ҲАР КИМНИНГ ЎЗ ЧИН ЁРИ БОР

    0
    81
    ko'rishlar soni

    Озод МЎЪМИН ХЎЖА

    (фантастик ҳикоя)

    “Танлаган ёринг сенинг, сўйла, ўзи чин ёрми у?..”

           Пўлат МЎМИНдан.

           У чин ёрини узоқ кутди. Икки умр яшади. Икки марта вафот этди. Ва яна туғилди. Энди, учинчи умримда топишиш насиб қилар деб умид қилди.

           Бу, учинчи галги ота-оналари ҳам зиёли одамлар эдилар. Балоғат ёшига етганда ва ўзига ҳар сафаргидек, олимлик касбини танлаб, ишлай бошлаганда, ундан она сўради. 

          – Ўғлим! Мана, катта йигитсан, олий ўқув даргоҳини битирдинг, ишлаяпсан, пул топаяпсан. Уйланадиган вақтинг келди. Бирор кўзингни тагига олиб қўйган қиз бўлса, айт – мен совчиликка борай!

          У жилмайди. Аввалги икки умридаги оналари ҳам худди шундай гапиришганди. Оналар ҳамма замонларда бир хиллар. Фарзандларининг бахтли бўлишини истайдилар. Лекин, бу бахтни ўзларича тасаввур қиладилар. Айрим оналар, фарзандлар баҳона, ўзлари учун бахт қидирадилар. Улар учун фарзанд –  қўл-оёқларига ип бойлаб бошқариладиган қўғирчоқдек туюлади.

          – Қидираяпман, ойижон! – жавоб қилди у. – Негадир ҳеч учрамаяпти.

          – Ундай бўлса, ўзим суриштирайми? – она ўғлига умидвор кўзларини тикди.

          Унинг асл нияти ҳам шу эди. Чунки, фарзанди қандайдир бир нотаниш, ўз оиласига мос бўлмаган бир хонадоннинг хулқ-атвори номаълум қизини уйига етаклаб келса ва у ёқмаса, нима қилишини билмас эди. Яхшиси, ўзи дараклаб, сўроқлаб топгани тузук, келин бўлмишни. Инсон айни кучга ва шаҳватга тўлган пайтда аёл зотининг яхши-ёмонининг фарқига қаердан боради?

          Лекин, ўғил онасининг ниятларини пучга чиқарди. 

          – Йўқ, ойижон! Асло, бундай қила кўрманг. Келин билан яшайдиган мен, сиз эмас. Сиз албатта бой-бадавлат, сарпо-суруғли, қудачиликни қотирадиган ва қизи яхшигина хизматкор-чўри вазифасини ўтайдиган хонадонни излаб топасиз.

         – Вой, болам! Нималар деяпсан? Наҳотки мен шундай қолоқ она бўлсам? Мен фақат ўзимизга мос оилани топиш тараддудидаман.

          Ўғил яна кескин қаршилик кўрсатди.

          – Ойижон, мен сизни ва дадамни жуда севаман. Мени дунёга келтиргансизлар. Вояга етказгансизлар. Ўқитдингиз. Мана, ишлаяпман – ўзимнинг йўлимни топдим. Айтинг, мен сизлар учун нима қилай? Қўлимдан келган ҳар ишни амалга ошираман! Лекин, мени авраб, буюк келажакни башорат қилиб, ўзимга ёқмаган қизга уйлангин, деб мажбур қилманглар. Мен сизнинг сотиб олган қулингиз эмасман. Яратган Зот инъом этган фарзандингизман.

          Она бу гапларни эшитиб, бўшашиб тушди. У ўз зурёди бўлган бу йигитнинг икки умрлик ҳаёт тажрибаси мавжудлигини билмас эди. Унинг ифода этган аниқ фикрларидан хатто лол қолди. 

          – Майли, болам… Мен даданг билан суҳбатлашай-чи. 

          Ота ўғлининг гапларидан ажабланмади. 

          – Бўлмаса, ўзи топа қолсин! Нима қиласан, шахсий ҳаётига аралашиб? Ҳар ким ўзига маъқул таомни танаввул қилади.

          – Бироқ, қорни оч пайтда, суриштириб ўтирмай, соғлиғига зарар етказувчи овқат еб қўймасин, дейман-да! – луқма ташлади хотини. – Бундан ташқари, қариндош-уруғ, дўст-биродарларнинг олдида қудангиз бир бечораҳол киши  сифатида гавдаланса, нима деган одам бўласиз? Бу томонни ўйламайсизми?  

         – Ёшлигингда, институтда ўқиётганингда жуда замонавий қиз эдинг?.. Улғайиб, эскилик ботқоғига, омиликка ботдингми? Инсон атрофдагиларга қудасини, сарпо-суруғларни кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун уйланадими ё бахтли турмуш қуриш учунми? – жавоб берди ота.

          Ва сўзларида давом этди.

          – Агар, йигитлигимда онамнинг истаги бўйича юрганимда, сенга эмас, холамнинг қизига уйланган бўлардим. Шунинг учун, кўп тихирлик қилма. Ўғлимизни ўз ҳолига қўй! 

          Аёл енгилишни истамади. 

          – Нега энди ўз ҳолига қўяр эканман? Уни мен туққанман! У – меники, демак, йўриғимга юриши шарт!

          – Янглишаяпсан. Сеники эмас, Яратганники! Сен уни фақат дунёга келтиргансан. Мавло хоҳламаганда, бўйингда бўлмасди. Ўғлимиз бизнинг эмас, фақат Унинг айтганларини бажариши керак!  

         – Хўш! Яратган қандай қилиб, унга айтади кимга уйланишни?    

         Эр ўз хотинига ажабланиб боқди.

          – Биз бир-биримизни севганимиз эсингдан чиқдими? Наҳотки билмасанг – муҳаббат, қалбимиздан чуқур жой оладиган ҳақиқий муҳаббат – Мавлонинг ундови эмасми?

          Аёл чуқур хўрсинди.

          – Муҳаббатга ўт тушсин! – хитоб қилди у. – Сизга тегиб, ҳеч бир рўшнолик кўрмадим. Қандай бадавлат жойлардан, савдогарлардан совчилар келган эди. Маошга қарам инженерга турмушга чиққунча, ўшаларнинг бирига тегиб кетабермайманми… Еганим олдимда, емаганим орқамда бўларди.

           Эркак бу гапга нима дейишни билмай қолди. Наҳотки, хотини шунчалик ношукур бўлиб қолган?

          – Мархамат, хатоингни тузатишинг мумкин. Рухсат бераман. 

          – Энди, қаёққа ҳам борардим. Гап келди, айтдим-да… Ўғлимизга бир-икки ой муддат берайлик-чи. Бирор тўхтамга келар. Фақат, кўп маҳтал қилмаса бўлди. 

          Ўғил бу гаплардан хабари йўқ, бепарво ўз ишлари билан машғул бўлиб кетди. У биология соҳасида илмий изланишлар билан овора эди. Бетиним турли адабиётларни ўқир, билимини оширар ва шунинг билан бирга ўзи танлаган йўналишда тажрибалар ўтказар эди.

          Орадан икки ой ўтди. Бир куни ишдан қайтгач, олдига қўйилган кечки овқатни танаввул қилди-да, хонасига кириб кетаётганди, онаси уни тўхтатди.

          – Болам! Овқатингни еб бўлдингми?   

          – Ҳа, ойижон. Раҳмат, ширин бўлибди.

          – Сенга бир саволим бор.  

          – Айтинг, қулоғим сизда!   

          – Кўнглингга ёқадиган қиз тополдингми?

          – Йўқ, ойижон. Илмий ишларим айни авж паллага кираяпти. Яқинда, зўр натижаларни олсам керак. Шулар билан бандман.  

          – Илмий ишларинг ўз йўлига, шахсий ҳаётинг ўз йўлига. Сен уйланишинг керак. Нега бунга жиддий қарамаяпсан?   

          – Қалбимга қулоқ солаяпман, ойижон. Унда ҳали бирор қизга нисбатан учқун тугур, учқунча ҳам чақнамаяпти. 

          – Хўш, шундай юраберасанми?

          – Ҳа, ойижон. Ҳар бир ишнинг ўз вақти ва ўз жойи бўлади. Мени шоширманг. Шошқолоқлик ҳеч қачон яхши натижа бермаган.  

          – Лекин, айтадиларки, темирни қизиғида бос. Ва яна дейдиларки, қолган ишга қор ёғар.     

          – Турмуш қуриш – пўлатни тоблаш эмас. Ҳамда, фаслга боғлиқ иш ҳам эмас. Кейинги пушаймон – ўзингга душман, деган мақол ҳам бор.

         – Ўғлим, бўлди, мақолларни йиғиштирайлик. Мен сенга бир-иккита қизларни кўрсатай, балки битта-яримтасига юрагинг жиз этар?!   

         – Ойижон, мен сизга ўтган сафарги суҳбатимизда айтгандим. Сиз асло бу соҳада хатти-ҳаракат қилманг. Ўз шахсий ҳаётимни ўзим қураман. Ёшим йигирма тўртта. Янглишсам, ўзимдан кўраман. Сиз янглишсангиз – сиздан кўраман. Мени ўз ҳолимга қўйинг.

         Онанинг жаҳли чиқди. 

         – Сен қанақа ўғилсан?! Сени оқ сут бериб боққанман! Нега менинг айтганимни қилмайсан? Ҳозир кўчага чиқиб дод соламан! “Вой-дод, бундай ўғилнинг дастидан дод!” дейман! Шарманда бўласан! Тушундингми? Шунинг учун, уйлансанг ҳам уйланасан, уйланмасанг ҳам, уйланасан! Яхшилаб билиб қўй! Сенга бир ой муҳлат бераман, шундан сўнг мен топган қиз билан турмуш қурасан, тамом-вассалом! Мен бошқа маҳтал қилма! 

          Ўғил индамади. Хонасига кириб кетди. Онасини ортиқ хафа қилишни истамади. Аёл “Ўғлимни кўндирдим!”, деб ҳаёл қилди. Хурсанд ҳолда хонтахта устини йиғиштиришга тушди.

          Аммо, у янглишаётганди. Фарзанд онасининг бақириғини жиддий қабул қилмаганди. Бундай гаплар уни синдира олмасди. Сабаби, у ўз ёрини, ўзига аталган жуфти ҳалолни кутаётганди. Бир куни қандайдир тасодиф уни ўзига рўбарў қилишини аниқ биларди. Бу ишда унга кўмакчи керак эмас эди. Икки умр кутди, лозим бўлса, яна бир умр кутади ва уни учратгач, ўзига аталган париваш билан боқий яшайди. 

          Орадан бир ой вақт ўтди.

          Она кечки пайт мулойимлик билан фарзандига юзланди. 

          – Ўғлим! Муҳлат тугади. Эртага сен билан бир хонадонга борамиз. Ўша ерда бир офатижон билан кўришасан. Кечки пайт. Ҳаялламай вақтида уйга қайт!   

         Йигит ниҳоят жиддийлашди. 

         – Ойижон, мен сизга фикримни айтганман. Балоғат ёшидаги инсонман. Ўз ҳаётим бўйича қарорлар чиқара оламан. Мен қул эмас, фарзандман. Менга ҳеч қандай офатижону, жононаларни тиқиштирманг. Мен эртага ҳеч қаерга бормайман. Учрашувни бекор қилинг. 

          Онанинг афти бужмайди. Кўзлари шокосасидан чиқар ҳолатга келди. Фарзандининг саркашлиги унинг сабр косасини тўлдириб юборди. У бор овози билан чинқирди.  

          – Бор! Йўқол! Уйдан йўқол!.. Сендек ўғлим йўқ!

          Бу қичқириқни эшитган ота, ётоқхонасидан ошхонага югуриб чиқди.

         – Тинчликми?! Нима бўлди?

         – Мана бу ифлос, кўрнамак ўғлингизни қаранг! Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим! Мен топган қизга қиё ҳам боқмасмиш! Йўқолсин уйимдан! Хотинлардан суриштириб, ўзимизга мос келадиган оила топгандим! Мени иснодга қолдираяпти!  

          – Ўзингни бос. Нега қичқирасан? Келишгандик-ку! Уни ўз ҳолига қўй, дегандим-ку!    

          – Йўқ! Ё менинг айтганимни қилади, ё уйдан йўқолади!..

          Фарзанд ўз хонасига кирди-да, йўл сумкасига энг керакли ҳужжат, дафтарларини ва кийимларини солди. Сўнг, дадасининг “Тўхта, қол уйда!” деганига қарамай, ташқарига чиқди ва қоронғулик сари юриб кетди.

          Йигит тонгни бекатда қаршилади. Ишхонасига вақтли борди. Интернетдан ижарага уйлар қидирди. Уч-тўрт қўнғироқдан сўнг, биттаси билан келишди. Кечки пайт борадиган, жойлашадиган бўлди.

           ***

           Аввалги икки онаси бундай даражада ўзларини севувчи, ўзларига бино қўйган аёл эмас эдилар. Учинчи волидаси ҳаддан ташқари эгоист-диктатор чиқиб қолди. Иккита-учта қўшни хотин ва тўрт-бешта қариндош аёллар олдида чиранишни жуда истайди. Энди, уларга тик қарай олмайди, юзи шувит бўлади. Улар эса: “Биргина ўғлингни сўзингга кирдиролмадингми? Айтган жойимизга бормадинг-а! Ўл, бу кунингдан!..”, дегандек писанда билан боқишади. Онаси эса ер ёрилмайди-ю, ерга кириб кетмайди. “Келин туширмадингизми, ҳали ҳам?”, деган саволга бирор нималардир дейди, барча айбни отасига тўнкайди. 

           Биринчи онаси ўғлининг ихтиёрини ўзига ташлаганди. “Болам, сен ақлли йигитсан, кимни ўзингга лойиқ кўрсанг, ўша қизни келин сифатида қабул қилабераман!”, деган эди. Аммо, йигит ўзига аталган ёрни тополмади. Аниқроғи, кечикиб топди. Бу пайтда, у бошқа одамга турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетган экан.

          – Шошибсан! Сен меники бўлишинг керак эди! – деганди у ўша ўзига аталган ёрга.

          – Янглишганимни кейин англадим. Турмушим ширин эмас. Ҳар куни бирор жанжал чиқади. Аммо, болаларим отасига ўрганиб қолишган. Уларни кўзим қиймайди… – деганди у.

          Шунинг учун, у қолган ҳаётини бўйдоқликда ўтказди. Онаси бечора, то вафотига қадар тўполон қилмади. Фақат охирги кунларида сўраганди:

          – Болам, менинг вақт-соатим яқинлашмоқда, сен шу пайтга қадар уйланмадинг. Тенгингни нега топмадинг?    

          – Топдим, ойижон. Фақат, кечикибман. У оилали бўлиб улгурган экан.

          – Унда, бошқа бирорта бошқа кўнглингга ёққан аёлга уйлана қолсанг, нетарди?   

          – Бу ҳолда, кейинги ҳаётим ғурбатда ўтарди, ойижон. Сиз, ўғлингизнинг ҳар куни асаби бузилиб, фиғони чиқиб яшашини, қариб, кучдан қолган чоғида тепасида дағдаға қилиб турадиган аёлнинг дастидан ўлиб қўя қолишни истайдиган ҳолга тушишимни хоҳлайсизми?    

          – Йўқ, ўғлим. Асло буни истамайман.

          – Шунинг учун, мендан рози бўлинг. Балки, кейинги умримда топарман, ўз тенгимни, ўзимга аталган чин ёрни.   

          – Сен яна яшайсанми, болам?  

          – Ҳа, ойижон. Мен яна қайта туғиламан. 

          – Онанг ким бўлади?  

          – Буни мен билмайман. Мен ўзим истаган волидадан дунёга кела олмайман. Ихтиёр менда эмас. 

          – Нега бундайсан, болам? Нега барча каби бир марта яшамайсан?  

          – Ўзим ҳам тушунмайман, ойижон. Йигирма икки ёшга тўлганимда, мен бир киши билан учрашиб қолдим. Аниқроғи, у мени қидириб топди ва шундай топшириқ берди. У – боқийлик маслаҳатчиси экан. Айтдики, ўзимнинг ҳақиқий ёримни топмагунимча, туғилабераман. Топганимдан сўнг, у билан боқий яшайман. Бунинг сабабини, бахтга эришганимдан сўнг билдиришини хабар қилди. Ва тайинладики, бу маълумотни ҳеч кимга гапирмаслигим лозим. Фақат, онангга, унинг охирги дақиқаларида тушунтиришинг мумкин, деди. Мен ундан сўрадим: “Мен, ўша ўзимга аталган ёрнинг, айнан ўша эканлигини қайдан биламан?” У тушунтирдики: “У қизни кўрганингда, қалбингда портлаш юз беради. Ўзингни тамом унутасан. Унинг сиймоси олдида, қолган ҳаётинг хиралашади. Шунда қалбингдан сўрайсан: “Бу ўшами?” Дилингда “Ҳа!” ёки “Йўқ” сўзи жаранглайди! Шундан билиб оласан”… Ойижон, сиз бу гапимни бошқа бирор кишига, хаттоки дадамга ҳам айтиб қўйманг!  

          Онаси ўғлига мунгли кўзларини қаратди. Энди уларда қандайдир учқунчалар пайдо бўлаётганди.

          – Мен шу пайтгача, ўғлимни бошини иккита қилолмадим, бахтга эриштиролмадим, деган хавотирда эдим. Энди, кўнглим тинчиди, болам. Яхши ҳам шу сўзларни айтдинг. Ҳақиқатдан, ўзингнинг тенгинг бўлмаган, ўзингга аталмаган, сенга меҳр беролмайдиган аёл билан яшаш – ғурбатдан бошқа нарса эмас. Кейинги ҳаётингда бахтингни топ! Вафот этсам, руҳимга атаб дуолар ўқиб тур…   

          – Хўп бўлади, ойижон. Менга жуда яхши она бўлдингиз, оқ сут бериб катта қилдингиз, меҳрингизни аямадингиз, ўжарлигимга чидадингиз – барчаси учун раҳмат!.. 

          Бир ҳафтадан сўнг, биринчи онаси вафот этди. Кейин, бир неча йилдан сўнг, отаси ҳам жонини Ҳаққа топширди. Ўзи эса, ёлғиз қолгач, синглисининг набирасини ёнига олиб, яшади. Вафот этиб, барча топган-тутганини унга қолдирди.

         ***

         Иккинчи она сал бошқачароқ чиқди. У маълумоти бўйича физик олима эди. Шунинг учун, ҳаётдаги бош мезон – тартиб-интизомда деб ҳисобларди. Ҳар бир кунга режа тузарди. Бу аёл, хаттоки ўғлининг келгуси ҳаётини миридан сиригача қоғозга ёзиб чиққанди. Ўн етти ёшида мактабни тугатади, йигирма уч ёшида институтни тугаллайди. Йигирма беш ёшида уйланади. Бўлажак турмуш ўртоғи тиббиёт соҳасида ишлаши, юқори малакали врач бўлиши лозим. Янги оила икки – бири ўғил, иккинчиси қизга тарбия беришлари керак. Бу она, ҳали туғилмаган набираларнинг ҳам қаерда ўқиши, қандай касбни эгалаши ва… хуллас, уларнинг ҳам барча хатти-ҳаракатлари режалаштирган эди.

          Аммо, аёл ўғлини ўз йўлига сололмади. Фарзандининг феъл-атвори, яшаш тарзи биринчи умрида шаклланиб бўлган эди. У яна қайта туғилгани билан, минг бошқача тарбия берилмасин, ўзгармади. Аввалги ҳаётдагидек инсон бўлиб балоғат ёшига етди. Институтни тугатгач, “Биологик тадқиқодлар институти”га ишга кириб, илмий изланишлар қила бошлади. Йигирма беш ёшга кирганда, онаси уни жиддий суҳбатга тортди. 

          – Хўш, ўғлим! Уйланадиган вақтинг келди. Сенга мустақил ҳаракатлар қилишинг учун имконият ва вазифа бергандим: бажардингми?   

          – Медицина институтида ўқийдиган бирор хушбичим қиз билан танишишим ва у менга ёқса, турмушга чиқишни сўрашим керакмиди? Шуни айтаяпсизми?  

          – Ҳа!.. Нима бўлди? Топшириқ бажарилдими?

          – Йўқ, ойижон, бажарилмади.  

          – Нега, ўғлим?      

          – Сабаби оддий. Анча-мунча қизларни кўрдим, танишдим, гаплашдим. Ҳеч қайсиси қалбимни ларзага сололмади. 

          – Бўлгуси жуфти ҳалолингга катта талаб қўйма. Ўзи хурилиқо бўлмаса ҳам, ёқимли, одобли, яхши оиланинг фарзанди бўлса, етади. Сен ахир Фарҳод, Мажнун ёки Тоҳир эмассан-ку, ўз Ширинини, Лайлисини ва Зуҳросини қидирадиган! Сенга яхши рафиқа, болаларингга меҳрибон она бўлса, етарли эмасми?

          – Йўқ! – деди фарзанд. – Етарли эмас. Бу дунёда фақат мен учун туғилган қиз бор. Ўшани қидириб топишим керак. Фақат унгагина уйланаман.

          – Мен ўғлимнинг максималист эканлигини билмас эканман. Бунақада қачон уйланасан? Режадан чиқиб кетишимиз мумкин-ку!  

          – Ойижон, ҳаётда ҳамма нарса ҳам режа бўйича кетабермайди.  

          – Режасиз одам ҳаётда кўп нарсаларга эриша олмайди. Тартиб-интизом тараққиёт гаровидир!   

         – Ҳа, гапингиз тўғри. Лекин, шахсий ҳаёт – ишлаб чиқариш ташкилоти эмас.  

         Она бироз сукут сақлади ва ниҳоят сўз қотди. 

         – Болам, майли. Режани бир йил кейинга сурамиз. Аммо, сен бу соҳада жуда интенсив ҳаракат – жаҳду жадал қилишинг керак!.. 

         Бир йил ўтди. Йигитнинг барча қидирувлари зое кетди. Ўша – яккаю ягона гўзал учрамади. Режа яна бир йилга ўзгартирилди. Кейин, яна. Кейин, яна… Шу тариқа анча йиллар ўтди. Бора-бора, ўғлининг уйлана олмаслигига иккинчи волида ҳам кўникди. Фақат бир марта сўради.  

          – Сўраганнинг айби йўқ, сени туққан онангман, бир нарсани айт, сенда ўзи қизларга нисбатан интилиш борми?  

          – Ойижон, мен соппа-соғман. Асло шубҳаланманг! Фақат, омадсизман, ўша ўзимга аталган қизни топа олмаяпман. Тақдир учратмаяпти.  

          – Инсон ўз ҳаёти тарихини ўзи яратади. Муваффақиятсизликларни тақдирга тўнкаш – ношудларнинг ишидир. Сен бунчалик ношуд бўлиб улғаясан, деб ўйламагандим. Яккаю ёлғиз ўғлимсан. Синглинг, мана бола-чақали бўлиб кетди. Нега, сен шундайсан? Билмайман… Барча илғор тарбиявий ғоялар асосида ўстиргандим.     

          – Ойижон, сиз жуда тартиб-интизомли одамсиз. Агар, сир сақлашга ваъда берсангиз, ўзим ҳақимда маълумот бераман. Шунда, барча шубҳаларингиз ва таажжубларингизга ўрин қолмайди.

         – Бу сирни ўзим билан бошқа дунёга олиб кетишим керакми, болам?  

         – Ҳа, ойижон!  

         – Мен сир сақлай оламан. Баъзи хотинларга ўхшаб, кўча-кўйда валақлашиб, мақтанишда пойга ўйнаб юришни ёқтирмайман. Гапиравер, болам! Фарзанд ўз дардини онасига айтмаса, кимга айтади.   

         Ўғил иккинчи волидасига ҳам барча гапни айтиб берди.

         Онаси ўйга толди.

         – Наҳотки, шу реал ҳаётимизда фантастикага ўрин бор? Сен мени жуда ҳайрон қолдирдинг. Назаримда, сени руҳшунос-психиатрга кўрсатиш керак.   

         – Ойижон, менга ишонмасангиз, мени жинни бўлиб қолган деб ҳисобласангиз, уйдан ҳам, ишимдан ҳам кетаман. Узоқ юртларга равона бўламан. Ўғлингизни бошқа кўрмайсиз!    

         – Йўқ, болам, хавотирланма. Мен фикрлаяпман. Табиат қонунлари, наҳотки шунчалар даражада мураккаб ва сирли?! Наҳотки, унинг ҳали очилмаган қирралари бор!?.  

         – Ҳа, биз борлиқнинг мингдан бирини ҳам мушоҳада қила олмаймиз. 

         – Шунинг учун, мен сени истаганимдек тарбиялай олмаган эканман-да… Энди, барча умид учинчи туғилишингдан экан-да…    

         – Шунақага ўхшаяпти, ойижон. Ёшим катта бўлиб қолди. Бу ҳаётимдаги менга аталган қиз ҳам шу пайтда бошқа одам билан яшаётгандир. Уни вақтида учратолмадим.   

         – Майли, менинг, сен айтгандек, тақдирга тан бермасликдан бошқа иложим йўқ. Биринчи онанг бунга қанақа қараган?   

         – Тўполон қилмаганлар. Индамай қабул қилганлар. Кейинги ҳаётингда бахтингни топгин, деб дуо қилганлар.       

         – Яхши аёл бўлган экан. Мен ҳам сени дуо қиламан. Синглингга айтаман, қариб кучдан қолганингда, бир набирасини сенинг ёнингга қўйсин. Ёрдамчи бўлади, охирги дамларингда лабларингга сув томизади…

              ***

           Учинчи умрини яшаётган йигит, уйдан қувилгандан сўнг, ижара уйга жойлашди.

           Йигит уйга қайтмагач, эртаси куни дадаси ишхонасига келди. Ҳолироқ жойга ўтиб суҳбатлашишди.

           – Ўғлим! Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирма. Онанг қизиққонлик қилиб, сени уйдан ҳайдади, ўтган куни. Ҳозир пушаймон. Йиғлаяпти. Уйга қайтақол, бугун. Майли, қиз кўришга бормай қўяқол. Ўзинг истаганингга, севганингга уйлантирамиз.  

          – Дадажон! Онамга бир неча бор айтдим: “Мен сизнинг қулингиз эмас, фарзандингизман. Мени яхши қуда қилиш учун уйлантиришга уринманг! Бу дунёда ўзимга аталган қизни кўрсамгина турмуш қураман”. Йўқ, тушунишни истамай, маҳалладаги тўртта-бешта хотин олдида ўзларини кўрсатмоқчи бўлаяптилар.

           – Мен сени яхши биламан, менга ўхшаган ўжарсан. Истак-хоҳишларингни тушунаман. Ойинг эса ўзга оламга кириб қолган. Озроқ вақт ўтсин, унинг ҳам ақли етиб қолар, айтганларингга.    

         “Демак, онам ҳамон ўша-ўша, эски дунёқараши ўзгармаган”, хулоса қилди йигит. Ва отасига сўз қотди.  

          – Дадажон! Мен кеча ижарага уй олдим. Бир ойлик пулини олдиндан тўладим. Бугун келиб, эртага чиқиб кетсам, бўлмайди.   

         – Йўқ, ўғлим, юр уйга. Ижара пулингни мен бераман.    

         – Мени кечиринг, дада! Энди, мен сизлардан алоҳида яшайман. Мени зўрламанг. Вақтим оз қолди.

         Ота бу сўзлардан таажжубга тушди.   

         – Ўғлим! Америкадагина болалар балоғат ёшига етгач, алоҳида яшаш учун чиқиб кетишади. Бизларда эса, фарзандлар ота-онаси билан бирга яшайди, қариганида боқади. Бундан ташқари, қандай вақтни айтаяпсан, оз қолди деб? 

         – Ўзимга аталган қизни тезроқ топмасам бўлмайди. Гап шунда. Бу ишда эркин бўлганим дуруст. Мендан хавотир олманг, муродимга етсам, сизлардан фотиҳа оламан. Тўйни ўз уйимизда қиламиз, келиннинг қўлидан чой ичасизлар!

          Ота ўз фарзандининг феълини озми-кўпми биларди, шунинг учун яна уйга қайтгин демади.

         – Майли, унда сенга эркинлик бераман. Яхши қол. Ўзингдан хабар бериб тур. 

         Кечки пайт, йигит ижара уйига қайтди. Ўринга чўзилиб, узоқ ўй сурди. Хўш, энди қандай саъйи-ҳаракат қилса, ҳаётдаги асосий мақсадига етади? Нималар қилиш керак? Матбуотга, интернетга эълон берсинми? Лекин, ўтган умрларида бу усуллар фойда бермади-ку! Бошқа қандай тадбир қўлласин?..

          Йигит шундай ҳаёлларда ухлаб қолди. Тонгга яқин туш кўрди.

          Уйланаётган эмиш. Тўйхонада одам гавжуммиш. Келин эса йўқ экан. Ҳайрон бўлибди: тўй тўрида бир ўзим ўтираманми? Шу пайт, унинг ёнида ўша биринчи умрини яшаётганда, йигирма икки ёшга тўлганда учрашиб, ҳақиқий ёрни топиш зарурлигини айтган боқийлик маслаҳатчиси пайдо бўлибди.

         – Дўстим! Ажабланма, ҳозир ёнингга сенга аталган қиз келади, – дебди.    

         – Бу, ахир нотўғри-ку! Мен уни танимасам, билмасам. У ҳам мен билан гаплашиб кўрмаган бўлса. Қандай қилиб, тўй бўлади? Биз қайси асрда яшаяпмиз?! – хитоб қилибди йигит.

          Шу дамда, шоир Пўлат Мўминнинг “Вафо билан келибди!” қўшиғи садолари остида, бошига фата ёпган, ўнг ёнида ёши каттароқ аёл, чап томонида тенгдош қиз билан ўзи томон юриб келаётган келинга кўзи тушибди.

         – Ана, сен учун туғилган қиз! – дебди боқийлик маслаҳатчиси.

         Келин яқинлашгач, ёнидаги аёл унинг юзидаги фатасини кўтарибди.

         Во ажаб! У ахир биринчи умридаги, кечикиб топган, шунинг учун бошқа одамга турмушга чиқиб кетган қиз-ку! Йигитнинг қалбида кучли портлаш юз берибди. У тамом атрофни – тўйхонани, маросимга йиғилган одамларни ва боқийлик маслаҳатчисини ҳам буткул унитибди. Уларнинг тасвири хиралашибди. Тўйхона ғала-ғовури ҳам, мусиқа ҳам эшитилмай қолибди. Кўз олдида фақат ўша, икки умр қидирган, лекин учратолмаган сиймо қолибди.

         Келин ширингина жилмайибди.   

         – Ниҳоят учрашдик! – дебди у шивирлаб. – Мен ҳам сизни икки умр изладим. Мана, учинчисида топдим…  

         Йигит ҳам жавобан табассум қилибди.  

         – Наҳотки, сен – ўшасан? – дебди у.   

         – Ҳа! Мен ўшаман. Биринчи умримда янглишдим. Ўшанда, вафотим олдидан Яратганга ёлбордим: “Ё, Оллоҳ! Бу ҳаётда мен бахтли бўлолмадим. Мени қайта дунёга келтир. Ва унда ўзимга аталган йигит билан яшашимга ижозат бер!..” Афсуски, иккинчи умримда, сизни тополмай тоқ ўтдим. Бу ҳаётим хотимасида ҳам яна Мавлога ёлборганча дунёдан ўтдим… Ниҳоят бахтлиман! – қизнинг кўзларида учқун чақнабди.

         Йигит ҳам чексиз шодликка тўлибди.  

         – Тушимми ё ўнгимми? – дебди у, беихтиёр. 

         – Албатта, бу туш! – хитоб қилибди ёнида турган боқийлик маслаҳатчиси. – Уйғониш керак, бўлди етади!

         Йигит бирдан уйғониб кетди. Боқийлик маслаҳатчисидан қаттиқ жаҳли чиқди.

         – Нега мени уйғотади, у?! – ҳайқирди у. – Нега?..

          У ўрнидан турди. Сўнг, ўринга ўтирди. Ўн-ўн беш дақиқа шу алфозда қолди. Кейин, турди. Кун ёришган эди. Ювиниб, ўзига қаҳва тайёрлади. Тетиклашгач, кўча кийимини кийиб ишхонасига равона бўлди. 

          Ўз хизмат жойи – “Биологик тадқиқотлар институти”га ижара уйидан чиқиб, бошқа, нотанишроқ кўча билан бориш керак эди. Айни шу йўл узра манзилига етай деб қолганда, тўсатдан қаршисидан бир қиз келаётганига эътибор қилди. Одатда, у ёнидан ўтаётган гўзалларнинг юзига бир қиё боқарди-да, қалбида ғалаён уйғонмагач, индамай ўтиб кетарди. Аммо, бу гал дилида нимадир қимирлади. У узоқдан бўлса-да, қизга синчиклаб боқди. Ё, Оллоҳ!.. У – ахир, бугун тонгда тушида кўрган, биринчи умрида учратган париваш-ку!..

          Йигит юришга мажоли қолмай, жойида тўхтаб қолди. Нигоҳи ўзига яқинлашиб келаётган қизда эди. У ҳам қаршисидаги одамга бир боқди-да, тўсатдан юришини секинлатди. Кўзларида учқун эмас, ўт чақнади!  Иккала қалбда барварига портлаш юз берди.

          Йигит ҳам, қиз ҳам батамом ўзларини унитдилар. Улар учун атроф хиралашди. Олдиларида фақат излаган сиймолари турарди. Иккалалари қалбларидан сўрадилар: “Бу ўшами?” Дилларида баробарига “Ҳа!” деган сўз жаранглади!  

          – Салом! – деди йигит.    

          – Салом! – жавоб берди қиз. 

          – Эсингдами, биз бундан бир юз етмиш йил илгари учрашгандик! 

          – Ҳа, кечагидек ёдимда, – жилмайди қиз.  

          – Бугун тонгда сени тушимда кўрдим! – хабар берди йигит. 

          – Мен ҳам… – ийманиб сўз қотди қиз. 

          – Тушимда менга айтган гапларинг ростми, яъни мени қайта учратиш учун Яратганга бошқатдан туғилишингни сўраб ёлборганинг?     

         – Ҳа! Ҳаммаси рост!.. Ниҳоят, сизни қайта топдим. 

         – Биз, бир-биримиз учун яратилганмиз!

         – Буни биламан. 

         – Энди, бизни ўлимдан бошқа ҳеч қандай куч ажратолмайди!

          Бу тасодифий учрашувдан икки ой ўтгач, икки ёшнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Тўйга боқийлик маслаҳатчиси ҳам келди. Куёвнинг дўсти сифатида табрик сўзи олиб, уларга боқий умр, боқий бахт ва боқий муваффақиятлар тилади. Тўёна сифатида Тинч океанининг қоқ ўртасидаги оролда жойлашган дам олиш масканига, асал ойини ўтказиш учун йўлланма берди. У ерга бир ҳафтадан сўнг бориш керак экан.  

         – Биз сен билан ўша ерда бафуржа гаплашиб оламиз, – деди у, йигитга, хайрлашар экан.

         – Жуда соз! Албатта!  

         – Боқий яшашинг кераклиги сабабини тўйинг ўтгач, айтаман дегандим, бир юз саксон йил илгари. Эсингдами?  

          – Ҳа, ёдимда.

          – Бўпти, унда келишдик… Дарвоқе, биздан сенга бошқа совғалар ҳам бор. Учинчи онангнинг кўзи жуда оч. Шунинг учун, уйингга турли замонавий, қиммат жиҳозлар, кийим-кечаклар, тақинчоқлар юбордик, қуда томондан деб. Сир бой берма. Тинч яшайсизлар.

          – Яхши, раҳмат! – деди йигит.    

          Дарҳақиқат, учинчи она келин томондан келган сарпо-суруғларни, совғаларни кўриб, оғзи ланг очилиб қолди. Ўзига замонавий кийим-кечаклар, камёб газламалар, ҳамда катта бриллиант кўзли узук ва зирак, эрига охирги пайтда расм бўлган пальто, плашч, костюмлар, пойафзаллар. Ўғлига ҳам бир дунё сарпо ва ҳаммасидан ҳам аъло совға – янги, мойи артилмаган энг зўр машина ҳам ташлаб кетишибди. Ана қуда-ю, мана қуда! Фарзанди ҳам анойи эмас экан. Билар экан кимнинг қизини олишни! Афсуски, нотўғри фикрга борган экан, бу ношуд бола бир бечораҳол, моянахўрнинг қизини етаклаб келади, деб. Ўғлининг дўстлари ҳам серҳиммат экан. Дунёнинг узоқ бурчидаги жуда қиммат курортга йўлланма беришди. Қойил! Кутганидан ҳам аъло бахтга эришди! Энди, хотинлар орасида роса кариллаб юрадиган бўлди-да! Қандай бахт!..   

          Тинч океанидаги орол келин-куёвга ёқди. Дам олувчилар учун дарахт шохлари ва бамбуклардан ажабтовур коттежлар қурилган экан. Ичкариси жуда шинам. Ҳаво мўътадил. Қирғоқлар сўлим. Пальмалар ва бошқа ажабтовур дарахтлар кўкка бўй чўзган. Уммон суви тўлқинланиб, шовуллаб келаверади ва ортга қайтаберади. Қумга расм чизасан, бироз ўтмай ювилади. Сувга оёғингни тиқасан – ёқимли илиқлик бармоқ учларингдан болдирларинггача роҳат бахш этади. Бўғзинггача тушиб чўмиласан – тананг яйрайди. Океан сенга ўзининг табиий қувватини инъом этади.

          Боқийлик маслаҳатчиси уч кун ўтгандан кейин келди. 

          Йигит ёрини коттежда қолдириб, у билан суҳбатлашиш учун ташқарига чиқди. Улар океан бўйида, табиат қўйнида жойлашган очиқ қаҳвахонанинг четроғидан жой олиб суҳбатлаша бошлашди.  

          – Ишлар кўпайиб кетди, – ахборот берди маслаҳатчи. – Аммо, энди мириқиб суҳбатлашсак бўлади. Мен ҳам сизларнинг баҳонангизда уммонда чўмилиб дам оламан! Рухсат олдим.   

           – Шу уч кун мен учун бир лаҳзадек ўтди. Мен ўз ёримга тўя олмаяпман. Шунинг учун, кечикканингизни сезганим ҳам йўқ. 

           Маслаҳатчи жилмайди.   

           – Ҳа, ҳақиқий севги – айни шундайдир. Бу – боқий бахтдир!

           – Биз ростдан ҳам боқий яшаймизми?

           – Ҳа! Фақат, бу сизнинг тасаввурингиздан бошқачароқ боқийлик бўлади.  

           – Қандай? – қизиқди йигит.   

           – Сиз, атрофингиздаги барча одамлар каби бола-чақали бўласиз, уларни ўз тенгиларини, яъни ўзларига аталган ёрларини топиш йўлларини ўргатиб, бахт топишларига ёрдам берасиз, уларни уйлик-жойлик қиласиз, набиралар тарбиялайсиз. Бир кун бориб, қарийсиз ва вафот этасиз…   

          – Вой! – хитоб қилди йигит. – Шу боқийликми? Оддий ҳаёт-ку! Мени алдабсиз-да! 

          – Оллобердининг “Оллоҳ”ини эшитдингиз, энди “берди”сини эшитинг. Ҳовлиқманг, сабр қилинг! – жавоб берди маслаҳатчи.   

          – Хўп. Қулоғим сизда.

          – Бир нарсани билиб қўйинг. Нега, бизнинг ташкилот барча одамларнинг ўз тенгиларини топишини истайди ва бунга йўллар қидиради, шу ҳақда ўйлаб кўрдингизми, шунча йил – деярли уч умр давомида?

          Йигит бош чайқади.

           – Мен ўзимга аталган ёрни топиш ҳақида топшириқ олганман, шунинг учун бошқа ҳолатлар ҳақида ҳеч фикр юритмаганман. Бундан ташқари, саволим бор: Сизнинг ташкилотнинг номи ва фаолият мақсади нима? Шуни билгим келаяпти.    

          – Ташкилотимиз номи – “Инсоният жамиятини ривожлантириш институти”. Унинг фаолият мақсади – номидан маълум. Бунда фақат, менга ўхшаган зотлар хизмат қиладилар. Биз олимларга, ихтирочиларга ва  яхшилик ғояларини амалга оширишга интилувчиларга ўз кўмакларимизни берамиз. Токи, улар мўлжаллаган илмий-техник ишларини маромига етказсинлар. Жамият бундан фақат фойда кўради ва ривожланиш тезлигини оширади.

         – Буни қандай амалга оширасизлар? Бу мен учун жуда қизиқ! – сўз қотди йигит.   

         – Ҳеч қандай мушкуллик йўқ. Биз ахир оддий инсонлар эмасмиз. Бизда имкониятлар анча катта. Масалан, ўша олим ё ихтирочининг тушига кириб, нима қилиш кераклигини айтиб берамиз. Ёки, кўчада ё бошқа шароитларда, масалан илмий симпозиумларда, конференцияларда, хаттоки меҳмондорчиликларда тасодифан учрашган одам бўлиб, унинг касб-кори бўйича суҳбатлашиб, унга илмий-техник муаммолари ечимларини етказамиз. Биз, шунингдек ижодкорларга ҳам зарур мавзуларни шипшиймиз, лозим бўлса онгига кириб ёздирамиз.  Натижада, улар мақсадларига етадилар – шуҳрат қозонадилар, мукофотлар, унвонлар оладилар. Бизга эса фақат – амалга оширилган иш керак. Бошқаси аҳамиятли эмас. Моддий бойликлар истасак – ҳар қанча бор. Улар биз учун – асосий мақсад эмас.

          – Бу тушунарли. Мен айрим ихтироларнинг, буюк асарларнинг муаллифлари уйқуларида ёки қаердадир, кимлардандир зарур ғоялар, маълумотлар олганликлари тўғрисида сўзлаганларини эшитганман. Демак, уларда жон бор экан. Мени яна бошқа нарса ажаблантираяпти. Инсон нега айнан ўзига аталган, ўзи учун туғилган жуфтини топиши ва у билан турмуш қуриши лозимлиги – зарурлигини қандай изоҳлайсиз? Нега бу йўналишда ҳам фаолият юритаяпсиз?      

         Боқийлик маслаҳатчиси бу саволга дарҳол жавоб бермай, қирғоққа бетиним урилиб-қайтаётган уммон тўлқинларига нигоҳ ташлади.    

         – Қаранг! – деди у. – Океан бетиним тўлқинланади. Ҳеч қачон тўхтамайди. Табиат кучлари доимий ҳаракатда. Шунингдек, инсоният ҳам, уларнинг жуда кўп вакиллари ҳам ҳаракатдан тинмайдилар. Айтинг-чи, қандай одамлар олма пиш – оғзимга туш деб ўтирмайдилар? Қандай одамлар зараркунандалик, яъни ўғрилик, қароқчилик, товламачилик ва порахўрликлар қилмасдан яшашга интиладилар? Қандай одамлар ҳийла-найранглар қилишга, одамларни бир-бирлари билан уриштиришга мойил бўлмайдилар?  

          Йигит бир оз ўй сурди ва фикрини билдирди.

          – Назаримда, бундай феъл-атвор тарбияга ва генларга боғлиқ. Лекин, кўпроқ ота-боболари ким бўлганига боғлиқроқ. Чунки, буюк шоир Ҳазрат Навоий айтганларки: “Кучук билан хўтикка қанча қилма тарбият – ит бўлур, эшак бўлур, бўлмаслар асло одами!”  

         – Гапингизда жон бор. Энди, ўзингизга савол беринг, ана шу сиз айтган ёмон генли одамлар қайдан пайдо бўлган? Аминманки, бунга тайинли, аниқ жавобингиз йўқ. Айтишингиз мумкинки, беникоҳ туғилганлар шундай бўладилар деб. Бу тўғри. Аммо, яна бир туркум одамлар борки, улар бир-бирларига умуман тўғри келмайдиган эркак ва аёллардан дунёга келишган. Бундай оилаларда, ўзингиз биласиз ҳар куни жанжал, ҳар куни муаммо, ҳар куни норозилик ҳукм суради. Шундай муҳитда улғайган кишилардан жамиятга фойда келтирувчилар камдан кам чиқади.

           Йигит маслаҳатчининг жим қолганидан фойдаланиб якун ясади.

           – Ўз тенгини топганлар ва умр бўйи аҳил-иноқ яшаган оилаларда туғилган фарзандлар эса, жамиятга катта фойда келтирувчи солиҳ шахслар бўлиб улғаядилар! Тўғрими гапим?  

          – Худди шундай. Тўппа-тўғри! Шунинг учун, бизнинг вазифамиз – иложи борича кўпроқ одамлар борлиқ томонидан ўзларига аталган жуфтларини топишларига ёрдам беришдир. Бу амал орқали жамиятда қалби тоза, имкониятлари катта, ҳаётга ижобий кўз билан қарайдиган одамлар кўпаяди, натижада ривожланиш сезиларли тезлашади.

          Йигит бу сўзларни эшитгач, бир оз жим қолди. У ҳам қирғоққа урилаётган тўлқинларга боқди. Қалбида пайдо бўлган саволни тилига чиқарди. 

          – Нега айнан мен? Ёки сиз кўп одамларга шундай топшириқлар берганмисиз? 

          – Ҳа, биз кўпчиликка, фақат фикрловчи ва иродали деб фараз қилинган одамларга ўзларининг ҳақиқий бахтларини излашни вазифа қилганмиз. Афсуски, уларнинг тўртдан уч қисми ташқи тайзиқларга, ички табиий  интилишларга қарши чиқа олмадилар. Баҳоналар топиб, тенги бўлмаганлар билан турмуш қурдилар. Уларга бошқа умр бермадик. Фақат, сиз ва яна бир нечта йигит сабот билан изладилар, кутдилар ва ниятларига етдилар. Икки умр ёлғизликда, оила қурмасдан яшаш – осон эмас. Бу, хаттоки, қаҳрамонликдир.                              

          – Сиз инсон саботини синовчи, ўзига хос илмий тажриба ўтказибсиз-да! Олинган натижалар яхшими?

          – Ҳа, ёмон эмас. Биз учун бир нечта авлодлар умри кўп давр эмас. Вақт ўтиб, сизлардан туғиладиган ва сизларнинг ишларингизни давом этдирадиган фарзанду набираларингиз жамият генофондини янгилайдилар.      

          – Мен ташкилотингиз мақсадини яхши англадим. Энди, биринчи саволимга жавоб беринг!    

          Боқий маслаҳатчи жилмайди.

          – Сизнинг ва ёрингизнинг боқийлиги шундан иборатки, сизлар вафот этганингиздан сўнг, яна қайта туғилаберасиз. Ва яна қайта топишиб, турмуш қураберасиз. Инсоният бор экан, сизлар ҳам бўласиз! Аввалги туғилганларингизни унутмайсизлар ва буни ҳеч кимга айтмайсизлар, хаттоки айтолмайсизлар. Жаҳл устида ёки бошқа вазиятларда ҳам гапириб юборолмайсизлар. Хаттоки, ёзолмайсиз. Тилингиз айланмайди, қўлингиз қимирламай қолади. Тушунарлими?     

          – Ҳа. Хўш, бундай боқийлик қандай вазифа юклайди, бизларга? 

          Шу пайт бирдан енгил шамол турди. Очиқ қаҳвахонада ўтирган барча одамлар юзига океаннинг нам ҳавоси урилди. Маслаҳатчи бундан маза қилди шекилли, юзини шамол томонга буриб кўзларини юмди.

         – Яшаш яхши-а! – деди у бир неча сониядан сўнг. – Ана устида тўлқинлар чопаётган уммон қаърида қанчадан қанча сув жонзотлари яшайди. Ҳаммасининг ўз вазифаси бор, ҳаммасининг умри чегараланган. Ер юзидаги жамики ҳайвонларнинг, барча тирик жонларнинг ва инсонларнинг ҳам ҳаёти вақт келганда тугайди. Улар бошқа туғилмайдилар. Сиз ва ёрингиз эса қайта дунёга келаберасиз. Биласизми, нега?

           Йигит бош чайқади.

           – Айтинг, нега?       

           – Чунки, сизлар, айтганимдек, жуда қақшатгич имтиҳондан ўта олдингиз. Икки умр мобайнида фақат ўз ҳақиқий ёрингизга маҳтал бўлдингиз. Энди, сизлар қалби тоза ва истеъдодли фарзандларга ота-она бўлиб, тинч оилавий муҳитда уларни муносиб тарбиялайсизлар. Улар эса жамиятга фойда келтирувчи кишилар бўлиб етишадилар. Бу жараён ҳар бир умрингизда давом этаберади.  Натижада, жамият аста-секин тараққиётга ижобий таъсир этувчи одамларга тўлиб бораверади. Сизнинг боқийлигингизнинг асосий ғояси шу!  

          Бу якуний сўзларни эшитган йигит индамай бошини океан томонга бурди. Табиат қандай гўзал! Денгизлар, тоғлар, водийлар – уларнинг манзаралари – ҳаммаси ажиб! Уларга боқсанг, завқлансанг – тирик эканлигингдан шодланасан. Тириклик эса вақтинча. Наҳотки, ўзи ва ёри бошқача шаклда бўлса ҳам, боқий яшайдилар? Бу – фақат хос бандаларига бериладиган инъом эмасми?

          – Ҳа, тўғри фикр юритаяпсиз! – сўз қотди боқийлик маслаҳатчиси. – Сиз топширилган вазифани бажарганингиз учун шундай инъом билан мукофотландингиз. Бундан кейин ҳам шу йўлда давом этинг… Суҳбатимиз битди. Энди, мен кетаман. Хонамга бориб, озроқ ухлай. Бу сўлим масканга, наинки сиз билан мулоқот қилишга, балки дам олишга ҳам келганман. Кечки пайт тўлқинлар оғушида чўмиламан. Сиз билан эса бу ерда энди гаплашмаймиз. Кетгунимча менга яқинлашманг. Ташкилотимиз лозим топган пайтда, мени ёнингизга юборади. Хайр! 

          Боқийлик маслаҳатчиси ўрнидан турди. Калта, рангдор иштонига, пальма расми туширилган майкасига мос тушган похол шляпасини бошига қўндириб, суҳбатдошига бир табассум қилиб қўйди-да, ўзининг бамбук ва дарахт шохларидан бино этилган уйчаси томон кетди. 

          Йигит ҳам аста ўрнидан турди. Ўз чин ёрини соғиниб қолганди. Коттежи томон йўналди. Олдинда уларни чексиз давом этадиган умрлар ва оилаларида туғилаберадиган солиҳ фарзандлар кутиб турарди. 

    Javob yozing

    Izoh yozing
    Ismingizni kiriting