МЕН МАРЖОН ЭЛТАМАН ЧИҒАНОҚЛАРГА…

0
856

адабий-таҳлилий мақола

Маҳфуза Имомованинг ижоди билан анчадан бери танишман. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган шеърларидаги образ ва ҳолатлар бўйича мухтасар фикрларимни изҳор ҳам этганман. Бугун атай тараддуд қилиб, Маҳфузанинг шеърлари таҳлилига киришар эканман, унинг мураккаб тасаввур олами билан рўбару келдим. Шарқ ижодкор аёллари каби қаттиқ иҳоталаниш ҳам, замонавий дунё аёлларидек исёнкорлик ҳам Маҳфуза ижодига бирдай хосдир.

Хусусан, Маҳфузанинг нашрга тайёрланаётган “Дилрабо хаёллар” номли тўпламидан ўрин олган “Олтин балиқ” шеъри ҳақида профессор Дилмурод Қуронов “Маҳфузанинг “Олтин балиқ ўйлари” шеъри Пушкиннинг ўша машҳур эртаги контекстида англанади. Зеро, лирик қаҳрамон фироқдан келган дарду ҳасратини олтин балиқ бўлиб ифодалайди. Шу боис ҳам унинг, масалан, “Кўп тилак тилайсан, бажаролмайман, Надир истарингни шарҳлай олмайсан”, ‒ деганини фақат ўша эртак контекстида тушуниш мумкин”, — каби фикрларни айтади. Шеър шундай санъатки, уни ҳар бир ўқувчи ва ҳар бир мутахассис ўз тафаккурига кўра талқин этади ва айни мана шу хусусияти билан шеър, одатда янгиликка интилувчан, унутувчан табиатли инсоннинг ҳанузгача қизиқтира билса ажаб эмас. Профессор Қуроновнинг мазкур фикрларига қўшилган ҳолда, айтиш мумкинки, “Олтин балиқ” шеъри Маҳфуза ижодидаги энг кучли ҳайқириқлардан биридир. Ҳа, Дилмурод Қуронов таъкидлаганидек, шеър Пушкиннинг ўша машҳур эртаги контекстида тушунилади. Шоира мазкур поэма образлари орқали шум кампирнинг сабру қаноатсизлиги ҳақида эмас, шумлик ва хиёнатлар сабаб илма-тешик бўлган аёл қалбининг изтиробларини зўр маҳорат билан ёритади:

Бир денгиз тубинда хаёл сурарман,

Туртиниб турфа хил тошларга, гулга.

Ёдингдин мубарро ҳаёт сўрарман

Ва кескин бурилиб чиқарман йўлга,

Бир илинж бўлмагай бормоқларимдан

Ўзимни осгали қармоқларингга…

Узуклар ялтирар бармоқларимда,

Узуклар ялтирар бармоқларингда.

“Ўзимни осгали қармоқларингга” айни шу сатр лирик қаҳрамон қалбидаги андуҳлар сабабини бир мунча ойдинлаштиради: бу қармоққа асирликдан қачонлардир бахтиёр бўлган, энди у манзилларни кўзлаб қайта йўлга отланмоқ учун илинж топмаган қалб хаёллар денгизи узра қарқ бўлади. Кўп ҳолларда, аёллар ижодида жамиятда ҳар икки жинсга нисбатан муносабат ва эркинликнинг мувофиқ эмаслигига исён ва озодликка ташналикни кузатамиз. Маҳфузанинг “Олтин балиқ ўйлари” шеърининг иккинчи бандида “Сузарман ҳушимга келган ёқларга” сатрида эса аксинча, лирик қаҳрамоннинг ҳушига келган ёқларга бош олиб кета олишдек ўз озодлигига нисбатан исёни ифода этиладики, шоира аёлга эрк билан биргаликда баъзан тоъбелик зарурлиги ва ёлғизлик қўрқуви каби аёлликнинг муракаб оламини моҳирона тасвирлайди.

Келарлар ортимдан изғиб наҳанглар,

Мен маржон элтаман чиғаноқларга…

Бу икки сатр эса Олтин балиқнинг эрк ва ёлғизликдан қўрқуви сабабларидан бири наҳанглар эканини кўрсатади. Ҳа, кишилик жамиятининг ҳеч бир даврларида ёлғиз аёлга осон бўлган эмас. Унинг ортида ҳамиша ғийбат, уқубат, ноҳақ муносабат ва эркак деган наҳанглар ҳамиша бўлган. “Мен маржон элтаман чиғаноқларга…” Ҳа, унинг зиммасида шундай инжа вазифа бор.

Шўр денгиз тубинда ҳокимдир ғафлат,

Шўр денгиз тубинда нималар йўқдир?

Ҳа, одамзотнинг асрий армонлари, фироқ ва кўз ёшлари билан шўр денгиз мисоли гувраниб ётган бу дунё ғафлатга чўмгани шундаки, у ҳануз Аёлнинг ҳамиша оҳорли, ҳамиша латофатли қалбининг сир−синоатларини англаб етмади.  Шеър “Балиқлар ҳеч қачон йиғламас, бегим!”, сатри билан якун топади. Яъни шоира ҳали бу дунёда аёллар кўз ёши тўкмагани айтиб, шеърга ўзига хос якун ясайди.

Шунингдек,  “Келдим” шеърида  шоира турмушнинг турфа ҳолатларида қалб инъкиоси ва ҳар  лаҳзада қалб сезимлари билан  яшаш учун келганини айтар экан, шеърнинг сўнгги бандида  сўз, руҳидаги сўзга мафтунлик  боис бу дунёга ўз сўзини айтиш учун келганини камтарона изҳор этади:

Ер қаттиқ, кўк баланд, умр сарсари,

Юракда кўз очсин бари шодликлар.

Гўзаллик, муҳаббат, бахтдан ташқари

Сен мени айирма паришонликдан.

Келдим…

Йўқ, шоира бу шеърда асло ижодкорлик миссияси, ўзининг дунёга келмоқ сабаби ҳақида айтмаяпти. У сўзга ошиқлик ва ижодкорлик, ҳаёт узра ҳаёт яратмоқ миссияси барча инсонларга бирдек тааллуқли деб ҳисоблайди. Шеър матнида сўз ва ижод ҳақида гарчи бирон сўз айтилмаган эса-да, “паришонлик” сўзи шеър моҳиятини очиб берувчи калит сўз вазифасини бажарган. Айни бир сўз орқали Маҳфуза ижодни, яратувчанликни, ҳаётга мафтунликни, инсон қалбидаги яшаш иштиёқи ва оламда одам яралиши сабабларини айтиб бера олади.

Шунингдек, Маҳфуза Имомованинг:

Мен бахт билан ҳазиллашаман,

Гоҳ ухлайман унга суяниб.

Онамдай кўп тоқати билан

Сочларимни тараб қўяди.

Қувлашмачоқ ўйнайверамиз

Эрка гуллар арзандасидек.

Енгил-енгил қадам босаман.

Ва ёки:

Мен кўрган булутни танийсанми, айт,

Сенда ҳам тош каби қаттиқми дийда?

Дилимда исёнлар ёқалашган пайт

Оёғинг остига тўкилса жийда,

Ўриклар тўкилса…

Сарғарган қалбдай –

Мунаввар нигоҳинг тўсса-да шамол,

Минг йиллик узилган умидларимдай,

Илтимос, мен учун барин териб ол.

каби шеърларини таъсирланмасдан ўқиб бўлмайди. Шеърнинг ички руҳияти ундаги образлар кишини ўйлантиради. Бироқ бу шеърларни мутахассис назари билан ўқисангиз, мазкур шеърлар таҳлил учун бўшроқ экани кўринади. Ҳа, образли ва таъсирчан шеърни ҳам таҳлил қилиб бўлмайдими деган савол туғилиши мумкин. — Маҳфуза ёш шоира эмас. Шунингдек у истеъдодли ва билимли ҳамдир. Айни истеъдоди ва савияси ўлароқ ёзилган бу шеърларда ижодкорнинг муяйян бир мақсади йўқ. Сатрлар оша сочилган истеъдод ва тафаккур зарраларини бир чизиқ узра ушлаб турадиган ғоянинг йўқлиги эса шеърни тўлиқ идрок этиш ва анализ қилишга монеълик қилади.

Фақат хайрли мақсад билангина қўлига қалам олган киши истеъдод ва тафаккурсиз шеър ярата олмагани каби, бунинг тескариси билан ҳам бутун шеър яратиб бўлмайди.

Шоиранинг “Онамга хат” номли шеъри барча шоирларнинг онасига ёзилган хатидек, болалик хотиралари, қишлоқ ҳақидаги саволлар билан бошланади:

Супрада ун борми,

Қозончада ёғ,

Ёмғирда ҳўл бўлиб қолдими ўтин?

Кичрайиб қолгандек бугун ҳаммаёқ,

Онажон, орадан шунча йил ўтиб

Мени ҳам соғиниб кетгандир, қишлоқ?

Болалик ва қишлоқ мавзусида самимий  шеърлар кўп, албатта. Аммо бундай шеърлардаги сўзлар ҳам, юқорида айтганимиз каби саволлар ҳам, фалсафа ҳам ўхшаш. Маҳфузанинг лирик қаҳрамони онасига одатий саволлар билан мурожаат этар экан, кутилмаганда шеър якунида кутилмаган савол янграйди:

Она, уйимизда муҳаббат борми?

Одатий шеърнинг муваффаққиятини таъминлаган шу сўнгги сатрда шоиранинг саволлари хусусийликдан умумийликка кўчади. Ҳа, инсон қалби шаҳарга, қишлоққа, таниш−нотанишга, дўстга, душманга, ота−онага эмас муҳаббат манзилига талпинади.

Маҳфузанинг ҳазиломуз ёзилган қуйидаги шеърида айни муҳаббат ярашган ёшлик фурсатида севган ва севилган кўнгилларнинг айро тақдир йўллари севги каби самимий, ёшлик каби ўйноқи ва ўтмиш каби ҳазин қуйма сатрларда ўз аксини топган:

Сен уйланиб кетасан,

Мен ўйланиб кетаман.

Кейин бебахтлар ичра

Обрўйланиб кетаман.

Ҳар кўчадан паришон

Ахтараман изингни.

Сен эса исмим билан

Эркалайсан қизингни.

Умр ўтиб бородир,

Жонни титиб бородир.

Ёмон гаплар қулоққа

Дарров етиб бородир.

Куйдирар бу кечалар,

Ёндирар бу кечалар.

Авраб-авраб ўзгага

Кўндирар бу чечалар.

Истеъдодли шоира Маҳфуза Имомова ижодини таҳлил этар эканмиз, унинг ижодида Аёлга бахт соғиниш, энг латиф туйғуларни безавол асрашдек эзгу орзуларни кузатамиз. Албатта, Маҳфузанинг барча шеърларида ҳам умумбашарий ғоялар илгари сурилган ва барча шеърлари ҳам юксак бадият билан яратилган деган фикрдан йироқмиз.  Аммо шоиранинг биз юқорида айтиб ўтган ва бир мақоладагина айтиш имкони бўлмаган аниқ мундарижага эга бир қанча шеърлари борки, бу шеърлардаги ижодкорнинг маҳорати, тасвир эта олишгина эмас, ўқувчига инжа тасаввур эттира олиш иқтидори ва ўзига хос поэтик тафакури Маҳфуза Имомова бугунги адабий жараённинг илғор вакилларидан бири деб баҳоланишга муносибдир.

Дилфуза Авазова,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети таянч докторанти

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting