Банг Ай Тхо. Шеърлар

0
216
ko'rishlar soni

Банг Ай Тхо — Вьетнам шоираси ва рассоми. 1958 йилда таваллуд топган. Вьетнам ёзувчилар асоссиацияси аъзоси.

Танланган шеърлар

(Selected poems)

  Хайрли тонг

(Good morning)

Хайрли тонг сенга жажжи қўриқчи

Яхши ўтдими ортда қолган тун?

Уйқусираган дарахтзор ичра

Қушлар чуғурлар тонгни қаршилаб.

Ҳар кун бошқача кўринади дард

Ҳаёт чарчатар кўп марта, тез-тез.

Эрталаб, чошгоҳ… хамиртурушга

Айланиб қолар қоришганча вақт.

Тунда ортимга ташласам назар

Базўр танийман ўзимни ўзим.

Хомхаёл билан уйғундир олам

Орзунг эргашар эсган шамолга.

Йўқолар ҳар кун қайғули излар

Иккиланишлар ўлганда илкис.

Тушимга кирар салқин кўк дарё

Кўкдаги озғин оймомо ўхшар.

Ғира-шира пайт юлдузли дала

Ҳосилин йиғар кумуш ўроққа.

Уйғон, қаддингни тутгин янгитдан

Ҳар бир соч толанг кундан умидвор.

Юмулиб бўлган тугун каби тун

Кун тараддудда солишга шовқин.

Шунда ҳам нечун сувнинг томчиси

Шилдираб овоз чиқармас ҳаргиз?

   Ўхшаш кун

(A day like that)

Атрофда ҳукмрон жазирама ёз

Ошиқ қолдирган бўса изидек

Ёлғизлик эмас диққатга молик

Истайди сайру- сайёҳатни дил

Қуёш, шамолли ўлкалар бўйлаб.

Нигоҳ йўқ бўшлиқ сари қадалган

Маъюс кўзларда зоҳир қўпол вақт

Чунки билмайсан недир тусланиш

Қалқиб чиқмаган донишлигинг ё.

Осмон ва замин билмас чегара

Етмаган чўққи сари қадамлар

Хиёнат кутмас афсонавий юз

Ишққа безанган, қара, митти кун.

Чошгоҳ пайтида қуёш хониши

Таралар ҳар бир кафтдек барг узра

Сочларинг ўйнар эркалаб шамол

Тошқиндек чиқар бўғзимдан қўшиқ.

Кун келар қуёш уфққа ботади

Нур сочар хира яқиндек кузак

Ном қўйилмаган ҳали тариқдек

Ишқни мақтаб қўй, эй инсоният.

Муҳаббат

(Love)

Ошиқ аҳлининг босинқираши

Ё яшаши топиб ҳаловат

Топади ўз ифодасини

Эркакнинг хўрликка чидолмай фарёд

Уриши-ю

Ёстиқ ҳамда тўшакка

Кўчган эр-хотин муҳаббатида.

Суянишга арзир тўй куни

Келин юзидаги тўрни ноҳақлик

Таъқиб қилади

Сарфлаш учун ғўр танага мисра

Бир томонга эгилар бошлар.

Белгилар Қақнус қовушиш кунин

Саройидан доно бўлгани учун

Мосуво бўлган Бузруквор Қирол

Фарқ қилмас сеҳрли камондан сира.

Ҳаётни сев

Ажалга сингиб кет дея

Адолат истаб кезинар арвоҳ

Ота муҳаббати мажақланган зулматда

Бўзариб кўтарилар сув сатҳи

Ғазабга минар тўлқинлар.

Йиғлайман сўнгги бор отамга боқиб

Ҳис қиламан унинг оғриғин

Нафас ростлар шамол руҳи-ю ёмғир

Қадрдон отам,

Қурбон бўлди сиз билган Чау.

Қизғиш эди қизгина қони

Падар танаси мотамга чўккан

Тизгинини йўқотди Шарқий денгиз

Ишқни қўмсаб йиғлайди иблис

(Аҳмоқона телбалик)

Бир жуфт ёш вужуд ичига

Ёрқин фируза тош беркинар теран.

Қўҳна сўзлар

Қайтар кўҳна шаҳарлар томон

Ўрар қизил ипак танани 

Бурқсаётган хушбўй тутун-ла.

Қоя четидаги мох босган қирғоқлар

Гуллар униб-ўсмоғи учун

Симирганча ҳаётни

Яшнар ёмғирга бўккан ҳолича.

Галлюцинация ҳақида туш

(Delusions dream)

Туш кўрдим ғайриоддий қандайдир

Бўлишган эмиш унда одамлар 

Яхши- ёмони бир тану бир жон

Юлдузлар тўла осмон куйлармиш

Ашуласини чароғон туннинг

Барглар шивирлар сукунат ичра

Ҳуркитибгина митти қушларни.

Туш кўрдим ғайриоддий қандайдир

Хафсаласи пир бўлиб қалбимни

Ташларди кимдир нимта-нимталаб

Танам-чи қотиб қолгандек эди

Хушбўй нарсалар ис-ифоридан.

Терим остига кирарди сизиб

Янги наматнинг шитирлашлари

Самонинг изму-ихтиёрига

Ёввойиларча кўчгандим қайта.

Кўзга кўринмас туш мақомида

Бу кулранг тушлар энди ҳеч қачон

Улуғвор кўкни қоплаган юлдуз

Туман ичида бўзаради тонг

Новча дарахтлар қушларга эрмак.

Залворсиз эшик тавақасини

Тақиллагани мени шод этар

Қани, уйғонгин! Уйғон… янги кун

Кўча тарафдан эшикни қоққан

Нима эди у?- Фақат туш эмас.

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржимаси

Translated into Uzbek by Sherzod Artikov

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting