(Тургенов ва Чехов мисолида)
Бир ижодкорнинг услубини англаш учун уни бошқа бир ижодкор услуби билан қиёслаш яхши самара беради. Шунда икки ёзувчининг ижодий концепцияси, бутун ижодини ташкил этувчи идеясини англаш ҳам осонлашади.
Шу нуқтаи назардан биз ушбу мақоламизда рус адабиётининг икки улуғ адиби Тургенев ва Чеховнинг бир бирига ҳамоҳанг ҳикояларини қиёслаш орқали икки адибнинг услубини кўздан кечирамиз.
Бу ҳикоялар – Тургеневнинг «Учрашув», Чеховнинг «Овчи» ҳикоялари. Икки ҳикояни бирлаштирувчи жиҳати – аёл туйғуларининг эътиборсиз қолдирилиши, уларнинг хўрланиши мавзусидир.
Ҳар иккала ҳикоядаги воқеалар кечадиган жой – ўрмон, ҳар иккала асарда овчи образи бор: «Учрашув»да овчи ҳикоя қилувчи ровий бўлса, «Овчи»да воқеанинг бевосита қатнашчиси.
Иккала асар воқеалари ҳам ҳамоҳанг. «Учрашув»да Виктор исмли йигитнинг Акулина исмли қиз қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб келганидан ҳикоя қилса, «Овчи»да Егор исмли овчининг Пелагея исмли аёл орзу-умидларини эътиборсиз қолдирганидан ҳикоя қилади.
Ҳар бир ёзувчи бу идеяга ўз услуби, манерасидан келиб чиқиб ёндашади. Масалан, Тургенев асарида пейзаж – табиатнинг ўзига хос поэтик манзаралари, қаҳрамонлар руҳиятидаги жараёнларнинг ташқи тасвири етакчилик қилса, Чеховда қаҳрамонлар ўй-мулоҳазаларини, фикрлаш тарзини диалоглар орқали, ўзларини «гапиртирган» ҳолатида тасвирлашга мойиллик сезилади.
«Учрашув»да воқеа овчининг (исми келтирилмаган) ўрмонга бориши, у ерда мизғиб олиши ва уйғонганида деҳқон қизи Акулина келиши билан бошланади. Қуйидаги нозик тасвир орқали Акулинанинг аянчли тақдирига ишорани кўришимиз мумкин:
« …киприклари ҳўл эди, сал оқарган лабларига оқиб тушган кўз ёшларининг қуриган изи бир ёноғида офтобдан ялтирарди.»
Қуйидаги парчада эса маъсума қизнинг қиёфасини, характер-руҳиятининг тиниқ тасвирини кўрамиз:
«Менга (яъни овчига – таъкид) унинг айниқса чеҳраси ёқди. Бу чеҳрада ниҳоятда софдиллик ва беозорлик, ниҳоятда ғамгинлик ва ўз қайғу-аламининг маъносини тушуна олмай болаларча ҳайрон бўлиш кўринарди.».
Бу тасвир парчаларида маълум маънода бўлажак учрашувнинг ҳосила-оқибати мудҳиш кечишига ишоралар бор.
Чехов ҳикояси ҳам пейзаж тасвири билан бошланади. Лекин бу манзаралар характерли, муҳим аҳамиятга эга. Чунки биринчидан қаҳрамонлар психологик ҳолатига мос тушса, иккинчидан асар воқеасини рамзий тусда ўзида мужассам этганлиги билан муҳим.
«Дим ва нафасни қайтарувчи туш маҳали. Кўм-кўк осмонда булутдан асар йўқ… Қуёшнинг тиғидан сўлиб қолган ўт маъюс ва умидсиз боқади, ёмғир ёғса ҳам кўкармаймиз деётганга ўхшайди. Сокин ўрмон қилт этмайди. Унинг баланд учи аллақаёққа боқаётгандай ёки ниманидир кутаётгандай туйилади.».
Адиб қуёш тиғидан сўлиб қолган, маъюс ва умидсиз боқиб, ёмғир ёғса ҳам кўкармайдиган ўтни тасвирлаш орқали Пелагеяни назарда тутган бўлса, қилт этмайдиган, баланд учлари аллақаёққа боқаётган ёки ниманидир кутаётган ўрмон тасвири билан овчи Егорни назарда тутади.
Тургенев табиат манзараларини маълум маънода романтик бўёқлар, пафос билан билан ёзсада унинг услубини қоралаш мутлақо ноўрин. Негаки, ўқувчининг кўзи ўнгида воқеа бўлиб ўтадиган жойни тўлиқроқ гавдалантириш, унга эстетик завқ бериш учун ҳам бу услуб ниҳоятда муҳим, қимматлидир. Масалан, қуйидагича ифода ҳар бир китобхонга бадиий-эстетик завқ беришга ишонамиз:
«Тоғ тераги ёз кунларининг баъзи бир кечки пайтидагина, яъни пастак бутазорда бир ўзи баланд қад кўтариб, ботаётган қуёшнинг қип-қизил нурларига тўш бериб бошдан-оёқ бир хил тўқ-сариқ рангда ялтираб ва тебраниб турган чоғидагина, ёки ҳаво очиқ, шамолли кунда мовий осмонда ҳар ёнга силкиниб, гувиллаб овоз чиқарганида ва шу силкинишда ҳар қайси япроғИ бандидан узилиб узоқларга учиб кетгудек бўлиб тургандагина чиройли кўринади, холос»
Шу нуқтаи назардан қаралса, Тургенев ўрмоннинг қуюқ тасвирини пафос билан, поэтик завқланиш ортидан ёзган бўлса, Чехов асарнинг умумий руҳига мослашган ва ғоявий йўналтирган тарзида ёзади.
«Овчи»да учрашув жойига дастлаб овчи Егор келса, Тургенев ҳикоясида Акулина аввал келади.
Аёл туйғуларига бефарқлик қилган икки образ – Егор ва Виктор қиёфасини чизишда ҳам икки ёзувчи икки йўлдан боришади. Ҳар бири ўз манерасидан келиб чиқиб ёндашади. Тургенев овчи образи орқали Викторга нисбатан ўзининг салбий муносабатини очиқ-ошкора намоён этса, Чехов бу масалада объектив, холис тасвирлаш йўлидан боради.
Тургеневда:
«Тўғрисини айтсам, у табиатимга ўтирмади. Бутун қиёфаси унинг ёш, бадавлат бир бариннинг эрка камердинери ва бемаъни олифталигини кўрсатиб турарди: эгнида тугмалари ёқасигача солинган бронза тусли калтагина пальто (бариннинг эски пальтоси бўлса керак), бўйнида учлари бинафша ранг галстукча ва зарҳал жиякли қора бахмал картуз бор эди».
Чеховда:
« …тор елкали, баланд бўй, Ёши қирқларга броган, бир эркак лапанглаб келади. Эгнида қизил кўйлак, хўжайин берган ямоқ шим, оёғига эса каттакон этик кийиб олган. У лапанглаб келади… Одам қизариб ва терлаб кетган. Унинг малла сочли хушбичим бошида чавандозларникига ўхшаган текис соябонли оқ шапка олифтанамо қўниб турибди. Афтидан, сахийлиги тутиб кетган биронта бойвучча берган бўлса керак…»
Иккала маъсума аёл Акулина ва Пелагеянинг истаклари ҳам эътибор ва меҳрдан иборат. Пелагеяни қайсидир граф Егорнинг мастлигидан фойдаланиб никоҳлаб қўйган (Егорнинг айтишича, ундан яхши мерган бўлгани учун кўролмаганидан қилган.) Пелагея орзу-умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган эрининг яна уйга қайтишини, ҳеч бўлмаса бир бора боришини, уни меҳри билан сийлашини истайди. Акулина бўлса Викторнинг ширин сўзларига учиб, туйғуларини унга ишониб топширган ва пировардида панд еб, сатанг ошиғи томонидан оёқости қилинган эди.
Виктор Егорга нисбатан риёкор, чунки у аввалига турли алдовлар билан қизни ўзига оғдирган эди, кейин эса ташлаб кетди; Егор эса аёлга заррача ҳам умид инъом этмаган. Аслида иккаласи ҳам ҳиссиз, худбин. Уларнинг иккиси ҳам аллақандай барин хизматчиси. Ҳар иккала образда ўз масканидан безиш ҳолати кузатилади. Егорда қишлоқ ҳаётидан безиш ва қочиш ҳолати кузатилса, Викторда шаҳар ҳаётига интилиш ҳисси кучли.
Масалан, Виктор шундай дейди:
«– Барин билан мен бу ерда қола олмаймиз: қиш яқинлашиб қолди, қиш вақтида эса қишлоқ ўлгудай хунук, зериктирадиган бўлиши ўзингга маълум. Петербург буткул бошқа жой! У ерда шундай ажойиб ва ғаройиб нарсалар борки, сен аҳмоқ уларни тушингда ҳам кўра олмайсан. Шунақанги данғиллама уйлар, кўчалар борки, улфатларни, илм-маърифатни айтмайсанми – кўриб ёқангни ушлаб қоласан!..»
Егор эса шундай дейди:
«– …мен учун ҳамма нарса жойида бўлиши шарт, у ерда, сенинг қишлоғингда бўлса қашшоқлик, ис-қурум холос… у ерда бир кун ҳам туролмайман…»
«Овчи»даги Егорнинг ўзига интилган Пелагея туйғуларига бепарволиги сабаби нимада эди?
Адиб ҳикоя давомида диалог жараёнида белги бериб ўтади:
«– Одамлар Акулинага янги уй солиб берганмишсиз, дейди.
Егор индамади.
– Демак, кўнглингизга у ёқар эканда…
– Пешонангга битилгани шу экан, тақдирда! – дейди овчи керишиб туриб».
«Учрашув»даги Викторнинг ўзига жони-дили билан интилган Акулина туйғуларини назар-писанд қилмагани сабаби нимада эди? Бунинг сабаби фақатгина ўз эҳтиросларини қондириб бўлган аёлдан кўнгил қолиши эди, холос.
“– …Мен сени унутмайман: лекин сен эсингни йиғ, аҳмоқлик қилма, отангнинг измидан чиқма… Мен эса сени унутмайман, йў…қ. (Шу сўзларни айтиб, у бамайлихотир керишди ва яна эснади.)“
Бу тасвирдан Виктор Александричнинг қанчалик тубан инсон экани равшанроқ намоён бўлади. У Акулинани ташлаб кетмоқчи, ҳатто кетар чоғида ҳам «қайта кўришамиз» деб ёлғон умид беришга уринмоқчи бўлаяпти.
Ҳар иккала адибнинг бу асарлари бир ғоя илдизидан ўсиб чиққан дарахтнинг икки мевасидир. Икки адиб ҳам воқеага ўз нигоҳи, ўз бадиий маҳорати билан ёндашиб, ўз услуби асосида ёзишган. Ҳикоялардаги ўхшашликка адибларнинг бир миллат, бир халқ вакили эканини ҳамда кичик замондош эканлигини сабаб қилиб кўрсатса бўлади.
Адабиётда ғоявий, воқеавий ўхшашликлар муҳим эмас, муҳими сўз ва ғоянинг кучидир. Ҳар бир буюк адиб ўз сўз кучига, ўз бадиий услубига эга ва шу нарса адабиётни ранг-баранг этади.
Жуманазар Йўлдош