ГУЛХАН АТРОФИДАГИЛАР

0
286
ko'rishlar soni

(Шоира Гулжамол Асқарова ижодига бағишланган эссе)

            Одамзод дунёга нега келади? Ҳар тонгда уйқудан кўз очмоқдан мурод не? Дунё деган эски карвонсаройда инсон боласининг қадри гоҳи мис чақачалик бўлмаган пайтда қуруқ лошингни кўтариб юришдан мақсад-муддао нима? Айни шундай кезларда яшамоқ номли даҳмаза юмуш кўнгил матлаби бўла оладими?… Саволлар кўп…бахтга қарши, мана шундай саволлар жуда кўп. Аммо, жавоб берувчи бирор киши йўқ шундай кезларда. Жавоб тополмагач эса янада тушкунликка, янада маҳдудликка берилади қалб. Ўзингни  чалғитишга, нима биландир саргардон қилишга, миянгда қуюн янглиғ айланаётган шундай ўйлардан оз муддатга бўлса-да қутулишга уринасан. Замона қудратига минг шукрки, мана шундай пайтда ижтимоий тармоқлару, яна неча турли чалғитиш воситалари бор глобал тармоқнинг. Яқинда телеграм тармоғида бир аудиоёзув қулоғимга чалинди. Ижрочи қиз қандайдир китоб ҳақидаги фикрларни ўқиркан, тинглаганим сари бу китобга қизиқишим ортиб борар, гўё унда муаллифнинг дил сўзлари эмас, менинг кўнглимдан кечаётганлар, менгагина тегишли бўлган ўйлар айтилар, ижрочи қиз хаёлим қатларидаги ёзиқларни бошқа кишининг номидан ўқирди, холос. Қайта бошдан эшитиб кўрсам, у шоира Гулжамол Асқарованинг “Уйғотувчи алла” китобининг муаллиф томонидан ёзилган сўзбошисини ўқирди. Мен шоиранинг шеърларини севиб ўқир, кўпини талабалик давримдан ёддан билсам-да, айнан ҳозир унинг китоблари менда йўқ эди. Сўнг интернетдан унинг аввал “Уйғотувчи алла” китобини, кейин бошқаларини қидириб топиб, юклаб олдим-да мутолаани аввалгисидан бошладим. “Сиз кимнидир жуда қаттиқ яхши кўрганингиз ҳақидаги китоб бу”… дерди муаллиф. “…бир одамни бебаҳо туйғулар билан севганингиз ва яна ғурурингизни унинг пойларидан кўтариб олсангизда, кўнглингизни ундан узолмаганингиз ҳақидаги китоб бу…”деб нолақиларди куйган кўнгилнинг нидолари. “Тонгда кўзларингизни очиб, қаерга қараманг унинг сиймосини кўришингиз, кўзларингизни юмиб, уни ўйлаб, кўзларингизни очгингиз келмаслиги, 6у дунёнинг ҳисларингизни масхаралайдиган, туйғуларингизни топтайдиган кундалик ташвишларига ўралашмасдан фақат У ҳақида ўйлагингиз келаётгани ҳақидаги китоб бу…”

Қўнғироклар қилмай қўйдим,

Менсизликка ўрган дедим.

Ахир кунлар ботиши бор,

Кунсизликка ўрган дедим.

Ўз рашкимдан ўзим тўйдим,

Ҳар не кўрсам сенга йўйдим,

Кўзларимни силаб қўйдим,

Кўзларингни кўрган дедим…

       …Китобнинг сўзбошисини кўзёшим денгизига чўмиб тугатиб, бирин-кетин шеърларни ўқий бошларканман, атрофимдаги моддият тамоман йўқолиб борарди. Мен гўё лаҳзалар ичида чексиз коинотда эдим, вазнсиз эдим, қанотларим йўғу, аммо, парвоз қилардим… ўз арғимчоғида тебраниб ётган Ой сирли жилмаяр, атрофимда думли юлдузлар учиб юрар, улар гўё кўксимдан учиб чиқиб бутун борлиққа тарқалаётгандек, атрофимда гир айланарди. Уммон тубида эдим, ҳолбуки сузишни билмасдим, аммо, моҳир аквалангчилар каби унинг энг чуқур ботиқларига чўмар, ёнимдан денгиз отчалари, юнусбалиқлар бамайлихотир сузиб ўтишар, қўлларим, оёқларимга илашиб мени эркалаётган сув ўтлари вазмин солланарди. Уммоннинг туби шунчалар тиниқ эдики, сув остидаги қоялар тирқишларидаги чиғаноқлар, улар ичида асрлар мобайнида яралган марваридлар менга яққол кўриниб турарди. Барча яратиқ шаффофлик ичига чўмган, ўзим ҳам шаффоф эдим гўё…

Чорланмаган дунёнгизга қандоқ бўлсам бориб бўлгай,

Рухимнинг оққушларидай оппоқ бўлсам бориб бўлгай,

Қарочиқлар диёринда мусофирдек маъюс ўлдим,

Кўзингизнинг қаросига тупрок бўлсам бориб бўлгай…

 …Энди уммон сувлари дафъатан ғойиб бўлган ва чексиз-ададсиз саҳрода эдим. Тун кўрпасини ёпган борлиқ ажиб сокинликда, дунё кимсасиз, само бағрида боягина ёнимдан учиб ўтган юлдузлар, мени бағрига имлаган Ой бошим узра яна асрий учқунлар бўлиб чақнар, уларга етиш учун бояги шеърларни яна ўқисам кифоя деган қандайдир ўй руҳимга енгиллик берарди. Қум барханлари оралаб қадам босарканман, Қуёш оташида куни бўйи ланғиллаб ёнган саҳро тунги салқин тафти билан оёқларим, бармоқларим орасида шовуллаб мавжланарди. Саҳро узра эса қаердандир чанқовуз садоси эшитилар, унинг садоси шу қадар изтиробли, шу қадар нолаваш эдики, дунёнинг барча азобини ўзида жам қилгандек туюларди. Аммо, шу нола сабаб олдинга юравердим. Кўп ўтмай узоқ барханлар орасида гулхан шуъласига кўзим тушди. Унга яқинлашарканман, гулхан юз-кўзларини ёритиб турган – бири бошида қалпоқ ва дарвешнамо кийинган, қоп-қора ва қалин соқол-мўйлаби ўсиб кўксига тушган, ориқ узунчоқ юзли ва кўзлари ичига чўккан, иккинчиси эса оппоқ соч-соқолли ва эгнига кенг яктак ташлаб, оқ салла ўраган ғўлабирдан келган кишига кўзим тушди. Уларни ҳаётда кўрмаган эсам-да дарвешнамо кийинганнинг Бобораҳим  Машраб эканлигини, иккинчи кишининг эса ҳазрат Умар Хайём эканлигини билиб турардим. Айни пайтда бу хабардорлик ва уларни мана бундай кўриб турганим бир томондан ҳайратга солса, иккинчи томондан улар даврасига яқинлашаётганим ўйи ичимга титроқ соларди. Яқинлашиб салом бердим ва гулхан атрофига ўтирдим. Саҳронинг аллақайси бағридан эса ҳали-ҳамон чанқовузнинг дилни ўртовчи овози эшитилиб турарди.

    – Бу Ишқдан куйган Руҳ ва унинг сўнмас садосидир – деди Машраб хўрсинганча ва дафъатан ўқий бошлади.

     Мен кимга айтай дўстларим, девона қилди ишқ мани,

     Садпора қилди юрагим, девона қилди ишқ мани.

     Тун кечалар дод айласам, ҳар дам сани ёд айласам,

     Ишқингда фарёд айласам, девона қилди ишқ мани…

Унинг ўқиши ғазал ўқишни эмас, нолани эслатар, олисдан чалинаётган дилгир оҳанг эса унга жўр бўлаётгандек авжга минарди. Шу пайт гулхан атрофига яна бир киши яқинлашди. Аввалига Балх шаҳри ҳокими бўлган, сўнгра Аллоҳ ишқи йўлида тахтни ва бола-чақасини ташлаб, ҳукмфармоликнинг олтин қабосини дарвишликнинг юпун жандасига алмашган авлиёсифат зот Иброҳим Адҳам эди у. Узоқ йўл юргандан бўлса керак юз-кўзлари ҳорғин, шундай бўлса-да ундан илоҳий нур ёғилиб турарди.

    – Ишқ аҳлига саломлар бўлсин! – деди у жилмайиб ва Умар Хайёмнинг яқинига, қумга оҳиста чўккалади. 

    – Сўйланг, қайлардан келурсиз? – ўйчан ҳолда сўради Машраб қалпоғини қўлига олиб, қайта кияркан.

    – Яхшиси, сиз сўраманг, мен айтмай… Аллоҳ билан юзлашай, Каъбатошга бошимни уриб Яратганга саловат айтай деб ўн тўрт йилдирки ҳаж сафари орзусида эдим. Ўн тўрт йил, ҳар қадамимда икки ракат намоз ўқиб, Каъбага етиб, кўрсамки у йўқ… Мен Каъба орзусида бўлсам, у Биби Робийя Адавия дийдорини тилаб уни кўргани кетибди!

    – Ё Аллоҳ, қудратингдан! – Шу пайтгача бирор сўз демаган Умар Хайём илк бор сўзга оғиз жуфтлади ва бироз пастлагандек туюлган оловни ковлаштириб, унга яна ўтин ташлади. – Ишқи олийга етмиш! Ишқи олийга етмиш!

     Уларнинг суҳбатини тингларканман, исломдаги илк зоҳида аёл сифатида тарих саҳифаларида қолган, Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббати сабаб Ҳақнинг буйруғи билан Каъба унинг олдига келган ва шу тариқа Ҳаж зиёратини амалга оширган авлиёсифат аёл Робия Адавия ҳақида ўқиганларим ёдимга тушди. Бу дарҳақиқат Ишқи олий эди.

    Бу пайтда Умар Хайём ёнидаги хуржунини ковлаштириб, ундан оғзи тиқин билан бекитилган кичик кўзача ва бир-икки сопол пиёла чиқарди. Сўнг шошмай тиқинни бураб очиб, пиёлаларга гилосранг ичимликдан қуяркан, пичирлай бошлади:

     Ул ҳусни фалак, хуршиди тобондир – ишқ,

     Ул қушки, гўзал чаманда сайрондир – ишқ.

     Булбул каби ун чекишни сен ишқ санама,

     Ҳар лаҳза ўлиб, чекмаса афғондир ишқ…

   – Ҳой, шошманг. Бу гулхан атрофида ожизага нима бор? – Иброҳим Адҳам тўсатдан мени кўрсатиб атрофдагиларга қараб чиқди. Боя келиб ўтирганимда саломимга на олик олган, на менга эътибор берган икки дарвиш шоир мени энди кўргандек ҳайрон бўлиб қарашди. Машраб бобо кулоҳини бошига бироз қийшайтириб қўяркан менга қаттиқ тикилди.

   – Сиз кимсиз, исмингиз ким? Нега бу ердасиз?

   “ Оҳ, қаердан шу шеърларнинг асирига айландим… мана энди кошки ўзим билсам экан, кимману, нега бу ерда эканлигимни!..” Шу ўй миямда айланаркан, зўр бериб кимлигимни, исмимни эслашга уринар, аммо, бахтга қарши ўзимни, ақлу-ҳушимни, ҳатто исмимни унутгандим. Мен фақат мана шу чексиз-чегарасиз саҳро бағридаги, осмон гумбази бошим узра муаззам қад кериб турган даштдаги гулхан атрофида эканимни, ундан чиқаётган ҳовур тобора бутун руҳимга илиқлик бераётганини, наздимда борлиғим узра асрларки барҳақ турган музларнинг унинг тафтида эриб бораётганини, ундан чақнаётган учқунлар тобора бутун борлиғимга равшанлик бераётганини англардим, холос. Ва яна бир англаганим боя ўқиганим шеърлар эди.

Бир умр ишқига жонни қоргудек,

Зарра ҳижрони ҳам юрак ёргудек,

“Кел” деса етмишта томиринг узиб,

Хаёлдан олдин ҳам ўзинг боргудек,

…Бир ёр топсак эдик жондан кечгулик!

Аммо, бу шеър энди сатрлармас, оҳанг бўлиб, овоз бўлиб, муаллифнинг ўзи ўқиган овоз бўлиб онгимда, шууримда, наинки шууримда, бутун борлиқда кезарди. Бутун борлиқни мана шу шеърий овоз эгаллаб олган, олис-олислардан эшитилаётган чанқовуз садоси эса унга жўр бўларди. Мен уни тинглаш жараёнида ўзимни унутганимни тушунгандим, холос. Мен Шеърга боргандим, мен фақат Шеърда эдим, мен фақат Шеърни англардим.

  – Мен Гулжамол Асқароваман дедим, уларга қараб. Тўғри, гарчи исмимни эслолмаётган бўлсам-да, мен ҳозир айтган исм эгаси эмаслигимни ғира-шира англаб турардим барибир. Аммо, бутун борлиқни эгаллаб олган овоз сабаб бу исм ўз-ўзидан оғзимдан чиқиб кетганди. – Мени мана шу гулхан ва чанқовуз овози чорлади…ва бу даштга қаердан тушиб қолганимни ҳам англолмаяпман. Совқотдим…рухсат берсангиз, оловда бироз исинсам.

  – Гулжамол, қизим, бу Дашт бизни ўз бағрига олган ҳаёт бўлса, сизни тинмай чорлаган Чанқовуз – дарбадар ва рутубатли дунёга бегона қалбдир – деди оппоқ соч-соқолли Умар Хайём пиёладаги ичимликдан яна ҳўпларкан. – Аслида Чанқовуз сизнинг борлиғингиздадир, ўзингиздадир. Шунинг учун унинг овозини эшитяпсизу, аммо, кўролмаяпсиз. Ва у сизни мана шу дашт бўйлаб сарсон ва саргардон олиб юрмишдир…

  – Бу гулхан-чи, унинг ҳам бирор рамзи борми, – ошиғич сўрадим боядан бери зангори тиллари кўкка қараб ўрлаб турган оловга ишора қилиб.

  – Бу Гулхан – Ишқдир, Гулжамол! – Тун қоронғулигидан шарпадек чиқиб келган новча бўйли, қора соч-соқолли барваста одам йўғон овозда шундай деди-ю, гулхан атрофидан ўрин олди. Унинг товонидан селгиб оқиб турган қон томчилари саҳронинг суюқ қуми юзасига чакиллаб томаётгани олов шуъласида қорайиб ва ялтираб кўриниб турсада, қон томчилари суюқ қумга тушиши билан из ҳам қолдирмай йўқолиб борарди. Товонидан сўйилган бу одам шак-шубҳасиз Насимий эди. Унинг қоп-қора кўз қорачиқларида олов шуъласи аксланаркан, ўйчан нигоҳларини ундан олиб менга қадади.

Гуноҳи йўқ кўзидан бўлак,

Юрагидан бўлак айби йўқ.

Кўпроқ севди ва кўпроқ куйди,

Аллоҳ! Унинг ўзга ғайби йўқ,

Гулжамолни дорга тортингиз! – дея ёзган сиз бўла туриб, наҳотки гулхан – Ишқ эканини англамадингиз?..

   Мен ҳеч нима демадим, зотан бу мисралар муаллифи эмас эдим.

   – …ва Ҳаёт аталмиш мана шу қоп-қора чексизликни ёритаётган нур аслида мана шу гулхан, яъни Ишқдир! – деди Машраб бобо. Сўнг менга тикилиб, паст овозда ўқиди.

“Кўнглингизни меҳробларга ёринглар”, де, “

Гулжамол — хок, унга ишқни қоринглар”, де.

Тангрим, покла, тупроқлардай покла мени,

“Мендан кейин Гулжамолга боринглар”, де.

Бир-неча асарлар олдин яшаган бу авлиёсифат зотлар тилидан ўқилаётган бу сатрларнинг барчаси менга таниш эди, чунки, унинг юзлаб дилга яқин, ёдда қолган шеърлари бор эди ва уларнинг барчаси бирдек севимли эди. Баъзи ўзини шоираман деб ҳисоблагувчилар унинг номини лойларга қормоқ бўлишларини ҳам билар, ҳатто муқаддас қадамжоларга покланмоққа бора туриб-да, ўшандай зиёратгоҳлар ичида-да Аллоҳдан ҳаё қилмай унинг ғийбатини қилганларига ҳам ўз қулоқлари билан гувоҳ бўлган мен уларнинг бирорта шеъри, тугул бирор сатрини ёддан айтолмасдим. Ваҳоланки, шоирнинг на зотини, на жинсини танламас ва яхши  шеърнинг, янги, бошқаларга ўхшатиқсиз фикр айтилган биттагина сатрнингда жинниси, савдойиси эдим, холос.

  – Жуда баланд даъволарингиз бор экан… – ҳазрат Машрабнинг сўзлари хаёлларимдан чалғитди. – Аммо, қодир Ҳақ барчасига қойимдир. Ажабмас, сатрларингизда қисматингизни сўрарсиз.

Кетарман ложарам,

кетарман нолиб,

тағин вайронадан вайроналарга.

Кетарман дарбадар,

кетарман олиб,

бу дарё дилимни девоналардай.

Орқа томондан эшитилган бу майин овоз эгаси аёл киши эди ва у ҳам бизга яқинлашиб, қабатимиздан жой олди. Қоп-қора кўзлари катта-катта, бодомқовоқли, оқ юзли, жингалакка мойил қора сочлари елкасидан кесилган ва кўринишидан мен тенгги бу қизни танимасам шеър савдойиси эканим ёлғон бўлиб чиқарди, негаки, асл шеърият муҳиби бўлган инсон  эронлик шоира, ўзи ва ижоди бирдек дарвештабиат Фуруғ Фаррухзодни танимаслиги мумкин эмас эди.

 – Ё, Аллоҳ! Яна бир заифами? – Иброҳим Адҳамнинг норози овози эшитилди тағин. Дарвешлик йўлида оиласидан, аҳли-аёлидан воз кечган, хотин зотини Аллоҳга етиш йўлидаги тўсиқ деб билган унинг бу норозилигини кутмаслик нотабиий бўларди.

 – Расулимизнинг суюклиларидан бири шайх Ҳасан Басрийнинг мажлисларига бир гал Робия Адавия қатнашмаган куни уни ўтмаган эканлар – деди шу пайт Фуруғ аччиқланиб. Унинг шаддод ва эркин феълидан у ҳақида ўқиганларим орқали хабардор эсам-да, авлиё зотга нисбатан бу каби шарттакиликни кутмаганим аниқ эди. Иброҳим Адҳам ҳам кутмаган бўлса керак, дабдурустдан жим бўлиб қолди ва хўмрайиб қўйди. Унинг ҳолатига эътибор бермай, Фуруғ яна давом этди.

 – Ўзингиз эса бир ожизанинг дийдорига кетгани сабаб Каъба тавофидан бенасиб бўлиб ўтирибсиз…

 – Ҳай-ҳай… шайтонга ҳай денг! – Унга нисбатан Умар Хайёмнинг шоша-пиша айтган сўзлари эшитилди ва сўнгра у муросасозлик мазмунида шайхга юзланди. – Бу муҳташам йиғинимиз аввало инсонга, сўнгра ундан униб-ўсиб Аллоҳ васлига зорликка айланган Ишқ аҳлининг ва Ишқ йўлида дарвешга айланганларнинг базмидир, Иброҳим Адҳам жаноблари. Билурсизки, бу олийнишон туйғу на қавм, на даража, на миллат ва на жинс танламас…

 – Ишқи — макон, ишқи — маҳзан, ишқи — мазҳаб экан Гул,

Дун юзига бир тарсаки уриб ўтдиго, Гулим…

 Уларнинг суҳбатига эътибор бермагандек, Фуруғ менга юзланиб шу мисрани ўқиди. “Оҳ, бир умр севиб ўқиган мумтозларинг, севимли шоирларинг тилидан ўз шеърингни эшитиш қандай ажойиб ҳис…” деган ўй кечди кўнглимдан. Бу ўй шунчалар ёқимли эдики, мен бу сатрлар эгаси эмаслигимни – Гулжамол Асқарова эмаслигимни тамоман унутиб қўйгандим, аниқроғи, мен тамоман ўзимни унутгандим. Унинг шеърлари, уларга бўлган меҳрим сабабли, мутолаага тамоман берилганим сабабли мен унга айлангандим.

     Шундан сўнг гулхан атрофига бирин-кетин жуда кўп одам йиғилдики, бундай тумонатни илгари ҳеч қачон кўрмагандим. Уларнинг баъзиларини, масалан, баланд бўйли ва салласининг оппоқ дастори учи қайрилиб чап елкасига ташланган, асога суяниб бироз букчайиб турган Алишер Навоийни, бароқ қошлари бироз чимирилган Шавкат Раҳмонни ва унинг ёнида ўтирган, чап кўксидан қон селгиб турган Федерико Гарсиа Лоркани, очлик ва хор-зорлик ҳамиша таъқиб этганидан юз-кўзига изтироб нуқси уриб қолган Анна Ахматовани, бўйнида арқон излари шундоқ кўриниб турган, маъюс ва ўйчан Марина Цветаевани, бир-бирига туташиб кетган қошлари чимирилиб қараб турган ўктам Фрида Калони, малоҳатли Нодирабегимни, унинг ёнида ҳамиша соясидек юрувчи Увайсийни,  ориқ ва рангпар Халина Посвятовскани, чиройли чеҳраси билан ҳамиша ёдда қолувчи Сергей Есенинни, хуллас, жуда кўпчилигини таниган бўлсамда, танимаганларим улардан кўпроқ эди. Бу базм ишққа ошно руҳиятлар ва Шеър базми эди ва мен сел бўлиб уларни тинглардим. Бу тасвирга сиғмас туйғу эди. Менга навбат келганида эса

То бунёд бўлдимки занжир тўқийман,

Қачон бу қуллиқдан озод айларсан?

Умидлар этарга изн бер, Тангрим,

Минг дод этганимда бир ёд айларсан… дея узун шеъримдан бир банд ўқидим, холос. Негаки, бу шундай маҳобатли ва таърифлаб бўлмас издиҳом эдики, унда ўзинг ўқишинг эмас, фақат ва фақат бошқаларни тинглашинг тўғрироқ туюларди. Чунки, бундай ҳузур, бундай неъмат, бундай мўъжиза қайта тушингда ҳам содир бўлиши амримаҳол эди. Шу хаёл билан маҳлиё бўлганча уларни эшитиб ўтирарканман, мумтоз шоирлардан бири гулханга яна ўтин ташлади. Яна гуриллай бошлаган олов тиллари кўкка ўрларкан, ундан ногоҳ бир учқун сачрадию, яқин ўтирган эмасманми, қўлимга келиб тегди. Мана шу учқуннинг сачраши сабаб бўлдими, ёки беҳушлик ҳолатида туш кўраётган эдимми, билмайман, аммо, дабдурустдан ўзимга келдим, тасодифан уйқудан уйғонган кишининг ҳолатига тушдим. Дарҳақиқат, хонамда стол устидаги ноутбук тугмаларига бошимни қўйганча ухлаб қолгандим ва унинг ҳам қуввати тугаб, ўчиб қолганди. Соат миллари вақт тунги учдан ўтганини кўрсатар, боягина кўрганим муҳташам инсонлар ва машваратни тушимда кўрганимга эса бир ишониб, бир ишонолмасдим. “Бу шунчаки туш, Гўзал, ўзингга кел… Ўқиганинг шеърлар миянгда аксланиб, тушингда манзарага айланди…” дерди ақлим. Ҳа, шундай бўлгани ҳақиқатга яқинроқ туюларди. Шу тўхтамга келганимда эса чап кафтимнинг бироз ачишиб оғриши эътиборимни тортди. Унда, кафтимнинг ичида каттагина қизил-қўнғир доғ кўриниб турар ва олов тегиб куйдиргандек зирқимоқда эди. Туйқус боя, ҳушсиз чоғимда гулхандан қўлимга сачраган учқун ёдимга тушди. Бу нима сиру-синоат эканини эса англолмасдим, тушунолмасдим.

Гўзал РЎЗИЕВА

2021 йил, июнь

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting