Севгининг уч тури

0
609

Дунёда севилишни истамайдиган киши йўқ, деб гап бошлайди Масуми Тоётоме. Лекин севги ўзи нима, қаерда жойлашган, биласизми, дея сўрайди. Сўнг тушунтиришни бошлайди: Севгининг уч хил тури мавжуд.

Маълум бир умидлар эвазига бизга бериладиган севгига нисбатан муаллиф шу номни беради. Мисол учун:

«Агар» омадли ва муҳим инсон бўлсанг, сени севаман.

«Агар» жуфт сифатида умидларимга муносиб жавоб бера олсанг, сени севаман.

Сабаб ва шакл томонлама ҳудбинликдек кўринади. Унинг мақсади севги эвазига нимадир олишдан иборат.

Ёзарнинг фикрича, кўплаб оилалар «Агар» севги тури асосида қурилгани учун унга тез дарз кетади. Ёшлар ҳозирги ҳақиқий ҳолатини эмас, балки орзуларидаги бир-бирининг бўрттирилган романтик қиёфасига ошиқ бўлиб, ортиқча умидларга берилишади. Умид қилинган нарсалар амалга ошмаса, умидсизлик бошланади. Севги бора-бора нафратга айланади. Ва афсуски энг соф бўлган ота-она севгисида ҳам «Агар» тури учрайди. Лекин аслида инсонлар «Агар» туридан бошқа севги турини излайдилар…

Иккинчи турдаги севги: «Чунки».

Тоётоме бундай турдаги севгига шундай тариф беради: «Бу турдаги севгида киши, бирор нарсаси мавжудлиги, нимагадир эга бўлгани ёкида ниманидир уддалай олгани учун севилади. Бошқа бир кимсанинг унга бўлган муҳаббати, унинг сифати ёки ҳолатига боғлиқ бўлади.

Лекин чуқур ўйлаб кўрсангиз, бу турнинг «Агар» туридан унчалик ҳам фарқ қилмаслигини кўрасиз. Қолаверса, бу турдаги севги ҳам одамга юк келтиради. Инсонлар ҳар доим кўп одамлар томонидан севилишни истайди. Ўз мухлислари сонини оширишни доим хоҳлайди. Улар бироз яхшироқ фазилатларга эга бўлган бошқа одам пайдо бўлганда, уларнинг яқинлари бошқасини сева бошлашидан қўрқишади. Бундай ҳаёт, чексиз севги ва рақобатга интилишга олиб келади.

Оиланинг энг кичик қизи янги туғилган чақалоққа, синфнинг энг гўзал қизи янги келган гўзал қизга, усти очиқ БМWда юрган крутой Феррариси борга, оилали аёл эрининг ёш ва гўзал секретарларига ҳасад қилади.

У ҳолда бу турдаги севгида ишонч ҳиссини топиш мумкинми, дея сўрайди муаллиф. «Чунки» туридаги севги ҳам ҳақиқий ва ишончи севги бўла олмайди. Бундай севгининг хавфсизлик ҳиссини бермаслигини яна иккита сабаби бор.

Биринчиси: «Қизиқ, бизни севган киши ўйлаганидек одаммизми?» қўрқуви. Ҳамма одамлар камида иккита жиҳатга эга. Бири ташқи кўринишлари. Бошқаси эса фақатгина ўзини қандайлигини ўзи билиши..

Инсонлар улар ўйлагандек одам эмаслигимни тушуниб, кейин мени тарк этишади, қўрқуви шу ердан келиб чиқади.

Иккинчиси эса: «Кун келиб ўзгарсам ва бошқалар мени севмай қолишсачи?» хавотиридир. Японияда кимёвий тозалашда ишлайдиган дунё гўзали бўлган қизнинг юзига бахтсиз ҳодиса туфайли яхшигина зарар етади. Қиз даҳшатли даражада хунук бўлиб қолгани учун қайлиғи унаштирувни бузди ва уни тарк этди. Янада оғриқлиси, бир шаҳарда яшовчи ота-онаси ҳам уни кўришга келмай қўйишди.

Учинчи турдаги севги, «Қарамай» деб номланувчи турдир.

Бирор шартга боғлиқ бўлмагани учун ва эвазига ҳеч нарса кутилмагани учун «Агар» туридаги севгидан фарқ қилади. Севилган кишининг жозибали томонига таяниб, шу каби нарса пойдевор бўлмагани учун «Чунки» турли севгидан ҳам фарқ қилади. Бу учинчи тур севгида, инсон «бирор нима бўлгани учун» эмас, «бирор нима бўлишига қарамай» севилади. Гўзаллигини кўряпсизми? Бу «Қарамай» туридаги севгидир!

Эсмералда Қусимодўни дунёдаги энг жирканч, энг қўрқинчли бадбашара бўлишига «қарамай» севади. Келишган ва бой йигит ҳам Эсмералдага лўли қиз бўлишига «қарамай» ҳатто сиғинар эди. Инсон дунёнинг энг хунук, энг бечора, энг бахтсиз одами бўлиши мумкин. Буларга «қарамай» севила олади. Албаттаки, бу севгига дуч келса.

Бунда яхши, жозибали, муваффақиятли ёки бой мавқега эга бўлиш орқали севги қозониш шарт эмас. Камчиликларига, жоҳиллигига, ёмон феълига ёкида ёмон ўтмишига «қарамай» борича, ўша ҳолича севиладиган киши. У мутлақо бефойда бўлиб туюлиши мумкин, лекин уни энг қимматли каби севиш мумкин.

Қалблар энг кўп ташна бўлган севги мана шудир, дейди муаллиф. Билсангиз ҳам, билмасангиз ҳам, бу турдаги севги сиз учун ейиш, ичиш, кийиниш, уй, оила, бойлик, муваффақият ёкида машҳурликдан ҳам муҳимроқдир. Бугунги ҳаётни давом эттиришингизни сабаби «Қарамай» туридаги севгини айни пайтда ҳис қилаётганингиз ёки бир кун келиб бу севгини топиш ишончидир.

Сўнгра бироз умидсизланганча, бугун биз яшаётган жамиятда ҳаммани қониқтирадиган ва бахтли қиладиган бу севгини топиш жуда қийин, дейди Тоётеме. Чунки ҳамманинг севгига эҳтиёжи бор ва бошқаларга берадиган даражадаги севги ҳеч кимда йўқ…

Ҳар кимга ҳар нарсага «қарамай» севиш ва севилишни тилаб қоламан…

Масуми Тоётоме

Самандар Назиржонов таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting