутган кўйи атрофга бақрайиб турарди.

Кўп ўтмай, қишлоқ эркаклари ҳам болаларига эргашиб, ёмғир, тракторлар ва солиқлар ҳақида гап сотганча тўплана бошлашди. Бурчакда, тош уюмидан нарироқда ўз ораларида худди қизчалар янглиғ пичирлашган кўйи жилмайиб қўйишарди. Аёллар, эгнига оҳори тўкилган уй ичи кийимларини кийиб олганча лапанглаб келаётган аёллар эрларининг ортидан майдонга ёприлишди. Ҳамма билан бир-бир саломлашгач, улар ҳам ғийбатга тушиб кетишди. Бироз ўтгач, эрларининг пинжларига тиқилиб, болаларига бақира кетишди. Тўрт-беш марта бақириқ эшитишгач, болалар истаб-истамай ота-оналарининг ёнига тўпланишди. Бобби Мартин онасининг қўлидан қутулиб, қиқирлаганча тош уюми томон чопди. Дадаси овозини бирдан кўтарганида тезгина, қандай кетган бўлса, шундай қайтиб, акаси ва дадасининг орасига кирди.

Лоторея худди майдондаги рақс, ёшлар клуби ва Жодугарлар байрамига ўхшаш жамоат тадбирларига ажратадиган вақтию ҳафсаласи доим топиладиган зоти мукаррам, жаноб Саммерс томонидан назорат қилинаётганди. Қишлоқ халқи унга ачинарди. Тўғрида, шўрликнинг боласи йўқ, хотини эса ялмоғизнинг ўзи. Жаноб Саммерс қора тахта қутини майдонга олиб келганида халқ ғимирлаб қолди. Жаноб Саммерс уларга қўл силкитганча айбга буюрманг, бироз кеч қолдим, деди. Почталён жаноб Грейвс уч оёқли ўриндиқни кўтарган кўйи унинг ортидан келаётганди. Ўриндиқ майдоннинг ўртасига қўйилди ва жаноб Саммерс қўлидаги қутини унинг устига жойлаштирди. Қишлоқ аҳли ўриндиқдан нарироқ туришга уринар, жаноб Саммерс менга ёрдам беришни истаганлар борми, деб сўраганида ҳам оломоннинг аллақандай қўрқув ичида эканлиги сезилиб турарди. Жаноб Мартин ва тўнғич ўғли Бакстер олдинга чиқиб, қутини ушлаб турган пайт жаноб Саммерс қути ичидаги қоғозларни аралаштира бошлади.

Лотореяга оид ҳақиқий ашёлар то алмисоқда йўқолган бўлиб, ҳозир ишлатилаётган қора қути қишлоқдаги энг кекса одам, оқсоқол Варнер туғилмасидан ҳам аввал бу маросимга доҳил бўлганди. Жаноб Саммерс янги қути ясаш ҳақида тез-тез оғиз очганига қарамай, қишлоқликларнинг ҳатто мана шу қора қути сабаб туғилган анъаналарини ўзгартиришга ҳам кўзлари қиймади. Айтишларича, бу қути бурунги, қишлоқнинг илк пойдеворини қурганлар томонидан ишлатилган қутининг қолдиқларидан ясалганмиш. Ҳар йилги маросимдан сўнг жаноб Саммерс янги қути масаласидан сўз очар, бироқ ҳеч ким унга парво қилмагани сабаб жимгина унутилиб кетарди. Қора қути йилдан йилга тўкилиб борарди. Энди уни қора деб ҳам бўлмас, бурчаклари едирилиб кетган, бир тарафи тузатиб бўлмас даражада парчаланган, ранглари ўчиб, қурт тушган тахтанинг туси кўриниб турарди.

Жаноб Мартин ва тўнғич ўғли Бакстер қутини ушлаб турганида жаноб Саммерс қоғозларни яхшилаб аралаштирди. Аксар анъаналар унутилгани ёхуд воз кечилгани боис жаноб Саммерс авваллари ишлатилган ёзувли тахтачалар ўрнига қоғоз парчаларидан фойдаланишни афзал кўрарди. Ўзининг айтишича, қишлоқ ҳали бунчалик кенгаймаган даврларда тахтачаларни ишлатишда ҳеч қандай муаммо йўқ эди, бироқ энди аҳоли сони юздан ошганига анча бўлди ва бундан буён ҳалиги тахтачаларнинг кичкинагина қутига сиғиши амримаҳол. Сиғдиришга осонроқ бўладиган бошқа нарса ўйлаб топиши керак эди ва топди. Қоғоз! Маросимдан аввалги оқшом жаноб Саммерс ва жаноб Грейвс қоғозларни тайёрлаб, қутига қўйишган ва қутини эртаси кун қишлоқ майдонига келтирилгунга қадар кўмир ширкатининг кассасига жойлаб, саранжомлашганди. Йилнинг бошқа пайтларида қутини олиб, қаергадир яшириб қўйишарди. Қути қайсидир йили жаноб Саммерснинг болохонасида қолган бўлса, бошқа йилларини почтахонада, оёқостида ўтказганди. Баъзан эса Мартиннинг баққоллик дўконидаги жавонга қўйиларди у.

Жаноб Саммерснинг маросимни бошлашдан аввал бажо келтириши шарт бўлган бир талай мажбурияти бор. Рўйхатлар тайёрланиши керак, оилаларнинг катталари, маҳалла раислари ва ҳар бир хонадондаги муқим истиқоматчилар исми ёзиб чиқилиши лозим. Яна хат ташувчининг маросим маъмури ўлароқ жаноб Саммерсга қасам ичиришини ҳам унутманг. Кимлардир, аллазамонлар қандайдир қўшиқ куйланганига ишонадилар. Бошқалар эса одамларнинг қути атрофида айланиши шартлигини таъкидлашади. Аммо, маросимнинг мазкур қисми аллақачон унутилиб кетганди. Бундан ташқари, маъмурнинг қутидан ҳар қоғоз чиқарган маҳал айтиши керак бўлган баъзи сўзлар бор, бироқ бундан ҳам ибтидо дуоси каби воз кечилгани аниқ. Энди маъмурнинг қоғозда исми ёзиғлиқ одам билан гаплашиши етарли, деб қабул қилинганди. Жаноб Саммерс бу ишларга уста. Топ-тоза кўйлак ва жинси шим кийиб олганча бир қўлини қора қутининг устига бепарвогина қуйиб турарди у. Жаноб Грейвс ва Мартинга тинмай нималарнидир тушунтираётган пайти худди қишлоқдаги энг муҳим одамдек кўринарди.

Жаноб Саммерс охири гапини тугатиб, қаршисидаги қишлоқ аҳлига ўгирилгани маҳал жемперини елкасига ташлаб олган Ҳатчинсон хоним жон ҳавлида майдонга кирдию, оломоннинг орқасига ўтиб кетди. Ёнидаги Делакруа хонимга ўгирилиб, деди:

–  Эсим қурсин, бугун қандай кунлигини буткул унутаёзибман. Бизнинг хўжайин орқадаги ўтинларни саранжомлаётгандир ҳойнаҳой.

Аёллар бир-бирларига қараб кулиб қўйишди.

–  Кейин қарасам, болалар кетиб бўлишибди. Ана ўша пайт бугун йигирма еттинчилигини эслаб қолдим. Дарров югургилаб келақолдим.

Қўлларини фартугига артиб қўйди. Делакруа хоним ҳам унга жавоб берди:

–  Лекин вақтида етиб келдинг. Улар ҳалиям вайсаб ётишибди.

Ҳатчинсон хоним бўйнини узатиб, оломон орасидан эри ва болаларини изламоқчи бўлди. Кўрди, олд тарафда туришибди. Делакруа ҳонимнинг елкасига астагина туртиб, кўришгунча дедию одамлар орасидан ўтиб кетди. Унга йўл бераётганлар орасида кимлардир баланд овозда жаноб Ҳатчинсонга киноя қилишди:

–  Сенинг хотининг ҳам келди, Билл!

–  Ана, етиб келибди-ку бизнинг кеннойи.

Ҳатчинсон ҳоним эрининг ёнига борди. Уни кутиб турган Билл Ҳатчинсон завқ билан деди:

–  Сенсиз бошлаймизми, деб қўрқиб турувдим, Тесси.

–  Идишларни ювуқсиз ташлаб келолмасдим-да.

Уларнинг бу суҳбатини эшитган оломон хандон отиб кулиб юборди.

–  Қани, бошламаймизми, –деди жаноб Саммерс жиддий оҳангда. – Шу иш тезроқ битсин, кейин ҳамма бориб ишини қилади. Кун кеч бўлиб кетяпти. Ҳамма келдими?

–  Данбар, – деди оломон ичида кимдир. – Данбар йўқ.

Жаноб Саммерс қўлидаги рўйхатни синчиклай туриб, Клайд Данбар, деди.

– Ҳа, оёғи синганди, тўғрими? Унинг ўрнига ким танлайди лотореяни?

– Ҳархолда, мен танласам керак, –деди аёллардан бири.

Жаноб Саммерс ўгирилиб қаради ва хотин эри учун танлайди унда, деб қўйди.

– Балоғатга етган ўғлинглар йўқмиди, Жени?

Аслида, бу саволнинг жавобини жаноб Саммерс ҳам, қишлоқ аҳли ҳам жуда яхши биларди, бироқ начора, маросим маъмурининг иши шу, анъанавий саволлар берилмаса, дуо эм бўлмайди.

Жаноб Саммерс Данбарнинг жавобини вазминлик билан тинглай бошлади:

– Гораций ҳали ўн олтига тўлмади, –деди Данбар хоним пурғам оҳангда. – Бу йил ҳам хўжайинимнинг ўрнига мен танлайқоламан, шекилли.

Жаноб Саммерс хўп, дегандек бош ирғади. Қўлидаги рўйхатга нималарнидир қоралаб қўйгач, бу йил Ватсон танлайдими, деб сўради.

Оломон ичидан новча бир йигит чиқиб, қўл кўтарди:

– Шу ердаман! Ойим ва ўзим учун танлайман.

Асабийдек эди, кўзларини қисиб қўйди. Халқ орасидан овозлар янграй бошлади:

– Яшавор, ота ўғил!

– Уйнинг эркаги шунақа бўлади!

Йигитча бошини эгди.

– Яхши, –деди жаноб Саммерс. – Энди бошласак ҳам бўлар. Оқсоқол Варнер келдими?

Яна оломон ичидан шу ердаман, деган овоз янгради, жаноб Саммерс бошини ирғаб қўйди.

Астагина йўталиб қўйгач, рўйхатга кўз ташлаган пайт халқ устига ўлик сукунат чўкди.

– Ҳамма тайёр бўлса, исмларни ўқийман. Аввал оила бошлиқлари келади, иннайкейин ҳамма келиб, қоғоз танлайди. Ҳамма ўз галини тамомлагунга қадар қоғозларни очиш йўқ. Тушунарлими?

Халқ бу ишларни шу қадар кўп такрорлагандики, маъмур кўрсатган йўл-йўриқларга парво ҳам қилишмади. Кўпчилик жимжит эди. Лабларини ялаб қўйишар, нигоҳларини бир нуқтага тикканча ниманилир кутишарди. Кейин жаноб Саммерс қўлини кўтардию, Адамс, деди. Бир киши оломонни ёриб, олдинга чиқди.

– Салом Стив, –деди жаноб Саммерс.

– Салом Жое, –алик олди рўпарадаги.

Бир-бирларига қараб, асабий ҳолда жилмайишди. Жаноб Адамс қора қутига қўлини суқдию букланган қоғоз парчасини чиқарди. Бир бурчагидан маҳкам тутиб, шошганча яна оломон ичига сингишиб кетди. Адамс оиласидан бироз узоқлашган кўйи қоғозга қарамасликка уринарди гўё.

– Аллен, –деб чақирди жаноб Саммерс. – Андерсон… Бентҳем.

– Энди менга негадир икки лоторея орасидаги вақт унча узоққа чўзилмайдигандек туюляпти, деди Делакруа хоним орқасида турган Грейвс хонимга. – Худди аввалгисини ўтган ҳафта танлагандек бўляпман.

– Вақт чиндан тез ўтяпти, –деб жавоб берди Грейвс хоним.

– Кларк… Делакруа.

– Ана, менинг чолим ҳам кетяпти, –деди Делакруа. Эри олдинга чиққан пайт у ҳам нафасини тутди.

Жаноб Саммерс Данбар, деб чақирган пайти Данбар хоним қути томон юра бошлади. Аёллардан бири “Қани Жени, эплайсан”, деб руҳлантириб қўйди уни. Бошқаси эса, ана, кетяпти, деб сасланди.

Грейвс хоним бизнинг навбатимиз келди, деди. Жаноб Грейвснинг қути атрофидан айланиб, жиддий оҳангда жаноб Саммерсга салом берганини, кейин эса қутидан қоғоз парчаси чиқарганини диққат билан кузатди. Энди оломоннинг ҳар тарафида бақувват, йирик қўлларида қоғоз парчаларини маҳкам тутганча асабий алпозда ниманидир кутаётган эркаклар кўзга ташланарди. Данбар хоним ва икки ўғли бирга туришибди. Қоғоз парчаларидан бири ҳам Данбар хонимнинг қўлида.

– Ҳарбурт… Ҳатчинсон.

Ҳатчинсон ҳоним майдонга чиқ, Билл, деди. Ёнидагилар кулиб қўйди.

– Жонс.

– Айтишларича, –деб гап бошлади жаноб Адамс ёнидаги оқсоқол Варнерга қараб, – Шимолдаги қишлоқда лотореядан воз кечишмоқчимиш.

Оқсоқол Варнерга бу гап ёқмади, қария бурнини жийириб қўйди.

– Бир ҳовуч калтафахмлар, –деди хириллаган овози билан. – Ёшларга қўйиб берсанг, ҳеч балони ёқтиришмайди. Кейин бир қарайсану, ғорда яшашаётганини кўрасан. Ҳеч ким ишламайди, ўзлари ҳам шунга рози бўлиб, гўнгларига ботиб яшайверишади. Эскиларнинг бир гапи бор эди, лоторея ҳосилнинг ярми. Кейин отқулоқни қайнатиб, капалак ғумбагини қовуриб ея бошлардик. Бу лоторея деганинг доим бор бўлган. Ўзи шу болапақир Жое Саммерснинг қора халқ билан апоқ-чапоқ бўлиб ўтиришиям яхши нарсамас.

– Баъзи жойларда лотореядан воз кечиб ҳам бўлишди, –деди жаноб Адамс.

– Бу ишнинг охири баҳайр бўлмайди, деди оқсоқол. – Бир ҳовуч хомкалла ёшлар.

– Мартин!

Бобби Мартин дадасининг майдонга чиқишини томоша қилди.

– Овердайк. Перси.

– Тезроқ ҳаракат қилишса бўлмасмикан, –деб ёзғирди Данбар хоним ўғлига қараб. – Бирам имиллашадией.

– Тугаб ҳам қолди, –деб жавоб берди ўғли.

– Югуриб даданга хабар беришга тайёр тур унда.

Жаноб Саммерс ўз исмини ўқигач, қутидан қоғоз парчаси чиқарди. Кейин эса Вернер, деб чақирди.

– Лотореядаги етмиш еттинчи йилим, –деди Вернер оломон орасидан чиқа туриб. – Етмиш еттинчи марта!

– Ватсон.

Бояги новча йигит бепарвогина олинга силжиди. Кимдир ўзингни бўш қўй, Жек, деб унга далда берган бўлди. Жаноб Саммерс ҳам ҳеч қаерга шошмаяпмиз, бемалол ишингни бажар, деб қўйди.

– Занини.

Рўйхат битди. Одамлар нафас олишга ҳам қўрқар, атрофда қуш учса овози эшитилгулик жимлик ҳукмрон эди. Жаноб Саммерс қўлидаги қоғоз парчасини ҳавода муаллақ тутганча танлов маросими тамомланганини эълон қилди. Бир лаҳзага ҳеч ким қилт этмади, кейин эса қоғозларнинг бари бирдан очилди. Аёллар кутилмаганда қалдирғочдек вижирлай бошлашди.

– Ким экан?

– Ким экан?

– Данбарми?

– Ватсонлар бўлмасин тағин?

Кўп ўтмай кимдир тантанавор равишда ҳайқириб қолди:

– Ҳатчинсонлар оиласи! Билл, Биллга чиқди!

Данбар ҳоним ўғлига дарров бориб, дадасидан суюнчи олишини тайинлади.

Халқ Ҳатчинсонларни кўриш учун атрофига аланглади. Билл Ҳатчинсон жимгина турар, бошини эгиб қўлидаги қоғозга қараётганди. Бехосдан Тесси Ҳатчинсон Саммерс ҳонимга ташланиб қолди:

– Унга ўзи истаган қоғозни танлаш учун вақт бермадинглар. Ўз кўзларим билан кўрдим. Бу адолатсизлик!

– Шаллақилик қилма Тесси, – деди Делакруа хоним.

– Ҳаммамиз тенг эдик, –деб қўшимча қилди Грейвс хоним ҳам.

– Жағингни ёп, Тесси, –бақириб берди эри Билл Ҳатчинсон.

– Шундай қилиб, ўртоқлар, –гап бошлади жаноб Саммерс, – бу иш тез ҳал бўлди. Агар чаққонроқ ҳаракат қилсак, янаям эртароқ битирамиз.

Қўлидаги рўйхатга кўз ташлади.

– Билл. Ҳатчинсонларнинг барчаси учун сен танлайсан. Оилангизга боғлиқ бошқа хонадон бормиди?

– Донна ва Эва бор, –деди Тесси. – Улар ҳам омадларини бир синаб кўришсин!

– Қизлар эрларининг оиласи билан қўшилишади танловга, –деб жавоб берди жаноб Саммерс  ўша вазмин ва камтарин оҳангда. – Ўзинг ҳам буни ҳаммадан яхши билиб турибсан.

– Бу адолатсизлик, – такрорлади Тесси.

– Менимча бошқа ҳеч ким йўқ, –деди Билл Ҳатчинсон ғамгин оҳангда. – Албатта, қизим эрининг оиласи билан қўшилади танловга. Бу тўлиқ адолатдан. Болалардан бошқа яқиним ҳам йўқ.

– Ундай бўлса, бутун оиланг учун сен қўшиласан танловга. Шундайми?

– Шундай.

– Нечта боланг бор, Билл?

– Кенжатой Билл бор, яна Ненси ҳам. Кичкина Дейв. Мен ва Тесси. Боримиз шу.

– Яхши, –деди жаноб Саммерс. – Ҳарри, қоғозларни тўпладингми?

Жаноб Грейвс ҳа, дегандек бош ирғаб қўйдию қоғозларни кўтарди.

– Унда қутига қўй, –деди жаноб Саммерс. – Биллникини олиб, ичига от.

– Менимча бошидан бошлашимиз керак, –деди Ҳатчинсон ҳоним қўлидан келганча ҳотиржам оҳангда. – Мен сизга бу адолатдан эмас, деяпман. Етарлича вақт бермадинглар. Бунга ҳамма гувоҳ.

Жаноб Грейвс бешта қоғоз парчаси танлаб, қутига қўйди ва булардан бошқа қоғозларни ерга ташлади. Ердаги қоғозлар шамолда учиб, нарироққа соврилди.

Ҳатчинсон ҳоним яна тилга кирди:

– Бу айтадиган гапимни ҳамма эшитсин…

– Тайёрмисан, Билл?

Жаноб Ҳатчинсон хотини ва болаларига бир қараб қўйдию, ҳа деди.

– Унутманг, –огоҳлантирди жаноб Саммерс, – бир қоғозни тортгач, бошқаларини ҳам тортиб бўлмагунча, о қоғозни очолмайсизлар. Ҳарри, сен кичик Дейвга ёрдам бер.

Жаноб Грейвс болакайнинг қўлидан ушлади. Кичкинтой қизиқсинганча у билан қути ёнига борди.

– Қутидан битта қоғоз чиқар Дейв, –деди жаноб Саммерс. – Ҳарри, кичкинанинг қоғози сенда турсин.

Жаноб Грейвс яна боланинг қўлидан тутиб, мушти орасидаги қоғозни олди. Кичкинтой Дейв ундан мунчоқдек кўзларини узолмасди.

– Навбатдаги Ненси, –деди жаноб Саммерс.

Ненси ўн икки ёшда бўлиб, этагини ҳилпиратганча олдинга чиқаётган пайт мактабдошлари уни қўрқув билан томоша қилишарди. Ненси нозиклик билан қутидан бир қоғоз чиқарди.

– Кенжатой Билл, –деди жаноб Саммерс.

Юзи қизариб кетган Билли қоғозни чиқара туриб, қўполлигидан қутини йиқитиб юбораёзди.

– Тесси.

Ҳатчинсон ҳоним бир лаҳзага қотиб қолдию, ўзига келгач атрофидагиларга алам билан ўқрайиб, лаблари қимтинганча қутига йўналди. Бир қоғозни тезгина тортиб, орқасига яширди.

Жаноб Саммерс Биллни чақирди. Билл Ҳатчинсон қўлини қутига суқдию, қотиб қолди. Охири қоғоз чиқди.

Оломон жимжит. Бир қиз эй Худо, Ненси бўлмасинда, деб шивирлади, бироқ овози жамоатнинг нариги томонидан ҳам эшитилиб турарди.

– Ҳеч нарса эскисидекмас, –деб нолиди оқсоқол Варнер ҳаммага эшитарли қилиб. – Одамлар ҳам аввалгидек мардмас.

– Хўп, –деди жаноб Саммерс. – Қоғозларни очинглар. Ҳарри, сен кичик Дейвникини оч.

Жаноб Грейвс қоғозни очди ва қоғознинг бўшлигини кўрган халқ Худога шукр, дегандек уҳ тортди. Ненси ва Кенжатой Билл қоғозларини баробар очишди, юзлари ҳам баробар ёришди. Қоғозларини дўстларига кўрсатганча бахтиёр жилмайиб қўйишди.

Жаноб Саммерс “Тесси”, деди. Орага жимлик тушди ва жаноб Саммерс жаноб Ҳатчинсонга қараб қолди. Билл қоғозини очиб, жамоатга кўрсатди. Бўш.

– Тесси экан, –деди жаноб Саммерс секингина. – Унинг қоғозини ҳам кўрсат, Билл.

Билл Хатчинсон хотинининг ёнига бориб, қоғозини зўрлик билан юлиб олди. Қоғоз юзида қора чизиқ бор эди. Жаноб Саммерс куни кеча кўмир ширкатининг офисида қора қалам билан чизган чизиғи эди бу. Билл Ҳатчинсон қоғозни кўтардию, оломон орасида бирдан қиёмат қўпди.

– Демак, деди жаноб Саммерс, – ишимизни тезроқ битиришимиз керак.

Қишлоқ аҳли бу ишнинг илк маросимсифат қоидаларини унутган ёхуд биринчи қора қутини йўқотган бўлсада, бироқ ҳамон тошларни эсида сақларди. Боя болалар уйиб қўйган тошлар тайёр эди. Ерда эди улар, боя шамол совурган қоғозлар устларида учишиб турарди. Делакруа ҳоним оғир бир тошни икки қўллаб, зўрға кўтарганча Данбар Ҳонимга қани, тезроқ бўл, деётганди.

Данбар ҳоним ҳам этакларини тош билан тўлдирган кўйи нафаси бўғзига тиқилганча жавоб берди:

– Қўлимдан келмайди, югуролмайман. Сен боравер, кейин етиб оламан.

Болаларнинг тошлари аллақачон тайёр эди. Кимдир кичик Деви Ҳатчинсоннинг қўлига чақир тошлардан бирини тутқазиб қўйди.

Тесси Ҳатчинсон оломоннинг нақд ўртасида қолганди, қўлларини тепага кўтариб, бу адолатсизлик, деди. Бошига бир тош келиб тегди. Оқсоқол Варнер қани, ҳаммамиз биргаликда, деб ҳайқираётганди. Стив Адамс оломоннинг бошида турар, шундоқ орқасида эса, Грейвс хоним ўтирарди.

– Бу адолатданмас, тушунмовчилик бўлди, – деб бақирди Ҳатчинсон хоним ва у гапини тугатар тугатмас, оломон унинг устига ёпирилди.

Инглиз тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting