ОҚШОМНИНГ ТОНГГИ

0
193

Анар

ҳикоя

37 йил оқшоми.

Бокунинг сокин кўчаларидан бири.

Кўчанинг бошида иккита катта бино бир-бирига қараб турибди — икки ғамгин бино.

Уйлардан сал нарида кичкина боғ бор. Сув тупроққа оҳиста сингиб кетганидай кўча ҳам кундузги турли овозларни — шошилган қадам, уловлар товушларини ўзига ютиб юборган. Боғ эса кимсасиз ва камига жуда ҳазинлашган, ёғоч ўриндиқлар худди оппоқ йўл-йўл дафтар каби бўм-бўш эди. Фақат биргина ўрнидиқда икки ўсмир қучоқлашиб ўтирар, йигит қизнинг сочларидан силарди.

Боғ, кўча, уйлар тамомила қоронғуликка таслим бўлган, ёлғиз ўнг қўлдаги тўрт қаватли уйнинг бир деразасидан оқшом сари хира нур тушарди.

Ҳамма ухлаган. Бироқ хушёр ётишарди. Оқшом таҳминан соат иккиларда кўча сукунати қоқ ўртасидан бўлинди — тўрт қаватли бино олдида бир машина тўхтади.

Шоша-пиша келган ва бирдан тўхтаган машинанинг қаттиқ босилган тормоз овози уйдагиларнинг уйқусини пичоқ каби йиртиб юборди.

Ҳеч ким иссиқ ўрнидан турмади.

Ҳеч ким балконга чиқмади.

Ҳеч ким панжарадан қарамади.

Ётоқларида мизғиётган одамларнинг барчаси қулоқларини бир нуқтага йўналтиришди.

Бу бинонинг биринчи қаватидаги 1 рақамли уйда отли-обрўли эр-хотин яшашарди. Башир, яъни эр — домком, аёлининг исми Зулайҳо эди.

Зулайҳо бу маҳал туғилиб-ўсган қишлоғини туш кўрар, тушида ховлиларнинг пахса девори ортидан оппоқ тутун осмонга ўрларди. Кимдир олисдан “Эй қиз, Зулайҳо, бу идиш-тововларни ол, қани, тозала, қаерда қолдинг, эй қиз?”

Зулайҳо яқин келиб чақираётган одамни таниди — у онаси эди.

Домком Башир тушида чой ичарди. Кўк чой ҳиди стаканидан лаззат ила буғланар ва томоғига урилар, ётган жойида боладай тамшаниб қўярди.

Машинанинг тўсатдан тўхтаган овози иккаласини ҳам уйғотди. Тинглай бошлашди. Улов эшиги очилди.

Зулайҳо шивирлаб:

— Худойим, ўзинг асра ҳар хил балодан, — деди ва оғир ютинди.

Эр эса ҳозиргина кўраётган тушини эсга олди ва ўзича таъбирлади: “Сув — яхшиликка, онаси…”

Машина эшиги ёпилди. Зулайҳо яна:

— Худойим, ўзинг асра балолардан, — деди.

Қадам овозлари эшитилди. Қадам овозлари бўйича Башир келганларнинг нечалигини таҳмин қилди: “Уч ё тўрт киши…”

Бинонинг кириш эшиги очилди.

Қадам товушлари жуда яқиндан — Баширнинг эшиги олдидан эшитиларди. “Бу кеча кимни олиб кетишар экан-а?”, дея ўйлади Башир. Қадам товушлари уларнинг эшигидан йироқлашди.

Баширнинг рўпарасидаги 2 хонадонда кекса бева аёл — Заҳро момо истиқомат қиларди. Эри оламдан ўтганидан кейин уйининг бир хонасини ижарага берганди. Заҳро момонинг қулоғи оғир, шу туфайли қаттиқ ухларди. Қулоқлари остида бомба портласа ҳам пинагини бузмасди. У бугун ҳам уйғонмади.

Ижарачиси Сакина исмли машинкачи эди. У ўттиз икки ёшли, мулойим, самимий, кўхликкина жувон эди. Сакина машина тўхтаганидаёқ уйғонди. Нафас олмай тинглай бошлади. Қадам товушлари уларнинг хонадонига яқинлашиши билан Сакинанинг хаёлидан эллик икки минг фикр ўтди. Турфа ўйлар унинг хаёлида бир-бир тўпланар, парчаланар, яна тўпланар ва яна зарраларга бўлиниб кетарди: “Майли, битта хато учун бунчаликка боришмаса керак. Ахир Аҳмедовдан бошқа ҳеч ким билмайдику… Аҳмедов сотдимикан? Йўқ-йўқ, тўғри, ахир у муҳим сўз эди, бошқа сўзда адашсамам майлийди, аммо… Қурғур “з”ни ўрнига “п” ёзиб юборгандим. Йўқ, ишонмайман, Аҳмедов бундай қилиши мумкинмас. Бироқ, у ҳам одам, эҳтимол… Эҳтимол, у ўз жонини асраш учун… Йўқ, у ахир қўрқоқ одам эмаску… Ахир хонада фақат иккаламиз эдик, бошқа ким бўлиши мумкин… Мен ҳам келиб-келиб шу сўзда хато қиламанми?! Кимнинг хаёлига келибди дейсиз биттагина ҳарф билан шунча маъно ўзгариб кетиши… Ахир атайлаб қилмадим, уларгаям шундай дейман… Йўқ, ахир бунга ким ҳам ишонарди… Ахир ҳар кун юз саҳифа ёзаман, хато ўтиши мумкинку… Аҳмедов ҳақиқий эркак, хотин ишини қилмайди у, йўқ, у қилмаган буни… Эҳтимол…”

Сакина ёстиғи остидан ўзи тиккан нақшли дўстрўмолчасини олиб манглайидаги совуқ терни артди.

Қадам товушлари бу пайт зинапоядан эшитиларди.

Иккинчи қаватдаги 3 рақамли уй Сурҳайнинг уйи. У бўйдоқ, касби мемор эди. Кўчага таралаётган хира нур унинг деразасидан тушарди. Сурҳай ишлаётганди. У янги мактаб лойиҳасини эртага тақдим этиши керак, шу сабабли тун бўйи ишлашга мажбур эди.

Сурҳайнинг боши шунчалик қоришгандики, ҳеч нарсадан хабари йўй, у на ташқарида тўсатдан тўхтаган машина овозини, на қадам товушларини эшитди. Қадам товушлари унинг эшигидан ҳам ўтди ва 4 хонадон сари йўналди.

4 рақамли уйда яшовчи Қурбон эски фирқачилардан эди. Сўнгги уч ой давомида у зинапояга ҳар кун эрталабдан иккита янги палто, тиш чўтка ва пастаси, уч дона совун қўйиб қўярди. Дўстлари унга ёшликдан восвос дейишарди. Эҳтимол… Машина тўхташи билан Қурбон кўзларини очган, чунки ҳали ухлаб улгурмаганди. Тинчи бузилганди охирги пайтлар. Бироқ зоҳиран жуда ҳотиржам эди.

Қадам товушлари зиналардан эшитила бошлаганида Қурбон “37 йилнинг 14 апрели”, дея ўйлади.

Инсон умрининг бир нечта энг гўзал кунлари бўлади — хотирасига бир умрга муҳрланган кунлар, яъни, туғилган куни, илк севган куни, ота-она бўлган куни, бирор яқинининг мотам куни, буюк умидлар туғилган кун… Шунингдек, хотирасига муҳрланмайдиган, аниқроғи муҳрлашни истамайдиган, хотиранинг сўнган куни — ўлим куни… Буларнинг бари инсон умрининг энг гўзал кунларидир, албатта.

Қадам товушлари Қурбоннинг эшиги томон яқинлашди. Қурбон “14 апрел” дея бир неча бор такрорлади ва негадир умрининг энг гўзал кунларини эслашга қарор қилди: “7 декабр, 1903 йил — биринчи талабалар йиғилиши. 18 август, 1904 йил — биринчи талабалар қўзғолони. 28 апрел, 1920 йил — Боку. Инқилоб тонгги. 22 феврал, 10 сентябр, 8 июл — чор сургунлари, инқилоб йиллари, юртдошлар уруши… 5 октябр — (…) ким биландир тўқнашув…”

Ўша кунлардан буён, айниқса сўнгги етти ой давомида Қурбон умрининг энг гўзал кунини, тўғрироғи, гўзал кечасини кутарди. Ҳар кечаю кундуз кутарди. Бу кечани кутарди, “14 апрел кечаси”ни.

Бироздан сўнг Қурбон бу сана ҳақида эмас, бошқа бир сана ҳақида ҳам хаёл қилди. У ўйлардики, бу кеча умрининг энг гўзал кечаси бўлганидек — энг гўзал тонгги ҳам бор. Ҳақиқат, озодлик сари очилган тонг. Бу тонг қачон отади? Қайси кун? Қайси ой? Қайси йил?

Қадам товушлари Қурбоннинг эшиги олдида бир зум тўхтади. У эшикни очиш учун ётоғидан турди, хона қоронғу бўлгани учун оёғи билан пайпоғини излади. Оёқлари муздек полга тегиб бутун вужуди титраб кетди, пайпоғини топди. Ўнг оёғига пайпоқ кийдию чапига киёлмади, қоронғуда туртиниб-суртиниб эшик сари юрди. Бирдан жойида қотиб қолди ва унинг эшигидан тобора олислашаётган қадам товушига ҳайрат ичида қулоқ солди. Учинчи қаватда иккита хонадон бор эди. 5 рақамли хонадон икки ҳафта аввал бўшатилганди. Унда Фараж исмли бастакор яшарди. У ерга ҳали ҳеч ким кўчиб келмаганди. 6 рақамли уйда эса Жавоншир исмли эркак, унинг аёли ва олти яшар қизи Раъно яшарди.

Машина кўча бошига бурилганидаёқ Товуснинг белидан силаётган қўл — Жавонширнинг чап қўли ҳаракатдан тўхтади. Кейин эса Жавоншир ўрнидан сакраб турди. Товус лом-лим деёлмади. Иккаласи ҳам тинглай бошлашди. Кичкинтой Раъно эса пишиллаб ухлаб ётар, тушида катта, ойдин, мовий рангли дераза кўрарди — пардасиз бир дераза. Кимдир унга санашни ўргатарди: бир, икки, уч, тўрт, беш… Бир, икки, уч, тўрт, беш… Бир, икки, уч, тўрт, беш…

Машина тўхтаб қадам товушлари бинода эшитилганида Жавоншир Товусга битта сўз айтди:

— Қурбон.

Эҳтимол шундай дейишга асоси бор эди. Бундан икки ҳафта олдинам худди шундай ҳолат юз берганида Жавоншир хотинига битта сўз айтганди:

— Фараж.

Буни эшитганида Товус бир муддат қош-қобоғини уйган, Жавоншир эса “Сен аёлсан, эркакларнинг ишига аралашма…” деганди.

Икки кундан сўнгра Товуснинг кўз-қобоғи очилди. “Менга нима, — дея ўйлади, — ўзи билади”. Иккаласи ҳам ҳотиржам бўлишди. Улар баҳслашган оқшом Жавонширнинг айтгани тўғри чиққач у аёлининг бўйинларидан ўпиб, шивирлади: “Мен алдамайман, билдингми, сўрашса, ўз қулоқларим билан эшитдим дейман, бўлди”.

Қадам товушлари Қурбоннинг эшигидан ўтиб зиналардан эшитилганида ётоқ эр-хотинни талай бошлади. Жавоншир қўлини ётоғи ёнига илинган кўйлагининг чўнтагига суқди, титраган бармоқлари билан папиросини олди ва лабига яқинлаштирди. Бироқ оловлатолмади, жим турди, тинглади, фақатгина тинглади. “Эҳтимол адашишгандир, — дея ўйлади, — майли, балки бу қаватда фақат иккита хонадонда одам яшашини билишмас. Ахир бешинчи бўш, олтинчи эса меники…”

— Менга қара, Товус, бирорта хато гап айтиб қўйма, хўпми, ўзим гаплашаман…

— Нималар деяпсиз, Жавоншир?!

— Ахир сенинг ўша дугоналаринг худо ҳаққи деб қасам ичиб, ёлғон гапиришган.

— Жавоншир, икки ой аввалам бу ҳақида гаплашгандик ахир, ортиқ бу ҳақда гаплашмасликка келишгандик. Шундан кейин уларнинг бирортаси бу ерга оёқ босишмади. Мен ҳам улар билан кўришмадим. Ўзингиз ҳам яхши биласизку, танишлар, ҳатто қўшнилар билан ҳам салом-аликни узганмиз. Ҳеч ким билан борди-келди ҳам қилмаяпмиз.

Қадам товушлари 5 рақамли уйдан ўтди.

— Жавоншир, — Товус овози титраб, томоқ қириб сўз бошлади, ҳар ҳолда, билсин-билмасин, айтиб қўйганим яхши деган қарорга келди. — Раъно яна ўша ярамаснинг ўргатган қўшиғини айтганди…

— Нима?! — Жавоншир ўрнидан сапчиб турди.

Мулойим, ёлғиз бастакор Фаражнинг негадир бутун меҳру муҳаббати кичкинтой Раънога тушганди. Янги ёзган мусиқаларини унга ўргатарди.

Ўтган кун Жавоншир газеталарни ўқиб сўнгги янгиликлардан бохабар бўлаётганди, тўсатдан илон чаққан каби эти музлади, қараса сўнгги янгиликлардан бехабар кичкинтой Раъно қўғирчоғини бешикка ётқизиб, оғзида мусиқа чалиб, халқ душмани Фараж ёзган мусиқани ҳиргойи қиляпти.

Жавоншир ўзини йўқотиб кўйди, на рафиқасига, на қизига изоҳлаб ўтирмай Раънонинг юзига шапалоқ тортди, сал ўзига келгач эса аёлига тушунтирди: “Билиб қўй, яна бир марта қизингни ўшани ўргатган қўшиғини айтса аяб ўтирмайман, ўзингдан кўр…”

Қадам товушлари Жавонширнинг эшигида тўхтади.

Товус тутилиб-тутилиб:

— Кеча кўрдим, яна айтяпти, — деди. — Қулоғидан тортиб дакки бердим, она айтиб кўраётгандим, ёдимдан чиқдими ё йўқ, билмоқчийдим, деди.

Сўзини тугатиб Товус ажойиб иш қилди — табассум қилди.

Бу йил, бу кеча, айни вақтда айнан шу ерда бу табассум Жавонширга энг оғир хиёнат каби туюлди. У Товуснинг қўлидан тутиб:

— Жим бўл! — деди ва кўзини бир нуқтага тикиб, жим қолди. Қадам товушлари уларнинг эшигидан йироқлашди. Жавоншир асабийлашиб папиросини оловлатди.

— Оҳ Худойимей, каллам кетибди,  — дедию кулди. — Буткул эсимдан чиқибди, ахир тепада яна битта қават борку!

— Ҳа, тўртинчи қават, — дея йиғламсиради Товус.

“Тўртинчи қават… — дея ўйга толди Жавоншир, — Тўртинчи қават. Ким бўлиши мумкин? Капитанми ёки нефтчи?”

Тўртинчи қаватда иккита хонадон бор эди. 7 рақамли уйда Салаев яшарди. У Ҳаштархонга қатновчи кема капитани эди. Ҳафтада уч кун уйда бўларди. Душанба, сешанба ва чоршанба, қолган тўрт кун эса ишда — денгизда.

“Бугун жума, — дея фикрлади Жавоншир. — Демак, нефтчи Зейналли. Буни қара-я. Ким ҳам билибди дейсиз. Кибрли одам эди ўзи жудаям. Ҳеч қачон саломга алик олмаган…”

Жавоншир қулоғини диккайтириб тинглай бошлади. Қадам товушлари 7 хонадондан ўтиб 8 рақамли уйда тўхтади. Кейин уй эшиги қоқилди. Жуда қаттиқ қоқилди. Бутун бинодагилар эшитишди уни.

6 рақамли хонадондаги Жавоншир “Демак олиб кетиладиган одам юртдош Мурод Зейналли. Ярамас! Муҳташам уч хонали уй бўш қолади энди. Ким кўчиб ўтар экан-а? Бироқ ҳеч ким Зейналлининг нега кетганини билмаса керак…”

5 рақамли уйда… У муҳрланганди.

4 рақамли хонадонда Қурбон ўзича ҳисоб-китоб қилар, тинмай ўйларди: “Эҳтимол, шу сафар Москвага ўзим борарман, мактубни ҳам шахсан ўзим етказаман. Майли, кўрамиз…”

3 рақамли уйда Сурҳай ишини давом эттирарди.

2 рақамли хонадонда Сакина ичикиб-ичикиб кўзёш тўкар, Заҳро момо эса қотиб ухлар, туш ҳам кўрмасди.

1 рақамли уйда домком Башир аёлига панд-насиҳат ўқирди: “Хотин, бўша гапни қўй. Ўзидан ўзи ҳеч кимни олиб кетишмайди. Нимадир айби бордирда қурмағурни…”

Сўнгра чуқур оҳ тортиб қўшиб қўйди: “Эй Сулаймонга қолмаган дунё, кимга қолажаксан?!”

Тўртинчи қаватдаги 8 рақамли хонадоннинг эшиги очилди, ичкарига киришди. Бироздан сўнг уйдан чиқаётган қадам товушлари эшитилди. Қадам товушлари зинама-зина пастга тушди. Бинонинг орқа эшиги очилди, сўнг оҳиста ёпилди. Машина ёқилди ва ҳаракатга келди. Машина овози секин-аста йироқлашиб, бора-бора бутунлай эшитилмай қолди.

Кўчанинг сукути гўёки овозларни ютиб юборарди. Қоронғуликка маҳв бўлган бинонинг фақат битта деразасидан кўчага хира нур тушар, боғда, устига узилган қанот каби дарахт шоҳи эгилган ўриндиқда йигит қизнинг лабларидан ўпарди.

Одатда ҳар кун эрталаб домком Башир ранг тўла палитраси ва патини кўтариб даҳлизга чиқарди. Кираверишдаги қора лавҳачага оқ ҳарфлар билан шу бинода истиқомат қилувчиларнинг исм-фамилиялари ёзилганди. Фақатгина 5 рақамининг ёнидаги фамилия ўчиб кетган, ўқиб бўлмасди. Домком Башир уни роппа-роса икки ҳафта олдин шу аҳволга келтирганди.

Бу саҳар ҳам домком Башир ранг тўла палитраси ва патини кўтариб даҳлизга чиқди.

Соат чамалар етти эди.

Ишга шошилаётган Сакина, Жавоншир, Товус даҳлизда қаршилашишди. Бироз жойида қотиб Баширга термулишди.

Сакина совуқ қотди шекилли, шарфини юз-кўзи аралаш ўради. Башир патини палитрасига ботириб оҳиста “Зейналли” фамилиясига яқинлаштирди.

Тўсатдан…

Жавоншир ва Товус сесканиб кетишди.

Сакина шарфининг сочоқларидан ушлади. Домком Башир турган жойидан кўзғололмай қолди.

Даҳлизнинг чиқиш эшигидан оқ тўшамага қатим нур тушар, эшикнинг қия очиқ жойидан кўчанинг бир бўлаги, қарама-қаршидаги уйнинг деразаси, унинг олдига ёйилган кирлар кўринарди.

Бироқ уларни гангитиб қўйган бошқа нарса эди. Эшик олдида 8 рақамли хонадон эгаси Мурод Зейналли турарди.

Мурод домком Баширга, лавҳага, ранг тўла палитрага кўзи тушади ва дарҳол ҳаммасини тушунди, бироқ эшикдан нари кетмади.

Жавоншир:

— Кеча… сиз… машина… — дея тутилиб гапирди.

Баширнинг рафиқаси Зулайҳо ҳам эшикдан чиқди. У ҳам таажжубланиб Мурод ва даҳлиздагиларга қаради. Зинапоядан юқори қаватдан шошилиб тушаётган одамнинг қадам товушлари эшитилди. Сурҳайнинг қўлтиғидаги қоғозлар қувур шаклида буралганди.

Мурод кулганида оғзи қулоғига етар, оппоқ ва текис тишлари кўринарди.

Мурод илжайиб:

— Ниятларингиз қурсин, — деди. — Тез ёрдам машинаси эди. Фаридани туғруқхонага олиб кетдик. Шу кеча ўғилли бўлдим!

Товус қўлини пешонасига урди:

— Э-э, ҳаа-а, — деди, — буткул ёдимдан кўтарилибди. Кўзингиз ойдин, Мурод!

Зулайҳо:

— Тўппа-тўғри, умуман эсимизга келмабди, — деди. — Катта йигит бўлсин. Узоқ умр тилаймиз, ота-онасини бахтига омон бўлсин илоҳим.

Жавонширнинг бирдан ранги ўчди. Шошилганча чўнтагидан папиросини чиқарди.

Сакина ғазабланиб бошини қуйи эгди.

Сурҳай:

— Табриклаймиз, катта йигит бўлсин, — деди ва чиқиб кетди.

* * *

Ўша кеча дунёга келган болакай мен эдим. Ҳар йилда ўзига хос кунлар бўлади, севинчли, ғамгин кунлар… Иш кунлари, байрам кунлари, мотам кунлари…

Бироқ шундай йиллар борки, инсонларнинг ҳотирасига фақат биргина ранг билан муҳрланади.

Биз маълумотномларимизда туғилган йилимизни 1937 йил дея ёзамиз. Улғайганимизда билдикки, бу қора йил бўлган, халқ қалбига, хотирасига қўрқув, интизорлик йили каби муҳрланган.

Бироқ биз учун бу йил умримизнинг энг гўзал йилидир. Қуёшни, дарахтларни, дунёни илк бора кўрган йил.

1964 йил.

Озарбойжончадан

Раҳмат Бобожон

таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting