Дунёнинг охиридаги ғамхўрлик

0
247
ko'rishlar soni

ҳикоя

Марсия Батиста Рамос,

(Бразилия)

“Мен ўша – тошларни улоқтириб, гуллар экиб ҳаёт тоғини тозартирган аёлман” Кора Коралина

Тақдир хукми билан мен ҳали XXI аср нафаси кириб келмаган Жанубий Америкадаги шаҳарчалардан бирига боришимга тўғри келди. Тўғриси, бу ерга XIX аср ҳам кириб келган деб бўлмасди. Бу ер гўё дунёнинг охири эди.

Шаҳарчада вақт тўхтаб қолгандек, маҳаллий аҳоли эса шу шароитга мослашганди. Кам сонли одамлардан иборат аҳолининг ёши катта, афтидан ҳаётларидан мамнун, фаол ва ғайратли эдилар, улар ўз турар жойлари (тош ва қумдан қурилган) ҳақда қайғуришар, у ерда кичик боғ роғлари бор эди.

Бу меҳмондўст одамлар кимки келса Худонинг марҳамати дея илиқ қарши олишарди. Улар билан мулоқот қилиш қийин эмасди, ҳамма қўшнилар билан дўстлашиш ва исмларини сўраб олиш мумкин эди. Мендан бир эшик нарида турадиган қўшним Леонтина хоним қўлида сабзавот тўлдирилган саватча ушлаганча ёнимга келди, уни менга совға қилди, ўзимни таништиримни ва қаердан нима мақсадда келганимни суриштириб, саватчасини қайтариш баҳонасида уйига бир пиёла чойга таклиф қилди.

Мен унинг меҳмондўстлигига жавобан иссиқ кулча пишириб Леонтина хонимга олиб кирдим. Кўлдаги тошлар орқали йўлни кесиб ўтиб эшиги ёнида пайдо бўлдим. Тақиллатмасимдан бурун эшикни очди, чунки деразадан менинг келаётганимни кўрганди. Ичкарига таклиф қилиб столга чорлади, чой қуйиб узатди. Биз шаҳарчадаги ягона ёш оила – бешта фарзанди бор эр-хотин ҳақда гаплашдик, қолган аҳолининг бари кексалар эди, улар ўз ватанларини ташлаб кетишни исташмас, шу сабаб бошқа ерга кўчмасдилар. У менга шаҳарча беш авлод олдинги аждодлари томонидан қурилгани, бир нечта дўстлар ер сотиб олиб, қатор уйлар қуришганини, ўзаро ғамхўрлик билан яшашганини сўзлаб берди.

— Ғамхўрлик? – ишончсизлик билан сўрадим мен.

— Ҳа, — деди у, — одамларга етишмайдиган ўша ғамхўрлик ҳисси билан. Мен жониворлар болаларига кўрсатадиган ғамхўрлик ҳақда гапирганим йўқ, бу биз билан содир бўладиган ва қабул қиладиган; ҳар куни ҳар бир инсон шуғулланиши мумкин бўлган, лекин уни амалга оширишни истамайдиган, бу ҳиссиёт арзимас деган тўхтамга келинган туйғуни назарда тутяпман. Йўқ. Гап табиат бизга ҳар куни туҳфа қиладиган ғамхўрлик ҳақдаям эмас, масалан ҳар кун тоза ҳаводан нафас оламиз, қуёш танингизга илиқ нур сочади ва тинчлантиради, она қучоғи эса Яратганнинг инояти ва текин. Дунёда ҳеч ким бунинг қадрига етмайди, чунки қадрлашмайди. Бизнинг аждодларимиз инқилобчи эдилар, улар бу ғамхўрлик ва майда буржуа ҳаёт тарзига танқидий муносабатда бўлдилар.

-Марио Бенедетти ўргатган ғамхўрлик ҳақда гапиряпсизми? Биз яшайдиган бу ҳисоб-китобли, ҳамма одамлар янада кўпроғига эга бўлишни истайдиган, капиталистик орзулар қиладиган бу дунёга сиғмайдиган ғамхўрликми бу?

-Шунга яқинроқ. Лекин бироз чуқурроқ, — таъкидлади хоним. – Чунки қадим аждодларимиз бизни милтик билан, қурбон ва оғриқлар билан мақсадга элтадиган лидерларга ишонмасликка ўргатган. Инқилобий ғамхўрлигимиз эса муҳаббат ва эркинликка қорилган; ҳамма нарсани борича қабул қилиш, оддийликка ўргатади…

Наслдан наслга ўтадиган бу фалсафанинг моҳияти ҳайратланарли эди. Шунда нега уларда асфальт йўллар, телевидения каби бизнинг маданиятимизга зарур бўлган қулай нарсалар йўқлигини тушундим. Улар ерга экин экишади ва ҳосилни йиғиб оладилар, ўзлари гул экиб ундан баҳраманд бўладилар. Чунки биладилар, ҳосил ҳамиша ҳам бой бўлавермайди. Якун қандай бўлишидан қатъий назар ота боболаримиз томонидан ҳаёт гўзал эканига ишонамиз, бу Пандора қутисида ҳамишаям бахтли ниҳоя содир бўлавермайди.

Леонтина хоним яхши одамлар ҳалос бўла олмайдиган ғамхўрлик туйғуси ҳақда сўзлаб, у қон қонгача сингиб кетиши ва гап-сўзларда намоён бўлиши ҳақда гапирди. У мен билан тортинчоқ қалбига содда нарсаларни жойлаган, шу билан бирга денгиздек чексиз маънога эга инсон сифатида суҳбатлашди. Чунки ғамхўрлик шундай бўлади…

Соат миллари мурувват ила секин ўтар, шу сабаб мен доно сўзларнинг мағзини чақар ва бундан баҳраманд бўлардим… Ясмин гуллари ва ванил солинган қора чой ва унга ҳамоҳанг равишда тортилган ширинлик, Леонтин хоним ва унинг аждодлари айтган сўзларни тасдиқларди гўё.

У менга ғамхўрлик бу – бизнинг туйғуларимиз марказига саёҳат эканини тушунтирди.

Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting