Бизлар ўлим ва ҳаётдан келганимизни биламиз, бинобарин биродарларимизни яхши кўрамиз: биродарини яхши кўрмаган одам марҳум ҳисобидир.

    (I нома. Иоан. III, 14)

Дунёда кимки фаровон яшаса, бироқ ўз биродарини муҳтож аҳволда кўриб, унга юрагини очмаса: унда Тангрига хос меҳру шафқат қаёқдан бўлсин?  

    (III, 17)

Болаларим! қуруқ сўз билан ёки фақат оғизда эмас, балки амалий ишлар ва адолат билан яхши кўрайлик.

    (III, 18)

Меҳр-муҳаббат Тангри таолонинг инъоми, ва ҳар бир меҳр-муҳаббатли одам Тангрининг солиҳ бандаси ҳисобланади ва Тангри таолони яхши билади. 

    (IV, 7)

Кимки меҳр-муҳаббатли бўлмаса, Худони билмайди, чунки Тангри таоло меҳр-муҳаббат демакдир.

    (IV, 8)

Тангри таолони ҳеч ким, ҳеч қачон кўрмаган. Агар биз бир-биримизга меҳрли бўлсак, Тангри ҳар доим биз билан бирга.

    (IV, 12)

Тангри таоло меҳру муҳаббат демакдир, кимки меҳр-муҳаббатли бўлса, Тангри билан бирга, Тангри унинг қалбида бўлади.

    (IV, 16)

Кимки Тангри таолони яхши кўраман десаю, ўз биродаридан нафратланса, у ёлғончидир, зотан кўриб турган биродарини севмаган одам кўзига кўринмайдиган Тангрини қандай сева олади?

    (IV, 20).

I

Эдикдўз хотини ва болалари билан бир одамнинг уйида ижарада яшарди. Унинг на ўз уйи ва на томорқаси бор эди, бола-чақасини этикдўзлик билан боқарди. Нон қиммат, топиши эса жуда оз эди, шунинг учун ишлаб топган пулига қаноат қиларди. Эдикдўз хотини билан битта пўстинни киярди, унинг ҳам сахтиёни чиқиб кетганди; эдикдўз икки йилдирки, янги пўстин учун ошланган қўй териси сотиб олишни мўлжалларди.  

Куз келганда, анча пул жамғарди: хотинининг сандиғида уч сўмлик қоғоз пул, яна қишлоқдаги деҳқонларда беш сўму йигирма тийин пули бор эди.

Эдикдўз эрталаб пўстин олиш учун қишлоққа отланди. Кўйлагининг устидан хотинининг пахталик камзулини, устидан мовут чакмонни кийди, уч сўмлик қоғоз пулни чўнтагига солиб, бир калтакни асо қилганча нонуштадан кейин йўлга тушди. “Деҳқонлардан беш сўмни оламан, уч сўмни қўшиб, ошланган қўй териси харид қиламан”, деб ўйлади. 

Эдикдўз қишлоққа етиб келди, қарздор деҳқонлардан бирининг уйига кирди – у уйида йўқ экан, хотини бир ҳафтада эрини пул билан жўнатишни ваъда қилди, лекин пул бермади; иккинчи деҳқоннинг уйига кирди – у ҳам Худони ўртага қўйиб пулим йўқ деди, этигини ямаб бергани учун фақат йигирма тийин берди. Этикдўз қўй терисини қарзга олишни мўлжаллади, –тери сотувчи эса қарзга бермади. 

–Олдин пулни олиб кел, кейин хоҳлаганингни танлаб олавер, қарзни ундириш учун орқангдан югуриб юрадиган аҳмоқ йўқ.

Хуллас, эдикдўз мўлжаллаган ишларини қила олмади, фақат этикни ямагани учун йигирма тийин ва бир деҳқоннинг пиймасини чарм билан қоплаб бериш учун олди.

Эдикдўз ғамга ботди, йигирма тийиннинг ҳаммасига ароқ олиб ичди ва пўстинсиз уйига йўл олди. Эрталаб эдикдўзга ҳаво совуқдай туюлганди, ичиб олгандан кейин пўстинсиз ҳам исиб кетди. Этикдўз йўлда кетиб борар, бир қўлидаги асо билан кўлмаклардаги музларга дўққиллатиб урар, иккинчи қўлида эса пийма этик саланглаб бораркан, ўзи билан ўзи гаплашарди:

–Менга пўстинсиз ҳам иссиқ. Кичик шишадаги ароқни ичдим; аъзои баданимни қиздираяпти. Пўстин ҳам керак эмас. Дарду ҳасратларнимни унутдим. Мана, қандай одамман! Менга нима керак? Пўстинсиз ҳам куним ўтади. Икки дунёда ҳам кераги йўқ. Фақат анави хотин ранжийди. Ҳақиқатдан ҳам алам қилади – сен унинг учун тер тўкасан, у эса сени чув туширади. Менга қара, агар пул олиб келмасанг, бошингни узиб оламан, Худо ҳаққи, узиб оламан! Менда нима айб?! Фақат йигирма тийин беришди! Йигирма тийинга нима ҳам харид қилардим? Фақат ароқ. Муҳтожлик, дейди. Сен муҳтож бўлсанг, мен муҳтож эмасманми?! Сенинг уйинг ҳам, мол-ҳолинг ҳам – ҳамма нарсанг бор, менинг нимам бор; сенинг ўзингни ғалланг бор, мен эса сотиб оламан, – ернинг остидан бўлса ҳам топиб, ҳафтасига фақат ноннинг ўзига  уч сўм пул тўлашим шарт. Уйга борсам – яна нон ташвиши; яна бир ярим сўм бериш керак. Хуллас, сен менга ўзимнинг ҳақимни бер.       

Этикдўз бурилишдаги бутхонага етиб келди, бутхонанинг орқасида нимадир оқариб кўзига чалинди. Шом туша бошлаганди. Эдикдўз яхшироқ тикилиб ҳам унинг нималигини илғай олмади. “Бу ерда ҳеч қачон йирик тош бўлмаган. Бирон жонивормикан? Ҳайвонга ўхшамайди. Боши одамга ўхшайди, лекин жуда ҳам оппоқ-ку. Қолаверса, бу ерда одам нима қилади?”

Яқинроқ келиб аниқ кўрди. Ажабо: тирикми-ўликми, яланғоч, бутхонага суянганича қилт этмайди. Этикдўз ваҳимага тушди; ўзича ўйлади: “Кимлардир ўлдириб, кийимларини ҳам ечиб олиб, шу ерга ташлаб кетибди. Тегиниб кўргин, бошинг балога қолади”.

Хуллас, эдикдўз уни четлаб ўтди. Бутхонанинг ёнидан ўта бошлади  – ҳалиги одам кўринмай қолди. Бутхонадан ўтди, ортига ўгирилди, қараса – бояги одам бутхонадан орқасини олиб, қимирлаяпти, гўё унга тикилаётгандай. Этикдўз яна ҳам қўрқиб кетди ва ўйлай бошлади: “Олдига борсаммикан ё йўлимда кетаверайми? Олдига борсам, балога қолмасам эди: қандай одамлигини билмайман-ку. Бу ерга яхшиликча келмаган бўлса керак. Олдига борсаму у ўрнидан туриб буға бошласа, қандай қутиламан? Ёқамдан олмаган тақдирда ҳам у билан пачакилашишга тўғри келади. Яланғоч кимсанинг ёнида бало борми? Эгнимдаги сўнгги чакмонимни ечиб бераманми? Э Худо, ўзинг асрагин!”

Этикдўз қадамини тезлаштирди. Бутхонадан бутунлай ўтай деганда виждони йўл қўймади.

Этикдўз йўлда тўхтади.

–Сёмен, деди ўзига ўзи, бу нима қилганинг? Бир бечора бошига кулфат тушиб ўлай деб ётибди, сен бўлса қўрққанингдан ёнидан ўтиб кетаяпсан. Бойиб қолдингми? Бойлигимни тортиб олишади, деб қўрқаяпсанми? Эҳ Сёма, шу ҳам одамгарчилик бўлдими!

Сёмен орқасига қайтди ва ҳалига одам томон йўл олди.

II

Семён унга яқин борди, назар солиб, ёш, бақувват эканини кўрди, танасида калтакланиш аломатлари кўринмасди , фақат у совуқ қотган ва қўрқиб қолганди; бутхонага суянганча ўтирар ва Семёнга ҳам қарамасди, гўё холдан тойган, кўзини очиб қарашга ҳам холи келмасди. Семён яна ҳам яқинроқ борди, ҳалиги одам ўзига келгандай бўлди, бошини бурди, кўзларини очди ва Семёнга тикилди. Шу лаҳзадан Семённинг унга меҳри товланди. У қўлидаги пиймани ерга ташлади, белбоғини ечди, белбоғини пийманинг устига қўйди, чакмонини ечди.

–Қани, ўзингни қўлга ол! Манавиларни кий! Бўлақол!

Семён уни қўлтиғидан олиб кўтара бошлади. У қаддини ростлади. Семён эътибор берса, вужуди нозиккина, покиза, оёқ-қўли бутун, чеҳраси ҳам ёқимтой. Семён ўзининг чакмонини унинг елкасига ташлади, – ҳалиги бечора кийгани қийналди. Семён чакмонни кийдирди, яхшилиб ўраб, белини боғлади.    

Семён йиртиқ қалпоғини бошидан олди, уни ҳалиги одамнинг бошига кийдирмоқчи бўлди, лекин боши совқота бошлади, кўнглидан шундай фикр ўтди: “Менинг сочим йўқ – бошим тақир, унинг сочлари жинглагак, узун”. Қалпоғини қайта кийди. “Яхшиси пиймани бераман”.

Уни ерга ўтқазди-да, пиймани оёғига кийдирди.

Этикдўз уни кийинтирди-да деди:

–Бардам бўл, биродар. Қани, оёқ-қўлингни қимирлатиб бироз исиниб ол. Бошқа ишларни бизларсиз ҳам уддалашади. Юра оласанми?

Одам эса тик оёқда турганча Семёнга мулойим тикилар, лекин лом-мим дея олмасди.

–Нега индамайсан? Шу ерда қишлаш ниятинг йўқ бўлса керак? Уйга бориш керак. Холинг йўқ бўлса, менинг ҳассамга суяниб юра қол. Қани, кетдик.

Ниҳоят, бу одам унга эргашди. Енгил қадам ташлар, Семёндан ортда қолмасди.

Ёнма-ён кетишар экан, Семён сўради:

–Қаерликсан?

–Бу ерлик эмасман.

–Бу ерликларни танийман. Бутхона олдига қаердан келиб қолдинг?

–Айта олмайман.

–Кимдир ранжитдими?

–Ҳеч ким ранжитгани йўқ. Худонинг қаҳрига йўлиқдим.

–Албатта, ҳаммаси Худодан, лекин одамнинг ўз бошпанаси бўлиши керак. Қаерга боришинг керак?

–Менга барибир.

Семён ажабланди. Безорига ўхшамайди, гап-сўзлари ҳам мулойим, лекин ўзи ҳақида очилиб гапирмаяпти. Семённинг кўнглидан: “Бу дунёда нималар бўлмайди”, деган фикр ўтди ва ёнидаги одамга деди:

–Майли, бизникига борамиз, зора бироз ўзингни тутиб олсанг.

Семён дадил одимлар, мусофир ҳам ортда қолмас, ёнма-ён кетиб борарди. Шамол эса бошлади, Семён кўйлагининг ёқасини кўтарди, кайфи тарқаб совқота бошлади. У бурни билан пишиллаб нафас олганча кетиб борар, хотинининг пахталик камзулига ўранганча ўйларди: “Мана сенга пўстин, пўстин олгани бориб, чакмонсиз қайтаяпман, устига-устак яланғоч мусофирни ўзим билан эргаштириб келаяпман. Матрёнадан балога қолишим аниқ!” Матрёнани ўйлаган заҳоти Семённинг кўнгли беҳузур бўлди. Мусофирга қарагани ҳамон эса, бутхона олдида ўзига меҳр билан тикилганини эслаб, юраги ҳапқиради.

III

Семёнинг хотини эрталабдан уйни тартибга келтирди. Ўтин ёрди, сув олиб келди, болаларни овқатлантирди, ўзи ҳам тотингандай бўлди ва ўйга толди: нонни қачон дастурхонга қўйсам экан деган фикр кщнглидан кечди: бугунми ёки эртагами? Ноннинг четидан қирқиб олинган каттароқ бўлаги қолган, холос.

“Агар Семён ўша ерда тушлик қилса, кечки овқатланишда кўп емайди, демак, нон эртага ҳам етади”.

Матрёна нон бўлагини қўлида айлантириб кўриб ўйлади: “Бугун дастурхонга нон қўймайман. Фақат битта нонга етадиган ун қолган. Жумагача етказиш керак”.

Матрёна нонни олиб қўйди ва стол ёнига ўтирганча эрининг йиртиқ кўйлагани ямай бошлади. Матрёна кўйлакка ямоқ солар экан, эрим пўстин учун қўй терисини қандай харид қиларкан, деб ўйлади.

“Қўй териси сотувчи ишқилиб уни алдамасин-да. Ахир, эрим шўрлик жуда ҳам содда. Ўзи ҳеч кимни алдамайди, бироқ уни ёш бола ҳам чув туширади. Саккиз сўм – оз пул эмас. Яхшигина пўстинга етади. Ошланган чармдан бўлмаса ҳам ҳар ҳолда пўстин. Ўтган қишда пўстинсиз қанчалар қийналишди. На дарёга бора оласан, на бошқа жойга. Мана, эрим уйдаги бор кийимни эгнига илганча кетди, мен кийишим учун ҳеч вақо қолмади. Саҳармардонда йўлга чиқмаган бўлса ҳам қайтадиган вақти бўлди. Менинг шоввозим, ишқилиб ичкиликбозлик қилиб юрмаганмикан?”

Матрёнанинг кўнглидан шу фикрлар ўтгани ҳамон айвондаги зиналар ғичирлади, кимдир уйга кирди. Матрёна игнани қадаб, даҳлизга чиқди. Қараса – икки киши: Семён ва у билан бирга пийма қийган ва қолпоқсиз аллақандай киши.

Матрёна эридан ароқ ҳиди келаётганини дарҳол пайқади. “Айтганимдай ичиб олибди”, деб ўйлади. Чакмонсиз, битта пахталик камзулдаги эри лом-мим демаётганини кўрган Матрёнанинг юраги эзилди, ҳатто ёрилгудай бўлди. “Бор пулни ичиб тугатибди, аллақандай дардисар билан ичкиликбозлик қилибди, камига уни уйга бошлаб келибди”, деган фикр юрагини ўртаб юборди.  

Матрёна уларни уйга киритди, уларнинг ортидан ўзи ҳам кирди, қараса – бегона кимса қотмадан келган  ёшгина йигит, эгнида уларнинг чакмони. Чакмон остида кўйлак йўқ, қалпоғи ҳам йўқ. Киргани бўйича тошдай қилт этмай турибди, нигоҳини ҳам ердан кўтармайди. Матрёнанинг кўнглидан ёмон одамга ўхшайди, деган фикр ўтиб, қўрқа бошлади.

Матрёна қовоғини солди, печка ёнига бориб, уларни кузата бошлади.

Семён қалпоғини ечди, хушфеъл одамдай ўриндиққа ўтирди. 

–Матрёна, – деди у, – овқатингни олиб келмайсанми? 

Матрёна нимадир деб минғирлади. Печканинг олдида турганча қилт этмасди: гоҳ унга, гоҳ бунга қараб, фақат бошини сарак-сарак қилади. Семён хотинининг кайфияти бузилганини сезди, шундай кутиб олишини билганди: ҳеч нарсани сезмагандай мусофирнинг қўлидан тутди:

–Ўтир, биродар, – деди, – овқатланамиз.

Мусофир ҳам ўриндиққа чўкди.

–Овқат қилмадингми?

Матрёнанинг жаҳли чиқди.

–Қилганман. бироқ сенга эмас. Ароққа қўшиб ақлингни ҳам ичдингми?! Пўстин олиб келаман деб кетган одам чакмонсиз қайтиб келибсан, ўлганнинг устига тепган қилиб, қандайдир яланғоч дайдини бошлаб келганинг нимаси?! Сиз ароқхўрларга берадиган овқатим йўқ!

–Қўйсанг-чи, Матрёна, билиб-билмай ҳар хил гапларни гапирма! Олдин бу одам кимлигини сўра…

–Яхшиси ўзинг пулни нима қилганингни айт?

Семён чакмонининг чўнтагига қўл солди ва пулни чиқариб, ёйиб кўрсатди.

–Мана пул, Трифонов эса қарзини бермади, яна пайсалга солди.

Матрёнанинг баттар жаҳли чиқди: пўстин сотиб олмабди, охирги чакмонини эса аллақандай яланғоч кимсага кийдирибди, камига уйга бошлиб келибди.

Столдан пулни шартта олди-да, беркитишга чоғланди, бир йўла ғулдиради:

–Овқат йўқ. Ҳамма ароқвозларни тўйдириб бўлмайди.

–Эҳ, Матрёна, тилингни тийсанг бўларди. Олдин нима гаплигини эшитсанг-чи…

–Маст аҳмоқдан ақлли гап чиқармиди?! Сен ароқвозга эрга тегмайман дегандим-а! Онам каноп мато берганди – сотиб, пулига ароқ ичдинг; пўстин оламан деб кетиб яна молдай ичиб келдинг.  

Семён фақат йигирма тийинлик ароқ ичганини, бу йигитни йўл-йўлакай топиб олганини хотинига тушунтирмоқчи бўлар, – Матрёна эса уни оғиз очгани қўймасди: тинмай бобиллагани-бобиллаган. Ўн йил олдин бўлган ишни ҳам эсга олди-я!

Матрёна гапира-гапира Семёнга ёпишди, енгидан тортқилай бошлади.

–Менинг камзулимни бер. Биттагина шу камзулим қолди, уни ҳам тортиб олдинг. Лаънати итвачча, жин урсин сени, камзулимни бер!

Семён кмзулни еча бошлади, қўлини енгидан чиқарди, хотини тортди – камзулнинг чоклари ситилди. Матрёна камзулни олиб бошига ёпди, эшик томон йўналди. Чиқиб кетмоқчи бўлди: лекин тўхтади: юраги юмшади – жаҳлидан тушиб, бу йигит кимлигини билмоқчи бўлди.

IV

Матрёна тўхтади ва деди:

–Яхши одам бўлганда, яланғоч бўлмасди, унинг эса кўйлаги ҳам йўқ. Яхши ният билан кетган бўлсанг, бундай “олифта”ни қаердан бошлаб келганингни айт.

–Гапимга қулоқ солсанг айтаман-да: йўлда келаётсам бутхонанинг олдида бу йигит яланғоч ўтирганини кўриб қолдим, совуқдан қотиб қолибди. Ёз эмас-ку, бунинг устига яланғоч. Яхши ҳам худойим мени унга рўпара қилди, акинча нима бўлишини Худо билади. Нима қилиш керак? Ҳаётда нималар бўлмайди ахир! Ташлаб кета олмадим, кийинтириб, уйга бошлаб келдим. Ўпкангни бос. Гуноҳ бўлади, Матрёна. Беш кунлик дунёда яхши эмас. 

Матрёна яна вайсамоқчи бўлди, лекин мусофирга қараб тилини тишлади. Мусофир ўриндиқнинг бир четида қилт этмай ўтирарди. Қўлларини тиззаси устига қўйиб қовуштирган, боши кўксига эгилган, кўзини очмайди ва кимдир уни буғаётгандай фақат афти буришади. Матриёна жим бўлди. Семён деди:

–Матрёна, Худодан қўрқмайсанми?

Матрёна бу таънани эшитиб, яна мусофирга қаради ва бирдан юраги юмшади. Эшикдан нари кетиб, печканинг четига яқинлашди, дастурхон тузай бошлади. Столга пиёла қўйди, унга квас қуйди, охирги нон бўлагини ҳам қўйди. Пичоқ ва қошиқларни ҳам.

–Боримизни баҳам кўринглар, – деди.

Семён мусофирни овқатланишга ундади.

–Қани, йигитча, – деди, – тортинмай олавер.

Семён нонни кесиб бўлаклади ва овқатлана бошлашди. Матрёна эса столнинг бир четига ўтириб, қўлига таянганча мусифорни кузата бошлади.

Матрёнанинг мусофирга раҳми келди, унга меҳр қўйди. Дафъатан мусофир афтини бужмайтирмасдан чеҳраси очилди, нигоҳини кўтариб Матрёнага кулиб қаради.

Овқатланиб бўлдилар; Матрёна дастурхонни йиғиштирди ва мусофирдан сўради:

–Қаерликсан?

–Бу ерлик эмасман.

–Йўлда қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг?

–Айта олмайман.

–Кимлар сени ечинтириб, бор-будингни ўғирлаб кетди?

–Худонинг қаҳрига учрадим.

–Яланғоч ҳолда ётавердингми?

–Яланғоч ётганимда жуда совқотдим. Семён кўриб қолиб, менга раҳм қилди, эгнидан чакмонини ечиб кийдирди ва бизнинг уйга борамиз деди. Бу ерда эса сен мени едирдинг-ичирдинг, меҳр кўрсатдинг. Сизларни Худонинг ўзи паноҳида асрасин!

Матрёна ўрнидан турди, Семённинг ўзи ямаётган эски кўйлагани деразадан олди ва мусофирга берди; яна чолвор топиб, уни ҳам берди.

–Қарасам, сенинг кўйланинг ҳам йўқ экан. Кийиб ол, қаерни ёқтирсанг – хоҳласанг болохонага, хоҳласанг, печканинг устига чиқиб ёт.

Мусофир чакмонни ечди, кўйлак ва чалворни кийди-да, болохонага чиқиб ётди. Матрёна чироқни ўчирди, чакмонни олди ва эрининг ёнига чиқди.

Матрёна чакмоннинг этагини юзига ёпди, ётганига қарамасдан ухламас, фикри-зикри мусофирда эди.

Сўнгги нон бўлаги ҳам еб бўлингани, эртага нон қолмаганини, кўйлак ва чолворни мусофирга берганини эслагани сайин юраги увишарди; унинг мамнун жилмайганини эслаганда эса юраги қувончдан ҳапқирарди.  

Матрёна узоқ ухлай олмади, Семён ҳам ухламаётганини пайқади, у чакмонни ўзининг устига тортади.

–Семён?

–Нима?

–Охирги нонни еб тугатдик, мен эса хамир қилмаганим йўқ. Эртага нима қиламан – билмайман. Маланья эгачимдан сўраб кўраман.

–Ўлмасак, бир кунимизни кўрамиз.

Хотини ўйга ботганча индамади.

–Яхши одам кўринади, лекин нега ўзи ҳақида ҳеч нарса айтмаяпти?

–Демак, ҳожати йўқ.

–Сёма!

–Нима?

–Биз бор-будимизни бераяпмиз, нима учун бизга ҳеч ким ҳеч нарса бермайди?

Семён нима жавоб қилишди билмади. “Худо билади”, деб қўя қолди. У нариги ёнбошига ўгирилди ва ухлади.

V

Эрталаб Семён уйғонди. Болалар ухлаб ётар, хотини нон сўраб олиш учун қўшниларникига чиққанди. Кечаги мусофир эски чолвор ва кўйлакда ўриндиқда ўтирар ва юқорига тикилар эди. Унинг чеҳраси кечагидан кўра анча очиқ эди.

Семён деди:

–Қалайсан, йигитча: қорнинг ошу нону тананг кийим-кечак тилаяптими? Овқатланиш керак. Қўлингдан бирон иш келадими?

– Ҳеч қандай ҳунарим йўқ.

Семён ажабланганча деди:

–Кўнглингда хоҳиш бўлса бас. Одамзот нималарни ўрганмайди. 

–Одамлар меҳнат қилади, мен ҳам ишлайман.

–Исминг нима?

–Михаил.

–Оббо, Михайла азамат-эй, ўзинг ҳақингда гапиришни хоҳламасан – майли, ўзинг биласан, лекин ошу овқат керак. Ишласанг, айтганимни қилсанг – оч қолдирмайман.

–Сени Парвардигорнинг ўзи асрасин. Кўрсат, нима қилайин?

Семён калавани олди, бармоғига ўраб, туга бошлади.

–Бунинг қийин жойи йўқ, мана, қара…

Михайла қараб туриб у ҳам бармоғига ипни ўради ва Семёнга тақлидан охирини тугди.

Семён қандай улашни ҳам кўрсатди. Михайла буни ҳам дарров ўрганиб олди. Хўжайин дағал юнгни қандай эшишни ва тикишни ҳам кўрсатди, Михайла буларни ҳам дарҳол тушунди.

Семён қайси ишни кўрсатса ҳам барчасини дарҳол англар ва учинчи кундан бошлаб гўё азалдан шу ишни қилаётгандай тикишни бошлаб юборди. Дангасалик қилмасдан ишлайди, оз еб, оз ичади; ишда танаффус бўлса – лим-мим демай юқорига тикилади. Кўчада тентирамайди, ортиқча гапирмайди, ҳазиллишмайди, кулмайди. 

Фақат биринчи куни келганда, Семённинг хотини унга овқат берганда, бир мара кулганини кўришди.  

VI

Кунга кун, ҳафтага ҳафта уланиб, йил ҳам ўтди. Михайла ҳамон Семёнинг уйида яшар, ишлар эди. Семённинг ишчиси Миҳайла этикни жуда яхши ва пухта тикиши овоза бўлди ва чор-атрофдан одамлар этик тиктиргани Семённинг уйига кела бошлади, натижада Семённинг даромади ортди.

Қиш кунларининг бирида Семён билан Михайла ишлаб ўтирганди, уч от қўшилган қўнғироқчали чана уй томон кела бошлади. Дарчадан қарашди: чана уйнинг рўпарасида тўхтади, чана ўриндиғидан йигитча сакраб тушиб, эшикни очди. Чана аравадан пўстин кийган зодагон барин – бой тушди. У чанадан тушиб, Семённинг кулбаси томон юрди, кираверишдаги зинапояга кўтарилди. Матрёна югуриб бориб, эшикни катта очди. Бой бошини эгиб, кулбага кирди, қаддини ростлади, боши сал бўлмаса шипга тегаёзди, бесўнақай гавдаси бутун бурчакни эгаллади.

Семён ўрнидан туриб, таъзим қилди ва баринга ҳайратланиб тикилди. У бундай баҳайбат одамни кўмаганди. Семённинг ўзи қотма, Михайла эса озғин, Матрёна бўлса тарашадан фарқ қилмайди, у эса – бошқа олам одамига ўхшайди, тўладан келган башараси қип-қизил, бўйни буқадай йўғон, гўё чўяндай қуйилгандай.             

Барин ҳансираб нафас олди, пўстинини ечди, ўриндиққа ўтириб деди:

–Ким хўжайин этикдўз?

Семён олдинга бир қадам ташлаб деди:

–Мен, муҳтарам жаноб.

Барин ўзи билан келган йигитга қичқирди:

–Ҳой, Федька, товарни олиб кел.

Йигитча югуриб бориб тугунни олиб келди. Барин тугунни олди-да, столга қўйиб:

–Тугунни оч, – деди.

Йигитча тугунни ечди. Барин  этик хомашёсига бармоғи билан нуқаб, Семёнга деди:

–Гапимга қулоқ сол, этикдўз. Манави маҳсулотни кўраяпсанми?

–Кўраяпман, муҳтарам жаноб, – деди Семён.

–Бу қандай маҳсулот эканини биласанми ўзи?

Семён маҳсулотни сийпалаб кўриб деди:

–Яхши маҳсулот.

–Яхши ҳам гапми! Сен, овсар, бундай маҳсулотни етти ухлаб тушингда ҳам кўрмагансан. Немисларнинг маҳсулоти, йигирма сўм тўлаганман.

Семён яна ҳам хижолатга ботганча деди:

–Бунақа маҳсулотни кўриш бизларга йўл бўлсин.

–Ҳа-да. Мана шу маҳсулотдан менга этик тикиб бера оласанми?

–Албатта, муҳтарам жаноб.

Барин бақира кетди:

–“Албатта” эмиш! Ким учун, қандай маҳсулотдан этик тикишингни биласанми?! Менга шундай этик тикиб берки, бир йилгача чидасин, майишмасин ҳам, йиртилмасин ҳам. Қўлингдан келса, ишни бошла, уддалай олмасанг, маҳсулотга қўлингни текказма. Сенга олдиндан айтаман: этик бир йилга етмай майишиб, йиртилса, сени қамоқхонага тиқаман; бир йилгача майишмаса, йиртилмаса, ишинг учун ўн сўм бераман.

Семён нима дейишни билмай иккиланди. Михайлага қаради. Уни тирсаги билан туртиб шивирлади:

–Олаверайми?

Михайла бошини иғраб маъқуллади: “Ишни олавер”.

Семён Михайланинг гапига кирди, бир йилгача майишмайдиган, йиртилмайдиган этик тикиб беришга аҳд қилди.

Барин йигитчага қичқирди, чап оёғидаги этикни ечишни буюрди ва оёғини узатди.

–Ўлчамини ол!

Семён салкам тўрт қарич чиқадиган қоғозни тикди, текислади, тиззалаб ўтирди ва бариннинг пайпоғини ифлос қилмаслик учун қўлини пешбандига яхшилаб артди ва ўлчам олишга киришди. Семён бариннинг товонни ўлчади, дўнгсасини ўлчади; болдирини ўлчамоқчи бўлганда қоғоз энламади. Бариннинг болдири тўсинлай йўғон эди.

–Яхшилаб ўлчамини ол, қўнжини тор қилиб қўйма.

Семён яна қоғоз тика бошлади. Барин ўриндиқда ўтирганча пайпоғидаги тақинчоқларни жиринглатарди, хонадагиларни кўздан кечира бошлади. Михайлага кўзи тушди.

–Бу йигит ким? – деб сўради.

–Бу менинг ўша қўли гул устам, этикни шу тикади.

–Менга қара, – деди барин Михайлага, – ёдингда тут, этикни шундай тикиб берки, бир йилга чидасин.

Семён Михайлага қаради; аён бўлишича, Михайла баринга қарамас, аксинча унинг ортидаги бурчакдан кўз узмас, гўё у ерда кимнидир кўраётгандек эди. Михайла тикила-тикила қўқисдан жилмайди ва чеҳраси нур билан чулғанди.

–Ҳой, анқов, нимага тишингни оқини кўрсатаяпсан? Ундан кўра эс-ҳушингни          йиғ, этик муддатида тайёр бўлсин.

Михайла жавоб берди:

–Албатта, муддатига тайёр қиламиз.

–Шундай бўлсин.

Барин этигини, пўстинини кийди, ўранганча эшик томон юрди. Эгилиш ёдидан кўтарилиб, бошини эшикнинг кесакисига уриб олди. Барин сўкинди, манглайини силаганча чанага ўтирди ва жўнаб кетди.

Барин жўнаб кетгандан кейин Семён деди:

–Темирдай қаттиқ эканми? Бундай одамни ҳар қанча уриб ҳам ўлдира олмайсан. Эшикнинг кесакиси бошини ёриб юборай деди, у эса парво ҳам қилмади-я!

Матрёна эрининг гапини маъқуллади:

–Ошиғи олчи бўлгандан кейин тўнғиздай семиради-да. Бундай сўлақмонга ўлимнинг ҳам тиши ўтмайди. 

VII

Ва Семён Михайлага деди:

–Ишни олишга-ку, олдик-а, бироқ бошимизга бало бўлмаса, бас. Қимматли маҳсулот, барин эса жуда инжиқ. Ишқилиб хато қилиб қўймайлик-да. Сенинг кўзинг ўткир, мендан кўра анча қўлинг келишиб қолди, андозани сен олгин. Маҳсулотни ўзинг бич, мен эса этикнинг бошлиғини тикаман.

Семён айтганидек  Михайла бариннинг маҳсулотини тозалаган бўлди, стол устига ёйди, иккига буклади, пичоқни олиб, бича бошлади.

Матрёна яқин келди, Михайла қандай бичаётганини кўриб, унинг ишидан ажабланди. Этикдўзлик ишига Матрёна ҳам кўникиб қолганди, у син солиб қарар экан, Михайла маҳсулотни этикдўзлар каби бичмаётгани, балки доира шаклида қирқаётганига гувоҳ бўлди.

Матрёна нимадир демоқчи бўлди, бироқ кўнглидан шундай фикрлар кечиб, ўзини тийди: “Чамаси, бариннинг этигини қандай тикиш кераклигини тушунмаган кўринаман; афтидан, буни Михайла яхшироқ билади, бинобарин аралашмаганим маъқул”.

Михайла этикнинг иккала жуфтини ҳам бичиб тайёрлади, охирини олди ва этикдўзлар каби икки четидан эмас, балки оёқяланг кийиладиган қўнжисиз этиклар тикадиганлар каби бир томонидан тикишга киришди.

Бундан Матрёна яна ажабланди, лекин яна аралашишни лозим топмади. Михайла эса тинмай этик тикарди. Пешин яқинлаша бошлади, Семён ўрнидан турди, қараса – Михайла барнннинг маҳсулотидан қўнжи йўқ тагини тикиб қўйибди.

Семён дод деб юборишига бир бахя қолди. “Бу нимаси бўлди, – деб ўйлади у, – Михайла бир йилдан буён бирон хато қилгани йўқ, энди эса кўрсатган ҳунарини қаранг! Барин рантли қўнжи узун этик буюртма қилганди, у эса пошнасиз махсидай бир бало тикибди, маҳсулотни расво қилибди. Энди баринга нима дейман? Бундай маҳсулотни топиб бўлмайди”.

У Михайлага шундай деди:

–Нима қилиб қўйганингни биласанми, – деди у, – ёки ақлдан оздингми? Бундан кўра мени тириклай гўрга тиққанинг яхши эмасми! Ахир барин этик буюртма қилган, сен нима тикдинг?      

У Михайлага шу гапларни айтгани ҳамон эшикнинг ҳалқасини кимдир тақиллата бошлади. Деразадан қарашди: кимдир отда келибди, отини боғламоқда. Эшикни очишди: бариннинг ўша ёш хизматчиси кирди.

–Ассалому алайкум!

–Ва алайкум ассалом. Нима хизмат?

–Бегойим этик масаласида юборди.

–Этик керакми?

–Йўқ, баринга ортиқ этик керак эмас. Барин узоқ яшайман деб ўйлаганди…

–Нима демоқчисан?

–Бу ердан чиққанимиздан кейин уйга етиб бормай чанада ўлиб қолди. Чанада уйга етиб бордик, баринни туширайлик десак, қопдай қулаган, музлаб ҳам бўлган, ўлиб ётибди, чанадан аранг чиқариб олдик. Шунинг учун бегойим жўнатиб, шундай дейишни буюрди: “Этикдўзга айтгинки, барин сизларга этик буюртга қилган ва керакли маҳсулотни ҳам қолдирганди, хуллас, айтки, этик керак эмас, ўша маҳсулотдан марҳум учун тезроқ махси тикиб берсин. Тикиб бўлгунича кутиб тур ва махсини ўзинг билан олиб кел”. Шунинг учун келдим.  

Михайла столданмаҳсулотнинг қийқимларини олди,уларни юмалоқлаб ўради, тайёр махсини ҳам олди, бир-бирига урди, пешбанди билан артди ва йигитчага узатди. Йигитча махсини олди.

–Хайр! Яхши қолинглар!

VIII

Яна бир йил, кейин икки йил ўтди, Михайла Семённинг уйида яшаётганига олти йил тўлди. У олдингидек яшарди. Ҳеч қаерга бормайди, ортиқча гапирмайди ва ўтган давр мобайнида фақат икки марта: биринчи марта Семённинг хотини унга таом бермоқчи бўлганида, кейинги гал эса баринга қараб кулди. Хизматчисига қараб Семённинг қувончи ичига сиғмасди. У асли қаерлик эканини ортиқ суриштирмади; фақат Михайла кетиб қолишидан қўрқарди.

Бир гал уйда ўтиришганди. Уй бекаси печкага чўян қозонни қўяр, болалар ўриндиқлар устида сакраб, деразадан қарашар эди. Семён бу деразанинг олида тикиш билан банд, Михайла нариги деразанинг олдида пошнага миқ қоқарди.  

Болакай Михайланинг олдига чопиб келди, унинг елкасига суянганча деразага тикилди.

–Михайла амаки, қаранг, савдогар хотин қизлар билан, чамаси, бизникига келаётир. Қизлардан бири чўлоқ.

Бола шундай дейиши билан Михайла ишини ташлаб, деразага ўгирилди ва кўчага қаради.

Бундан Семён ажабланди. Михайла ҳеч қачон кўчага қарамас эди, энди эса деразага ёпишиб қолгандай нимагадир тикилмоқда. Семён ҳам деразадан қаради; кўрдики, ҳақиқатдан ҳам бир аёл уларнинг ҳовлисига қараб келмоқда, озода кийинган, пўстин, гиламнусха кўйлак кийган икки қизалоқни етаклаб олган. Қизалоқлар икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайди, ажратиш даргумон. Фақат қизлардан бирининг бир оёғи ногирон, оқсоқланиб келаётир.   

Аёл зинапояга кўтарилиб, даҳлизга кирди, эшикни пайпаслаб, ҳалқадан тортди – очди. Икки қизалоқни олдинга ўтказиб юбориб, ортидан ўзи ҳам кирди.

–Ассалому алайкум, яхшилар.

–Ва алайкум ассалом. Хуш келибсизлар. Нима керак?

Аёл стол ёнига ўтирди. Одамлардан бегонасираб қизалоқлар унинг тиззасига ёпишди.

–Қизларга баҳорга чарм бошмоқлар тиктирмоқчиман.

–Тикиб берамиз. Бундай кичик бошмоқларни илгари тикмаганмиз, лекин тикса бўлади. Рантли, яъни бахяли, шунингдек холстли бошмоқ ҳам тикиш мумкин. Мана, Михайла – қўли гул уста.

Семён Михайлага ўгирилди ва кўрдики: Михайла ишни ташлабди, ўтирган жойида қизлардан кўз узмайди.

Михайла Семённи ажаблантирди. Ҳа, қизлар ҳақиқатдан ҳам ёқимтой, деб ўйлади у, қора кўз, дўмбоққина, яноқлари лоладай қизил, эгнидаги пўстинчалари ҳам, кўйлаклари ҳам ярашган. Лекин Семён сира ҳам тушуна олмасди, Михайла уларга танигандек нега бунча узоқ тикилиб қолди.

Семён ажабланди ва аёл билан савдолаша бошлади.

Савдолашиб бўлгач, андозани қўлга олди. Аёл маймоқ қизни тиззасига олиб деди:

–Бу қиздан иккита ўлчам оласиз; маймоқ оёғига битта бошмоқ тикасиз, соғ оёғига эса учта. Уларнинг оёқлари айнан бир хил. Эгизак улар.

Семён ўлчамни олди ва маймоқ қизга ишора қилиб деди:

–Бу қизалоққа нима қилган? Жуда ширин қиз экан. Туғмами?

–Йўқ, онасининг тагида қолиб кетган.

Матрёна гапга аралашди, бу аёл кимлиги ва бу қизларнинг кимнинг фарзанди эканини билмоқчи бўлиб сўради:

–Сиз уларнинг онаси эмасмисиз?

–Йўқ, бекажон, мен уларнинг онаси ҳам, қариндоши ҳам эмасман, асраб олганман, холос.

–Ўзингизнинг болаларингиз эмас, лекин уларга сидқидилдан меҳр кўрсатар экансиз!

–Нега авайламаслигим керак, уларни ўз кўкрагим билан боқиб катта қилганман. Ўзимнинг ҳам болам бор эди, бироқ Худо кўп кўрди, ҳатто ўз боламни ҳам булар каби авайламаганман.

 –Булар кимнинг қизлари?

IX

Аёл барчасини бирма-бир сўзлай бошлади.

–Бу олти йил олдин бўлганди, мана шу икки қизалоқ бир ҳафтада етим бўлиб қолди: отасини сешанбада дафн қилишди, онаси эса жума куни ўлди. Улар отасининг вафотидан уч кун кейин туғилган, онаси билан эса бир кун ҳам яшамади. Мен у пайтларда эрим билан деҳқонлар маҳалласида яшардим. Қўшнилар билан уйларимиз ёнма-ён эди. Бу қизларнинг отаси ёлғиз эди, ўрмонда ишларди. Бир куни бир дарахтни бехосдан унинг устига қулатишган, дарахт унинг қоқ белига тушган, ичак-чавоғини чиқариб ташлаган. Уйга олиб келишлари билан жон берган, хотини эса ўша ҳафтада эгизак, мана шу қизалоқларни туққан. Қашшоқлик, ёлғизлик, хотиннинг ёлғиз ўзи, – на бирон кампир, на бирон қизи бўлган. Ёлғиз ўзи туққан ва ёлғизликда вафот этган.   

Эрталаб қўшни хотиндан хабар олгани чиқдим, уйга кирсам, юраги хаста бечора, ўлиб қотиб қолибди. Жон таслим қила туриб қизалоқнинг устига йиқилган. Мана шу қизнинг устига йиқилган – оёғини чиқариб юборган. Одамлар тўпланди – юриб-тарадик, тобут ясадик, дафн қилдик. Омма ҳаммасини Худо йўлига холисанилло қилди. Қизлар ёлғиз қолди. Нима қилиш керак? Хотинлардан фақат менинг эмизакли болам бор эди. Тўнғич ўғилчамни саккиз ҳафтадан буён эмизардим. Қизларни вақтинча уйимга олиб кетдим. Эркаклар йиғилди, улар ўйлай-ўйлай менга шундай дейишди: “Мария, ҳозирча қизларга қараб тургин, бизларга бироз муддат берсанг, ҳаммасини ҳал қиламиз”. Мен оёғи соғ қизни эмиза бошладим, ногиронга эса қарагим ҳам келмас, унинг яшашини ҳам хоҳламасдим. Кейин виждоним қийнала бошлади:  бу фариштадай қизалоқ нима учун жабр кўриши керак? Унга ҳам раҳмим келди. Эмиза бошладим, фақат ўзимнинг ўғлимни эмас, мана шу икки қизалоқни ҳам – учаласини эмиздим. Ёш, серғайрат эдим, овқатланишим ҳам чакки эмасди.      

Худойим лутфу марҳаматини дариғ тутмай, шунча кўп сут бердики. баъзида оқиб кетарди. Иккитасини эмизсам, учинчиси кутиб турарди. Биттаси тўйса, учинчи болага кўкрагимни тутардим. Худонинг ҳукми шундай экан: бу икки қизалоқни эмизиб катта қилдим, ўзимнинг ўғлимни эса икки ёшида дафн қилдим. Тангри таоло бошқа фарзанд бермади. Ҳаётимиз эса тобора ўнгланди. Ҳозир шу ерда, савдогарнинг тегирмонида яшаяпмиз. Катта маош оламиз, ҳаётимиз яхши. Ўзимнинг болаларим эса йўқ. Бу қизларсиз ўзим қандай кун кўраман! Бор меҳримни уларга бермасам, кимга бераман! Кўзимнинг оқу қораси – шу икки қизалоқ! 

Аёл бир қўли билан маймоқ қизни бағри босди, иккинчи қўли билан кўз ёшларини артди.   

Матрёна чуқур тин олиб деди:

–Афтидан, мақолда бежиз айтилмаган: ота-онасиз кун кўрса бўлади, бироқ Худонинг лутфу марҳаматисиз бир кун ҳам яшаб бўлмайди. 

  Улар ўзаро шундай суҳбатлашдилар, аёл кетишга чоғланди, уй эгалари уни кузатиб, Михайлага назар солишди. У эса қўлларини тиззасида қовуштирганча, самога тикилар ва кулар эди.

Х

Семён унга яқинлашди: сенга нима бўлди, Михайла, деди. Михайла ўриндиқдан турди, ишини жойига қўйди, пешбандни ечди, уй эгаси билан бекага таъзим қилди ва деди:

–Мени кечиринглар, қадрдонларим. Тангри таоло мени кечирди. Сизлар ҳам кечиринглар.

Уй эгалари Михайладан нур ёғилаётганини кўришди. Семён ҳам ўрнидан турди ва Михайлага таъзим қилганча деди:

–Михайла, аён бўлишича, сен оддий одам эмассан, бинобарин сени ушлаб қола олмайман, қолаверса ҳеч нарса сўрамайман. Фақат битта нарсани айт: Сени топиб уйга олиб келганимда нима учун жуда тунд кўринишда эдинг ва хотиним сенга овқат берганда, унга кулиб қарадинг ва шундан буён чеҳранг тобора ёришиб бораётир? Кейин барин этик буюртма қилганда, иккинчи марта кулдинг ва чеҳранг яна ҳам нурлироқ бўлди? Ҳалиги аёл қизалоқларни бошлаб келганда, учинчи марта кулдинг ва бутун рафторинг нур билан йўғрилди. Михайла, айт-чи, сиймонгдаги нур қаердан пайдо бўлди ва нима учун уч марта кулдинг?

Михайла жавоб берди:

–Рафторимдаги нурнинг сабаби мен жазоланган эдим, энди эса Тангри таоло мени кечирди. Уч марта кулганимнинг сабаби шундаки, мен учта илоҳий сўзни билишим керак эди. Бу учта илоҳий сўзни билдим; хотининг менга раҳми келганида биринчи сўзни билиб олдим, шунинг учун кулдим. Кейинги сўзни бой одам этик буюртма қилганида билдим ва навбатдаги марта кулдим; ниҳоят қизалоқларни кўрганимда учинчи сўзни ҳам билиб олдим ва учинчи марта кулдим.

Семён деди:

–Айт-чи, Михайла, Тангри таоло сени нима учун жазолаган эди ва ўша учта сўзни мен ҳам билсам бўладими?

Михайла жавоб берди:  

–Тангри таолонинг амрини бажармаганим учун мени жазолади. Мен самовотдаги фаришта эдим ва Тангри таолога қулоқ тутмадим. Самовотдаги фаришта эдим, Тангри таоло мени бир хотиннинг жонини олишга юборди. Замин сари учдим, кўрдимки: бир бемор хотин ётибди, эгизак – икки қиз туғибди. Қизалоқлар онасининг ёнида типирчилаяпти, она эса уларга кўкрагини тута олмайди. Аёл мени кўрди ва мени жонини олиш учун Тангри таоло юборганини англади, йиғлаб ялина бошлади: “Эй Тангри таолонинг фариштаси! эримни куни кеча дафн қилишди, бечорани ўрмонда дарахт босиб қолди. Менинг на синглим, на холам, на бувим бор, етимчаларимга қарайдиган одам йўқ. Илтимос, жонимни олмагин, болаларимни ўзим эмизиб, едириб-ичириб вояга етказай! Болалар отасиз ва онасиз яшай олмайди!” Мен ўша онанинг гапларига кирдим, қизлардан бирини кўксига қўйдим, иккинчисини қўлига тутдим ва самовотга, Тангри таолонинг ҳузурига юксалдим. Унинг ҳузурига келиб дедим: “Янги кўзи ёриган онанинг жонини ололмадим. Отаси дарахтнинг тагида қолиб ўлибди, она эгизак туғибди ва жонини олмаслигимни илтимос қилди, менга шундай деди: “Болаларимни ўзим эмизиб, едириб-ичириб вояга етказай! Болалар отасиз ва онасиз яшай олмайди!” Хуллас, янги фарзанд кўрган аёлнинг жонини олмадим. Тангри таоло эса амр қилди: “Боргин-да, янги кўзи ёриган хотиннинг жонини олгин ва учта сўзни: одамларда қандай хусусият борлигини ва уларга нима маълум эмаслигини, шунингдек, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билгин. Шуларни билгандан кейин самовотга қайтасан”. Мен яна ортга, заминга қайтдим ва янги кўзи ёриган аёлнинг жонини олдим.

Чақалоқлар унинг кўкрагидан узилдилар. Жонсиз тана каравотда узала тушди, қизчалардан бирини босиб қолди ва унинг оёғи чиқиб кетди. Қишлоқ узра кўтарилдим, ҳалиги аёлнинг жонини Тангри таолога элтмоқчи бўлдим, мени шамол учириб кетди, қанотларим осилиб қолди, кейин эса узилиб тушди, ва бояги аёлнинг жони ёлғиз ўзи Тангри таоло ҳузурига йўл олди, мен эса ерга, йўл четига йиқилдим. 

XI

Семён билан Матрёна кимни кийинтирганлари ва озиқлантирганларини ва улар билан шу пайтгача ким яшаганини англадилар ҳамда қўрқув ва қувончдан йиғлаб юборди.

Ва фаришта деди:

–Мен далада қип-яланғоч ёлғиз қолдим. Олдин одамларнинг эҳтиёжларини билмасдим, совуқ ҳам, очлик ҳам менга бегона эди,  кутилмаганда одамга айландим. Оч қолдим, совқотдим ва нима қилишни билмасдим. Тангри таоло учун далада қурилган бутхонага кўзим тушди, Тангри бутхонасига яқин келдим, ундан бошпана топмоқчи бўлдим. Бутхона қулфланган экан, кира олмадим. Шамолдан беркиниш учун бутхонанинг орқасига ўтиб ўтирдим. Кеч тушди, жуда оч қолдим, совуқдан тошдай қотиб, аъзои баданим оғрий бошлади. Қўқисдан йўлда бир одам келаётганини, қўлида пийма этик борлигини кўрдим, ўзи билан ўзи  гаплашаётганини эшитдим. Инсон қиёфасига кирганимдан кейин биринчи марта ўлимга маҳкум инсон юзини кўрдим ва қўрқиб кетдим ва юзимни ўгирдим. Бу одам ўзи билан ўзи гаплашар экан, қишда совуқдан танасини сақлаши, хотини ва болаларини қандай едириб-ичириши тўғрисида қайғураётганидан хабар топдим. Ва кўнглимдан шундай фикр ўтди: “Мен совуқ ва очликдан ўлар ҳолатдаман, мана бу одам эса фақат йўл-йўлакай ўзи билан хотини учун пўстин олиш ва бола-чақасини едириб-ичириш тўғрисида ўйлаяпти. У менга ёрдам бера олмайди”.  Ўша одам мени кўрди, қовоғини солди, яна ҳам қўрқинчли тусга кирди ва ёнимдан ўтиб кетди. Мен афсусландим. Кутилмаганда ҳалиги одам ортга қайтганини кўрдим. Унга назар солиб, олдинги одамни таний олмадим: биринчи кўрганимда чеҳрасида ажал муҳри бор эди, энди эса қўқисдан жонланганди ва мен унинг сиймосида Тангри таолони кўрдим. У ёнимга келиб, кийинтирди, эргаштириб уйига олиб келди. Мен унинг уйига келдим, хотини бизга пешвоз чиқди ва вайсай бошлади. Хотини эридан ҳам қўрқинчли эди – унинг оғзидан ўлим нафаси уфурарди ва мен ажалнинг бадбўйидан бўғилиб қолай дедим. Хотини мени совуқ кўчага ҳайдаб чиқармоқчи бўлди ва агар мени ҳайдаб солса, унинг ўлишини билардим. Эри дафъатан унга Худони эслатди, хотини шу заҳоти ўзгарди. Ва у олдимизга овқат қўйди, менга қаради, мен ҳам унга тикилдим – унинг юзидан ажал шарпаси ғойиб бўлганди, у яна ҳаёт бағрига қайтганди ҳамда унинг сиймосида ҳам Тангри таолони кўрдим.

Ва мен Тангри таолонинг: “Одамларда қандай хусусият борлигини биласан” деган биринчи сўзини эсладим. Мен одамларда меҳру муҳаббат борлигини билдим. Тангри таоло ваъда қилганидек сирларни аён қила бошлаганидан қувондим ва  биринчи марта жилмайдим. Бироқ ҳали ҳаммасини билиб улгармагандим. Уларга нима маълум эмаслигини, шунингдек, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билмасдим.

Сизлар билан яшай бошладим ва бир йил ўтди. Бир одам келди ва  йиртилмай, майишмай бир йилга чидайдиган этик буюртма қилди. Мен унга қарадим ва унинг ортида дафъатан ўзимнинг биродарим, ўлим фариштасини кўрдим. Бу фариштани мендан бошқа ҳеч ким кўрмади, лекин мен уни билардим ва қуёш ботишидан олдин бадавлат одамнинг жонини олишидан ҳам хабардор эдим. Кўнглимдан шундай фикр ўтди: “Одам бир йилни мўлжаллаб иш қилади, бироқ ўша куни кечгача тирик бўлиш-бўлмаслигини билмайди”. Ва мен Тангри таолонинг яна бир: “Уларга нима маълум эмаслигини биласан”, деган сўзини эсладим.

Одамларда қандай хусусият борлигини олдин билгандим. Эндиликда эса уларга нима маълум эмаслигини билиб олдим. Ўзларининг вужудларига нима кераклигини билиш одамларга аён қилинмаган. Ва мен навбатдаги марта жилмайдим. Фаришта биродаримни кўрганим ва Тангри таоло яна бир сирни аён қилганидан қувондим.      

Лекин ҳаммасини ҳали англаб етмагандим. Айтганимдай, одамлар ниманинг эвазига ҳаёт эканликларини билмасдим. Тангри таоло охирги сўзни аён қилишини кута-кута яшайвердим. Олти йил ўтганда эгизак қизалоқларни эргаштириб бир аёл келди ва мен бу қизалоқлар қандай омон қолганидан хабар топдим. Буни билиб, ўйладим: “Болаларим ҳаққи жонимни олма деган онанинг сўзларига ишонгандим, – отасиз ва онасиз болалар яшай олмайди, деб ўйлагандим, бегона аёл эса уларни эмизиб катта қилибди”. Бегона болаларга меҳр кўрсатган ва йиғлаган аёл тимсолида барҳаёт Тангри таолони кўрдим ва одамлар ниманинг эвазига тирик эканларини англадим. Ниҳоят, Тангри таоло учинчи сўзни ҳам менга аён қилганини ва мени кечирганини билдим ва учинчи марта жилмайдим. 

XII

Фариштанинг бутун вужуди яланг тус олди ва ёрқин нур билан йўғрилди, унга оддий кўз билан қараб бўлмай қолди; ва у баланд овоз билан сўзлай бошлади, унинг овози гўё самовотдан эшитилаётгандай туюларди. Ва фаришта деди:

–Ҳар қандай одам ўзига нисбатан ғамхўрлиги туфайли эмас, балки меҳр-муҳаббати боис ҳаёт эканини билдим.

Яшаб кетишлари учун болаларига нима кераклигини билиш онага буюрилмаган. Бадавлат одамга ҳам унга айнан нима кераклигини билиш аён қилинмаган. Одамга тирик инсон сифатида унга этик керакми ёки кечга бориб марҳум сифатида махси керакми эканини билиш бирорта ҳам бандага аён қилинмаган. 

Инсон қиёфасига кирганимдан кейин ўзим ҳақимда қайғурганим учун эмас, балки йўловчи одам ва унинг хотинининг меҳри туфайли тирик қолдим, улар менга раҳм қилдилар ва меҳр қўйдилар. Етим эгизак қизлар улар ҳақида қайғурганлари учун эмас, балки бегона аёлнинг қалбида меҳр-муҳаббат борлиги, уларга раҳми келгани ва меҳр қўйгани учун омон қолишди. Барча одамлар ўзлари ҳақида ғамхўрлик қилганлари учун эмас, балки уларнинг кўнглида меҳр-муҳаббат бўлгани учун ҳаёт кечирадилар.

Тангри таоло одамларга ҳаё       т бахш этганини ва улар яшашини хоҳлашини илгари билардим; энди яна бир сирни билиб олдим.

Шуни  англадимки, Тангри таоло одамлар айри ҳолатда яшашларини истамаган ва шунинг учун ҳар бирига ўзи учун нима кераклиги сир-асрорини ошкор қилмаган, аксинча улар баҳамжиҳат яшашларини хоҳлаган ва кейин уларнинг барчасига ўзи ва барча учун нима зарурлиги сир-асрорини аён қилган. 

Эндиликда билдимки, одамларга фақат ўзлари учун қайғуриб яшаётганлари боис тирик юрганларидек туюлади, ҳолбуки улар ягона меҳр-муҳаббат боис яшаб юрибдилар.  Кимки меҳр-муҳабатли экан, унинг қалбида Худо бор ва Худо у билан бирга, зотан Тангри таоло – меҳру муҳаббат демак.

Ва фаришта Тангри таолога ҳамду санолар куйлади, унинг нидосидан бутун уй ларзага келди. Уйнинг томи икки томонга очилди, заминдан осмонга қадар алангали устун юксалди. Семён хотини ва болалари билан ерга тушдилар. Фариштанинг елкасида қанотлар пайдо бўлди ва у самовотга парвоз қилди.

Семён ўзига келганда уй олдингидек ўз жойида турар ва унда ўзининг оила аъзоларидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.     

 Рус тилидан Абдуҳамид ПАРДАЕВ таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting