“Сўнгги бандигача куйди Шодмонқул”

0
953

  Очиғи, Шодмонқул Саломнинг шеърлари ҳақида мақола ёзмоқчи эмасман. Бу жуда қийин иш. Кўп вақт керак. Уни ўқиш керак. Ҳаммасини ўқишга улгурмайман. Тинмай ёзади. Зўр ёзади.

Шодмонқул Салом XXI асрнинг Абдулла Орипови, XXI асрнинг Шавкат Раҳмони, XXI асрнинг Муҳаммад Юсуфи десам ҳам бўларди, аммо айтмайман. У XXI асрнинг Шодмонқул Саломи!

Мен биламан, кейинги асрда айрим шоирларни XXII асрнинг Шодмонқул Саломи дейишади!

Шодмонқул Саломнинг дунёвий шеърлари ҳам кўп, ишқий шеърлари ҳам бисёр, шунчаки, одамга айтган шеърлари ҳам бор. Аммо унинг Ерники бўлмаган шеърлари кўп. Тўғридан-тўғри Ўзига айтган шеърлари бор. Айримларини ўқиб, одам қўрқади. Шодмонқул Салом XXI асрнинг Машрабимикан, Мансур Ҳалложимикан, деб ҳам қоламан…

Юриб кир қилдимми, дунёнгни, Тангрим,

Ҳурлар ювмаганми оёқларимни?

Дайдиб кир бўлдимми дунёнгда, Раббим?

Эшитиб турарсан сўроқларимни.

Айтмаганинг яхши жавобларингни…

Дейиш учун одам анча авлиё бўлиши ёки сал девона бўлиши керак-да.

Ўлим ҳақида, кафан ҳақида ҳам шунчалар беписанд шеър ёзиш мумкинми:

Либосинг қаддингга бўлса муносиб,

Оппоқ сарпода ҳам ҳузур келадир.

Майли, қолганини ўқиб оларсиз. Аммо мен кейинги пайтларда Шодмонқул Саломнинг ижодидаги бир бурилиш десамми, ўзгариш десамми, хуллас, сўфийлар маломатия дейдиган ўз-ўзини маломат қилиш, ўз айбларини тинтув қилиш ҳолатини кузатаяпман. Яна ўзига хос кўринишда, ўзига хос оҳангда. Камтарлиқ қилиб ўтирмасдан, ўз исми шарифини қўйиб ёзиши ҳам ғалати.

Манов шеърини қаранг:

Бор бўлса…

Отамнинг сояси тоғларга тушди,

Онамнинг оҳидан унди қизил гул.

Бир нидо ярадор қуш бўлиб учди,

Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.

Боболар кафтида қабарди тупроқ,

Қабарган тупроқлар бердилар ҳосил.

Қўлда айри асо – абадий сўроқ:

Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Оғалар кўзида қафасбанд йўлбарс,

Нигоҳлари ҳасрат, елкалари йўл.

Зиндонда қолганлар Алпомиш эмас,

Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Қишда ҳам кетмасдан қолди турналар,

Улар турна эмас, эгачи, сингил.

Соғинчдан жимирлаб эриди қорлар,

Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Мезон торларига дилни боғладим,

Узилган барг чизар ҳавода бир йўл.

Ўзимни шу зайл узоқ йўқладим,

Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Шодмонқул ўзига танбеҳ берган бўлса-да, бизга ибрат бор, ўзимизга ҳам бир боқишга мажбур қилади бу шеър. “Бор бўлса, бир келсин Каримберди”, деб қўйганимдек, сиз ҳам ўз исмингизни бир марта қўйиб ўқийсиз-да…

Эндиги шеърларни ўқисангиз, ўз ҳолини баён қилган Шодмонқул сизни ҳам ўз ҳолингиз ҳақида ўйлатмай қўймайди:

ҲОЛИМ

                    I

Қадаҳни ҳижроннинг гарди-ла артди,

Ўзига тўлдириб қуйди Шодмонқул.

Жон деди – юраги бўғзига келди,

Жонидан бунчалар тўйди Шодмонқул.

Фақат вафо топди Беминнатидан,

Бевафони бунча суйди Шодмонқул.

Ўзи ўтин ташиб, чўғлар келтирди,

Сўнгги бандигача куйди Шодмонқул.

Бўталоғи ўлган мояни соғди,

Ичмади – қисматин чайди Шодмонқул.

                        II

Бемурод оламнинг молини урдинг,

Беқора шу қалбинг бойдир, Шодмонқул.

Кўзёшинг лой этди тўрт томон йўлни,

Шу йўлда ёлғонни тойдир, Шодмонқул.

Кимнинг мотам куйи кимларга тўйдир,

Очкўз туйғуларни тўйдир, Шодмонқул.

Отанг айтолмаган сўзларни тингла,

Бу нидо – энг мунис куйдир, Шодмонқул.

Воҳ! Шуни увуллаб айтиб юрибди –

– Одам шаклидаги найдир Шодмонқул.

Энди бу шеърда имолар кўп, ишоралар кўп. Бу имо-ишораларни англаш учун муштарий тўрт томон нелигини билиши шарт. Самандар қушининг ўзи ўтин ташиб, ўзи тумшуғи билан учқун чиқариб, ўзи шу оловда батамом куйиши ва сўнг шу гулхан куллари орасидан янги самандар қуши бўлиб бино бўлишини билиши шарт. Дардини одамларга айтолмаган кишининг қудуққа айтиши, қудуқдан қамиш ўсиб чиқиши, бу қамишдан ясалган найдан яралган оҳанг одамларни дод солдиргани ҳақидаги ривоятларни билиши керак-да… Ҳаммаси майли, аммо манов шеърини қаранг:

ТАВБА

Бисмиллоҳир Раҳмони Раҳийм!

Шавқидин титраётир сўнгак-этим.

Қирқ ёшдин ошғоннинг даъвоси бу,

Қирқ бирга етганнинг нидоси бу!

Илки бўш сайёднинг жазоси бу,

Майпараст дарвешнинг иддаоси бу!

1

Гуноҳ қилдим, ёронларга ибрат учун,

Куч топмадим Яратганга қурбат учун,

Ҳозирмасман, кўзёшлар сел фурсат учун,

Қирққа кирмай ерга кирсам — соз бўларди,

Қилмишларим, ёзмишларим оз бўларди.

Фарёдимдан зириллайди тунлар ҳилол,

Ўзим билан қирғинларим кўп ноҳалол,

Ғофил бўлдим овозингдан, ҳазрат Билол!

Қирққа кирмай ерга кирсам ҳам бўларди,

Оғриқларим неча пайса кам бўларди?!

Бешикдаги гўдак каби исёним мўл,

Тобутдаги муслим каби ёноғим ҳўл,

Бадмаст каби учта бўлиб кўринар йўл,

Қирққа кирмай ерга кирсам не бўларди,

Умидимки, бад бўлмасди, беҳ бўларди.

Бари қилган ибодатим таҳоратсиз,

Масжидларда фисиқдирман, саодатсиз,

Шул ёшимда ҳасадгўйдек ҳаловатсиз,

Қирққа кирмай ерга кирсам чин бўларди,

Чап елкамда малоик ҳам жим бўларди.

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,

У жойларда Шодмонқулни кўрмадик, денг,

Унинг билан ёмон гиёҳ термадик, денг,

Қирққа кирмай ерга кирсам бўлмасмиди,

Майхоналар! Майинг сабил қолмасмиди?!

Қадаҳ тўлди қирқ бир йиллик армон билан,

Бир-бирига рост келмаган фармон билан.

Ёнаяпман қиёматсиз ҳижрон билан,

Қирққа кирмай ерга кирсам соз эмасми,

Қилмишим мўл, қилмаганим оз эмасми?!

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,

Рамазонда ифторлигин емадик, денг,

Садақасин, садоқатин кўрмадик, денг,

Қирққа кирмай ерга кирсам яхши эди,

Нидолари кўкни қучган бахши эдим.

Тур тоғида Мусо кўрган сирдай эдим,

Масиҳони чулғаб олган нурдай эдим,

Муҳаммадни мафтун қилган шеърдай эдим,

Қирққа кирмай ерга кирсам соз эди-я,

Савоб-ку оз, гуноҳим ҳам оз эди-я?!

Гоҳ-гоҳида мен ҳам ҳаё қиладирман,

Тирикликни гоҳи рўё биладирман,

Куймайдиган сўнгагим бор, биладирман,

Қирққа кирмай ерни қучсам бўлар эди,

Умр жоми маъно билан тўлар эди.

Эй, ёронлар, сўрасалар, яхши, денглар,

Дарвеш эди, мулло эди, бахши денглар.

Юрагимни калхат еди, едик, денглар,

Қирққа кирмай ерни макон этмадим-а,

Савобингиз кўпайтириб кетмадим-а?!

Савдо қурдим майхонада жонон билан,

Тужжор бўлдим бир қайиқда нодон билан,

Арзонгина сотилганман жаҳон билан,

Қирққа кирмай ерга кирсам, қандай соз-а,

Уёғини сўрамайди мендан боз-а?!

Қандоқ тутай қаламимни қабр аро,

Мункир-Накир келганида айлаб сўроқ,

Шом ва аср орасинда кўкда ўроқ,

Қирққа кирмай ерга кирсам осон эди,

Менинг кўнглим бир замонлар пасон эди.

Пиёламни тўлдиргандир менинг алам,

Кўзёш билан ёзаётир қўлда қалам,

Ғарибингни дуо қилгил, мулло болам,

Қирққа кирмай ердан рутба изламадим,

Эси борлар бўзлаганда бўзламадим.

Тавба, дейман, ёноғим ҳўл, тавба дейман,

Фарзанд ҳаққи, эл-юрт ҳаққи тавба дейман,

“Айнал яқийн, Айнал яқийн!” Тавба дейман,

Қирққа кирмай ерга бормай турибман мен,

Билиб-билмай ерга бошим урибман мен.

Тавба дейман, тавба дейман, тавба дейман…

Энди бу бир тавба-да. Ўзига ўлим тилаш, деманг, ундай эмас. Бу шеърнинг ичи тўла дард, ичи тўла афсус, ичи тўла армон.

Қирққа кирган Шодмонқулда шунча тавалло бўлса, олтмишга кирган Каримбердида қанча экан?

Сизнинг ёшингиз нечада ва энди бир ўйлаб кўринг-чи, хатоларингиз “Ерга кирсам бўлмасмиди?” дейишга етадими? Етса тавба қилинг!

Шодмонқул ҳам тавба қилди…

Мен Шодмонқул Салом ҳақида кўп нарса ёзишим, кўп нарса дейишим мумкин. Ёзмайман. Демайман. Уни ўқиш керак.

Энди биров ҳақида бир нима десанг, охирида бир нима тилаш керак бўлади. Мен унга буюклик тилайман, улуғлик тилайман, бунинг учун айрим қусурларлардан қутулиш керак бўлади, қутулишини тилайман.

Улфатлар қатордан майли ўчирсин,

Лекин шаробимдан этмасин жудо.

Худо ичганимга мени кечирсин,

Ичмасам – ёдимга тушмайди Худо.

Булар қўрқинчли сўзлар.

Чин маънода қўрқишини тилайман!

Ўзидан қўрқишини тилайман!

Муштарий Каримберди Тўрамурод.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting