Соврин

0
131
ko'rishlar soni

Рейчел Филд (АҚШ),

(Л.С.Головчинская қайта ишлаган).

ҳикоя

Кечаги кундан бери Ора Лэрраби  бахт туйғуси билан яшарди. Бу жуда ажойиб туйғу эди, у қизчанинг бутун вужудини  рохатбаҳш илиқлик билан тўлдириб турарди.

У жуда эрта уйғонди. Чодирдагиларнинг ҳаммаси ҳали ухлаб ётишарди. Уйқудагиларни безовта қилмаслиги кераклигини биларди, айниқса унинг ёнгинасида ётган опалари Вида Мэй ва Лоретталарни уйғотиб юбормаса бўлди.

Ора саккиз яшар, сарғиш юзларига сепкил тошган қизча бўлиб, ойижоннинг улар   Ғарбга, Калифорнияга кўчиб келишларидан анча олдин Оклахомада вафот этган  синглиси Риллага ўхшаб кетарди. «Рилланинг  қуйиб қўйган ўзгинаси»  —  дерди  ойижон доим ва шунда унинг кўзлари қайғуга тўлиб кетарди. Ойижоннинг кўзлари  ўзининг  ёшлиги хақида   ва улар дарё  бўйидаги  хақиқий уйда яшаган вақтларини эслаганида ҳам  қайғуга тўлиб боқарди.

Ора эхтиётлик билан ўрнидан турди ва чодирни кўздан кечирди. Дадажон ойижон ётган томонда йиғма сафарбоп кроватда оғир-оғир нафас олиб ётарди. Чақалоқ  эса онасининг қўли етадиган жойда саватча ичида ухларди. Агар Ора рўпарасига қараганда қоплама тўшак  устида ётган уч ўғил – Эд, Фрэнк ва Жейсонларни кўрган бўларди. 

Ора  худди  балиқчадек овоз чиқармай кўйлагини  топиб кийди  ва чодирдан ташқарига сирғалиб чиқди.

Эрта тонг. Чодирлар шаҳарчаси ҳали уйқуда. Орадаги йўлакчалар ҳам бўм-бўш. Ҳатто шаҳарчага қираверишдаги устунга ўрнатилган Америка байроғи ҳам ҳали кўтарилмаган.

Нақадар ёқимли ҳаво, худди муздай  сувдек. Қуёш ҳам илиқ нурларини дўстона сахийлик билан таратади.

“Салом, ёш ҳоним” —  қўшни чодирдан чиқиб келган чол бобо  Орага қараб жилмайди. ”Нега бунчалик эрта турдинг?”

“Мени бугун базмга  таклиф этишган”  —  деди қизча чолга  —  “шу бугун тушдан кейин, соат тўртдан олтигача. Бэртлар ранчосига (Ранчо — фермерга тегишли катта худуд-тарж.) — қўшиб қўйди у.

“Йўғ-э, қўйсанг-чи? – Чол  қизчага худди у  кутгандек ҳайрат билан боқди – Базмга бораман дегин? Қанийди, мени ҳам бирортаси таклиф қилса… У ерда илдизли пиво, сомсалар, музқаймоқлар ҳам ерсизлар?

“Бўлиши мумкин. Биласизми, у ерда менинг дугонам бор”.

                                                           ***  

Ора Эстер Бэртнинг базми хақида бир ҳафта олдин эшитган эди. У анчагача  ўзини бу хақда ҳеч нарса билмагандек кўрсатиб юрди. Синфда у қатордан қолганидан хафа бўлганини  кўрсатмаслиги керак эди. Охирги йилда Ора ўзини шундай тутишга ўрганиб олган. Тўғри, Эстер Бэрт ҳеч қачон унга бошқаларга ўхшаб, ёввойи болага қарагандек қарамас эди, аксинча доим  нариги қатордан туриб кулиб қарар  ва дўстларча муомала қиларди.

Аммо охирги хафтанинг бошидан бирдан унинг Орага муносабати ўзгариб қолди. Эстер қандайдир индамас бўлиб қолди. Ора унинг олдидан  ўтиб қолса,  у ўзини бирор нарса билан банддек қилиб кўрсатар,  агар бошини кўтарса ҳам унинг катта-катта кўзлари ташвишли кўринарди. Бу нарса уларнинг орасига совуқлик тушишига сабаб бўлди. Душанбадан жумагача бу совуқлик кучая борди.

-“Сенга нима бўлди?” – ҳафта ўртасида ойижон ундан сўраб қолди-“Кайфиятинг йўқ. Ёки тобинг қочдими?”

-“Йўқ, ойижон, йўқ — Ора қаршилик билдирди — “Мен яхшиман”.

-“Яхшига ўхшамаяпсан” — хўрсинди ойижон.

Учинчи синф ўқитувчиси Миссис Жоселин  ҳам Оранинг ҳулқидаги ўзгаришни сезиб қолди. У қизчадан ҳеч нарсани сўрамади, бироқ пайшанба куни танаффус пайтида уни ёнига чақириб танбеҳ берди:

-“Мен сенга бу ҳафта олтин юлдуз (мактабда дарсларни яхши ўзлаштирган ўқувчиларга бериладиган мукофот — тарж.) беролмасмиканман деб қўрқаман. Бир ҳафтадан бери  сен жуда паришонхотирсан, дарсларга ҳам  эътиборсиз қараяпсан.”   

***

Жума куни Ора ўзини тамоман бахтсиз ҳис қилди. У энди ўзини атрофдаги шивир-шивирлар нима хақдалигини билмагандек тута олмас эди, энди у фақат мўъжиза рўй  беришини кутарди. Эстер Бэрт ўзининг нариги қатордаги дўстлари билан  тез-тез сирли тарзда бош  ирғашиб, кўз уриштирар,  аммо Орадан ҳали ҳам кўзини олиб қочар эди. Фақат бир марта уларнинг кўзлари бир-бирига дуч келди ва шунда Ора дугонасининг кўзларида  ташвиш  ва маъюслик аломатларини сезди.

Қизлар ўйингоҳ томон кетишаётганда Оранинг қулоғига Руф Нортоннинг: 

-“ Сен бундай қилмаслигинг керак, Эстер,” —  деган сўзлари эшитилиб қолди – “Ойинг сенга бунинг  учун нақд “Хайл Колумбия” ни айтиб беради. (ижтимоий шевада “уришиб бериш”,” сўкиб ташлаш” маъноларини беради, “Hail Columbia”-  Америкада  машҳур бўлган қўшиқ номи — тарж.). Биласан-ку, сен улар билан  мактабдан ташқари вақтда гаплашмаслигинг керак.”  

-“Менга барибир, базм меники, мен уни ўзим ҳоҳлагандай  ўтказаман.”

-“Қани, бир уриниб кўр-чи” – бу товуш Флорес Деннисники эди.

Оранинг назарида мактаб соатининг темир  миллари  ҳеч қачон шунчалик секин юрмаган эди. Ва ниҳоят соат учга занг урди ва учинчи синф ўқувчилари шовқин – сурон билан мактаб ҳовлисига ёйилишди. Ташқаридаги катта йўлда  бир қатор машиналар ўқувчиларни кутиб тизилишиб туришар, машиналар рулини  асосан  оналар бошқаришарди. Худди шу пайтда кутилмаган, ишониб бўлмайдиган ҳодиса рўй берди. Ора Эстер Бэрт бирданига ортига қайтиб, тўғри унинг олдига келаётганини кўрди.

-“Сен келавер”,  —  у Оранинг қулоқларига шивирлади – Сен ҳам кел”.

-“Базмгами?” – ҳаяжондан Оранинг томоқлари қуруқшаб кетди.

-“Соат тўртдан олтигача”

Эстер унга яна нимадир демоқчи бўлди, бироқ қизлар ва болалар тўдаси ёпирилиб келиб уларни бир – биридан ажратиб юборди.

                                               ***

Ора авввалига ўзини йўқотиб қўйди. Фақат чодирларига етиб келгандагина нафасини ростлаб олиб, янгиликни ойижонга айтиб берди. Ойижон жуда хурсанд бўлди. У Оклахомадан кўчиб келишгандан бери бирор марта шунчалик ҳурсанд бўлмаган эди.

-“Бэртлар ранчосими?” – дадажон  хижжалаб такрорлади — “Аймоқчи, мен бу жойни биламан. У ерга кўп борганман. Улар шафтоли ва ёнғоқ етиштиришади. Мен сени у ерга олиб бориб келишим учун машинага етарли ёнилғи қуйиб олишим керак экан.”

Фақат Лореттага Оранинг базмга бориши ёқмади. “Мен Оранинг ўрнида бўлганимда  у ерга бормас эдим” —   деди у билағонлик билан  —  “Мен  таваккал қилмаган бўлардим”.

Ойижон катта қизига жаҳл билан қаради:

-“Ора базмга боради. Борганда ҳам янги кўйлак кийиб боради”.

Ойижон бунинг чорасини ўйлаб қўйган экан. У кўрпа тикиш учун  олиб қўйган қип – қизил пахтадан тўқилган матодан Орага кўйлак тикиб берди. Жейсон Лореттанинг жигарранг фетр (аъло нав юпқа наматсимон мато-тарж.) шляпаси учун мовий рангли аллақандай қуш патини инъом қилди. Ора чевархонадан иплар ва тугмалар билан бирга бир қанча маслаҳатлар ҳам олиб чиқди. У ювиниб – тараниб кийимларини кийиб базмга жўнаш учун тайёр бўлди. Бутун оила унинг атрофида тўпланиб, худди Ора қандайдир сирли ташкилотга аъзо бўлиш учун кетаётгандай  тантанали сукутда  унга қараб туриб қолишди.

-“Қани, кетдик вақт бўлди“ – адажон  эски машинани ўт олдирди. Лэррабилар оиласи  Орани кузатишга жамланишди.  

                                                        ***

Янги қизил кўйлак шунчалик узун ва кенг қилиб тикилган эдики, уни Лоретта ҳам бемалол кийса бўларди. Вида Мэй кўчадан топиб олган тўғнағичнинг яшил шиша кўзи кўйлакнинг кўкрагига тикилгач, худди хақиқий зумраддек ярақлаб кетди.

-“Ма, ол” – Лоретта Орага ажойиб мовий пат билан ясатилган фетр шляпасини узатди. “Фақат у ерга борганда кий.”

-“Дадажониси қаранг, худди суратлардаги қизчаларга ўхшайди-я!” – ойижон қувонч билан жилмайди. –“Дастрўмолингни олдингми, дазмоллаб қўювдим”.

-“Ҳа,ойижон, олдим”.  

-“Хўп, бўлмаса,”- дадажон яна бир марта хайрлашди — “қани кетдик”.

                                                 ***

Адажон Орани  йўл бўйидаги бахайбат дарвоза олдига олиб борди. Дарвозага  баҳайбат  ҳарфлар билан  “Элдора (Испан тилида “олтин” дегани –тарж.) ранчоси. Хусусий йўл. Қонунни бузганлар ранчо эгаси Г.Н. Бэрт буйруғи билан судга берилади” – деб ёзиб қўйилган эди.        

Адажон машинани тўхташ белгиси остида ўчирди. “Мен сени яхшиси шу ерда қолдираман. У ёғига,  уйгача пиёда етиб оларсан”  — деди у – “Бу унча узоқ эмас. Мен соат олтига, шу ерга етиб келаман.”

Ора аста – секин уй томон йўл олди. Яқин орада тош йўлда  бирорта ҳам машина кўринмагани учн у мен биринчи меҳмон бўлдим шекилли деб ўйлади. Тўсатдан у одамлар овозини эшитиб қолди.

-“Қаранг, ойи” – Ора Эстернинг онасини товушидан  таниди.-”Кўряпсизми, бу ёққа келаётган қизчани?” 

 -“Ҳа, қизим” – бошқа овоз жавоб берди – “Бироқ мен бу қизчани танимай турибман”.

-“Албатта, сиз уни танимайсиз! У қочоқлар  шаҳарчасида яшайдиган оиладан. Менинг шунча гапларимдан кейин ҳам Эстер уни бу ерга таклиф қилган кўринади.”

-“Кўп сиқилаверма, Эмма. Базмга  битта боланинг ортиқ ёки кам келгани нима бўларди?”

-Гап бунда эмас, ойи. Гап шундаки, Эстер  менинг айтганимни ерда қолдиряпти. Мен Эстерга айтувдим, буни отаси ҳам айтган, улар билан мактабдан ташқарида алоқа қилма деганмиз. У аллақандай  “жулдур базм“(“tacky party” – меҳмонлар атайлаб кулгили, эскирган — тўзиган  кийимларда келадиган базм — тарж.) тўғрисида гапирганда ҳам унинг шунчаликка бориши хаёлимга келмабди. Мен хозироқ бу қизчани келган жойига қайтариб юбораман.”

-“Ундай қилма,” – деди бошқа овоз эгаси. ”Асло бундай қила кўрма. Майли, Эстерни кейин жазоларсан, аммо у таклиф қилган  қиз базмда қатнашиши   керак.”

Овозлар  шундоққина Оранинг тепасидаги  дераза ортидан келарди, бироқ қизчанинг қулоғига энди ҳеч нарса кирмас эди. Унинг кўзлари ёшга тўлган ва у оёқлари гандираклаганча уни уйдан  узоққа олиб  кетаётганлигини  сезса-да,  кўзлари  ҳеч нарсани кўрмас эди. Эстер мактабда нима учун ташвишли  кўринганининг сабабини у энди тушунди. У албатта росмана уйларда  яшовчилар  эски машинада иш қидириб юрувчи уйсизларга   қандай қарашларини биларди. Улар сизнинг чодирда яшашингиз ва опа-укаларингиз кўплигини дарҳол сезишади ва сиз билан бошқача товушда гаплашиб, сизга бошқача назар билан қарай бошлашади.       

                                           ***

У баланд бир дарахт остидаги ўриндиқни кўриб қолди ва бундан кейин нима қилишни ўйлаб олиш учун унга ўтирди. Отаси икки соатдан кейин  қайтиб келади. У ёзувли дарвоза олдида отасини кутиб ўтириши мумкин, аммо базмга болаларни  олиб келган ҳар бир машина ўша ердан қайтади, демак  болалар уни кўриб қолишади. Балки у асосий йўлга чиқиб олиб, уйга пиёда кетиши керакдир? Бироқ унда отаси уни бу ерда кутиб қолади, онаси ва опа – укалари эса бўлган воқеани сезиб қолишади. Улар унинг базмга боришидан қанчалик ғурурланиб, қанчалик  ҳурсанд бўлишган эди… Яна бу ерда Эстер ҳам бор.

У энди Эстер Бэрт унга  хақиқий дўст эканини билиб олди. Агар Ора кетиб қолса Эстер у базмга келишни хохламабди деб ўйлаб, хафа бўлиши мумкин.

Ора рўпарасидаги ўтлоқдан юриб келаётган болалар шарпасини сезиб  ўрнидан турди ва аста-секин улар томон юрди.     

Болаларни кўриб у бир зумга ўзини йўқотиб қўйди, назарида у циркдаги масхарабозлар  ичига тушиб қолгандай эди. Қизча синфдошларини таниди,  аммо улар бутунлай бегона болаларга ўхшаб қолишган эди. У ўзини ўраб олган болаларнинг титилиб кетган свитерларига, қора ишларга  кийиладиган коржомаларга, йиртиқ тўр парчалари тикилган енгларига, ранги ўчиб кетган ҳошияли ёки катак – катак матолардан тикилган кўйлакларига  ва беўхшов гуллар қадалган шляпаларига қараб ҳайратдан қотиб қолди.

— “Ҳой Нэн! –Милли Роббинс қичқириб юборди —  Бу ёққа келиб Орани томоша қилинглар! У Ошхонадаги  печкадан бошқа ҳамма нарсани эгнига илиб олибди!”

— “Қаранглар, пат ҳам тақиб олибди!” —  Билли Уилкомб хитоб қилди – “Мана бу хақиқий “жулдур базм” га мос  кийим деса бўлади.

“Жулдур базм!” – Эстернинг онаси ҳам бу хақда гапирган эди. Эстер кеча унга мана шуни айтмоқчи бўлган эканда! Эсиз, у яхшироқ эшитиб олса бўларкан… У бўлса базмга  ҳамма энг яхши кийимларини кийиб келади деб ҳисобларди.

“Мен сизларга айтмабмидим!” —  деди Эстер унинг олдига келиб. У онасининг кўйлагини  кийиб олган, кўйлакнинг бошидан оёғигача атайлабдан янги ямоқлар тикиб чиқилган эди – “айтмабмидим, Орани таклиф этсам  у базмнинг гули бўлади деб.“

                                          ***   

Ора Эстернинг кўзларига қаради. Эстер Оранинг усти-бошига кўз югуртириб, унинг кийим – кечагидаги барча тафсилотларни маъқуллаганини билдириб жилмайди. Ора ҳам унга жавобан жилмайиб қарашга харакат қилди. Бироқ аслида шу тобда у фақат бир нарсани: ортига қараб югуриш, то ўз чодирига етиб боргунча тўхтамай югуришни истарди. Унинг ҳозирги ҳолати Эстернинг онаси айтган сўзларни эшитган пайтдан ҳам ёмонроқ эди. Чунки бошқалар унга қараб кулиб,  унинг беўхшов кийимларига қойил қолиб қутлашганида у ўзини худди ойижон ва бошқа оила аъзоларига нисбатан сотқинлик қилаётгандек сезарди.

-“О, мана буни шляпа деса бўлади!” –Жо билан Жерри  Оранинг шляпасини унинг бошидан юлиб олишди ва ўтлоқнинг у четидан бу четига футбол тўпидек тепа бошлашди. Ора шляпасини уларнинг оёқлари остидан базўр тортиб олганда унга қадалган патлар синиб бўлган эди.

“Мен сир бой  бермаслигим керак” – деди Ора ўзига – ўзи  тишларини маҳкам қисганча, — бу ерда Эстерга,  ёқда ўзимникиларга ҳеч нарсани сездирмаслигим керак”.

Базмда  унга жуда яхши муносабатда бўлишди. Ҳеч ким у  қўрқиб кутгандек чодирдаги ҳаёт, бир   кунда уч маҳал бўтқа ейиш мавзусидаги ҳазил гаплар билан унга тегажоқлик қилмади.

Базм ўзининг  энг қизғин палласига кирганда Эстер қарсак чалиб ҳаммани ўзига қаратди:

-“Энди энг жулдур кийим учун таъсис этилган совринни топшириш вақти келди” – эълон қилди у ўта жиддий оҳангда.  –“ Бувим парда орқасига  ўтиб ўтирадилар. Ҳар бир киши битта – биттадан уларнинг олдиларига ўтиб, ўзи овоз берган кишининг номини шивирлаб айтиб, орқасига қайтади. Охирида бувим энг кўп овоз олган кишининг  номини айтадилар”.

Ора бир қатор бўлиб тизилган болалар ва қизлар сафининг энг охиридан жой олди. Ниҳоят, парда ортига ўтиб овоз бериш навбати унга ҳам  етиб келди. Бироқ у ўзи танлаган номни айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган пайтда Эстернинг бувиси оғзи қулоғига етгунча жилмайиб, унинг қўлларидан маҳкам тутди:  

-“Сен бошқалардан кўра икки баравар кўп овозга эга бўлдинг. Сен совринни ютиб олдинг, у сеники”.  

Ҳамма болалар унга ҳавас билан қарашди, қарсак чалиб, шовқин кўтариб  уни  ўраб олишди. Эстер унинг қўлларига соврин солинган қутичани тутқазди.

-“Оч уни, оч!” – қтичқиришди болалар.

-“Уни мажбур қилманглар!” – деди кекса хоним  — “Майли, у қутичани ўзи ҳоҳлаган жойда очсин. Сен албатта совринни уйдагиларинг олдида очиб кўрсатишни ҳоҳлайсан, тўғрими?”

Ора  кўзларини кўтармай бош ирғади.

-“Хўп, бўлмаса базмни давом эттирамиз. Дастурхон сизларга мунтазир!”

Бу сўзлар айни зарур вақтда айтилди ва Оранинг бахтига дастурхон атрофидан  жой олиш учун шошилган болалар бир зумда уни эсдан чиқаришди.

Қўлидаги қошиқ Орага  ниҳоятда оғирдек  туюлди. У музқаймоқдан  маза топмади. Ажойиб кўринишли  тортдан ҳам   худди қора нон ва ловияни чайнагандек базўр тотиниб ўтирди.

                                               ***

-“Майли, яхши қол, мен энди борай” – деди Ора Эстерга дастурхондан туришгандан сўнг. – “Мени базмга таклиф этганинг учун рахмат”.

-Яхши бор” – деди Эстер – “Мен совринни ютиб олганингдан хурсандман”. У Орани елкасидан қучиб, эшиккача кузатиб қўйди.

-“Тўхта, қизча, тўхта!“ – Кекса хоним шошганча Оранинг ортидан  пастга тушиб, унинг йўлини тўсди. — ”Қолган печенье ва конфетлардан олиб кет. Сенинг  опа – укаларинг бўлса керак? Оилада нечтасизлар?”

“Рахмат, мэм” – деди Ора ва дадажон яхши кўрадиган жумлани эслаб қўшиб қўйди: “ Жужуқлардан бир тўдаси бор”.

Ниҳоят Эстерлар уйи кўринмай қолгандан кейин Ора енгил тин олди. У катта йўлга яқин келганда дарахтлар орасидан машиналар кўзга ташлана бошлади, бироқ уларнинг ичида дадажоннинг машинаси кўринмас эди. Ора бажаришга қарор қилган ишни амалга оширишниниг айни пайти. Катта йўл билан  мевазор боғ ва ёнғоқзор  орасидан ўтган  зовур ёмғирлар таъсирида     чуқурлашиб, лойқа билан  тўлиб қолган эди. Ора соврин солинган қутичани иккала қўли билан маҳкам ушлаб, зовр бўйига  сирғалиб тушди.

“Мен аввал қутича ичидаги нарсани кўришим керак” – деди у ўзига — ўзи. Эстер совринни ўз қўли билан қутичага жойлаган. У совринни Ора ютиб олганига ҳурсанд бўлган эди. Энди Ора қутичани очиб ҳам кўрмаса бу Эстерга нисбатан адолатсизлик бўларди.

“Мен бу нарсани уйга олиб бора олмайман. Менинг болаларга масхара бўлганимни ойижон сезса қаттиқ хафа бўлади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бироқ мен совринга бир марта кўз ташласам, бунинг зарари бўлмаса керак.”

Ора ипак лентани очиб, соврин ўралган юпқа қоғозни  очди. Қоғоз ичида Ора ҳеч қачон кўрмаган жуда чиройли хитойи гулдон бор экан. Гулдоннинг силлиқ сирти ажойиб  гуллар билан безатилган, улар кўринишидан хақиқий гулларга ўхшарди – атиргуллар  пушти, бўтакўзлар – мовий рангда товланарди.

“Агар мен лентани ўзимга олиб қолсам, бунинг ҳеч кимга зарари бўлмаса керак “ — қарор қилди Ора қутичани қайта ўрар экан.

У  қирғоққа қайтиб чиқиб пастга қаради ва  оқ қоғоздан асар ҳам қолмаганини кўрди: қоғоз Оранинг сирини яширган ва унинг иснодини бағрига олган лойқа рангига кириб кўздан ғойиб бўлган эди.   

Ниҳоят  узоқдан машина ҳам   кўринди. Дадажон унинг ёнига келиб тўхтади ва қизини кабинага олди.

-“Хўш – деди у – базм яхши ўтдими? Сумкадаги нима?”

-“Печенье ва конфетлар. Еб кўрасизми, дада?”

-Йўқ, раҳмат. Бу борада сенга  ойижон ва бошқа болалар қарашворишади.

                                                        ***

Дадасининг ёнида ўтириб кетиш қандай яхши! У Лореттанинг шляпасини бошидан ечиб олиб тиззасига қўйди ва шляпадаги мовий патларни қўллари билан силай бошлади. Ҳеч қачон букилмайдиган патлар  қуёш  нурида яна товлана бошладилар.

Йўлнинг ҳар икки томонида ёввойи гуллар билан қопланган дала ястаниб ётарди. Ботиб бораётган қуёш нурлари остида гуллар жуда ажойиб  кўринишарди.

-“Чиройли! – деди дадажон – ғаройиб манзара!”

-“Гулларнинг кўплигини қаранг” – жавоб берди Ора. ”Шунчалик кўпки, уларни  ҳеч қандай гулдонга сиғдириб бўлмайди.”

Шундан кейин Ора анча вақт жим қолди. Дадаси буни сезиб:

-«Жуда чарчаган кўринасан, – деди у — баъзида базмда ўтириш ҳам одамни чарчатиб қўяди».

-“Ҳа, дадажон”, – Ора дадасининг гапини маъқуллади ва у томон сурилиброқ  ўтириб олди.

Инглиз тилидан Иброҳим Йўлдошев таржимаси

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting