Сариқ Гулқоғоз

0
281

Шарлотта Перкинс Жильман

ҳикоя

Жон ва менга ўхшаш оддий одамлар ёзни ўтказиш учун, одатда бундай тарихий кошоналарга яқин ҳам йўлашмайди. Ижарага олишни-ку айтмай қўяқолай. Нима десам экан, бу кошона ўша мустамлака давридаги дабдабали қасрларга, бир оила бемалол умргузаронлик қилиши мумкин бўлган илиқ ва самимий хонадонларга, парилар маскан тутган ёруғ саройларга ўхшайди… Бироқ, буни рост деб бўлармиди? Барибир, бутун ишончиму ғуруримни ўртага қўйиб айтишим мумкинки, бу уй қандайдир ғалати эди. Бўлмаса, ижара ҳаққи нега бунчалик арзон бўлсин? Ва, нега бугунгача, йиллар бўйи бўм-бўш қолган экан? Албатта, менинг бу шубҳаларим фақат Жонни кулдиришга ярайди, холос. Жон чидаб бўлмас даражада исботталаб одам. Ички сезгию эътиқод деган нарсага асло чидаб туролмайди. Кимдир қачондир кўзга кўринмас, мавҳум ва сирли нимадир ҳақида гап бошладими, Жон дарров мазаҳ қилишга, ўша аччиқ кинояларини қатор-қатор тизиб, ҳам суҳбатини кесатиқ ёмғирига тута бошлайди.

Жон доктор, балки айнан шу боис тезда соғаяқолмаяпман. Йўқ, бу Жон деганлари касаллигимга ишонмайди! Қўлимдан нимаям келарди? Таниқли доктор, камига, бир вақтнинг ўзида эрингиз дўсту ёрлар ва қариндошларингизнинг барини касал-пасал эмаслигингизга ва ҳозир бошингиздан кечираётган безовталикларингиз ўткинчи асабий депрессия ва енгилгина ҳистерия эканлигига ишонтирган бўлса, нима қилоласиз, ахир? Камига, укам ҳам доктор. У ҳам анча таниқли ва у ҳам эрим айтган гапларни тўтиқушдек такрорлашдан нарига ўтмайди.

Шундай қилиб, фосфатмией, фосфитмией, ишқилиб, оти нима бало бўлсаям, қандайдир суюқ дорилар ичяпман, сайрга чиқяпман, тоза ҳаво оляпман ва машқ қиляпман. То оёққа туриб олгунимча “ишлашим” мумкинмас.

Шахсан, уларнинг фикрига қўшилмайман. Майда-чуйда ишлар, ҳаяжон ва баъзи ўзгаришлар тузалишимга ёрдам берса керак, деб ўйлайман. Бироқ, боя айтганимдек, қўлимдан нимаям келарди? Уларнинг гапига кирмай, улардан яширинча бироз ёзган бўлдим, аммо бу ҳам мажолимни қуритиб юборади. Тўғри, бу тақиқланган машғулот билан шуғуллана туриб, бироз ҳийла ишлатишимга тўғри келади, йўқса қаттиқ жазоланишим мумкин.

Баъзан бу эътирозларнинг заҳри бироз камайганида, одамлар орасига кира олганимда ва ҳаётимда бироз ҳаяжон бўлганида эди, қандай бўларди, деб хаёл қиламан. Лекин Жоннинг айтишича, ўзимга қиладиган энг катта ёмонлигим, ҳозирги ҳолатим ҳақида ўйлаш экан ва ҳа, у ҳақ. Тинимсиз ўйловлар соғлиғимнинг энг катта эгови эканлиги рост. Майли, бу унчалик муҳиммас, сизга уй ҳақида гапириб берақолай. Ажойиб жой! Йўлнинг бироз чеккароғида жойлашган, қишлоқдан беш чақирим узоқда. Четан ва ғиштин деворлари, зилдек қулф осилган эшиклари, боғбонлару оқсочлар учун қурилган сон-саноқсизҳужраларибилан инглиз романларидаги кошоналарни эслатади.

Боғининг чиройлилигини айтмайсизми! Бунақасини аввал ҳечам кўрмагандим. Улкан, соядор, тош тўшалган йўлаклари ва ишкомлар билан қопланган осма сўрилари бор. Аввалига лимонзор ҳам бўлган экану, айтишларича кесилиб кетганмиш. Менимча, меросхўрлар орасида низо чиққан бўлса керакки, бу уйга йиллардир ҳеч ким қадам босмайди. Эҳтимол, арвоҳлардан қўрққаним сабаб ҳам уй мени ноқулай ҳис қилишга мажбур қилаётгандир? Бунга парво қилмасликка тиришяпман, лекин барибир, бу уйда бир бежолик бор, сезиб турибман. Ҳатто, ой тўлишган кечада буни Жонга ҳам айтдим, лекин у мен ҳис қилган қўрқувнинг иситма таъсиридаги алаҳлаш эканлигини айтиб, деразаларни ёпиб қўйди. Баъзан ҳеч қандай сабабсиз Жондан жаҳлим чиқади. Биламан, аввал ҳеч бундай тегманозик эмасдим. Ўйлашимча, бунинг ҳам сабаби ўша лаънати асабий муаммолар бўлса керак.

Лекин Жон агар ўзимни бундай ҳис қилаверсам, ўз-ўзимни назорат қилолмаслигимни айтганди. Ҳеч йўқ унинг қаршисида ўзимни тийишга, назорат қилишга уринаман ва бу мени чарчатиб юборади.

Менга хонамиз ёқмади. Остки қаватдаги хоналардан бирини олмоқчи эдим! Деразаси қуёшга қараган, ромларида атиргуллар ўсиб турган, баҳмал пардали хонани! Жон эса у хонанинг фақат битта деразаси ва битта одам учун жойи борлигини айтди. Биз эса икки кишимиз. Ўзи бошқа хонада ётмоқчи бўлган тақдирда ҳам, мен танлаган хонага яқин бошқа хона йўқмиш. Жон мени жонидан ортиқ кўради, асраб-авайлайди, нима қилмоқчи бўлсам, аввал у бир синаб кўради ва маъқул кўрса, руҳсат беради. Куннинг ҳар бир соати учун алоҳида йўриқномам бор, барини унинг ўзи, мен учун махсус ёзиб чиқди. Мен бўлсам, унинг қадрига етмай, нонкўрлик қилаётгандек туюлавераман ўзимга ўзим. Бу ерга фақат ва фақат мен учун, том маънода дам олишим ва ҳаво алмаштиришим учун келганимизни айтганида ҳам виждон азобим баттар оловланиб кетди.

— Машқларингни қандай бажаришинг қувватинга, овқатни қанча ейишинг эса иштаҳанга боғлиқ, деди. – Бироқ, ҳаво олишни асло канда қилма.

Шу зайлда юқори қаватдаги болалар хонасига жойлашдик. Хона кенг ва баҳаво. Бутун бошли қават мана шу хонага ажратилган. Деразалари тўрт тарафга очиқ, мўл-кўл қуёш нури ва ҳаво олади. Менимча бу ер аввалига болалар хонаси, кейинчалик ўйингоҳ ва дарсхона бўлган бўлса керак. Чунки, деразаларига болалар тушиб кетмасин учун панжаралар, деворига эса ўйинчоқсифат қақир-қуқурлар ўрнатилганди. Гулқоғоз ва бўёқ ўғил болалар мактабини эслатди менга. Ётоқнинг бошидан бошлаб то бутун хона деворларига ёпиштирилган бу сариқ гулқоғоз тарам-тарам йиртилган, ҳатто баъзи жойлари буткул кўчиб тушганди.

Умрим бино бўлиб бундай расво гулқоғоз кўрмагандим. Бу бетартиб, бачкана нақшларнинг ҳар қандай парчаси санъатга нисбатан жиноят сифатида жазоланиши керак. Бу чизиқларни кузатиш бошни оғритиб юборади,ишлашга ҳалал беради ва шубҳасиз, асабингизни бузиб юборади. Боиси, яқиндан қараганда бу хира, дидсизларча ишланган тасвирларни томоша қилгудек бўлсангиз, бирдан, алламбало шаклларга кириб, мисли кўрилмаган инкор билан ўзларини ўлдиришга тушишганини кўрасиз. Бу ранг ёқимсиз, ҳатто жирканч. Офтобда қуриган, оҳори тўкилган, сўлғин ва исқирт сариқ. Баъзи жойларида ранг ҳамон ёрқин, бироқ барибир чириган пўртахол тусига ўхшайди, бошқа нуқталарида эса эскиган олтингугурт рангини эслатади.

Биздан аввал бу ерда яшаган болалар бундан нафратлангани аниқ! Агар анчагача бу хонада қолишим шарт бўлганида эди, мен ҳам нафратланган бўлардим. Жон келди, дафтарни яширишим керак. Икки ҳафтадан бери бу ердамиз ва биринчи кундан кейин ўзимда ёзишга куч тополганимни эслолмайман. Бу лаънати болалар хонасида, деразанинг шундоқ қаршисида ўтирибман ва ёзишимга тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай чеклов йўқ. Бетоқатликни ҳисобга олмаганда, албатта. Жон кундузлари доим ташқарида бўлади ва ҳатто, жиддийроқ бемори чиқиб қолганида кечалари ҳам қолиб кетиши мумкин. Менинг касаллигим жиддий эмаслигидан шу қадар бахтлиманки!

Лекин, бу асаб ҳуружларидан тўйиб кетдим. Жон менинг қанчалар азоб чекаётганимдан бехабар. Азоб чекишим учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини билади ва бу унга етарли. Албатта, бу шунчаки асабий бузуқлик, холос. Бузуқлик устимга шундай оғирлик билан чўкадики, ҳеч қайси ишимни охиригача етказолмайман. Жонга кўмаклашишни, уни ҳотиржам қилиб, ҳузур-ҳаловатини таъминлашни шу қадар истардимки… бироқ, унга юк бўлишдан нарига ўтолмайман.

Қўлимдан келадиган майда-чуйда ишларнинг (кийиниш, меҳмон кутиш ёки уёқ-буёқни супуриб сидириш) менга қанчалар оғир эканлигини ҳеч ким билмайди. Яхшиям Мери бор, болага қараб турибди. Болажонима! Бироқ, мен ҳали унга яқинлашолмайман. Мана шу мени ғазабдан сирқиратиб юборади.

Афтидан, Жоннинг асаблари ҳеч бузилмаган бўлса керак. Гулқоғоз ҳақида гапирган пайтим устимдан кулди! Аввал янги гулқоғоз ёпиштирсакмикан, деб ўйлади, лекин кўп ўтмай, эскисининг менга кўпроқ фойдаси дегади, деган қарорга келди. Бундай инжиқлик ва харҳашаларга эътибор бериш, мендек беморга қилиниши мумкин бўлган энг катта ёмонлик эмиш. Гулқоғоз ўзгаритирлгандан кейин деразадаги панжараларга, ётоқнинг қаттиқлигига, зинапоя бошидаги эшикнинг дидсизларча жойлаштирилганига ва шунга ўхшаш бир талай арзимас нарсаларга бошимни оғритиб, асабимни бузишим мумкин экан.

— Ўзинг ҳам биласан, бу жой сен учун фойдали, деди. – Бундан ташқари, севгилим, уч ойгагина ижfрага олинган уйни бошдан оёқ янгилашга шароитимиз ҳам йўқ!

— Унда ижозат берсанг, пастки қаватга ўтсак. У ерда ҳам чиройли хоналар сероб, дедим. Кейин мени қучоғига олидию аҳмоққинам, деб эркалади. Истасам, болохонага ҳам кўчиб ўтишимиз мумкин, устига устак, у ерни қайтадан бўятишга ҳам кучимиз етишини айтди.

Лекин, деразалар ва бошқа буюмларда ҳақ эканлигини тан олишим керак. Бу ер баҳаво, ҳузурбахш жой ва албатта уни харҳашаларим билан безовта қиладиганчалик бефахм бўлолмайман. Дарҳақиқат, бу хонани ёқтира бошладим, фақат шу жирканч гулқоғоз бўлмасайди, деяпман. Деразадан боғ шундоқ кўриниб туради. Ўша сирли ва соядор осма сўрилар, урфдан қолган гул тархлари ва қинғир-қийшиқ дарахтлар. Нариги деразадан эса кошонага оид кичкинагина қайиқлар бекатини томоша қилишим мумкин. Тош тўшалган, нафис сўқмоқ буралиб-буралиб қайиқлар томондан то боғга қадар узанади. Бу сон-саноқсиз сўқмоқларда кезиб юрган, сўриларда ҳордиқ чиқараётган одамларни тасаввур қиламан, бироқ Жон тасаввурнинг энг кичик парчаси ҳам соғлиғимни ағдар-тўнтар қилиб юбориши ҳақида огоҳлантирганди. Тасаввурим ва ҳикоялар уйдириш кўникмам менга ўхшаш асаби заиф одамни пурҳаяжон хаёллара чохига итариб юбориши ҳеч гапмас экан. Шу сабаб, бу одатимни ташлаш учун иродам ва ақлимни чарҳлаб туришим кераклигини айтди у.

Мен ҳам шунга ҳаракат қиляпман. Баъзан ёзишни яхшироқ эпласайдим, бу фикрларнинг юкини бироз бўлса да енгиллатишим мумкинмиди, деб ўйлаб қоламан. Буни синаб кўриш учун енг шимарганимда эса, дарров силлам қуриб қолади. Қилаётган ишим ҳақида ҳеч ким билан гаплашолмаслик ва ҳеч кимдан муносабат ёхуд маслаҳат ололмаслик журъатимни сўриб олади. Жоннинг айтишича, ростан оёққа туриб олган куним жиянлар Ҳенри билан Жулияни бир-икки ҳафтага меҳмонга чақиришим мумкин бўларкан. Бироқ, ҳозир у ўйноқи, ҳазилкаш ва ҳаракатчан дўстлар билан бирга бўлишдан кўра ёстиғимни ўқдори билан тўлдириб, портлатиш анчагина хавфсизроқ бўлармиш. Тезроқ тузалишга умид қиламан. Аммо, бу ҳақида ўйламаслигим керак.

Бу гулқоғоз ўзининг манфур таъсиридан бохабардек кўзимга бақрайганча қараб турибди. Нақшнинг синиқ бўйиндек пастга осилиб турган жойларидаги айланиб-ўргилиб кўзга ташланадиган доғлар ва иккита бақасифат кўз сизни бошдан оёқ таъқиб қилади. Бу доғлари оғир қадамлар билан пастдан тепага айланади, юмилишни аллақачон унутиб, тош қотган бу кўзлар эса ҳамма ёқда… Қимир этмайдиган бир ашёдаги бундай ифодани аввал ҳеч кўрмагандим, бу ҳам етмагандек ҳаммамиз бу ашёнинг аслида нимани ифода қилиши кераклигини яхши биламиз. Болалик пайтим кўзларимни очиб ётар ва бўш деворлар билан оддий буюмларда, кўпчилик болаларнинг ўйинчоқ дўконидан ҳам тополмайдиган кўплаб қизиқ нарсалар ва қўрқувни кашф қилардим. Эски, катта иш столимизнинг қирралари менга қандай самимий кўз қисганини яхши эслайман, яна содиқ дўстдек кўринган ўриндиқ ҳам бор эди у ерда.

Бошқа буюмлар жуда қўрқинчли кўринса ҳам, ўша ўриндиққа ўтириб, ўзимни ишончли қўлларга тушгандек ҳис қилардим. Бу хонадаги ашёларнинг барини пастдан ташиб олиб чиқишга мажбур бўлганимиз сабаб, номутаносибликдан бошқа ҳеч қандай нуқсонлари йўқ. Менимча ўйингоҳ сифатида фойдаланилган пайтлари ашёларнинг ҳаммасини ташқарига чиқариб ташлашган бўлса керак. Бунинг сира ҳайрон қоларли жойи йўқ! Бугунгача болаларнинг бу хонага берган зарарларидан кўра каттароқ зарарни ҳеч кўрмагандим. Аввалроқ айтганимдек, гулқоғознинг баъзи жойлари йиртилган бўлса ҳам деворга маҳкамгина ёпишиб турарди. Бу болаларга куч бағишлаган сабабнинг номи нафрат бўлса керак. Ерга тўшалган ёғоч ўйилган, парчаланган, бурчаклари болға билан атайлаб ургандек майишиб кетган, хонанинг ўртасидаги баҳайбат ётоқ ҳам урушдан чиққандек бир аҳволда эди. Майли, буларнинг ҳеч бири парво қилишга арзимайди, фақат гулқоғоз… Жоннинг синглиси келди. Жуда яхши, ёқимтой қиз. Менга меҳрибонлигини айтмайсизми. Мени ёзаётган пайтим кўрмаслиги керак.

Қайнисинглим бенуқсон ва меҳнаткаш уй бекаси бўлиб, ҳаётда яхши хотин бўлишдан бошқа мақсади ҳам йўқ. Афтидан, у ҳам менинг касаллигимга ёзишим айбдор, деб ўйлайди. Бироқ, у ташқарига чиққан пайт ёзишим, қайтгудек бўлса, келаётганини деразаданоқ кўришим мумкин. У келадиган ўша ёруғ ва гўзал адирларга қараб турадиган деразамиз бор. Улкан қарағайлар ва ипакдек майсалар билан тўла адирлар…

Бу гулқоғозда фақат ёруғликнинг бошқа даражалари орқали кўзга ташланадиган остки нақш бор. Бу нақш ўта ёқимсиз бўлиб, фақат нурни камайтирган пайти ғира-шира бўлиб кўринади. Қуёш ҳар урган пайт ҳали ранги ўчмаган нуқталарида ғайриоддий, пурқаҳр, бешакл қораламаларни кўриб қоламан. Гўё бу қоралама бесўнақай нақшлар ортида маккорлик билан мени пойлаётгандек.

Қайнисингил зинадан чиқяпти!

Ҳеч қиси йўқ, Тўртинчи июль ҳам ўтди. Ҳаммани кузатдик, чарчоқдан ўлар ҳолга келдим. Жон ёнимда одам бўлса, тезроқ яхши бўлишимни ўйлаб, ойим, Нелли ва болаларни бир ҳафтага бу ерга чақирганди. Албатта мен ҳеч нарса қилмадим. Ҳозир ҳамма нарсага Женнининг ўзи югуряпти. Барибир чарчаб қолдим. Жон тезроқ оёққа турмасам, мени кузда Вейр Митчеллга жўнатишини айтяпти. Уёққа боришни истамайман. Аввалроқ у одамнинг қўлига тушган бир танишим унинг худди Жон ва укамга ўхшашини айтганди. Ҳатто беш баттар! Устига устак, бу қадар узоққа боришга ҳолим бор эканми менинг?

Бармоғимни ўйнатишимга ҳам арзимайди, деб ўйлайман ва сезяпманки, борган сари аҳволим оғирлашиб, вайсақи ва инжиқ бўлиб боряпман. Бўлар бўлмасга йиғлайвераман. Албатта, кўзимнинг сийдигини Жон ёки бошқа одам ёнимдалигида эмас, ёлғиз қолганимда оқизаман. Ҳозир ҳам куннинг катта қисмида ёлғиз ўтираман. Жон тез-тез жиддий касалларга қараш учун шаҳарда қолади. Женни эса мен истаган пайт мени ўз ҳолимга қўядиганчалик оқкўнгил аёл. Шу йўл билан боғда ёки ўша хушманзара сўқмоқларда сайр қилишим, атиргуллар ёнидаги чордоқда ўтиришим, буёқда ёки юқорида бироз дам олиб олишим мумкин. Гулқоғозга қарамай бу хонани кўпроқ ёқтириб боряпман. Балки, бунга гулқоғознинг ўзи сабабчидир. Шууримни шундай қоплаб оладики у…

Бу ерда, бу расво ётоққа (ерга михланган бўлса керак)  чўзиламану соатларча гулқоғоздаги шаклларга тикиламан. Ишонинг, ҳатто гимнастикадан ҳам фойдали бўлади бу. Масалан, пастдан бошлайман. Пастдаги қўл тегмаган бурчаклар ва бу бемаъни нақшни унга бирон маъно юклагунгача кузатиб ётавераман. Қарорларим минг марта ўзгаради. Дизайни ҳақида деярли ҳеч вақо билмасам ҳам, бу шаклларнинг ҳеч қайси қоидага мос эмаслигига ишончим комил. Шунчаки энига ўзини такрорлайди ва шу билан тамом.

Энига қараб ўсган чизиқларнинг қай бирини қўлга олишингиздан қатъий назар, қабариб чиққан бурмалар ва ўша бачкана безакларнинг ғазабу хунрезлик ичра титраётган қандайдир “соҳта романеск” янглиғ бир-бирига туплаб ёпиштиргандек ясама туришини, ўша юракни сиқиб юборадиган устунлар узра биланглаб судралишини кўрасиз. Бироқ, бошқа тарафдан параллел чизиқлар ҳам бор бўлиб, бошқа чигал нақшлар даҳшатли тарзда, улкан тўлқинлар билан ўша чизиқларнинг орасидан ўтади. Ҳеч йўқ, мен шундай кўраман. Бу нақшларни тушунаман, деб мен тугадим, бироқ уларнинг жирканчлиги ҳеч тугай демайди. Бурчакларда ҳам ётиқ нақшлардан фойдаланишган экан ва бу одамнинг бошини баттар қотириб юборади. Хонада гулқоғознинг ҳеч қўл тегмаган парчаси бўлиб, атроф аста-секин қоронғулашаётган пайт, хуфтон қуёшининг шуълалари тўғридан-тўғри бу ерга тушиб турган маҳал қандайдир яратилмаган нур ҳақида хаёл сураман.

Гўё битмас-туганмас киноялар карвони бир нуқтада бирлашадию, бебош чизгилардек дунёнинг тўрт томонига сочилиб кетаётгандек. Бу чизгиларга қараш силламни қуритиб юборади. Бир пинакка кетаманов… Буларни нега ёзишим кераклигини билмайман. Билишни истамайман. Билоладигандек ҳис қилмаяпман ўзимни. Билганим, Жон буларни аҳмоқона нарсалар, деб ўйлайди. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам унга нималарни сезаётганим ва ўйлаётганимни тушунтиришим керак. Бу шунчалар ҳузурбахшки! Фақат, йўқотилган куч қўлга киритилган ҳузурдан кўра оғирроқ боса бошлаяпти.

Энди кунимнинг ярмини дангасалик билан ўтказяпман ва аввалгидан кўра кўпроқ ётибман ётоғимда. Жон кучимни асрашим кераклигини айтяпти ва гапларига қўшимча сифатида балқи ёғию бир талай қувват дорилари бериб ётибди. Етмаганига шароб, қора пиво ва чала пишган гўшт.

Азизим Жон!

Мени жонидан ортиқ кўради ва мени бу кўйга солган хасталикдан нафратланади. Ўтган куни чинакамига самимий ва мантиқли бир шаклда гапиришга ҳаракат қилган кўйи унга жиянларим Ҳенри билан Жулияни кўргим келаётганини тушунтирдим. У эса кетолмаслигимни, кетсам ҳам борган жойимда ўзимни эплолмаслигимни такрорлайверди. Ўзимни ҳимоя ҳам қилолганим йўқ, чунки гапимни битирмай туриб ҳўнграшга тушгандим. Фикрларимни жамлаш борган сари қийинлашяпти. Барчасига шу асаб бузуқлиги айбдор.

Азизим Жон мени қучоқлаганча кўтариб олдию тепага олиб чиқиб, ётоғимга ётқизди, бошим оғриб кетгунча китоб ўқиб берди. Менга унинг севгилиси, ҳалоқати, бу дунёдаги ягона бойлиги, ҳамма нарсаси эканлигимни изҳор қилдию ўзимдан бошқа ҳеч ким менга ёрдам беролмаслигини, бу жинни-санғи ўйларга ўзимни банди қилмаслигим кераклигини, иродаму эҳтиёткорлигимни доимо ақл билан ишлатишим шартлигини уқтирди.

Ҳозирча яхши бўлган ягона нарса гўдагимнинг соғломлиги ва бу лаънати сариқ гулқоғоздан узоқда эканлиги. Агар биз бу хонани олмасайдик, бечорагинамни жойлаштиришга мажбур бўлардик. Боланинг нима гуноҳи бор?! Ҳар тугул, омади бор экан, қутулиб қолди. Миттигина, маъсум дилбандимнинг бу қийноқларга тўла, машъум хонада яшашига асло йўл қўёлмасдим. Буни аввал ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, лекин Жоннинг бу ерга мени ёткизиши бахтли тасодифдан бошқа нарса эмаслиги аниқ. Чунки, мен бу хонага бир гўдакдан кўра анча осонроқ чидайман.

Албатта, бу масалалар ҳақида аввал ҳеч оғиз очмагандим, биласиз, бу жиддий нарса, бироқ гулқоғозга тикилишда давом этяпман. Бу қоғозда мендан бошқа ҳеч ким билмайдиган, билолмайдиган нимадирлар бор. Устдаги нақш ортидаги шакллар кун ўтган сайин аниқлашиб боряпти.

Ўша шакл ўша шакл, лекин бирам кўп. Худди олдинга эгилиб, шакллар ортида судралаётган аёлга ўхшайди. Бу менга ҳеч ёқмаяпти. Жон мени бу ердан олиб чиқса яхши бўларди менимча.

Касаллигим ҳақида Жон билан гаплашиш жуда мушкул, сабаби у жуда ақлли ва менга ўлардек ошиқ. Барибир, кеча оқшом бир уриниб кўрдим. Ой тўлишганди, шуъласи худди қуёшдек ҳаммаёқни ёритиб юборганди. Баъзан оё шуъласи жинимни қўзитади, бу шуълалар шундай айёрлик билан буралиб-буралиб дераза ёки бошқа аллақандай дарчадан сурбетларча ичкарига кириб келишадики…

Жон ухлаётганди, уни уйғотишни ёмон кўраман, шу боис ой шуъласининг бу тўлқин-тўлқин нақшинкор гулқоғозга урилишини жимгина, этларим жимирлаган кўйи томоша қилдим. Орқадаги хира шакл нақшни чайқата бошлади, гўё ташқарига отилиб чиқмоқчидек кўринарди.

Секингина ўрнимдан туриб, қоғознинг чиндан ҳаракатланаётганини кўрмоқчи бўлдим. Қайтганимда Жон уйғонган экан.

— Нима бўлди, қизалоқ? Бундай айланиб юраверма, шамоллаб қоласан.

Гаплашиш учун айни вақти, деб ўйладиму, бу ер аҳволимни баттар ёмонлаштираётганини айтдим.

— Мени олиб кет бу ерлардан.

— Сабаб? Ижара шартномаси уч ҳафтадан кейин битади. Эртароқ кетишимиз мумкинми, уни ҳам билмайман. Уйдаги таъмирот ҳали тугагани йўқ, мен ҳам бу ердан кетолмайман. Агар бу ерда сен учун хавф туғдирадиган бирон нима бўлсайди, бир сония ҳам кутиб ўтирмасдим, лекин билсанг-билмасанг, борган сари соғайиб боряпсан бу ерда. Севгилим, мен докторман, мен биламан.  Юзинга ранг кирди, иштаҳанг яхшиланди, ҳолатинг ҳам ёмонмас.

— Мен ўзимни умуман яхши ҳис қилмаяпман. Балки иштаҳам кечалари, сен ёнимдалик пайтинг яхшидир, лекин кундузи аввалгидан ҳам расво бўлади.

— Шу ширинтойга бир қаранг, деди мени қучоқлаб. – Истаганингча касал бўлиб, эркаланмоқчисан. Қани, энди ётиб ухлайлик.

Ичимдаги сўнги умид қириндиси билан сасландим:

— Кетмаймизми?

— Нега кетайлик, азизам?

— Уч ҳафтамиз қолди, холос. Кейин Женни уйимизни биз учун тайёрлаётган пайт қисқагина таътилга чиқамиз. Менга ишон, ростан яхшисан.

— Танам яхшидир, лекин…

Ётоқдан ўгирилиб кўзларимга шу қадар терс ва кескин тикилдики, уялганимдан парча-парча бўлиб кетдим.

— Севгилим, деди, — Сендан ўтиниб сўрайман, мен учун, гўдагимиз учун, энг муҳими ўз ҳотиржамлигинг учун бу фикрни хаёлингнинг бир учига ҳам келтирма, келишига йўл қўйма. Сенинг ҳолатингдаги одамлар учун ундан ҳам таҳликали ва ажаловар нарса бўлиши мумкинмас. Бу палид ва бемаъни фикр. Хўш, энди айт, наҳот доктор бўлганим ҳолда ҳам гапларимга ишонмайсан?

Бу гапидан кейин нимадир дейишим имконсиз эди. Кўп ўтмай уйқуга ётдик, аввалги мени ухлаб қолди, деб ўйлади, аммо уйғоқ эдим ва анчагача уст орқа тарафдаги нақшлар бирга ҳаракат қиляптимикан ёки айри айри қимирлаяптимикан, деб ўйлаб ётдим. Унга ўхшаш нақшга қуёш нури чарақлаб турганида қаралган маҳал муайян бир бетартиблик, бутун қоидаларга қарши исён кўзга ташланарди. Бу рисоладагидек шуурга эга одамлар учун асаббузарликнинг ўзгинаси. Ранг шундоғам жирканч, ишониб бўлмас даражада одамнинг жинини қўзитадиган хилидан, лекин нақш ўз ҳолича исканжа. Айни топдим деб, чизиқларни бирин-кетин нигоҳингиз билан таъқиб қила бошлаганингизда бир умбалоқ ошадию, яна чигалликлар ичида ғойиб бўлади.

У сизни бир уриб ерга қулатадию устингизга чиқиб, тепина бошлайди. Босинқираётгандек бўласиз. Устдаги шакл музайян, арабсифат бўлиб, қўзиқоринни эслатади. Бир-бирининг ич-ичига кириб ўсаётган заҳарли қўзиқоринларни кўз олдингизга келтиринг, ҳа, ўша деворлар тубида қорайиб, ўзидан бадбўй ҳид таратганча шохланиб борадиган қўзиқоринлар… Лекин, доим ҳам эмас. Бу гулқоғознинг ғалати бир тарафи бор. Мендан бошқа ҳеч ким буни кўрмаётгани қизиқ. У ёруғлик билан бирга шакл ўзгартиради.

Офтоб нури шарқий деразадан урилганида (доим ўша биринчи, узун, тикка нурни кузатаман) у шу қадар шиддаткорлик билан ўзгарадики, кўзларимга ишонолмай қоламан. Уни кузатишимнинг сабаби ҳам шу. Ой шуъласида (агар бу моҳтоб бўлса, тун бўйи хонани ёритиб туради) унинг ўша эски девор эканлигини ақлимга сиғдиролмайман ҳатто. У туннинг ҳар қандай шуъласида, мойчироқ, шам ёхуд ғира-шира ёруғликда, энг ёмони эса ой шуъласида панжара шаклига киради! Устдаги нақшни айтяпман. Унинг орқасидаги аёл ҳам яққол кўзга ташланади! Анчагача орқада тарафдаги нарсанинг нималигини илғолмадим, ҳа, ўша остки нақшни айтаётибман. Лекин, энди унинг аёл эканлигига иймоним комил. Кундузлари жимгина, бўйнини эгиб тургандек кўринади. Менимча, уни бу унсиз ҳолга келтирган нарса мана шу устдаги шакллар бўлса керак.

Одамни жинни қилай дейди.

Овозим анчагача чиқмай қолади. Энди ётоқда  кўпроқ вақт кечирадиган бўлдим. Жон ётиш ва имкон борича кўпроқ ухлаш соғлиғим учун яхши эканлигини такрорлашдан ҳеч чарчамайди. Ҳатто, ҳар тамадди қилгандан кейин мени бир соат ухлатиб, бунга ўргатиб ҳам қўйди. Менимча бу жуда ярамас одат. Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, ухлолмаяпман. Ва, бу мени ёлғон гапиришга мажбур қиляпти, уларга ухламаётганимни айтолмаяпман. Йўқ, асло! Аслида Жондан бироз қўрқаман. Баъзан жуда бежо кўринади кўзимга. Ишонмайсиз, лекин Женни ҳам ғалати қарай бошлади. Баъзан бу илмий фараз янглиғ маямда ғужғон ўйнай бошлайди, балки бунга ҳам ўша гулқоғоз сабабчидир! Жонни мени қарамай турибди, деб ўйлаган пайтлари кўп кузатдим. Бўлар-бўлмас баҳоналар билан ҳа деганда хонамга кириб келаверади. Уни неччи марта гулқоғозга қараб турган ҳолида тутиб олганимни билсангиз эди! Женнини ҳам.

Бу сафар Женнини гулқоғозга тикилганча нималарнидир ўйлаётган пайти кўриб қолдим, хонага кирганимни сезмади, унга паст, жуда-жуда паст овозда, шивирлагудек бўлиб, энг сокин қиёфамда, қоғоз билан нима қилаётганини сўрадим. Ўғирлик қилаётганда қўлга тушгандек бир сапчиб тушди, жаҳли чиқди ва нега уни қўрқитганимни сўраб, тергов қила кетди! Бу қоғознинг ҳамма нарсага доғ туширганини, Жон ва менинг кийимларимизда сариқ доғлар кўрганини айтди. Бироз диққат қилинглар, деб қўшимча қилди. Бу қиз жуда маъсум кўринади, шундай эмасми? Лекин билиб турибман, аслида гулқоғоздаги нақшларнинг жумбоғини ечмоқчи у. Бу шаклларни мендан бошқа ҳеч ким тушунолмаслигига қасам ичишим мумкин!

Энди ҳаёт аввалгидан завқлироқ тус олди. Чунки, бундан буён менинг кутишга, кузатишга, умид қилишга арзийдиган кўп нарсам бор.

Иштаҳам ростакамига очилди, энди анча ҳотиржамман. Жоннинг ҳам бу ўзгаришлардан оғзи қулоғида! Куни кеча гулқоғозимга қарамай анча тузалганимни айтди. Кулиб ўтиб кетдим, унга мени тузатган нарса гулқоғознинг ўзи эканлигини айтишни истамадим, йўқса мени масхара қилиши турган гап. Ҳатто мени бу ердан узоққа олиб кетиши ҳам мумкин. Энди, бу гулқоғознинг жумбоғини ечмай туриб ҳеч қаёққа кетмоқчи эмасман. Бисотимда бир ҳафта бор, етиб қолар, деб ўйлаяпман. Эй Худо, ўзимни шундай яхши ҳис қиляпманки! Тунлари кўп ухламайман, ҳар бир ўзгаришни кузатиш ва ўрганиш уйқудан ширинлик қиляпти. Кундузи ухлаяпман унинг ўрнига.

Кундузлари зерикарли ва бош оғриқ билан ўтади. Қўзиқоринлар тинмай шохланади, бари сариқнинг бошқа-бошқа, турли-туман тусларига кириб чиқади. Жонимни тишлаб қанча ҳаракат қилмай, барибир ҳаммасини санашни уддалолмаяпман. Сариқнинг бу туси сариқнинг энг ғаройиб шакли бўлса керак, ҳойнаҳой.

Бу аввал кўрган сариқ нарсаларимни эсимга соляпти. Бироқ, тўйдаги гулдасталардек гўзал нарсалар эмас, балки нуқул жирканч сариқларни эслатаверади у. Шу билан бирга, бу қоғозда яна бошқа гап ҳам бор. Бир ҳид. Хонага илк кирганимдаёқ уни сезган, бироқ у пайтлар деразалар очиқ бўлгани сабаб тоза ҳавода эътибор бермаган эканман. Бир ҳафтадан бери ёмғир тинмайди, ҳаво қўрғошиндек оғир, шу сабаб деразаларни қанча очмайлик, бу ҳиднинг ҳеч йўқолгиси йўқ. Ҳид охир оқибат бутун уйни ишғол қиляпти. Уни тамаддихонада учишаётган, йўлакларда сирпанчиқ учаётган, даҳлизда яширинаётган, зиналарда мени кутиб турган ҳолида кўп кўрдим. Сочларимга сингиб боряпти. Отда айланиб юрганимда ҳам бошимни ўгириб қараган пайтим, топингчи нимани кўраман? Албатта Ҳидни!

Бу ҳид қандай ғаройиб нарса экана! Соатлар бўйи бош қотиришимга қарамай, ниманинг ҳидилигини тополмадим. Йўқ, номини эшитганингиздаёқ бурун жийирадиган, нафратланадиган нарсаларингизнинг ҳиди эмасди у. Нозиккина, бироқ ҳийлакор, бугунгача кўрганларим орасидаги энг қайсар ҳид. Намгарчилик пайти расво қилади ҳаммаёқни. Тунда ҳар уйғониб кетган пайтим уни кўраман, бошимда ўтирган бўлади. Аввалига тинчимни кўп бузди. Уни тутиб олиш учун уйни ёқишни ҳам жиддий ўйладим. Бироқ, энди унга ўрганиб қолим. Ақлимга сиққан ягона нарса шуки, унинг ҳам гулқоғоз билан бир хил рангда эканлиги. Сариқ ҳид.

Бу деворда ўта ғалати ишора бор. Пастда, тапчан тарафда. Бутун хонани айланасига ўраб олган чизиқсимон ишора.

Ётоқдан бошқа барча буюмларнинг орқасидан буралиб ўтади. Узун, теп-текис, худди у ерга астагина қўндириб қўйилгандек, ҳар куни қайта -қайта ярқиратиладигандек. Буни ким, қандай ва нега чизганига ақлим етмайди. Айланади, айланади, айланади, айланади, айланади. Бошимни айлантириб юборади!

Охири бир кашфиёт қилдим. Ҳалиги нақш чиндан ҳаракатланяпти! Шубҳасиз! Чунки, орқасидаги аёл уни чайқатяпти! Баъзан у ерда бир эмас, жуда кўп аёл бордек туюлади менга. Аҳён-аҳён эса фақат битта, ёлғиз, уёқдан-буёққа тинмай югургилаётган, судралаётган, қоғозни шилишга уринаётган аёл бордек.

Қоғознинг оч рангли нуқталарида жимгина туради у, қуюқ рангли тарафларида эса панжараларни чангаллаб, куч билан силкитади. Тўхтамай уларни синдирмоқчи бўлади гўё. Бироқ, ҳеч ким у нақшни ёриб чиқолмайди, у шу қадар бўғувчанки… Балки шунинг учун унинг орқасида минглаб бош чаноғини кўраётгандирман?

Ана, улар нақшни ёриб чиқишяпти ва шу пайт ранг уларни бўға бошлайди, бошларини ерга майиштириб, кўзларини ўйиб олади! Шунча уқубатдан кўра бу бошларнинг кесилгани афзал эмасми? Аёл кундузлари ташқарига чиқса керак, дебўйлаяпман! Негалигини биласизми? Уни кўрдим. Уни деразаларимнинг барида ўзкўзларим билан кўрдим.

Ўша аёл, биламан, чунки доим судралади ва маълумки, кўпчилик аёллар офтоб остида судралишмайди. Уни дарахтзордаги йўлда ёлғиз ўзи судралиб бораётган маҳал кўриб қолдим. Арава келаётган пайт маймунжонлар орасига беркинади. Уни айбламайман. Кундуз пайти судралаётган пайт тутилиб қолиш жуда шармандали ҳолат бўлса керак! Мен кундузлари судралаётганимда доим эшикларни қулфлаб оламан. Буни тунлари эплолмайман, Жоннинг ҳамма нарсадан шубҳаланиши мени қўрқитади. Жон ҳам бу оралар анча ғалати, унинг тинчини бузишни истамайман. Кошки бошқа хонада ётақолса!

Бундан ташқари, мендан бошқа ҳеч кимнинг аёлни тунлари озод қилишини хоҳламайман. Уни бир вақтнинг ўзида ҳамма деразалардан, бирданига, баравар кўролармиканман, деб ўйлаяпман. Бироқ, қанча тез ҳаракат қилсам ҳам, бир лаҳзада фақат биттагина деразани кўроламан, холос. Ҳар сафар уни судралаётган ҳолида кўрсам ҳам, балки кейингисида сал тезроқ юраётганига гувоҳ бўларман, деявераман. Баъзан унга қирларда судралиб юрган маҳал кўзим тушиб қолади. Энди анча тезлашиб қолган. Шамол тизгинидаги булутдан ҳам тез судралади.

Кошки шу устдаги шакл остдаги шаклдан ажрала олса!

Буни аста-секин синаб кўрсам керак. Яна бир ғаройиб нарса топдиму, лекин ҳозир нималигини ошкор қилолмайман. Одамларга кўпам ишониб юбориш ҳам яхшимас!

Гулқоғознинг силжишига икки кунгина қолди холос ва афтидан Жон ҳам буни сезиб юрибди. Қарашлари одамни еб юборай дейди. Ўша докторларга хос оҳангда Женнидан мен ҳақимда анчагина нарса сўраганини эшитиб қолдим. Женни ҳам дардини дастурхон қилиш фурсати келганини тушуниб, дарров ҳисобот беришга тушиб кетди. Кундузлари имкон топган заҳотим ухлармишман. Мен қанча овоз чиқармасликка, ўликдек ётишга уринмай, Жон барибир кечалари яхши ухлолмаётганимдан хабардор.

Менга ҳам синглисига берган саволларини такрорлади. Бироқ, бу сафар бегидир ва беғараздек кўринарди. Худди мен унинг ниятини билмайдигандек. Бу гулқоғоз остида уч ойдан бери ухлайвергач, Жоннинг авзойига ҳам парво қилмай қўйдим. Энди гулқоғоз билан фақат мен овораман, лекин сезиб турибман, унинг сеҳри Жон ва Женнини ҳам ўз комига тортяпти.

Худога шукр! Бугун охирги кун. Ўзи етибам ортди. Жон кеча кечқурун яна шаҳарда қолиб кетди ва бугун ҳам қош қорайганига қарамай келгани йўқ. Женни мен билан қолмоқчи бўлди. Жодугар! Унга тун бўйи ёлғиз ётиш мен учун фойдали эканлигини айтдим. Тун бўйи бир лаҳзага ҳам ёлғиз қолганим йўқ. Ой шуъласи хонага кирар кирмас ҳалиги шўрлик жисм эмаклаганча шаклларни силкита бошлади. Ўрнимдан туриб, ёрдам бериш учун ёнига чопдим. Мен силкитдим, у чиқарди, мен чиқардим, у силкитди. Тонг отмасидан аввал гулқоғознинг катта қисмини шилиб бўлгандик. Нари-бери менинг бўйим билан тенг, хонанинг ярмича келадиган парча. Қуёш чиқиб, ўша манфур нақшлар менга қараб илжая бошлаган пайт бугун бу ишни бирёқлик қилишим шартлигини суякларимга қадар ҳис қилдим.

Эртага кетамиз. Менинг юкларимни пастга олиб тушишди.

Хона биз кирганда қандай бўлса, шундай қолиши керак. Женни кўзларига ишонмаган кўйи деворга бақрайиб қолди, мен эса бу тасқара гулқоғоздан қасос олганимни завқ билан, баралла эълон қилдим. Жилмайиб, бунга ҳеч қандай эътирози йўқлигини, бироқ ўзимни чарчатиб қўйишим яхшимаслигини уқтирмоқчи бўлди. Бу сафар қандай тутилиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди! Лекин, мен ҳали ўлмадим ва мендан бошқа ҳеч ким бу қоғозга қўлини ҳам теккизолмайди. Жонидан тўйган бўлса, қани, теккизиб кўрсинчи!

Мени хонадан чиқармоқчи бўлди. Роса билинтириб қўяётганди. Барибир у билан пачакилашиб ўтирмайман. Ҳозир хона тоза, бўш ва жимжит пайти ухлаб олишим керак. Мени кечки овқатга ҳам уйғотмаслигини тайинладим унга. Уйғонганимда ўзим уни чақираман.

Шундай қилиб, кетди. Унинг ортидан хизматкорлар ҳам, ашёлар ҳам гумдон бўлди.

Хонада фақат биз хонага эндигина кўчиб ўтган кунимиздаги ерга михланган ётоқ қолганди, холос. Бу оқшом пастда ухлаб, эртага йўлга чиқамиз. Уйнинг бўш ҳоли қанчалик яхши экан! Тушмагур болалар роса таламон қилиб ташлашибдида. Мен ётган ётоқ улкан каламуш томонидан чинакамига кемирилганга ўхшайди. Майли, ишни бошлайқолай.

Эшикни қулфлаб, калитни деразадан боғга улоқтирдим. Ташқарига чиқишни хоҳламайман, Жон келмагунча ҳеч ким бу хонага ҳам киролмайди. Уни бир ҳайрон қолдирмоқчиман.

Бу хонага ҳатто Женни ҳам тополмайдиган қилиб бир арқон яшириб қўйгандим. Агар гулқоғоздаги аёл қочгудек бўлса, тутиб боғлаш учун асраб қўйгандим уни. Бу ётоқ жойидан қимирламайди! Қўл-оёғим акашак бўлгунгча суришга уриндим. Кейин жиним қўзиб, ётоқнинг бир бурчагидан тишлаб олдим, тишимни оғритди. Кейин тик оёқда туриб, бўйим етганча гулқоғозни шила бошладим. Қари эшакдек қайсар экан, чиқай демайди, ёпишиб олган. Менинг куйиб-пишаётганимни кўрган нақшлар қиқир-қиқир кулишарди.

Ўша бўғилган бўйинлар, осилиб турган каллалар, бақасимон, тошлашган кўзлар ва соллана-соллана мени мазаҳ қилаётган қўзиқорин шохлари юзимга қанчалар уқувсиз ва кучсиз эканлигимни айтиб, масхаромуз оҳангда ҳайқиришарди. Саъй ҳаракатим бекорга кетаётгандек эди, аччиғим чиқди. Деразадан сакраш, балки ақлли қарор бўлган бўлиши мумкин. Лекин, панжаралар жуда бақувватдек. Вақт кетказишга арзимайди. Ҳам, бу иш қўлимдан келмайди. Бундай ишларни доим нотўғри тушунишган. Мен эса нотўғри тушунилишни истамайман. Деразалардан ташқарига кўз ташлагим ҳам келмаяпти. Ташқарида бир талай аёл судралиб юрибди, шиддат билан судралишяпти.

Ё улар ҳам менга ўхшаб гулқоғознинг ичидан чиқишдимикан? Ўзим яшириб қўйган арқон билан ўзимни яхшилаб боғладим, мени олиб чиқиб, уларнинг ёнига улоқтиролмайсиз. Тун тушганда шакллар ортига қайтишимга тўғри келадиган кўринади, бироз қийинов! Бу улкан хонада, истаганимча судралишдан яхшиси йўқ. Ташқарига чиқишни хоҳламайман. Чиқмайман. Женни чақирса ҳам. Ташқарига чиқсангиз, боғда судралишга мажбурсиз. Боғда ҳаммаёқ ям-яшил, сариқ эмас. Бу ерда, гиламнинг устида бемалол судралишим мумкин, елкам деворни ўраб олган ҳалиги чизиқсимон ишорага тегиб туради ва унга эргашган кўйи йўлидан ҳам адашмайман.

Ана, Жон остонада! Йўқ йигитча, энди кеч. Бу эшикни очолмайсан. О, бақиришини эшитяпсизми, камига эшикни муштлаяпти. Йўқ, тепяпти ҳам! Энди болта олиб келинглар, деб ёлворяпти ёнидагиларга. Шундай чиройли эшикни чопиш инсофданми? Уялмайдими?

— Жон, севгилим, дедим майин овозда, — калит олд зинапоятининг остида, япроқлар орасида!

Бу гапимни эшитгач, бироз ўзига келган бўлди.  Кейин эса чинакамига, меникидан ҳам майин овозда ялина кетди:

— Эшикни очақол, гўзалим!

— Очолмайман. Калит олд зинапоянинг остида, япроқлар орасида!

Бошқатдан, энг майин оҳангда, дона-дона қилиб такрорладим барини. Буни шунчалар кўп такрорладимки, бориб кўрмаса бўлмаслигини тушуниб етди. Ва, албатта калитни топиб, эшикни очдию ичкари кирди.

Остонада гўё чақмоқ ургандек қотиб қолди.

— Бу нимаси бўлди?! Худо ҳаққи, нима қиляпсан?

Судралишда давом этган кўйи елка оша унги кўз ташладим.

— Сен ва Женнига қарамай, охири ташқарига чиқа олдим, дедим. Гулқоғознинг ҳам анчасини шилиб ташладим, энди мени у ерга қайтариб, қамолмайсизлар!

Бу одам нега хушидан кетиб қолди?

Хушидан кетдию девор четига, йўлимнинг қоқ устига қулади. Ҳар сафар кета туриб, уни босиб ўтишимни истади, шекилли!

Инглиз тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting