Мартин Иден фожиаси

0
1208

тақриз

Бу китоб жисму фиғонимдир менинг,

Бу калом жону жаҳонимдир менинг.

Юқоридаги Григор Нарекатсига тегишли. Шунингдек, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” китобига эпиграф қилиб олинган. Мен эса ҳар сафар “Мартин Иден”ни эслаганимда хаёлимдан шу байт ўтади. Ҳар бир китобхоннинг адабиётга олиб кирган бир китоби, ҳар одамнинг яшашни бошлатган бир воқеаси бўлади. Қолган умри давомида қанчалар кўп ва яхши китобларни ўқимасин, қанчалар қайғули ва шодон кунларни яшамасин, бир китоб ва бир ҳодиса энг муҳимлигича қолаверади.

“Бу китоб жисму фиғонимдир менинг…”

Ҳеч нимани яширмасдан ҳолисона ёзилган бир ҳаёт энг оддий одамнинг ҳаёти бўлса ҳам, ўқишга арзирли бўлади деган гапи бор эди Лермонтовнинг. Айнан шундай эмасу, шу маънода эди. “Мартин Иден” Жек Лондоннинг автобиографик романи. Жон Гриффит (Жек Лондон) Мартин каби денгиз сафарларига чиққан, сиёсий идеологияларга қизиққан, сиёсий ҳаракатларга қатнашган, адабиётга дастлаб пуллик саёз асарлари билан кириб келиб кейинчалик шуҳрат чўққисига чиққан ва бошқа кўплаб асл одамлар каби умри қисқа бўлган.

Муаллиф асарларида ашаддий реалист сифатида гавдаланади. Лекин шундай бўлса ҳам асар бошида бир рамз, ишора борки бутун асарнинг моҳиятини очиб беради. Мартин ўзи учун мутлақо янги муҳит, янги давра, янги уйга кирганида девордаги суратга кўзи тушади. Денгиз тўлқинларида сузиб бораётган кеманинг нафис ишланган сурати. Яхшироқ кўриш учун яқин борганида бир уюм бўёқ чапланмасига айланади, узоқлашса яна ўша гўзал манзара. Найрангли сурат экан деб ўйлайди Мартин ва қўшимча қилади: “Шундай нафосатни бетайин найрангбозлик учун қурбон қилишибди”. У ҳавас қилган, интилган, сиғинган жамият, жамиятдагилар юзаки ва ичи бўш одамлар эди. Санъатда дилетантизм деган тушунча бор, юзакилик, саёзликни англатади. Дейлик университетдаги бир ўқитувчим сонаталарни эшитганида у Бетховен ёки Шопенга тегишли эканлигини билганидан фахрланади, лекин куйни ҳис қилолмайди, унда нима ифодаланганини, нималар шу куй пайдо бўлишига сабаб бўлганини айта олмагани каби.

Бир шоир айтганидай ҳар кимнинг бир чимдим ҳақиқати бор. Бу ҳақиқат ўзимизга тегишлими, ёки ташқи олам сингдирган ўзгаларнинг ҳақиқатини ўзимизники деб кўтариб юрибмизми? Туғилганимиздан бир неча дақиқа ўтгач динимизни, миллатимизни, урф – одатларимизни белгилаб беришади ва бутун умримиз давомида ўзимиз танламаган нарсаларни ҳимоя қилиб яшаймиз. Ҳар бир жамиятнинг, ундаги ҳар бир табақанинг ўз ҳақиқатлари бор. Руф сингари кўплаб одамлар мубоҳасада келиша олишмаса, буни нариги томоннинг ақли калталигига йўяди. Ўша даврдаги буржуазия сохта маданият, айниган аҳлоқ, таги пуч ғояларга асосланган эди. Юзадаги ялтироқлик Мартинни ўзига тортади. Шу пайтгача ўзи ҳақида, ҳаёт ҳақида мулоҳаза юритиб кўрмагани учун янги нарсалар уни ўйлантирди, маҳлиё қилди. Лекин юлдузлар фақат узоқдан чиройли кўринади. У гўзалликка, нафосатга ўч эди, уларни ҳис қила оларди. Бутун куч –қуввати, диққати, имкониятларини ўзига гўзал кўринган даражага чиқиш учун йўналтирди.

Дастлабки муваффақиятсизликдан сўнг маълум муддат қора меҳнатга қайтишга, кирхонада ишлашга мажбур бўлади. Кўплаб тарихчилар ва антропологлар меҳнат маймунни одамга айлантирганини таъкидлайди, ўз навбатида меъёрдан ошган меҳнат одамни яна ҳайвонга айлантиради, иш ҳайвонига. Доимий бандлик, чарчоқ шахсий ҳаётга, эзгу туйғуларга, орзуларга, некбинликка жой қолдирмайди, уларни сиқиб чиқаради. Бу нарса бугунги кунда ҳам долзарб, қадимда ҳам шундай бўлган. Ҳарари “Инсониятнинг қисқача тарихи” китобида буни “ҳашам тузоғи” деб атайди. Термачилик, овчилик билан кун кечирган дастлабки одамлар ҳеч қаерга, ҳеч қандай буюмга боғланиб қолмаган. Бир ҳудуд яшашга ноқулай бўлиб қолса шунчаки бошқа жойга кетишган. Даладаги ўзи ўсган донларни ташиб келишганда, тўкилган жойларда уруғлар ўсиб чиққан. Сўнг ўзлари деҳқончиликка ўтишган. Бу ўтиш узоқ вақт давом этган. Эндиликда уларнинг тирикчилиги фақат ўз меҳнатига эмас, сувга, ёғингарчилик, об – ҳавога боғлиқ бўлиб қолган. Бир йиллик қурғоқчилик ва очлик. Инсоният тузоққа тушиб қолган. Илгариги ҳаётга қайтай деса авлодлар алмашинувида аллақачон табиат қўйнида яшаш кўникмаклари унутилиб кетган. Шундан бери одамлар тинимсиз ишлайди, нима учун ишлаётганини, яшаётганини ўйламай туриб ҳам ишлайверади. Худди мен эрта эрталаб ейишга тухум сотиб олиш учун куни бўйи ишлаганим ва эрта яна куни бўйи ишлашга қувват бўлсин деб шу тухумни еганим каби. Жек Лондон доимий қора меҳнатни, турғун ҳаётни ёмон кўргани ҳаётида ҳам, “Ойдин водий “номли бошқа бир романида ҳам яққол кўзга ташланади. Кейинчалик коммунизмга асос бўлган Карл Маркснинг дастлабки ғоялари ҳам айнан доимий меҳнатга норозиликдан бошланган эди. Одамлар ўзи яратган тузумлар, динлар, корхоналар, машиналарга қул бўлиб қолди. Бугун ҳам истеъмолчилик жамиятида аслида ўзимизга керак бўлмаган нарсаларни сотиб олиш учун ўзимиз ёқтирмаган ишларда ишлаймиз. Бир куни Диогенга “қара, қулинг қочиб кетяпти, ушла, усиз нима қиласан” дейишса, Диоген хотиржамлик билан: ”қулим менсиз яшай олсаю, мен усиз яшай олмасам ғалатимасми” деган экан.

Энди эса Мартиннинг муваффақиятига тўхталамиз. “Инсон доим нимага кўпроқ қизиқса, унинг асосий машғулоти нима бўлса, нимани ўйласа ва ҳаттоки кечаю кундузи нимани орзу қилса, у ана шу соҳада ҳаммадан кучли бўлади”. Малколм Гладуэллнинг ўн минг соат қоидаси бор. Бу аниқ далиллар, кузатишлар асосида кашф қилинган. Бир соҳага бутун диққатни ва вақтни сарфласа, албатта шу соҳада омадга эришилади. Ёки Румий айтанидай, сен нимага интилсанг у ҳам сенга интилади. Сен нимага интилсанг, ўшасан.

Одамлар Мартиннинг асарлари зўрлиги учун ўқишармиди? Зеро Бриссенденнинг асари унинг жами ёзганларидан кучли эди. Шунчаки Мартин Иденга омад келди. У брендга айланди. Омма доим оммавий нарсаларга ўч. Бир неча кун олдин билети талаш бўлиб қимматга сотилган бизга замондош бир скрипкачи метрода бир неча соат энг яхши мусиқаларни чалади, нари бериси уч ё тўрт одам тўхтаб қулоқ солади. Одамлар шунчаки уни танишмаган эди. Унинг концертига навбатга туриб билет олаётганлар унинг мусиқаси учун эмас, ҳамма зўр дегани учун ва ҳамма кираётгани учун эшитади. Шунинг учун ҳам Бриссенден асарини оммага ҳавола этмайди, уларни бунга лойиқ кўрмайди. Сенинг бир олам муҳаббатинг, истеъдодинг бўлсаю, оламда бунга лойиқ бир одам бўлмаса… даҳшатли-а?

Бриссенден асл одам. Ҳаёт устидан ҳам, ўлим устидан ҳам куладиган одам. У Мартин юрган йўлни босиб ўтган, ҳаётнинг абсурдлигини англаган ва унга тупурган одам. У Оскар Уайлднинг қаҳрамони Лорд Генрига ўхшайди. Мураккаб табиатли одамлар жўн лаззатлардан нажот топади. Чунки бу дунёда жонни тикишга, ҳаёт марказига қўйишга арзийдиган ҳеч нарса йўқ. Ҳаётнинг маъносизлигини тушуниб қолгандан кейин, абсурдни енгишда Сартр ижодни кўрсатади, Ҳессе эса ҳазилни, барча нарсанинг устидан кулишни. Камюнинг фикри эса Жек Лондонники билан бир хил чиқади – ўлим. Баъзан ўйлаб қоламан, Мартин Иден ва Жек Лондон яна бироз яшаса реализмдан чекиниб экзистенсиализмга ўтиб кетарди балки.

Бир куни бўталоқ она туядан сўрабди:
— Нимага бизни катта ўркачларимиз бор?
— Чўлда яшаганимиз учун сувни ғамлашга.
— Нимага оёқларимиз узун-узун?
— Қумда юра олиш учун.
— Нимага лабларимиз катта ва қўпол?
— Янтоқларни тортқилаб ея олиш учун.
— Лекин биз ҳайвонот боғида яшаймиз–ку! Булар нимага керак?

Яъни, сузиш қобилияти фақат сувда қадрлангани каби, Мартиннинг истеъдоди, унинг дунёқараши ўз вақтида қадрланмади. У бу жамиятга бегона эди. Бизни доим қандайдир мақсад бир жойдан бир жойга олиб келади. Мактабни тугатиб олай, ўқишга кириб олай, оила қуриб олай, машина олай, уй олай… бир мақсад фақат маълум жойгача олиб келади. Кейин янги мақсад қўйиш керак. Монтен айтганидай, фаолиятсизликда бахт йўқ. Ҳеч қачон асосийси мақсад бўлмаслиги керак. Ҳар қандай мақсад эришилгандан кейин ўз қийматини йўқотади ва аслида шунча ҳаракатга арзимаслиги маълум бўлади. Бахтга элтувчи йўл йўқ, бахтнинг ўзи йўл. Барча йўллар охир оқибат ҳеч қаерга олиб бормайди. Мартинни айни шу мақсадни идеаллаштириш хароб қилди. У ўзи ихлос қўйган жамиятга, севган қизга маъбудларга сиғингандай сиғинди. Хато мақсад қўйди ва шу мақсадга умрини тикди. У энди ўзи мансуб бўлган даврадан юқорилаган, уларга бегонага айланган бўлса, ўзи интилганлар ҳам арзимас одамлар, нарсалар эканлигини кўриб таянч нуқтасини йўқотиб қўйди. У бутун кучини сарфлаб тоғнинг энг тепасига чиқдида, у ерда ҳеч нима топа олмади, энди ортда қолган ер ҳам бегона эди. Бу дунёда умрни тикишга арзийдиган каттароқ ҳеч нарса йўқлигини англаш ва кундалик майда нарсалардан завқ ола билмасликдан даҳшатли ҳеч нарса йўқ.

“Ҳаётга интилмайдиган одам ўлимга йўл ахтара бошлайди”.

Илҳом Салимов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting