Миннатдорлик гуллари

0
91
ko'rishlar soni

Анил Чандра

ҳикоя

     Ажай Прасад бирдан қизарди. Нега унинг устози болага пешонасини тириштириб норози қараяпти экан? Ўн ёшли болакай тик қоматли, юзида ҳамиша табассум билан юрадиган ўқитувчиси Кумар хонимни ҳурмат қиларди. Устози доим унинг бошини силаб, берилган топшириқнинг жавобини сўрар, ўқувчиси ҳам вазифаларни тўппа-тўғри бажарарди. Лекин бугун нима бўлди? Бола нима хато қилдийкин?

     Мактабдан уйга қайтгач, Ажай кўзгуга қараб ўқитувчисининг тунд қиёфасини жонлантиришга уринди. Балки кийими яроқсиз ва юпун бўлгани учун шундай қилдимикин? Ахир ҳозир Лакновда эллик учинчи йилнинг изғирин қаҳратони кезмоқда.

     Ажайнинг отаси эллигинчи йилга қадар темир конида уста бўлиб ишлади. Сўнг эса кон ёпилди. Ишсизликдан сарсон бўлган кезлари эса онаси бир хонадонда хизматчи бўлиб ишлай бошлади. Тўрт фарзандли бу оила уч хонали каталакдек уйда яшашарди. Кечаси эса каламушлар болаларни безор қиларди.

     Кумар хоним бу каламушлар ҳақида билмаса керак. Ажайнинг боши қотди. Ахир у аълочи ўқувчи-ку, инглиз тилини ҳаммадан зўр билади. Хуллас, ўша тун Ажай устозидан сўраб барини ойдинлаштириб олишга қарор қилди. Бироқ эртасига эрталаб мактабда бу қатъий қарор қуёшда қолган яхмалакдек эриб кетди. Ҳайриятки, дарсдан сўнг Кумар хонимнинг ўзи болани мактаб айвонига бошлади.

     -Мен билан юр, Ажай.

     Улар айвондан чиқиб, ташқаридаги оёқ кийим дўконига йўл олишди.

     -Шу ерда ўтир, -буюрди устози.

     Сўнг сотувчига юзланди:

     -Мана бу болага лойиқ келадиган ботинкангиз борми?

     Сотувчи унинг ўлчамини сўрагач, Ажайга лоппа-лойиқ бир ботинкани тутқазди. Қўлидаги картон қутини қучоқлаб олган болакай устозига эргашди, бироқ улар гаплашишмади. Улар кийим дўконига киришди. Бу ерда устози Ажайга янги кўйлак ва шим сотиб олди. Бола пештахтадаги нархларга қараб, умрида бунча пулни кўрмаганлиги учун эсанкиради. Ҳариддан сўнг улар мактабга қайтишди ва бир пиёладан иссиқ чой ичишди. Ажай эса ўз миннатдорчилигини қандай ифодалашни билмасди.

     -Энди эса уйингга борақол, –деди устози бироздан сўнг.

     “Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман”, шивирлади болакай хонадан чиқар экан. 

     Бир қанча вақтдан сўнг мактаб ёпилди, ўқувчи ва ўқитувчилар қувилди. Ажай эса миннатдорчилик билдиролмай қолди, боиси ўқитувчиси йўқолиб қолганди.

     Ажай фақат бир мақсадда –устозининг кўзига уялмай қараш ва қилган яхшилиги зое кетмаганлиги, билимли инсонга айланганлигини исботлаш учун тиниб билмай изланарди. Ўқишга ихлос қўйган Ажай улғайиб етук инженер бўлди. Уйланиб, икки ўғилнинг отасига айланди. Тўқсон биринчи йилга келиб, Ажай юрак хуружи туфайли касалхонага тушди. Шунда ўша қадрдон устозини ёдга олди ва излашларини буюрди. У Кумар хоним тириклигига умид қилар ва қаерда яшаши билан жуда қизиқарди. Август ойида ниҳоят, қишлоғидаги мактабдан хат келди, уни Кумар хонимнинг ўғли ёзганди. Айтишича, Кумар хоним ва жаноб Кумар ўн беш йил аввал нафақага чиқиб, Деҳрадунга кетишган экан. Хатда уларнинг телефон рақами ҳам келтирилганди.

     -Алло… –Ажай устозининг овозини дарҳол таниди.

     -Кумар хоним, бу Ажай! Ажай Прасад.

     Ажай ўзини обдан таништиргандан сўнг Шейла Кумар гап бошлади:

     -Ажай, мени кечирасан, сени эслолмаяпман. У пайтларда оч ва юпун болалар жуда кўп эди…

     -Ҳеч қиси йўқ, -деди Ажай ва яқин орада устозининг ёнига бориб учрашмоқчилигини билдирди.

     -Оҳ, Ажай, йўл жуда олис-ку?

     -Масофанинг аҳамияти йўқ, сизни кўрмоқчиман.

     Аёл бир муддат жим бўлиб қолди.   

     -Мен ўша эсингда қолган устозинг эмасман. Ҳозир жуда кексайиб, мункиллаб қолганман.

     -Мен ҳам албатта ёш болакай эмасман.

     Аҳволи ўнглангач, Ажай Деҳрадунга йўл олди. Поезддан тушиб бир даста қизил атиргул ҳарид қилди ва аёлнинг манзилини кўзлаб кета бошлади. Шейла Кумар ўқувчисини энг яхши сарисини кийиб, юзига доимий табассумини қўндирганча кутиб олди. Улар стол атрофида қирқ йиллик хотираларини гурунглашишди.

     -Сизни, сиз олиб берган кийимларни кўп эсладим, -деди Ажай.

     Улар хайрлашишар экан, Шейла ўқувчиси уни йўқлагани учун қандай миннатдорчилик билдиришни билмасди.

     -Оҳ, Ажай, тилимга сўз келмайди.

     -Қўяверинг, бир вақтлар мен ҳам сизнинг ҳолингизга тушганман. Мана, ниҳоят, раҳмат айтишга фурсат етибди. Менга қилган яхшилигингиз ҳудди мана шу гуллардек самимий ва бегард эди. Энди сиз шу гулларни асранг…

 Нодирабегим таржимаси.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting