Сушант Тхапа. Шеърлар

0
171
ko'rishlar soni

Сушант Тхапа— Непаллик ёш шоир. 1993 йилда туғилган. Ҳиндистондаги Жавоҳарлал Неру университетида таҳсил олган. “Шеърият залвори ва бошқа шеърлар” номли муаллифлик китоби Ҳиндистонда чоп этилган. Шеърлари ва ижоди жаҳоннинг кўплаб нуфузли нашрларида, жумладан  “Trouvaille Review”, “International Times“, “New York Parrot”, “Sahitto Bilingual literary magazine”, “Indian Periodical”, “Grey Thoughts”, “Lothlorien Poetry Journal”, “Atunis Poetry” ва “ EKL Review” каби адабий журнал ва сайтларда чоп этилган.

  1. Ҳаётга аталган саволлар

  (Questions for life)

Тасаввур гапирар қайси забонда?

Қайси эътиқодни мустаҳкамлар дин?

Фалсафа, мавҳумлик нима дегани?

Сукунат сўйлайди нима ҳақида?

Қандай табассумни эркалайди бахт?

Қандай қайиқ истар ҳаёт дарёси?

Ҳозирлайди қандай жавобни тақдир?

Ҳаёт тўлақонли қандай кўринар?

Орзу рўёбига қанчалик яқин?

Қандай гуллаб-яшнар муҳаббат боғи?

Нима дегани у ҳаётсиз ўлим?

Нима учун урар аслида юрак?

Кўз ёшлар қай ҳолда ювар оғриқни?

Гунглар сукутида товуш-чи борми?

Фақирлик оловин нима ўчирар?

Нарсами майсазор ва бойлик эгиз?

Мусиқа қай тарзда ўрнига қўяр

Кишидаги руҳий мувозанатни ?

Бу ҳаёт ибтидо касб этиб турфа

Шу йўсин топади интиҳо нечун?

2. Шоирлик қисмати

    (Being a poet)

Рухсат беринг, аввал сўз шоиримас

Шоири бўлайин шитирлашларни.

Қўйинг, тўлқинларга сўзни сингдирай

Куйлашдан илгари фоний дунёни.

Изн беринг, шамолни ифодалай зўр

Унинг тегинишин қочмас тасвири

Булутлар тан олсин мени шоир деб

Бўлишимдан олдин само шоири.

Сатрларга кўчирай қониқишни хўб

Чанқоқ нелигини сўзда ҳис қилгач.

Мен шеърлар битайин файласуфона

Фақат соддаликни мадҳ этиб бўлгач.

3. Вақтнинг паймонаси тўлмайди

   (Time does not die)

Оппоқ тусланиб кабутар учар

Эркин ҳилпиратиб қанотларини

Ҳаво эса бўса олар гуллардан.

Бу яшариш пайти

Табиат рақс тушадиган

Ўз ижоди маҳсули билан.

Улгурганимиз йўқ ҳали йўқотиб

Унинг мафтункор жозибасини.

Файзли кунлар ва хайрли тунлар

Қуввату хордиққа бўлишар манба.

Айрим умрлар топишди завол

Касалхоналар замбилларида

Айримларини излашар

Бетон қолдиқлари орасидан.

Асримиздаги касаллик ва урушлар

Эргаштириб келишди парокандаликни.

Парокандалик ва гўзаллик

Бир вақтда айланишди табиат юзига.

Парокандалик-умиднинг интиҳоси

Гўзаллик-чи тузилмасидир

Биз юксаладиган унинг зиналарини.

Парокандалик даъват этади

Бериб тинчлик жараёнига урғу

Табиат эса покланиш сари.

Эндиликда ҳаётимизда

Қўйишмоқда китобларга ўт

Китоб расталарини бир-бир бузишиб.

Таълимсиз, бўм-бўш тафаккур билан

Ёқолмайди лек навқирон авлод

Келажакнинг янги машъаласини.

Тушунайлик келинглар бир қур

Ўлдириб бўлмаслигини вақтни

Вайрон қилингани билан

Соат миноралари.

4.  Орзулар

    (Dreams)

Ўйинчоқ тахтакачнинг

Думалаб кетятганини кўриб

Болалигимни қўмсадим.

Уч ғилдиракли аравага

Ўрнаштириб жойланган гўдак

Ва ҳовуз тубига шўнғиятган болалар

Чорлашар ёшлигимни ўзлари томон.

Тун ўрнида қотиб қолган пайт

Каминани ларзага солган

Тушлар қуршовида қолдим.

Пайдо бўлгандек шу кунларда

Туш кўрмаслигимга узрли сабаб.

Оқловчи восита- уйқум қочиши

Томоша қилмоққа тун тароватини.

Тушларни болаликка алмашмоқ

Иложи бор юмуш бўлганда эди

Гўдакка айланиб қолардим тағин.

Акс садоси уйнинг ичида

Сира тинмас бола кулгуси,

Қизиқарли ўйинлар унгагина хос,

Лойдан ясалган серсоқол донишманд-

Орзулардир…

Ва уларни энди

Фақат хаёлда мумкиндир кўрмоқ.  

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржимаси  

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting