Бундан қирқ йил олдин “Ёшлик” журнали биринчи сонида Маъсума Аҳмедованинг “Шаҳарга саёҳат” ҳикояси эълон қилиниши муносабати билан ёш адибага оқ йўл тилаган таниқли шоир Туроб Тўла сўзини шундай бошлайди: “Журналнинг биринчи сони учун оқиб келган қўлёзмалар орасида бу ҳикоя ярқираб кўринди”. Ҳар бир бадиий гўзал асар ўзича ярқирайди. Асарнинг шуъласи ўқувчи кўнглини ёритади. “Шаҳарга саёҳат”нинг ўзида жамлаган ярқираши нимасида?
Воқеа жуда оддий: ёш қишлоқ аёлига эри “насиб қилса, эрта бозор куни ҳаво яхши бўлиб турса, сени шаҳарга олиб тушаман”, деб ваъда беради. Ваъда эса ҳикоя қаҳрамони ҳаётида фавқулодда ҳолатдай қабул қилинади. Умрида бунгача икки марта шаҳарга тушганини хотирларкан, аёл бу хушхабарни қўшнилари билан ўртоқлашмоқчи, ўзича жиндак мақтанмоқчи ҳам бўлади. Уни эса тузук эшитишмайдиям, уч аёлнинг уч хил гапи қалб туғёнини йўққа чиқаради. Кечга бориб ҳавонинг авзойи ҳам бузилади. Тонгда ёмғир уриб ёғаётганда эрини йиғлаб ўйғотган аёлнинг ҳолатида буларнинг алами бор. “…ҳаво яхши бўлиб турса…” дея ваъда берган, шу пайтгача ҳеч қачон ўз ваъдасидан қайтмаган эр эса… бирдан “…кийин дарров, тош ёғмайдими!..” дейиши билан ҳикоя ниҳоя топаркан, сўнгги жумла ушбу бадииятнинг чўққи нуқтаси бўлиб ўқувчини орзиқтиради. Ҳикоянинг ушбу ечими Маъсума Аҳмедованинг ёзувчилик каромати. Менимча, асардаги чақнаш, ярқираш ҳаётда юз фоиздан тўқсон тўққизида бўлмайдиган воқеанинг ишонарли ҳолда бўлдирилишидир. Унда ёзувчининг ғояси, эзгу нияти, одамга муҳаббати ўқувчи қалбини забт этади.
Маъсума Аҳмедова, ушбу ҳикояси ҳам ўрин олган “Офтобли кун” ҳикоялар китоби (1982)дан бошлаб, ўзбек ўқувчиси қалбини ёғдулантириб келади. Бунга заҳматсиз, изланишсиз эришиб бўлмайди, албатта. Туроб Тўланинг сўзи давомида шунга жуда нозик ишора қилинган: “Анчадан бери ёзадиганга ўхшайди: қўли, тили, диди кўриниб турарди саҳифалар орасидан…” Ростдан ҳам Маъсума Аҳмедованинг насрий машқлари 18 ёшидан матбуотда чоп этила бошлаган эса-да, яна етти-саккиз йиллик изланишлардан кейин айрим ҳикояларидан кўнгли тўлганини, ёзилган йиллари кўрсатилганидан ҳам тасаввур қилиш мумкин. Ўттиз ёшида нашрдан чиққан “Офтобли кун” ҳикоялар китоби унинг ижодий қисматини белгилаган илк триумф. Ўн беш минг нусхада чоп этилган бу китобчада унинг саккиз ҳикояси киритилган.
Маъсума Аҳмедова ўзини кўз-кўз қилмайдиган, ҳалол, мард, ориятли, камсуқим, лекин чинакам ҳазрати инсонлик сифатига эга инсонлар куйчиси. Дейлик, “Мажбурият” ҳикояси қаҳрамони Шариф ота одамлар ва жониворларни чинакамига севадиган, табиатнинг кўркидан қалбан сурурланиб яшаётган, маслаги мардона, донишманд қария. Бировга оғири тушушини истамайди. Балки жамоанинг оғирини енгил қилиш ўзига ярашишини яхши билади. Лекин ҳамма ҳам ҳаётга шундай назар билан қарамайди-да. Айримлар амалидан, эътиборидан ҳар доим фойдаланиб қолиш пайида бўлади. Бир қараганда, бу тушунчада ҳам жон борга ўхшайди. Шунинг учун ҳикоя қаҳрамони хотинининг ғазаби, Кўккўз қўшнисининг тезлаши, маслаҳати билан, далада ётган сомонини ташиб олиш учун айни иш қизиган паллада раисдан дудуқлана машина сўрайди. Раиснинг раддиясидан эса хафа бўлиш ўрнига елкасидан тоғ ағдарилгандай эркин нафас олади.
Ҳикояни ўқиб, эсимга бир ҳадиси шариф тушди. Саҳобалардан бири Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурига келиб, “ё Расулуллоҳ, менга жаннатга киришнинг жуда осон йўлини ўргатсангиз”, дея сўрайди. Расулуллоҳ саллолоҳи алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама! Отда кетаётган бўлсанг, қамчинг тушиб кетса ҳам, ўзинг тушиб ол! Ўша саҳобаи киром шундан кейин, умри давомида ҳеч кимдан ҳеч нарса илтимос қилмаган экан. Гўзал ибратни қаранг. “Мажбурият” қаҳрамони тутими ҳам ўша саҳоба ҳаёти каби ўқувчида мулоҳаза уйғотади. Ҳар бир инсон ўз ишини, бурчини ўзи адо этишига ундайди. Боқимандалик жирканч иллат эканлигини англатади.
Маъсума Аҳмедованинг ҳар бир ҳикояси ана шундай қалбни таъсирлантиради. Лекин бетакрор, холис манзаралари билан муҳим нуқталарга эътиборни қаратади. Унинг “Қувончнинг ранги” ҳикоясида асосий персонажлар: рассом қиз ва бола. Иккиси ҳам қувончга пешвоз чиқмоқчи. Бироқ йўлда отасини кўриб, югурган бола, унинг маст эканлигини билгач, ҳамма орзуларининг оёғи осмондан келади. Қизнинг олдидан ўтаркан, унга қайрилиб ҳам қарамайди. Шу билан рассомнинг нигоҳида теваракнинг манзараси бирдан ўзгариб, тароватини йўқотади. Бола шод эмас, у-ки қувончни кўролмас, унга пешвоз чиқмас экан, дунёда ҳеч қандай қувонч ранги бўлмаслиги, барча гўзаллик ва шодликлар боланинг дарди, армони олдида бир чақага арзимаслиги борасида ҳеч нима дейилмаса-да, буни ўқувчи яхши тушуниб олади.
Одам борки, теваракдагиларни яхши ёмонга ажратади. Лекин ҳаётда буни адашмасдан таниб олиш осон эмас… Кейинги пайтда эса одамнинг яхши, ёмонлиги эмас, манфаатли, манфаатсизлигига қараб эътибор бериладиган бўлиб кетди. Эҳтимол, бу тамойил ҳам қадимдан яшаб келаётганидан кўз юмиб бўлмас, лекин биринчи ўринга ҳеч қачон чиқмаган. Шунда холис адиб нигоҳига эҳтиёж сезамиз. Адибанинг “Яхши одам”ида Икромбой ва Тоживойнинг юриш-туришида бу ҳеч бир хаспўшланмай, чинакам яхши одамнинг ҳаёти, маслаги кўрсатилади. Адабиётнинг тўқилмаган адаби, ибрати шу!
Бадиият орқали одамийлик қадриятларини тарона қила олган ёзувчинигина адиб деса арзийди. Насрнинг энг кичик жанри ҳикояда, бунинг учун ёзувчи топган ҳар бир деталь жонини Жабборга беради, чумолидай нимжон ҳолида, фил қилолмаган воқеликни ўқувчига намоён этади. Маъсума Аҳмедованинг йигирма беш ёшида битган “Байрамлик” ҳикояси шунинг ажиб бир намунасидир. “Хотини эрталаб: “Икки куннинг бирида ичиб юргунча, ана, май яқишлашяпти, болаларга жуда бўлмаса кийим-кечак олсангиз-чи”, – деркан, эр “бугун оламиз-да моянани, деб жавоб қайтаради”. Маошини олганида эса теварагида хира пашшадай улфатлари айланади. Аммо у бу сафар улфатчиликни рад этиб, болаларига кийим-кечак олиш учун дўконга юзланади. Мудраб ўтирган дўкончи қизни, унинг ҳайқириғи чўчитади, қочириғи аччиғлантиради. “… Ваҳимангизга яраша нима оласиз ўзи?” Тошпўлат дўконни айланиб, нарсаларга қарайди. Баландда осилиб турган ялтироқ, ҳарир, аёллар матосига кўзи тушаркан, тикилиб қолади. “…бундан сотувчи қизнинг энсаси қотиб – Олмайдиган нарсага намунча тикилдингиз?” – деб юборади. “Ол, кўрсат матоҳингни!” “… тағин кеннайим олдига солиб қувламасин?!” Эркакнинг орияти қўзийди. Аёли ундан ўзига бирон нарса олиб келишни сўрамаган эса-да, магазинчи қизнинг нописанд муносабати билан аёли эсига тушади. Қимматлилигига қарамасдан шу матодан олгачгина, болалари учун нарсалар харидига киришади. Сотувчи қиз эса пировардида бу мато баҳосини ҳисоблашни эсидан чиқариб қўяди…
Шундан адиба фавқулодда ҳолат яратади.
Тошпўлат йўлдаёқ сотувчининг адашганини билади. Бундан у ҳар хил хаёлларга боради. “Қайтсамикан? – у бир дақиқа иккиланиб орқасига қаради. – Булар ҳиссасини чиқарволади одамлардан!” Кутилмаганда олиб келинган ҳарир, чиройли мато хотинини ҳам шошириб қўяди. … Кейин бирдан хотинидан тортиб олиб, дўконга ҳовлиқиб жўнаши, эшикни қулфлаб олиб тушлик қилаётган дўкончи қизнинг эшикни қийналиб очиши-ю, Тошпўлатнинг растага нарсаларни сочиб юборган телбаёна хатти-ҳаракатида инсоннинг инсонлиги, Яратгандан қўрқиши-ю, шундан кўз очган мардлиги, ҳалоллиги намоён бўлади. Матонинг пулини тўлагач эса энди, калондимоғ сотувчи қизнинг ўзини йўқотиши-ю, харидорни дуо қилиб қолишларида… Эркак кишининг азалий мақоми, аёлнинг аёллиги, унинг кибри нимага арзишини ҳис қиламиз. Байрамлик бу ерда иккита. Тасвирлангани сиртқи, одатийси. Аммо орияти қўзғалиб, аёлига қилинган байрамлик эса ботиний, маънавийси, қиммати ҳам баланд. Унинг ўз нафсидан устун келиб, дўконга қайтиб бориб матонинг пулини тўлаши яна бир байрамлик. Миллатнинг қалбини яхши билган, қадриятларга меҳри чексиз, истеъдоди фавқулодда адибгина буларнинг барини англатадиган нуқтани топа олади. Аслида ёзувчи мақсадни жуда катта олгани, истеъдод ва маҳорат ила бунга муваффақ бўлгани – бу воқеалар орқали ҳамишаги бир улуғ туйғунинг бардавомлигини исботлаганидир. “ Эри уни эслаб байрамлик олиб келганига қанча пайтлар бўлиб кетди-ю! Тўғри, бир нарса олиб беринг, деса, ҳеч қачон йўқ демайди, лекин ўзича қаторга қўшиб, эслашнинг йўриғи бошқа экан… Хотинининг ўпкасига нақ муштумдай нарса тиқилиб қолгандай бўлди.
– Ёқмадими? – деди у хотинидан кўзини узмай.
– Мамлакат айтувди ўзи, тағин олиб борсангиз кеннайим олдига солиб қувмасин, девди. …Мана, ушлаб кўр, ўн йил бўлсаям қилт этиб йиртилса, йигит ўлай.
– Вой… – деди хотини деярли пичирлаб. Унинг кўзлари намланиб турарди.
– Нега ёқмас экан, сиз олиб келасизу ёқмайдими?
Негалигига сира ақли етмайди-ю, хотинининг шу сўзларидан кейин титраб кетганини ҳис қилди. Бундай сўзларни эшитмаганига қанча вақтлар бўлди-ю…”
Ҳали ҳар бир деталь, чизги, ҳодиса ана шу моҳиятнинг таъсирини оширишга бир авж, бир савт бўлиб хизмат қилишини бежиз айтмаган эдик. Зеро, ўқувчи буни ҳис қилиб туради. Бир мисол. “(Тошпўлат) кўчасига қайрилишда катта, усти очиқ машина турар, пастда сурнайчи чийиллатиб сурнай чалар эди. “Бешик туйи эмиш, одамларнинг иши йўқми, нима бало? Сурнайчининг нима кераги бор экан, ҳайронсан”, дея энсаси қотиб қияликка кўтарилди”. Сурнайчининг чийиллаб сурнай чалиши, ўхшамагандай кўринган манзара аслида унинг икки ўт орасида қолиб, ўзига ўхшамай бораётганига ҳам киши билмас ишорадир. Энди эса у аслига қайтиб, мақоми-да тикланганида бутунлай бошқа фикрга келади: “…Байрамлик харидни маҳкам қўлтиғлаганича… маҳалласига бурилар экан, …чилдирманинг овози ҳаммаёқни тутган, сурнай овози эшитилмаяпти ҳам. Хотинлар ўртасида лунжини шиширганча кетаётган сурнайчига қичқирди:
– Авжини сал баландроқ ол-да оғайни!». Бу эса ичидаги байрамни ҳаётда кўришни истаган руҳиятнинг шавқи. Қаҳрамон кайфиятини ҳар қанақа баёндан кўра равшан намоён қила олган деталь. Фақат асл ёзувчининг билинмас маҳорати, илҳоми, сирли англови, асар руҳониятини шундай, бирдан баҳорда қуёш чарақлагандай порлатиб юборади. Ўқувчига ўзгача бир завқ бағишлайди. Яна бир қизиқ адабий факт эсимизга тушиб қолди. Эркакни магазинчи аёл писанд қилмаганида, бу ориятини қўзғаган ҳолат ўн беш йиллардан кейин яратган Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи бир ўрнида ҳам кузатиш мумкин. Дўконга кирган Деҳқонқул сотувчи аёлнинг муомаласига жавобан, энг қимматбаҳо баҳмал матони сотиб олиб, оёғига пайтава қилиб ўрайди… Биринчи китоб муваффақияти, довруғи Маъсума Аҳмедовага қанот бағишлагани, ишончини қатъийлаштиргани чин. Шу билан бирга масъулиятни ҳам оширади. Шунда адиба ижодини муҳиблик билан кузатиб, шахсини бир қадар билган одам, у илҳом келмаганича, асар дилида пишиб етилмаганича, қўлига қалам олмаслигини англайди. Янгича ҳикоялар туғилиши кўп куттирмади.
Бизнингча, бу – 1982 йили ёзилган “Оддий ҳикоя” ҳикояси билан бошланади. Ҳикоя бошида ёзувчи бу жанр ҳақидаги фикрини ярим чин, ярим киноя оҳангида баён этади. “Бу ҳикоя дунёдаги энг оддий ҳикоялардан бири бўлади. Чунки бу ҳақда – оддий одамнинг кичкина бахти ҳақида кўп ёзилган. Оддийлиги шундаки, бу ҳикояда айтарли арзигулик ҳодисалар рўй бермайди, фавқулодда қаҳрамонликлар ҳам кўрсатилмайди. Воқеалар бир бошдан, анъанавий тарзда ҳикоя қилинаверади”. Шундай дейилгани билан унинг акси бу ҳикоянинг асосини ташкил этади. Аслида оддий бўлмаган қисмат эгаси Мавжуда ўзини унутиб қўйган, бошқаларнинг дарди-қувончи билан яшайди. Ҳамкасабалари касал бўлса, ҳолидан хабар олади, оғир вазиятга тушса, ёрдамга шошилади. Ҳолбуки, ўзи тақдирнинг оғир синовига учраган: оқсаб юради. Ким ҳам ногирон қизга уйланишни истайди? Ўрта ёш бир кишининг шим буюртма қилиш учун ательега келиб, унинг эътиборли муомаласига миннатдорчилик сифатида гул кўтариб келишидан Мавжиданинг ўзи ҳам орзу қилишга берилади, бир қиз, бир ўғлим бўлса эди, дея юрагининг энг қаъридаги ниятини гуллаб қўяди. Бироқ кунлардан бир куни ўша эркакни чорраҳада, бир қиз ва бир ўғли билан кўриб қолиб, орзулари сароб эканини тушунади. Фикрловчи ўқувчи шунда ёзувчи назарда тутган фикрни кўради. Зеро, тақдирнинг оғир синовига учраганлар учун, бошқаларга оддий бахт, аслида фавқулодда ҳодиса. Негадир тўрт мучаси соғ одамлар кўпинча буни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Шунда ҳикоянинг номи, асар бошидаги “кириш сўз” бекорга эмаслигини ҳам англагандай бўламиз. Бахтсизлик ҳам “оддий ҳикоя”. Лекин ана шу қисматга тоқат қилиш учун, инсон, айниқса, аёл, қанчалар кучли бўлиши керак. Бахтсизликнинг ҳақиқий тасвири бахтнинг нималигини китобхонга англатиши – бу бадииятнинг яна бир тилсими.
Маъсума Аҳмедованинг “Уйга қайтиш”, “Бегим кунлар”, “Ёмғирда”, “Тожи опанинг тугуни”, “Кечмиш ҳисоби” каби хилма-хил ҳикояларида бунинг турфа воқеалар суронида исботини кўриб кўзимиз очилади. Ёзувчининг ижодий қисматида қизиқ нуқта бор. Ҳикоянавис қай бир ҳикояси туғилгачгина, уни китоб қилиш ишқида ёнади. Маъсума опа “Бировнинг ҳаёти” кўз очгач, шундай фикрга келади. Лекин бу давр ўн йил олдинги аҳволдан бутунлай фарқ қилар, 90- йилларнинг боши эди… Иқтисодий буҳрон, адабиётга дўст эмас, рақиб кўзи билан қараш ҳукмрон замонда тўплами яна беш йил нашриёт ғаладонида ётди. Ниҳоят, Республика Матбуот қўмитасининг кўригида қатнашиб, 1998 йилги янги асарлар танлови насрий асарлар йўналишида ғолиб деб топилгани билан, “Бировнинг ҳаёти” ғолиблар учун асосий имтиёздан фойдалана олмади – алоҳида китоб қилиб нашр этилмади. Икки йил ўтиб, бошловчи қаламкашларнинг “Истиқлол умидлари.2000. 1.” Жамоа тўпламида уриб тиқилгандай чиқди. Табиийки, адиба асарларининг кўпчилик мухлислари ўшанда бу ҳикоялар мутолаасидан бенасиб қолди. Аммо иродали, меҳнаткаш, ҳар қандай даъводан йироқ Маъсума Аҳмедованинг кўнгли тўқ, асосийси ижодкор учун қийин бир замонда бир қадам олға қадам ташлашга муваффақ бўла олгани эди. Ижодкор бўлиш аёл кишига икки карра оғир. Аммо Аллоҳ таоло аёлнинг фақат ўзигагина берган иқтидору фазилатлар борки, эркак киши уни бир қадар, шундаям сиртдан ҳис қилади, холос. Шунинг учун аёл ҳақидаги бор ҳақиқатни ҳам фақат аёл ижодкоргина айтиши, тўла қонли ифодалаб бера олиши мумкин. Бунинг адабиёт оламида сийраклиги ҳаддан истеъдодли ва иродали, бутун ҳаётидан кечиб, руҳи-жонини адабиётга бағишлаган аёл ижодкорларнинг нодирлигидандир. Маъсума Аҳмедова шундайлардан бири бўлиб чиқди.
Ўйлашимча, Маъсума Аҳмедованинг маҳорати, руҳшунослиги аёл сифатида аёлни яхши билишининг исботининг бир жиҳати табиатга одамни муқояса қила, ўз фикрларига мисол ва исботни табиатдан топа билганида ҳам кўринади. Бу фазл унинг асарларида оддийгиналикдан фавқулоддалик ясайди. Унинг адибалик истеъдодининг сири шундаки, одамнинг ичкари ва ташқарисида реал ва руҳиёна жонли вазият ярата билади. Вазият эса персонажни қандай бўлса, шундай кўрсатади-қўяди. Мана унинг “Ёмғирда” ҳикояси. Кексалик ёшига етиб қолган аёл баҳор куни тандирда нон ёпишга киришади. Келин йўқ, ҳавонинг авзойи бузуқ, ёмғир томчилаяпти, шунда келинини энди қарғашга оғиз жуфтлаганида, эшикда турмушга чиққан қизи кўринади. У ҳам уйидан аразлаб келган. Нон ёпишга чоғланган аёл учун икки карра вазият оғирлашгани нигоҳлардан уқилади. Баҳорнинг ўзгарувчан ҳавоси, ёмғир, нон ёпиш, келиннинг қайгадир кетгани-ю, бемаврид йўқлаган қизини ўйлаб, аёлнинг ҳар хил хаёлларга бориши… Дардлар ичга ютилган ҳолда ноннинг ёпилиши, умр зарбаларидан ирода билан ўтилган аёл кечинмалари ўқувчига ҳам юқади. Мен “Тожи холанинг тугуни” ҳикоясини эса миллий менталитетимизнинг асл бир жиҳатлари дилдошлик билан очилган дурдона бир парчаси деб биламан. Ҳикояни ўқиган китобхон асар тасвиридан бир неча карра ортиқ қисмат достонини тасаввур қилиб, яна ҳам таъсирланади.
Нега Маъсума Аҳмедова “Бировнинг ҳаёти” ҳикоясини ёзгач, ўқувчига шу оралиқда ёзган бошқа ҳикояларини ҳам тўплаб, китоб қилишни истаб қолди? Зеро, бу ҳикоя янги тўпламнинг ядроси. Янги фобула. Унинг мотиви ҳам олдинги ҳикояларига ўхшамайди. Қолаверса, хос, интелектуал мавзу. Ёхуд дунёга ҳамдард одамнинг, ижодкорнинг тақдири. Қисқаси, ҳар куни электричкада пойтахтга қатнайдиган рассом йигит ёмғирли тонгларнинг бирида поезддан афтода аҳволда тушган ёш бир жувонга кўзи тушиб, фавқулодда ҳимоясиз, кўчада қолгандай тасаввур уйғотган бу жувоннинг суратини солмоқчи бўлиб, тинчини йўқотади. Бу ҳам санъатнинг ибрати, санъаткорнинг дилдошлиги. Шунда рассом ўша қизнинг суратини қарийб чизишга муваффақ бўлганида, тириклик эмас, тирикчилик, ўз жоҳила аёли унга рақиба сифатида пайдо бўлади. Асарини жараҳатлайди. Оқибатда рассомнинг ўзи оиласини, уйини ташлаб чиқиб, кўчада қолади… “Бировнинг ҳаёти”да рассом йигитнинг бошига тушган қисмат, тириклик билан тирикчиликнинг ҳеч қачон чиқиша олмаслиги, чинакам яратиш, ижод ишқи билан яшаган зотлар ҳаётда бунга эришгунича, нодонлар томонидан ҳам “сийланиб туриши” ва талай ўйлар қўзғайди ҳикоя. Нима бўлганда ҳам, бу ҳикоя, аввало, ҳаёт қарама-қаршиликларида бизнинг кишиларга муҳаббатимиз, шафқатимиз муҳимлиги, ўшагина ҳаётга мазмун бериши, нафрат, нафс, сабрсизлик эса ҳамма гўзал нарсаларни жароҳатлаб, издан чиқаришидан огоҳлантириб, шуни унутмайлик, дегандек бўлаверади.
Маъсума Аҳмедова илк китоби чиққанидан ўттиз йил ўтиб, ўзи расмана бир китоб тайёрлади. Уни “Ҳикоялар” деб атади. Унда жами 20 та ҳикоя киритилган, ўттиз беш йиллик қизғин ижодий жараённинг маҳсули эди бу. Ана шу ҳикоялар адибанинг ижоди бетакрор, қимматли эканини мана-ман деб кўрсатди. “Ҳикоялар” жуда тезликда қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Мен унинг тенгдошларидан бирон-бир адибанинг ҳикоянавис сифатида бу даражада оммалашганини, қадрланганини билмайман. Унинг ана шу 20 ҳикоясидан биргина, ҳажми икки бет ҳам келмас “Биллур гулдон” ҳикояси ҳақида нимадир демаққа уриниб кўраман. Кекса бир аёл марҳум эри улар навқирон бир ёшларида, саёҳатдан олиб келган чех гулдонини сотувга олиб чиқади. Эҳтиёждан эмас, энди керак эмасдек кўринганидан. Унга бир қиз харидор бўлганида эса, аёл гулдонини сотишдан бутунлай воз кечади. Харидор олиб қочиб кетадигандай кўриниб, қўрқиб кетади ва бегона кўздан панада турсин деб қоғозга ўраб қўяди. Ҳикоядаги бор воқеа шу. Аммо шу воқеанинг гулдонга боғлиқ айтилмаган хотираларда кекса аёлнинг бутун ҳаёти, оилавий кечмишининг энг дилбар дамлари мужассамлигини ўқувчи-да ҳис қилиб, ниҳоятда энтикади. Ҳа, гўзал, ноёб, дурдона асарлар ҳам қалбимиздаги энг азиз хотираларни уйғотади, ҳаётдаги энг азиз онлар – севги билан кечган умрни бир умр қадрлашга имдод этади. Бунда ҳажм эмас, топилган деталь улуғ роль ўйнайди, уларнинг рамзи, тимсоли, ишораси, воқеасидан кўпроқ фикр, туйғу қўзғаб, кўлами мислсиз даражада катталашади.
Айтиш жоиз бўлса, Маъсума Аҳмедованинг ҳикоялари ҳам ана шу биллур гулдон каби қимматли ҳаёт лавҳаларидан таркиб топган, ўзидан кўра кўпроқ азиз ҳаётни юракка тиклаш қудратига эга. Жозибаси эса ўзига мафтун этади. Адиб учун бундан ортиқ бахт бўлиши мумкин эмас. Ҳолбуки, бундан ташқари, Маъсума опанинг адабиёт йўлидаги фидоийлиги, ёшларни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлаш керак. Турмуш ўртоғи, ёзувчи Тоғай Мурод ижодини юзага чиқаришдаги саъй-ҳаракати, шахсини ардоқлашдаги ибратини эса мозийда Ойбек ижоди ва шахсига Зарифа Саидносированинг меҳр-муҳаббатли фидоийлигига ўхшатиш мумкин.
Маъсума Аҳмедова 62 ёшида “Мангу куй” деган қисса эълон қилди. Бу унинг биринчи бор ўз ижодида янги жанрга мурожаат қилиши. Бошида бағишловга кўзимиз тушади: “Ёш дўстларимга”. Қаҳрамонларнинг аксарияти ҳам ёшлар. Қисса бир нафасда ўқилади, ҳеч бир ортиқчаликка ҳам кўз тушмайди. Мавзу ниҳоятда замоновий бўлгани билан, асл миллий руҳ уфуриб туради. Қишлоқ билан азим шаҳар оға-ини мисол бир-бирига боғлиқ ҳолда келаркан, юртга нисбатан яхлит муҳаббат ўқувчи қалбини тўлқинлантиради. Асосий қаҳрамон Жаъфар мисолида, ижодкорнинг такрорсиз шахси, санъат, санъаткорлик оддий ҳодиса бўлмаслиги, буни суиистемол қилаётган ёшларга баҳо бериб ўтиладики, баъзи беўхшовликлар ҳам шу орқали муолажа қилинади. Қиссада табиий суратда ёшларнинг муҳаббатини очишда, руҳиятдан келиб чиқиб шеъриятнинг аралашгани асарнинг бадииятини ошириб, баёнчиликнинг олдини олган, мулоқотлардаги жўнлашиб бораётган муносабатларга гўзаллик, олийлик бағишлаган. Мен бу асарни кино лентасидек томаша қилар эканман, Тv. каналларини эгаллаган бачкана, яна хориж сериалларидан кўчирилган маиший сериаллар жамиятимизни қанчалик булғаётгани хаёлимдан ўтди. Агар “Мангу куй” кино тилига кўчирилса, саҳнамиз бугунги ёшларнинг ибратли ҳаётидан олинган бир тасвир билан бойиши шубҳасиз. Асарга бекорга “Мангу куй” деб ном қўйилмаган. Бу адибанинг топилмаси. Ҳам рамзан, ҳам реал ҳақиқат сифатида юракларни ёқади. Севги – мангу куй, тоабад таронаси авжида бўлажак. Қолаверса, ҳаётнинг ўзи мангу куй… Бу куй икки дунёни қамраб ола билгани асарнинг бошидан охиригача ички бир оҳангдан сезилиб туради. Ҳар бир воқеада чалиниб турган бу куйнинг тингловчи ва ижрочилари марҳумлар ва тириклар экани ўқувчи қалбини улуғ ҳикматларга ғарқ этади. Ҳаётда ўта камтарин ва камсуқум, лекин ижодда фавқулодда журъатли ва ўз олдига улуғ талаблар қўйган ТОЛЕнинг кулганини кўринг!
Таниқли адибамиз Маъсума Аҳмедова қутлуғ 70 ёши арафасида эллик йиллик ижодий фаолиятидан саралаб, бир мажмуа тайёрлади. “Биллур гулдон”. Унда ёзувчининг қисса ва ҳикояларидан ташқари бадиий таржима соҳасидаги ижодидан бир хушбўй гулдаста киритилган. Бу ҳам жаҳон адабиётининг оташин мухлисларига қимматли туҳфадир. Мисол учун рус насрида мумтоз бир ўринни эгаллаган ёзувчи Дмитрий Мамин-Сибирякнинг “Урол ҳикоялари” туркумидаги “Доктор Осокиннинг соғайиши”нинг таржима қилиниши бу адиб асарларининг тилимизга биринчи ташрифидир. Қолаверса, шу даражада буюк бир ёзувчининг бошқа асарларига иштиёқ уйғотади. Нобель мукофотига бир пайтлар номзод сифатида кўрсатилган, атоқли рус ёзувчиси Александр Куприннинг “Олеся” қиссаси дурдона бир асарлигига шубҳа йўқ. Аммо уни маҳорат билан таржима қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигини мутолаа давомида зукко ўқувчи англаб етади. Аргентина адабиётининг биринчи рақамли ёзувчиси, дунё ҳикоячилигида ўзига хос мактаб яратган, мистик, аллегорик ҳикоялар устаси Хулио Кортасарнинг характерли ҳикоялари таржимаси эса яна бир заҳматли фидоийликдир. Бу жасоратлар учун ҳам кўплаб мухлислар номидан мутаржим Маъсума Аҳмедовага алоҳида ташаккур айтишни истар эдим. Зеро, ҳар бир халқнинг янги адабиёти ўз қобиғига биқиниб эмас, дунё адабиётининг энг яхши намуналаридан туйиниб ҳам кўз очади.
Истагимиз, адиба ижодининг жавҳарида мужассам, қалбни ўзи талпитирадиган мангу куйнинг таронаси ҳеч қачон тинмасин! Шундай ажойиб асарлар муаллифи, атоқли адибамиз Маъсума Аҳмедовани, адабиёт, ҳақиқат мухлислари номидан қутлуғ 70 ёши билан чин юракдан табриклайман.
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ