Ўлмаган, яшаб ҳам кетмади

0
735

(луқма)

Болалик барибир ажойиб-а? Айниқса гард юқмаган покиза кўнглинг билан мўъжизага ишонадиган давринг. Мен бу соф эътиқодни илк бор Етимхона деразаларида кўрганман. Қайсидир норасиданинг устози айтган гапларига ишониб, «бир куни албатта дадам мени олиб кетади», деган умид, йўқ-йўқ. Юқорида мен назарда тутган ишонч билан, ташқари томон, ҳар келган кишига зорланиб қараши айни мўъжизани кутиш демак.

Болалик яна, ўзининг беғараз ва беғубор экани билан кўпимизнинг ёдимизда қолади. Уни нимада кузатиш мумкин? Албатта бевосита, ўзаро муносабатларда. Жин урсин, ҳатто муштлашишнинг ортида ҳам қандайдир, ўз ҳақиқатларимиз бўлган, шаклланганмиз. Яна умримизнинг шундай палласи бўладики — бизларнинг ҳар биримизда, қандайдир ёқимсиз, инжиқ ва қизиққон ўспирин шакллана бошлайди. Айнан шу даврда, болаларнинг ҳаётида биргина муҳим ўзгариш содир бўлишини эслатиб ўтмоқчиман. Бу ўзгариш уларни бир-биридан айиради, ёхуд бир-бирига яқинлаштиради. Бу жараён — қарашларнинг ўзгариши, деб аталади. Ярми қизил олмага қараб турган тўрт боладан фақат биттаси ҳақ бўлиши мумкин. Қарангда — олманинг қизил тарафида турган бола шубҳасиз уни — қизил дейди. Яшил тарафида тургани эса — яшил. Ортида тургани эса шунчаки — бу оддий олмаку, нега торитишасизлар деса, олдида турган бола шу олмани қарсиллатиб еб юборади! Шубҳасиз, ана шу ҳолат барча баҳсларга якун ясайди. Қиссадан ҳисса, тўртинчи бола ҳақ эди, қолганлари адашмаган бўлса-да.

Қарашларимиз шаклланаётган даврда руҳимизда ва ё қалбимизда қандайдир туғ бизнинг умр томон, ўргимчак тўридек сочилиб кетган лабиринтга йўналтириб юборади. Баомон, сўнггида ёлғиз ўзинг қолишинг ҳам бор гап. Ўзинг билан ўзинг қолганингда эса таваккалчиликка қўл уришни бошлайсан. Чизилган тўғри чизиқлардан чиқасан, қурилган баланд деворларга осиласан, ҳар қандай теоремадан иборат математик ёки, физик қонунларни инкор этишга урина бошлайсан. Ха, худди оқимга қарши сузгандек. Ўз қобиғингни ёриб чиқасан!

Дарҳақиқат. Болалигимдаги дўстларимни соғинаман. Уларни ҳозир ҳам топишим, олдига боришим ва гаплашишим мумкин. Лекин мен, уларнинг ҳозирги ҳолатидан узоқроқ юришни маъқул кўраман. Аввалги беғараз ва беғубор табиатларини эса фақат соғиниш ва эслаш қолаяпти, холос. Улардан кўплари ўз қобиқларини ёриб чиққан ва бошқа-бошқа сифатларга ўзгаришган. Айримлари эса ҳамон қобиқ ичида. Фақат саноқлиларигина палағда бўлиб қолган. Мен ана шунисига ачинаман.

Йигитлик даври бизларни кўп қаторида бирдек кўрди. Кимлар биландир учраштирди. Яна кимлар биландир узоқлаштирди. Айни қасам ичишни ўрганадиган давримизда — ўзимизга кўп ёлғон ваъдаларни бериб қўйиб, шу ваъдаларни бузишни ҳам бирдан ўрганишни бошлаймиз. Фикрлаш, дид ва истеъдод юзага чиқадиган айни шу паллада бизнинг ўзлигимизда бир ёки бир неча шахс шаклланиб боради.

Менинг истеъдодим устозим Гулчеҳра Асронова айтганидек — Ёзарманликда! Ушбу истеъдоднинг — бир ширин хаёлларига чўмган бўлсам, бир оташ оловида қовурилдим. Мендаги бу жиҳат доимо иккинчи даражали ҳодисадек эди. Балки бундан сўнг ҳам шундайлигича қолар. Чунки ҳабарингиз бўлсинким, қалам билан овқатни оғизга, қошиқ билан юракни қоғозга тушириб бўлмайди ҳеч. Шунинг учун аввалги ташвишим, кутилганидек қошиқ эди.

Чингиз Айтматовнинг бир гапи ҳамон қулоқларимдан, қалбим томонга сингади, «Рўзғор деган ташвиш, ҳар қандай севгини емириб юборади!» Ёйинки — ҳар қандай истеъдодни ҳам.

Ўзимнинг кичик ижодий сафарим давомида камтарона тажрибамга суяниб шуни хотиржам ёки бамайлихотир айтишим мумкинки — мен ўзимданда кучлироқ ва баландроқ ижодкорларни кўрдим. Рақобатимиз чоғида, мендан ўзиб кетган, мендан қолиб кетган, алал-оқибат ёзолмай қолганларни кўрдим. Мен у бўлмаса ўзимни, ўзлигимни (бошқалар наздида ҳам биз бир-бутун эдик) тасаввур қила олмайдиган дўстим Аслиддин Тўланнинг рўзғор ташвишлари аро изсиз ғойиб бўлганини, Азиз Нурнинг шунчаки ёзмай қўйганини ва яна қанчадан-қанча носирларнинг мавҳумлик аро ғарқ бўлаётганини кўрдим. Ёзувчи аҳлидан илк бор маддоҳ чиқиши мумкинлиги ҳам айнан шу юртда кашф этилди, ҳатто. Албатта, юрт бўлгунга қадар ҳам, бу Халқнинг елкаси ҳеч текис бўлмаган. Оғриқлари ҳам фақат қорин соҳасида. Бахтимизга макалатура етарлича.

Бу каби муаммолар, гапирсанг айтиш ярашмайдиган ишлар (ёзишку ҳаминқадар) ўз ечими тараф ҳеч қачон юриш қилмайди. Сабаби эса — у, ўзининг болалигидаги туйғуларидан аллақачон воз кечган. Беғараз ва беғубор қарашларидан фориғ бўлган. У — Ўзбекистон адабиёти! Мўъжизага ишонмай кўйган.

Мен ҳамон ўзим каби одамларни кашф этиб бораман. Уларни кузатаман. Мендан ўзганларга ўз ижодим кучини кўрсатиб қўйишга интиламан. Таслим бўлаётганларга эса ачинишдан бўлак имконим йўқ.

Аввало менга илк бор ижод нафасини бахшида этган устозим Исмоил Маҳмуднинг тақдири ҳақида кўп юрак зўриқтираман. У каби фидойи инсонлар ҳар доим ҳам заминимиз бағрида тирик жон бўлиб юравермаган. Худди Абдулла Ориф, Эркин Воҳид, Шавкат Раҳмон, Мухаммад Юсуф ва Рауф Парфилардек…

Сўзсиз Ўзбекистон адабиёти ўз жозибасига эга. Лекин бу ўтган давр ҳақида. Худди қачонлардир мультфилмлар кўришни ёқтирганимиздек, уни ҳам ёқтирдик. Аммо, тадбирвозлик — кўзбойлоғичликка, қарсакбозлик эса — кўзбўямачиликка айланган бу даврда, ўзингни бола ҳис қилишга ҳам уяласан киши. Бир чақага қиммат уюшмага аъзолик остида ётган манфаатдорлик неча минг миннатчиликлар остида қолса, ёш болани алдагандек муносиблар ва муҳтожлар аро моддий кўмаклар, қорин солган казо-казоларнинг қариндош-уруғларигача тарқатилса, Халқаро бўлимда ҳеч Халқнинг тилини мукаммал билмайдиган одам ишласа, ёш бўлсада, ўз ғояси билан ниманидир олиб чиқмоқчи бўлган одамларнинг бошига туриб олиб, эгалик қилишдан ҳам тап тортмаса (бир неча танловлар ҳақида гап боради), албатта мўъжизани рад эта бошлайсан. Юзлаб янги истеъдодларнинг ёки чекка вилоятларда яшайдиган ижодкорларнинг китоблари чексиз навбатда унутилиб кетгунча турса-ю, ўша-ўша биз билганларнинг ён дафтаридаги битикларигача китоб қилиб берилса. Додингни кимга айтасан? Айтмайсан. Юзсизларча тупиришни бошлайсан. Радикаллашасан. Кейин бу — фалончи жуда радикалда, нима эмиш? Биз ишламаябмиз экан! Ўзинг кимсан? Каби реакцияларни кутавер. «Ана шу абзацни муаллиф ўз бўйнига олади».

Етти ухлаб тушингизга кирмайдиган қалам эгаларини кўз олдимда сўнаётганини кўрдим. Бутун бошли Тошкентдаги умидли носирларнинг ўрнини босадиган даҳоларни! Осмонга кўтар-кўтар бўлаётганлардан кўзини юмиб ёзса, ўлса жасади ҳам ортиқроқ ёзарманларни…

Аммо мен кўраётган нарсаларни кўриш учун бўйин жонивор қотмаган бўлиши керак. Сал пастроқларни ҳам кузатса ярашса ярашадики, асло бўйин узилиб кетмайди.

Ҳайриятки, мен ёлғиз эмасман. Умр қизиқ абстракт. Керак бўлса мен танқид қилаётганларим сафида ҳам, менга бефарқ бўлмаган кимсалар бор. Хоҳ яхши маънода бўлсин, хоҳ ёмон. Улар бор экан, биз ёзамиз.

Ўлмаган, умид бағишлайди бу сўз. Яшаб ҳам кетмади, турғунлик демак.

Керак бўлса, Марғилоннинг ўзида, Литератерапевтлар талайгина! Кимларга мурожаат қилишни айтмасам ҳам жуда яхши биласизлар. Фақат мўъжизага ишонадиган одамлар мурожаат қилсин. Фокусчилардан чарчадик.

Освальд

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting