Ассалому алейкум, ҳурматли букблогерлар! Мамлакатимизда адабиётдан айро бўлиб қолган юртошларимизнинг катта қисмини китобхонликка қайтариш учун сўнгги йилларда фаол ижтимоий ҳаракатлар олиб борилмоқда ва бу эзгу жараёнда сизлар аллақачон ўзларингизнинг мустаҳкам ўринларингизга эга бўлгансизлар. Ёзувчиларимиз йилдан йилга сифатли асарларни ёзишга, таржимонларимиз жаҳоннинг шу вақтгача бизга маълум бўлмаган дурдона асарларини таржима қилишга, ноширларимиз эса, бу асарларни имкон қадар кўпроқ чоп этишга бел боғлашган бир дамда сизлар ўз каналларингиз обуначиларига қимматли вақтларингизни аямай, ўша асарлар ҳақида тинмай ахборот бериб, китобхонлик ривожига ўз ҳиссаларингизни қўшмоқдасизлар. Бироқ адабиёт сарҳадига энди қадам қўяётган аксар ёш ижодкорлар маълум даражада қийинчиликларга учрашмоқда. Уларнинг йўллари кенгроқ очилиб, фаолиятлари гуркираб ривожланиб кетишига сизлар катта ёрдам беришларингиз мумкин. Мен ёш ижодкорлар номидан барчангиздан беминнат инсоний кўмак беришларингизни илтимос қилмоқдаман!
Энг аввало, ушбу ижтимоий ҳаракатда қатнашиш мажбурий эмас, балки кўнгилли равишда кечишини айтиб ўтмоқчиман. Ёш ижодкорларни қийнайдиган энг катта муаммо мамлакатимиздаги кўплаб ноширлар уларнинг асарларини чоп этишни исташмаслигида ва бу ўринда ноширларни айблашдан йироқман. Негаки, китоб дўконларида сўнгги йилларда асосан чет эл таржима асарлари ҳарид қилинмоқда, миллий асарларга, айниқса, танилмаган ёш ижодкорларнинг асарларига эса, талаб кундан кунга пасайиб бормоқда, табиийки, аксар ноширларимиз танилмаган ёш ёзувчи асарига сармоя тикиб зарар кўриб қолишни исташмайди. Бу ўринда уларни тўғри тушуниш лозим. Вазият бу даражага етиб келишига, албатта, бир қанча омиллар сабаб бўлган. Мисол учун, шундай вақтлар бўлдики, XX аср ўзбек адабиётининг нодир асарларини барча нашриёт (савдоси яхши бўлгани учун) қайта‑қайта босиб чиқараверишди. Биргина китобни қирқта нашриёт қирқ хил муқовада чиқарган пайтлар ҳам бўлди. Албатта, мазкур асарларни ўқишимиз ҳар бир ўзбек фарзанди учун керак, бироқ асалнинг ози ширин, дегандек уларнинг кескин кўп чоп этилиши халқнинг маънавий ошқозонини ҳаддан зиёда тўйдириб қўйгандек бўлди. Аксар асарлар эса, фақат, турмуш муаммолари мавзусида бўлиб, бир‑бирини такрорлаётгандек бўлиб кўриниши ҳам китобхонларни сал бездиргандек бўлди ва натижада таржима асарларга эҳтиёж ортди. Ёш ижодкорлар ҳам турмуш муаммоларига ўралашиб қолгандек таассурот уйғониши эса, китобхонларнинг ёш ижодкорлар китобига қиё ҳам боқмай қўйишига сабаб бўлмоқда. Бироқ ёш ижодкорлар ҳам китобхонлардек турмуш муаммоларидан безиллашган ва улар ҳам асосан таржима асарларни ўқиётганини инобатга олсак, ёшларнинг ижодий ишларида аллақачон янги мактаб нишоналари бўй кўрсатмоқда. Ишонинглар, ёшларимиз орасида ўзгача ёндашувдаги креатив асарлар ёзаётганлар кўпаймоқда. Хусусан, бутун дунёда севиб ўқилувчи фентези жанри беш йил олдин ҳам биз учун мутлақ бегона эди. Ҳозир эса, ёшлар орасида фентези жанрда ижод қилаётганлар кўпаймоқда. Шунингдек, ўзининг ниҳоятда қизиқарлилиги ва инсон ақлини чиниқтириши билан ажралиб турувчи дедукцион детектив ва мистик жанрларга мурожаат этаётган ёшлар ҳам кўпаймоқда. Айрим ёшларнинг асарлари эса, дунё тан олган Жоан Роулинг ёки Ден Браун асарларидан ўз маҳобати ила сира қолишмайди. Бироқ уларнинг оммалашишмагани ижодий фаолиятлари кенг илдиз отишига бўй бермаяпти.
Ҳурматли букблогерлар, сизлар ўз эътиборларингиз ила ҳали номи таратмаган, лекин иқтидорли бўлган ёшларимиз ижодини қўллаб‑қувватлашларингиз мумкин. Шунда ноширларимиз ҳам қўрқмасдан уларнинг асарларини китоб ҳолида чоп эттиришади ва адабиётимизда янги номлар юлдуз мисол порлайди. Инсоният, айниқса, ёш ижодкорлар, жамики адабиёт аҳли бу хизматларингизни ёддан чиқармайди, деб бемалол айта оламан. Ишонаманки, юз йил ўтиб биз ҳозир жадидчиларимизни ёрқин ном билан ёд этгандек, келажак авлод ҳам бизнинг ушбу эзгу ижтимоий ҳаракатимизни яхши ном ила эслайди.
Жараёнда букблогер бўлмаган, бироқ ўта фаол китобхонларимиз ҳам қатнашиши мумкин.
Камоли эҳтиром ила Даврон Султонов
Кўнгиллилар учун телеграм манзилимиз:
@Jeyms_Harker @Murojaatuchun2