Бир китоб: икки фикр

0
882

«KARA» китоби ҳақида Гулноз Мўминова фикрлари:

Нодирабегимнинг “Кара”, яъни “Қора” тўплами адабиётимизда кутилмаганда пайдо бўлди. Унгача шоиранинг шеърлари саноқли одамларгагина маълум эди. Турк тилидаги бу ихчам тўпламга 60га яқин шеър жамланган. Бу шеърлар шуниси билан эътиборлики, уларнинг бирортасини ўқимай ўтиб кетолмайсан. “Диалог” ва “Қон бор бутун сўзлар ортинда” каби шеърларни тўпламнинг очқичи дейиш мумкин.

Умид йўқ дедим,
Пуч гапни қўй дедилар
Бахт йўқ дедим,
Ҳаётга бежиз чидаяпмизми дедилар.
Ишқ йўқ дедим,
Ёлғизлигингни қуч дедилар
Тангри йўқ дедим,
Осий
Жаҳаннамда ён дедилар,
Омин дедим.
Мен йўқман дедим
Борлигингдан наф йўқ дедилар
Мени қутқаринг дедим
Аллоҳ сени қўлласин дедилар
Аллоҳингиздан топинг дедим
Омин дедилар.

Одатда шеър ёзаётган аёл, агар у шарқ хоними эканлигини унутиб қўймаса, ўзини тўлиқ фош қилмайди, албатта ниманидир беркитиб қолади. Бундай истиҳола азалдан мавжуд. Айни мана шу истиҳола кўпинча шеърнинг қиёмига етишига халал беради.

Бироқ кейинги йилларда шеъриятимизда ҳаққонийликни ҳар турли истиҳоладан устун қўядиган жасоратли шоиралар пайдо бўлди. Мен бу ўринда биринчи навбатда Тилланисо ва Башорат Отажоновани мисол келтирган бўлар эдим. Бу сийрак сафда Нодирабегимни ҳам кўриш мумкин.

Нодирабегим билан илк танишган пайтларимиздаёқ унинг яширинча шеър ёзишини кўнглим сезарди. Лекин у шоирлик қобилиятини анчагача сир тутиб юрди. Токи қалбидаги исёни етилмагунча, ҳаёт ҳақида ўйлаганларини бошқаларга ҳам билдириш, ўзини фош этиш истаги пайдо бўлмагунча, ҳатто ижтимоий тармоқда ҳам шеърларини эълон қилмади.

Мен фақат бир саволга жавоб топишни истайман: нега у она тилида эмас, турк тилида ёзади? Англашимча, Нодирабегимнинг туйғулари туркча сўзларга, туркча оҳангларга кўпроқ мувофиқ келади. Шеърларнинг аслиятдаги матнини Рафиқ Ўзтурк таржимасидаги матнлар билан ўзаро солиштирганда, айни ҳолатни сезиш мумкин. Албатта, бу Рафиқнинг таржималарига нисбатан танқидий қараш эмас. Таржималар жуда яхши чиққан. Лекин шеърни аслиятда ўқиш барибир бошқача.

Нодирабегим шеърларида бир қарашда энг оддий нарсалар ҳақида ёзаётгандек таассурот қолдиради. У чизган тасвирлар, у ифода этган ҳолатлар ҳаммамизга таниш. Бироқ поэтик хулосалар Нодиранинг ўзигагина тегишли. Мен баъзан унинг шафқатсиз ва совуққон хулосаларидан, тап тортмаслигидан даҳшатга тушаман. Шу ўринда шоиранинг “Туш” шеърини мисол келтирсам:

Бир уй тебранар осмон арғимчоғида
Бир-бирига чопган ошиқлар мувозанат сақлай олмай
йиқилар
Кўзларингни очолмайсан, очган заҳотинг
Қора булутларнинг
Бошинг узра ёприлганини
Ва сочларинг орасига шамолнинг
Қайғу уруғини экканини кўрасан
Деворга суяниб тиз чўкарсан
Ҳозирлангани каби саждага қулнинг
Тилингга на ишқ на илоҳ инар… танглик…
танглик
танглик

Бир-бирига чопган ошиқларнинг мувозанат сақлай олмай йиқилиши, шамолнинг сочлар орасига қайғу уруғини экиши дафъатан буюк телба Фўрўғ шеърларини эслатиб юборади.

Шундай шоирлар борки, улар қофия билан мутлақо келиша олишмайди. Қофия гарчи шеърнинг оддий бир қоидаси бўлса ҳам, улар учун бир девордек, чекловдек туюлади. Бу тойифа шоирлар сарбастда сувда сузаётган балиқдек яйраб ёзадилар. Худди Нозим Ҳикмат, Фўрўғ Фаррухзод, Аҳмад Шомлу, Суҳроб Сипеҳрий, Вислава Шимборска, Ҳалина Посвятовска, Жамол Сурайё ёки Дидем Мадак сингари. Нодирабегим ҳам қофия билан келишмайдиган шоирлар жумласидан. У ўз соҳибаси каби ҳур, табиий ва содда туйғуларини эркин ифода этишни маъқул кўради. Яна бир мисол келтираман:

Манзара
Бир стакан сув ол
сигарет илаштир
ёнингда бир қоғоз
ва қалам бўлсин
Ёмғир деразага юзини урсин
сен ёз
Тепа қаватдаги қиморбоз қўшним
Минғирлайди
Қоронғи кечага қоришиб кетар
хотинининг изтироблари
қулоқларим остида маъсум хотиннинг
«Мени ҳам қиморга тикар бир куни» деган овози

Таъкидлаш зарурки, шоиранинг поэтик луғати анчагина дағал. Аслида ҳам ҳаққониятни баъзан дағал, баъзан очиқ, баъзан ўқувчини сескантириб юборадиган яланғоч жумлаларсиз тасвирлаш қийин. Зеро, ҳақиқат яланғочликни тақозо этади.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлашни истардим, Нодирабегимнинг бир оз қўпол шеърий луғати шеърларидаги кечинмалар ифодасининг нафислигига дахл қилмайди. Бунга “Қора” тўпламидан анчагина мисоллар келтириш мумкин.

Нодирабегим яхши кўриб ўқийдиган тентак шоирлардан бири Чарльз Буковски, ўзининг ёшлик шеърларини ёдга олар экан, шундай деган эди: “Мен бу шеърларни бир нафасда ёзганман, кейинчалик нафақат бирор сатрни, ҳатто бирор сўзни ҳам алмаштирганим йўқ. Ёшлик шеърларимни сира таҳрирламадим, қайта кўчиришга ҳам зарурат туғилмади. Агар қайсидир мисрам ёқмай қолса, уни устидан бутунлай бўяб чиқардим, холос. Бир сафар шундай бўлдики, бир адабий журнал шеърларимни шу ҳолатда, яъни устидан бўялган мисралари билан бирга чоп этди. Ҳозир илк шеърларимни ўқиркан, ўша кезларда нисбатан аниқ нарсалар ҳақида ёзганимни англайман”.

Ўйлайманки, Нодирабегим ҳам қачонлардир ёшлик шеърларини ўқиганда, шунга ўхшаш фикрга келади. Мен бир ўқувчи сифатида ундан нафақат шеърлар, балки пухта таржималар ҳам кутиб қоламан. Истардимки, у турк шеъриятининг Жамол Сурайё, Дидем Мадак, Нозим Ҳикмат, Аҳмед Ориф, Шукри Сунай Оқин ва ҳали биз билмаган яхши шоирларидан кўп-кўп таржималар қилса, бизни турк шеърияти билан яқиндан таништирса…

“Кара” тўпламининг ҳам, Нодирабегимнинг ҳам йўли оқ бўлсин.

***

Дилфуза Бону Авазованинг фикрлари:

Сўз, тафаккур, образ ва оҳанг бузилганида…

Яқин бир неча кун ичида бир қанча баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган Нодирабегим Жамалованинг “Кара” китобига Гулноз Мўминованинг ёзган сўзбошиси ҳақида ўзимнинг қисқача фикрларнимни айтиб ўтмоқчиман.

Эътироф этиб ўтишим лозимки, мен турк тилини билмайман. Шунингдек, “Кара” китобини ўқимадим ҳам. Бу китобга Гулноз Мўминова ёзган сўзбоши ва унда келтирилган шеърларни ўқидим. Шундан сўнг қизиқсиниб тўпламнинг ўзбек тилига ўгирилган шеърларини кўриб чиқдим. Мен бу каби шеърларни барча даврларда ҳам ёзилиши мумкин деб ҳисоблайман. Адабий қонун-қоидаларни рад этувчи бундай шеърлар алалоқибат адабиётшуносларнинг мақолаларидагина ўзига хос тажриба сифатида санаб ўтилади, холос. Адабиётшунослик фани тарихида бу ҳол кузатилган ва бу жараённинг давом этиши табиийдир.

Тўпламдаги шеърларга нафақат, ўзбек ва балки жаҳон адабиёти дурдона асарларига хос баҳо берган Гулноз Мўминовага менда бир қанча саволлар бор.

Муаллиф кўнгли буюрганича ёзишга ва қайсидир жанрга мансублигини, яъники бу шеър деб айтишга ҳақли. Аммо ёзилган бадиий асарга баҳо беришда ва унинг жанрини эълон қилишда эҳтиёт бўлиш керак. Шу ўринда, мен мутахассис сифатида Нодирабегимнинг Гулноз Мўминова томонидан мисол келтирилган қораламаларини шеър эмас деб айтаман. Ва Гулноз Мўминовага шундоқ ҳам маълум бўлган, лирик жанр, хусусан шеър учун лозим бўлган адабий-назарий қоидаларни эслатиб ўтаман.

Гулноз Мўминовага кўра, қофия шеърнинг оддий қоидаси. У жаҳон адабиёти вакилларидан баъзиларини номларини санаб ўтиб, қофиясиз шеърлари билан ҳам катта ном қозона олганликларини таъкидлайди. Шу ерда бир масалага ойдинлик киритиш лозим:

Нодирабегимнинг шеърларини олқишлаётганлар, жумладан Г.Мўминова ҳам бадиий асар структурасини ташкил этувчи мазмун, шакл ва эстетик нутқ каби талабларни ижодкорга эркига дахл этиш деб тушунар экан, инсон ҳамма чекловлардан озод бўлганидагина ҳақиқий санъат асари яралишига ишонар экан, бу фақат Нодирабегим учун тўшалган “қизил гилам”ми ё барча ижодкорларга хосми?

Айтайлик, Муҳаммад Исмоилнинг қўшиққа айланган ва машҳур ҳофиз томонидан куйланган “Мени кучлироқ сев” деб бошланувчи (балки давом этувчидир) шеърини М.Исмоил шеър деб эълон қилган. Нодирабегимга берилаётган ҳуқуқ Муҳаммад Исмоилга ҳам хос ва у ҳам  кўнгил изни-ла ёзганини иддао қилиши мумкин. Ёки оммавий танқидга учраган ва ҳатто ўзига хос латифага айланиб кетган Аҳад Қаюм ёзганларини азбаройи кўнглидан чиқариб ёзган бўлса ҳам уни бадиий асар деб баҳолаш мумкинми?

Шеър инсон ҳис-туйғуларининг маълум бир тартибга солинган ритмик ифодасигина эмас. Шунинг учун ҳам қофия билан ёзилган ҳамма нарса ҳам шеър бўла олмайди. Ё ким нимани ёзса шуни адабиёт-кўнгил мулки деб қабул қилиш керак, ё ҳар қандай санъат асар каби бадиий асар ҳам маълум бир тизим ва тартибга эгалигини тан олиш керак.

 Гулноз Мўминова “Таъкидлаш зарурки, шоиранинг поэтик луғати анчагина дағал. Аслида ҳам ҳаққониятни баъзан дағал, баъзан очиқ, баъзан ўқувчини сескантириб юборадиган ялонғоч жумлаларсиз тасвирлаш қийин. Зеро, ҳақиқат ялонғочликни тақозо этади.”,─ дея ёзади. Мен эса шарқ хонимларига хос бўлмаган жасорат билан қофия ва бадиий нутқсиз бу ёзилмаларни шеър деб ҳисобламайман. Шунингдек, “Кара” тўплами сўзбоши муаллифи ёзади: “Нодирабегим шеърлари бир қарашда энг оддий нарсалар ҳақида ёзаётгандек таассурот қолдиради. У чизган тасвирлар, у ифода этган ҳолатлар ҳаммамизга таниш. Бироқ поэтик хулоса Нодиранинг ўзигагина тегишли”,─ дея қуйидаги мисолни келтиради:

Бир уй тебранар осмон арғумчоғида
Бир-бирига чопган ошиқлар мувозанат сақлай олмай йиқилар
Кўзларингни очолмайсан, очган заҳотинг
Қора булутларнинг
Бошинг узра ёприлганини
Ва сочларинг орасига шамолнинг
Қайғу уруғини экканини кўрасан
Деворга суяниб тиз чўкарсан
Ҳозирлангани каби саждага қулнинг
Тилингга на ишқ на илоҳ инар…танглик…
танглик
танглик

Гулноз Мўминовага Фўруғнинг шеърларини эслатган бу ёзилмада поэтик хулоса мавжуд эмас. Агар назарий қоидалардан келиб чиқсак, бу ерда муллифнинг ички диалогини кўрамиз.

Яна бир марта таъкидламоқчиманки, Нодирабегим адабиётшунослар ва ёки бошқалар шеър деб тан олмаганда ҳам бу ёзилмаларни шеър деб эълон қилишга ҳақли. Гулноз Мўминова эса бу ижодкорни ва унинг ижодини ҳар қанча ижобий қабул этмасинки, кенг жамоатчиликка ё муаллиф шеър деб атаётган деб изоҳ бериши ва ёки бу ёзилмаларнинг шеър эканлиги ва ундаги поэтик тасвир ва хулосаларни исботлаб бериши керак. Ваҳоланки, Г.Мўминова эътибор қаратган ёзилмаларнинг бирортасида бундай унсур мавжуд эмас.

Мен инсон сифатида, Нодирабегимни ичидаги шакли-да, мазмуни-да мавжуд бўлмаган эмоциялардан тўплам шаклида халос бўлгани билан табриклайман. Зотан, инсон организми Худонинг қудрати билан шундай ақлли яратилганки, заҳарланган одамда ўқчиш, қусиш пайдо бўлади. Ҳа, бу ёқимли ҳолат эмас. Аммо инсон саломатлиги барчамиз учун муҳимдир.

(Мен Г.Мўминовани инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Бу эътирозлар асло Гулноз опанинг шахсиятига эмас. Барча фикрлар “Кара” тўплами ва сўзбоши аспектида тушунилсин, илтимос.)

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting