Ева Липская. Шеърлар

0
240
ko'rishlar soni

ТЎРТБУРЧАК ЧИЗАДИГАН ЦИРКУЛ

Ева Липская 1945-йили Польшанинг Краков шаҳрида дунёга келган. Краков бадиий академиясида тасвирий санъат ва санъат  тарихини ўрганган. Илк шеърлари матбуотда 1961-йилда чоп этилган. 1975-1976 йиллари АҚШ Айова университети стипендиясини олган. 1968-йили Польяк ёзувчилари уюшмасига аъзо бўлиб, 2020-йили уюшмани тарк этган. 1981-1983 йиллари “Писмо” журналида ишлаган. 1991-йили Австриядаги Польша элчихонасида иш бошлаб, ўн йил шу ерда фаолият олиб борган. Айни пайтда Краков шаҳрида яшайди ва Ягеллон университетида эркин маърузачи сифатида фаолият юритади. Шоира польяк шеъриятидаги “озод тўлқин” вакилларидан биридир. Польяк адабий танқидчилари Липска шеъриятини “тўртбурчак чизадиган циркуль” деб таърифлашган.

ЯШАЯПМАН

Тўлқин узра ястандим,

Тошқин мени қутқармади.

Қўшилиб ёндим оловга,

Ёнғин мени қутқармади.

Қутқармади мени ҳалокатлари

Поездлар ва машиналарнинг.

Қутқармади ҳатто учоқлар

Мен билан қўшилиб портларкан ҳавода.

Беҳудага яксон бўлдилар

Деворлари улкан шаҳарларнинг.

Қутқаролмади на оғулар

Ва на жазо бўлинмалари.

Қиёмат ҳам қутқармади  –

Шунчаки қайғуришга вақти йўқ эди.

Ҳеч нарса қутқаролмади мени –

Яшаяпман.

РЕЦЕПТ

Худкушликка энг яхшиси

Нонуштадан кейин қўл урмоқ даркор.

Нонуштада бир финжон

Сут ичмоқ тавсия этилар.

Чунки сутда А дармондориси бор.

А дармондориси кўз касалликларига

Шифо бўлар.

Кўзлар эса кўрмоқ учун хизмат қилар.

Дунёни кўрмоқ учун.


Худкушликни

Иложи борича сассиз бажармоқ даркор.

Оҳиста-оҳиста –

Скрипка торида юрган пашшанинг

Секин ғўнғиллаши сингари.

Ортган нонни

Қушчаларга сочмоқ даркор.

Токи яшашда давом этсинлар.

Давом эта билсинлар.

ДЎСТЛИК ЧЕГАРАСИ

Дўстлик чегарасига тўсиқлар тортилган.

Хиралашган қуёш чироғи,

Тузоқлар жойлаштирилган.

Сен – бир тақиқланган рисола.

Шляпанг бошингни чегарадан яширинча олиб ўтар.

Бошинг  ўйларингни олиб ўтар яширинча.

Менинг марҳум қондошларим

Очадилар жомадонларин.

Қора костюм.

Оқ кўйлак.

Ортиқ шахсий бўлмаган буюмлар.

Оломон қалқади оёққа.

Божхоначилар чиқаришар енгларидан

Рангли рўмолчалар, пуфаклар ва митти найларни.

Итлар қаттиқ ҳурар.

Тушар пардаси деворларнинг.

ЭҲТИЁТКОРЛИК

Ўзингга ҳазир бўл,

Қаттиқ ишонмагин ўзингга.

Сира иккиланмай

Чаккангга ўқ узмоқ келар қўлингдан.

Олдинга югураётиб,

Ўзингни унутишинг

Ва ортда қолдиришинг мумкин.

Ўнг қўлингга ишонма –

Ўлим фармонингни ёзар, эҳтимол.

Чап қўлингга ишонма –

Боқсанг, зумда ўнгга айланар.

Эҳтиёт бўл ўйларингга ҳам –

Туйқус тарк этишлари мумкин

Ёнаётган миянг учоғини.

Жимликдан ҳазир бўл

Негадир кўп бормоқдасан ҳузурига –

У тилингни боғлар, эҳтимол.

ҲАЙВОНОТ ДЎКОНЛАРИ

Ҳайвонот дўконлари.

Болалигим асрандилари

Тўпланган лагерлар.

Денгиз чўчқалари. Тўтилар. Канарейкалар.

Тутқунликнинг бўғиқ ҳиди.

Воқеалар қолдиғи.

Уйда хўп ўқчидим тушкунликдан.

Мушук Антигона ортиқ кўринмади.

Вердендан келган сичқон қопқонлари

Ва ниҳоят давоми Освенцимнинг.

Оқибатидан мутлақо бехабар эдим,

Ёруғ дунёга кўз очган чоғим

Ўз ихтиёрим ила.

ТЕЛБАЛИККА ИМКОНИНГ БОР…

Телбаликка имконинг бор.

Алмаштирсанг бўлар телбалик валютасин

Даҳолик билан.

Бари беҳуда.

Залда қатнашаётган

Ўн гувоҳ ичидан

Ўн биринчиси туриб

Айбдорлигинг айтар.

Келтиришар сенга эҳтимол миллатни жилд ичига солиб.

Эҳтимол, қўрққанингдан уни севарсан

Ё шунчаки меҳр туфайли

Сабзавотлар етиштиришинг мумкин –

Улар билан заҳарлашар сени.

Коллекциянгдаги қуролдан

Сенга ўқ узадилар. 

Эрта эса бахтли кунинг бўлиши мумкин,

Сешанба бўлса-да агарчи.

ТИРИКЛАР БЕСАБР

Ваниҳоят нимадир қил,

Тириклар бесабр.

Мен сенинг ўлимингни

Одамлардан тутмоқдаман сир.

Улкан давраларда

Биргамиз ҳамон.

Мозор дарвозаси олдида

Ўчиргайман бари изларни.

Ўлимга инонма.

Мангу уйқу

Шунчаки таътил.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржималари

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting