ҳикоя
Ҳикмат бобо тўшакда ёнбошлаганча бир печкада гуриллаб ёнаётган оловга, бир дераза ташқарисида чарчоқ нелигини билмай гупиллаб ёғаётган қор учқунларига заъфарон тикилди. Қоқсуяк қўллари билан устига ташланган адёлни четга суриб, ёстиқдан шошилмай бошини кўтарди. Ўрнидан туришга чоғланди. Бироқ, ўнг оёғининг тўпиғидан пастки қисми увишиб, темирдек қотиб қолгани туфайли иложи бўлмади. Бир-икки ҳаракат қилиб натижага эришмагач, эмаклаганча дераза олдига борди. У ерда нафасини ростлаб, чордана қурганча товонларини узоқ вақт кафтлари билан уқалади. Кейин токчага қўлларини тираб, амаллаб белини кўтарди ва аввалига тиззалаб олди. Буни уддалагач, кетма-кет уринишлар ҳосиласида оёққа қалқди. Дераза ташқарисидаги манзара шунда кўз олдида гавдаланди. Кўчага оппоқ момиқ гилам тўшалган, табиат бир хилдаги поклик рангига бўялганидан бир пасда кўз тиниб кетарди.
Мана неча йилки, Яратганнинг заминга улашадиган раҳмати ҳисобланадиган қор ҳар сафар само қаъридан замин узра ёғиларкан, уруш йилларидаги Сталинград унинг ёдига тушади. Бу аллақачон деярли ўзгармас қонуният касб этиб, қор нафаси ёки дараги келгач, у ўзини қўярга жой тополмай қолади. Саросимага тушиб, бесаранжом бўлганча бир ерда ўтиролмайди. Бу сафар ҳам чамаси шундай бўлди. Сталинграднинг мозийдаги шўрлик қиёфаси ва хассос қисматини, у ерда суяги қотмаган ва мўйлаби сабза уриб-урмаган алпозда, ёш ва навниҳол қалбидаги нафис орзуларини пайҳон қилганча унга рўбарў келган урушнинг бутун касофатини, ҳар қадамда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказган дўзах азобига монанд инсонийликдан тубанликка қўйилган оёқнинг залворини, инсон қадр-қимматларига тупурилган ва ўлими фожеа эмас, оддий статистика саналган қалтис дамларни қайтадан бошидан кечирди. Гўё орадан ўнлаб йиллар ўтиб кетмаган-у, номинг ўчсин уруш кечагина юз бергандек, у билан боғлиқ аччиқ ўтмиш хотираларини эслаб алам ва изтиробдан лабларини қонталаш бўлиб кетадиган даражада тишлади. “Бари эсимда” дегандек ғам-андуҳдан юраги парчаланиб, бошини тасдиқ маъносида бетиним ирғади. Сарҳадсиз фалакка қараб, хира кўзлари илиқ ёшга чайилди.
-Матвиенко, -деди қорачиқларини бўйни атрофига ташланган дуррасига артаркан.- Кечир мени!
Эҳ, яна қор ёғди. Болалигида қорга меҳри бўлакча эди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари бошидаги очарчиликда у кўпинча қор еярди. Силласи қуриб, нима қиларини билмай бу ишни қиларди. Шунчаки ғарчиллатиб қорни тишлар ва роҳатланиб чайнарди. Бир ўзи, бировнинг қарамоғидан ташқарида қор орқали очликка қарши мурғак вужуди билан шу тахлит курашарди. Қорни оч тенгқурлари умуман кўчага чиқишмас, унга қўшилишмас, кун ора улар баайни катталар каби очликдан ёки кунжара истеъмол қилиб нобуд бўлишарди. У эса буларга парво қилмас ва ҳар куни товонидан сув ўтадиган калишида кўчага чиқарди. Бошига йиртиқ телпагини қўндириб олганча кўча ўртасида қорга кўзлари тўймай бир муддат турар ва хафсала билан уни ҳовучлаб кафтига олиб, лунжини тўлдириб кавшарди. Шу тарзда гўё теграсида санқиб юрган ажални ўзидан нари ҳайдарди. Авра-астари чиқиб кетган ошқозонини ёш болаларча алдарди.
Оқшом чўккан пайт очлик таъсирида чўпдан фарқи қолмаган волидаси бармоқларини тишлаганича қоронғу хона бурчагидан унга хиёл ачиниб термулар, шамоллаган томоғи натижасида зурриёдининг ўткир йўталишидан хавотир олиб, дили хуфтон бўларди. Шу ҳолида кўзлари намланиб, ҳаёт манбаси тарк этаётган ва кундан кунга совуб бораётган бағрига уни босганича синиқ овозда “ҳали қор билан боғлиқ ширин хотираларинг ҳам бўлади”, дейишни ва заррача ғубор дўнмаган кўнглини мазкур мавҳум сўзлар билан кўтаришни канда қилмасди. Ҳатто, ўша очарчилик йиллари жони узилаётганда ҳам ёстиқда инграб ётганча шу сўзларни кўп такрорлаган. Лекин, онаси башорат қилган ширин хотиралар ўрнига қор билан боғлиқ фақат кўнгилсиз хотиралар пешонасига битилганига кейинчалик иқрор бўлди.
У урушни эслашни истамасди. Сталинградни-ку умуман. Иккинчи Жаҳон урушидаги энг қонли ва кўп талафотли жанглар рўй берган, урушдаги туб бурилиш нуқтасига айланган шаҳар номини тилга олишга жазм этмасди. Атрофидагиларга ҳам буни таъқиқлагандек кимдир гап очишни бошласа, кўзларидаги ифода билан ёки очиқчасига қўлини пахса қилиб ғўлдирар, натижада ўша одамнинг гапи оғзида қолиб кетарди. Уруш фахрийлари учун ташкил қилинадиган байрамларга ҳам деярли чиқмасди. Негадир бундай тадбирлардан ўзини олиб қочарди. У ердаги манзиратлар сохтадек, қарсакларга кўмилган ардоқлар сунъий ёки ноўриндек, мағлубиятга тенг ғалабани нишонлаш жирканч бир юмушдек кўнгли озирди.
Сталинградгача йўл қандай бошлангани ҳануз эсида эди. Шаҳар мудофаа ишлари бўлимида бўйи етган эр йигитларни тўплашди. Тантанали нутқ ирод қилишди. Яқинлари билан хайрлашишга бир неча дақиқа фурсат ажратишди. Кейин юк машинасида олисларга олиб кетишди. Қайсидир манзилда юк машинаси поездга алмашди. Поездда у йўл бўйи ёнидаги шерикларининг ҳангома ва мутойибаларига қулоқ тутиб, шалоқ аккордеондан чалинган куйни тинглаб кетди. Ниҳоят, Сталинград ҳам уни кутиб олди. Шаҳарнинг ўт ичидаги қиёфасини кўриб у ларзага тушди. Гап-сўзлардаги урушнинг кўриниши борлиқдаги реал кўриниши олдида ҳолва эканини яшин тезлигида англади.
-Икки кишига битта милтиқ,- бақириб милтиқ улашарди аслаҳахонага айлантирилган юк машинаси устидаги зобит атрофидаги аскарларга ва милтиқ олган аскарга ортидаги аскарни қўшиб берарди.- Шеригинг ҳалок бўлса, милтиқни иккинчинг олиб жангни давом эттирасан. Қани, жангга! Фашистларнинг энасини учқўрғондан кўрсатиб қўйинглар, шоввозлар!
Аскарлар бири милтиқ билан, иккинчиси шеригига эргашганча қўлига тутқазилган ўқ дорини кафтига қисиб, жанггоҳ четига қазилган окопларга бошларини пана қилиб кириб кетишарди. Унга милтиқ насиб қилмади. Фақат ўқ дорини қўлига тутқазишди. Ўзини эса милтиқ олган бир русийзабон аскарга бириктириб беришди.
-Ватанингни аҳволини кўрдингми?- деди милтиқ олган аскар уни ортидан эргаштириб кетаркан пичирлаб.-Ҳатто, етарлича қурол-аслаҳаси ҳам йўқ. Тфу, жин урсин!
Жанг шиддат ва аёвсизлик пардасидаги авжини туширмасди. Бир кун бурун ёғиб ўтган қор туфайли пиёда юриш бир мунча қийинлашган, атрофдаги ёнаётган кўп қаватли уйлар, вайрон қилинган завод ва фабрикаларлар биноларидан таралаётган куйинди ҳиди атрофни қоплаб олиб кўнгилни беҳузур қиларди. Бундан ташқари қисқа пауза билан кетма-кет гумбурлаётган тўплар садоси, кулранг тусдаги кўкда баногоҳ пайдо бўлиб қоладиган аэропланларнинг чийиллаган овози, бани башарнинг турли тиллардаги бақир-чақир ва дод-фарёдлари қулоқни қоматга келтирар, юракка бешак чексиз ва кабир ваҳмни жойларди.
У ёш йигитча эди. Мўйлаб ҳали сабза уриб-урмаган, суяги қотмаган, кўзи ҳали ҳаётда пишиб етмаган. Шунгадир балки урушнинг даҳшати олдида у тамомила эсанкираб қолди. Иродаси илк ондаёқ синди. Шу туришида у ўзини ҳимоя қилишга-да ожизлигини кўрсатарди. Атрофида нималар рўй бераётганини тушуна олмай, Сталинград заминига маржондек сочилиб кетган изму-ихтиёрини ва фикру-зикрини бир ерга жамлай олмай, кўр-кўрона ҳаракат қиларди.
-Женя Матвиенко,- шериги ўзини таништирди ва унинг юзига енгил шапатилади.- Ўзингга кел, йигитча. Онажонингни бағрида эмас, урушдасан!
У серрайиб турганини кўргач эса юзига бир-икки қаттиқ шапалоқ тортиб юборди.
-Ўзингга кел! Ҳайронман-да Иосиф Виссарионовичга. Куни шунақа гўдаклар билан омадсиз рассомга* қарши урушишга қолдими? Ростдан шундай бўлса, унда вазият чатоқ.
Женя Матвиенко ундан анча катта эди. Ўттизни қоралаган, пешонаси кенг, сочлари жингалак, қирғийбурун, қўйкўз, кенг елкали ҳамда япалоқ юзли бу йигит тап тортмас ва муроса нималигин билмайдиган одамлар тоифасидан бўлиб, табиатида исёнкорлик ва қайсарлик унсурлари сезиларди. Ҳар қадамда ўзини иродали ва жасоратли кўрсатишга чиранар, шунга қарамай унинг ҳам кўзларида қўрқув пича бўй кўрсатган бўлиб, сир бой бермаса-да, уруш билан юзма-юз келган бошқалар каби оний довдираш ичида қолганди. Аммо, ўзидаги ҳаётий тажриба сабаб у ўзидан ёши кичикларга қараганда бундай вазиятларда нима қилиш ва нимани гапиришни яхши биларди.
-Менга қара,- деди улар бошқа аскарлар қатори узун қилиб қазилган окоплар ичига тушишгач, уни аввалига бир-икки силтаб ва яқин бориб қулоғига пичирлади.- Ўзингни йиғиштириб ол! Эркакмисан ё хотинчалишми-а? Отанг туғилганингда “ўғил кўрдим” деб хурсанд бўлганми?! Хурсанд бўлган, бўлган. Отангга лойиқ бўл, галварс… Ҳозир-чи, анави сўтак, қулдан фарқ қилмайдиган зобитлар фармойиш олишлари билан ишора беришади. Ишорадан кейин биз сурувдаги қўйларга ўхшаб, окоплардан ташқарига чиқамиз ва “урааа” ёки “за Сталину” деб Иосиф Виссарионовични мадҳ этганча фашистларнинг энасини учқўрғондан кўрсатгани чопамиз. Шунда ортимда бўл, тушундингми?
У тўрт томонида авж олган баланд шовқин-сурон ва тўполон-у талатўп боис унинг гаплари мағзини тез фурсатда чақиб улгурмаган бўлса-да, “тушунарли” дегандек бош ирғаб қўя қолди.
-Зинҳор мендан илгарилаб кетма, йигитча!
Окопларга барча аскарлар қапишиб ётиб олишган, уларнинг чети аскар шлемларидан ташкил топган йўлакчага ўхшаб қолганди. Атрофда қўлларига тўппонча ушлаганча бўлинма командирлари изғишарди. Ниҳоят, қаердандир фармойиш кўтарган зобит етиб келди ва фармойиш билан танишиб чиққан бўлинма командирлари бир овоздан “ҳужумга” деб бақиришди. Гангиб ёки қўрқиб ҳеч вақога тушунмай турган аскарларни туртиб-суртиб, сўкиб ва тергаб ташқарига улоқтириб ташлашди.
-Ҳаммаси онасини эмсин,- деди Матвиенко биқинига қистирилган идишни оғзига тутиб, ичидаги ичимликдан қулт этиб бир-икки ҳўпларкан ва унга юзланди.- Ароқ… Сенга ҳам берайми, ичасанми?
-Ичмайман, -деди у рад қилиб.
-Тетиклаштиради-да, йигитча. Майли, ичма. Кейин албатта ичасан. Ичмасанг ич этингни еб юборадиган бўласан. Чунки, уруш энг катта аҳмоқгарчилик. Унга ширакайф бўлибгина дош бериш мумкин.
Кўп ўтмай окоплардан дастлаб шлемлар остидаги бошлар, кейин эса турли-туман таналар кўтарилиб, тепага чиқишди ва “за Сталину”, “Урааа” деб қўлларидаги милтиқни душманга ўқталганча олдинга қараб югуриб кетишди. У ҳам Матвиенконинг ортидан ўзлари яширинган окопдан чиқди ва бор кучи билан югуришни бошлади. Матвиенко милтиқдан тинмай отарди, ёнларида югуриб кетаётганлар ҳам. Шу он кутилмаганда рақиб томонидан пулемётлар ва автоматлар овози таралди. Турфа калибрдаги тариллаган ўқ овозлари атрофни тутиб кетди. Тўплардан отилган снарядлар кўзланган манзилига тушиб, ерларни ўпириб ташлади. Уларнинг қўшини тутдек тўкилар, кимдир бошидан, кимдир оёғи ёки қўлидан ўқ еб йиқилар, кимдир эса тик турганича бадани илма-тешик бўлиб, кейин юзтубан ағанарди. Снарядлар ҳам кўпчиликнинг бошини еди. Орадан ҳеч қанча ўтмай руҳлантирилган қўшиндан асар ҳам қолмади.
-Ёт, аҳмоқ, -деди Матвиенко уни юзига мушт тушириб ва ўзи ҳам ётиб олди.-Чекиниш керак. Кучлар тенг эмас. Битта қолмай қирилиб кетамиз бу кетишда.
Автоматлар, пулемётлар ва тўплар ўққа тутгани етмагандек, камига осмону фалакда аэропланлар қатор бўлиб тизилиб олишди. Тепадан ёғилаётган ва ён- атрофда визиллаб учаётган ўқлар гўё қувлашмачоқ ўйнаётгандек бўлар, йўлида учраган тирик жон борки омон қолдирмасди. Бир пайт кўп талафот кўрган уларнинг қўшни чекина бошлади. Жон ширинлик қилган аскарларни энди ўзлариникилар отар, “қайтма орқангга” деб зобитлар уларни огоҳлантиришар ва жанггоҳ сари ҳайдашар, буйруққа қулоқ солмаганларни тўппонча ёрдамида ҳеч иккиланмай асфаласофилинга жўнатишарди.
-Орқага ҳам йўл йўқ,- деди Матвиенко чалқанчасига ётиб олиб, уни ҳам ёнига суриб оларкан киноя қилганча.- Олдинга силжисанг- фашист, орқага силжисанг- совет отади.
У катта жанг майдони ўртасида чалқанча ётганча қўрқувдан эсанкираб ётарди.
-Қалайсан энди, йигитча!- деди Женя уни даҳшат тўла кўзлари атрофида кафтини бир-икки ўйнатиб.- Иштонингни ҳўллаб қўймадингми ишқилиб? Уруш кетмон билан ер чопиш эмасканми?
У ҳамон ўз атрофида нима бўлаётганини ҳис қилмасди. Қафтига маҳкам қисиб олган ўқ дори шу ҳолича турар, кўзлари маъносиз боқар, миясида бўшлиқ ҳукмрон эди. Бирдан Матвиенкони туртиши натижасида ўзига келди. Заминга оппоқ қор эмас, гўё қизил қорли гилам тўшагандек эди. Оёқ ости ўликларга тўлиб кетганди. Ҳатто, ҳали жони узилмаганлар ҳам талайгина бўлиб, улар бири иккинчисидан турли хил масофаларда инграб ётишар, мудофаа томонидан ҳеч ким уларга ёрдамга ошиқмасди. Тинмай гумбурлаган тўплар ва отилган ўқлар натижасида ҳаво булғаниб, сассиғи чиқиб кетганди.
Биринчи марта шу ерда боши устида учиб юрган аэропланларга ва олисда қаққайиб турган баҳайбат танкларга кўзи тушди. Илгари бу матоҳларни кўриш тугул ҳатто кўринишларини тасаввур қилмаган, бу ёруғ оламда мавжудликлари борасида ғирт бехабар бўлганди. Шунингдек, бунчалик кўп ўликка ҳам энди кўзлари гувоҳ бўлди. Боя шундоққина ёнида турган, ҳазиллашиб гурунг қилган, қўшиқ куйлаган, ютоқиб махорка чекканлар ҳозир кўзлари очиқ ҳолда қорга беланганча ўлиб ёки кўмак ўтинганча фарёд уриб, жисмоний оғриқ исканжасида тўлғониб ётишарди. Шунингдек, биринчи марта у ярмигача узилган бошларни, қориндан осилиб чиққан ичак-чавоқларни, тирсакдан юқори қисми йўқ бўлиб кетган қўлларни, мажақланиб кетган оёқларни ўзига яқин ерларда кўрди. Йўқ, оппоқ қор ёғмаганди заминга. Аниқ қип-қизил қор ёққанди.
Жанггоҳ бир қадар тинчланиб қолгандек эди. Уларнинг бўлинмаларидаги барча аскарлар тахминан ерга ётиб олишганди. Ортиқ спорт майдончасидагидек чопиб югуришлар йўқ. “За Сталину” ёки “ Ураа”деб бақириш урушдаги ғалаба кафолати эмаслиги ва бу пафосли сўзларга Афина мафтун бўлмаслиги очиқ-ойдин кўриниб қолган, пусиб кутиб турган немис қўшини томон очиқ ҳамлага ўтиш олов билан ўйнашишдек гап эканлигига боя етмаган фаросатлар энди етиб, етти ўлчаб бир кесганча хомкаллалари пучмоқларида мушоҳада юритиш билан андармон бўлаётганга ўхшарди.
-Бу ердан хавфсизроқ ерга ўтиб олишимиз керак,- деди Матвиенко бир маҳал.- Қоқ марказдамиз. Ҳозир яна аэропланлар қайтиб келади. Тўплардан снарядлар отилади. Пулемётлар ишга тушади. Бу алдамчи сукунат.
Улар ётганча ўзларидан шимолга судрала бошлашди. Матвиенконинг тахмини тўғри чиқиб, қисқа танаффусдан кейин аэропланлар бу ерга қайтиб келди ва серияли ҳаво ҳужуми бошланиб кетди. Боз устига тиниб-тинчимас тўплардан снарядлар қайтадан учиб келди. Улар судралганча четроққа ўтиш учун ҳаракатланишарди. Буни душман томон сезди шекилли, пулемётдан улар томонга ўқ отилди. Улар шошилишди. Шунда ёнларига снаряд келиб портлади ва дафъатан унинг кўз олди қоронғулашиб кетди. У ҳушсиз аҳволда қанча ётганини билмайди. Кўзини очганида дастлаб кўргани юлдузларга тўла осмон ва чароғон ой бўлди. Теварак-атрофга аллақачон оқшом чўкканди. Кундузги ваҳимадан асар ҳам қолмаган, ҳаммаёқ тинч, бирор ўқ овози тугул инсон овози ҳам эшитилмасди.
-Кўзингни очдингми, йигитча?- деди Матвиенко бўғиқ овозда.
У ён томонига ўгирилди ва юзига ой нури тушиб турган Матвиенкони таниди. У бир қўли билан милтиқни, бошқа қўли билан қорнини ушлаб ётарди. Афтидан яраланганди, чунки тинмай хирилларди.
-Қийналиб кетдим,- деди у хириллашда давом этиб.- Сени роса милтиқ билан туртдим, ўзингга келмадинг. Охири “омонатини топширибди-да” деб ўйладим.
У қўл-оёғини қимирлатиб кўрди. Тўрт муччаси соғ эди. Бошидаги шлеми қаергадир учиб кетганди. Чакасидан енгил яралангани учун сизиб қон оқарди. Ўнг қулоғи тинмай шувилларди. У ётганича кителининг ички чўнтагидан бинт олиб, бошини қаттиқ боғлади ва Матвиенкога юзланди.
-Ярангни боғлаб, сени тиббиёт пунктига олиб бораман. Шу яқин ўртада бўлиши керак.
Матвиенко унга жавобан истеҳзоли кулди.
-Бошингни кўтара кўрма, йигитча. Пешонангдан дарча очиб қўйишади.
Дарҳақиқат, у сал қўзғалганди, душман пулемёти ишга тушди. Бошини эгиб олмаганида ҳаёт билан видолашарди.
-Шлемингни кийиб ол,- деди Матвиенко кулишда давом этиб.- Улар йигирма тўрт соат уйғоқ. Ароқ ҳам ичишмайди, каслар. Иблиснинг пушти камаридан бўлишган-да.
Улар бир-бирларига қараб, шу алпозда пича жим ётишди.
-Исмингни ҳам сўрамадим,- Матвиенко милтиқ билан уни нуқди.
-Исмим Ҳикмат.-деди у ўнг қулоғидаги шувиллаш борган сари кучайиб бораётганидан андак хавотир олиб.
-Ҳикмат, урушни кўрдингми ?- Матвиенко давом этди.-Ўз кўзларинг билан кўрдинг-а? Бу ҳали дебочаси. У узоқ давом этади. Қачон якунланиши бир Худога маълум. Бир-бирини танимаган ва билмаган, бири иккинчисига зиён -заҳмат етказмаган Ер юзининг фарзандлари ўзаро қон тўкишда давом этишади. Нима учун? Сабаби кулгули. Сиёсатчиларнинг ихтилоф ва низолари учун. Кулгули, жудаям кулгули. Лекин шу нарсалар учун оддий одамлар ўз ҳаётлари билан жавоб беришлари зарур. Бу эса жиддий. Бу урушда эҳтимол истеъдодли бўлган минглаб бўлажак рассом, бастакор, ёзувчи, муҳандис, архитекторлар ҳаёт билан хайрлашишар. Ким билади дейсан? Бугун ҳам уларнинг бир қисмини йўқотгандирмиз. Хўш, бадалини ким тўлайди? Тараққиётда ҳам узилиш бўлади. Буни-чи, ким ўйлайди?
У сувсиради шекилли бир ҳовуч қорни оғзига солиб ютиб юборди.
-Мен оддий рус муаллимларининг ўғлиман. Адабиёт ўқитувчисиман. Отамни Сталин қатағон қилган. Онамни ҳам. Уни деб эмас бутун инсониятни деб урушишни истамагандим. Чунки, пацифистман. Ўйласам бунинг учун ҳарбий трибуналда отиб ташлашар экан мени. Мана шу важдан урушга келдим. Ватан уруши эмас бу. Аслида барчамиз учун ватан шу курраи замин. Совет Иттифоқи, Германия ёки Англия эмас. Биз биринчи навбатда рус, немис ёки ўзбек эмас, инсонмиз ахир. Мана бугунгидек сохта ватанпарварликлар кимга керак. Ким учун жон берди бугун юзлаб аскарлар? Ватан учунми? Менимча бир тўда палидлар учун. Булар инқилоб қилишганида мен ёш бола эдим. Қонни ва ўликларни ўшанда кўрганман. Дийдам ўшанда қотган. Булар инқилобдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишган. Аҳолининг бой қатламини шилиб, жуфтакни ростлашни ният қилишган. Барчасини Швейцария банкларидаги ўнлаб ҳисоб-рақамларида пул чириб ётибди. Ленин ҳам, Бухарин ҳам, Троцкий ҳам пул қилишни ва қочишни ўз олдиларига мақсад қилишган. Ҳеч қандай социалистик давлат ва тенглик хусусида гап-сўз бўлмаган. Бу гаплар шунчаки уларнинг жиноятларини хас-пўшлаш учун керак эди, холос. Республикалар бўйлаб ўттизинчи йиллар бошларида юз берган очарчиликни ҳам атайин ўзлари уюштиришган. Ўша йиллари улар одамлар оч қолишса, бор-будини бир бурда нонга алмаштиради, деб хулоса қилишган ва сунъий очарчиликни юзага келтириш учун буғдой тақчиллигидан иборат ёлғон ахборотлар билан одамларни миясини заҳарлашган. Аслида давлат омборхоналарида буғдой пўпанак босиб ётган. Чириб кетмаслиги учун унинг бир қисмини Америка ва Канадага сотишган.
Шу ерда Матвиенкони тинглар экан, у беихтиёр бор-будини давлатга топширган отасини эслади. Отаси карвонсаройидан тортиб шахсий аравалари ва отларигача давлат ихтиёрига ўтказганди. Шунда ҳам у қатағондан қутулиб қолмаган ва идорасидан то темир йўл бекатигача Йўлдош Охунбобоев уни ҳимоя қилиб, шўроларга ялиниб ёлворган бўлса-да, НКВД қарорига кўра Сибирга сургун қилиб юборилганди.
-Эҳ, Ҳикмат, иним,- Матвиенко энди бир қўли билан қорни ҳовучлаб юз-кўзига суртарди.-Ҳали бу лаънати уруш ҳақида бизда сохта шеърлар, достонлар, романлар ёзилади. Киносценарий ва спекталлар учун драмалар ҳам. Рассомлар картиналар чизишади уни акс эттирадиган. Бастакорлар куйлар яратишади. Тарихчилар унинг тарихини сохталаштиришиб, бўяб бежашиб, бир тийинга қиммат китобларни дунёга келтиришади. Эрталабдан бери туз тотмаган, окопларда совқотиб тонг оттирган, ҳатто битта милтиқ билан иккиси жанг қилган аскарлар ёки қуролланиши фақирона ва аянчли бўлган шўровий армия ҳақида эмас, ташвиқот учун жўяли бўлган урушнинг ясама фони ҳақида ёзишади, чизишади, куйлашади. Сталин урушни ютса, уни улуғлашади, Гитлерни қоралашади. Маршал Жуков ва бошқа маршал-у генералларни ҳам мадҳ этишади. Аслида эса ким урушяпти. Уларми? Улар эмас. Сталин Москвадаги идорасидан ташқарига чиқиб ҳам қўймайди. Кунда таомномасидаги чўчқа этидан тортиб балиқ икрасигача бўлган лаззатли таомларни истеъмол қилиб, уруш штабининг ахборотларини мўйлабини силаб-сийпалаганча тинглаб, эснаганча катта трубкасидан ўпкасига сигара тутунини тортиб ўтиради. Гитлер эса Берлинда тунлари Ева Брауннинг сийнасини шимиб, юбкаси остидаги лўмбиллаган думбасидан кафтини олмай, кундуз кунлари эса ихтиёридаги машинистка қизларга латифа айтиб, кунда уч маҳал жиғилдони истеъмол қиладиган вегетерианча таомларни мақтаб, хонасидаги мольберт қаршисида суратлар чизиб вақт ўтказади. Маршаллар ёки генераллар-чи? Қарта ўйнаб ёки олий нав ликёрларни ичишиб, уруш страгетияси ва хариталар устида чароғон ҳамда иситилган хоналарда, одам башара бўлиб кийинишиб бош қотиришади.
У хириллаб бир маҳал қон қайт қилди. Натижада лабларига қизил лаб бўёғи бўрттириб суртилгандек таассурот зоҳир бўлди.
-Сендан илтимос,- деди милтиқни унга узатиб.-Бундай пайтда бир аскар сафдошига қиладиган ишни қилсанг.
У ҳеч нимага тушунмади аввалига. Кейин қатъиян қаршилик билдирди.
-Бундай қилолмайман. Икки дунёда ҳам. Сени тиббиёт пунктига олиб бораман.
-Куним битган,- Матвиенко қорнидан қўлини олди ва ундан бир четда кўриниб турган ичак чавоқлар кўринди.-Азобланяпман. Ортиқ истамайман азобни. Илтимос, пешонамдан отиб ташла. Тезроқ ўламан. Шунда милтиқ ҳам сенга қолади. Кундузи уни менга беришгани учун жаҳлинг чиққанди, сезгандим.
-Бундай қилмайман,- у оёқ тираб олди.
-Қандай азобланаётганимни тасаввур ҳам қила олмайсан. Илтимосимни ерда қолдирма.
Ниҳоят, у қўлига милтиқни олди. Бу милтиқ энди уники эди. Шунда юк машинаси олдида милтиқ ўзига эмас, зобитнинг қарорига кўра тажрибалироқ бўлган Матвиенкога насиб қилгани учун аччиқлангани ва Женя билан зобитни қарғагани ўзининг ҳам ёдида жонланди. Ичини нимадир тирнади. Шу қарғиш сабаб Матвиенко ичак-чавоқлари осилиб ёнида ётгандек ўзини қоралади.
-Илтимос, Ҳикмат,- Женя охири хириллашга ҳам ҳоли қолмагандек тинчланиб қолди.
Энди у гапирмас, фақат кўзлари очилиб ёпилганча мангу ҳаловат ўтинчида ёнарди.
У милтиқни олиб, бошида иккиланди. Кўп ўтмай, қўллари титраганча учини Матвиенконинг пешонасига тиради.
-Тепкини бос,- деди Матвиенко гапириш учун танасидаги қолган-қутган мадорини йиғиб.
У тепкини босди ва қарс этган овоз чиқди. Атрофга қон сачради. Милтиқ қўндоғини тутган қўлига ҳам. Кўпга бормай Матвиенконинг жони узилди ва кўзлари очиқ ҳолда бир нуқтада қотиб қолди.
-Кечир мени,- деди у юзини кафти билан тўсиб ва жон-жаҳди билан ерни юзтубан қучганча бақирди.- Минг лаънат сенга, уруш! Cталинград, сенга ҳам! Мени қотилга айлантирдиларинг!!!
У таҳорат олиб, икки ракат нафл намози ўқиди. Намоз сўнггида Аллоҳга беадад ҳамду-санолар айтиб, Муҳаммад пайғамбарни улуғловчи салавотлар зикрига эътибор қаратди. Шу-шу жойнамоз устида бир қур юрак сиқилишидан фориғ бўлгандек кўринди. Чап томонига салом бераётганида эшик очилиб, тўнғич набираси остона ҳатлади.
-Бобо, келинингиз овқатни сузди,- деди у жойнамоздан тургач.- Тушликка чиқасизми?
-Мен бир оёқларим чигалини ёзиб келаман. Сизлар менсиз тушлик қилаверинглар.
У пальтосини кийиб, бўйнига жунли шарфини ўради. Телпагини қулоқларигача бостириб кўчага чиқди. Кўчада оппоқ қордан дарҳақиқат кўз тиниб кетарди. У қизғиш кўзойнагини эҳтиёт шарт тақиб олди. Қорни ғарч-ғурч босиб, илдам юриб кета бошлади. Орада кафтини тўлдириб қорни олар, гўё уни қизил эмас, оппоқлигига ишонч ҳосил қилмоқчидек кўз олдига яқин келтириб, кўздан кечирарди.
-Ташҳис: мия чайқалиши. Бошнинг чап томонида митти ёриқ ҳам ҳосил бўлган. Снаряд бўлаги теккан бўлса керак.
У госпиталдаги врачнинг гапига диққатини қаратиб тургандек кўринса-да, хаёли ўзида эмасди. “Бизникилар Матвиенко ва бошқаларни кўмишдимкин”, деб ўйлади дераза ортидан олисларга кўз тикиб ва қараса худди уларнинг қабри шу ердан кўринадигандек каравотдан бошини кўтаришга чоғланди.
-Ётинг, турманг,- деди қаердандир етиб келган сариқ соч ҳамшира қиз.- Мумкинмас сизга туриш.
У ётишни истамасди. Бир ҳафтадан бери кун бўйи ётиш силласини қуритиб ташлаганди. Кундуз кунлари бир хилликдан азият чекар, тунлари эса виждон азобидан қийналиб чиқарди. “Матвиенкони тиббиёт пунктига олиб боришим, ялинса ҳам отиб ташламаслигим керак эди” деб ич-ичидан эзилар ва қилмишига кўниколмай айюҳаннос соларди. Бошқа томондан милтиқ бошида унга насиб қилмаганидан аччиқлангани учун дўсти ажал топганига, ўзи ўша милтиққа эгалик қилиш учун унинг илтимосини киприк қоқмай бажаргандек танаси ловуллаб ёнарди.
-Бемаънилик,- дерди туннинг оғир кўланкаси остида ичидаги ўрмалаган ғалаённи тинчитишга уриниб.- У шундоқ ҳам ўларди. Ўзи илтимос қилди, ахир.
Бир куни у виждон азобига чидолмай, енгил тортарман деб ўша оқ сариқ ҳамширани сўроққа тутди.
-Қаттиқ яраланган сафдошингиз сиздан ўзини отиб ташлашини сўраса нима қилардингиз?
-Уни госпиталга олиб борардим,- деди ҳамшира ўйлаб ўтирмай.
-Йўлда жон беришини билсангиз ҳамми?- у сўроғини давом эттирди.
-Нима фарқи бор?!- деди ҳамшира ишонч билан.
-Илтимосини бажармасдим,- деди госпиталда куймаланиб юрган доктор иккиланишлардан холи тарзда.
-Йўлда ўлиб қолишини билсам ҳам тиббий ёрдам учун олиб борган бўлардим,- деди ёнидаги каравотда ётган ярадор аскар.
Уч кишидан бир хил мазмундаги жавоб олди. Бунинг оқибатида ўша кундан бошлаб тинчи бузилди. Тушларига Сталинград, Матвиенко ва уни ўлимидан олдинги абгор ҳолати узилишлар билан кириб чиқадиган бўлди. Ҳатто, госпиталдан чиқиб, фронтга қайтганида ҳам бу тушлар ниҳоя нелигини билмасди. Вазият шу даражага бориб етдики, уларнинг юки ва уқубатидан қутулиш учун ўзини аямайдиган, бошини ўққа-чўққа урадиган, уруш ўчоғининг муҳим ва қайноқ нуқталарида жанг қиладиган бўлди.
У эндиликда командирларнинг буйруқларидан илгари оёғини қўлига олиб, тағин урфга айланган ўша “Ураа” ёки “За Сталину” каби ялтироқ сўзларни ҳайқириб айтганча жанггоҳга чопар, “мана ҳозир ўқ ейман”, “мана ҳозир снаряд мени мажағлаб ташлайди” деганча халлослаб, ихтиёридаги қуролидан душман истеҳкомини тинимсиз ўққа тутганча олдинги қаторларда югуриб кетарди. Немисларга эсон-омон рўпара бўлса, окопларига сакраб тушиб, улар билан чўнтагидаги пичоқ кўмагида яккама-якка олишар, ўзини атайин заиф кўрсатиб уларга чавақлашлари учун имкон берар, аксига олиб энди рақиби уни жонини олмоқчи бўлганида сафдошларидан бирортаси келиб душманнинг ортидан бўйнига тиғ тортиб юборарди.
Баъзида у қўлидаги граната билан панадаги пулемётчи ёки танкларнинг ёнигача-да эмаклаб борар, афсуски шунда ҳам ажал уни йўқлаб келмас, уларни портлатгач бир мўъжиза сабаб бўлиб ўзи тирик қолаверарди. Кейин эса окопларда минг бир азобда тонг оттирарди. Хосиятсиз тушлардан ҳатто иштаҳаси бўлмай, томоғидан кеча-ю кундуз овқат ўтмасди. Турганида ҳам, юрганида ҳам қовоқлари солинган ҳолда одамлардан йироқда, ўз хаёллари билан фаромуш ва саргардон юрар, мақсади эртанги куни яна жангга киришдан иборатдек, шундан бошқа нарса ҳақида ўй суришни истамасди.
-Мени тинч қўй Сталинград,- дерди шундай лаҳзаларда бошини чангаллаб.- У шундоқ ҳам ўларди. Мен милтиққа эгалик қилиш учун эмас, у илтимос қилгани учун уни отдим.
У ўлдирган юзлаб немисларнинг бирортаси тушига кирмас, тақдир кинояси боисми фақат Матвиенко кирарди. Унинг айтган гаплари қулоғидан сира кетмас, пардаларини тешиб юборгудек бўлиб қайта-қайта жаранглайверар, якунда эса пешонасига тираб милтиқнинг тепкисини босгани кўз олдида гавдаланар ва юрагини кимдир бўлакларга ажратиб ташлагандек илкис дод солиб юборарди.
Урушдан кейин ҳайтовур бу тушлар ва уруш даҳшатлари бир қадар камайди. Вақт олий ҳакам дейишади. Нақадар бу тўғри. Йиллар таъсирида чуқур из қолдирган жароҳатлар битиб, у тиниқиб ухлайдиган ва тонггача ётоғида безовта аҳволда, у ёқдан бу ёққа ўзини ташлаб чиқиш балосидан халос бўлди. Инсониятга қўшилиб у ҳам тинчлик бағрида урушнинг истарасиз қиёфасини унутди. Бироқ, энди замин узра доим қор ёққанида Матвиенкони эслаши одат тусига кирди. Қор ёғгудек бўлса, нуқул Женяни қорнидан ичак чавоқлари осилган кўйи қорда чалқанча ётганча ундан “мени отиб ташла, Ҳикмат” деятгани, у бўлса дўстини отиб ташласа милтиқ уники бўлишини фаҳмлаб, илтимосини қондираётгани ўзида акс этган манзара қаршисида аниқ-тиниқ намоён бўларди. Гоҳида тепкиси босилган милтиқнинг қарс этган хунук овози эски кунлардагидек қулоғига дадил чалинар ва у қулоғини ёпганича рўпарасидаги ўша Сталинграддаги манзарага икки томчи сувдек ўхшаш манзарадан кўзлари ола-кула бўлиб, шоша-пиша уларни юмиб оларди. Қўлларига қон сачрагандек ҳар бирини сув билан тўхтовсиз, бирини иккинчисига ишқалаб-ишқалаб юварди.
Кўчада ҳеч зоғ йўқ эди. Ё дам олиш куни бўлгани учун, ё таранг турган изғирин учун, шекилли. Ҳар холда, одам боласига дуч келмади. Бир маҳал маҳалла масжиди муаззини Иброҳим сўфи пешинга қироат билан азон чақирди. Сўфи тушмагур ўта ширали овоз соҳиби саналарди. Қолаверса, азонни чақиришида ҳам алланечук салобат яширин бўлиб, тинглаган одам тик туролмай, беихтиёр чўнқайиб ўтириб оларди.
У кўча четидаги ҳарсангтошда ниҳоясига етгунча азонга қулоқ тутиб ўтирди. Ҳатто, азон якунига етгач ҳам жойидан қўзғалмади. Ким биландир суҳбатлашгиси, балки ҳасратлашгиси келди. Бирорта одам учраб қолармикин деб кўзларини ҳар тарафга тикди. Аксига олиб, масжидга тескари тарафда эди. Намозхонлар қўшни кўчадаги асосий эшикдан киришларини биларди. У томонга шу тобда боргани оёғи увушиб йўл қўймади. Борган тақдирида ҳам ҳеч кимга ичидаги улкан дардини юрак ютиб айта олмасди. У кунда беш маҳал масжидга бош суқар, аммо доим кундалик намозларни адо қилгач, бировга бирор луқма сўз демай у ерни тарк этарди. Ҳарсангтошда шунақа хаёллар қуршовида, ўзи билан овора ўтирарди. Бир пайт кўчада дайдиб юрган малла итга кўзи тушди. Кучукни имо-ишора қилиб, ўзи томон чорлади. Кучук бошини эгиб, нимадандир зорланганча ва ғингшиганча олдига яқинлашди. Уни эркалатиб, бошини силади.
-Сенга битта савол, маллавой,- деди тўсатдан қўлларини унинг бошидан олмай ўйчанлик билан.- Фараз қилгин бир…Сен одамсан. Энди-да, бир фараз бу ҳам… Мабодо одам бўлиб дунёга келганингда-ю, уруш бошланиб, унинг ўчоғига тушиб қолганингда… оғир ярадор бўлиб, чалажон бир аҳволда, жон таслим қила олмай ётган биродаринг ўзини отиб ўлдиришингни сўраса нима қилардинг? Уни отармидинг киприк қоқмай ёки яқин ўртадаги тиббиёт пунктига элтармидинг? Биламан биз каби тилининг йўқ… Шунинг учун отардим десанг- бир марта, тиббиёт пунктига элтардим десанг- икки марта ҳуригин. Мен учун шундай қилгин, илтимос.
Кучук ўзи билан худди одамдек гаплашаётган одам боласини ҳаёти давомида энди кўрган шекилли, унга бақрайиб тураверди. Орада яна ғингшиб қўйди. “Қорни очга ўхшайди”, деб тахмин қилди Ҳикмат бобо ва ўзи билан нон бўлаги олиб чиқмаганига афсусланди.
-Қорнинг оч, шекилли. Майли, қўявер жонивор. Йўлингдан қолма.
Кучук кетишни истамади. Қаршисида ингичка овози билан одатига кўра ғингшиб тураверди. Ниҳоят, тусини ўзгартириб, оғир пишиллади ва бир марта ҳуриди. Шу бўйи тинчланди. Ҳикмат бобони бундан чеҳраси ёришиб кетди ва “ бисмилло” деб қаддини тик тутди. Тўпиқларидан пастдаги увушишга ҳам қарамай, енгил тин олганча пешин намози учун масжид сари қадам ташлади. Шунда ортидан кучук яна бир марта ҳуриди.
2021 йил, июль
Шерзод Ортиқов