САЛОМ, ДОРИАН!

0
295

Эссе

Бугун туғилган куним! Шу кунни ҳеч жиним суймайди — да. Нима сабабдан нишонлаймиз, нега юзимизда табассум, бир олам қувонч — у, шодлик билан самимий тилакларимизни билдирамиз! Тўғри, яқин инсонларингизни таваллуд айёмларига бориш, қувончига шерик бўлиш, дийдор кўришиш, совға — саломлар улашиб кўнглини хушнуд этиш жуда мароқли, албатта. Аммо, менга нимагадир «Туғилган кунинг билан табриклайман!» деган хитоб жуда эриш туюлади. Бу дахшатли сўз қулоқларимга етиб келгунича, ҳаводаги ҳаётимиз учун зарур бўлган, яратган биз ношукр бандалар учун ноил этиб қўйган кимёвий унсурлар кислород, водород, азот, яна оз миқдорда бўладиган инерт газлар, ўзимиз бунёд этган чанг зарралари билан реакцияга киришиб, «Бир ёшга қариганинг учун, ўлимга томон яна бир қадам ташлаганинг билан муборакбод этаман!» тарзида етиб келади. Инсоният қизиқда аслида, ҳеч замонда қариб, юзларинга ажинлар тахланиб, кўзларинг йил сайин хиралашиб, ҳали белинг, ҳали оёғинг симмиллаб, сочларинга оқ оралаб, ички органларинг, хуллас бутун тананг таназзулга юз тутаётган бўлса- ю, улар бағриларига босишиб, қўлларингни сиқишиб меҳр билан сенга эзгу ниятлар, чек — чегарасиз зафарлар, омадлар тилашса!?

Таваллуд айёмим жуда чиройли ўтди, табриклар, совға — саломлар.., барибир, нима бўлганда ҳам ёқимли (қаришни эсдан чиқариб турамиз). Шу куни кечгача зиёфат билан чарчаб совғаларни очишга вақт тополмадим. Эртасига тонгда бомдоддан кейин совғаларни ялтироқ қоғозлари, шойи ленталарини бирин — кетин очиб, сирли қутилар ичидаги «сурприз»ларни кўра бошладим. Шундай қилиб, совғалар очилди, кўзларим қувонди, баъзиларига энсам қотди, аммо бир ҳадя диққатимни тортди. Қўлимга олиб анча вақт айлантириб кўрдим, уни жойлаштирадиган ерни чамаладим. Айниқса, метали, нақшинкор гажаклари ўзига тортди. Кўзгу, ўртача тандир нондек келадиган, зилол сувдек тип — тиниқ кўзгу. Тикилиб, тикилиб боқдим. Ҳали ҳам биноидайман, қирқдан ошган аёл бундан ортиқ яна қандай бўлиши мумкин. Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, барча танишу — нотанишлар, жуда ёш кўринишимни, кўпчилик ўттиздан ортиқ ёш бермаслигини айтишади. «Қоматингни қандай сақлайсан, юзингни қандай парвариш қиласан!» каби саволлар билан кўп мурожаат этишади. Нима ҳам дердим, кўнглида ёмонлиги бўлмаган инсонлар доимо шундай ёш ва дилбар кўринишга эга бўлишади. Яширин, ички иллатларнинг нуқси эса инсонни ташқи суратига ҳам уриб, борган сари қаритиб, чиритиб кетаверади. Аслини олганда, қаришдан, вазн йиғишдан жуда қўрқаман. Парҳез сақламайману, аммо, доимий ҳаракатдаман, бировларга ёмонлик соғинмайман, балки, шудир яна бир сабабчиси?! Ойнага тикилиб кўринишимдан мамнун бўлиб турган маҳалим эримни овози келгандай бўлди. Қўққисдан бўлгани учун қаттиқ чўчиб тушдим. Илкис меҳмонхона эшигига қарадим. Жим — жит, тиқ этган товуш эшитилмайди. Бугун дам олиш куни эканлиги, ҳали ҳеч ким уйғониши мумкин эмаслиги ёдимга тушгач, кечаги чарчоғим галюцинацияга сабабчи бўляпти деган тахмин билан кўзгуни қўйиб, ётоқхонам томон одимладим. «Қаерга, қочяпсиз, азизам!?» Бу сафар ширали, мулойим эркак овози аниқ — тиниқ эшитилди. Қаттиқ қўрқувдан чинқириб юбораёздим. Уйимизга ўғри кирибди. Миямга келган биринчи тахмин шу бўлди. Қалтираб ортимга бурилдим. Ҳайратдан лол қолдим. Стол устидаги кўзгу ёғду таратиб турипди. Кўзларимга ишонмайман, уйғоқманми ёки тушми бу?! Зир титраб билагимни чимчиладим. Йўқ ўнгим! Даставвал анча вақт қотиб турдим.Сўнгра таваккал дедиму, шарт бориб ойнани қўлимга олдим. Кўзларимга ишонмайман, дарров танидим кўзгудан менга «Дориан» боқиб турарди. Ҳа, ўша, Оскар Уайлд 1888 йил дунёга келтирган Дориан! «Дориан Грей портрети» романи бош қаҳрамони, ҳусни таважжуҳи билан замонаси аёлу — эркакларини лол қолдирган, қариш нималигини билмайдиган, ҳамиша ёш ва навқирон Дориан! У китобдаги каби мафтункор мовий кўзли, жингалак олтин сочли эмас, киноасаридаги каби, чақноқ жигарранг кўзли, оқ юз, нозик, узунчоқ даҳан, жигарранг, елкаси қадар тушиб турадиган, текис сочли Дориан эди.(Оскарга жудаям ўхшаб кетади) У менга шундай жилмайдики, бу дилбар кўринишдан эсанкираб қолдим.(Негадир ичим музлаб кетди)

   -Салом, хоним! Сизни беҳосдан чўчитиб юборган бўлсам узримни қабул этгайсиз!

Ичимда калимамни қайтарганимча, пичирлайман, «Бу туш, шунчаки, туш! Бўлиши мумкин эмас!»

   -Нега энди, азизам, мана қаршингизда турибманку,- дейди жилмайиб фракининг ёқаларини тўғрилар экан. -Ҳаяжонланманг, ҳаяжон кучсизларга тегишли бўлган керакциз унсурдир! Совуққонлик эса кучлилар безаги бўлиб, уларни зафарлар томон етаклаб боради!

   -Қаердан келиб қолдингиз? Сиз аллақачон ўзингизни жазолагансиз, шунчаки рўёсиз, билдингизми? Кетинг, тинч қўйинг мени!

   — Жудаям дадил экансиз, азизам, биринчидан мен ўзимни жазоламадим, суратни, мени ҳаётимни барбод этган лаънати суратни йўқ қилдим. Иккинчидан эса, менга шу сурат ва сийратни раво этган Оскар ҳам жазосини олди. Мен, Дориан Грей кўриб турганингиздек ёш ва навқиронман, ҳусни — жамолим ҳам гард кўрмаган… Кейин, силлиқ пешонасига тушган анвойи ифор таратиб турган кокилини нозик бармоқларида ёнга олиб қўяр экан, кўзлари сузилиб сўз қотди.

   -Сир бўлмаса  неча ёшдасиз, хоним!

   -Ҳар холда сиздан бир асрдан зиёд кичикроқман, азизим!- дедим энсам қотиб унинг мармардек оппоқ юзига маҳлиё бўлганимча.

Дориан дурдек тишларини ярақлатиб, жарангдор овозда кулар экан, ортидан дарҳол жиддийлашди- да деди:

   -Кўринишингиздан 30 ёшни қоралаб қолгансиз, пешонангизга ажинлар кўпроқ  тушибди, яхшигина асабий, жиззаки аёл кўринасиз. Аммо, истарали, гўзал аёлсиз. Кўзларингиз Себеланики каби мафтункор, лабингиз Геттиникидек эҳтиросли экан!

   — Биринчидан, азизим Дориан, янглишдингиз, мен қирқ ёшдан ўтиб қолдим. Иккинчидан, жирканч хушомадларингизни ўзингизга мосу — хос бўлган суюқоёқ хонимларингизга қиласиз! Энди эса хайр азизим!

Кўзгуни олдимда, деворга урдим. Чил — чил синиб атрофга шиша пачалари сачради. Синиқларни йиғиштириб олиш учун қайтганимда кўзгу яна ҳудди олдинги кўринишида стол устида турарди. Қандай қутилсам экан ундан? Ким совға қилдийкин, ким экан у менга бошоғриқни раво кўрган?

 Эртаси куни барчани иш — ишига жўнатиб энди навбат ўзимга келиб турган махалда кўзим пардоз столим устида турган кўзгуга тушди. Ҳаяжонланиб, секин қўлимга олиб қарадим. Дориан кечагидек майин ва совуқ тиржайиб турибди(қанчалик хушсурат бўлмасин, сийрати хунук бўлган инсон кўзинга бадбашара махлуқдек кўринаркан).

   -Салом, азизам! Нима бўлди, мендан қутилмоқчи бўлдингми? Билиб қўй буни сира иложи йўқ! Ҳаёлингдан фаромуш бўлибди шекилли, умрибоқийман ахир. Энди, хоним ўзингиз қарайдиган, ҳуснингиздан яйраб кибрга бериладиган ойнангизга бир қараб боқингчи.

Пардоз ойнамга қараб чинқириб юбордим. Бир кундая? Мен нима гуноҳ иш қилдимки, атиги бир кунда сочларим дув оқариб, юзларим сарғайиб, сон -саноқсиз ажинлар билан тўлиб тошиб кетди. Тўлишиб, томоғим остидан бақбақа осилиб тургани емагандек, тишларим ҳам қимирлаб, осилиб қолибди. Йиғлаб юбордим.

   -Азизам, ҳафа бўлишга ҳожат йўқ! Атрофдаги инсонларга ёш ва гўзаллигингизча кўринаверасиз, фақат ўзингизгагина кўзгуда акс этади гуноҳларингиз.

   — Мен нима гуноҳ қилибманки, жазо олсам. Қолаверса сен эмассан, гуноҳларни ҳисоблаб, жазо берадиган.

-Тўғри айтдингиз, гуноҳларимизни ҳисобловчи ҳам, жазоловчи ҳам, авф этгувчи ҳам ёлғиз Яратганнинг ишидир! Аммо, сиз, мен, бошқалар ҳам жазоланишаётгани йўқ, шунчаки, айбларимизга, ҳақиқатларимизга тик қараяпмиз холос! Нақадар оғриқли, тўғрими азизам!

   -Қани, қайси гуноҳим учун экан, билсангиз айтингчи?

   -Кибр, манманлик, молу — ҳавасга ружу, ҳасад, ёлғон, алдов, хиёнат…яна санайверайми хоним?

   — Алдов? Хиёнат?- яна қандай тухматларингиз бор?!

   — Кунора Дон Жуан дўстингиз — бегона эркак билан ёзишиб ўтирасиз. Буни нима деб аташ мумкин?

   — Ким бўлишидан қатъий назар у менинг яқин дўстим, ҳеч қачон ёмон кўз билан қарамайди. Айтганча, сиз дўстлик, самимийлик, меҳр — оқибат каби инсоний фазилатларни қаердан ҳам билардингиз?

   -Дўстлик денг!- ҳиринглади Дориан,- Енгилтаклик, фахш муқаддимасини дўстлик билан хаспўшламоқчимисиз, гўзалим?!

   — Чиркин қалбингиз, моғор босган онгингиз инсоний фазилатларни осонгина шайтоний иллатларга айлантиради. Шу сабабли, ҳеч қачон мени тушуна олмайсиз, Дориан!

-Майли, сиз айтганча бўлақолсин. Энди саволимга жавоб берингчи, ўша дўстингиз билан бўлган суҳбатларни, яъни ёзишмаларни эрингизга кўрсата оласизми? Нега энди пинҳона суҳбат қурасиз? Яна санайверайми? Марҳамат! Ҳамкасбингиз ютуқларга эришса, барчанинг ёнида «Ҳавасдаман!»- деб сарҳадсиз зафарлар тилайсизу, ичингизда ҳасад ўти ловуллайди.Тонманг! Оз бўлсада ҳасад нишонаси бўлади. Сиз дўст деб атайдиган «яқин» инсонларингиз билан нима сабабдан дўст тутингансиз? Илтимос, меҳр дея кўрманг, барчасини пойдевори манфаатлардир. Биз одамзоти манфаатларсиз дўст тугул, ҳаттоки душманлар ҳам бўлолмаймиз. Яхшилаб ўйлаб кўрингчи, Ота — Она, фарзанд, умр йўлдош, жигарлар.., қай бирига меҳрингиз буюкроқ?! Меҳрингиз қай даражада бўлмасин, ҳеч бирини ўзингизни севганчалик севолмайсиз. Биз инсонлар аслида буюк худбинлармиз! Сир бўлмаса, кўчага равона бўлишдан олдин тақадиган юз ниқобларингизни саноғи борми? Каломингиздан бадбўй ғийбат учмаган бирор кунингизни кўрсатиб бероласизми! Йўқ! Бу юзсизликларингизни менинг чиркин гуноҳи азимларимдан фарқи қаерда?

Гарчи кўнглимда самимият ва дўстона меҳрдан ўзга туйғу қад кўтармаган бўлсада, нима деб жавоб беришни билолмай қолдим. Ўзимни, айбдор сеза бошладим. Шу тобда Дориандан қутулиш режасини тузишдан бошқасини ўйламас эдим.

   — Мендан қутулиш осонмас, хоним,- жилмайди у,- Қачонки, мени, яъни кўзгуни кибрсиз, ҳасад оловидан ҳоли, виждонсизлик, хиёнат, алдов каби иллатлардан хабари бўлмаган яхши бир инсонга топширар экансиз, кейин қайта кўрмайсиз. Ишонаверинг!

Яқинда ишхонамизда ёнма — ён ишлайдиган «дугонам»нинг туғилган куни эканлиги ёдимга тушди — ю, қувониб кетдим. Дорианни чиройли ўрамда унга совға қилиб юбордим. Бирам енгил тортдимки…

 Икки кундан сўнг кўзгу яна пардоз столим устида пайдо бўлди. Мен янада қариб алвастидек кўринишга келиб қолгандим.

   -Салом, азизам! — тиржайди навқирон Дориан.

   -Салом, Дориан! — минғирладим мен.

Шундай қилиб, кўзгуни совға қилмаган инсоним қолмади. Бора — бора билдирмасдан бегоналарнинг сумкаларига солиб кетадиган, автобус ёки таксиларда «унутиб» қолдирадиган бўлдим. Аммо, ҳар сафар:

— Салом, азизам!

— Салом Дориан!

Охир оқибат меннинг ягона ўй — ташвишим  бу лаънати  кўзгуни кимгадир совға қилишдан бошқасини идора қилолмай қолди. Рўйҳатимда фақатгина Ота — Онам, туғишганларимгина қолишди. Мен Дориандан қутулиш учун шунчалар кўп елиб, югургандимки, силлам қуриб, адои тамом бўлгандим. Фақат кўзгуда, ўзимга кўринсада, қариб — қартайиб, мункайиб қолган абгор қиёфамни кўришга эса бир сония ҳам тоқатим қолмади. Аммо, не қилайки, бу азобларни барчага раво кўрган бўлсамда, Ота — Онам, туғишганларимга раво кўролмадим. Мен охир — оқибат бу бошоғриқдан қутилишни, Дорианнинг чиркин сийратини ва ўзимнинг абгор суратимни ҳар куни кўриб азобланиш қийноғидан ўзимни қутқариш йўлини топдим, бир қарорга келдим. Кўзгуни, пардоз ойнамга қарама — қарши, яъни Дорианни ойнага рубару қилиб жойлаштириб қўйдим.

Ҳар куни тонгда уйғонаман, Яратганга сажда қиламан, катта — кичик гуноҳларим учун авф сўрайман, шукроналар айтаман. Кейин ойнам ва ундан менга тикилганича жилмайиб турган, энди анчагина ёши ўтиб, ҳусни — тароватини йўқотиб, қартая бошлаган Дорианга жилмаяман.

— Салом, Дориан!

22/06/2022

Кумушбиби

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting