“ДУНЁЛАР ЖАНГИ” фантастик асарининг аҳамияти

0
507

Озод МЎЪМИН ХЎЖА

мулоҳаза

Ўзбек адабиёти инсоният адабиётининг узвий бўлагидир. Миллатимиз қадим-қадимлардан бадиий асарлар яратиб келган ҳалқдир. Бобо-момоларимизнинг асрлар мобайнида битган шеърлари, ғазаллари, рубоийлари, фардлари, достонлари, ривоятлари, рисолалари ва эртаклари давримизда ёшларимизнинг маънавий шаклланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Бу айтиб ўтилган жанрлар адабиётимизнинг жуда турли хиллигини ва бойлигини кўрсатади. Лекин XIX асрда Европа қитъасида бадиият соҳасида янги бир йўналиш пайдо бўлдики, у то ҳануз қизиқувчи ўқувчиларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Шу сабаб, у ҳам ХХ асрда бизнинг адабиётимизга ҳам кириб келди. Айтаётганим – илмий фантастика жанридир. Бу йўналиш инсоният жамиятининг ривожланиши, илм-фанга эътибор қаратилиб, турли кашфиётлар қилиш, сир-синоатларни ўрганиш жараёни кучайгандан сўнг насрий шаклда вужудга келди. Бу соҳада биринчи бўлиб, франциялик Жюль Верн қалам тебрата бошлади. Унинг “Ер марказига саёҳат”, “Ой атрофида”, “Сув остида 20 лье” ва “Метеор ортидан” каби романлари китобхонларни ўзига ром этганди ва бошқа ҳалқлар тилларига таржима этилганди.

Кейин, бу соҳа Англияда ўз ривожини топа бошлади. Хусусан, Херберт Уэллс бу йўналишда “Кўринмас одам”, “Вақт машинаси”, “Доктор Моро ороли”, “Дунёлар жанги” қисса ва романлари билан яққол кўзга ташлана бошлади. Бу ёзувчининг ҳам асарлари барча илғор, ривожланиш йўлидаги ҳалқлар тилларига ўгирилган ва деярли бутун дунё улардан баҳраманд бўлган.

Ниҳоят, мана Уэллснинг “Дунёлар жанги” фантастик романи ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этилибди. Бу жуда соз! Чунки, адибларимиз ва таржимонларимиз аллақачон мумтоз фантастик асарларнинг барини китобхонларимизга тортиқ қилган бўлишлари керак эди. Чунки, замонавий, илғор дунёқарашли ва зеҳниятли одамлар албатта бундай адабиёт билан таниш бўлишлари шарт. Бундай асарлар одамларга ҳаётда дуч келинадиган турли муаммоли ҳолатларда энг тўғри қарорни чиқаришга ўргатади. Бундай хислат эгалари эса илгари сурилаётган ҳар хил ғояларнинг моҳиятини тез англаб оладилар ва ўзларининг фаровон ҳаётларини қура оладилар.

Шу кунларда нашриётларимизда чоп этилаётган турфа китоблар кўп. Ҳамма ўзига ёққанини топиб ўқиётир. Ёқмаганларини дўкон пештахталарида, омборхоналарда қолиб кетмоқда. Лекин, биз китобхонларимизга қандай асарлар ўқилса, фойдали билим ва маълумот олиши мумкинлигини, қайсилари эса шунчаки вақтни ўғирловчи ёзмалар эканлигини тушунтириб боришимиз лозим. Айтайлик, детективсимон, тўқима ва воқеалари мантиқсизликка тўла ёзмаларни мутолаа қилишдан не фойда? Маиший ҳаётнинг айрим, ҳаммага таниш қирраларини жўн қисса ёки ҳикоя қилиб битишдан қандай илҳом оламиз? Назаримда, улар фақат инсоннинг қимматли вақтини ўғирлайди, холос. Бу – исрофгарчиликдир. Асар ўқиганга яраша энг билимли, энг мушоҳадали ёзувчиларнинг китобларини мутолаа қилиш маъқулдир.

Ҳерберт Уэллснинг “Дунёлар жанги” шунчалик мантиқий асосланиб, жонли тарзда битилганки, унинг асосида ўз вақтида радиопостановка ҳам қўйилган. Радиодан бу қиссанинг бориш жараёнини эшитаётган одамлар, хаттоки марсликлар ҳақиқатдан ҳам Ерга ҳужум қилишибди деб ўйлашган ва яшириниш тадорикларини кўришган. Бу асарнинг, аслини олганда ушбу ёзувчининг ҳар бир асарининг яна бир жиҳати шуки, улардаги ғоялар кейинги авлод фантаст-ёзувчилари томонидан янада кенгроқ ёритилган, бу ғоялар атрофида жуда кўп янги-янги қисса ва романлар яратилган. Биргина мисол: ўттиз йиллардан бери Ҳолливуд киносанъаткорлари томонидан “Юлдузлар аро жанг” киносериали ҳеч тўхтамай ишлаб келинмоқда ва унинг қачон тугаши ҳам номаълум. Лекин, барибир, мен учун мустаҳкам асос – “Дунёлар жанги” – фантастика тарихидаги энг зўр асарларнинг биридир.

Инсон бундай асарларни бетўхтов ўқиши ва ривожланишда оқсамаслиги лозим. Сўзимнинг охирида, ушбу таржимани амалга оширган Нодирабегим Иброҳимовага ва чоп эттирган «Info capital books» нашриётига бундай савобли иши учун ўзбек фантастикасининг бир вакили сифатида улкан миннатдорчилик билдираман ва унинг эзгу хатти-ҳаракатларининг давом этишини тилаб қоламан.

Таҳририятдан. Сайтимиз номидан муаллифга эътибор ва фикрлар учун ташаккур билдириб қоламиз!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting