Дарвешми, мажнунми, ошиқми?..

0
873

(Жонтемир Жондор ижодига чизгилар)

***

Шоирга қандай шеър ёзишни ўргатиб бўлмайди. Бу худди бўй йигитга муҳаббат изҳорини ўргатишдай гап. Барибир, у қизнинг олдига борганда ёд олган барча сўзлари ёдидан ўчиб кетади ва юрагида нима бўлса ўшани айта олади, холос. Шоир ҳам қалб туғёнларини қоғозга кўчирар экан, ўз руҳий оламидан, фикр доирасидан юқорлай олмайди. Шеър санъатини қай даражада мукаммал ўзлаштирган бўлмасин, истеъдодидан баланд ёза олмайди. Шундай экан, унга ашъорини қай маҳал қандай шаклда ёзишни таъкидлаш ортиқча. Шоир ҳам бу борада бировдан маслаҳат олиш, кимгадир ҳисоб беришга мажбур эмас. У ўзини қанчалик чекласа, шунча кўп шеър йўқотади. Аммо яна бир нарса борки, шеър ёзилиб, матбуотда ёки бирор ижимоий тармоқда эълон қилиндими, энди у халқ мулки саналади. Айтилган гап отилган ўққа қиёс қилингани каби эълон қилинган шеър ҳам камонидан узилган пайкон мисоли ортига қайтмайди. Уни ҳар ким истаганча муҳокама этишга, ўз билганича тушунишга ва талқин этишга ҳақли. Бунинг учун шоир жиғибийрон бўлиб ўтириши ножоиздир. Айрим шоирлар “шеърият кўнглимнинг мулки, мен фақат кўнглим учун ёзаман”, деб шеърларини муҳокама қилаётган ўқувчини тушунмаганликда, омиликда айблайдилар. Бу нотўғри. Фақат ўзи учун ёзилган бундай шеърни эълон қилмай қўяқолиш мақсадга мувофиқ ва бундай шоирлар ҳам кам эмас. Айтмоқчиманки, биз шеърларини муҳокама қилмоқчи бўлаётган ва айрим танқидий фикрларни ҳам билдиришга чоғланган ёш шоирлар биздан ранжимасин. Биз халққа тақдим этилган ва ҳамманинг мулки бўлган ашъорларни таҳлил этмоқчимиз ва бу билан ўзбек шеъриятининг савияси ва даражаси янада юқорилаши тарафдоримиз.

***

Ёш шоирлар орасида Жонтемирнинг шуҳрати тенгқурларига нисбатан юқорилаб кетгани рост. Шеър ихлосмандларининг аксарияти унга мухлислик қилади. Айниқса, ўтган йили “Дуэл” баҳсида биринчи ўринни қўлга киритгани, “Дарвеш қўшиқлари”нинг нашр этилиши унинг обрўсини янада юксакка кўтариб юборди. Жонтемирнинг ўзи биладими йўқми, бугун катта-катта адабий давраларда эл таниган устозлар ҳам унинг исмини ўзгача ҳурмат, юксак умид билан тилга олмоқда. “Сочини, соқолини ўстириб юрадиган, бир дарвешсифат шоир”, “шеър ўқиганда Маяковскийни ҳам ортда қолдирадиган ижодкор”, “бу дунёнинг қолипларига тушмайдиган истеъдод”, “ўз олами, катта дарди бор талант” каби сифатлар унинг шаънига айтилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Мен эса Жонтемирнинг у қадар катта дарди бор деб ўйламайман. Унинг қалбидаги дард ўзиники эмас, у сизники, бизники, халқимизники… Шоирнинг ўзига қўйиб берсангиз, унга ҳеч нарса керак эмас. Кўчада ётиб ҳам кун кўриб кетаверади. Лекин бир дардли кўнгилни учратиб қолса, дарров ўзига юқтиради. Оламга жар солади. Навоий ҳазрат айтганларидек, “Менга қилса минг жафо, бир қатла фарёд айларам, Элга қилса бир жафо, минг қатла фарёд айларам”. Мен ҳам Жонтемирни шундай деб ўйлайман.

Шоирнинг шеърларини англаш учун унинг ўз оҳангини топиш ва ўша ритмга мос нола қила олишингиз керак. Мана, унинг “Дарвеш қўшиғи” шеърини бир ижро қилиб кўринг:

Товоним майсани эркалаб,

Туфроқнинг тегади ғашига.

Ёмғирли булутни елкалаб,

Кетяпман Кар Бало даштига.

Ла-ла-лай-ҳо-о лалалай!

Ошиқман ой билан ўпишиб,

Гуноҳин совурган шамолга.

Пулсирот устида топишиб,

Ғилмонга чорлаган аёлга.

Ла-ла-лайҳо-о лалалай!

Шеър тилингизда қўшиқдай янграйди. Бадиияти, руҳияти билан сизни ўзига тортади. Инсон “Ла-ла-лайҳо-о лалалай!”, деб дунёдан қўл силташи учун донишмандликнинг қайси даражасига етиши керак? Аслида дарвешлик ҳам киши камолотининг энг юксак чўққиларидан бири саналади. Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида дарвешга қуйидагича таъриф берилади: “Дарвеш улдурким, бўлғай ризоандеш, агар ичида бўлса юз ниш тоши бўлғай марҳамойин ва маломаткеш. Дарвеш керакким, сидқу фано тариқин тузгай, ўзин нечукки, бор андоқ кўргузгай… Ичи тоши била мувофиқ, балки ортиғроқ, ботини зоҳири била мусовий, балки ёруғроқ”. Дарҳақиқат, адабиётда дарвеш фароғат гўшасида сокин, қаноат хазинаси соҳиби, мартабада султондан юксак, маънавият подшоҳи, ўз юртида мусофир, хирқапўш сайёр сифатида қаламга олинади. Бу даражага етишган одамгина қуйидагича нола қила олади:

Чанқаб келдим масиҳ булоқ,

Заҳар тутсанг

Ичсам-болдир.

Ўнгда гуноҳ,

Сўлда гуноҳ,

Сендан кечиб, Сенда қолдим.

Сулув-сулув жинзодалар,

Ётоғига тортар ҳа деб.

Чинқираман: вой, ложарам,

Менга очлик қўналға деб.

Шеърдаги ўзига хос ўхшатишлар, бадиий ифодалар унинг юкини янада оширади. “Сендан кечиб, Сенда қолдим”, “Азобидан томар маза”, “Шаффоф тан”, “пардай бўшлиқ” каби ибораларни шунчаки ўқиб кетиб бўлмайди. Кишини мулоҳазага, ўйга толдиради. Шеър тадрижий равишда ривожланиб, дарвешликнинг моҳиятини очиб боради. Балойи нафсни тийиш, дунё неъматларидан кечиш, Ҳаққа интилиш, танни шаффофлаштириш – ич билан ташни бирхиллаштириш, гуноҳларсиз нафас олишга интилиш кабилар айнан дарвешнинг муддаоси экани ойдинлашади.

Жонтемир ижод палласида дарвешга айланиб қолади, десак янглишмаймиз. Буни шеърларидаги ўзига хос жунунлик, ташқи оламни буткул унутиб, ички дунёга шўнғиб кетиш, оламни қандай бўлса, шундайлигича идрок этишида ҳам кўриш мумкин. Аммо айрим ҳолларда бу жунун таъсирими, кейинги таҳрирлардаги эътиборсизликми, ўринсиз жумлаларга ўрин бериб қўйганини ҳам кузатамиз. Масалан, “Мажнун” шеъридаги “Елкамнинг чуқурин ковлайман”, “Илдизим Иблиснинг бўғзида”, “Ҳазратим…” деб бошланадиган шеърдаги “Айюбдек қуртларин тўксину кир нафс”, “Гўянда” шеъридаги “Киндигимда зилзила”, каби мисралар ўз ўрнига тушмаган, ташимоқчи бўлган маъно ҳам чиқмаган. Уларнинг ҳар бирини алоҳида шарҳлаш кўп жой олишини ҳисобга олиб, биратўла ўша жумланинг ўзини келтириб қўя қолдик. Қизиққанлар аслини топиб ўқиб олишар.

Шоирнинг илк шеърий китоби “Дарвеш қўшиғи” деб номлангани бежиз эмас. Чунки унинг айни шу йўналишдаги шеърларида ҳеч кимга ўхшамаган Жонтемирнинг ўзи намоён бўлади. Машрабона, Яссавийнинг халқчиллиги йўғрилган тасаввуфий ижод намуналари унинг йўли айни шу йўналишда эканини кўрсатади. “Мажнун” шеъри ҳам шоирнинг ана шундай ютуқларидан биридир. Унда ўзию дунёдан кечган, дарвешдан-да дарвешроқ мажнуннинг руҳий ҳолати акс эттирилади. Мажнуннинг нафсига мурожаатини бир кўринг:

Сочимдан тортқилар оч, нафсим,

Бўйнимга осилган бож, нафсим,

Иймоним тирилмай қоч, нафсим,

Қаноти кенглар-да етолмас,

Сен билан киритмас фирдавсим.

Ёки мана бу жумла ҳам маънисига етиб ўқиган одамнинг этини жимирлатиб юбориши шубҳасиз.

Кўппаклар, ортимдан эргашманг,

Мен юрар йўлларда суяк йўқ.

Чопоним барига тармашманг,

Тилим тош, руҳим сув, этим чўғ.

Беш қисмга бўлинган асарнинг ҳар бир бўлаги ўзига хос оҳанг, қофия ва ритмга эгалиги ва шунга мос маъно ташиши билан ҳам эътиборли. Аслида, ҳақиқий шеър шундай бўлади. Кайфиятига қараб ритм ва қофия танланади. Бунда ҳам биринчи ва иккинчи қисмлардаги кайфият жуда ўйноқи, бироз кўтаринки ва шунга мос ритм танланган бўлса учинчи қисмда юрак ҳовуридан тушиб, енгиллашади. Шеър ритми ҳам шунга монандлашади.

Руҳимни жойлаган най чалиб,

Шул сабаб юрарман чайқалиб,

Қай оқшом ногаҳон пайқадим –

Ошиқман!

Учта туроққа бўлинган ритм ва “чайқалиб” сўзининг қўллангани ҳам руҳий мувозанатнинг бироз енгиллашгани ва сокинлашганини англатади. Бу эса такрорланувчи сатрда таъкидланган ошиқларга хос ҳолат.

Тўртинчи қисмга келиб шеър ритми яна ўзгради. Биринчи қисмдаги каби шиддатли тус олади. Чунки бу ерда ҳам исён бор. Нафсга қарши, сохтакорлика қарши исён. Шу билан бирга, дилда нафрат ва аламзадалик ҳукмрон.

Қорайиб, бижғиган кўнгиллар,

Юкунинг, нафс бўлгай чилпарчин…

Якуний қисмда руҳий ҳолат яна бироз сокинлашади. Чуник у барча нафсу кирларини енгиб ўтган, нурдан боқий таҳорат оладиган Мажнунни таний бошлайди, унга ҳавас билан термулади.

Жонтемир ижодининг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда кутилмаган ўхшатишлар бисёр, аёвсиз танқид кучли, ҳақиқатдан-да устун реаллик намоён бўлади. Шоир кўнглини борича оча олади ва китобхонни ўзига маҳлиё қилади. Биргина “Жўрам” шеъридаги қуйидаги банднинг ўзида қанча ўхшатиш, қанча бадиий ифода мужассам:

Айтганингдек

Калапўшингдан тор экан дунё,

Чопонинг баридек кенг экан дунё.

Бир чақага арзимас, гоҳо

Минг тиллога тенг экан дунё.

Мен буни кеч англадим,

Билсам-да парво қилмасдимми ё?!

Ёки ана шу шеърнинг ўзидаги “Кулдонга босилган афсусларга боқ…”, “Шиша синиғидек ботар бўғзимга, Сенсиз ютилётган бир бурда оқ нон” каби ўхшатишлар шоирнинг юксак маҳоратидан дарак беради.

Бундан ташқари, “Ғижимлайди онгни аямай”, “Олам аҳли мағлубу Мозористонлар ғолиб”, “Мендан чиқиб кетдию Раҳмон, Ботинимда қўпди тўнғизим”, “Дунёни иштаҳа билан ғажийман. На у емрилади, на нафсим тўяр”, Вулқонлар ўқчийди, Булутлар кўпчир, Чақмоқ тун кўксига тортар ханжарин”, “Ўзимга етганим – Сирга етганим” каби мисралар борки, уларни Жонтемирдан бошқаси ёзишига ишониш қийин. Бу мисралар шоирнинг ўз йўлини топганини, ўзгаларга ўхшамаслигини англатиб туради.

Жонтемирнинг шеърларини ўқиб, кўнгилда туғилган яна бир мулоҳазани айтмасам бўлмайди. Шоир сўзни мўътабаар санаб, уни ўқувчининг ғашига тегмайдиган тарзда қўллай олиши, иложи борича яхши сўзларни ишлатиши, ёмон сўздан қочиши лозим, деб ўйлайман. Жонтемир эса илҳом талвасасида баъзан кишининг ғашига тегадиган, кўнглини айнитадиган сўзларни ҳам қўллайдики, шеърнинг софлигига путур етгандай бўлади. Балки, шоирнинг мақсади ҳам шудир, аммо айни шу туйғуларни, ҳолатларни бошқа сўзлар билан ҳам ифода этса, ундан-да таъсирлироқ бўлиши мумкиндир, эҳтимол. Жумладан, “булғанч қўл”, “йиринглаган елкасининг яғрини”, “Ҳаром туғилганлар, ҳаром қотарсиз”, “Илдизи жаҳаннамнинг балғамидан тўйинар”, “Чилдўхтарон қудуғида Чириб ётган каллалар. Афтин босиб қусуғига, Ириб ётган каллалар”, “Қўтир тошган миллат юзини” каби сатрлар борки, ўқувчининг таъбини хира қилади. Кўнглини беҳузур қилиб, ижирғанишга сабаб бўлади. Менга қолса, бундай сўзлардан фойдаланмасдан, шеърнинг софлигини сақлаган маъқул.

Аслида бир шеърнинг ўзини катта бир мақола қилиш мумкин. Бир шоир ижодини юзлаб илмий диссертацияларга мавзу қилса арзийди. Жонтемир ижоди ҳам ана шундай кенг ва баракали ижод саналади. Энг муҳими, бу ижод айни авж палласида ва шиддат билан давом этяпти. Ҳали бу ижод намуналари жуда кўплаб тадқиқотларга манба бўлади, деб ўйлайман. Дўстимизнинг ижодига омадлар тилаб қоламан.

Мақола сўнгида яна бир нарса ёдимга тушиб қолди. Шоир ижтимоий тармоқларда Жонтемир Жондор таҳаллуси билан ижод қилади. Тилимизда барча тирик мавжудотларга, тирикликка нисбатан жондор атамаси ишлатилади. Дунёга келишдан мақсад ҳам асли киши ўзининг тириклигини, борлигини кўрсатиш, миллиардлаб одамлар ичига аралашиб, йўқ бўлиб кетмасдан ўзини намоён қила олишдан иборат деб ўйлайман. Жонтемир Жондор ҳам ўзини намоён этишдан, тириклигини, мавжудлигини ва кимларнинг авлоди эканини исботлашдан чарчамасин!

Бекзод ИБРАГИМОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting