Франсуаза Саганнинг «Кўлмак сувда қуёш парчаси» қиссасига тақриз
Француз адибаси Франсуаза Саган ижоди билан илк марта танишдим. Озод Шарафиддинов таржимасидаги «Кўлмак сувда қуёш парчаси» қиссасини ўқишдан аввал аёл ёзувчи аёл руҳиятини қандай тасвирлаган экан, аёл персонажи туйғуларининг эркак томонидан қадрсизланишига йўл қўймагандир деган ўй хаёлимдан ўтди. (Мабодо мен асар ёзганимда ўша асаримда аёл киши шубҳасиз фақат бахтли бўларди)
Қисса Жил исмли журналист йигитнинг тушкунликка тушиб қолиши ва ушбу тушкунликдан чиқишнинг барча йўлларини синаб кўришидан бошланади. Жил табиатан худбин ва бетайин одам эди. Ўттиз беш ёшгача ҳаётини бир маромда ўтказган, лекин, сўнгги уч ой давомидаги руҳий ҳолати унга шу қадар таҳқирли туюлардики, ҳудди биров сабабсиз тарсаки тортиб юборгандек аламзада эди. Унинг дардини на ичкилик ичиш, на тамаки чекиш, ҳатто унинг учун жонини беришга тайёр, донгдор моделлар уйида либосларни намойиш қилиш билан шуғулланувчи соҳибжамол Элоиза ҳам енгиллата олмасди. У гўёки денгиз тўлқинлари тарк этган қояга ўхшарди. Аёлларда бундай тушкунлик ҳолатлари кўп бўлиб туради ва улар бундан чиқиш йўлларини яхши биладилар, ҳарқалай ўзлари учун нимадир ўйлаб топадилар. Аммо хусусий газетанинг халқаро бўлимида мухбир бўлиб ишлайдиган Жил учун бу машаққатли жараён бўлди. Яқин дўсти ва ҳамкасби Жаннинг таклифи билан қишлоққа, опасининг уйига «руҳиятини тозалаш» ва бироз ҳордиқ олиш учун борган Жил исталмаган меҳмондорчиликларнинг бирида Натали исмли оилали аёл билан танишиб қолади. Тўғри бошида ўзининг руҳий муаммолари сабаб бу аёлга эътибор бермайди. Қаҳрамонимиз Натали эса (ҳушомадларга ўрганиб қолмаганми), Жилнинг бефарқлигидан ҳайратга тушади, унинг қаршисида ўзини намоён қила бошлайди. Хуллас, ташаббус биринчи бўлиб аёлдан чиқади.
Асарнинг шу жойларини ўқир эканман, якуни ҳақида хулосаларим деярли тайёр эди. Натали Жил учун осон забт этилган чўққи бўлди-қолди. Мен эса руҳияти синган, иродасиз, ўртамиёна, кимлиги ҳам аниқ эмас, бир келгиндига ўзини осонликча топшириш шунчалар осонми, аёл қадри шунчалар арзонми дея ёзувчига исён қилдим. Адибамиз эса бунинг номини севги деб атадилар.
Ҳа майли, шундай бўлақолсин, балки Жил унинг муҳаббатига лойиқ инсондир, номус ва ҳақиқатдан воз кечиб бахт нашъасини севган одами билан бирга тотиш учун оиласини, уйини, борини ташлаб кетишига арзийдиган даражада олийжаноб инсондир дедим. Жил ва Наталининг қалбида муҳаббат нафақат куртак отиб улгурган, висолнинг таъмини тотиб ҳам бўлишган паллада жаноб журналистимизни Париждан йўқлаб қолишади. Парижга қайтиб, намунасиз хулқи учун ишдан четлатилган ҳамкасби ўрнига бўлим мудири лавозимини эгаллайдию, ҳижрон азобига чидолмай Наталининг олдига қанот чиқариб учади. Айтгандек, унда энди тушкунликдан асар ҳам қолмаган, ҳатто, янгисини топганда эскисига не ҳожат қабилида иш тутиб унинг уйида яшаётган, деярли рафиқа мақомидаги Элоизани борлигини ҳам унутганди (қойилмисиз). Элоиза ўз йўлига, бир гап бўлар, ҳеч бўлмаганда машхур сураткашнинг маъшуқаси бўлиб номдор журналга ишга кирар (нима деб ўйлагандингиз, бевафо журналистнинг хотираси билан бир умр фиғон чекиб яшасинми, кечириб қўясиз, ҳамманинг янги ҳаёт бошлашга, бахтли бўлишга ҳаққи бор).
Натали билан Жил Парижда яшай бошлашди, четдан қараганда барчаси бинойидек. Жилнинг мансаби кўтарилди, баъзи-баъзида яхши мақолалар ёзишга ҳаракат қиляпти, Натали кундузи театрларда, турли кўргазмаларда, опера ва балет намойишларида бўлади. Оқшомни севишганлар дўстлари билан биргаликда гавжум қаҳвахоналарда ичимлик ичиб, бўлар-бўлмас мавзуларда сухбатлашиб ўтказади. Хуллас, ҳамма ҳурсанд, ҳамма бахтиёр.
Кунлар ўтиб ҳар иккиси бундай бир хил ҳаётдан зерикдилар, Натали сайёҳлик агентлигига осонгина ишга жойлашди, Жил эса яна ўша машхур тушкунлик ҳолатига тушиб яна турфа хил жойлардан, турфа хил одамлардан таскинлар қидира бошлади. Бутун бир тунини исловотхонада ўтказиб, Наталидан яхшигина тарсаки еб олгандан сўнг ҳам «тузалмайди». Энди унинг ишончи комил эди — Натали билан муносабатлари дарз кетди. Бунинг сабаби нима эканини у аниқ билмас эди. Эҳтимол, Жил ўзи билмаган ҳолда Наталининг биронта пасткашлик қилишини ёхуд бирон бачкана қилиққа йўл қўйишини кутгандир. Агар шундай қилса, Натали ҳам Жилнинг даражасига тушиб қолган, икковларининг мақоми бир хил бўлиб қоларди (мантиқни қараб қўйинглар). Бироқ бу кутишлар беҳуда бўлиб чиқди. Олти ойлик бирга кечирилган иноқ ҳаётнинг эвазига охир-оқибатда мана шу тарзда бир-биридан ажралиб кетиш муқаррарми? Ҳақиқатан ҳам, Натали ундан яхшироқми? Ишқий муносабатларда бири-биридан яхшироқ бўлиши мумкинми? Ахир, улар шунақа муносабатларки, бу ўринда ахлоқий сифатларнинг аҳамияти йўқ, балки эмоционал сифатларгина муҳим (бу менинг эмас, Франсуаза хонимнинг гапи). Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деб мана шундай Жилга ўхшаган беқарор, худбинларга айтилган бўлса ажаб эмас.
Ажойиб кунларнинг бирида Жил дардини очиб-сочиш учун яқин дўсти Жанни уйига чақиради. Шу жойда Жилнинг гапини айнан ўзини келтираман. «Нима десам экан… Натали билан танишганимда, мен… Албатта, эсингда турган бўлса керак… менинг бир қават теримни шилиб олишгандай бўлганди. Худо билади нега бунақа бўлди, лекин мен худди шундай ҳис қилгандим ўшанда. У менинг бошимни пар ёстиққа қўйди, мендан тафтини аямади, бошқатдан ҳаётга қайтарди. Рост. Лекин энди-чи? Энди шу ёстиқ юзимни куйдиряпти, бўғилиб кетяпман. Шунақа бўлар экан-да. Наталининг жамики мен яхши кўрган жиҳатлари: тўғри сўзлиги, қатъияти, иродаси каби менга далда берган сифатларининг ҳаммаси бугун мен учун қимматини йўқотиб, ғашимни келтирадиган бўлиб қолди…»
Офарин, Жил! Хўш, Натали энди нима қилсин, унинг айби дастлаб ташаббусни қўлга олганими? Пичирлаб айтилган севги изҳорлари, кўрганда юракларнинг бошқача уриши, нафас олишнинг ҳам мушкул бўлиб қолиши ҳаммаси шунчаки хотирами?! Кун келиб унинг борлиги ҳам малол келиб қолар экан ўшанда, ўша майсазорда Натали сенга кулиб қараганда оғзингнинг таноби қочмай, «кечирасиз хоним, мени Элоизам бор, сизни эса оилангиз, эсингизни йиғинг, деганингда Натали сенга ёпишиб олмасди, ундаям ғурур, орият бор эди.
Энг ачинарлиси, Жил мана шу гапларни дўсти Жанга айтиб бераётган вақт Натали уйда бўлади ва ҳамма гапни эшитиб қолади. Агентликка кетяпман дейдию, йўқолиб қолади. Кейин маълум бўлишича, Наталини кечаси топишипти. У меҳмонхонада бир хона олипти, жуда толиққанини айтипти ва эрталаб уйғотиб қўйишни илтимос қилипти. Ўзи эса хонага кирипти-ю, жуда кўп миқдорда уйқу дори ичипти. Жилга қолдирган мактуби мазмунини қаранг. “Бу ишга сенинг дахлинг йўқ, азизим. Мен ҳамиша кўнгилчан одам бўлганман, ҳаяжонга тез бериламан. Мен сендан бошқа ҳеч қачон ҳеч кимни севган эмасман”. Эҳ, бечора Натали сўнгги лаҳзаларда ҳам Жилни айблай олмади, ўзини айблади. Қани айтингчи, ким кўпроқ севган?!
Франсуаза хоним, асарингиз мени қаттиқ таъсирлантирди, Наталидек кўнгилчан бўлсам керак. Қиссангизда «Анна Каренина»ни руҳини кўрдим. Фақат фожиа жараёни фарқ қилади, Аннанинг ўлимига поезд ғилдираклари, Наталига эса уйқу дорилар сабабчи бўлади. Лекин ҳар иккаласининг фожиаси сабаби ўхшаш, деярли бир хил. Меҳр-эътибор етишмаслиги, қадрсизлик, севгининг озлиги (шу ўринда Цветаеванинг «Нега оз севасиз, ёмон севасиз”, мисралари ёдимга тушди.
Нега аёл киши ҳамиша меҳрга, эътиборга муҳтож, нега улар шу қадар ишонувчан, нега эркаклар уларни осонликча алдайди. Саволлар кўп, жавобларга келганда эса…
Нигора Ғаниева